3-мавзу: тарбия жараёни, моҳияти, мазмуни ва тамойиллари (2 соат) режа



жүктеу 197.51 Kb.
Дата12.06.2016
өлшемі197.51 Kb.
3-мавзу: ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ, МОҲИЯТИ, МАЗМУНИ ВА ТАМОЙИЛЛАРИ

(2 соат)

РЕЖА:

1. Тарбия назариясининг моҳияти ва мазмуни

2. Тарбия жараёнининг натижаси

3. Ижтимоий тарбиянинг асосий вазифалари ва йўналишлари

4. Тарбия тамойиллари
Тарбия назариясининг моҳияти. Тарбия назарияси педагогика фанининг муҳим таркибий қисми бўлиб, тарбиявий жараённинг мазмуни, шакл, метод, восита ва усуллари ҳамда уни ташкил этиш муаммоларини ўрганади. Ҳаётга янгича сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан ёндашиш ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси билан боғлиқ жараённи ҳам қайтадан кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Тарбия назарияси Шарқ мутафаккирлари ва халқ педагогикасининг тарбия борасидаги бой тажрибаларига таянади. Тарбия назарияси ўз қоидаларини асослаш учун фалсафа, социология, этика, эстетика, физиология, психология каби ларнинг маълумотларидан фойдаланади. Тарбия назарияси педагогиканинг бошқа бўлимлари: педагогиканинг умумий асослари, таълим назарияси ҳамда халқ таълими тизимини бошқариш билан узвий боғлиқ.


Тарбия жараёнининг мазмуни. Тарбия – муайян, аниқ мақсад ҳамда ижтимоий-тарихий тажриба асосида шахсни ҳар томонлама ўстириш, унинг онги, хулқ-атвори ва дунёқарашини таркиб топтириш жараёни. Бошқачароқ талқин этилганда, тарбия ёш авлодни муайян мақсад йўлида ҳар томонлама вояга етказиш, унда ижтимоий онг ва хулқ-атворни таркиб топтиришга йўналтирилган фаолият жараёнидир.

Шунингдек, тарбия мазмунини Қуръони Карим оятлари, Муҳаммад пайғамбаримиз (а.с.) Ҳадислари, миллий ва маданий қадриятлар, халқ педагогикаси, мутафаккир ва олимларнинг тарбияга оид асарлари кабилар ташкил этади.

Турли замон ва маконда ижтимоий тарбия моҳияти турлича бўлиб, унинг мазмуни ижтимоий мақсадлардан келиб чиқиб асосланган. Тарбия ғояси турлича ифодаланган бўлсада, аммо йўналтирувчанлик хусусияти ҳамда объектига кўра якдилликни ифода этади.

Тарбия хусусида таниқли ўзбек педагоги Абдулла Авлоний шундай дейди: «Ал-ҳосил, тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот - ё фалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур»1. Ушбу фикрлардан англаниладики, шахс тарбияси хуссий иш эмас, балки ижтимоий, миллий ишдир. Зеро, ҳар бир халқнинг тараққий этиши, давлатларнинг қудратли бўлиши авлодлар тарбиясига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-сиёсий мустақилликни қўлга киритгач, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ислоҳотларнинг асосий ғояси республиканинг риожланиш ва тараққиёт йўли деб эътироф этилган демократик, инсонпарвар, ҳуқуқий жамиятнинг барпо этиш учун хизмат қилади. Демократик, инсонпарвар, ҳуқуқий жамиятнинг барпо этиш вазифаси ўсиб келаётган ёш авлод зиммасига юкланади. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўқрисида»ги Қонуни, «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг қатор асар ва нутқлари, чунончи, «Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори», «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» номли асарларида мустақил республикада ижтимоий тарбияни йўлга қўйиш мақсади ва вазифалари белгилаб берилган.

Тарбия - шахсни мақсадга мувофиқ такомиллаштириш учун уюштирилган педагогик жараён бўлиб, тарбияланувчининг шахсига мунтазам ва тизимли таъсир этиш имконини беради.



Тарбия жараёни ўқитувчи ва ўқувчи (тарбиячи ва тарбияланувчи)лар ўртасида ташкил этилувчи ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ҳамкорлик жараёнидир. Тарбия жараёнида тарбияланувчининг онги шакллана боради, ҳис-туйғулари ривожланади, ижтимоий ҳаёт учун зарур бўлган ижтимоий алоқаларни ташкил этишга хизмат қиладиган хулқий одатлар ҳосил бўлади.

Тарбия жараёнида ўқувчиларнинг ҳаёти ва фаолиятини педагогик жиҳатдан тўғри уюштириш ғоят муҳимдир. Фаолият жараёнида ўқувчи ташқаридан келаётган тарбиявий таъсирларга нисбатан маълум муносабатда бўлади. Бу муносабат шахснинг ички эҳтиёж ва хоҳишларини ифодалайди. Психолог ва педагогларнинг тадқиқотлари шахсга ташқи омилларнинг (хоҳ салбий, хоҳ ижобий) таъсири ўқувчининг уларга муносабатига боғлиқлигини кўрсатади. Ўқувчи фаолиятини уюштиришгина эмас, балки тарбияланувчининг бу фаолиятга нисбатан турли кечинмаларни қандай англаши, баҳолаши, ҳис қилиши, улардан ўзи учун нималарни олаётганлигини билиши зарур. Зеро, тарбия ижтимоий муносабатларнинг мураккаблашиб бориши асосида кечади.

Тарбия жараёнида ўқувчининг онгигина эмас, балки ҳис-туйғуларини ҳам ўстириб бориш, унда жамиятнинг шахсга қўядиган ахлоқий талабларига мувофиқ келадиган хулқий малака ва одатларини ҳосил қилиш лозим. Бунга эришиш учун ўқувчининг онги, ҳиссиёти ва иродасига таъсир этиб борилади. Агар буларнинг бирортаси эътибордан четда қолса, мақсадга эришиш қийинлашади. Тарбия жараёнига ўқитувчи раҳбарлик қилади. У ўқувчилар фаолиятини белгилайди, уларнинг ижтимоий жараёнда иштирок этишлари учун шарт-шароит яратади.

Ижтимоий жараёнда фаол иштирок этиш орқали ўқувчиларнинг мустақиллиги, ижодий ташаббускорлиги ортиб боради. Фаолият ўқувчилар жамоаси манфаати ва истаги асосида уюштирилса, бу жараёнда ўқувчининг тенгдошлари ва ўзини ўзи англаш жараёни юзага келади. Ўқувчи ўз хулқи, хатти-ҳаракати учун жамоа олдида жавобгарликни сезишга эришгач, ижрочи эмас, балки умумий ишнинг фаол қатнашчиси бўлиб қолади.

Тарбияни самарали йўлга қўйиш учун унинг ҳаракатлантирувчи кучи, тарбия жараёнининг манбаини яхши билиш ва ҳисобга олиш муҳимдир. Бу тарбия жараёнидаги ички ва ташқи қарама-қаршиликлардан иборат.

Тарбияда ўқувчиларнинг тарбияланганлик даражасини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади. Бу жиҳат унутилса, муайян қарама-қаршиликлар вужудга келади.

Фаолият жараёнида ҳосил бўлган малака ва одатлар ахлоқ меъёрларига риоя қилишни енгиллаштиради.

Демак, тарбиячи ўқувчи шахсининг тез ривожланадиган даври – ўқувчилик йилларида унинг онгига турли фаолият (ўқиш, меҳнат, ижтимоий ишлар, ўйин, спорт, бадиий ҳаваскорлик) ёрдами билан махсус таъсир этиш муҳимдир. Акс ҳолда хулқ меъёрлари, ахлоқ талабларини яхши тушунмай қолиши натижасида шахс ижтимоий муносабатларда беқарор, тасодифий таъсирга берилувчан бўлиб қолиши мумкин.

Тарбия яхлит жараёнда амалга оширилиб, унинг таркибий қисмлари айни бир вақтда, фаолиятнинг бирор тури асосида намоён бўлади.

Умумий педагогика жараёнида тарбия муҳим ўрин тутади. Шахсни шакллантириш, бошқариш, назорат характерига эга бўлиб, бу борада белгиланган вазифалар тасодифий ҳаракатлар орқали эмас, балки олдинда белгиланган ва пухта ўйланган режалар асосида ҳал этиб борилади. Тарбия жараёнида унинг мақсади, шакл ва методлари, шахснинг ўзини-ўзи тарбиялаш ва қайта тарбиялаш жиҳатлари муҳим ўрин тутади. Тарбия мазмуни ижтимоий тузум буюртмаси асосида белгиланиб, унинг амалга ошиши учун маълум шарт-шароитларнинг мавжудлиги талаб этилади. Ушбу ғоялар яхлит тарзда қуйидагича акс этади:

Ҳар қандай ижтимоий жамиятда ёш авлод тарбияси муайян мақсад асосида ташкил этилади. Тарбия мақсади ижтимоий жамият тараққиёти, унинг ривожланиш йўналиши, ижтимоий муносабатлар мазмунидан келиб чиқиб белгиланади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида ташкил этилаётган тарбиянинг асосий мақсади комил шахсни тарбиялаб вояга етказишдан иборат.
Тарбия жараёнининг натижаси. Тарбиянинг натижаси юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрларни тарбиялашдир. Бу жараён икки томонлама бўлиб, уюштириш ва раҳбарлик, шунингдек, ўқувчи шахсининг ўзи томонидан фаоллик кўрсатилишини тақозо этади. Бу жараёнда педагог етакчи рол ўйнайди. Чунки у ижтимоий тарбиянинг умумий мақсадлари моҳиятини тушунади, мақсад йўлида амалга ошириладиган вазифалар тизимидан яхши хабардор, тарбия шакл, метод ва воситаларини асосли, илмий тарзда танлаб олади ва тарбия жараёнига татбиқ этади.

Тарбия жараёнининг моҳиятини тарбияга ҳар томонлама ёндашиш билан муваффақиятли тарзда, илмитй таҳлил қилиш мумкин.

Шахс тарбиянинг натижаси сифатида шаклланадиган ижтимоий мавжудотдир.

Шахснинг кўпдан-кўп хислатлари бир-биридан ажратилган эмас, балки ўзаро мустаҳкам боғланган. Тарбия жараёнида ўқувчининг шахсияти айрим-айрим эмас, балки яхлит равишда ривожланади.

Ўқувчи ўсиб ва ривожланиб боргани сари тарбия вазифалари мураккаблашиб, чуқурлашиб, табаҳалашиб боради.

Ҳар томонлама етук шахсни тарбиялаш унга изчил равишда ақлий, ғоявий-сиёсий, ахлоқий, меҳнат, эстетик, жисмоний, экологик, иқтисодий ҳамда ҳуқуқий тарбия бериш, ўқувчиларнинг онги, хулқ-атвори ва фаолиятининг бирлиги, шунингдек, тарбия жараёнини ташкил этишнинг якка, гуруҳли ва оммавий шаклларини қўшиб олиб борилишини таъминлайдиган педагогик тизимларни вужудга келтириш ва бу тизим ғояларига амал қилишни талаб этади.

Ижтимоий тарбия жараёни шахснинг ижтимоий фазилатларини шакллантириш, унинг атроф-теварак, жамитят, одамлар ҳамда ўзига нисбатан муносабатлари доирасини вужудга келтириш ва уни кенгайтиришга қаратилган. Шахс иштирок этадиган ижтимоий муносабатлар тизими қанчалик кенг, хилма-хил ва чуқур бўлса, унинг маънавий дунёси шунчалик бой бўлади.

Ўз табиатига кўра тарбия жараёни кўп омилли характерга эга. Яъни, ўқувчи шахсининг қарор топиши оила, таълим муассасаси, жамоатчилик, ижтимоий муҳит, шунингдек, вазиятлар хилма-хиллиги, бевосита ва билвосита таъсирлар остида рўй беради.

Тарбия жараёнининг натижалари одатда бир хил характерда бўлмайди. Бу нарса ўқувчиларнинг психологик (индивидуал, типологик), физиологик ва жисмоний хусусиятлари, уларнинг ҳаётий ва маънавий тажрибаси, шахсий позициясига боғлиқ.

Тарбия жараёни, одатда, ўзини-ўзи тарбиялаш, ўзини-ўзи қайта тарбиялаш, ўқувчинингш атроф-муҳитдаги у ёки бу ҳодисалар билан салбий алоқаси натижасида вужудга келадиган муносабатлар ва уларнинг хусусиятларини бартараф этиш билан олиб борилади.

Ўзини ўзи тарбиялаш шахсни ўзида ижтимоий қадрга эга бўлган фазилатларни ҳосил қилиш ва такомиллаштиришга ҳамда салбий хислатларни бартараф этишга қаратилган ички фаолият сифатида таърифланади.

Ўзини-ўзи қайта тарбиялаш шахснинг ўзидаги салбий одатлар, характеридаги зарарли сифатларни йўқотиш, уларни бартараф этишга қаратилган ички фаолияти жараёнидир. Ўқувчи хулқидаги «оғиш»лар оиладаги носоғлом муҳит, ота-онанинг тарбияда йўл қўйган хатолари, ўқитувчи фаолиятидаги камчиликлар асосида вужудга келади. Қайта тарбиялаш жараёнида салбий хулқни ҳосил қилган сабаб, шароит ўзгартирилади, қайта тарбиялашда касб-ҳунар коллеж ва шахснинг шахсий таъсирини оила, шу жумладан, ота-она ҳам маъқуллаши лозим.

Демак, қайта тарбиялаш ўқувчининг ўзигагина эмас, балки унинг ота-онасига ҳам қаратилиши лозим.


Ижтимоий тарбиянинг асосий вазифалари. Ижтимоий тарбияни ташкил этиш жараёнида бир қатор вазифалар ҳал этилади. Ушбу вазифалар ижтимоий тарбия мақсадидан келиб чиқиб белгиланади. Мустақил Ўзбекистон Республикасида айни вақтда ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш жараёнида қуйидаги вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамият касб этмоқда:

а) ёшларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, уларда кенг дунёқарашни таркиб топтириш, ўз шахсий турмушига мақсадли ёндашув, режа ва амал бирлиги ҳиссини уйғотиш;

б) ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятлар моҳиятидан огоҳ этиш, чуқур билим ва тафаккурга эга ёшларни тарбиялаш, уларнинг онгини бойитиш;

в) умуминсоний ахлоқ меъёрлари (одамийлик, камтарлик, ўзаро ёрдам, меҳр-муҳаббат, мурувват, алодатни ёқлаш, инсонпарварлик, ахлоқсизликка нисбатан нафрат ва ҳоказолар)нинг моҳиятини англаш, ўқувчиларда муомала одоби, юксак маданиятни қарор топтиришга эришиш;

г) ўқувчиларда ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга ҳурмат руҳида ёндашиш ҳисси ва фуқаролик туйғуси, ижтимоий бурчга масъулликни қарор топтириш;

д) табиатни муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни юзага келтириш борасидаги масъулиятни таркиб топтириш;

ж) ватанпарварлик ва байналминаллик туйғусини шакллантириш, ўзга миллат ва халқларни ҳурмат қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини камситмаслик туйғусини қарор топтириш;

з) мустақил давлат – Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатига тўғри ва холисона баҳо беришга ўрганиш;

и) инсонни олий қадрият сифатида қадрлаш, унинг шаъни, ор-номуси, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва бурчларини ҳурмат қилишга ўргатиш ва бошқалар.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ижтимоий тарбиянинг умумий вазифалари ана шулардан иборат.

Шу билан бирга ижтимоий тарбия йўналишлари – ахлоқий, ақлий, жисмоний, экологик, иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий тарбиянинг хусусий мақсадидан келиб чиққан ҳолда бир қатор вазифалар амалга оширилади. Чунончи,

1) ахлоқий тарбияни ташкил этиш жараёнида – ўқувчиларни ижтимоий-ахлоқий меъёрлар мазмунидан хабардор этиш, уларга ахлоқий меъёрларнинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамиятини тушунтириш, уларда ижтимоий-ахлоқий меъёрлар (талаб ва таъқиқлар)га нисбатан ҳурмат ҳиссини қарор топтириш асосида ахлоқий онг ва маданиятни шакллантириш;

2) ақлий тарбияни йўлга қўйиш чоғида – ўқувчиларни илм-фан, техника ва технология борасида қўлга киритилаётган ютуқлар, янгилик ва кашфиётлардан бохабар этиш, уларга ижтимоий ва табиий фанлар асослари хусусидаги билимларни бериш тарзида тафаккурни шакллантириш, дунёқарашини ривожлантириш;

3) жисмоний тарбияни ташкил этиш жараёнида – ўқувчиларни ўз соғлиқларини сақлаш ва мустаҳкамлаш, организмни чиниқтириш, жисмоний жиҳатдан тўғри ривожланиши ҳамда унинг ишчанлик қобилиятини ошириш борасида ғамхўрлик қилиш туйғусини юзага келтириш, уларда янги ҳаракат тўрлари борасида кўникма ва малакаларни ҳосил қилиш, уларни махсус билимлар билан қуроллантириш, ўқувчиларнинг ёши, жинсига мувофиқ келадиган (куч, тезкорлик, чаққонлик, чидамлилик, сабот, меҳнат, чидам, ирода ва характерни қарор топтириш) асосий ҳаракат сифатларини ривожлантириш, уларда шахсий гигиенани сақлашга нисбатан онгли муносабатларни тарбиялаш;

4) эстетик тарбияни олиб бориш жараёнида – ўқувчиларда эстетик ҳис-туйғу, эстетик дидни тарбиялаш, уларнинг ижодий қобилиятлари, эстетик эҳтиёжлари ва гўзалликни севиш, гўзалликка интилиш туйғуларини ривожлантириш, эстетик маданиятни шакллантириш;

5) экологик тарбияни олиб бориш чоғида – ўқувчиларга экологик билимлар бериш асосида шахс, жамият ва табиат бирлиги ҳамда алоқадорлигини ўқувчиларга тушунтириш, уларда экотизимнинг инсон, инсоният, жамият тараққиётидаги муҳим ўрни ва моҳияти борасидаги тушунчаларни қарор топтириш, табиатга нисбатан эҳтиёткорона ва масъулият билан муносабатда бўлиш, табиатни асраш тўғрисида ғамхўрлик қилиш каби туйғуларни қарор топтириш, шунингдек, экологик маданиятни шакллантириш;

6) иқтисодий тарбияни ташкил этиш жараёнида – ўқувчиларга иқтисодий билимларни бериш асосида мамалакат иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, бозор инфраструктураси қоидаларига амал қилиш, ички бозорни тўлдириш, кичик ва ўрта бизнесни яратиш борасидаги фаолият жараёнида иштирок этиш кўникма ва малакаларини ҳосил қилиш, инсон меҳнати билан бунёд қилинган моддий бойликларни асраш, уларни кўпайтириш борасида қайғуриш туйғуларини қарор топтириш, иқтисодий маданиятни шакллантириш;

7) ҳуқуқий тарбияни ташкил этиш жараёнида ўқувчиларга давлат Конституцияси, давлат ҳақидаги таълимот, фуқаролик, оила, меҳнат, хўжалик, маъмурий нафақа, суд ишларини юритиш ва бошқариш ҳуқуқларининг маъносини тушунтириш, улар огига ижтимоий-ҳуқуқий меъёрларнинг шахс ва жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақидаги тушунчаларни сингдириш, ҳуқуқий муносабатлар моҳияти юзасидан тасаввурга эга бўлишларини таъминлаш, уларда ҳуқуқий онг, шунингдек, ҳуқуқий фаолиятни ташкил этиш борасидаги кўникма ва малакаларни ҳосил қилиш, ҳуқуқий маданиятни шаклллантириш;



8) ғоявий-сиёсий тарбияни ташкил этиш жараёнида – ўқувчиларга сиёсий билимларни бериш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, фуқаролик жамияти асослари, миллий давлат тузилиши, давлат органлари фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсати мазмунини ўрганишни таъминлаш асосида ўқувчиларда сиёсий фаолият кўникма ва малакаларини таркиб топтириш, сиёсий маданиятни шакллантириш ва ҳоказолар.
Тарбия тамойиллари. Тарбия мазмунида олдинга қўйилган мақсад ва вазифаларга мувофиқ ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган билим, кўникма ва малакалар, шахс хулқ-атвори ҳамда сифатлари моҳияти акс этади. Тарбия мазмуни шахснинг шаклланишига қўйилувчи ижтимоий талаблар моҳиятидан иборат бўлиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, кишилик муносабатлари моҳияти ва даражаси, шунингдек, жамият мафкураси ғоялари асосда белгиланади. Замонавий тарбия мазмунида қуйидаги тамойиллар ётади:

  1. Тарбия мақсадининг аниқлиги. Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-сиёсий мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ республикада, амалга оширилиши кўзда тутилаётган тарбия мақсади аниқ белгилаб олинди. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўқрисида»ги Қонуни ҳамда «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури» ғояларига кўра ижтимоий тарбиянинг асосий мақсади – эркин, ижодкор, мустақил фикр эгаси бўлган комил инсон ва малакали мутахассисни тарбиялаб вояга етказишдан иборат. Ушбу мақсадга эришиш йўлидаги асосий вазифа - бу шахсда умумий маданият унсурлари, яъни, шахснинг ақлий, ахлоқий, жисмоний, эстетик, иқтисодий, экологик, ҳуқуқий, сиёсий ҳамда меҳнат маданиятини тарбиялашдан иборат.

  2. Ўқувчилар ва катталарнинг биргаликдаги фаолияти. Ўқитувчиларнинг ўқувчилар билан маънавий маданиятини шакллантиришнинг энг яхши намунасини излаш, шу асосида тарбиячи ишининг ҳаётий меъёр ва қадриятларини аниқлаш ўқувчининг тарбия жараёнидаги фаоллигини таъминлашга олиб келади. Дунёқараши ҳали тўла-тўкис шаклланмаган ўқувчилар учун катталарнинг ҳаётий тажрибалари, уларнинг шахсий намуналари тарбиявий таъсир кучига эга.

  3. Ўзини-ўзи англаш. Тарбия инсонда эътиқод, демократик қарашлар ва ҳаётий позициянинг шаклланишига олиб келади. Тарбия мазмунининг энг муҳим унсурларидан бири – бу инсоннинг ҳаётий ўзини-ўзи англаши, унинг ўз шахсий ҳаёти ва фаолиятининг субъекти сифатида эътироф этилиши билан тавсифланади. Инсон камолотида фуқаролик, касбий ва ахлоқий ўзини-ўзи англаш жиҳатлари муҳим аҳамиятга эгадир.

  4. Тарбиянинг шахсга йўналтирилганлиги. Мазкур ғоя таълим муассасаси амалиётининг марказий нуқтасида тарбиявий ишлар дастури, тадбирлар, уларнинг шакл, метод ва воситалари эмас. Балки, ўқувчи турганлигини англатишга хизмат қилади. Тарбия жараёнида унинг шахсий хусусиятлари, қизиқишлари, ўзига хос характери, ўз қадр-қимматини англаш туйғулари ривожлантирилиб борилиши зарур.

  5. Ихтиёрийлик. Тарбияланувчиларнинг ирода эркинлигисиз тарбия ғоялари моҳиятини қарор топтириш мумкин эмас. Тарбия жараёни, агар у оқилона ташкил этилса, бир вақтнинг ўзида ҳам ўқувчи, ҳам ўқитувчи маънавиятининг бойитилишига хизмат қилади. Агар тарбиячи ўқувчининг қизиқиши, фаолияти, ўртоқлик ва фуқаролик бурчини англаш, мустақилликка интилиш туйғуларини кўра ва англай олсагина унинг иродали эканлиги аён бўлади. Тарбияланувчининг иродали бўлиши таъминланган шароитда унинг шахсига таъсир кўрсатишга йўналтирилган фаолият жараёнида самарага эришилади.

  6. Жамоа йўналиши. Тарбиявий ишлар мазмунида жамоага нисбатан ижобий муносабатни қарор топтириш ётади. Жамоа ёрдамида шахсни ҳар томонлама камолоти, унинг дунёни англаш, уни тўлақонли талқин этиш, инсонпарварлик ва ўзаро ҳамкорлик туйғуларини юзага келиши ва ривожланиб бориши каби ҳолат амалга оширилади.

Замонавий педагогик жараёнда тарбияланувчига: инсон ақлий, эстетик, ахлоқий, жисмоний, сиёсий-ғоявий, иқтисодий, экологик ҳамда диний тарбия олиши лозимлигини уқтиришининг ўзигина кам самара беради. Ўқувчи учун юқорида қайд этилган тарбия йўналишларининг нима учун кераклиги, уларнинг инсонга нима бера олиши каби масалалар қизиқарлидир. Ривожланган хорижий мамлакатлар тарбия тизимида муаммонинг мана шу жиҳати биринчи ўринга қўйилмоқда. Юқорида қайд этилган ғоялар тўғри ташкил этилган педагогик жараёнда – етук фуқаро, малакали мутахассис ҳамда баркамол оила соҳибини тарбиялаб вояга етказиш учун хизмат қилиши лозим.

Замонавий тарбия мазмуни ва уларда илгари сурилган ғоялар яхлит тарзда қуйидаги кўринишга эга бўлади:



Тарбия қонуниятлари. Ижтимоий тарбия мақсади ҳамда вазифаларини амалга ошириш учун тарбия жараёнининг ўзига хос қонуниятларини англаб олиш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, уларга қуйидагиларни киритиш мумкин: тарбиянинг маълум мақсадга қаратилганлиги, тарбиянинг инсонпарварлиги ва демократик тамойили, тарбиянинг ҳаёт билан, меҳнат билан боғлиқлик тамойили, тарбияда миллий-маданий ва умуминсоний қадриятларнинг устиворлиги тамойили, тарбияда ўқувчиларнинг ёш ва шахсий хусусиятларини ҳисобга олиш тамойили, изчиллик, тизимлилик, тарбиявий таъсирларнинг бирлиги ва узлуксизлиги тамойили ва бошқалар.

Тарбия жараёни ўзига хос хусусиятларга эга. Унинг энг муҳим хусусияти аниқ мақсадга йўналтирилганлигидир.

Замонавий талқинда тарбия жараёни ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги муайян мақсадга эришишга қаратилган самарали ҳамкорлик демакдир. Зеро, тарбия жараёнида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликдаги фаолиятлари ташкил этилади, бошқарилади ва назорат қилинади. Ягона мақсадга эришиш йўли замонавий тарбия жараёнининг мақсадини тавсифлайди.



Тарбия жараёни кўп қиррали жараён бўлиб, унда тарбия моҳиятини ёритишга хизмат қилувчи ички ва ташкил (субъектив ва объектив) омиллар кўзга ташланади. Субъектив омиллар шахснинг ичики эҳтиёжлари, қизиқишлари, ҳаётий муносабатлари мазмунини англашга ёрдам берса, объектив омиллар шахснинг ҳаёт кечириши, шаклланиши, ҳаётий муаммоларни ижобий ҳал этиш учун шароит яратади. Тарбия фаолиятининг мазмуни, йўналиши ва шакли обектив шароитлар билан қанчалик мутаносиб келса, шахсни шакллантириш борасида шундай муваффақиятга эришилади. Тарбия жараёнининг ташкил этилиши ва бошқарилишида нафақат ўқитувчи фаолияти, балки ўқувчининг ёш ва психологик шахсий хусусиятлари, ўй-фикрлари, ҳаётий қарашлари ҳами муҳим ўрин тутади.



Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти унинг узоқ муддат давом этишидир. Тарбия натижалари тез суръатда ёки яққол кўзга ташланмайди. Ўзида инсоний сифатларни намоён эта олган шахсни тарбиялаб вояга етказишда узоқ муддатли давр талаб этилади. Шахснинг муайян вақтнинг ўзида, турли-туман қарашлар мавжуд шароитда ҳаракат қилиши тарбия жараёнини мураккаблаштиради. Таълим муассасаларида олиб борилаётган тарбия шахс онги, дунёқарашини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, ёшлик йилларида инсоннинг асаб тизими юқори даражада таъсирчан ҳамда беқарор бўлади. Шу боис тарбия муваффақияти айни ўқувчилик йилларида шахсга тўғри тарбия бериш лозимлигини талаб этади.

Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти унинг узлуксизлиги саналади. Таълим муассасасида олиб борилаётган тарбия жараёни бу – ўқитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликдаги узлуксиз, тизимли ҳаракатлари жараёнидир. Ўқувчиларда ижобий сифатларни қарор топтиришда ягона мақсад сари йўналтирилган, бир-бирини тўлдирувчи, бойитиб борувчи, такомиллаштирувчи фаолият алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис оила, таълим муассасалари, жамоатчилик ҳамкорлигида ташкил этилаётган тарбиявий тадбирларнинг узлуксиз ўтказилишига эришиш мақсадга мувофиқдир.

Ўқувчини тарбиялашда касб-ҳунар коллеж етакчи ўрин эгалласа ҳам, ўқувчиларга узлуксиз тарбиявий таъсир ўтказа олмайди, чунки, ўқувчилар маълум муддатгина таълим муассасасида, ўқитувчининг тарбиявий таъсири остида бўлиб, қолган вақтининг асосий қисмини оилада, кўчада, жамоат орасида ўтказадилар. Кузги, қишки, баҳорги ва айниқса, ёзги таътиллар даврида ўқувчилар таълим муассасаси ўқитувчиси таъсиридан четда қоладилар. Демак, таълим муассасасида ўқувчиларни тарбиялаш вақт жиҳатидан чегараланган бўлиб, синфдан ва касб-ҳунар коллеждан ташқарида амалга ошириладиган тарбиявий ишлардан ҳоли вақтда улар ўқитувчи ёки тарбиячининг таъсири ҳамда назоратида узоқлашадилар.

Ўқувчиларга нисбатан таълим муассасасининг таъсирини сусайтирмаслик мақсадида синфдан, касб-ҳунар коллеждан ташқарида ва таътил даврида ҳам тарбиявий ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор берилади. Ана шу мақсадда бир қатор тарбиявий ишлар олиб борилади.

Айни вақтида, республикада, ўқувчиларнинг таълим муассасаларидан узоқлаштирмаслик мақсадида қўшимча таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Қўшимча таълим муассасаларида ўқувчилар хусусий фанлар ҳамда хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришлари, техник ва бадиий йўналишлар бўйича билим олишлари, амалий фаолият кўникма ва малакаларига эга бўлишлари мумкин. Қўшимча таълим муассасаларида ташкил этилаётган турли йўналиш ва мавзулардаги учравшувлар, кўргазмалар, кўриклар, суҳбатлар ўқувчиларнинг тафаккурини бойитишда, уларда мустаҳкам характер ва иродани таркиб топтиришда муҳим ўрин тутмоқда.



Тарбия жараёнининг яна бир хусусияти – бу унинг яхлит ҳолда тизимли ташкил этилишидир. Яхлитлик шундан иборатки, тарбия жараёнининг мақсади, мазмуни ва методларини бирлиги шахсни шакллантириш ғоясини амалга ошириш учун хизмат қилади. Бизга маълумки. Шахс маънавий-ахлоқий сифатларни навбатма-навбат эмас, балки яхлит тарзда ўзлаштира боради, шу боис педагогик таъсир ҳам яхлитлик, тизимлилик характерига эга бўлиши лозим.

Тарбия жараёнининг яхлитлик, тизимлилик хусусияти бир қатор муҳим педагогик талабларга амал қилиш, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги ҳамкорликни қарор топтиришни талаб этади.

Тарбиянинг яна бир хусусияти шундан иборатки, бу жараён икки томонлама алоқа хусусиятига эга бўлиб, унда ўқувчининг ўзи ҳам фаол иштирок этади.

Икки томонлама алоқа икки йўналишда, яъни, ўқитувчининг ўқувчига кўрсатадиган таъсири (тўғри алоқа) ҳамда ўқувчининг ўқитувчига нисбатан муносабати (тескари алоқа) тарзида ташкил этилади.

Тарбиянинг педагогик технология назарияси ғоясига мувофиқ, эндиликда ўқувчи тарбия жараёнининг объектигина бўлиб қолмасдан, субъекти сифатида ҳам фаолият кўрсатади. Шунинг учун ўқитувчи ўқувчининг ички имкониятлари, унга нисбатан бўлаётган ташқи таъсирлар ва ахборот манбаларини инобатга олиши зарур. Агарда мазкур талаб унутилса, шахсни тарбиялаш қийинлашади ёки барча уринишлр самарасиз якун топади. Мана шундан тарбия жараёнининг яна бир хусусияти – тарбияда қарама-қаршиликнинг мавжудлиги келиб чиқади. Ушбу қарам-қаршиликлар ўқувчиларга ўз тушунчаларига мувофиқ пайдо бўлган дастлабки сифатлар ўртасида ёки ўқувчиларга қўйиладиган талаблар билан уларни бажариш имкониятлари ўртасидаги зиддиятларнинг келиб чиқиши учун замин яратади.

Ундан ташқари бу қарама-қаршиликлар кўпинча ўқувчининг онги билан хулқи бир-бирига мувофиқ бўлмаслигидан, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ўқувчилар ёш, психологик, физиологик хусусиятлари (феъл-атвори, характери, қизиқишлари, жисмоний, руҳий ҳамда физиологик жиҳатдан соғломлиги)ни яхши билмасликлари оқибатида келиб чиқади.

Демак, тарбия жараёни ўзида қуйидаги хусусиятларни намоён этади:

Юқорида баён этилган фикр-мулоҳазаларга таянган ҳолда мавзуга қуйидгича хулоса қилиш мумкин:



  1. Тарбия муайян, аниқ мақсад ҳамда ижтимоий-тарихий тажриба асосида шахсни ҳар томонлама ўстириш, унинг онги, хулқ-атвори ва дунёқарашини таркиб топтириш жараёни бўлиб, ҳар қандай тузум ва замонда ижтимоий муносабатлар мазмунини аниқлаш, уларни ташкил этиш асоси бўлиб келган.

  2. Ёш авлод тарбияси турли макон ва замонда муайян мақсад асосида ташкил этилади. Ижтимоий тарбияни йўлга қўйиш жараёнида бир қатор вазифалар ҳал этилади. Тарбиянинг мақсад ва вазифалари ижтимоий тузум моҳияти, тараққиёт даражаси, ижтимоий муносабатлар мазмуни, шунингдек, жамият фуқароларининг дунёқараши, интилишлари, орзу-ниятлари асосида белгиланади.

  3. Тарбия жараёнининг хусусиятларини чуқур англаш ва уларни инобатга олган ҳолда тарбияни ташкил этиш олдинга қўйилган мақсадга эришиш, шунингдек, бу борадаги вазифаларни ижобий ҳал этиш имконини беради.


Таянч иборалар:

Тарбия назарияси, тарбия мазмуни, тарбия жараёни, шахс, феъл-атвор, характер, қизиқиш, жисмоний, руҳий ҳамда физиологик жиҳат, тамойил, қонуният, ёш авлод


Назорат учун саволлар:

  1. Тарбия жараёнининг моҳиятини қисқача тавсифланг.

  2. Тарбия мақсади нимадан иборат?

  3. Тарбия жараёнининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?

  4. Тарбия жараёнида қандай вазифалар ҳал этилади?


Тест топшириқлари:

  1. Тарбия нима?

а) шахсга касбий билимлар бериш жараёни;

в) ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат жараёни;

с) шахснинг муайян мақсад асосида ижтимоий ҳаётга тайёрловчи, тарихий-ижтимоий тажрибага суянган ҳолда олиб борилувчи фаолият жараёни;

д) ўқувчи тарбиясига нисбатан технологик ёндашувни ифода этувчи қараш;

e) барча жавоблар тўғри.


  1. Тарбия қонуниятлари қайси жавоб вариантида тўғри кўрсатилган?

а) диалектик жараён;

в) кўп қиррали, узоқ муддатли, узлуксиз, яхлит тизимли, икки томонлама алоқа, қарама-қаршиликлардан иборат жараён;

с) динамик жараён;

д) технологик жараён;



e) ижтимоий муносабатлар жараёни.
Адабиётлар:

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2005 йил.

  2. Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни. 2009 йил.

  3. Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Тошкент, Шарқ нашриёт-матбаа концерни, 1997.

  4. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент, Маънавият, 2009. – 176 б.

  5. Каримов И.А. Асосий вазифамиз – ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришдир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 80 б.

  6. Каримов И.А. Барча режа ва дастурлдаримиз ватанимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади: 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маъруза, 2011 йил, 21 январь. – Т.: Ўзбекистон, 2011. – 48 б.

  7. Абу Наср Форобий . Фозил одамлар шаҳри. – Тошкент, Халқ мероси нашриёти, 1993.

  8. Абдукудусов О., Рашидов Ҳ. Касб-ҳунар педагогикаси. Ўқув-услубий қўлланма. – Т.: ЎМКҲТТКМО ва УҚТ, 2008. – 240 б.

  9. Мавлонова Р., Тўраева О., Ҳолиқбердиев К. Педагогика. Касб-ҳунар коллежлари талабалари учун дарслик. – Т.: Ўқитувчи, 2008. – 382 б.



1 Авлоний, Абдулла. Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ. – Тошкент, Ўқитувчи, 1992.


©dereksiz.org 2016
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет