Маънавий баркамол инсон тушунчаси. Унинг шарқона таърифи. Ислом каримов асарларида баркамол инсонни тарбиялаш ғоялари режа



Дата10.06.2016
өлшемі100.5 Kb.
#127021
МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛ ИНСОН ТУШУНЧАСИ. УНИНГ ШАРҚОНА ТАЪРИФИ. ИСЛОМ КАРИМОВ АСАРЛАРИДА БАРКАМОЛ ИНСОННИ ТАРБИЯЛАШ ҒОЯЛАРИ
Режа:

1. Ислом Каримов маънавий баркамол инсонни тарбиялаш замона талаби эканлиги тўғрисида.

2. Маънавий баркамол инсон тушунчаси, унинг моҳияти.

3. Комил инсон ва унинг Шарқона фазилатлари.


Биринчи масаланинг баёни: Бугунги кунда маънавият масаласи ижтимоий ҳаётимизнинг асосий масалаларидан бирига айланиб қолди. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ бу масалага катта ва узлуксиз эътибор бериб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ҳар бир нутқи ва маърузалари, мақола ва асарларида юксак маънавият келажак пойдевори эканлиги қайта-қайта таъкидланмоқда. «Зеро, - деб уқтиради Ислом Каримов, - биз жамиятимиз тараққиётини фақатгина иқтисодий, ижтимоий фаровонлик билангина эмас, халқимизнинг маънавий баркамоллиги, демократик ва инсонпарварлик тамойилларининг кишилар онгида нечоғлик чуқур илдиз отиши билан баҳолаймиз»1.

Эрксевар халқимиз мустақиллик туфайли ўз ери, ўз тили, ўз динига эга бўлди; миллий ғурури, иззат обрўси тикланиб, эндиликда қадриятларимиз, маънавий меросимиздан баҳраманд бўлмоқдамиз. Мустақиллик ва маънавият бир-бирига ғоят боғлиқ тушунчалардир. Маънавияти буюк халқни қул қилиш, абадий истибдод зулми остида сақлаш мумкин эмас. Бундай маънавиятнинг камол топиши, қалбларга сингиши учун Мустақилликни мустаҳкамлаш ҳам лозим бўлади. Қудратли келажаги буюк давлат, буюк ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қудратли маънавият замирида вужудга келади. Ҳар бир алоҳида шахснинг ва бутун миллатнинг маънавий камолоти орқали демократик ҳуқуқий давлат барпо этилади. Давлатимиз раҳбари шу боис ҳам маънавият ва маърифатга доимо катта эътибор бериб келмоқда. Шу оқилона сиёсат туфайли халқимиз ўзлигини таниб, ўз шажарасини идрок этмоқда, тарих олдидаги вазифасини англаб олмоқда.

Инсон маънавиятини юксалтирмасдан туриб, халқимиз ҳаёти ва турмуши юксалишида, ҳамда мамлакатимиз тараққиётида муваффақиятларга эришиш қийин. Ислоҳатларнинг биринчи босқичида миллий маънавиятни юксалтириш йўлида кўзланган мақсад тўла амалга оширилди ва иккинчи босқичда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга замин ҳозирланди. Маънавий, мафкуравий парокандалик даврига барҳам берилди. Ижтимоий ҳодисалар билан бирга миллий маънавиятимиз юксала борди. Юртбошимиз Ислом Каримов «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳатларни чуқурлаштириш йўлида» асарида таъкидлаганидек: «Халқнинг маънавияти ва маданияти, унинг хақиқий тарихи ва ўзига хослиги қайта тикланаётганлиги жамиятимизни янгиланиш ва тараққий эттириш йўлидан муваффақиятли олға силжишида ҳал қилувчи, таъбир жоиз бўлса, белгиловчи аҳамиятга эгадир...»2. Ҳақиқатан фақат маънавий эркин ва озод халқ теран ва комил тафаккур туфайли ҳар соҳада катта ютуқларга эришиши мумкин. Бошқача айтганда, фақат маънавий соғлом, кучли жамиятгина ислоҳатларга тайёр бўлиши мумкин3.

Маънавий тарбия соҳасида кўзбўямачиликка йўл қўйиш ниҳоятда хатарли. Маънавият жамият ҳаётининг шундай бир нозик, аҳамиятли соҳасики, бу борада хўжакўрсинга иш қилиш иқтисодий ва сиёсий соҳаларда кутилмаган турли инқирозларни келтириб чиқариши мумкин. Айниқса, бу соҳада ўзи бўларчилик ва лўттибозликка йўл қўйиб бўлмайди. Кишиларда, хусусан ёшларда янги маънавиятнинг шаклланиши анча мураккаб ва машаққатли жараён ҳисобланади. Буни амалга ошириш учун кенг кўламли маданий, тарихий, маърифий, тарбиявий ишларни амалга ошириш керак бўлади. Эски тузум шароитида таркиб топган маънавий инқирозга барҳам бериш, янгича тафаккурга эга бўлган инсонни шакллантириш мураккаб, муайян даврни талаб қилувчи, аста-секин амалга ошадиган жараён бўлганлиги сабабли тарихнинг бурилиш даврларида жамият ҳаётида маънавий бўшлиқ ҳолатлари ҳам юзага келиши табиийдир. Бу бўшлиқ жамият учун иқтисодий, сиёсий инқирозга нисбатан анча хатарлироқ кечади. Бунга кейинги вақтларда юз берган мудҳиш воқеалар яққол мисол бўла олади. Шу сабабли тарихий бурилиш даврларида объектив тарзда юзага келадиган бундай ҳолатларни чуқур англаб, уларга тўғри муносабатда бўлиш лозим. Мамлакатимиз раҳбарияти буни тўғри англаб, бундай ҳолатларнинг қалқиб юзага чиқишининг олдини фақат одамларимиз, авваламбор ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш, уларни ўз мистақил фикрига эга бўлган баркамол инсонлар этиб тарбиялаш орқалигина олиш мумкинлигини, мустақиллик тафаккури, маънавиятини шакллантириш, мақсад, вазифа, воситалари йўлларини излаб топиш, ҳаётга жорий этиш орқали ҳал этиш мумкинлигини таъкидлаб келмоқда4. Зотан, ёш мустақил мамлакатимизнинг келажаги учун маънавияти юксак, баркамол инсонлар зарур. Шунинг учун ҳам юртбошимиз «Юксак маънавият - келажак пойдевори» деган ҳикматли шиорни янада баландроқ кўтардики, юксак маънавият мустақилликни мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва такомиллаштириш учун муҳим ва зарурий тамойиллардан бири бўлиб қолди.

Маънавиятли ва эътиқодли кишилар ўз маслаги, ватани учун жонини фидо қилишга ҳам тайёрдирлар.

Ўзбекистон бозор муносабатларига тўла ўтаётган даврда маънавий-ахлоқий қадриятларнинг аҳамияти тобора ўсиб бораётганлиги маънавий баркамол авлодни тарбиялашни энг долзарб масала сифатида кун тартибига қўймоқда. Шу маънода юртбошимиз Ислом Каримовнинг иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи сессиясида «Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз» номли маърузаларидаги қуйидаги фикрларига эътиборни қаратмоқ лозим: «Бу соҳадаги ишларимизнинг пировард мақсади – иймон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват эркин фуқаро маънавиятини шакллантиришдир. Яъни, мустақил дунёқарашга эга, аждодларимизнинг бебаҳо мероси ва замонавий тафаккурга таяниб яшайдиган баркамол шахс – комил инсонни тарбиялашдан иборат»5. Бозор муносабатларида ҳам юксак маънавиятли ва ахлоқ-одобли, иқтидорли, билим савияси юқори ва чуқур, зукко, ишбилармон, ишчан кишилар зарур. Қашшоқ маънавият, маънавий-ахлоқий суст, билим савияси юзаки ва паст, ишнинг кўзини билмайдиган кишилар бозор муносабатларида кўзланган мақсадга эриша олмайдилар. Бундан хулоса шуки, ҳеч кечиктирмай, иккиланмай маънавий-маърифий тарбия масаласи ҳақида ўйлаш, уни тўғри йўлга солиш вазифаси келиб чиқади. Бунда биз маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг: «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир», деган ўгитига амал қилишимиз зарур.

Эндиликда, маънавий ва маърифий тарбия мустақил давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки Президентимиз таъкидлаганидек, тараққиёт тақдирини маънавий жиҳатдан етук одамлар ҳал қилади. Юртдошларимизнинг техникавий билими, мураккаб технологияни эгаллаш қобилияти маънавий баркамоллик, мустақил тафаккур билан бирга бориши керак. Ақлий заковат ва руҳий-маънавий салоҳият маърифатли инсоннинг икки қаноти бўлади. Бутун маънавий ва маърифий тарбия ишимизни шу қоидага асосланиб қурмоғимиз, замон, мустақил тараққиётимиз, бозор муносабатлари даври талабидир.

Иккинчи масаланинг баёни. Аввало шуни айтиш керакки, маънавий баркамол инсон тушунчасининг ўзи кенг қамровли, серқирра тушунча. Маънавий баркамол инсон - комил инсон тушунчаси билан ҳамоҳангдир. Айни вақтда маънавий баркамол инсон тушунчаси соғлом авлод тушунчаси билан ҳам боғланиб кетади. Илмий адабиётларда бу тушунчалар алоҳида-алоҳида ишлатилса-да, моҳиятан уларнинг ҳаммаси инсон ахлоқи ва одобини, уларда шаклланган барча ижобий хислатларни, уларнинг инсонларга, жамиятга ва Ватанга бўлган муносабатларидан тортиб, токи оилага, ота-онага ва бошқаларга муносабатларининг барча қирраларини қамраб олади.

Мустақилликка эришиб, маънавият ва маърифат масалаларига биринчи даражали аҳамият беришимиз, мустақилликни мустаҳкамлаш вазифалари, тарбия соҳасида соғлом авлод, маънавий баркамол инсон, комил инсон каби тушунчаларга изоҳ беришни, уларнинг моҳиятини очиб беришни тақозо этмоқда. Юқорида айтганимиздек улар моҳияти бирдай тушунчалар. Инсонни тўғриликка, ҳалолликка, покликка, ватанпарварлик ва инсонпарварликка, эзгуликка ва қўйингки, юксак ахлоқлиликка йўллаш бу тушунчаларнинг моҳияти ва мазмунини ташкил этади. Ҳозирги кунда бу масалаларга биринчи даражали аҳамият беришимизнинг боиси - иймони, эътиқоди ва ахлоқий фазилатлари - қўйингчи, маънавияти кучли, миллий масъулият тўйғуси қалбида чуқур илдиз отган, маънавий баркамол фуқароларга эга мамлакатгина мустақил ва барқарор ривожлана олади. Буюк келажак маънавий баркамол инсонларга таянгандагина яратилади, қад кўтаради. Бошқача айтганда маънавий баркамол инсонларгина буюк келажакни ярата оладилар. Шунинг учун маънавий баркамол инсонни, соғлом авлодни тарбиялаш муҳим ва долзарб масала. Бу масалада юртбошимизнинг қўйидаги сабоғи ибратлидир: «Биз соғлом авлодни тарбиялаш, вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда фақат жисмоний соғломликни эмас, балки Шарқона ахлоқ-одоб ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз» Бу фикрлардан кўриниб турибдики, Шарқона одоб-ахлоқ ва умумбашарий ғояларни онгига сингдириб олган киши юксак маънавиятли, яъни маънавий баркамол, комил инсон ҳисобланади. Маънавий баркамоллик инсоннинг дунёқараши, эътиқоди, руҳияти, хулқ-атвор нормалари, ахлоқ-одоби билан бевосита алоқадорлиги билан ажралиб туради. Маънавий баркамол кишилар халқ тақдири ва фаровонлиги, ватан тақдири ва унинг равнақини ўйлайдилар. Улар мутеликда, қарамликда яшашни истамайдилар.

Соғлом деганда, биз фақатгина жисман бақувват фарзандларимизни эмас, балки маънавий бой авлодни, ақлий ривожланган, ахлоқий пок, маърифатли фарзандларни, авлодни тушунмоғимиз керак. Бундай кишилар ўзларида халқимизнинг энг ардоқли фазилатлари - иймон ва инсоф, меҳр-оқибат, шафқат ва раҳмдиллик, уят ва андиша, ор-номус, ўзаро ҳурмат, юксак Ватанпарварлик, элига ва халқига садоқат каби қадриятларни ва ғояларни мужассамлаштирган бўлишлари лозим.

Президентимиз эркин фуқаро, озод шахс, баркамол инсон ҳақида гапириб, қуйидаги тўрт жиҳатга эътиборни қаратди, яъни ҳар бир фуқаро:

– ўз ҳақ-ҳуқуқуни танийдиган бўлсин, бунинг учун курашсин;

– ўз кучи ва имкониятларига таянадиган бўлсин, имкониятларини ишга солиб, самарасини кўрсин;

– атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабат билдира олсин;

– шахсий манфаатини мамлакат ва халқ манфаати билан уйғун ҳолда кўриб, фаолият юритсин6.

Булар баркамол инсон фазилатлари ҳақидаги аниқ ва тўлиқ таърифдир.

Маънавий баркамол инсон шон-шуҳрат, мансаб, моддий бойлик кетидан кувмайди, моддий қийинчиликларга дуч келганда қадди букилмайди, баъзан уюштирилган туҳмату-фитналар унинг руҳини тушира олмайди. Демак, ҳар қандай шум тақдир ва қисмат покиза, мард, маънавий баркамол инсон маънавиятини буза олмайди, балки мустаҳкамлайди, чиниқтиради. Юксак даражадаги маънавиятга эга инсон - фидойилик, жасорат, мардлик, ўз халқини севиш, Ватанни қадрлаш, аждодларидан фахрланиш каби олижаноб фазилатлари билан ажралиб туради. Инсоннинг инсонлиги, биринчи навбатда унинг маънавий-аҳлоқий жиҳатдан баркамоллиги, поклиги билан белгиланади. Маънавий-ахлоқий баркамолликнинг асосий қирраларига юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, қуйидагиларни киритиш мумкин: ота-онаси, фарзандлари, қариндошлари, хуллас бутун оила аъзолари, қўни-қўшнилари, маҳалла-кўйи, қишлоқдошлари ва бутун мамлакат халқ фаровонлиги ҳақида қайғуриш; теварак-атрофдаги инсонлар унга керак бўлганлиги сингари, ўзи ҳам уларга керакли бўлишга интилиши; одоб-ахлоқи, феъл-атворини ёқимли қилишни инсоний бурч деб ҳисоблаш; ота-боболардан, аждодлардан ёдгор бўлиб қолган маданий меросни қадрлаш; миллий қадриятларни эъзозлаш ва уларга содиқ бўлиб қолиш; ватанпарварлик, халқпарварлик, инсонпарварлик туйғуларининг барқарор бўлиши; ўзаро муомала-муносабатда ўрнак бўлишга мойиллик, бировнинг оғирини енгил қилишни одат қилиш; умумхалқ маъқуллаган ва ҳукумат томонидан қонуний қабул қилинган Конституцияни ҳурмат қилиш ва унга садоқат намуналарини амалда кўрсатиш; Ватанни ҳимоя қилиш, бошқача айтганда, ҳарбий-ватанпарварлик туйғулари билан яшаш; диёнат ва адолат, меҳр-шафқат ва эзгуликни ҳимоя қилиш; ваъдага вафоли бўлиш ва бошқалар киради. Маънавий баркамол инсон фазилатларининг асосий қирралари изоҳи келгуси маърузаларимизда баён қилинишини назарда тутиб, ушбу маъруза доирасида улар ҳақида тўхташни лозим топмадик.

Маънавий-маърифий баркамолликнинг қирралари ва мезонлари қаторига мустақиллик тафаккури ва миллий ифтихор ҳам киради. Мустақиллик тафаккурини ҳар бир кишида, айниқса Сиз каби талабаларда шакллантириш ниҳоятда зарур. Токи, мустақиллик тафаккури ва миллий ифтихор, ғурур бўлмас экан, фидокорлик, ватанпарварлик, миллатпарварлик каби хислатлар жўш урмайди.

Мустақиллик тафаккури кенг қамровли бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

- Ватан истиқболи ва истиқлоли ҳақида қайғуриш;

- халқи, юрти қадр-қиммати, ор-номусини англаш ва буни ҳимоя қилиш;

- бутун меҳнати, истеъдоди, имкониятини, зарур бўлса жонини ҳам юрт истиқболи, халқ бахти учун бахшида этиш ва бошқалар.

Мустақиллик, бу - бизга аждодларимиз қолдирган бой ва муқаддас маънавиятдир. Шу маънавиятни ҳар биримиз авайлаб-асрашимиз давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим вазифа ва бурчдир. Шу вазифани амалга ошириш ва ҳал қилишда ёшлар ва бутун халқ онгига мустақиллик руҳини сингдириш катта аҳамият касб этади.

Маънавий-маърифий баркамолликнинг қирраларидан бири миллий ифтихордир. Миллий ғурур бу миллий ифтихордир. Миллий ғурур ўз халқининг бир неча минг йиллар давомида яратиб келган барча моддий ва маънавий бойликлари, тарихий мероси, урф-одатлари, анъаналари, одоб-ахлоқи, турмуш тарзи, юксак маънавияти, барча тарихий ютуқлари ва сабоқларига чексиз ҳурмат ва эъзоз билан муносабатда бўлиш, авайлаб-асрашдир.

Ўз халқининг тарихини, миллий қадриятларини, тилини, истиқбол манфаатларини билмаган, қадрламаган, миллий мансублигини унутган, ўз миллатининг истиқболи учун қайғурмайдиган, курашмайдиган кишиларда миллий ғурур ҳам, миллат билан фахрланиш ҳам, миллатпарварлик ҳам бўлмайди. Бундай кишиларни маънавий баркамол инсон дея олмаймиз.

Шундай қилиб, юқорида маънавий баркамол инсон, унинг моҳияти ва асосий қирраларининг баъзи жиҳатлари устидагина фикр юритдик. Унинг қолган баъзи қирралари навбатдаги савол ва маърузалар баёнида ёритиб борилади.

Учинчи масаланинг баёни. Юқорида айтганимиздек, комил инсон тушунчаси маънавий баркамол инсон тушунчаси билан ҳамоҳангдир. Маънавий баркамолликка эришмай комил инсон даражасига етиш мумкин эмас. Демак, маънавий баркамолликка интилиш - бу комил инсон даражасига эришиш учун интилишдир. Комилликка инсон бутун умри давомида эришиб боради. Учала тушунча: соғлом авлод, маънавий баркамол, комил инсон - даражама-даража чуқур маъно касб этади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, комил инсон бўлишнинг аниқ чеки ва чегараси йўқ. Бизнинг кўҳна тарихимизда юзага келган, халқ, мамлакат тарихида катта маънавий-ахлоқий тарбия ролини ўйнаган тасаввуф комил инсон назарияси ҳақидаги, уни тарбиялаш, вояга етказиш ҳақидаги таълимот ва амалиёт саналади. Мазкур саволни тасаввуф таълимотидан келиб чиққан ҳолда баён этишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Комил инсон биз учун идеалдир. У барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, руҳи мутлақ руҳга туташ, файзу каромати сероб, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим тўла покиза зот. Комил инсон одамзод орзу қилган жамики эзгу хислатларнинг ифодачиси.

Комил инсонлар жамиятнинг тирик виждонларидир. Кишилар уларга қараб хушёр тортадилар, дунё беҳудалигидан ўзларига келиб, ўз қалбларига, ўз қилаётган ишларига разм соладилар, тавба-тазарру қиладилар. Комил инсонларнинг афъолу аъмоли инсонлар дилига қувват, кўзига нур бағишлаган.

Комил инсон ҳақида тасаввуф адабиётида кўп асарлар битилган. Ана шундай кишилардан бири XIII асрда яшаган Азизиддин Насафий бўлиб, «Инсони комил» номли рисоласида комил инсонга таъриф бериб шундай ёзади: «Билгилки, комил инсон деб шариат ва тариқат ва ҳақиқатда етук бўлган одамга айтадилар ва агар бу иборани тушунмасанг, бошқа ибора билан айтайин: билгилки, комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолатга етган бўлсин: яхши сўз, яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф». Бу сифатлар билан зийнатланган одам ёлғон, риё ва бадкирдорликдан чекинади, ҳамма вақт эзгу ният билан яшаб, эзгу ишларга тайёр туради.

Яхши сифатларни эгаллаб борган одам комил инсон мартабасига кўтарила олади. Комил инсон - инсонларнинг энг мукаммали, энг оқили ва доноси. Комил инсон инсонлар жамияти ичидан етишиб чиқадиган мўътабар зотдир. Инсонлар комилликка ахлоқий-маънавий покланиш жараёнида эришадилар.

Комилликнинг белгиси ҳақ йўлидан бориб, халққа фойда келтиришдир. Киши ўз сўзи, амалий ишлари, нияти билан қанчалик одамларга фойда келтирса, ёмонларни тўғри йўлга солса, ҳақ йўлида фидо бўлса, у шунча комил бўлади.

Комил, баркамол инсонни тарбиялаш, вояга етказиш ҳақида мусулмон Шарқи ахлоқи тарихида инсон ҳаёти учун дастуруламал, қўлланма вазифасини ўтаган кўп пандномалар, халқ китоблари мавжуд бўлган. Шулардан баъзиларини санаб ўтамиз. Чунончи, Кайковуснинг «Қобуснома», Саъдийнинг «Гулистон», «Бўстон», Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон», Алишер Навоийнинг «Маҳбубул-қулуб», Хусайн Воиз Кошифийнинг «Ахлоқи муҳсиний» ва бошқаларни кўрсатишимиз мумкин. Бу асарларнинг кўпчилигида одил шоҳ ва адолат, ҳалоллик, софлик, поклик, тўғрилик, ростгўйлик, инсонпарварлик, маърифатли бўлиш каби инсоннинг шарқона фазилатлари берилган.

Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарида комил инсонга хос хусусиятлар, унинг шарқона фазилатлари санаб ўтилган. Булар қаторига улуғ мутафаккир қуйидагиларни киритади: тавба, ҳалол луқма билан қаноатланиш, ўз касбидан топиб кун ўтказиш, шариатга риоя этиш, барчадан ўзини кам деб билиш, ҳатто фарзандлари, хизматкорларига қўполлик қилмаслик, чучук тилли бўлиш - яхши, мулойим тилли бўлиш, раҳмдил бўлиш, сахий бўлиш, мард бўлиш, ҳалимлик, хушхулқ бўлиш, ризо-розилик билан кун ўтказиш, сабрли бўлиш, садоқатли, вафоли бўлиш, риёзат чекишдан қўрқмаслик ва бошқалар.

Шу тариқа ўтмишда, комил инсоннинг ўзига хос ахлоқ кодекси ишлаб чиқилган бўлиб, бу сифатларга эга бўлиш ҳар бир одамнинг орзу-армони деб қаралган. Комил инсон ҳақидаги ғоялар катта ижтимоий-ахлоқий аҳамиятга эга бўлган. У инсонни шарафли, эзгулик ва буюк хайр руҳида тарбиялаш, меҳру мухаббат, вафо ва садоқатни кучайтиришга хизмат қилиб келди. Ҳар замон, ҳар лаҳзада инсонларга уларнинг инсонлигини эслатиб, ёвуз, қабиҳ ишлар, ножўя хатти-ҳаракат ва қилиқлардан сақланишга кўмаклашди, уларда иймон ва виждон биносининг пайдо бўлишини таъминлайди.

Комил инсон иймон ва эътиқодлилик, ҳалоллик ва покликнинг олий тимсоли. Биз ҳаммамиз шунга интилиб яшамоғимиз лозим. Мустақил Ўзбекистоннинг бозор муносабатларига ўтиш шароитида иймонли бўлиш, ҳалоллик ва поклик, виждонли ва диёнатли бўлиш нечоғлик зарур эканлиги ҳаммамизга аён. Мана шунинг учун ҳам Президентимиз маънавий баркамол инсон тарбиясида ёшларимизни элини, ватанини севувчи комил инсон килиб тарбиялаш ишига алоҳида аҳамият бериб келаётир. Президентимизнинг қуйидаги таърифида комил инсоннинг асосий хусусиятлари ҳар тарафлама чуқур ва теранлик билан баён қилиб берилганлиги диққатга сазовордир: «Комил инсон деганда, - деб ёзади Ислом Каримов, - биз аввало, онги юксак, мустақил фикрлай оладиган, хулқ атвори билан ўзгаларга ибрат бўладиган билимли, маърифатли кишиларни тушунамиз»7.

Унинг шаклланганлиги даражасини характерловчи энг муҳим фазилатлар эса қуйидагилардир: ақлий зукколик, ҳуқуқий комиллик, ахлоқий етуклик, сиёсий теранлик, меҳнатга ҳалол муносабат, юксак маданий, маънавий савия, профессионал ифтихор, миллий ва умуминсоний ғурур ва бошқалар.

Юқоридагиларни ҳозирги мустақил ҳаётимиз, турмуш тарзимиз, кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг интилишлари билан боғлаб комил инсон чизгиларига қуйидаги хислат ва фазилатлар киришини умумий тарзда баён этишимиз мумкин:



Комил инсоннинг умумий хислатлари: ёқимлилик, кўркамлик, жозибадорлик, салобатлилик, ҳурматга сазоворлик, шоироналик, улуғсифатлик, ўзига хослик, етуклик, жиддийлик, маданиятлилик, тарбияланганлик ва бошқалар;

Комил инсоннинг ахлоқий фазилатлари: инсонпарварлик, дўстлик, ғамхўрлик, жонкуярлик, самимийлик, одамийлик, болажонлик, иймонлилик, фидокорлик, хушмуомалалик, боадаблик, илтифотлилик, кечиримлилик, меҳмондўстлик, халоллик, тўғрилик, диёнатлилик, ҳаромдан ҳазар этиш, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик ва ҳакозолар;

Ишбилармонлик хислатлари: ишчанлик, тиришқоқлик, серҳаракатлилик, масъулиятлилик, инсофлилик, ҳалоллик, малакалилик, эпчиллик, уддабуронлик, саранжом-саришталик, тадбиркорлик, аниқлик, тежамкорлик, баркамоллик, таъмасизлик, таваккалчилик ва бошқалар;

Зукколик, идроклилик фазилатлари: зеҳнлилик, бамаънилик, хотиржамлик, соғлом фикрлилик, донишмандлик, сезгирлик, заковатлилик, топқирлик, нотиқлик, танқидийлик, дадиллик, омилкорлик, саводхонлик, қизиқувчанлик, ишқибозлик кабилар;

Собитлик хислатлари: фаоллик, қатъиятлилик, тезкорлик, жўшқинлик, саботлилик, бир сўзда туришлик, барқарорлик, ботирлик, довюраклик, интизомлилик, жиддийлик, нафсни тийишлик, ўзини йўқотмаслик, совуққонлик, ўзига талабчанлик, камсуқумлик, ўзини ўзи идора эта билиш ва бошқалар.

Эҳтирослилик хислатлари: кўтаринкилик, тантанаворлик, кулиб турувчанлик, хазинлик, келажакка ишонч, эзгулик, кек сақламаслик, олижаноблик, оташинлик, нозик табиатлилик, ҳаёлилик, хижолатпазлик, иффатлилик ва ҳакозолар.

Бизнингча, айни шу хислат ва фазилатларни ёшларимиз онгига сингдира борилиши уларни баркамол, соғлом ва комил инсон руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллик руҳида янгича фикрлайдиган фозил, комил инсон, энг аввало, фуқаролик бурчини аъло даражада ҳис этадитган шахс бўлиши даркор. Содда қилиб айтганда, ҳар қайси комил инсон, ҳар биримиз: «Шу давлат, шу жамият менга нима берди?» деб эмас, балки: «Мен ўзим Ватанимга, элу юртимга нима бердим?» деб ўйлашимиз ва ҳар дам шу ақида билан яшашимиз керак.
Таянч сўз ва тушунчалар:

Мустақиллик ва маънавият; маънавий баркамол авлод; ақлий заковат ва руҳий-маънавий салоҳият маърифатли инсоннинг икки қаноти; комил инсон; соғлом авлод; тўғрилик, ҳалоллик, поклик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, эзгуликка йўллаш; соғлом авлод – жисман бақувват, маънавий бой, ақлий ривожланган, ахлоқий пок, маърифатли инсон; мустақиллик тафаккури; миллий ифтихор; миллий ғурур; миллатпарварлик; комил инсон – жамиятнинг тирик виждони; комил инсон – ҳалоллик ва покликнинг олий тимсоли.



Адабиётлар:

  1. Каримов И.А. Юксак малакали мутахассислар – тараққиёт омили. Т., Ўзбекистон, 1995 й.

  2. Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Т., Шарқ, 1998 й.

  3. Каримов И.А. Баркамол авлод орзуси. Т., Шарқ, 1999 й.

  4. Каримов И.А. Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда. Халқ сўзи, 1999 й, 6 март.

  5. Каримов И.А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т., Ўзбекистон, 2000 й.

  6. Каримов И.А. Миллий истиқлол мафкураси – халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. Т., «Ўзбекистон», 2000 й.

  7. Сафо Очил. Мустақиллик маънавияти ва тарбия асослари. Т., Ўқитувчи, 1997 й.

  8. Комилов Н. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи. Т., 1996 й.

  9. Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда. Т., «Ўзбекистон», 2000 й.




1 Каримов И. Келажакни жасоратли одамлар қуради. «Халқ сўзи» газетаси, 1999 йил, 17-феврал.

2 Каримов И. Ўзбекистон буюк келажак сари. 299-300-бетлар.

3 Қаранг: Ўша жойда, 306-бет.

4 Қаранг. Ислом Каримов. Миллий истиқлол мафкураси – халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. 13-14 бетлар.

5 Каримов И.А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. 25-бет.

6 Қаранг. Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда. Тошкент, «Ўзбекистон», 2000 й. 232-233 бетлар.

7 Каримов И. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. 6-бет.


Достарыңызбен бөлісу:




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет