шартлар қаторида (Дорнинг курсиви), миллатлар ўртасида ёки ўрта синф
вакиллари орасида, ҳеч бўлмаса дипломатлар орасида ўзаро тушуниш ва
мулоқотни таъминиаб беришини тақазо этади.” Шунингдек, у юқоридаги
фикрига қўшимча қилиб, “бутун дунёда ўзгармас бўлган айрим нарсалар ҳам
муҳим бўлиши мумкин” дейди.
Тил
Ҳар қандай маданият ёки тамаддуннинг асосий элементлари тил ва
эътиқод саналади. Модомики, умумбашарий цивилизация бўй кўрсатаётган
экан, демак, умумбашарий тил ва эътиқод пайдо бўлишига мойиллик ҳам
кучайиши керак. Бундай даъволар, одатда, тилга нисбатан қўлланилади. Wall
Street Journal муҳаррири айтганидек, “дунёнинг тили инглиз тилидир.” Бу
иккита нарсани англатиши мумкин, ундан фақат биттаси умумбашарий
цивилизация тамойилига мос тушиши мумкин. Бу дегани, дунё аҳолиси
орасида инглиз тилида гапирувчилар сони мунтазам ортиб боради. Бу нуқтаи
назарни исботловчи ҳеч бир исбот йўқ ва мавжуд манбалардан энг
ишонарлилари, эҳтимол улар аниқ эмас, бунинг аксини кўрсатмоқда. 30
йилдан ошиқроқ муддатни қамраб олган(1958-1992), бизга маълум бўлган
маълумотнинг таҳлили дунё миқёсида тилдан фойдаланувчиларнинг сонида
кескин ўзгаришлар бўлмаганлиги ҳақида гувоҳлик беради. Шунингдек,
инглиз, француз, немис, япон тилларида сўзлашувчиларнинг дунё
аҳолисидаги улуши кескин камайган бўлиб, мандарин (хитой адабий тили)
тилида гаплашувчилар сони эса нисбатан камроқ пасайган. Ҳинд, малай-
индонезия тили, араб, бенгал, испан, португал тилларида гаплашувчилар
улуши эса ошган. Дунё аҳолисининг инглиз тилида она тили сифатида
гаплашувчилар сони 1958 йилдаги 9.8% идан 1992 йилга келиб бир миллион
йўқотиш билан 7.6% ташкил қилди (3.1 жадвал). Ғарбий Европанинг беш
асосий (инглиз, француз, немис, португал, испан) тилларида гаплашувчилар
улуши 1958 йилдаги 24.1 фоиздан 1992 йилда 20.8 фоизга тушган. 1992 йилда
мандарин тилида гаплашувчиларнинг улуши 15.2% бўлиб, у инглиз тилидан
икки ҳисса ортиқ бўлган. Ундан ташқари дунё аҳолисининг 3.6%и хитой
тилининг турли хил шеваларида гаплашган (3.2 жадвал).
Бир томондан дунё аҳолисининг 92%и учун она тили бўлмаган тил
жаҳон тили даражасига кўтарила олмайди. Бошқа томондан эса, маълум бир
тил турли хил тилларда гаплашувчи ва турли хил маданиятларга мансуб
одамлар ўртасида мулоқот тили вазифасини ўтаса, уни жаҳон тили деб аташ
мумкин, яъни агар у lingua franca ёки тилшунослик нуқтаи назаридан олиб
қараганда, жаҳоннинг асосий кенг мулоқот тили бўлса. Бир бирлари билан
мулоқотга киришмоқчи бўлган одамлар бунинг йўлини топишлари лозим. Бир
жиҳатдан, улар икки ё ундан ортиқ тилларда мулоқот қилишга ихтисослашган
ва оғзаки ёки ёзма таржимон сифатида фаолият юритувчи одамларнинг
хизматларидан фойдаланишлари мумкин. Лекин бу усул жуда ноқулай, кўп
вақт талаб қилади ва қиммат бўлади. Шунинг учун, бутун тарих давомида
lingua francaлар пайдо бўлаверган. Масалан, лотин тили қадимги давр ва ўрта
асрларда, бир неча аср давомида француз тили Ғарбда, Африканинг кўпгина
ҳудудларида суахили ва ХХ асрнинг иккинчи ярмида дунёнинг катта қисмида
инглиз тили шундай мақомга эга бўлдилар. Дипломатлар, бизнесменлар,
олимлар, туристлар ва уларга хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, самалёт
учувчилари ва авиа диспетчерлар ўзаро самарали мулоқот воситасига муҳтож
бўладилар. Ҳозирда улар асосан инглиз тилидан шундай мулоқот воситаси
сифатида фойдаланмоқдалар.
Бу маънода инглиз тили, худди вақт ўлчашда ишлатиладиган христиан
календари, халқаро саноқ воситаси ўрнида ишлатиладиган араб сонлари ва
ўлчов бирлиги сифатида ишлатиладиган метрик система каби маданиятлараро
мулоқот воситаси сифатида ишлатилади. Шундай бўлсада, инглиз тилининг
қўлланилиши маданиятлараро мулоқот воситаси саналади; у эса ўз навбатида
алоҳида маданият пайдо бўлишини тақазо этади. Lingua franca лисоний ва
маданий фарқларга қарамасдан, мулоқот қила олишни таъминлаши лозим,
уларнинг йўқолишига сабаб бўлмаслиги керак. У фақатгина мулоқот воситаси,
ўзликни ва бирор бир жамоага тегишлиликни билдирадиган белги эмас. Япон
банкири билан индонезиялик бизнесменнинг бир-бирлари билан инглиз
тилида сўзлашишлари, уларнинг инглизлашишидан ёки ғарблашишидан
далолат бермайди. Худди шундай ҳолат немис ва француз тилида сўзлашувчи
швейцарияликлар ўзаро мулоқот тили сифатида инглиз тилини танлаганда
кузатилади. Яна шундай вазиятни инглиз тилининг Ҳиндистонда амалдаги
миллий тил сифатида қолишида кузатишимиз мумкин. Нерунинг инглиз
тилидан воз кечиш борасидаги жон куйдиришларига қарамасдан, инглиз
тилини ҳамон сақланиб қолинганлиги ҳиндийда гаплашмайдиган Ҳиндистон
миллатларининг ўз тили ва маданиятини сақлаб қолишга кучли хоҳишини
ифода этиб, Ҳиндистоннинг кўптилли мамлакат бўлиб қолишини тақазо этади.
Етакчи тилшунос олим Жошуа Фишменнинг кузатишича, агар тил
маълум бир этник гуруҳ, дин ёки мафкура билан боғланмаса, lingua franca
сифатида қабул қилиниши эҳтимоли юқори бўлади. Ўтмишда инглиз тилида
ҳам ана шундай белгиларнинг кўпчилиги бўлган. Сўнгги пайтларда эса, инглиз
тили “миллий жиҳатларини йўқотди (ёки миллатга боғлиқлиги
минималлашди)”, худди шундай ҳолат ўтмишда аккад, оромий, юнон ва лотин
тиллари билан ҳам кузатилган. “Инглиз тилининг иккинчи тил сифатида
шуҳрат қозонишига сабаб бўлган устунлиги шундаки, у охирги чорак асрда на
Британияни ва на Американи бир миллат сифатида кўрилмаслиги ёки
мафкуравий тагмаънога тилни тиқиштирилмаганлигида эди.” Шунинг учун
ҳам инглиз тилининг миллатлараро мулоқот воситаси сифатида ишлатилиши,
турли хил халқларнинг миллий ўзлигини нафақат сақлаб қолишга, балки
ривожланишига олиб келди.
Дунёдаги инглиз тилида сўзлашувчилар тобора унинг турли шаклларида
гаплашиб келмоқдалар. Инглиз тили маҳаллийлашмоқда ва Британия ва
Америка инглиз тилига ёт маҳаллий бўёқдорлик касб этмоқда, натижада
инглиз тилининг турли шакллари ўзаро тушунишни қийинлаштирмоқда,
худди хитой тилининг турли шевалари каби. Нигерияча пиджин инглиз тили,
ҳиндча инглиз тили ва яна кўплаб бошқа шакллардаги инглиз тили турлари
ўша давлатларнинг ўзлигига айланиб улгурди ва чамаси, келажакда бир
бирларидан узоқлашиб, худди роман тиллари лотин тилидан келиб чиққани
каби қардош, лекин ўзаро фарқларга эга тилларга ажраб кетади. Аммо италян,
испан ва француз тилларидан фарқли ўлароқ, бу тиллар жамиятдаги кичик бир
гуруҳ томонидангина гаплашилади ва улар асосан турли тилли кишилар
ўртасида мулоқот учунгина фойдаланилади.
Мазкур жараёнларни амалдаги ҳолатини Ҳиндистонда кузатишимиз
мумкин. Масалан, аслида 1983 йилда Ҳиндистоннинг умумий 733 миллион
аҳолисидан 18 миллиони инглиз тилида эркин гаплаша оларди. 1991 йилда
умумий аҳоли 867 миллон бўлганида инглиз тилида эркин мулоқот
қилувчилар сони эса 20 миллионга етди. Шундай қилиб, Ҳиндистонда инглиз
тилида гаплашувчилар миқдори барқарор 2-4 фоиз атрофидаги кўрсаткични
ташкил қилади. Инглиз тилида ҳужжат юритувчи тор доирадаги элитадан
ташқарида, инглиз тили, ҳатто lingua franca вазифасини ҳам ўтамайди. Ню
Деҳлидаги университетнинг иккита профессори таъкидлашларича, “Асл
реаллик шундан иборатки, агар сиз Кашмирнинг энг жанубий нуқтасидан то
Канякумаригача саёҳатга отлансангиз, ҳиндий тилда мулоқотга киришиш
инглиз тилидагига нисбатан анча осон бўлади.” Ундан ташқари ҳиндча инглиз
тили жуда кўп ўзига хос хислатларни қабул қилиб оляптики, у кундан кунга
ҳиндлашиб
бормоқда,
ёки
аниқроғи,
турли
маҳаллий
тилда
гаплашувчиларнинг таъсирида, маҳаллийлашиб бормоқда. Худди илгари
санскрит ва форс тиллари ҳинд маданиятига сингиб кетгани каби, инглиз тили
ҳам ҳинд маданиятининг ажралмас қисмига айланмоқда.
Тарихан тилларнинг тарқалиши дунёдаги қудратларнинг тарқалишини
акс эттирган. Энг кўп гаплашиладиган тиллар – инглиз, мандарин, испан,
француз, араб ва рус тиллари – бошқа халқларга ўз тилларини ўрганишга ва
қўллашга даъват қилган империяларнинг асосий тиллари бўлган. Дунёдаги
ҳукмронлик тақсимотидаги ўзгариш, тилларнинг тарқалишидаги ўзгаришга
мос келган. “Америка ва Британиянинг икки аср давомидаги
мастамлакачилик, савдо, саноат, илмий ва молиявий қудрати олий таълимда,
дунё бўйлаб давлат бошқарувида, савдо ва технологияларда ўз изини
қолдирган.” Британия ва Франция ўз мустамлакаларида ўзларининг тилларини
мажбуран ёйганлар. Аммо мустақилликдан кейин собиқ мустамлакалар турли
усуллар билан маҳаллий тилларни тарғиб қила бошлаган, натижа эса ҳаммада
ҳам бирдай бўлавермаган. Совет иттифоқининг энг гуллаган чоғида, рус тили
Прагадан Ханойгача lingua franca сифатида ишлатилган. Шўъровий тузум
қудратининг пасайиши, рус тилининг иккинчи тил сифатида ўқитилишига
иштиёқнинг сўна бошлаши билан параллел кечди. Маданиятнинг бошқа
шакллари қаторида қудратнинг ортиши ҳам тил эгаларининг ўз тилларига
бўлган ишончини орттиради, ҳам бошқа тил вакиллари тарафидан бу тилни
ўрганишга иштиёқни уйғотади. Берлин девори қулаши ортидан Германия янги
гегемон сифатида кўрила бошланди ва инглиз тилида равон сўзлаша оладиган
немислар орасида халқаро учрашувларда немис тилида гапиришга мойиллик
кучайди. Япониянинг иқтисодий қудрати япон тилини бошқалар томонидан
ўрганилишига туртки берди. Яқин йиллардаги Хитойнинг иқтисодий ўсиши
хитой тилига бўлган қизиқишни ортишига сабаб бўлмоқда. Хитой тили
Гонконгда аллақачон инглиз тилини асосий тил сифатида сиқиб чиқармоқда
ва Жанубий Шарқий Осиёдаги хитойликларнинг роли туфайли хитой тили
мазкур ҳудудда халқаро бизнес алоқалари амалга ошириладиган тилга
айланиб улгурди. Бошқа цивилизацияларга қараганда, Ғарб қудратининг
пасайиши инглиз ва бошқа ғарб тилларининг маданиятлараро мулоқот тили
сифатида қўлланилишига путур етказмасдан қолмайди. Агар узоқ келажакда
Хитой цивилизацияси Ғарб цивилизацияси устидан устунликни қўлга киритса,
инглиз тили халқаро lingua franca ўрнини хитой тилига бўшатиб беришга
мажбур бўлади.
Собиқ мустамлакалар мустақиллик сари ҳаракат қилиб унга эришар
эканлар,
маҳаллий
тилларнинг
риволаниши
рағбатлантирилиб,
империалистларнинг тилларини сиқувга олиш маҳаллий элитанинг
колонистлардан ажратиб турадиган ва ўзлигини белгилайдиган хислати деб
кўрилади. Мустақилликдан сўнг эса, элита вакилларини оддий аҳолидан
ўзларини ажратиб турувчи хислатга эҳтиёж туғилади. Инглиз, француз ва
бошқа ғарб тилларидаги равон сўзлаша олишлик шундай хислат саналади.
Натижада ана шундай элиталар ўз халқидан кўра, ғарбликлар билан тез тил
топишади (худди шундай ҳолат ўн еттинчи ва ўн саккизинчи асрларда Европа
аристократлари бир-бири билан француз тилида гаплашиб тил топишган ва
лекин оддий аҳолининг оғзаки тилини тушунмаган пайтларда кузатилган).
Ғарблик бўлмаган жамиятларда иккита бир-бирига қарама қарши ҳаракат
юзага келган кўринади. Бир тарафдан инглиз тили олий таълимда харидор ва
капитал учун рақобатбардошликни ошириш мақсадида зўр бериб
ўқитилмоқда. Бошқа тарафдан эса итимоий ва сиёсий босимлар остида
маҳаллий тилларнинг кенг миқёсда қўлланилиши авж олмоқда. Масалан,
Шимолий Африкада араб тили француз тилининг ўрнини эгаллаган бўлса,
Покистон ҳукумати ва таълимида урду тили инглиз тилини сиқиб чиқармоқда.
Ҳиндистонда эса маҳаллий тиллар инглиз тилини ОАВдан сиқиб чиқараяпти.
Бундай ўзгаришлар, 1948 йилда Ҳиндистон Маориф Комиссияси томонидан
башорат қилинган эди. Унда “инглиз тилини қўллаш халқни иккига ажратиб
қўяди, бир ховуч бошқарувчилар ва аксарият бошқарилувчилар, уларнинг
бири иккинчисининг тилини тушунмайди ва ўзаро тушунмовчилик юзага
келади” дейилган эди. Орадан қирқ йил ўтиб, инглиз тилининг элита тили
сифатида қолиши, башорат тўғри бўлиб чиқишини исботлади ва “катта
ёшлиларнинг овоз беришига асосланган ишчи демократияни яратишда
ғайритабиий вазиятни юзага келтирди. Инглиззабон Ҳиндистон, ҳамда сиёсий
онгга эга бўлган Ҳиндистон бир-биридан борган сари узоқлаша бормоқда. Бу
эса юқорида ўтирган инглиззабон озчилик ва сайлов ҳуқуқига эга бўлган юз
миллионлаб кўпчилик ўртасида тарангликни кескинлаштирмоқда.” Ғарблик
бўлмаган давлатларда демократиянинг ўрнатилиши ва давлат бошқарувида
оддий халқнинг кенг иштироки ғарб тилларининг ролини пасайишига, ҳамда
маҳаллий тилларнинг ўрни ортишига замин ҳозирлайди.
Совет иттифоқининг қулаши, ҳамда совуқ урушнинг якунланиши,
унутилган ёки таъқиб остида бўлган тилларни янгиланишига ва риволанишига
туртки бўлди. Миллий тилларни қайта тиклаш ҳаракатларининг энг жўшқин
тўлқини собиқ иттифоқ давлатларида кузатилди. Эстон, латиш, литва, украин,
грузин ва арман тиллари мустақил давлатларнинг миллий тилларига айланди.
Собиқ иттифоқнинг мусулмон ўлкалари орасида ҳам ўз миллий тилларини
ривожлантириш бўй бера бошлади. Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон
ва Ўзбекистон рус оғаларининг ёзуви бўлмиш кирилл алифбосидан воз кечиб,
ғарб томон юзландилар ва турк қардошларига яқин бўлган лотин графикасига
асосланган ёзувга ўта бошладилар. Форсийзабон Тожикистон эса араб ёзувини
қабул қилди (Қирғизистон ва Тожикистон ҳамон кирилл ёзувидан
фойдаланади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Тожикистонда араб
алифбосига қайтишга қарор қилинган, лекин кейинроқ бундан воз кечилган. -
тарж.). Серблар эса, аксинча, ўз тилларини сербо-хорват деб эмас, серб деб
атайдиган бўлишди ва католик душманларининг ёзуви бўлмиш лотин
алифбосидан юз ўгириб, рус қардошларининг кирилл алифбосига ўтишди.
Бунга параллел равишда хорватлар ўз тилларини хорват тили деб атаб, уни
турк ва бошқа хорижий тиллардан кирган унсурлардан тозалай бошлашди.
Ваҳоланки, Боснияда “худди ўша туркча ва арабча ўзлашмалар Усмонийлар
империясининг 450 йиллик бошқаруви рамзи сифатида қайта тилга киритилди
ва оммалашди.” Тиллар цивилизацияларнинг хусусиятларига қараб
сайқалланади ва қайта тикланади. Қудрат ёйилиши билан тилларнинг бир
бири билан аралаш ҳолда мавуд бўлиши ҳам кенгаяди.
Достарыңызбен бөлісу: |