Педагогик ҳамдардлик – педагог томонидан талабалар, ота-оналар ва
ҳамкасбларининг хатти-ҳаракатлари, ҳиссиётлари, ҳаётий интилишлари,
табиатларини тушуниш, бошқалар нуқтаи назарини маъқуллаш асосида
жамоадаги муносабатларни меъёрда ташкил этилишини таъминлаш
Педагогик ҳамдардлик асосида педагог талаба шахси, унинг
истакларини тушуниш ва у орқали талабаларга самарали таъсир этиш
зарурлигини англайди.
Педагогик мулоқотни ташкил этишда педагог, айниқса, ёрдамига
муҳтож талабаларга алоҳида эътибор бериш, ҳар бир талабада турли ўқув
фанлари асосларини ўзлаштиришга қизиқтириш усулларини, ҳамкорлик,
ижодкорликка асосланган меҳнатни ташкил этишни олдиндан ўйлаб
қўйиш лозим.
Педагогик амалиёт педагог томонидан ташкил этилаётган
мулоқотни бир неча турга ажратиш мумкинлиги кўрсатади. Педагоглар ўз
фаолиятларида мулоқотнинг қуйидаги турларига таяниб иш кўради:
1) ўзаро ижодий фаолиятга қизиқтирадиган мулоқот;
2) ўзаро дўстона муносабатга асосланган мулоқот;
3) муайян масофани сақлаган ҳолда ташкил этиладиган мулоқот;
4) қўрқитиш, таҳдид қидишга асосланган мулоқот;
5) ҳазил-мутойибага, юморга асосланган мулоқот
Педагог томонидан жамоа билан мулоқотни уюштириш
техникасини доимий равишда таҳлил қилиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Маълум вазиятларда педагог раҳбар сифатида талабалар фаолиятларини
бошқаради. Бу жараёнда ҳам мулоқот етакчи омил ҳисобланади. Бироқ,
мулоқотнинг самарадорлиги раҳбар сифатида намоён бўлаётган педагог
томонидан қандай мулоқот услубининг танланганлиги билан белгиланади.
Одатда, педагогнинг раҳбар сифатидаги мулоқот усуллари қуйидаги уч
турга ажратилади:
1. Авторитар услуб. Бунга кўра талабалар томонидан барча
турдаги фаолиятнинг ташкил этилиши, мазмуни, шакли, метод ва
воситаларининг барчаси фақат педагог томонидан белгиланади.
Талабаларнинг ҳар қандай ташаббуслари рағбатлантирилмайди, аксинча,
буйруқ, кўрсатма, йўлланма бериш, шунингдек, жазолаш чораларини
кўриш орқали талабаларга таъсир этилади. Ҳатто талабаларнинг
фаолиятлари ижобий баҳоланган вақтда ҳам уларга бўлган таъсир турли
кесатиқлар билан баён этилади. Яъни: “Сендан ижобий хатти-ҳаракатни
кутмаган эдим?!”, “Буни қара-я, наҳотки ўзгарган бўлсанг!?”, “Қара-я,
биргина аъло баҳо олиш билан ўзингни яхши инсон бўлиб қолган деб
ҳисоблайсанми!?” ва ҳ.к. мазмундаги рағбатлар, улар асли ижобий ҳолатни
эътироф этишга йўналтирилган бўлса-да, талабани янги ютуқларига
илҳомлантирмайди. Аксинча, унда таълим олишга, таълим муассасасига ва
педагогларга нисбатан совуққонликни юзага келтиради.
2. Демократик услуб. Унга кўра педагог педагогик фаолиятни
ташкил этишда жамоанинг фикрига таяниб иш кўради. Ўқув машғулотлари
ва тарбиявий ишларни ташкиллаштиришда ҳар бир талабанинг фикрини
инобатга олишга, уларни умумлаштирган ҳолда энг самаралисини танлаб
олишга интилади. Муҳокамалар чоғида барча талабаларнинг иштироклари
таъминланади. Талабалар томонидан билдирилаётган ташаббуслар қўллаб-
қувватланади, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда бу
ташаббуслар амалиётга татбиқ этилади. Бу услубдан фойдаланаётган
педагог зиммасидаги вазифа фақатгина талабаларнинг фаолиятини назорат
қилиш, тузатишлар киритишдан иборат эмаслигини англаб етади. Асосий
эътиборни талабаларнинг ютуқларини эътироф этган ҳолда ёки уларнинг
хатоларини ўзларига англатган ҳолда самарали тарбия чорасини кўришга
қаратади. Ҳар бир талабанинг ютуғи алоҳида эътироф этиладики, бу эса
уларни янги зафарларга эришишга руҳлантиради. Ушбу услубга асосланиб
иш кўрадиган педагог ҳар бир талабанинг қизиқишлари ва қобилиятларини
ҳисобга олган ҳолда бажариладиган ишларни тўғри тақсимлашга ҳаракат
қилади, фаол талабаларни тақдирлаб боришни фаолиятининг асосий
йўналиши сифатида белгилайди. Педагог талабалар билан мулоқотни
ўрнатишда илтимос, маслаҳатга таяниб иш кўради.
3. Либерал услуб. Одатда бу услуб педагог ва талаба
муносабтларининг келишувчанликка асосланишини таъминлайдиган услуб
сифатида эътироф этилади. Бу услубга кўра иш юритадиган педагог
талабалар томонидан содир этилаётган салбий ҳолатларга ҳам эътибор
бермасликка интилади. Талабаларни тартибга чақириш, вазиятдан келиб
чиққан ҳолда уларнинг фаолиятини тўғри баҳолаб, жазолаш зарур бўлган
вазиятларда ҳам индамасликни одат қилиб олади. Бу эса талабаларнинг
одобсиз, ялқов, масъулиятсиз бўлишларига олиб келади. Либерал услубни
маъқул кўрадиган педагог талабалар ҳаёти билан мутлақо қизиқмайди,
уларнинг фаолиятларига аралашмайди, ҳал қилувчи вазиятларда
масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилади. Айрим ҳолатларда бир-бирига
зид бўлган фикрларни ҳам бирдек маъқуллайди. Бу таҳлитда иш кўрадиган
педагог обрўга эга бўлмайди. Чунки унга ишониш мумкин эмас.
Педагогик фаолиятни ташкил этишда педагогнинг нафақат ўзи,
балки унинг
ижобий таъсири асосида талабалар ҳам мулоқот маданиятини
ўзлаштириб боришлари лозим.
Мулоқот маданияти – мулоқот жараёнини ахлоқий меъёрлар,
ижтимоий талабларга мувофиқ ташкил этиш асосида
суҳбатдошни тушуна олиш эҳтиёжи ва қобилиятига эгалик
Таълим амалиёти педагогик мулоқот жараёнида педагоглар
томонидан қуйидаги камчиликларга йўл қўйилишидан далолат беради:
эҳтиётсизлик, шахсиятпарастлик, суҳбатдошни ортиқча мажбурлаш;
сусткашлик, ўзини жуда юқори ёки паст қўйиш; ҳаддан ташқари
жонбозлик кўрсатиш.
Педагог талабаларга самарали коммуникатив таъсир кўрсатиш
малакаларини ўзлаштира олиши зарур.
Коммуникатив таъсир кўрсатиш – талабалар билан мулоқотда
бўлиш, уларга тўғри ёндашиш, педагогик назокат билан уларга
тарбиявий, иродавий ва ҳиссий таъсир этиш
Маҳоратли педагог фаолиятида педагогик такт ҳам ўзига хос ўрин
тутади:
Педагогик (назокат) такт – педагогнинг талабалар билан турли
фаолият шакллари бўйича ташкил этиладиган мулоқотда мавжуд
ахлоқий тамойиллар, ҳулқ-атвор қоидаларга риоя қилиши,
уларга тўғри ёндашиш малакаларига эгалиги
Педагогик такт педагог фаолиятига ғоявий ва амалий жиҳатдан бир-
бирига мос келадиган педагогик ахлоқнинг бевосита татбиқ этишнинг
шакли сифатида намоён бўлади.
Такт (даҳлдорлик) – ахлоқий ҳулқ-атвор, хатти-ҳаракат бўлиб, ўзида
барча объектив ҳаракатларнинг оқибати ва уларнинг шахс томонидан
субъектив қабул қилишни аввалдан кўра олиш, белгиланган мақсадга
осонроқ эришиш йўлларини излашнинг намоён бўлиши
Ўз моҳиятига кўра педагогик такт ижодий изланишни талаб
этадиган амалий ҳаракатдир.
Педагогга хос бўлган педагог тактнинг асосий таркибий
элементлари сифатида қуйидагиларни эътироф этиш мумкин:
1) шахсга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш;
2) юксак талабчанлик;
3) суҳбатдошни қизиқиш билан тинглай олиш
ва унга нисбатан қайғуриш малакаси;
4) руҳий барқарорлик, дадиллик ва оғир вазминлик;
5) муносабатлар жараёнида ишонч билан сўзлай олиш;
6) қатъиятлилик (қайсарлик эмас);
7) талабаларга нисбатан эътиборли ва хушёр бўлиш
Талабаларга педагогик маҳорат асосларига доир билимларни беришда
уларда педагогик тактнинг қуйидаги элементларини тарбиялашга жиддий
эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:
- талаба шахсини ҳурмат қилиш ва унга нисбатан талабчанлик;
- турли фаолият бўйича талабаларда мустақилликни ривожлантириш ва
уларнинг ишларига оқилона педагогик раҳбарлик қилиш;
- талабанинг руҳий ҳолатига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда
бўлиш, унга нисбатан юксак идрок билан изчил талаблар қўйиш;
- талабаларга ишониш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиб бориш;
- улар билан мулоқотни ташкил этишда ўзини оқлаган ишчан ва
ҳиссий характерга эга муносабатларни қўшиб олиб бориш
Педагогнинг педагогик тактга эгалиги унинг юриш-туриши,
вазминлиги, ўзини тута билишида намоён бўлади. Ушбу сифат талабага
ишонч билан қарашни назарда тутади. Талабага ишончсизлик билан қараш
педагогнинг педагогик тактга эга эмаслигини ифодалайди. Ҳар қандай
педагогик низо ёки зиддиятларнинг асосида педагогнинг педагогик тактга
эга эмаслиги ётади. Ҳар қандай қўполлик, кесатиқ ва койишлар,
талабаларни доимий равишда танқид қилиш, уларга ишончсизлик
билдириш педагогик низоларни келтириб чиқаради. Педагогик такт,
шунингдек, педагогнинг талаба жавобини диққат билан тинглашида,
жавобнинг мазмунига алоҳида эътибор қаратишида, борди-ю, талаба хатога
йўл қўядиган бўлса, уни босиқлик, вазминлик билан тўғрилашда, талаба
фаолиятини ҳаққоний, оқилона баҳолашда, қўйилган баҳонинг моҳиятини
изоҳлашда намоён бўлади. Бу жараёнда жавоб бераётган талабага
жилмайиш, турли имо-ишоралар билан, бошни қимирлатиш, юз
ифодалари, қўл ҳаракатлари билан унинг жавобларини маъқуллаб туриш
педагогик фаолият самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Маҳоратли педагог талабалар фаолиятини баҳолашда эҳтиёткор
бўлиши лозим. Зеро, нотўғри қўйилган баҳо талаба шахсига салбий таъсир
кўрсатиб қолмай, балки унинг ўқишга бўлган қизиқишини сўндиради.
Талабалар фаолиятини баҳолашда В.А.Сухомлинскийнинг педагогик
тажрибасига таяниб иш кўриш мақсадга мувофиқдир:
1. Талабага амалий ёндашиш (“Талаба бўлгандан кейин ўқиб келиш
керак-да” тарзида эмас), балки унга шахс сифатида муносабатда бўлиш
(“Талабам, энг аввало, шахс, бола, сўнгра эса талаба. Мен унга қўядиган
баҳо унинг билими ўлчови эмас, балки менинг унга нисбатан инсоний
муносабатимдир” тарзида ёндашиш).
2. Ҳар бир баҳо талабани келажакка ишонч руҳида тарбиялаши
зарур; у талабанинг меҳнатини рағбатлантириши, бироқ, унинг
дангасалиги ва қобилиятсизлиги учун жазо воситаси бўлмаслиги зарур.
3. Ўқув жараёнини самарали бошқариш ва педагогик
низоларни ҳал этиш. Педагогик жараёндаги муҳим ҳодисалардан бири –
низо саналади.
Низо – қарама-қарши, бир-бирига тўғри келмайдиган кучлар
тўқнашуви, икки ёки ундан кўп тарафлар орасида ўзаро келишувнинг
йўқлигини, манфаатлар тўқнашувини ифодаловчи зиддият
Педагогик низо –педагог ва талаба, ота-она, ҳамкасблар ёки
раҳбарият ўртасида педагогик жараёнда юзага келган
манфаатлар тўқнашуви, ўзаро қарама-қаршилик
Педагогик низо бир қатор белгиларга эга. Унга хос бўлган асосий
белгилар қуйидагилардир:
Инқироз; англашилмовчилик; кутилмаган ҳодиса;
зўриқиш; ноқулайлик, ички ёки ташқи хавотир,
бартараф этиш қийин бўлган қўрқув
Педагогик низоларни келтириб чиқарувчи омиллар қуйидагиларир (47-
расм):
Достарыңызбен бөлісу: |