Диссертация Илмий раҳбар : доц. М. Қодиров


I.3. ХОЖАГОН ТАРИҚАТИ ҲАҚИДАГИ ФИКРЛАР



бет2/4
Дата19.07.2016
өлшемі0.77 Mb.
#210827
түріДиссертация
1   2   3   4

I.3. ХОЖАГОН ТАРИҚАТИ ҲАҚИДАГИ ФИКРЛАР

Тасаввуф-бу инсоннинг руҳияти ва маънавий оламидаги жараён бўлиб, инсонни руҳий ва ахлоқий камолотга етказувчи бир усулдир. Тасаввуфнинг мавзуси-Ҳаққа етишиш учун нафсни тийиб, ахлоқни гўзаллаштириш, ботин ва зоҳирни нурлантириш, сурат ва сийратни поклаштириш бўлиб, унинг мавзусини инсон руҳи, хулқи ва руҳоний тузилиши ташкил қилади.

Яқин ва Ўрта Шарқда IX аср бошларига келиб, тасаввуфнинг назарий ва амалий асослари ишлаб чиқилди. Бу даврда сўфийларнинг амалий-руҳий машқлар орқали ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш тадбир усуллари шаклланди. Шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу тўрт қисмга оид қарашлар мажмуи тузилди. Тасаввуф алоҳида мазҳабий илм ва амал сифатида қарор топди.

"Тариқат" арабча сўз бўлиб, "усул", "йўл", "маслак”, "сўфийлик нули” маъноларини англатади.

Шайх Воиз Кошифийиинг "Футуват-номаи султоний" асарида ёзилишича, тариқат маъноси "рост, туғри йўл"дир. Тариқат йўли, яъни сўфийлар эса уч нарсада: ҳам калом, каломда ўзгаларга ибрат бўлишлари лозим. Яъни кераксиз-ўринсиз гаплардан тийилмоқ - ҳам, беҳуда ишларга қадам қуймаслик , зарурий пайтда ёрдам бериш - карам ҳисобланади.

Тариқатнинг асл моҳияти ибодат ва поклик бўлганлиги учун мазкур мазҳаб дину исломга зид эмас. Тариқат башарий вужуддан қутулиб, руҳий камолотга муяссар бўлиш орзуси, яъни инсонийлик, илоҳийлик ҳақиқатини топишдан иборатдир. Шу маънода, Абдухолиқ Ғиждувоний асос солган хўжагон тариқатининг ҳам асосини муқаддас исломий манбалар ташқил этган бўлиб, ўзига хос маънавий-ахлоқий қадриятларга асосланган таълимотдир. Хўжагонлар тариқатига оид фикрлар Абдухолиқ Ғиждувонийнинг "Васиятнома", "Маслак ал-орифин", "Мақсад ас-соликин", "Одоби тариқат" каби асарларида баён этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалари хазинасида номаълум муаллиф томонидан ёзилган "Аз гуфтори Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний" ("Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ўгитлари") рисоласида ҳам баён этилгандир,

"Маслак ал-орифин" ва "Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ўгитлари" асарларининг ўхшашлик ва фарқли томонлари бор. Ўхшашлик томони шундаки, иккала китоб ҳам тариқат мақсадларини тушунтиришга бағишлангандир. Айрим боблардаги фикрлар бир хил, фарқи шундаки, "Маслак ал орифин" асарида боблар сони 23 тани ташкил қилиб, мақомлар, яъни соликнинг руҳий-маънавий камолот босқичлари кенгроқ берилган, "Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний ўгитлари" китобида эса боблар сони 13 та бўлиб, мақомлар қискароқ ёритилган.

Бу асарлар Абдухолиқ Ғиждувонийнинг тасаввуф борасидаги фикрларани ўрганишда, Хўжагон-нақшбандия тариқати асосларини тадқиқ қилишда катта аҳамиятга эга.

"Тариқат"нинг маъноси илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли экан, уни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар. Чунки пир-муриднинг қоидалари, одобига риоя этиш, солик бажариши керак бўлган йўл-йўриқлар ва бошқа усуллар шунинг ичига киради. Тасаввуфда тариқат мақомларини турлича кўрсатадилар. Масалан "Футувватномаи султоний"да мақомотлар тўрт юзу қирқ тўртта дейилади. Аммо унинг жами тўрт мақоми мужассам дейилади. Булар: тавба, хавф, жиҳод, сабр. Абунаср Саррож эса соликнинг руҳий маънавий камолоти босқичларини тўққизта дейди. Булар 1. Тавба. 2. Вараъ, 3. Зуҳд. 4. Фақр. 5, Сабр, 6. Хавф. 7. Рижо. 8. Таваккул. 9. Ризо.

Атокли шайх Абдуллоҳ Ансорий "Манозил ус-соирин" ("Сайр этувчиларнинг тариқат манзиллари" номли китобида тариқат манзилларини ўнта, дейди: 1. Ибтидо. 2. Боб. 3. Муомала. 4. Ҳамида ахлоқ. 5. Усул. б. Авдия (Водийлар) 7. Ахвол, 8. Валоят(валилик), 9. Ҳақойик, 10. Интиҳо ёки васл.

Тасаввуф тариқати борасида ҳам Хўжаи Жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз мустақил фикру ақидаларига эга эди. Хўжаи Жаҳон соликнинг руҳий маънавий босқичларини қуйидагилардан иборат қилиб қуйган: 1. Тавба. 2. Иродат. 3. Муриднинг шайхга эҳтиёжи. 4. Зикр. 5. Ҳалоллик. 6. Хаж мартабаси. 7. Дарвешлик одоби. 8. Зуҳд. 9. Аллоҳни таниш, 10. Нафс сифатлари. 11. Қалбнинг саломатлиги. 12. Сабр ва ризо. 13. Муроқаба ва мусоҳаба. 14. Муҳаббат ва сидқ. 15. Таслим ва тавфиз. 16. Шукр за таваккул. 17. Аллоҳ Таолонинг маърифати 18. Ихлос ва риё. 19. Илоҳий ахлоқ. 20. Мушоҳада. 21. Ҳирқа маъноси. 22. Кечки ибодат. 23. Йўл масаласи.

Тариқатнинг биринчи мақоми, яьни манзили, "бекати" тавба ҳисобланади. Хўжаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний "Тавба ва унинг шартлари баёни хусусида" номли 1-бобда: "Билгилки, йўлнинг ибтидоси (боши) тавбадир. Тавбанинг маъноси-қайтиш, яъни камолотга, ахлоқий сифатларга, Тангрининг ризолигага қарши бўлган барча сўз ва ишлардан қайтишдир", деб таъкидлайди12.

Ғиждувоний Куръони Каримдаги Тангрининг шундай каломини келтиради: "Эй, инсон, Аллоҳга имон келтирган! Унга томон қайттин ва насуҳ тавбасига эришгин"13. "Пайғамбар айтадиларки: "Ким тавба қилса сидқ ва ихлос билан қилсин. Шунда Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиргай. Тангрининг ҳам шундай сўзлари борки: "ким агар тавбани сидқ билан қилса ва солиҳ амаллар бажарса, гуноҳлари мағфират бўлгай"14. Расул яна айтадиларки: Тавба-мўминнинг пўшаймон бўлиши ва у хавфдан вужудга келади"15. Демак, юқорида айтганимиздек, сидқ - сидқидилдан холисона муҳаббат билан тавба қилишдир. Тавба холисона, сидқ билан қилинса, солиҳ, яьни яхши амаллар қилинса, унинг гуноҳлари мағфират бўлади, яъни кечирилади, дейилади. Мўминнинг дилдан пўшаймон бўлиши бу хавфдан, қўрқувдан вужудга келади. Қўрқув тавбаси, гуноҳга иқрор бўлиш-оддий одамларга хос. "Ҳаёт вақтида Яратгандан қўрқиб яшаган кишида охиратда азоб бўлмайди". Чунки бундай одам доимо андишали бўлади. Ҳамма ишнинг оқибатини ўйлаб, фикр билан қилади. Тавба қилиб, кечирим сураб, ёмон амалларни тарк этади. Демакки, бировларга зарар келтирмайди. Шу ўринда Абулхолиқ Ғиждувонийнинг "Тавбаи насухнинг нечта белгиси бор?" деган саволга берган жавоблари келтирилган. Абдухолиқ Ғиждувоний буюрадиларки, яъни жавоб берадиларки: "Тавбаи насухнинг учта белгиси бор: биринчиси шуки, нимаики Тангрининг ризолигига хилоф бўлса, дархол ундан қайтишдир. Иккинчиси шуки, ғафлат билан, бефармонлик билан ўтган ва беҳуда зое кетган вақтларига доимо пўшаймон бўлишдир. Учинчиси шуки, гуноҳ, қилмасликка азм ва жазм қилишдир. Хўжаи Жаҳон айтадики, "Мўмин банда гуноҳларидан тавба қилганидан кейин, шарт шуки ҳеч қачон ундан шу қилган гуноҳларининг пўшаймонлиги кетмасин, у қайтиб гуноҳ қилмасин"16.

Демак, гуноҳларини, нотўғри ишларини тушунган киши уни қайтиб қилмаслик аҳдида мустаҳкам туриши, агар ҳаёти давомида такрорласа, бу ҳақиқий тавба бўлмайди, дейилади. Биз кундалик турмушимизда билиб-билмасдан хатоликларга йўл қўямиз. Озгина нотўғри иш қилганда, бирор катта гуноҳ қилмаяпмизку, деб ўзимизни тинчитамиз. Мўътабар шайх Хўжаи Жаҳон гуноҳнинг катта кичиги бўлмайди» унинг ҳар қандайи инсонга зарар келтиради, гуноҳни умуман қилмаслик керак. Доимо истиғфор айтиш билан (яьни кечирим сўраш билан) ўзни гуноҳнинг ғуборларидан тозалагайсан,17 деб таъкиддайди.

Хўжаи Жаҳон тавбанинг биринчи ҳақиқати сифатида келтираётган шарт: аввало нотўғри ишлардан пўшаймон бўлиш ва худонинг азимати, қаҳри ва ҳамиятидан, яьни иродасидан қўрқиш бўлишдир, дейди. Тангрининг қаҳридан ҳам қўрқ ҳам раҳматидан умидвор бўл, дейди. Бу борада Ҳазрат Хўжаи Жаҳоннинг қуйидаги рубоийси мавжулдир:

Аз қаҳри Худо ҳароскори пеш ор,

Аз раҳмати у умидвори пеш ор,

Пайваста миёни хавф мебош ва рижо,

Чун ҳар ду тариқаҲақ гўзори пеш ор18.

Мазмуни:

Доимо Худонинг қаҳридан қўрқ,

Ва унинг раҳматидан умидвор бўл,

Доимо хавф ва рижонинг ўртасида бўлгил,

Шу икки йўл оркали Ҳаққа яқинлашиш имконига эга бўласан. Солик азобдан эмас, балки макрдан, нафс макридан қўрқади. "Рижо" - умидворлик.

Қалбнинг келажакда Ҳақ васлига етишдан умидворлиги, хавфдан қутулиш умиди.

Одам жисм-жасади қандай ўзаро пайванд, яхлит тизим бўлса, коинот ҳам бир-бирига шундай боғлиқ бир тизимдир. Демак, биз ҳам коинот билан боғланганмиз. Биз гуноҳ қилсак, коинотнинг мувозанатини бузамиз. Йиғлаш натижасида одам организмидаги ёмон қувватлар чиқариб ташланади. Бу ёмон қувватлар одам танида ортиқча жисм ва руҳ ўртасидаги кураш натижасида вужудга келган бўлади. Бу моддийликка, яъни кўз ёшига айлантирилиб, чиқариб юборилади. "Кўзинг гирён бўлсин" деган иборанинг мазмуни шудир. Чунки Абдухолиқ Ғиждувонии: "Тавба қилувчининг жисми тарсон ва ларзон бўлади, кўзи гирён бўлиб, унинг хилъати (яъни кийими) Рахмоннинг юзи бўлади"19, дейди. Солик жисмининг доимо қўрқувда бўлиши, зоҳир ботини бир хил бўлиши, яъни тили ва дили, дили ва амаллари бир хил бўлиши, шайтон макридан эхтиёт бўлишни таъкидлайди.

Демак, кўз йиғлаб, тозаланиб, софланиб унга Худо нур ва қувват беради. Йиғлаш натижасида гуноҳлардан тозаланган кўз ҳамма нарсани кўрадиган бўлади. Тавбаи ҳақиқийнинг иккинчи ҳосиласи-қўрқувда бўлган қалбнинг хилъати бутун олам Худовандига имонда собитлик-мустаҳкамликдир. Яъни Худодан қўрқадиган юракнинг имони мустаҳкам бўлади. Имон-тил ва дилнинг бирлиги, юракда ҳеч қандай қарама-қаршиликнинг бўлмаслиги, бинобарин юракнинг соғлом бўлишидир. Тавбаи ҳақиқийнинг учинчи ҳақиқати: "Тарсон ва ларзон, яъни титрокда бўлган жисмнинг хилъати - Тангридан раҳмат ва ғуфрондир"-дейилади, яъни бундай жисм раҳмат нурлари орқали тўла покланади. "Бу покланиш жуда юксак ва абадийдир. Чунки бу танада бутун табиат билан уйғунлик бўлади20. "Демак, шулар амалга ошганда, (кўз, қалб, жисм) покланганда кишининг ишлари яхши, яъни солиҳ бўлади. "Барча ибодатларнинг боши тавбадир. Шундан кейин барча ибодатларнинг сифати амалга ошади ва башорат бўлади"21-дейди Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний.

Хўжагон тариқатида йўлнинг асосий мақомларидан кейингиси муриднинг иродаси ва сифатлари хусусида айтилади. Мурид, мурод, яъни мақсадга интилувчи одам. Муриднинг иродаси деганда, иродани шайх иродасига мувофиқлаштириш, шайх иродасини ўз иродаси деб билиш. Иккинчи тарафдан, бу муриднинг ирода кўрсатиши, мардлигини ҳам билдиради. Муриднинг асосий хислати ниёзмандлик-яъни талабгор бўлиш, муршиди комил этагини тугиб, унинг айтганларига сўзсиз риоя қилищдир. Пирсиз солик манзилга етолмайди. Чунки одам ўз-ўзини назорат қилиши қийин, то раҳнамо йўл кўрсатмаса, мушкули осон бўлмайди. Шуни зьтиборга олиб тажрибали пирга қўл бериб, ирода-ихтиёрини унга топширганлар. Бу бобда: "билгинки, иродат бирор кишига нисбатан пайдо бўладиган, кўнгил истагидир. Бу иродат улуғ давлатдир ва барча сифатларнинг калитидир", "Шайхнинг талаби билан машғул бўлиш, бу азизнинг хизматида маҳкам туриш, унинг тасарруфига ўзини таслим қилиш зарур. Ҳар муридким, Шайхнинг назаридан қолса, унинг ишлари шундай бузиладики, бошқа ҳеч қандай шайх унинг ишини созлай олмайди"'-деб ёзилган.

Кейинги мақом муриднинг шайхга эҳттиёжи борлиги хусусидадир. Соликнинг комил, мукаммал шайхга эҳтиёжи кўплиги, бу йўлда манзиллар, шубҳали ишлар, тўсиқлар бисёрлиги шулардан соғ-омон ўтиш учун шайхнинг зарурлиги айтилади.

Тасаввуфдаги муриднинг шайхга эхтиёжи ҳақидаги масалада Абдухолиқ Ғиждувоний муриднинг шайхга муҳтожлиги кўплиги, ҳеч мурид шайхсиз бу йўлдан боролмаслигини айтадилар. Бу ерда Мусо алайҳиссаломнинг камолот даражалари юксақлигига қарамасдан ўн йил давомида Шуъайб алайҳиссаломнинг хизматларини қилганликлари, шундагина Ҳақ билан сўзлашиш шарафига муяссар бўлганликлари ҳақидаги байт келтирилади.

Тасаввуфдаги зикр, унинг одоби тўғрисида Ғиждувоний "Маслак ал орифин" билан бирга "Мақсад ас-соликин", "Одоби тариқат", Васиятнома" ва бошқа асарларида ёзган. У киши ҳақида ёзилган китобларда ҳам бу маълумотлар бор. Манбалардан маълумки, Абдухолиқ Ғиждувоний дил зикрида ички, овоз чиқармай қилинадиган зикрда бўлган.

Мўьтабар шайх қатор рубоийларида инсон доимо қалбини ғайр яъни ўзгалар меҳридан ПОК тутишни, Аллоҳнинг меҳридан бошқа нарсаларга жой қуймасликни, қалбда Тангри бўлиши керак дейди. Бу билан Ғиждувоний оламнинг аслини қуриш ва бунинг учун эса, Тангри яратган нарсаларга меҳр-муҳаббат билан қарашга даъват этади. Дилнинг доимо зикрда бўлишини, ошикларнинг бир бутунлигига сабаб, зикрдан эканлигини айтади. Зикр ҳақида фикр юритар экан, ҳамма зикр қилса ҳам лекин ҳар хил тоифадаги кишилар бу зикрни ҳар хил амалга ошириши ҳақида ушбу рубоийни келтиради:

Зикри бе ихлос зикри мунофиқон аст,

Дигар таъзим бояд зикр - зикри мутобеон аст.

Дигар таъзим, ҳурмат боядки, зикр - зикри муридон аст,

Зикри бо ихлос, бо таъзим ва бо ҳурмат, зикри махбубон аст22.

Таржимаси :

Ихлоссиз зикр қиладиганлар зикри- мунофиқлар зикридир,

Таъзим билан қилинган зикр - ибодат аҳли зикридир

Таъзим, ҳурмат билан бўлган зикр муридлар зикридир

Ихлос билан, таъзим ва ҳурмат билан бўлган зикр маҳбублар

зикридир,

Бу ўринда Хўжаи Жаҳон ихлоссиз зикр қиладиганларни, мунофиклар зикри, таъзим билан қилинадиган зикр - ибодат аҳли, ҳам таъзим, ҳам ҳурмат билан бўладиган зикр муридлар зикри эканлигини айтиб, ҳам ихлос, ҳам таъзим ва ҳам ҳурмат билан бўладиган маҳбублар зикрига алоҳида аҳамият беради.

Хонақоҳда ўтириш, самоъни тинглашни ҳам устоз Абдухолиқ Ғиждувоний манъ этади. Самоъ - куй тинглаб, қўшиқ куйлаб Тангрини зикр этиш, шунингдек, завқу шавкка берилиб баланд товуш билан зикр этишдир.

"Маслак ал - орифин" асарининг 6-бобида шайхнинг - йўл кўрсатувчи, у махсус хусусиятларга эга эканлити ҳақида айтилади; "Шайх ўз муридлари орасида, худди пайғамбар ўз умматлари ўртасида бўлганидек"- деган Муҳаммад пайғамбарнинг сўзларини келтиради. Солик йўл бошида бўлганида юзини Ҳаққа томон қаратиши, қадамини шу йўлга қўйиши ва чин садоқат билан ўзини шайхга топшириши керак. Қалб кўзи орқали оламни кўриш шайхнинг сифати эканлигини қуйидаги рубоий орқали ифодалайди:

Эй, дил, ту ба жонаш хон,

Бе кому забонаш хон,

Ки он ёр на он ёр аст,

Ки уро ба забон хонад23

Таржимаси:

Эй, дил, сен жонинг билан ўқи.

Тилсиз ўқи.

Чунки бу ёр шундай ёрдирки,

Уни тил билан ўқиб бўлмайди.

Демак, бу ерда қалб ҳақида гап кетяпги, демак руҳий қалб билан ўқиш, бу – тилни ишлатмай ўқишдир. Бу билан тасаввуф таълимотида руҳий оламни билишда моддий кўз, моддий тил, ақлнинг ожизлиги кўрсатиляпти.

Кейинги мақом дарвешлик йўлининг одоблари ҳисобланади. Дарвешлик одоби шундаки, солик шайхнинг хизмати учун қаттиқ саъй ҳаракат қилиши, пирнинг кўнглини ранжитмаслиги, шайтон йўлига киришдан ўзини хушёр тутиши лозим.Хўжаи Жаҳон бу борада қуйидагиларни баён этади: "Билгилки, дарвеш одобларидан бири шуки, шайхнинг хизмати учун қаттиқ саъй-ҳаракат қилиши, токи шайх хизматининг ҳуқуқларини бирор дақиқа ҳам зое қилмаслиги керак. Агар у хизматда нуқсонга йўл қуйса, бундан пир кунглига заррача ғубор қўнса, мурид йўли бутунлай бекилади.

Муҳаббат-тасаввуфнинг асосий рукнларидан бири. Жуда кўп ирфоний тушунча-истилоҳларнинг шарҳи мудаббатга келиб боғланади. Тасаввуфни илоҳий муҳаббат ҳақидаги илм, дейиш мумкин. Чунки тасаввуф илоҳий маърифатни эгаллаш, Аллоҳнинг сифат ва исмлари орқали унинг зотини билиш ва танишни талаб қилар экан, буни ақл ва назарий-тафаккурий билимлар билан эмас, балки яширин бир ички туйғу, ботиний басират, яъни муҳаббат воситасида амалга ошириш мумкин, деб таълим беради. Бу диний-фалсафий дунёкараш.

Абдухолиқ Ғиждувоний ислом динининг ҳужжати бўлган Қурьони Карим ва Ҳадиси Шарифга асосланган тасаввуф таълимотидаги инсон руҳий камолотининг мақомларини чуқур ўрганган ва шу ҳақида қимматли мерос қолдирган.

Ислом асрлар давомида халқимиз маънавияти, ахлоқий дунёсига кириб кетди ва ҳаётда анъана шақлига айланиб қолди. Ҳозирда исломга эътиқод, диний урф-одатларга риоя этиш яъни эркинлик йўлига кирди. Исломнинг амалий талаблари барча мусулмонларга яхши маълум бўлиб, уларни бажариш кундалик одат, ҳаётий қоида шақлига кириб келгандир.

Ислом ҳозирда фақат узоқ тарихга эга бўлган анъанавий меъросгина эмас, балки шу кунги маънавиятимиз, анъаналаримизнинг ажралмас қисмидир. Унга тўғри муносабатда бўлиш, мустақил жамиятимиз келажагини яратишда унинг хизмати, ўрнини аниқ тушуниш лозимдир. Шу жиҳатдан хўжагонлар тариқати таълимоти муҳим аҳамиятга эгадир.

II БОБ. АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙНИНГ ИРФОНИЙ ВА ФАЛСАФИЙ ДУНЁҚАРАШИ

II.1. ИНСОН ВА ИНСОНПАРВАРЛИК ҒОЯЛАРИ

Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний маънавий таълимотида умўминсоний маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳақида фикр юритар эканмиз, қадриятлар-фақат ўтмиш даврлар учун муҳим аҳамият касб этиб қолмасдан, ҳозирги кун ва келажакдаги тараққиётга ҳам катта нуфузли ижобий таъсир кўрсатадиган, кишилар онгига сингиб ижтимоий аҳамият касб этадиган маданий, маънавий-ахлоқий, фалсафий ва бошқа бойликлар мажмуи эканлигини тушунамиз. Энг олий қадрият ҳақиқий, аслий одамийлик сифат ва фазилатларига эга бўлган инсондир. Шу билан бирга энг ёмон ва қабиҳ хислатларга эга мавжудот ҳам инсондир.

Барча давлатларда, жамийки ижтимоий тузумларда ўзининг кимлигини туғри англаган, ҳақиқий инсон энг олий қадрият ҳисобланади. Тарих ҳам, тарихий тараққиёт ҳам, инсон фаолиятидан бошқа нарса змас. Моддий, маънавий, ижтимоий-сиёсий, миллий ва умўминсоний қадриятларни дилида жо қилиб олган, табиатни обод, жамиятни гўзал ва фаровон қилиш, тинчлик, ҳақиқий адолатни ҳаёт қоидасига айлантириш, инсонийликка лойиқ ҳаёт учун курашаётган меҳнаткаш инсон энг олий

даражадаги қадриятдир.

Инсон қадр-қимматини англаш шахснинг ўз-ўзини назорат қилишга асосланади. Инсон моҳиятини англаш учун унинг бошқа жонзотлардан туб фарқини билиш муҳимдир. Инсонда маънавий-руҳий устунлик мавжуд, унда хотира бор, ўтган кунини эслаб туради. Инсонда фаросат бор, тез ва тўғри фикрлай олади. Ҳаром ва ҳалолнинг фарқиг бора олади. Тоза нима ва пок нима англай олиши мумкин. Кўринишидан тоза туюлган нарса пок бўлмаслиги, аслида пок бўлган нарса топ-тоза кўринмаслиги ҳам мумкин. Буни англай олиш учун инсонда ақл фаросот, мантиқий фикрлаш крбилияти бор, дид билан қийинади, иффатнинг қадрини билади. Булар ҳақиқий инсонга хос фазилатлар. Асли сифат ва фазилатларга эга бўлган инсоннинг ўзи буюк қадрият эканлигини таърифлаб, унинг заковати ақлий қобилиятига юксак баҳо бериб, тасаввуфнинг буюк шайхларидан Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро шундай дейди: "Валийлик одам боласига азалдан насибадир, чунки одам Парвардигорнинг суйган махлуқи. Яратувчи одамга ақл ато қилган, ботиний нур берган, уни бошқа мавжудотлардан афзал сифатли ва хислатли қилиб яратган"24.

Нажмидин Кубро ҳам Адухолиқ Ғиждувоний таълимотида бўлганидек ориф инсон сифатида кишиларнинг руҳияти, руҳ хислатларини чуқур ўрганган. Нажмиддин Кубро фикрича инсонда ҳам "олами суғро", ҳам "олами кубро"нинг барча хусусиятлари мужассамдир.

Хўжагон таълимотида, аввало, инсоннинг ўзлигини англаш йўли, ҳақиқий инсон ва Ҳақ яқинлиги, унинг камолоти йўллари, бу йўлда маънавиятнинг ўрни, илмга эга бўлиш, тариқат мақомотларини босиб ўтиш, одамларга нафи тегиши, нафи тегмаса зарар ҳам етказмаслиги, фақат ҳаётда "яхшилик уруғини экиш"га ундаш ва бошқалар ҳақида панду насиҳатлар баён этилган. Худони ва оламни билиш учун эса, биринчи навбатда инсон ўзини билиб олмоғи лозим. Ривоятларга кўра энг қадимги Юнон ҳакимларининг бири Фалесдан унинг шогирди: "дунёда энг мураккаб ва энг мушкул нарса нима?" - деб сўраганида - "энг қийин ва мушкул асрор одамнинг ўзи, унинг ўз ўзини билиб олишидир", деб жавоб берган экан.

Хўжаи Жаҳон ўзидан олдинги барча мутасаввифлар сингари инсон моҳияти ҳақида фикр юргизиб, унинг омухталиги, бир томондан руҳ, жон, ва иккинчи жиҳатдан жисм, жуссадан таркиб топганлигига шубҳа қилмас эди. Руҳ, жон ёки баъзи мугассаввифларнинг каломи билан айтганда, нафс одамнинг аслий, мангу, илоҳий, абадий томони бўлиб, у инсоннинг жисмий томонидан бир қанча белгилари, сифатлари билан фарқ қилади. Инсоннинг руҳи ёки нафси маънавийдир. Мутасаввифлар инсон нафаси, жонини эса руҳий қалб ҳам деб айтадилар. Унинг жон, тана, жуссаддан фарқини кўрсатиш мақсадида бир қанча далиллар топадилар.

Инсонинг руҳи, билимлар, тасаввурларнинг кўпайиши билан зарар топмайди. Ҳаёт тажрибаси ва кузатишлардан маълумки, одам ўз руҳи, нарсалар, ашёларни идрок этади ва ҳиссиётлар, тасаввурлар ва билимларни ҳосил қилиш билан унинг руҳи нуқсонли, камчиликли бўлмайди. Аксинча, ҳиссиётлар, тасаввурларнинг кўпайиши инсон руҳий равонини кўчайтиради. Маълумки, ҳар бир жисмоний моддий нарса ҳоҳ у энг кичик заррача бўлсин, ҳоҳ буюк осмоний жисм бўлсин, муайян шакл ва суратга эгаки, ўша шакли ва суратила ўзга жисмлардан фарқ қилади. Ҳар бир жисм махсус бир шаклга эга бўлиб, айни ҳолда иккинчи шаклни ўзига қабул қила олмайди.

Ақлий тафаккур ва мулоҳаза шуни кўрсатадики, нарсаларни одам бир карра идрок этса, билиб олса, бошқа нарсаларни идрок этиши учун зеҳн, онгида аввалги тасаввур ва билим шаклларини йўқ қилиш лозим эмас, аксинча бу билим, тасаввурлар қанча кўп бўлса, унинг онги зеҳни кучлироқ бўлади. Бу шуни кўрсатадики, инсон руҳи жисмларга зид бўлиб, унинг жавҳари руҳоний оламдан олинган. Ғиждувоний қарашича руҳ, жон, араз вақтинчалик бўлмасдан мустақил

вужудликка эга жавҳардир.

Юқоридагилардан аниқданадики одамнинг руҳи, жони, нафси босит, яъни омихта, бирикма эмас, балки басит жавҳар бўлиб, жисмдан фарқ қилади, унга зид ва ўхшашлиги йук. Инсон руҳи, нафси жисмларни тасаввур эташи билан жисмдай уч ўлчовли бўла олмайди. Яъни, узунлик, кенглик ва чуқурлик пайдо этмайди.

Инсон маънавий, руҳий тараққиёти унинг хотирасига асосланади, яьни унда идрок этилган таассуротларни сақлаб қолиш ва онгда ақлда уларни қайтадан тиклашга асосланади, Бундай ҳолатни мия моддаларини бир неча карра такроран янгиланиши билан мувофиқлаштириш мумкин. Агар мия инсон маънавий, руҳий фаолиятининг асоси бўлса эди, мия моддаларининг янгиланиши хотирадаги илгарилар идрок этилган манавиятни олиб қолар эди. Ҳақиқатда эса бундай ҳолат юзага келмайди. Маълумки, кўпинча болалик чоғида ва ҳатто бир карра қабул этилган таассурот қарилик чоғигача эсда қолади. Мутасаввифлар шу жумладан мўътабар сўфий Хўжаи Жаҳон қарашларича инсон ҳам "кичик олам". Кичик олам сифатида инсон ўзидан пастки барча оламлар: ноорганик олам, ўсимликлар олами, ҳайвонлар оламининг кичик тарздаги мужассамидир, зероки пастги табақа оламларнинг барча жисмий ва маънавий хусусият ва сифатлари инсонда кузатилади. Табиий оламдага барча унсуротлар инсон жисми жасадида мавжуд, тирик ўсимликларга таалукли бўлган барча хусусиятлар ҳам: модда алмашуви, ўсиш, ўзгариш, кўпайиш инсонда мавжуд. Шу жиҳатдан инсон ундан илгариги барча оламлар тараққиёти ривожланишининг якунидир. Бундан ташқари, инсон ақл, заковат, кучли ирода, ҳиссиёт, сезгилар, нутқ соҳиби ҳамдир. Руҳий, маънавий жиҳатдан инсон ниҳоясиз. Унинг руҳий нафси ҳеч бир жиҳатдан чегараланган эмас. Чегарасиз инсон руҳияти моддий оламда кузатиладиган фазо, макон ва вақтга боғлиқ эмас. Инсон жисми жасадидага ҳиссий қувватлар: кўриш, эшитиш, ҳид таъмини ҳис этиш, уни ташқи олам билан боғлаб, жисмий ҳаётининг эхтиёжларини таъминлашга хизмат этадилар. Ҳиссиёт қувватлари инсоннинг тубан, қуйи томони, моддийлик томони ўсимликлар, ҳайвонлар оламига тортади, ўша томонга майл туғдиради. Ва лекин унинг руҳияти юқори, юксакликка, саодатли томонга тортади, чорлайди. Жисмий жасадий томони барча моддий жисмий мавжудотлар сингари муваққатли, ўтувчи, бузилиб кетувчи, сўфийлар ибораси билан айтганда, фоний ўзлигини билувчидир-яъни муайян вақтда белгиланиш ҳаёт муҳлати, умрига боғликдир. Бундан ташқари инсон жисми ёки танаси бошқа жисмлар сингари муайян ҳажмга эга бўлиб, юқорида айтганимиздек уч ўлчовли, уч томондан ўлчанарлидир. Бироқ унинг руҳи, вақт, фазога боғлиқ эмас. Шу жиҳатдан инсоннинг асли, ҳақиқати бепоён, бениҳоя руҳий оламга таллуқлидир. Мутасаввифлар айтишича руҳий, илоҳий олам маконсиз ва замонсиз, вақтга боғлиқ эмас.

Бугун Шарқ оламида бўлганидек, Хўжаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотида инсонпарварлик ғоялари муҳим ўрин тутади. "Васиятнома", "Одоби тариқат”, "Мақсад ас соликин" ва бошқа рисола, асарларида улуғ мутафаккир ориф бу борадаги фикрларини баён этган. Увайсий асроршунос Хўжаи Жаҳон деярли ҳамма рисолаларида барча мусулмонларнинг вазифаси барча инсонларга, айниқса бева-бечорага меҳрибонлик қилиш, муҳтожларга ҳар томонлама кўмаклашиш ожизу заифларга шавқатли бўлишга чақирганлар. Ғиждувоний фикрича ҳақиқий тақводор пок шахс ўз ҳаётида ақлли бўлишни, яшашида яхшилик қилишни, хайрли аъмолни содир этишни ўз олдига асосий маънавий-ахлоқий мақсад қилиб қўймоғи лозим.

Поклик, тақводорликни тасаввуф аҳли биринчи навбатда маънавий-ахлоқий поклик, ёмон хислат ва сифатлардан қутулиш ва фақат яхши, хайрли сифатларга эга бўлиш, яшашда, ҳаётда, ўзгаларга яхшилик, дўстона муносабатда бўлиш, деб тушунганлар. Агар киши ҳаётда, бошқалар билан муносабатда ноинсоф, жабру-ситамгар, ҳирси, нафси мансаби учун ҳар қандай ноодилликни, инсофсизликни, жирканч феълу ҳаракатларни содир этса, шундан кейин ундай одам тоату ибодат билан шуғулланиб, намоз ўқиб, ҳажга бориб ўз гуноҳларини шу йўл билан тузатмоқчи бўлса, покланмокчи, ювмокчи бўлса, бундай юзаки, ноҳақиқий ибодатнинг ҳеч қандай фойдаси йўк.

Хўжаи Жаҳон ўз муриду шогирдларига, ҳамсуҳбатларига доимо хайрли иш, амал қилишни таъкидлаган. Ҳатто ёмонлар сенга нисбатан бирон зарарли амал содир этган бўлса ҳам, унга нисбатан раҳмли бўл, зероки унинг ёмонлиги унинг ўзи учун етарли жазодир. Ёмон қилмиши туфайли уни ўз виждони ботиний жиҳатдан қийналади, бундай вақтда виждон азобидан қутула олмайди деган. Бу борада Хўжаи Жаҳоннинг қуйидаги мисралари диққатга сазавордир:

Гар дар дилат аз касе шикоят бошад,

Дарди дили ту аз у бағоят бошад

Зинҳор ба нишсом машғул машад

Бадро бадий хеш кифоят бошад25.

Таржимаси:

Агар сенинг кўнглинг бирон кишига нисбатан шикоятли бўлса,

Ундан кўнглинг куп оғриган бўлса,

Зинҳор ундан ўч олишни уйлама,

Чунки унга унинг ёмонлигининг ўзи кифоядир.

Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотича, бу фоний, ўтар дунёда одамларнинг ҳаётида фаол иштирок этиш, уларни ҳимоя этиш (тоат ибодат билан бирга)-Аллоҳ кўрсатган йўлдан бориш ва унга яқин бўлишнинг асосий йўлларидан биридир. Мўьтабар инсоншунос Ғиждувоний халқ манфаатлари йўлида хизмат этишга, унинг ҳаётини енгиллаштириш, унга иложи борича ҳар томонлама кўмаклашиш, ёрдамлашишга чақиради. Агар одам бу ишга қодир бўлмаса, ўз юкини халқ, устига ташламай, бирор касбни эгаллаб, ҳалол меҳнат билан яшаши керак. "Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний айтибдурларки, "халқдин оғирликни кўтармак керак ва бу муяссар бўлмас магар ҳалол касб била. "Даст ба кору, дил ба ёр" деган сўз хўжагон тариқатларида амри муқаррар (яъни бажарилиши шарт иш) турур"26. "Васиятнома"да шунингдек, халққа нисбатан мужодала ҳолатида бўлмаслик, иложи борича кишидан ҳеч нарса талаб этмаслик, ўзга кишига хизмат буюрмаслик, ҳамма фақиру бечораларга меҳру-шавқат кўзи билан қараш ва ҳар бир одам, айрим кишиларни паст ҳисобламаслик ва бошқа инсонпарварлик, инсондўстлик ғоя-фикрлар ўз аксини топгандир.

Инсондўстликни, ғамхўрликни, яхши хулқ атворлиликни тарғиб этувчи қуйидага мисралар Абдухолиқ Ғиждувоний рубоийлари ичида энг диққатга сазоворларидан бири ҳисобланади:

Саттори ҳама уюб бояд будан

Ғам чи аз ғами қулуб бояд будан

Гар дар талаби ризойи Холиқ боши

Бо халқ ба хулқа хуб бояд будан27.

Таржимаси:

Ҳар бир айбни яшира олувчи киши бўл,

Ғамхўрлигинг қалбнинг ғами бўлсин.

Ҳар доим Холиқни розилигини олмоқ учун

Халқ орасида яхши хулқ, атворли бўл.

Улуғ ориф ўзининг инсондўстлик ғояларини устози Юсуф Хамадоиий ҳақида ёзган асарларида ҳам баён этади. Устози Юсуф Хамадоний хислатларини баён эта туриб, маънавий - ахлоқий фазилатлардан бири, катта - кичикка бир хил иззат-ҳурматли бўлишга чақиради. Масалан устозларининг умрларида умуман мол-дунё йиғмаганлари, ёмон, бидьатчи, бенамоз одамларнинг суҳбатида утирмаганликлари, бирон кишитга ёмонликни раво кўрмаонликлари, ҳар бир мўминга аввало ўзлари ҳам салом берганликлари, ишсиз, дангасаларни ёқтирмасликлари ҳақида баён этади. Айникса, устозининг одамларни ирқи, миллати, молу-мулклилига, бой камбағаллига билан ажратмасдан, ўз меҳнати билан, бировларга зарар келтирмасдан яшайдими, шунинг учун ҳурмат қилганликларини ифодалайди. Барча халқда, одамларга дўстона муносабатда бўлганликларини: турк, араб, тожик, жуҳуд, қуллар билан маҳалла-масжидларда суҳбат қуриб, маьнавий-ахлоқий масалалар ҳақида ҳалол нима, ҳаром нима, шуларни тушунтирганлар" дейилади28.

"Тил ва дилнинг доимо бир хил бўлиши", "касбнинг фарзлиги", "фақирни дўст деб билиш" каби ўгитларини қайта-қайта меҳр билан такрорлаб баён этган. Шу билан соликларга шу фазилатларни, олийжаноб эканлигини уқтирган. Шундай инсонпарвар, инсондўст киши ҳақиқий Инсон бўлиб, Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлади, деган. Демак, Абдухолиқ Ғиждувоний маънавий-ахлоқий таълимотининг асосий негизи:

-фақиру қашшоқ камбағаллар, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, уларга раҳм, меҳру-шафқат қилиш;

-Омманинг захмату ранжларини, машаққатини енгаллаштириш;

-узун кун хонақода ўтирмасдан, ҳамиша инсонлар билан бирга

бўлишни маслаҳат беради.

Хўжаи Жаҳоннинг "Дари шайхиро банд ва дари ёриро қушой, дари хилватро банд ва дари суҳбатро қушой", яъни одамлар учун шайхлик эшигини ёпгину, ёрдам эшигини очиш, хилват эшигини ёпиб, суҳбат эшигини очиш деган ўгити чуқур маъноли, мазмунли, юксак маънавий-ахлоқий ғоя ва панду-насиҳатдир.

Улуғ пир "Рисолаи васоъе" деб номланган насиҳатларида биров билан дўст биродар бўлаётганда, уни қуйидага беш маънавий-ахлоқий ҳикматга риоя қилишга даъват этган. Буларнинг биринчиси - фақирликни бойликдан афзал - устун қуядиган бўлсин (яъни нопок йўллар билан топилган бойликни);

иккинчиси-илмни дунёнинг бошқа нарса ва ишларидан устун қуядиган бўлсин;

учинчиси-камтарлик, мунисликни мутаккабирликдан юқори қуядиган

бўлсин;

тўртинчиси эса зоҳир ва ботин ҳолатларини англаб олиш ва ботинни зиҳирдан устун қуя билиш;



бешинчиси-ўлимдан қўрқмаслик ҳолатида бўлиш, зероки ўлимдан қўрқувчи ҳақиқий эътиқодли инсон ҳисобланмайди, чунки дилига муглак Ҳақ ҳақида шак бўлади.

Маълумки, биринчи шарт сифатида келтирилаётган фақирликнинг тариқатда ўзининг белгилари мавжуддир. Булар:



  1. Нафсни жиловлаш, ақлни нафс ҳокимига айлантириш,

  2. Кўнгилни кина, адоватдан пок тутиш.

  3. Камтарона умр кечириш.

  4. Роҳат ва беғамликнн тарк этишдир.

Абдухолиқ Ғиждувоний фақирликнинг юқорида кўрсатилган қоидаларига доимо ҳаёти давомида риоя қилиб келажак авлодни ҳам шунга даьват этган.

Улуғ пир "Мақсад ас-соликин" номли асарларида ёшларга мурожаат қилиб, "ёшлик чоғида ғурур, кибр, нафс васвасаси ғолиб келиши мумкин бўлган, эҳтиёт бўлиш, йўлни тўғри танлаш керак"лигини айттан. Доимо ақлга мувофиқ нафсга хилоф бўлишлигини таъкидлайди. Инсоннинг асли ҳам тупроқдан экан у ҳам оғир, босиқ бўлиши, қуруқ ном учун чиранмаслиги лозимлиги таъкидланади.

Ҳақиқий инсонийлик фақирликнинг иккинчи белгиси дилни кина адоватдан пок тутиш экан. Хўжаи Жаҳон инсонларни доимо покликка, киши кина адоватдан тоза сақлашга, софланишга даъват этиб, мабодо бировдан норози, хафа бўлиб қолганда ҳам, ҳеч қачон юракда кина адоватни сақлаб юрмоқ, ундан ўч олишни уйламоқ ҳам керак эмас, чунки ёмонга юқорида айтилганидек, унинг ёмонлигинингўзи етарлидир. Ўшанинг ўзи жазодир. Албатта ёмонга унинг ёмонлигини тушунтириш, тўғри йўл кўрсатиш, яхшиликка даъват этиш керак. Лекин асло ундан нафратланиш, жамоадан чиқариб ташлаш керак эмас.

Мутафаккир Ҳақ, ва инсоншунос бандага Ҳақнинг розилигидан юксак нарса йўқ экан, Худо ҳам фақатгина покиза инсонлардан доимо розидир, деган фикрни қуйидаги мисраларда баён этади:

Беҳтар зи ризолиги Ҳақ, чи ёбад банда

Рози аст Худо аз марди покиза хисол29

Таржимаси:

Бандага Ҳақнинг розилигидан яхши нарсалар йўқдир,

Худо ҳам покиза хислатли кишидан розидир.

Фақирликнинг учинчи ва тўртинчи белгилари сифатида келтирилаётган камтарлик, роҳат ва беғамликни тарк этиш хислатлари Хўжаи Жаҳоннинг "Васиятнома”, "Маслак ал - орифин", "Мақсад ас соликин" ва бошқа рисола, асарларида ўз аксини ва шарҳини топгандир. Инсон камтарона умр кечиришни мақсад қилар экан, унинг кўзига мол-дунё енгил-елпи ҳаёт, ўзининг асли ҳақиқийлигини уйлашдан бошқа нарса кўринмайди. Шунингдек, Ғиждувоний ботиний ва зоҳирий оламлар ҳақидаги илмни жуда чуқур, ҳар томонлама ўрганиш, ҳар бир қиладиган амални илмини билиш, қандай амал бажарилса, дил-қалбдан ихлос билан ижро этиш кераклигини орифона панду насиҳатларида таъкидлаган.

Шунинг учун Хўжаи Жаҳон, ҳар илмники ўрганибсиз унга доимо амал қилиш, шу билан бирга, амалники этгайсиз-сидқу ихлос билан этинг, деб таъкидлайди. Шунингдек, дўст биродарликка қабул қилинадиган кишининг учинчи хислати сифатила хорликни ўз иззатидан юқори қуйиш кетирилган. Бу талабнинг мазмуни шуки, яъни иззатталаб бўлмаслик, инсон қиёфасини безовчи камтарлик улуғланади. Халқ ҳикматларида "Ҳар қандай инсон ўз қадрига нисбатан ўзини пастроқ тутиб юрса, оламлар орасида шунчалар иззат обрўга лойиқ бўлади, аксинча ўз қадрига нисбатан ўзини қанча юқори қуйса одамлар наздида унинг кадри пастлашади" дейилади. Инсоннинг қадрини унинг ишларининг натижаси кўрсатади. Хўжаи Жаҳоннинг бу ҳақда қуйидаги мисралари мавжуддир:

Аз шуҳрати хеш нафсро лор мадеҳ,

Худро ба миёни мардумон ёд мадеҳ.

Кам ному нишон бош гар ин дар макун,

Зинҳор ки дини хеш барбод мадеҳ30.

Таржимаси:

Шуҳратинг билан нафсингни қувватлантирма,

Ўзингни халқ қошида зикр этма. Камтарин бўл буни кечиктирма, зинҳор Ўз динингни барбод қилма.

Кейинги сифат бу соликнинг зоҳир ва ботин амалларини яхши билиши зарурлигидир. Бу ҳақдаги фикрни Абухолиқ Ғиждувоний шундай тасвирлаган:

Эшонки агар зи роҳи мурсалон боши,

Дар зоҳиру ботин ҳама яксон боши.

Эмиш нашави зи макри шайтон зинҳор,

Боятки зи Ҳақ ҳамиша тарсон боши31.

Таржимаси:

Агар кимки мурсаллар йўлида бўлса,

Зоҳиру, ботинда бир хил ҳолатда бўлсанг.

Доимо шайтон макридан огоҳ бўл,

Ҳақдан ҳамиша қўрқиб юр.

Дўст биродарликка қабул қилишнинг бешинчи хислати сифатида "ўлимга тайёр бўлиш" келтирилган. Хўжаи Жаҳон таълимотида бу хислатнинг моҳияти шундай айталадики, яъни олам ўгкинчи, унда инсон меҳмон сифатидадир. Инсон умри жуда тез ўтиб кетади. Бу ҳақда Ғиждувонийнинг қуйидаги рубоийисида баён этилгандир:

Эй дил бигузор, зи шодмони жаҳон,

Пайдост чи хезад зи жавони жаҳон,

Рузие шабе битояд рехлат кард,

Мағрур машав ба зиндагони жаҳон32.

Таржимаси:

Эй қалб, бу дунё шодликларини тарк эт,

Зероки улар арзимайдир,

Кечасими, кундузими ўлим келиши аник,

Шунинг учун бу дунёда яшашдан мағрурланма.

Демак, ҳар бир инсон бу дунёда меҳмон эканлигини, шундай қисқа бир даврда фақат яхшиликлар қилиши, эзгу ишларни бажариши лозимлиги таькидланади.

Ёки, Хўжаи Жаҳоннинг "дунёда ўзга бир ўлкада ғурбатда яшагандек яшаш, дунё охиратини ғамини чекиб ўлимни ўйлаш, балоғатга егмаган ёшлар, аёллар билан, бидъат аҳли билан суҳбат қурмаслик, хилватда, "ёмон одамлардан узоқлашиш" ғофиллардан қочгандек қўрқиб яшаш керак, "чунки бундай одамлар сенинг дилингни олиб кетурлар", деб уқгириши диққатга сазовордир.

Хулоса қилиб айтиш лозимки, Абдухолиқ Ғиждувонийнинг инсонпарварликка оид ўгитлари жуда чуқур маъноли, аҳамиятлидир. Чунки ҳар бир киши дунёда дўст биродарсиз яшай олмайди. Дўст биродари, атрофидаги кишилар унга маънавий руҳий ахлоқий жиҳатдан доимо таъсир қиладилар. Ҳар бир инсон ҳам одатда маънавий шароитта мослашиб боради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам юқорида такидланган беш ҳикматли фазилату сифатга риоя қиладиганлар ҳақиқий биродарлардир.

Ғиждувонийнинг инсонпарварлик ғоялари жамиятимида инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббатни, холис муносабатни пайдо қилишга хизмат қилувчи буюк меросдир. Шунинг учун унга асосланиб таълим тарбия ишларини олиб бориш яхши натижа беради.




Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет