Шундай қилиб, (1), (2), (3) тенгламалар молия бозорининг иқтисодий моделини ташкил қилади. Уларда r ва S - экзоген параметрлар (А), Pа, I (МИ сотиш эвазига жалб қилинган инвестициялар Q) - эндоген параметрлар (В). Ушбу параметрларнинг ўзаро боғлиқлигини (уларнинг қийматини аввалдан маълум деб олиб) 1.6.1-чи расмда кўрсатилганидек талаб ва таклифнинг мувозанат модели ёрдамида ифодалаш мумкин. Бу модел ёрдамида S,I ёки r ларнинг ўзгариши молия бозорига қандай таъсир кўрматишини кўриш мумкин. Масалан, S ошиши билан Qd ўсади, r ошиши билан эса Qs камаяди, бу ҳолда нарҳнинг мувозанат қиймати Pа* ортади, МИ миқдорининг мувозанат қиймати эса Q* камаяди.
Графикда талабни ифодалайдиган зинасимон чизиқ молия инструментига бўлган талаб ва унинг нарҳи Pа ўртасидаги нисбатни акс этади. Таклифни ифодалайдиган зинасимон чизиқ таклиф қилинадиган молия инструменти ва унинг нарҳи Pа ўртасидаги нисбатни акс этади.
Графикда ҳар иккала чизиқнинг кесишув нуқтаси бозордаги нарҳнинг мувозанат ҳолатни кўрсатади, яъни таклиф қилинган молия инструментлари талабга мос келади.
Айтиш жоизки, шунга ўҳшаш модел У.Шарп8 томонидан ҳам ифодаланган.
Расм.1.6.1. Талаб ва таклифнинг мувозанат модели
Бошқариш тизимлари назариясига асосан9 В и А нисбатини молия бозорининг ўтказиш функцияси сифатида ифодалаш мумкин, яъни:
W(Qd, Qs ) = {B(Pa, Q)}/{A(r, S)} (4)
Ушбу ифода (5) инвестициялар ва молия бозоридаги тебранишлар ўртасидаги боғлиқликни тушунтиради, молиявий инструментларга инвестицияларни йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилиш имконини беради. W(Qd, Qs) кўрсаткичи қиймати молия бозорининг жалбдорлилигини ҳам ифодалайди. Масалан, W(Qd, Qs)нинг камайиши инвестицияларнинг қисқаришига ҳамда Qdни пасайишига олиб келади.
Бундан ташқари, W(Qd, Qs) назарияси молия бозоридаги тебранишлар маҳсулот ишлаб чиқариш ва бандликнинг тебранишлари билан ўзаро яқин боғланган деб қабул қилишга асос бўла олади.
Агар W(Qd, Qs ) ва А(r, S) ўзгарувчиларнинг қийматлари маълум бўлса, B(Pa, Q) ўзгарувчини молия бозорининг иқтисодий модели бўйича натижавий функция деб қабул қилиш мумкин. Бу функция молия бозорининг иқтисодиётдаги ролини на фақат “барометр” сифатида, балки молиявий ресурсларни рақобат ва конъюнктура (талаб ва таклиф) таъсири асосида тақсимланиши ва қайта тақсимланиши жараёнларининг регулятори сифатида ҳам ифодалайди.
Айтиш жоизки, келтирилган назарий ҳулосалар ва қонуниятлар Дж.Тобин10 назарияси билан ҳамоҳангдир.
Саволлар
1. Қимматли қоғозлар бўйича талаб ва таклиф нима?
2. Талаб ва таклифни мувозанати нима?
3. Ўтказиш функцияси нима?
Топшириқлар
1. Қимматли қоғозлар таклифини таҳлил қилинг.
2. Талабни таҳлил қилинг.
3. Терминлар луғатини тузинг.
МАВЗУ- 2 . МОЛИЯ БОЗОРИ ИНСТРУМЕНТЛАРИ ВА
ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР
Режа:
1. Молия бозори инструментлари таснифи ва тавсифи
2. Қимматли қоғозлар таснифи ва тавсифи
3. Қимматли қоғозларнинг ҳаёт жараёни цикли
4. Базавий қимматли қоғозлар механизми
5. Ҳосилавий қимматли қоғозлар механизми
Молия бозори инструментлари мазмун-моҳияти уларнинг бозори билан ҳамоҳанг бирликда кўриб чиқилиши лозим бўлган инструментарий (терминология) ва методология билан аниқланади. Бунда уларнинг турлари, ҳосса ва ҳусусиятлари, чиқарилиши ва муомаласи жараёнларидаги иқтисодий-хуқуқий муносабатлар, бажарадиган функциялари ифодаланади.
Замонавий инструментарий
Молиявий инструментларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш учун унинг инструментарийсини ташкил этувчи жаҳон молия бозори назарияси ва амалиётидаги мавжуд замонавий концептуал тушунчаларга таяниш лозим.
Инструментарий – бу молиявий инструментларнинг мазмунини тўлиқ ифодаловчи маҳсус тизимлаштирилган терминология бўлиб, базавий (таянч) бўлган концептуал (назарий) тушунчалар мажмуаси сифатида намоён бўлади.
Шундай қилиб, молиявий инструментнинг замонавий тушунчасини аввалдагиларига асосланиб, лекин ҳозирги замон жаҳон молия бозорининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб (1-чи бобга қаралсин), қуйидагича таърифлаш мумкин: молиявий инструмент – бу, умуман олганда, монетиза-циялашган реал базисга эквивалент (“эгиз-аналог”) қийматга ва ҳоссаларга эга бўлган, маҳсус иқтисодий-хуқуқий механизм билан таъминланган, молия бозоридаги муносабатларни белгиловчи, шакллантирувчи ва ривожланти-рувчи, молиявий ресурсларни самарали тақсимланиши ва қайта тақсимла-нишини таъминловчи, муайян ҳолларда маълум шаклларда даромад келтирувчи восита сифатида ҳар ҳил турларда, шакл ва мазмунларда намоён бўладиган ҳам инвестицион капитал (актив, жамғарма), ҳам тўлов воситаси, ҳам алоҳида молиявий товардир.
Молиявий инструментнинг эквивалентлик ҳоссаси бевосита ва билвосита, реал ва нисбий бўлиши мумкин.
Молиявий инструментларнинг товар сифатидаги асосий мақсадларидан бири фойда олиш бўлганлиги учун ундаги ҳар қандай фаолият капитални (жамғармани) орттириш соҳаси эканлиги муносабати билан уларнинг бозори – бир вақтнинг ўзида капиталларга қўйилмалар учун мулжалланган бозор ҳамдир.
Пул маблағлари молиявий инструментларнинг ҳар қандай турига қўйилиши (йўналтирилиши) мумкин. Бунинг барча ҳолатларида йўналтирил-ган пул маблағлари вақт мобайнида ўз орттирмасига (ёки зарарига) эга бўлиши, яъни фойда ёки зарар келтириши мумкин.
Демак, молиявий инструментлар ўз бозорида молиявий ресурслар жарғармачилардан (инвесторлардан) истеъмолчиларга томон ва аксинча йўналишда ҳаракат қилишини таъминловчи восита.
Молиявий инструментлар ёрдамидаги ресурслар ҳаракати қуйидаги омилларга боғлиқ11:
- молиявий инструментларнинг даромадлилик ва риск даражаси;
- молиявий инструментларни солиққа тортиш шарт-шароитлари;
- молиявий инструментларнинг реал базис билан таъминланганлиги ва шу асосда иқтисодиёт ва молия бозорини эквивалентлиги;
- жамиятнинг менталитети ва танлаб олган ривожланиш модели;
- макро- ва микроиқтисодий барқарорлик;
- ташқи кучлар ва ҳодисаларнинг молиявий инструментлар бозорига таъсири ва бошқалар.
Молиявий инструментлар (қимматли қоғозлар, банк капиталлари, бошқа турдаги молия воситалари ва маҳсулотлари) монетизациялашган реал базис ва шу асосда иқтисодиёт ва молия бозорини эквивалентлиги маҳсус самарали иқтисодий-хуқуқий механизм билан таъминланган бўлади.
Молиявий инструментга ҳос қуйидаги атрибутларни келтириш мумкин:
- ҳар бир турига мос мақсад ва фунцияси, бозори ва ундаги муомала механизми;
- ҳар бир турига мос реквизити, шакли, муддати, сони ва нарҳи;
- монетизациялашган реал базис билан таъминланганлиги;
- ҳар бир турининг бозор параметрлари (индикаторлари);
- ҳар бир турига мос чиқарувчилари ва уларнинг инструмент бўйича шартлари ва ҳ.к.
Ушбу атрибутларнинг оҳирги учтаси молиявий инструментнинг ўз бозоридаги қувват потенциалини белгилайди.
Молиявий инструментнинг мазмуни унинг бозордаги функцияси ва роли, у билан боғлиқ иқтисодий-хуқуқий муносабатлар асосида белгиланади. Юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиққан ҳолда молиявий инструмент-нинг қуйидаги функцияларини таъкидлаш мумкин:
- ўзига ҳос бозор орқали молиявий ресурсларни (капитални) иқтисодиётда (иқтисодиёт субъектлари ўртасида) самарали тақсимлаш ва қайта тақсимлаш;
- пулдан бўлак маълум шароитларда квазипул сифатида тўлов воситаси бўла олиш (m2 ва ундан йирик пул агрегатлари таркибига киритилганлиги муносабати билан);
- бир вақтда иқтисодий ва юридик мазмунни ўзида мужассамлаштирган ҳолда унинг эгаси, чиқарувчиси ва давлат ўртасидаги иқтисодий-хуқуқий муносабатларни белгилаш;
- ўз эгаларига капиталга эгалик хуқуқи билан бирга бошқа маълум қўшимча хуқуқларни (масалан, овоз бериш, бошқарувда иштирок этиш, маълумотга эга бўлиш, кредиторлик мавқеи ва ҳ.к.) бериш;
- алоҳида товар сифатида муомалада бўлиш, бозор конъюнктурасини ва унда бизнес сифатини белгилаш; уни чиқарувчиси ва бозор ҳолати тўғрисида информация билан таъминлаш ва ҳ.к. (буларни унинг молия бозоридаги роли сифатида қабул қилиш мумкин);
- инвестицион актив ва жамғарма сифатида ҳизмат қилиш;
- риск шароитида капитал бўйича даромад олишни, капитални қайтарилишини таъминлаш ва ҳ.к.
Шундай қилиб, юқоридагиларнинг барчаси молиявий инструмент-ларнинг мазмуни, ҳосса ва ҳусусиятларини ифодалайди.
Молиявий инструменлар таснифи
Замонавий молия бозори молиявий инструментларнинг турли ҳиллари билан мужассамлашган бўлиб, уларни бир неча белгилар асосида тасниф-лашни тақазо этади.
Муомалага чиқарилиши мақсади – тўлов ва пул айланмаси (обороти) узлуксизлигини таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва улар бўйича даромад олиш бўйича, мос равишда: кредит-пул сиёсатини амалга оширишнинг қарз муносабатларини мужассамлаштирувчи молиявий инструментлар (давлат ва банк инструментлари), қарз (давлат ва корпоратив мақсадда) ва улуш (корпоратив мақсадда) муносабатларини ифодаловчи инвестицион молиявий инструментлар.
Молия бозорининг у ёки бу сегменти бўйича: пул, кредит, валюта, суғурта, лотерея ўйинлари, қимматли қоғозлар (фонд, капитал) бозорлари инструментлари.
Базисига кўра: пул, валюта, суғурта, товар (жумладан ҳом ашё), кўчмас мулк, индекс, фоиз ставка (келажакдаги даромад), қимматли қоғоз базисли молиявий инструментлар.
Иқтисодиётнинг у ёки бу субъектига кўра: давлат бошқаруви ва ҳокимиятлари, банклар-кредит муассасалари, суғурта ташкилотлари, биржалар, номолия ташкилотлари (корпоратив) инструментлари.
Чиқарилиш муддати бўйича: қисқа, ўрта ва узоқ муддатли молиявий инструментлар.
Миллийлиги бўйича: миллий, ҳорижий ва ҳалқаро молиявий инструментлар.
Иқтисодий-хуқуқий мазмуни бўйича: қарз ва улуш муносабатларини ҳамда ҳосилавий бўлган (базис, муддат, хуқуқ ва мажбуриятларни мужассам-лаширувчи) молиявий инструментлар.
Иқтисодий-хуқуқий ҳоссаларига кўра икки гуруҳга ажратиш мумкин: базавий ва базисли молиявий инструменталар. Базавий инструментларга улуш ва қарз муносабатларини ўзида мужассамлаштирувчи эмиссияланувчи (деривативлардан ташқари) ва эмиссияланмайдиган қоғозлар киради. Базислиларига эса деривативлар (ҳосилавий қимматли қоғозлар) киради.
Чиқарилиш ва муомала чегараси бўйича: алоҳида мамлакат, регион ва ҳалқаро миқёсда чиқарилувчи ва муомалада бўлувчи молиявий инструментлар.
Шахсларга нисбатан чекланишлар бўйича: барчага ва чекланган шахсларга сотиладиган молиявий инструментлар.
Шакли бўйича: маҳсус бланклар кўринишида ва электрон ҳисобларда (счетларда) юритилувчи молиявий инструментлар.
Вазифалари бўйича: субъектларнинг ички ва ташқи иқтисодий мақсад-манфаатларини қониқтирувчи молиявий инструментлар.
Функцияси бўйича: инвестицион инструментлар (қимматли қоғозлар), банкларнинг молиялаштириш инструментлари (кредит, депозит, селенг, пластик карточкалар, чеклар ва ҳ.к.), рискни молиялаштириш инструмент-лари (суғурта полислари), тўлов инструментлари (миллий ва ҳорижий валюта, ҳалқаро валюта, квазивалюта (псевдовалюта), биржа котровкасига эга бўлган валюта сифатида ўтувчи олтин, платина, кумуш, камёб элементлар, қимматбаҳо тошлар ва ҳ.к.), товар тақсимловчи инструментлар (товар варранти, коносамент, омбор гувоҳномаси ва шу кабилар), гаров қоғозлари, лотереялар.
Рўйҳатдан ўтказилиши бўйича: эмиссияланувчи (акция, облигация, деривативлар) ва эмиссияланмайдиган (банк сертификатлари, чеклар, хусусийлаштириш жараёнида қўлланиладиган ваучер ва купонлар, векселлар, омбор гувоҳномалари, коносамент, гаров қоғозлари ва ҳ.к.) инструментлар.
Муомалага чиқарувчининг ташкилий-хуқуқий шаклига кўра: давлат, муниципал ва корпоратив молиявий инструментлар.
Эгалик хуқуқини белгилаш бўйича: тақдим этувчига, эгасини исми ёзилган, ордерли молиявий инструментлар.
Даромад турларига кўра: дивиденд берувчи, белгиланган ва сузувчи фоиз ставкали, купонсиз (дисконтли), ютуқли молиявий инструментлар.
Тўлов муддати бўйича: спот ва муддатли бозор инструментлари.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, молиявий инструментлар вақт (жумладан, ҳаёт цикли), фазовий (муҳит) ва бозор характеристикалари бўйича тавсифлаш мумкинлигини кўриш мумкин.
Молиявий инструментларнинг фундаментал ҳоссалари уларнинг параметрлари (сифат кўрсаткичлари) орқали ифодаланади.
Келтирилган тасниф ҳоҳишга ва молия бозорининг ҳусусиятларига кўра кенгайтирилиши мумкин.
Саволлар
1. Молиявий инструментнинг мазмуни нима?
2. Молиявий инструмент ва унинг базиси экввалентлилиги нима?
3. Молиявий инструментнинг қандай атрибутлари бор?
4. Молиявий инструментнинг қандай функцияларини биласиз?
5. Молиявий инструментни қайси белгилар бўйича таснифлаш мумкин?
Топшириқлар
1. Молиявий инструментнинг ҳар бир тасниф белгиси бўйича тавсифланг.
2. Терминлар луғатини тузинг.
2. Қимматли қоғозлар таснифи ва тавсифи
Қимматли қоғозларнинг мазмуни, мақсади ва функциялари
Қимматли қоғозлар молиявий инструментларнинг бошқа турларидан фарқли энг катта ва алоҳида бозорига эга бўлган гуруҳини ташкил этганлиги муносабати билан уларнинг мазмун-моҳиятини маҳсус равишда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Таъкидлаш жоизки, қимматли қоғозлар молиявий инструментларнинг бир тури бўлганлиги учун умуман олганда мазмунан синонимдир, лекин улар молиявий инструмент-ларнинг бошқа турларидан маълум жиҳатлари билан фарқ қилади.
Қимматли қоғоз – бу, умуман олганда, монетизациялашган (пул билан таъминланган) реал базисга эквивалент (“эгиз-аналог”) қийматга (баҳога) ва ҳоссаларга эга бўлган, маҳсус иқтисодий-хуқуқий механизм билан таъминланган, ўзига ҳос бозордаги молиявий муносабатларни белгиловчи, шакллантирувчи ва ривожлантирувчи, молиявий ресурсларни самарали тақсимланиши ва қайта тақсимланишини таъминловчи, муайян ҳолларда маълум шаклларда даромад келтирувчи восита сифатида ҳар ҳил турларда, шакл ва мазмунларда намоён бўладиган ҳам инвестицион капитал (актив, маҳсус фонд жамғармаси бойлиги, қимматли қоғозлар портфели), ҳам тўлов воситаси, ҳам алоҳида фонд бозори товаридир.
Қимматли қоғоз бир вақтнинг ўзига иқтисодий категория ва юридик конструкция сифатида мазмунга эга.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги” Қонуни лойиҳаси (2007 йилдаги) билан белгиланган қимматли қоғознинг таърифини мазмунан юқорида келтирилган талқинда тушуниш мақсадга мувофиқ. Ушбу Қонун лойиҳасига мувофиқ “Қимматли қоғозлар - уларни чиқарган шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки заём муносабатларини тасдиқловчи дивиденд ёки фоизлар кўринишида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш имкониятини назарда тутувчи ҳужжатлардир”. Кўриниб турибдики, бу таърифда эквивалентлилик ҳоссаси инобатга олинмаган.
Шунинг учун қимматли қоғоз “фонд инструменти” сифатида “фонд бойлиги” деб ифодаланади, унинг ёрдамида реал бойликларга (базисга) эга бўлиш имконияти пайдо бўлади. Бу эса фонд бозори конъюнктурасига боғлиқ ҳолда бойликларни бир субъектдан бошқасига ўтишиши (ҳаракатини) таъминлайди, натижада қимматли қоғозлар бозори орқали молиявий ресурс-ларни иқтисодиётда самарали тақсимланиши ва қайта тақсимланишининг қонуниятли жараёнини вужудга келади.
Юқорида айтилганлардан келиб чиққан ҳолда, эквивалентлилик тамойили асосида қимматли қоғоз ва унинг реал базисини ўзаро “эгиз-аналог” сифатида 2.2.1-чи расмда келтирилган схема билан ифодалаш мумкин. Схемада: Б – базис (яъни қимматли қоғознинг базиси); ҚҚ – базисга эга бўлган қимматли қоғоз; икки тарафлама йўналтирилган стрелка Б ва ҚҚ ўртасидаги эквивалент боғлиқликни билдиради.
Расм.2.2.1. Қимматли қоғоз ва унинг базиси эквивалентлилиги схемаси
2.2.1-чи расмда базисни (Б) реал моделлаштирилаётган (тадқиқ этилаётган) объект сифатида, қимматли қоғозни (ҚҚ) эса объект модели деб қабул қилиш мумкин. Бу эса объектнинг математик моделини унинг эквиваленти бўлмиш қимматли қоғоз ҳоссалари (курсаткичлари) ёрдамида ифодалаш орқали математик моделлаштириш имконини беради. Яъни модел ёрдамида ҚҚ ҳоссаларини математик тарзда моделлаштириш асосида реал объект (базис) ҳоссаларини тадқиқ этиш мумкин. Ушбу математик ёндашув мен учун ҳамиша ардоқли ва ҳурматли бўлган ва келажакда ҳам бўлиб келадиган буюк устозларим Академик Георгий Евгеньевич Пухов ва Виктор Федорович Евдокимовлар томонидан бутун дунёда ўтган асрнинг 60-70-чи йилларида тан олинган “Квазианалоглар назарияси” номи билан техник объектларни моделлаштириш учун илк бор ишлаб чиқилган ва тадбиқ этилган12. Шундай буюк устозларимнинг ноёб илмий-инновацион тафаккурлари ила бунёд этилган мактабларига ҳамиша содиқ бўлган ҳолда квазианалоглар назариясини давомийлик асосида иқтисодиёт, молия тизими ва бозорлари соҳалари учун илк бор 90-чи йиллардан бошлаб ривожлантириб қўллашга жазм қилдим. Бунинг натижасида муаллиф томонидан олинган ва ушбу китобда батафсил келтирилган илмий ва амалий ишланмалар квазианалоглар назариясини иқтисодиёт ва молия соҳалари учун ҳам айнан мослигини исботламоқда.
Айтилганларга ва 2.2.1-чи расмдаги схемага асосан, макроиқтисодий даражада реал сектор ва қимматли қоғозлар бозори ўртасидаги эквивалентлилик боғланишни 2.2.2-чи расмда келтирилган модел кўринишида ифодалаш мумкин. Ушбу тузилмавий моделда: МБ – макробазис; ҚҚБ – қимматли қоғозлар (молия) бозори.
Расм.2.2.2. ҚҚБ ва макробазиснинг ўзаро эквивалентлилиги модели
Бу моделда (2.2.2-расм), 2.2.1-чи схемадагига ўҳшаш, макробазисни (МБ) реал моделлаштирилаётган (тадқиқ этилаётган) объект сифатида, қимматли қоғозлар бозорини (ҚҚБ) эса объект (МБни эквивалент акс эттирувчи) модели деб қабул қилиш мумкин. 2.2.1 ва 2.2.2 расмлардаги икки тарафлама йўналтирилган стрелкалар Б ва ҚҚ; МБ ва ҚҚБ; Б ва МБ; ҚҚ ва ҚҚБ ўрталаридаги эквивалент боғлиқликни билдиради.
Квазианалог моделлар объектларни (жумладан қимматли қоғозлар ва молия бозорини) алгебраик ва дифференциал тенгламалар ёрдамида моделлаштиришда қўлланилади.
Квазианалоглар назариясига асосланиб, 2.2.1 ва 2.2.2-чи расмларда келтирилган моделларни қуйидагича, яъни мувозанатлашувчи (тартиблаш-тирилувчи) квазианалог модел сифатида ифодалаш мумкин. Бу моделнинг фаолияти математик кўринишда формаллаштирилиши мумкин, яъни у мазмунан қуйидаги умумий кўринишдаги математик тенгламалар ечимига келтирилиши мумкин:
AX – F = ε (2.2.1)
кўринишидаги алгебраик тенгламалар системасига (тенгламада ε минимум қийматга интилтирилади) ёки
Ω(dx/dω)+A(x)X=F(ω), x(0)=x0 (2.2.2)
кўринишидаги оддий дифференциал тенгламалар системасига (Коши масаласи).
Тенглама (2.2.1) асосида қимматли қоғознинг эквивалентлилигига (мувозанат ҳолатига) эришиш модели 2.1.3-чи расмда кўрсатилганидек ташкиллаштирилади. Бунда тенгламанинг математик ечими (илдизи) молия бозорининг мувозанат ҳолатини англатади, яъни илдизни топиш учун танлаб олинган математик метод моделда молия бозорини мувозанатлаштириш механизми фаолиятини белгилайди. Моделда: ҚҚ – қимматли қоғоз (ёки ҚҚБ), ММ – мувозанатлаштирувчи механизм, F – таъсир этувчи омиллар, X – эквивалентлаштириш (тартиблаштириш) параметрлари.
Тенглама (2.2.2) асосида қимматли қоғознинг эквивалентлилиги (мувозанат) ҳолатига эришиш модели 2.2.4-чи расмда кўрсатилганидек ташкиллаштирилади. Бунда тенгламанинг математик ечими молия бозорининг мувозанат ҳолатини англатади, яъни ечимни топиш учун танлаб олинган математик метод моделда молия бозорини мувозанатлаштириш механизми фаолиятини белгилайди. Моделда: Х0 – бошланғич тартиблаш-тирувчи дискретдаги параметр, Хк – навбатдаги эквивалентлаштирувчи (тартиблаштирувчи) дискретдаги параметр.
Расм. 2.2.3. Тенглама (2.2.1) асосидаги модел
Расм. 2.2.4. Тенглама (2.2.2) асосидаги модел
Юқорида айтилганларга асосан, қимматли қоғозни молия (фонд) бозорининг самарали молиявий инструменти бўлиши учун қуйидаги талаблар қўйилиши мақсадга мувофиқ: қимматли қоғоз ва унинг базисини эквивалентлилиги; қимматли қоғозни фонд бозори товари ва бойлиги сифатида ишончли иқтисодий-хуқуқий механизм ва маҳсус очиқ молия бозори инфратузилмаси билан таъминланганлиги.
Қимматли қоғозлар таснифи
Умуман олганда қимматли қоғозлар молия инструментларининг тасниф белгилари асосида таснифланади. Лекин қиммматли қоғозларнинг маълум мазмун ва ҳусусиятлари уларни қўшимча тарзда алоҳида таснифлашни тақазо этади.
Қимматли қоғозларнинг ҳисоби маҳсус депозитарийларда ва (ёки) реестрларда юритилади.
Ордерли қимматли қоғозларнинг қўлдан қўлга ўтиши индоссамент асосида индоссант томонидан амалга оширилади.
Тақдим этувчига бўлган қимматли қоғозлар бўйича хуқуқ индентификация қилинмайди.
Эмиссияланувчи қимматли қоғозларга сертификат (лотинча certifico - тасдиқлайман) чиқарилиши мумкин. Сертификат олди-сотти объекти бўлмайди.
Қимматли қоғозларни чиқаришда қуйидаги мақсадлар кўзланади:
1. Акция (оддий ва имтиёзли) чиқариш ва жойлаштириш йўли билан акциядорлик компаниясини тўзиш.
2. Облигация чиқариш ва жойлаштириш йўли билан молиялаштиришни кенгайтириш.
3. Қўшимча инвестиция жалб қилишда компанияда ҳукмронликни сақлаб қолиш учун имтиёзли акциялар ва облигациялар чиқариш.
Давлат қимматли қоғозлари қуйидаги мақсадларда чиқарилади:
- жорий бюджет камоматини (дефицитини) молиялаштириш;
- аввал жойлаштирилган қарзларни сўндириш;
- давлат бюджети кассасининг бажарилишини таъминлаш;
- солиқ тўловларининг нотекис тушумини текислаш;
- тижорат банкларини ликвид резерв активлар билан таъминлаш;
- давлат ва маҳаллий хокимият органлари томонидан амалга ошириладиган мақсадли инвестицион дастурларни молиялаштириш;
- ижтимоий муҳим аҳамиятга эга бўлган муассаса ва ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш.
Турли мамлакатларда давлат қоғозларини чиқариш ҳажми ҳар ҳил (2.2.1 жадвалга қаралсин).
Жадвал 2.2.1, (%)
|
Ита-лия
|
Япо-ния
|
США
|
Буюк-брит.
|
Канада
|
Фран-ция
|
Герман.
|
Ҳажми ЯИМга нисбатан
|
50,6
|
40,4
|
29,5
|
24,0
|
19,6
|
17,7
|
16,6
|
Ҳажми давлатнинг тўланма-ган ички қарзига нисбатан
|
83,1
|
66,2
|
62,8
|
88,6
|
44,6
|
82,7
|
35,0
|
Манба: James L.Massey. The Primary Market for Public Debt. Solomon Brothers, 1990. P.2-3.
Жадвалдан кўриниб турибдики, иқтисодиёти ривожланган мамлакат-ларда давлат қимматли қоғозлари ички қарзни молиялаштиришнинг асосий манбаларидан ҳисобланади. Бунда давлат иккиламчи бозорда айланадиган (облигациялар, ноталар, векселлар) ва айланмайдиган қоғозларини чиқариши мумкин.
Нодавлат ташкилотлар эса инвестицияларни жалб қилиш учун корпоратив қимматли қоғозлар чиқарадилар.
Саволлар
1. Қимматли қоғозларнинг қандай талқинларини биласиз?
2. Қимматли қоғозларнинг мазмуни нимадан иборат?
3. Қимматли қоғозларнинг қандай ҳоссаларини биласиз?
4. “Қимматли қоғозлар ва базис” ва “Қимматли қоғозлар бозори ва макробазис” моделлари деганда нима тушунилади?
6. Қимматли қоғозларнинг қандай белгиларга кўра таснифланади?
7. Қимматли қоғозларни чиқаришда қандай мақсадлар кўзланади?
8. Эмиссияланувчи ва эмиссияланмайдиган қимматли қоғозлар нима?
9. Базавий ва базисли қимматли қоғозлар нима?
10. Ўзбекистонда қандай турдаги қимматли қоғозлар чиқарилади?
Топшириқлар
1. Қимматли қоғозларни ҳар бир тасниф белгиси бўйича тавсифланг.
2. Терминлар луғатини тузинг.
Достарыңызбен бөлісу: |