Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009



бет7/9
Дата21.06.2016
өлшемі1.35 Mb.
#152900
1   2   3   4   5   6   7   8   9

Таянч иборалар

ҳаёт дарахти”, арду, саг, решу, лугал. мемким, галуку, “Шарру -Кин”, гедя, гутийлар, нубада, дамкор, дуггур, семит, Саргон, Маган ўлкаси


Саволлар

1. Шумер ва Аққод ҳудудидаги қадимги шаҳар - давлатларнинг ижтимоий - иқтисодий ривожланишига қайси омиллар сабаб бўлди?

2. Шумер ва Аққодда коҳинлар қандай мавқега эга бўлганлар?

3. Саргон I ва унинг ҳарбий юришлари ҳақида маълумот беринг.

4. Қадимги Бобил ҳукумдорлиги

Бобил Месопотамиянинг ўртасида - Дажла ва Фрот дарёлари оралиғида жойлашган бўлиб, Кичик Осиё ва Кавказортидан Форс қўлтиғига ва Сурия қирғоқларидан Эроннинг ясси тоғлиғига ўтадиган муҳим савдо йўллари туташган ерда жойлашган. Бобил ғоят қудратли давлат пойтахти, Олд Осиёнинг энг катта савдо, сиёсий ва маданий марказига айланган. Бобил деярли икки минг йил давомида ўзининг бу аҳамиятини сақлаб турган. Бобилнинг қулай географик жойлашиши ҳам унинг шундай мавқега эга бўлишига хизмат қилди.

Милоддан аввалги III минг йиллик охирларида аморийларнинг кўпдан - кўп кўчманчи семит қабилалари Месопотамияга кириб, Аққод мамлакатига қарашли кўп ерларни босиб оладилар ва қудратли давлат барпо этиб, Бобилни унинг марказига айлантирадилар. Тахминан ўша даврда тоғли жойларда яшовчи Элам қабилалари шарқдан Месопотамияга бостириб кирадилар ва Ларсани ўзларининг асосий таянч пунктларидан бирига айлантириб, Шумерда мустаҳкам ўрнашиб оладилар. Келгинди истилочилар босиб олинган мамлакатни ўзаро тақсимлай олмай қолдилар. Аморийлар билан Элам қабилалари ўртасида рақобат юзага келиб, Месопотамияда ҳукмрон бўлиш учун кураш авж олди. Курашда Бобил ҳукмдорлари ғолиб чиқиб, бу подшоликда аморийлар сулоласи (милоддан аввалги 1894 - 1595 йиллар) вакиллари тахтга ўтирдилар. Бобил - аморий подшолиги Хаммурапи даврида (милоддан аввалги 1792 - 1750 йиллар) айниқса гуллаб яшнаган. Ҳаммурапи бутун Иккидарё оралиғини ўз қўли остида бирлаштириб, йирик ва кучли давлат тузади. Ўша даврнинг тарихига оид кўплаб маълумот сақланиб қолганлиги туфайли, биз у давр билан яхши танишиш имкониятига эгамиз. Бу ҳужжатлар орасида муфассал қонунлар тўплами, подшонинг маҳаллий амалдорлар билан олиб борган маъмурий ёзишмалари ва топилган дипломатик ҳужжатлар алоҳида ўрин тутади.

Бутун Месопотамияни ўз ҳокимияти остига бирлаштиришни мақсад қилиб олган Ҳаммурапи булар орасида энг фаол ташқи сиёсат олиб борди ва бунга эришиш учун ҳарбий кучларидан, шунингдек, турли дипломатик воситалардан унумли фойдаланган. У Мари давлати ҳукумдори Зимрилим билан ҳарбий иттифоқ тузиб, ўз душманларини тор - мор келтирган. Ҳаммурапи ўз ҳукмронлиги бошида Шумер шаҳарлари Исин, Урук ва Урни босиб олган. Сўнгра у иттифоқдоши Зимрилим розилиги билан Ўрта Месопотамияда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олади. Зимрилим Ҳаммурапига Аққодда бемалол ҳаракат қилишига розилик бериб ёзган дипломатик мактубларидан бирида қуйидаги сўзлар битилган: “Эшнунна ҳукмдорлари сени тан олсалар, мамлакат подшоси бўлиб, унда ҳукмронлик қил. Агарда улар сени тан олмасалар, ўзингдагини ... ўтқаз, мамлакатга у подшолик қилсин”.



Ҳаммурапи ўзининг эски рақиби, Ларсада мустаҳкам ўрнашиб олган Элам ҳукмдори Римсин билан узоқ вақт шиддатли кураш олиб борган. Ҳаммурапи ўз ҳукмронлигининг ўттиз биринчи йилида “Ану ва Энлил худолари кўмагида Эмутбал мамлакатини ва ҳукмдор Римсинни тормор келтирган”, ҳамда уни мамлакатни ташлаб кетишга мажбур қилиб, Шумерни ўз подшолигига қўшиб олган. Шу билан бирга Ҳаммурапи Мари подшосининг ҳарбий ёрдамига таяниб, Шимолий Месопотамияга киришга, Дажла атрофлари ҳамда Фротнинг ўрта оқимида ўрнашиб олишга ҳаракат қилган. Шимолий Месопотамия Бобил ҳамда Мари учун иқтисодий ва стратегик жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган. Шимолий Месопотамиядан ёғоч ва руда, шунингдек, турли бошқа махсулотлар олиб кетилган. Шарққа, шимолга, шунингдек Кархемиш орқали ғарбга, Сурия шаҳарлари ҳамда Ўрта ер денгизи портларига борадиган муҳим савдо йўллари айнан Шимолий Месопотамиядан бошланган. Ниҳоят, Шимолий Месопотамияга эга бўлиш Бобилнинг шимолий чегараларини тоғлик қабилаларнинг доимий ҳужумларидан сақлаш имконини берган. Шунинг учун ҳам Мари подшоҳи Зимрилим ва Бобил ҳукмдори Ҳаммурапи шимолий вилоятларда ўз таъсирларини мустаҳкамлашга интилганлар. Мари шаҳри архивидан топилган ёзувларда Зимрилим ўзига итоаткор ҳокимлар орқали Шимолий Месопотамиядаги воқеаларни диққат билан кузатиб борганлиги, ўзини бу мамлакатнинг ҳокими деб ҳисоблаганлиги ва ҳатто “Юқори мамлакатлар ҳони” деб атаганлиги баён этилади. Бироқ ўз таъсирини кучайтириш мақсадида қўшиндан фойдаланишга, баъзан қурол ишлатишга мажбур бўлган. Зимрилим каби Ҳаммурапи ҳам Субарту қабилалари устига қўшин тортиб, Месопотамия шимолида баъзи ҳолларда биргаликда ҳарбий ҳаракат қилганлар. Зимрилим Субартуга қарши курашган чоғида Ҳаммурапи унинг ихтиёрига 3 минг аскардан иборат ёрдамчи қўшин юборади. Бироқ Зимрилим буни кам ҳисоблаб, Бобил ҳукумдорига мурожаат қилиб хат ёзади ва унда ёрдамга кўпроқ аскар юборишини, “Юқори мамлакат подшоси” га қарши курашиш учун катта қўшин зарурлигини баён қилган. Лекин бундай биргаликдаги ҳарбий ҳаракатлар Бобилнинг янада кучайишига олиб келди, холос. Ҳаммурапи Шимолий Месопотамияда жойлашиб олгач, ўз иттифоқчиси – Мари давлатига қарши юриш бошлайди. Ҳаммурапи ҳукмронлигининг ўттиз учинчи ва ўттиз бешинчи йилларида икки марта ҳужум қилиб, бир пайтлар қудратли ва бой подшоликнинг пойтахтини босиб олиб, вайрон қилади. Тахминан ана шу вақтда Ҳаммурапи Эшнунна вилоятининг Диала дарёси бўйларидаги ерларда ҳам мустаҳкам ўрнашиб олган. Бундан ташқари, Ҳаммурапи бир неча марта Бобил билан Мари ҳукумдори орқали Сурия савдо шаҳарлари билан иқтисодий алоқа ўрнатишга ҳаракат қилади. Маридан топилган дипломатик ҳужжатларда айтилишича, Бобил билан ҳозирги Шимолий Суриядаги Угарит давлати ўртасида дипломатик муносабатлар мавжуд бўлган. Масалан, ўша даврга оид бир ҳужжатда шундай дейилади: “Зимрилимга (Мари подшоси) айт: Сенинг биродаринг Ҳаммурапи бундай дейди: Угаритнинг одами менга ҳозиргина қуйидагиларни ёзиб йўллади: Менга Зимрилимнинг қароргоҳини кўрсат. Мен бу қароргоҳни кўрмоқчиман. Ҳозир сенга ана шу чопар билан унинг ўғлини юборяпман”.

Ҳаммурапи қонунлари. Базальт устунга миххат усулида ёзилган Ҳаммурапининг машҳур қонунлар тўплами Бобил подшолигининг хўжалик ва ижтимоий тузумини ўрганишда энг муҳим манба ҳисобланади. Устуннинг юқори қисмида тахтда ўтирган қуёш худоси Шамаш олдида тантанавор суратдаги подшо Ҳаммурапи тасвирланган. Устуннинг бошқа барча ери 247 моддадан иборат қонунлар тўпламининг миххат усулида ёзилган матни билан банд. 35 модда ёзилган бешта устунчадаги матн қириб ташланган. Бу қонунлар мажмуасининг бошқа нусхалари ҳам топилганлиги туфайли йўқ қилинган матнни ҳам тиклаш мумкин. Қадимги Бобилдаги мирза ва хакомлар бошқаларни ўқитиш мақсадида, шунингдек суд ишларида кодекснинг ана шу нусхаларидан фойдаланганлар.

Ҳаммурапи қонунлари Бобил қонунчилигига кучли таъсир кўрсатган, қадимги Шумер қонунларини янада ривожлантирган ва уларни маълум бир тартибга солган. Ҳаммурапининг қонунлар тўплами Шумер суд қонунлари тўпламига нисбатан анча батартиб тузилган ва ундаги мазмунан ўзаро яқин моддалар гуруҳлаштиришга интилганлиги очиқ-ойдин. Шундай бўлса ҳам, ушбу қонунлар тўпламини соф маънода кодекс деб аташ мумкин эмас, бу кўпроқ айрим жанжалли ишларга оид ҳуқуқлар тўпламидир. Мазкур тўплам уч қисмга бўлинган: 1) кириш; 2) қонунлар; 3) ҳулоса. Кириш қисмида айтилишича, мажмуани чоп этишдан мақсад мамлакатда ҳаққоният ўрнатишдир. Ундан сўнг ҳукумдор ўз унвонларини бирма-бир кўрсатиб, ўзининг улуғворлигини кўкларга кўтаради, мамлакат учун қилган яхшиликларини айтади. Тўпламнинг ўрта, яъни асосий қисмида жиноий ишлар ҳуқуқи, суд ишлари ҳуқуқи, хусусий мулк ҳуқуқи (ўғирлик ва талаш), жангчилар ҳуқуқига оид моддалар бирма-бир баён этилган. Айрим моддаларда кўчмас мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи, савдо - сотиқ ишлари, гаровга қўйиш ва олиш ҳуқуқи, оилавий ҳуқуқ, ўз-ўзини майиб қилиш, меъморлар ва кемасозлар иши, ишчи кучини ёллаш ва қулчилик тўғрисида айтиб ўтилади.

Тўпламнинг хулоса қисмида подшо халқ олдидаги хизматларини санаб, ўзидан кейин унинг қонунларини адо этувчи ҳукмдорларга оқ фотиҳа берган ва бу қонунларга риоя этмайдиган ёки уни бекор қилишга журъат этганларни лаънатлайди.

Ижтимоий - иқтисодий муносабатлар. Ҳаммурапи замонига оид ҳужжатлар ва асосан унинг қонунлар тўплами мамлакат хўжалик ҳаётининг умумий манзарасини бир қадар тиклаш имконини беради. Катта ва марказлашган давлатда олий ҳокимият ҳукмдорнинг ўз қўлида тўпланганлиги туфайли у ер фондига таяниб, мамлакат хўжалик ҳаётига аралашган ва унинг ривожланишини йўлга солишга уринган. Қурилиш материалларига эҳтиёж доимо катта бўлганлигидан, ҳукмдор ўрмонларни қўриқлаш юзасидан бир қанча тадбирларни амалга оширган. Ўрмонлар алоҳида “ўрмонларга” бўлиниб, улар ўрмон хўжалигининг бош мудирига бўйсунувчи “махсус мудирлар” қарамоғида бўлган. Сақланиб қолган бу ҳужжатда, подшо ўрмон хўжалигининг бош мудири Аблианум ва Синмагир қарамоғидаги ўрмонлардан ўғринча кесиб кетилган дарахтлар масаласини текширишни, шунингдек дарахтларни ким: ўрмон мудирларининг ўзи ёки “бегона қўл” (яъни жиноятчими) кесиб кетганлигини - аниқлашни буюрган. “Ўрмон мудирлари” дарахтлар бутунлиги учун жавобгар ҳисобланган. Ўз мансабларини суистеъмол қилган “Ўрмон мудирлари” қатл этилган.

Бобил мамлакати ҳаётида чорвачилик ҳамон жиддий аҳамиятга эга бўлган. Кенг ўтлоқлар, даштлар ва тоғ этаклари қулай ва кенг яйлов бўлиб, уларда кўплаб подалар боқилган. Ҳаммурапи молга эгалик ҳуқуқини тартибга солиб, катта пода эгалари – бой чорвадорлар манфаатини айниқса қаттиқ ҳимоя қилган. Ҳаммурапи қонунларига кўра, иш жониворини ижарага олган киши ижарага олган иш ҳайвони учун унинг эгаси олдида тўла жавобгар бўлган ва агар ҳайвонга бирон зиён етган ҳолда (ўлиб қолса, кўзи, шоҳи, думи ёки бурун тешигига зарар етса), ижарага олган одам бу зарарни қоплаш учун эгасига ҳақ тўлаши лозим бўлган. Бу ҳол чорваларнинг айрим чорвадор бойлар қўлида тўпланганини кўрсатади, улар ўз ўрнида молларини камбағалларга ижарага берганлар. Қонуннинг бошқа моддаларида чўпон ўзига топширилган қорамоллар учун жавобгар эканлиги ва молнинг тамғаси ўзгарса ёки у ўғирлаб сотилса, чўпон қаттиқ жазоланиши қайд этилган. Ўз-ўзидан маълумки, бу қонунлар мол эгалари ва қулдорлар манфаатини ҳимоя қилган.

Дажла ва Фрот дарёлари тошиши оқибатида ўғитланиб суғориладиган унумдор тупроқ деҳқончиликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Деҳқончилик Бобил даврида ҳам муҳим аҳамиятини сақлаб қолган. Ўша замонга оид ҳужжатлардан бирида: “Экинзорлар - мамлакатнинг ҳаёти эканлигини билмайсанми?” деган сўзлар Бобилда деҳқончиликнинг аҳамиятини яққол намоён этади.

У вақтларда ер одатда икки ҳўкиз қўшилган оғир, қўпол омоч ёрдамида ҳайдалган. Баъзан омочга одамлар ҳам қўшилган; бу қуллар меҳнатидан кенг фойдаланилганидан далолат беради.

Табиий шароитларга кўра, деҳқончилик тараққиёти маълум даражада сунъий суғориш билан боғлиқ бўлиб, шунинг учун Ҳаммурапи ирригация ишларини ривожлантиришга катта аҳамият берган. Ҳаммурапи “мамлакатни ғалла омборига айлантириб, ерга ишлов беришни осонлаштиргани, .... пароканда бўлиб кетган аҳолини Шумер ва Аққод ерларига тўплаганлиги, бу аҳолини дон ва сувга қондирганлиги, уни фаровонлик ва саодатга эриштиргани” билан фахрланади.

Ҳаммурапи буйруғи билан Нар-Ҳаммурапи канали қазилган. У “Шумер ва Аққодни сув билан таъминлайдиган, ўз қирғоқларини экин майдонларига айлантирадиган, тоғ-тоғ ғалла етиштириб берадиган ҳамда аҳолини доимо сувга тўйдирадиган халқ бойлигидир.”

Подшо ҳокимияти суғориш тармоқларини кенгайтириш билан бирга, бу тармоқларни тартибли сақлаш йўлида ҳам ғамхўрлик қилган. Подшо маҳаллий амалдорларга каналларни тозалаш ва ирригация билан боғлиқ турли ишларни бажариш тўғрисида фармонлар бериб турган. Агар бутун бошли суғориш тармоғини тартибли сақлаш давлатнинг вазифаси бўлса, бу тармоқларнинг муайян қисми учун, биринчи навбатда жамоа жавобгар бўлган. Ҳаммурапи қонунларининг 53 - 56 моддалари айнан шу масалага бағишланган. Қонуннинг бу моддалари тегишли ирригация майдони учун жамоанинг ҳар бир аъзоси маъсул бўлган ва шу билан бирга, агар бирон кишининг айби билан тўғон бузилиб, қўшни ерини сув босиб кетса, айбдор эгасига нобуд бўлган ғалла ҳақини тўлаши шарт бўлган. Агар ғалла ҳақини тўлашга айбдорнинг қурби етмаса, қонуннинг 54 - моддасига биноан айбдорнинг ўзи ва унинг мол - мулки сотилиб, зарар ўрни тўлдирилган. Ўша замонга оид бошқа бир қанча ҳужжатларда суғориш тармоқларини тартибли сақлаш ишларини марказий ҳокимият қаттиқ назорат қилганлиги кўрсатилади. Ҳукмдор ерларини ижарага олган кишининг ерлари сув билан таъминланиши шарт бўлган. Ижарага олинган ерларни суғориш учун сув етишмай қолган тақдирда, маҳаллий амалдорлар бунинг учун чора кўришлари ёки сув билан таъминланган бошқа ер беришлари керак эди. Буни ҳукмдорнинг кўплаб хатларидан ҳам кўриш мумкин. Хатларга кўра, ижарага олинган ерларнинг тўла – тўкис суғорилиши учун маҳаллий амалдорлар моддий жиҳатдан жавобгар бўлганлар. Экин етарлича суғорилмай яхши ҳосил олинмаган тақдирда ер ижара ҳаққини ижарачи ўрнига маҳаллий амалдор тўлаши талаб этилган.

Ғаллачилик, чорвачилик билан бирга боғдорчилик хўжалиги ҳам кенг тараққий этган. Қадимги Месопотамиянинг гуллаган боғ ва ажойиб мевали дарахтлар ўсган жаннат боғи ҳақидаги афсонанинг айнан шу мамлакатдан келиб чиққани бежиз эмас. Ер мулкдорларининг манфаатини ҳимоя қилган давлат, боғ эгаларининг манфаатларини ёқлашни ҳам зиммасига олган. Ҳаммурапи қонунларининг бир моддасида айтилишича, бировнинг боғидан беижозат кесилган дарахт учун айбдор катта жарима: ярим мина (252, 5 граммга яқин) кумуш тўлаши керак эди.



Савдо. Бобил географик жиҳатдан қулай жойлашганлиги ривожланишига қўл келган. Афсуски, Ҳаммурапи қонунларида қайси буюмлар савдоси кўпроқ тараққий этгани ҳақида маълумот жуда оз. Бироқ аграр мамлакат бўлган Бобилдан четга асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чиқарилган деб фараз қилиш мумкин. Қонуннинг 104 - моддасида ғалла, жун ва ёғ, 237 - моддасида ана шу қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан бирга хурмо ҳам махсулот сифатида тилга олинади. Бобилда савдо ишлари турли шаклларда юритилган. Ташқи савдо муҳим ўрин тутган. Муҳим савдо марказлари – икки энг йирик шаҳар, яъни Бобил ва Сиппардан қўшни мамлакатларга кўплаб турли махсулотлар чиқарилган. Сиппар ўз даврининг жун газлама ишлаб чиқариш маркази эди. Бу шаҳардан газлама билан бир қаторда, хусусан, Эламга хурмо, мой ва дон жўнатилган бўлса, Эламдан Бобилга металл рудалар (мис, кумуш) олиб келинган. Бобил шаҳарлари Оссурия билан қизғин савдо ишлари юритиб, шу билан бирга Оссуриядан Бобилга асосан қўрғошин ва бошқа металлар келтирилган. Крит харобаларидан Бобилнинг цилиндр шаклидаги муҳри топилган. Шундан келиб чиқиб, Бобил ва Финикия шаҳарлари ўртасида савдо алоқалари ўрнатилган дейиш мумкин. Қул савдоси алоҳида савдо тури ҳисобланиб, баъзи ҳужжатларга кўра қуллар қўшни тоғли Гутиум мамлакатидан келтирилган. Масалан, бир ёзувда бундай дейилган: «Гутиумдан оқ танли қуллар келтириш шарти билан савдогарга ёғ берилади.»

Ташқи савдо билан кенг миқёсда ички савдо ҳам мавжуд эди. Озиқ - овқат маҳсулотлари, жун, ёғоч, ғишт, металлар каби турли хил махсулотлар дарё ва каналлар орқали ташилган. Бобил ва Сиппар билан бирга Шумернинг ҳам йирик шаҳарлари, масалан, Ларса ва Ниппур ички савдода иштирок этган.

Йирик савдо асосан давлат қўлида, қисман, “дамкар” номини олган айрим бойлар қўлида жамланган. Дамкарлар асосан подшо саройининг топшириғи билан ва унинг номидан савдо қилганлар. Подшо саройи давлат бошқармасининг бош маҳкамаси ҳисобланиб, йирик ташқи савдо унинг ихтиёрида бўлган. Дамкарлар савдони махсус амалдорлар назорати остида амалга оширганлар. Кенг тармоқланган давлат савдоси мамлакатдаги кўплаб маҳсулотлар билан, хусусан жун ва балиқ савдоси билан ҳам тараққий этган. Мулкдор бойлар манфаатини ҳимоя қилган Ҳаммурапи савдо ишларида ҳам йирик улгуржи савдо эгаларининг қонунда кўрсатилган катта фойда олишини таъминлаш учун бир қанча чоралар кўрган. Қонуннинг 101 - моддасига биноан, йирик савдогардан қарз олган шахс, савдодан фойда қилиш-қилмаганлигидан қатъи назар, олган пулини икки ҳисса қилиб қайтариши лозим бўлган. Фақат ҳарбий ҳаракатларда қатнашган кишигина олган қарзини қайтаришдан озод этилган (103 - модда).

Қарзга олинган дон учун “шу куннинг нархида” пул тўлашни кўзда тутган ҳужжатларда кўрсатилишича, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг олди – сотдиси молларга нарх белгиланадиган махсус бозорларда амалга оширилган. Турли маҳсулотлар нархи умумий хўжалик шароитлари, шунингдек йил фаслларига қараб ўзгариб турган. Масалан, Урук подшоси Сингашид даврида 3 гур (757, 8 литр) ғалла 12 мин (6, 06 кг) жун ёки 10 мин (5,05 кг) мис, ёхуд 30 ка (25,26 литр) ўсимлик мойи, мамлакатда белгиланган нархга кўра 1 шекель (8,416 г) кумушга сотилган. Шундай қилиб, кумуш мисга нисбатан 600 баробар, жунга нисбатан 720 баробар қимматроқ ҳисобланган. 2 литр ёғ қиймати 1 кг жунга тенг бўлган. Подшо Ҳаммурапи даврида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари Сингашид даврига нисбатан анча қимматлашиб, масалан, жун нархи икки марта, ўсимлик мойи нархи уч маротаба, ғалла нархи эса икки маротаба баланд эди. Ҳаммурапи давридаги тўхтовсиз урушлар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига олиб келиб, мамлакат хўжалик ҳаётига таъсир этган.

Бобил давлатининг ўсиб – кучайиши билан мамлакат савдогарларининг ташқи савдо алоқалари ҳам тобора кенгайиб борган. Бобил аста- секин бутун Олд Осиёнинг энг йирик савдо марказига айланди.

Аммо Бобилнинг хўжалик тузуми асосан натурал хўжаликлигича қолаверди. Ҳисоб - китобда ғалла кумуш танга билан тенг қадрга эга бўлди. Қишлоқ хўжалик ходимлари, ҳўкиз ҳайдовчилар ва подачиларга тўланадиган меҳнат ҳақи, ижарага олинган арава, ҳўкиз ва эшак учун тўланадиган ҳақ, шунингдек подшо амалдорлари ва судьяларнинг маошлари ғалла билан берилган.

Бобил подшолиги гуллаб - яшнаган даврда савдо ва судхўрликнинг янада ривожланиши қишлоқ жамоалари ичидаги ижтимоий табақаланишни кучайтирди. Шунга қарамай, қадимги уруғчилик тузумининг баъзи элементлари сақланиб қолди. Бу ҳол Ҳаммурапи қонунларининг айрим моддаларида намоён бўлди. Масалан, яқин қариндоши билан жинсий алоқа қилган кишига алоҳида жазо берилиб, бундай одам туғилиб ўсган жойи ёки уйидан ҳайдалган (154 - 158 моддалар). Ўша даврда одамлар ўз қишлоқ ва оила жамоаларига боғланиб қолганлиги шубҳасиз. Шунинг учун ҳам кишиларни ўзи яшаб турган ва иқтисодий боғлиқ муҳитдан зўрлик билан ажралиш жуда оғир жазо саналган. Уруғчилик тузумининг аломатларидан яна бири, ижарага яшаган одам ижара ҳақига 1/2 шекель кумуш қўшиб бериши лозим бўлган. Бу қўшимча ҳақ ғалати ном билан - “қўй майдони” деб аталган. Бу қўшимча ҳақ мол - мулк бошқа уруғга берилганида уруғ ҳомийлари фойдасига ота - боболар руҳига атаб берилган бўлса керак. Бу номнинг ўзи ҳам ушбу одат пул ўрнида қорамол ишлатилган энг қадим замонлардан сақланиб қолганини кўрсатади.

Қулчиликнинг ривожланиши. Ҳуфя (яширин) қулликнинг энг қадимги кўринишлари таркиб топган патриархал оила ҳали ўша вақтда катта аҳамиятга эга бўлган ҳамда шунга боғлиқ равишда зулм қилиш ва ҳукмронликнинг энг қадимги шакллари вужудга келган. Патриархал оилада ота ва эр хўжайин ҳисобланиб, оиланинг барча аъзолари унга сўзсиз итоат қилганлар. Ҳам ота, ҳам эр ўз оиласи аъзоларига нисбатан қулдор ҳуқуқига эга бўлганлар. Кўп хотинлилик аёлни оёқости қилган.

Ҳаммурапи қонунининг 129 - моддасига кўра, эр - “хўжайин” (бел ашшатим) бўлиб, хотин эрининг измида эди. Эр хотин олишда қайнатага маълум ҳақ тўлаган ва аёл эрининг чўриси ҳисобланган. Бу қонунга кўра, эр – хотиндан бири бевафолик қилганида, эрга бир жазо, хотинига эса бошқача жазо тайинланган. Эр вафо қилмаса, хотин сепини олиб отасининг уйига кетиши мумкин бўлган, аммо бевафолик қилган аёлни сувга ташлаш лозим бўлган. Никоҳ аҳдида айтилишича, ўз эридан юз ўгирган хотинига эри қуллик тамғасини босиб, сотиб юбориш хуқуқига эга бўлган. Аёлнинг мол - мулк хуқуқи чеклаб қўйилган. Бева аёл мол - мулкига ўзи тўла-тўкис эгалик қила олмаган. Қонун чиқарувчи турли йўллар билан оила мулкини имкон қадар бир оила қўлида сақлаб қолишга уринган. Ҳаммурапи қонунининг бир қанча моддаларида, бева қолган хотин ўз мулкини ажратиб олиш ҳуқуқига эга бўлмаган, чунки бу мулк болалар мероси ҳисобланиб, унинг асосий қисми, катта улуши катта ўғилга теккан. Ўша даврга оид кўплаб ҳужжатларда болаларни қул қилиб сотиб юбориш ҳоллари юз берганлиги кўрсатилади. Баъзи ҳужжатларга кўра, оилада бундай қулларнинг тегишли нархи бўлган. Бир қанча ёзувларда ота ва эрнинг ўз оиласига нисбатан чексиз хуқуққа эгалиги ва барча оила аъзоларини қул қилиб сотиш мумкинлиги баён этилади. Масалан, ҳужжатлардан бирида Шамаш Дайян исмли одам бутун оила аъзолари ҳамда ўзига қарашли эркак ва аёл қулларни қарзи бадалига сотиб юборганлиги айтилади. Шамаш Дайян фақат шу йўл билан ўз озодлигини сақлаб қолган. Бола отасининг мулки ҳисобланган. Ҳаммурапи қонунининг 14 - моддасига кўра, озод одамнинг ёш боласини ўғирлаб кетган киши қатл қилинган.

Сўнгги мол - мулкидан ажраб, қулликка тушиш хавфи қаршисидаги камбағаллар билан қудратли ва бирлашган қулдорлар синфи – бойлар ўртасида синфий зиддиятлар кескинлашди. Кучайиб бораётган синфий курашни юмшатиш мақсадида Ҳаммурапи қарздорлик туфайли асоратга тушиши мумкин бўлган кишининг шахси ва мол -мулкини қарз берувчининг ҳаддан ташқари сиқувчи жабридан қисман ҳимоялашга уринган. Масалан, 117 - моддасида айтилишича, агар қарздор қарз бадалига хотини, ўғли ёки қизини берган бўлса, қарз берувчи киши, улар меҳнатидан уч йилдан ортиқ фойдалана олмаган. Тўртинчи йилга ўтганда қарз берувчи уларни озод қилишга мажбур бўлган. Шундай қилиб, қарз берган киши қарздорнинг қариндошларини узоқ вақт қулликда ушлаб тура олмаган, ҳатто қарздор қарзини тўламаган тақдирида ҳам унинг қариндошларини бутунлай қулга айлантириш ҳуқуқи йўқ эди.

Шу билан бирга, Ҳаммурапи қонуни қарздорнинг қарз бадалига гаровга берилган ўғлини қарз берувчининг ўзбошимчалиги ва шафқатсиз муомаласидан асраган. Қонуннинг 116 - моддасига кўра, агар эркин кишининг қарзи бадалига қарз берувчи томонидан гаровга олинган ва ишлаб, отаси қарзини узишга мажбур бўлган ўғил қарз берувчининг уйида унинг калтагидан ёки ёмон муносабати оқибатида ўлиб қолса, эвазига қарз берганнинг ўғли ўлдирилиши мумкин эди. Шундай қилиб, қарз берган киши қонунни бузиб, қарз олган кишига зарар етказган, ўзига ҳам худди шундай зарар етказилиши шарт бўлган.

Ҳаммурапи қонуни қарз берувчи бой ва қудратли кишиларнинг ўзбошимчалигини чеклашга уринган бўлишига қарамай, 115 - модда билан қонунга маълум шарҳ киритади. Бу модда қарздорни мажбурий ишлатиш ҳуқуқига эга бўлган қарз берувчига маълум жиҳатдан эркин ҳаракат қилиш имкониятини берган. Мазкур моддада: ”Агарда гаров қилиб олинган киши гаровга олинган кишининг уйида ўз ажали билан вафот этса, бунинг учун даъво қилиш мумкин эмас” дейилган. Аммо Ҳаммурапи қонуни ҳар ҳолда қулдорлар манфаатини ҳимоя қилганлигини ҳам асло унутмаслик керак.

Камбағаллар хонавайрон бўлиши, уларнинг қарз туфайли қуллик асоратига тушиши ва урушлар оқибатида мамлакатда қуллар сони кўпайиб кетган. Ўша даврга оид қонун ва расмий ҳужжатларга қараганда, Бобилда қуллар меҳнатидан кенг фойдаланилган. Қул нархи арзон бўлиб, ижарага олинган ҳўкиз ҳақига, яъни 168,3 гр кумушга тенг эди. Қулларга буюм сифатида қараб, уларни сотиш ва айирбошлаш, тортиқ қилиш ва мерос қилиб қолдириш мумкин бўлган. Бордию, қул майиб қилиб қўйилса ёки ўлдирилса, айбдор қул эгасига қулнинг баҳосини тўлаши лозим бўлган. Ҳаммурапи қонунининг айрим бир моддалари фақат бир мақсадни - қулдорларнинг манфаатини ҳимоя қилишни назарда тутган. “Қочоқ қулни уйида яширган” кишини қонун ва ҳокимият ўлим жазосига ҳукм қилган. Агар қул қочиб кетса, қулдор ҳар вақт давлат ҳокимиятига уни тутиш ва қайтариб беришларини сўраб, мурожаат қила олган. Бировнинг қулини ёллаб ишлатган одам қўлидан қул қочиб кетган тақдирда зарарни қулнинг эгасига тўлаши керак эди. Қулни гаровга қўйганда, гаровга олган одам ҳам ҳудди шу хажмда жавобгар бўлган. Қулларга шафқатсиз муомала қилиниши туфайли, уларнинг қочиб кетиш ҳоллари рўй бериб турган. Қулни сотишдан аввал, унинг қочоқ эмаслигини аниқлаш учун уч кунлик муддат белгиланган. Ўз эгасига бўйсунмаган қул учун жазо белгилайдиган 282-модда айниқса ўзига хос дейиш мумкин. Бу моддага кўра ўжар қулнинг қулоғи кесилган. Ҳаммурапи қонунида кўрсатилишича, Бобилда қуллар тамғаланган ва тамғани ўзгартирган одам қонунга кўра қаттиқ жазога маҳкум қилинган.

Бироқ Бобилда қулдорлик ишлаб чиқариш усули тўла ривожланмаган. Уруғчилик тузумига хос хусусиятлар узоқ вақт давомида сақланиб келиб, бу ҳол кўп жиҳатдан қадимги Месопотамиядаги ижтимоий муносабатлар ривожланишига сабаб бўлди. Ҳаммурапи қонунининг айрим моддалари бу давр элементларининг Бобилда сақланиб келганлигини кўрсатади. Масалан, 23 - моддага кўра, босқинчи ўғри қўлга тушмаса, етказилган барча зарарни у яшайдиган жамоа тўлаши лозим бўлган. Демак, жамоада унинг барча аъзолари учун умумий кафиллик жорий этилган. Ўша даврга оид расмий ҳужжатларда айрим ерлар оила ихтиёрида бўлганлигини, бундан олдин эса бу ерлар жамоа ер фондидан ажратиб берилганлиги қайд этилган.

Ер эгалиги. Бобилда аста -секин парчаланиб кетаётган жамоа ер эгалиги билан бир қаторда йирик подшо ер эгалиги ҳам мавжуд эди. Подшо мамлакатнинг барча ерларини ҳаммасини ўзига қарашли мулк деб билган ва жамоалар еридан муайян қисмини ажратиб, истаган амалдорига тортиқ қилиб бериш ҳуқуқига эга бўлган. Урушлар натижасида давлат ихтиёридаги ер фонди кўпайди. Масалан, Ҳаммурапи Ларса устидан ғалаба қозонганидан сўнг, ана шу вилоятни Бобил подшолигига қўшиб олади. Ларса ҳокимининг ерларини эса подшо ўз фондига қўшиб, уларни идора қилиш учун махсус амалдор тайинлайди. Вориссиз қолган ерларга эгалик қилиш ҳуқуқи ҳам ерларнинг кенгайтириш имконини берган. Ўша даврга оид ҳужжатлардан бирида шундай дейилади: “Бу одам вафот этди. Унинг ерларини Шамашхасирга (Ларсада подшо ерларини бошқарувчи кишига) топширинг”. Ҳукмдорнинг улкан ер - мулкларидан асосан қулларни ишлатувчи подшо сарой бошқармаси билан бирга, бу ерларнинг бир қисмини ижарага олиб, ижарачилар ҳам фойдаланган. Ижарачи, ижара ҳужжати, ижарага олинган ер, ижара ҳаққи каби тушунчаларни англатган махсус атамалар мавжудлиги ерни ижарага бериш кенг тарқалганлигини кўрсатади. Ижарага бериш ва олиш маълум шаклда тузиладиган ижара шартномасида қайд этилган. Бу шартномада ижара объекти, ижара ҳақи миқдори ёки ҳосил улуши, ҳақ тўлаш жойи ва муддати, гувоҳларнинг исмлари ва шартнома тузилган вақт кўрсатилган. Ерни ижарага беришга алоҳида маросимлар бағишланиб, ижарага берилган ер майдони ижарачининг ерига айланганлиги ва унинг қўлига ўтган бўлса ҳам, лекин буткул унинг мулки ҳисобланмаслиги маълум қилинган. Шундай қилиб, давлат ҳокимияти ижарачи ижара ерни ўзиники қилиб олмаслиги учун зарур чоралар кўрган. Ижара ҳақи ёки ўша даврнинг тили билан айтганда, “ижара ғалласи” одатда маҳсулот шаклида олинган. Шу билан бирга ижарага олган киши ижара ҳақига тўлаши лозим бўлган маҳсулотлар миқдори айрим ҳолларда аниқ кўрсатилган.

Баъзан шартномада ижара ҳақи тарзида тўланиши лозим бўлган доннинг умумий миқдори кўрсатилиб, баъзан маълум ер майдони ҳисобидан, баъзан эса “қўшни ерларга” ёки “ўнг ва сўл тарафдаги ерларга қараб”, яъни ижара учун шу жойда урф бўлган ҳақ миқдорига мувофиқ ижара ҳақи олинган. Айрим ҳолларда ижара ҳақи учун ҳосилнинг муайян улуши олиниб, ҳосилни йиғиб олиш вақтида тўланган. Донли экинлар майдони ижарага олинса, ҳосилнинг учдан бир қисми ижара ҳақи сифатида, ижарага боғ олинганда, ҳосилнинг учдан икки қисми ҳисобидан ижара ҳақи тўланган. Ижара ердан ҳосил қанча кўп олинса, ижара ҳақи ҳам мувофиқ равишда ошиб борган. Аммо ижарага олинган боғ кам ҳосил берган ҳолда, ижара ҳақи камайтирилмаган. Бу ҳол Хаммурапи қонунининг 65- моддасида акс эттирилган. Бу моддага мувофиқ, ерга яхши ишлов берилмаслик натижасида олинадиган даромад миқдори камайса, ижара ҳақи қўшни боғ даромадига қараб ҳисобланган, яъни ижара ҳақи шу каби ернинг ўртача даромади ҳисобидан олинган. Шундай қилиб, боғ эгаси қатъий ижара ҳақига эга бўлиб, унинг боғни ижарага беришдан келадиган даромади кўпайиб борган. Қуриқ ер ижарага олинса, бунда жуда оз ижара ҳақи, шунда ҳам иккинчи йили тўланган. Баъзан бир неча киши шерик бўлиб ижарага ер олган, бу ерни биргаликда ишлаб, ижара ҳақи ва бошқа харажатлар тўланганидан кейин қолган ҳосил ўртада тенг тақсимланган. Ана шундай гуруҳ бўлиб ижарага ер олиш жамоа аъзоларининг хонавайрон бўлиб, камбағаллар сони ортиб бораётганлиги ва аҳоли кескин ижтимоий табақаланганини кўрсатади. Шу муносабат билан суб ижара усули ҳам пайдо бўлди. Бунда йирик ижарадор катта ерларни ижарага олиб, уларни ўз навбатида бўлиб, майда ижарачиларга ижарага берган.

Буларнинг ҳаммаси асосий бойликларнинг бир гуруҳ бойлар қўлида тўпланишига олиб келди. Улар фақат пода ва қулларга эгалик қилиш билан чекланмай, йирик ерлар эгаси ҳам бўлганлар; улар бу ерларни подшодан инъом тариқасида олганлар, ёки баъзи ҳужжатларда кўрсатилишича, сотиб қўлларида жамлаганлар. Масалан, Ларсадан топилган йигирма олти ҳужжатнинг барида ҳам бўш ётган ерларнинг харидори сифатида бир киши номи тилга олинган. Муомалада янги, хусусий ер эгалигини англатувчи “ота уйи” (“бит абиа”) атамаси пайдо бўлган. “Ота уйи” отадан мерос тариқасида ўтган ерни англатган.

Давлат ҳукмрон қулдорлар синфи манфаатларини ҳимоя қилиб, ерга бўлган хусусий мулкчиликни турли йўллар билан ҳимоя қилишга интилган. Ери подшо амалдорлари томонидан қонунга хилоф равишда тортиб олинган ер эгаси амалдор устидан подшога шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Ўша даврга оид айрим ҳужжатларда кўрсатилишича, подшо бундай ҳолларда ўз амалдорига қўйидагича кўрсатма берган: “Бировнинг абадий мулки бўлган ерни ким эгаллаши мумкин? Бу ишни текшир. Агар ер унинг ота уйига қарашли бўлса, уни эгасига қайтариб бер.” Шундай қилиб, “ота уйи” ни қонунга хилоф тарзда тортиб олиш жиноят ҳисобланган. Давлат ҳокимияти катта ер эгаларининг мулкий манфаатларини зўр бериб ҳимоя қилган.

Ҳаммурапи қонунининг айрим моддаларида махсус аскарлар тилга олинади. Улар подшодан чек ерлар олиб, бунинг эвазига ҳарбий хизмат ўташлари лозим бўлган. Бундай аскарлар подшонинг биринчи чақириғи билан урушга отланганлар. Ўзларининг шу бурчини адо этмаган жангчилар ўлим жазосига ҳукм қилиниб, чек ерлари тортиб олинган. Лекин, бундай жангчилар алоҳида ҳуқуқларга ҳам эга бўлганлар. Асирга тушиб қолган жангчи тўловини қайтариб олинган, асирликда жангчининг чек ери, мол-мулки эса унинг ўғлига берилган. Тутқундаги жангчининг мол-мулкини босиб олиш жиноят ҳисобланган ва бу ишни қилган киши қаттиқ жазоланган. Жангчининг мулки тортиб олинганлиги, унга зарар етказилганлиги, уни ёлланма ишга берилганлиги, ҳукмдор тақдим этган ер ундан тортиб олинганлиги учун ўлим жазоси берилган. Жангчи подшо инъом қилган қорамол, ер ва боғ ҳамда уйни сотиши мумкин эмас эди. Давлат ҳокимияти жангчиларнинг мулкий манфаатларини шу тариқа ҳимоя қилиб, ҳарбий хизмат ўташ мажбурияти бўлган жангчилардан иборат кўпгина майда деҳқон - ер эгаларининг гурухларини тузган. Тўхтовсиз урушлар ва бу урушлар оқибатида одамлар сонининг камайиб кетиши ана шундай гуруҳлар яратиш заруратини юзага келтирди.

Ҳуқуқ ва суд. Ҳаммурапи қонуни ва бу даврга оид расмий ҳужжатлардан 1 Бобил сулоласи даври қонунлари ва маъмуриятининг синфий кўринишига эгалиги очиқ - ойдин кўриниб туради. Қонун чиқарувчи ва давлат ҳокимияти ҳукмрон қулдорлар синфи манфаатларини ҳимоя қилган. Хусусий мулкни қўриқлаш энг муҳим масала бўлган. Ҳаммурапи қонунига кўра, ўғирлик билан қўлга тушган, шунингдек, ўғирланган буюмларни сотган ёки сотиб олган кишига ўлим жазоси берилган. Қонунга кўра, эркин кишини, айниқса “юқори мартабали шахсни” ҳақорат қилган одам қаттиқ жазоланган. Масалан, 202 - моддага кўра, “агар бирон киши юқори мартабали кимсанинг юзига шапалоқ урса, унга шапалоқ еган кимса халойиқ олдида 50 та қамчи урган”. 205 - моддага мувофиқ “ар бирон озод одамнинг юзига шапалоқ урган қулнинг қулоғи кесилган”.

Уруғчилик тузумидан қолган қадим урф - одатларнинг қулдорлик ҳуқуқининг янги қоидалари билан қўшилиши Ҳаммурапи қонунини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга. Давлат ҳокимияти томонидан қисман қонунлаштирилган оломон қилиш тартиби ҳам ўша даврдан қолган. Масалан, бирор кимсанинг уйига тешиб кириб, ўғирлик қилган одам қонуннинг 21 - моддасига мувофиқ, ўзи тешган жой (девор) ёнида ўлдирилган ва шу ерга кўмилган. Ёнғин чиқиб, ўт ўчириш вақтида ўғирлик қилган одам қонуннинг 25 - моддасига мувофиқ ана шу ўтга ташлаб куйдирилган. Бундай ҳолларда ишни судда ўрганиб, ҳукм чиқариш имкони бўлмаганлиги учун қонун бу ўринда оломон қилиб ўлдиришга йўл қўйган, бу эса қадим урф - одат ҳуқуқининг қолдиғидир. “Талион ҳуқуқи” (“қонга - қон, жонга - жон ҳуқуқи”) номини олган қасос қонунининг айрим элементлари Ҳаммурапи қонунида сақланиб қолган. Бу ҳам уруғчилик тузумидан қолган эски ҳуқуқ қолдиқларидан биридир. Чунончи, бошқа одамнинг суягини синдирган одамнинг ҳам бирор жойи синдирилган. Қонуннинг бу моддалари қадимги яҳудийларнинг: “майиб қилганни майиб қил”, “қонга - қон, жонга – жон” шиорларига айнан ўхшашдир. Ҳаммурапи қонунининг бошқа моддаларида қадимги урф - одат ҳуқуқининг қолдиқлари қулдорлик давридаги ҳуқуқ қоидалари билан уйқаш бўлиб кетган. Чунончи, қонуннинг уй қурган одамга пул тўлаш ва қурилган уй учун унинг жавобгар эканлиги ҳақидаги моддаларида ушбу одамнинг маълум ҳажмдаги иш учун қонунда қатъий белгиланган миқдорда ҳақ олиш ҳуқуқи тўғрисида айтилади. Бироқ, шу билан бирга, қурувчи қурган уйининг сифати (мустаҳкамлиги) учун жавобгар бўлган. Агар у қурган уй қулаб, уй эгасини босиб қолиб ўлдирса, уйни қурган одам ҳам ўлдирилиши лозим бўлган. Уй қулаб, уй эгасининг ўғлини босиб ўлдирса, у ҳолда уй қурган устанинг ўзи эмас, балки унинг ўғли ўлдирилган. Уй эгасининг қули уй тагида қолса, бу ҳолда уй қурган уста ўлган қул ўрнига бошқасини бериши талаб этилган. Бу қулдорлик ҳуқуқининг тамомила янги элементи бўлиб, унга кўра, қулга буюм каби қаралиб, унга етказилган зарар қулнинг хўжайинига тўланган. Уруғчилик тузуми давридаги қадимги урф-одат ҳуқуқидан анча фарқли қулдорлик даврининг янги ҳуқуқи ана шу тариқа ташкил топган. Янги ҳуқуқ, хусусан, Ҳаммурапи қонунининг аҳамияти шундан иборат бўлганки, қулдорлик ҳуқуқининг шу янги элементлари уруғчилик тузумининг қолдиқларини янада емиришга ва умуман қулдорлик жамиятини мустаҳкамлашга бир қадар кўмаклашган. Шундай қилиб, қулдорлик жамиятининг янги ҳуқуқи Ҳаммурапи қонуни орқали тартибга солинган ва такомиллашган.

Қулдорлик даврининг янги ҳуқуқи бир қанча моддалардан иборат бўлиб, бу моддалар “қонунлар тўплами“да келтирилган, сўнг маълум тартибга солиниб, “кодекс” шаклига келтирилган. Бобил подшоси Ҳаммурапининг “кодекси” бизга маълум бўлган энг қадимги қонунлар тўплами бўлиб, у бошқа қадимги Шарқ халқларининг кейинги қонунлари, хусусан, Тавротда сақланиб қолган қадимги яҳудий қонунларига катта таъсир кўрсатган.

Давлат ҳокимияти. Бобилда Ҳаммурапи подшолик қилган даврда қадимги Шарққа хос мустабит тузум амал қилган. Бутун мамлакат бир марказдан идора қилинган ва бутун олий ҳокимият - қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар, суд ишларини бошқариш ва диний ҳокимият - бари подшо қўлида бўлган. Ҳаммурапининг ўз амалдорлари билан ёзишмаларига қараганда, мамлакатни бошқаришда турли соҳалар, жумладан, сунъий суғориш ишларига ҳукумдор ўзи бошчилик қилган. Турли низоли ишлар ва ҳукмдор номига келган шикоятларни подшонинг шахсан ўзи кўриб чиққан ва шу каби масалалар юзасидан унинг ўзи қарор чиқарган ва амалдорларига тегишли фармойишлар берган. Ниҳоят, тақвимга зарур ўзгартиришлар ҳам подшонинг махсус кўрсатмасига биноан киритилган.

Ҳукмдор мамлакатни мураккаб ва марказлашган амалдорлар маҳкамасига таяниб идора қилган. Амалдорларнинг бир қисми марказий бошқарманинг айрим соҳаларини, бошқалари эса шаҳар ёки вилоятларни идора қилиб, улар подшо ноиблари ҳисобланган. Бобил ва Сиппар каби йирик шаҳарларни олий унвонли амалдор “шакканакку” лар идора қилганлар. Кичикроқ шаҳар ва вилоятларни бошқа амалдор “рабианум” лар бошқарган. Аҳоли турли хил солиқлар тўлаган: ғалла ҳосили ёки қорамоллар кўпайиши, хурмо боғлари, кунжут ҳосили ва балиқчилик жамоаларидан солиқлар тўпланган. Улардан ташқари, аҳолидан кумуш билан махсус ўлпон ҳамда маҳсулот билан махсус подшолик ўлпони олинган. Бу даромаднинг ҳаммаси хазинага келиб тушган ва ҳукумдор мулки ҳисобланган. Сарой мулки ибодатхона мулклари билан бирга қонун ҳимоясида эди. Махсус амалдор “Вакил амурри” лар сарой ичида алоҳида ўрин тутган. Бу амалдорлар давлатнинг савдо - сотиғини ҳамда жангчиларга ер бўлиб бериш (реду ва баиру) ишларини бошқарган.

Суд ишларини махсус амалдорлар юритганлар. Суд қилиш вазифаси шакканакку ва рабианумлар вилоят судьялари ҳамда “шаҳар оқсоқоллари ва атоқли кишилари”дан иборат махсус шахсларга юклатилган. Ибодатхона хизматчилари ҳукмронликни тобора қўлдан чиқариб, ибодатхонада одамларнинг худо ҳайкали олдида ичган қасамларига гувоҳ бўлиш билан чекланиб қола бошладилар. Суд ишларини юргизишга оид ҳуқуқнинг дастлабки қоидалари пайдо бўлди. Бу қоидаларга кўра, судьялар зиммасига гувоҳларнинг қасам ичиб берган гувоҳлигига ишониш билан чекланмай, балки “ишни шахсан текшириш“ вазифаси ҳам юклатилган. Нотўғри гувоҳлик беришда айбланган киши қонуннинг махсус моддасига биноан жазоланган. Ниҳоят, суд ҳукмини ўзгартирган судья ҳам қонуннинг 5-моддасига мувофиқ жазоланган; бунда судья даъвогар талаб қилганидан 12 баробар ортиқ жарима тўлаб, бундан кейин судьялик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Бутун мамлакатни бошқариш бюрократик идора усули тизимига ҳукумдор бошчилик қилган. Коҳинлар таъбирича, подшога олий ҳокимият бевосита худо томонидан берилган. Ҳаммурапи қонунида ўзи ҳақида мағрурлик билан бундай дейди: “Худо Ану ва худо Энлиль мени, шавкатли ва мўмин аскари Ҳаммурапини ҳокимиятга чақиришди... Мен Хаммурапи дин аҳлларининг бош паноҳи қилиб худо Энлиль томонидан сайланганман.... худо Синнинг шоҳона авлодиданман... ҳокими мутлоқ – шоҳоншоҳман, худо Замаманинг биродари... илоҳий шоҳлар шоҳиман... Мардук мени халққа бош бўлиш ва мамлакатни фаровон қилишга чақирди”. Подшо ҳокимиятини худо ўрнатганлиги ва бу ҳокимият илоҳий эканлиги тўғрисидаги бу тасаввурлар шумерийларнинг бир мадҳиясида яққол ифода этилган. Ушбу мадҳия Бобил подшоси ва Ҳаммурапининг вориси – Самсуилунга бағишланган. Унда қуйидаги сўзлар битилган:

“Эгам Энки тахту тожинг абад қилсин,

Шоҳ ҳассаси этиб тортиқ, неча кунлар ва

йилларга раво қилсин!

... Салтанатинг еру - кўкдек маҳкам турсин!

Сен - элу юрт, фуқаролар шоҳидурсан!

Сен - халқингга мурувватли бош паноҳсан!

Сен аёвсиз довул каби, ҳамма душман элин боссанг,

Бошинг етгай самоларга, мардонавор қўшин тортсанг,

“Илоҳий куч” шаҳри Бобил бино қилган худойим Син,

Чарақлаган қуёш каби, анда номинг улуғ қил сен...

Пок, муқаддас юртинг ичра ҳамма нарса муҳайё қиб,

Салтанатда расуллигинг салобатла”адо қилғил...

Порлоқ кундек, ҳар томон сен нуринг сочсанг,

Худо Ану ва Энлиль ҳам буюк толе раво қилсин”.

Бобил подшолигида қулдор - бойлар билан камбағал ва қуллар ўртасида кескин синфий зиддиятларни келтириб чиқарган душманлик мавжуд эди. Давлат ҳокимияти синфий тузумни мустаҳкамлаш, давлат бирлигини сақлаш мақсадида зўр бериб чора кўради. Лекин бу уринишлар ўз самарасини бермади. Бобилнинг Шумерийлар яшаган жануб қисми кўп жиҳатдан ўзнинг алоҳида иқтисодий ва маданий ҳаётини сақлаб қолади. Бобил подшолиги бир қарашда мустаҳкам бўлиб кўринса ҳам, аслида ундай эмас эди. Айнан шу сабабли Бобил деспотияси кассит истилочилари зарбалари остида қулади.

Бобилнинг касситлар томонидан истило қилиниши. Ҳаммурапи вафотидан кейин Бобил аста-секин тушкунликка юз тутди. Ҳаммурапи ворислари дастлаб унинг ишларини давом эттиришга интилдилар. Ҳаммурапининг ўғли Самсуилун (милоддан аввалги 1749 - 1712 йиллар) икки янги канал қаздириб, ибодатхоналарга катта ҳадялар бериб турган. Аммо тез орада сиёсий майдонда янги-янги хавфлар юзага кела бошлади. Месопотамия ҳукумдори Римсин (милоддан аввалги XVIII аср) Бобилнинг заифлашганидан фойдаланиб, Месопотамияга бостириб киради ва Шумернинг бир қисмини босиб олади. Лекин бу вақтда Бобил подшоси ҳали қудратини буткул йўқотмаган эди. Самсуилун Римсинни мағлуб қилади ва Римсин ўз саройида ёнғин вақтида ҳалок бўлади. Самсуилун Ур ва Урук деворларини бузиб ташлаб, Шумерни яна ўзига бўйсундириб олади. Лекин бу вақтда янги душманлар бош кўтарадилар. Исин шоҳи Илумаилу Шумернинг жанубида мустақил шоҳлик яратиб, Бобилга қарши қаттиқ кураш олиб боради ва Шумер подшоларининг янги сулоласига асос солади. Шарқдан Бобилга тоғлик қабилалар касситлар бостириб киради.

Дажла дарёсининг шарқида яшаган касситлар илгари ҳам Месопотамияга ташриф буюрганлар, лекин у вақтда ижарадор ва ёлланма ишчи сифатида келган эди. Тахминан милоддан аввалги 1750 йилда кассит қўшинлари ўз йўлбошчиси Гандаш раҳбарлигида Месопотамияга бостириб кириб, бу ерда Кассит давлатини барпо қиладилар. Ҳаммурапи ворислари, 1 Бобил сулоласи ҳукумдорлари Месопотамия устидан ўз ҳокимиятини ўрнатиш учун 155 йил давомида кураш олиб бордилар. Касситлар босқинидан сўнг заифлашган ва айрим қисмларга бўлиниб кетган бу мамлакат истилочиларнинг диққатини ўзига жалб қила бошлади. 1 Бобил сулоласининг сўнгги шоҳи Самсудитан ҳукумронлиги даврида (милоддан аввалги 1625 - 1595 йиллар) Бобилга хеттлар бостириб киради. Лекин касситлар тобора кўпроқ муваффақиятга эришиб, қизғин курашлардан сўнг, ҳатто денгизбўйи сулоласи шоҳларини енгиб, Денгизбўйи мамлакатини ҳам бўйсундиришга муваффақ бўладилар. Шоҳ Агум II (милоддан аввалги 1593 - 1574 йиллар) ўзини касситлар ва Аққод шоҳи ва “дунёдаги тўрт иқлимнинг подшоси” деб атаган. Маданиятда бобилликларга нисбатан қуйи поғонада турган касситлар Бобил маданиятини қабул қилганлар ва кассит шоҳлари Бобил ҳукумдорларининг истилочилик сиёсатини тиклашга ҳам уриниб кўрдилар.

Кассит шоҳлари бутун Шумерни тамомила бўйсундириб, денгизбўйи сулоласи ҳукмронлигига барҳам бердилар. Касситлар Бобил шоҳлигининг қудратини қисман ҳам тиклай олмаганларига қарамай, ҳар ҳолда кассит шоҳи Агум II даврида Бобил бирмунча кучайди. Агум II Юқори Фрот мамлакатларига қўшин тортиб бориб, Месопотамия даштининг бир қисмини ўзига бўйсундиради. Ушбу ҳукмдор ўз ёзувларда Хана мамлакатидан Мардук ва Сарпанит ҳайкалларини келтириб, уларни зарбоф кийимлар, қимматбаҳо зеб-зийнатлар ва дабдабали тожлар билан безатганини ҳамда уларни Бобилдаги Э-сагил ибодатхонасида ўрнатганлигини фахр билан айтади. Агум II ўзини “Кашшу ва Аққод шоҳи, кенг кўламли Бобил мамлакати шоҳи, кўплаб одамларни Ашнуннакка кўчирган шоҳ, Падан ва Алман шоҳи, Гути мамлакатининг шоҳи” деб атаган. Бу касситлар ҳокимиятини Дажла дарёсидан шарқдаги вилоятларга ҳам тарқалганлигини кўрсатади.

Касситлар даврида Бобилнинг ижтимоий тузуми тўғрисида сақланиб қолган расмий ҳужжатлар ва айниқса қудуррулар, яъни марза тошларидаги ёзувларга қараб қисман тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бу тошларда подшонинг баъзи шахсларга ер тортиқ қилганлиги ҳақидаги фармонлар матни ўйиб ёзилган. Ёзувларга қараганда, ўша даврларда ҳали қишлоқ жамоаси ва жамоа ер эгалиги ҳукм сурган. “Биту” деб аталган жамоага жамоа бошлиғи - “бел бити” бошчилик қилган. Унинг маслаҳатчиси, назоратчиси ҳамда афсунгар коҳини бўлган. Қишлоқ жамоа аъзолари “Қўшнилар” деб аталиб, бу жамоа таркибига кирган келгиндилар шоҳ ҳамда жамоа мансабдорлари фойдасига турли мажбуриятлар ўташлари лозим эди. Лекин бу даврда қадимги жамоа ер эгалиги аста -секин емирилиб, уни хусусий, асосан зодагон ер эгалиги сиқиб чиқара бошлаган. Чунончи, касситлар сулоласининг ҳукумдорлари ўз амалдорлари, катта мансабдорлари ва яқин кишиларига кўплаб ерларни инъом этганлар. Подшонинг марза тошлар – “қудурру” га ўйиб ёзилган фармонлари матнида кўрсатилишича, шоҳ инъом қилган бу ерлар кўпинча қишлоқ жамоаси ерлари ҳисобидан ажратиб берилган. Одатда шоҳнинг бу фармонларида маълум ер майдони муайян шахсга абадий мулк қилиб берилиши, шу билан бирга қишлоқ жамоаси бошлиғининг ва аъзоларининг ҳозир ҳам, келгусида ҳам бу ерларни суд орқали даъво қилиши ва ҳадя олган ер эгасидан жамоа фойдасига бирон мажбурият ўташини талаб қилиш ман этилиши айтилади. Подшо фармонида “қудурру”ни бузганлар худоларнинг тақви лаънати ва ғазабига дучор бўлиши уқтирилади. Бундан ташқари, кассит шоҳлари қишлоқ жамоаларининг кўплаб ерларини босиб олиб, уларни ўз мансабдорлари, амалдорлари ва ҳарбий бошлиқларига бўлиб берганлар, бу инъом ер эгалигини кучайтириш ва мустаҳкамлаш учун бир қанча чоралар ҳам кўрганлар. Яна ёзувларда айтилишича, баъзан шоҳ инъом қилган ер эгаси шоҳ фойдасига қилинадиган барча мажбуриятлар, натурал солиқлар ҳамда мажбурий ишлардан озод қилган. Шоҳнинг фармойишига биноан янги ер эгалари учун махсус имтиёзлар ана шундай тарзда расмийлаштирилган. Ибодатхона ерлари ҳам шоҳ солиқлари ва мажбуриятларидан озод эди. Масалан, Агум II даврига оид ҳужжатлардан бирида кўрсатилишича, Мардук ибодатхонасининг ерлари ҳар қандай мажбуриятлардан озод бўлган. Қулдорликнинг ривожланиши ҳам зодагонларнинг янада кучайишига олиб келган. Қул ва чўрилар сотилганлигидан далолат берган ҳужжатлар ҳам сақланиб қолган. Уларга кўра, қуллар, жумладан, эламлик қул баҳоси 10 шекель, чўри баҳоси эса 7 шекель олтинга тенг бўлган. Ҳужжатлардан бирида, “Кардуниашлик боланинг” сотилганлиги ҳақида сўз боради (касситлар Бобилни Кардуниаш деб атаганлар). Бу эса касситлар орасида ҳам қулчилик тарқалганини кўрсатади.

Бобилда 500 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган касситлар қадимги Шумер - Бобил маданияти, дини, ёзуви ва ҳатто бўйсундирилган ҳалқ тилини ҳам кўп жиҳатдан ўзлаштириб олганлар. Кассит шоҳлари ўзларини “Мардук арзандаси” деб атаганлар. Улар Бобил ва Шумер коҳинларини кучайтириш чораларини кўриб, Мардук худоси - “мамлакатлар ҳукмдори”га бўлган эътиқодини мустаҳкамлаб, Ниппур ибодатхонасига ғалла, мой, хурмо, ун ва қорамоллардан иборат ўлпон тўлаганлар. Замонлар ўтиши билан кассит ҳукмдорлари кўпроқ Бобил маданияти таъсирида қолганлар. Масалан, подшо Караиндаш ўзини “қудратли ҳукумдор, Бобил подшоҳи, Шумер ва Аққод шоҳи, Кашшу (касситлар) ва Кардуниаш ( Бобил ) шоҳи”деб атаган. Лекин Караиндашнинг ворислари буткул қадимги Бобил маданиятига берилиб, унвонларидан “Кашшу” номини тушириб қолдирганлар.

Бобилда касситлар ҳукмронлиги оқибатида Бобил нафақат сиёсий, балки маданий инқирозга ҳам учради. Айниқса санъат соҳасида қадимги намуналарга тақлид қилиш ҳукм сура бошлади. Маданият соҳасида эришилган кичик муваффақиятлар, асосан ҳарбий ишда отдан фойдаланиш, янги ва енгил вақт ҳисобини, яъни мамлакатни бошқараётган шоҳнинг ҳукмронлик йиллари бўйича йил ҳисобини жорий қилишдан иборат бўлган. Бу тушкунлик милоддан аввалги VII асргача, яъни қудратли Янги Бобил шоҳлиги ташкил топгунига қадар давом этди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет