Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ақоиди Таҳовия китобининг шарҳи



Дата27.07.2023
өлшемі17.84 Kb.
#475849
Акоиди Таховия шархи


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ақоиди Таҳовия китобининг шарҳи.

Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг Расулига саловотлар бўлсин.
Билмоқ керакким, бугунги кун мусулмонлари ихтилофсиз, бир овоздан тан оладиган китобларнинг бири АҚОДИ ТАҲОВИЯ китобидир. Бу китобни тўрттала мазҳаб уламолари ва бошқа фирқалар ҳам ўз эътиқодим деб тан олади. Шунинг учун ҳам ушбу рисолани шарҳига қўл урдик.
Аввало, ушбу рисола соҳиби Имом Таҳовий ҳазратларини Аллоҳ Ўз раҳматига олсин.

Имом Таҳовий ҳазратлари айтадилар.


1 – “Ушбу (китоб) АҲЛИ СУННАТ ВА ЖАМОАТ АҚИДАси баёнининг зикридир”.
Юқоридаги матнда учта масала ўртага ташланди.
Биринчиси; АҚИДА масаласи.
АҚИДА - қалбдаги бирор нарсага бўлган мустаҳкам ишонч деганидир. Ислом динидаги АҚИДА эса, кишининг Аллоҳга ва Унинг динига бўлган эътиқодидир.
Иккинчиси; АҲЛИ СУННАТ масаласи.
Суннат – Аллоҳ Ўз Расулига амал қилишини буюрган йўлдир.
АҲЛИ СУННАТ – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳдан келтирган динига, суннатларига, ҳаёт йўлларига ва яшаш тарзларига эргашган кишилардир.
Учинчиси; ЖАМОАТ масаласи.
Жамоат – Саҳобалар, тобейинлар ва улардан кейин келган Расулуллоҳга жон-у дил билан эргашганлар, бу динга ёрдам берганлар ва бошқа миллатларни ушбу динга даъват қилганлар жамоасидир.
Аслида АҲЛИ СУННАТ ВАЛ ЖАМОАТ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланди дейилмайди. Чунки, дунёда ўтган жамики пайғамбарлар Аллоҳни битта эканлигига чақирганлар. Бундан шундай хулоса чиқадики, Ўша Пайғамбарларга тўғри йўлда эргашганлар ҳам АҲЛИ СУННАТ ВАЛ ЖАМОАТдирлар.
Аллоҳ Таоло Қуръони Карим Юсуф сурасининг 108 – оятида айтади, Сен: “Аллоҳ (нинг йўли)га билиб, (аниқ далилларим билан), ишонч билан чақираман. Ва менга эргашганлар ҳам (билиб, аниқ далиллар ва ишонч билан Аллоҳнинг йўлига чақирадилар)” – деб айт.
Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда ўз умматларининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетишини ва булардан биттасидан бошқа барча фирқаларни Дўзахий бўлишини айтганларида саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, ўша нажот топувчи битта тоифа кимлар?” – деб сўрадилар. Шунда Набий алайҳиссалом: “Менга ва саҳобаларимга эргашганлар” – дедилар.
Имом Таҳовий айтмоқчиларки, Сизнинг қўлингиздаги мен битган ушбу рисола энг тўғри эътиқодни ўргатади. Ва ушбу эътиқод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобалар, тобейинлар ва бугунги кунга қадар уларга тўғри йўлда эргашганларнинг ақидасидир.

2 – “Ушбу рисола миллатнинг (ислом динининг) фақиҳлари бўлмиш Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг мазҳаби ва диннинг асл масалаларидаги ва Оламлар Роббисининг динига кўра бўлган эътиқодларига кўрадир”.


Ушбу матнда олтита масала ўртага ташланди.
Биринчиси; Миллат, бу Ислом динидир.
Ислом дини Аллоҳ Таолога Ўз Расули Муҳаммад алайҳиссалом орқали жамики инсонларга юборган эътиқодий, ибодат, ахлоқ ва бошқа муомалалар мажмуасидир.
Иккинчиси; Фиқҳ, бу шариат ҳукмларини (иймон, намоз, закот, савдо - сотиқ каби Қуръон ва Ҳадисда келтирилган исломнинг инсон учун зарур бўлган барча масалаларини) далиллари билан билмоқдир. Яъни, киши ислом динига кўра ўзи учун нима фойдали ва нима зарарли эканлигини билиши бу фиқҳдир.
Учинчиси; Фақиҳ, у шундай кишики, Қуръон ва Ҳадисни тушуниш унинг табиатига айланиб кетган бўлади. Ва у бошқаларга Қуръон ва Суннатдаги ҳукмларнинг сир - синоатини энг мукаммал ва осон тушунтириб беради.
Тўртинчиси; Мазҳаб, қайсидир мужтаҳиднинг Қуръон ва Суннатдан қилган ижтиҳодига (унинг тушунтириб беришига кўра, зотан, киши ўзим Қуръон ва Ҳадисдан ҳукм олавераман деса унинг адашиб кетиши аниқ).
Бешинчиси; Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳ алайҳлар ислом динининг фақиҳлари деб атадилар. Зеро, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алайҳ энг биринчи бўлиб, Аллоҳнинг мадади билан исломда фиқҳни кашф қилдилар ва биринчи бўлиб китоб ёздилар. У киши бу борада бошқа фақиҳларнинг замон ва мартаба тарафлама энг биринчисидир. Имом Абу Ҳанифа мазҳаби ҳанафий мазҳаб деб исмланади. Шунинг учун ҳам, Имом Таҳовий раҳматуллоҳ алайҳ аввал Шофеий мазҳабида бўлганларига қарамай, сўнг ҳанафий мазҳабига ўтганлар.
Олтинчиси; Диннинг (ислом динининг) асл масалалари. Асл масалалар – бу эътиқод масалаларидир. Яъни, Аллоҳга ишонмоқ, Уни битта деб билмоқ, Биргина Унга ибодат қилмоқ ва сиғинмоқ масалалари.
Имом Таҳовий айтмоқчиларки, ушбу рисола ислом динини мукаммал тушунган, бошқаларга мукаммал ва осон тушунтира оладиган энг катта олимлари бўлмиш Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг икки шогирдларининг эътиқодии ва динда тутган эътиқодига кўрадир. Яъни, бу китоб, Имом Абу Ҳанифа мазҳабига кўрадир.

3 – Аллоҳнинг ТАВҲИДи (битталиги) ҳақида Унинг тавфиқи ила эътиқод билан (заррача иккиланмасдан) айтамизким: “Аллоҳ биттадир”.


Тавфиқ – Аллоҳ Таоло Ўз бандасининг ишларини Ўзи яхши кўрадиган, рози бўладиган қилиб қўйишидир. Зеро, ТАВҲИДга фақатгина Унинг тавфиқу ҳидояти билангина эришилади ва бу аҳли суннат вал жамоатнинг мазҳабидир).
Аллоҳ Таоло Қуръони Карим Анкабут сурасининг 69 – оятида: “Бизнинг йўлимизда жидду- жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга (тавфиқимизга ва ҳидоятимизга) бошлаймиз” – дейди.
Тоҳа сурасининг 14 – оятида: “Албатта, Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил” – дейди.
Аллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг 37 та оятида АЛЛОҲДАН ЎЗГА ИЛОҲ ЙЎҚДИР каломини зикр қилган.
Аллоҳ Таоло Ўз Зотида биттадир. Бундан мурод, У қисмларга бўлинмайди.
У Ўз сифатларида ҳам биттадир. Ўша сифатларида Уни яратилган махлуқотларга ўхшатилмайди.
У Ўз ишларида ҳам биттадур. Борлиқни яратаётганида Унга бирор наса шериклик қилмади. (Яъни, У Ўз Зотида, сифатларида ва ишларида биттадир).
Имом Таҳовий ҳазратлари ўз китобини ТАВҲИД масаласи билан бошладилар. Зеро, ТАВҲИД бандага бажариши лозим бўлган энг биринчи буйруқдир. Пайғамбарлар ва Китоблар (Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони Карим) ҳам шу мақсадда юборилган.
Аллоҳ Таоло Қуръони Карим Анбиё сурасининг 25 – оятида айтади, Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: “Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг!” - деб ваҳий қилганмиз.
Худди шу жумладан, Таврот, Инжил, Забур, Қуръони Карим ва бошқа Пайғамбарларга юборилган саҳифаларнинг барчаси Оламлар Роббисининг ТАВҲИДи ва ибодатига даъват қилади.
Шу ўринда бир муҳим масала бор. Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобейинлар, тўрт мазҳаб уламолари бўлмиш Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий, Имом Аҳмад ва уларнинг мазҳабларидаги аввалдан то ҳозирга қадар ўтган жамики ислом уламолари ТАВҲИДнинг таърифини Аллоҳ Таолони бир деб билиш деб ўргатганлар.
Юқоридагиларга қарши чиққан бир тоифа аҳли эса: “ТАВҲИД уч қисмдир. Улуҳият, Рубубият ва тавҳиди Асмои Вас Сифат” – деб таърифлашади. Кимки ТАВҲИДга бу таърифни берса, у бидъатчи бўлади. Чунки, ислом динида бўлмаган нарсани янгитдан унга қўшмоқлик бидъатдир.
Имом Бухорий ва Муслим Оиша онамиздан ривоят қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бизнинг динимизда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у раддир (яъни, рад қилинади)” – дедилар.
Давоми бор.....
Ушбу мақола Имом Таҳовийнинг Ақоид китоби,
Имом Бобартийнинг, Имом Майдонийнинг, Имом Туркистонийнинг, Умар Абдуллоҳнинг, Қози Исмоил Шайбонийнинг, Имом Оқҳисорийнинг ва Имом Ғазнавийнинг Таҳовий ақидасига шарҳларидан олинди.

Косон шаҳар Ғоиб – Ота жомеъ масжиди


Имом хатиби Хуршид Шарипов.

Достарыңызбен бөлісу:




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет