ИБН СИНОНИНГ ФАЗО ВА ВАҚТ КОНЦЕПЦИЯСИ ҲАҚИДА1
Буюк ватандошимиз Абу Али Ибн Сино борлиқнинг фазо ва вақт структураси ҳақида ҳам эътиборга лойиқ фалсафий ғояларни илгари сурган.
Ҳозирги замон онтологик ва гносеологик тадқиқотларида фазо ва вақтнинг хусусиятларини талқин этувчи бир қанча концепциялар мавжуд. Улар қуйидаги концепциялардир:
Фазонинг субстанциал концепцияси. Бу концепция бўйича фазо ўзгармас бир жинсли бўшлиқ, нарсалар жой эгаллайдиган бўш кўлам сифатида талқин этилади1. (Ибн Сино бундай ёндашувни бир ёқлама ёндашув ҳисоблаган);
Фазонинг реляцион концепцияси. Бу концепция бўйича фазо – нарсаларнинг ўзаро жойлашиш тартибини ифодаловчи хусусияти бўлиб, у ҳар бир объектнинг структуравий хусусиятини беради2. Фазо нарсаларга боғлиқ ва у нарсалардан ташқарида бўлиши мумкин эмас. (Ибн Сино реляцион концепциянинг тарафдори бўлган);
Вақтнинг субстанциал концепцияси. Бу концепция бўйича вақт ҳодисалар рўй берадиган давомийлик. У ўзгармас ва бир хилда оқади. Вақт – мутлақо бўм-бўш бўлиши мумкин. Ҳодисалар эса шу бўм-бўш вақтда бўлиб ўтади.
Вақтнинг реляцион концепцияси. Бу концепция бўйича жараёнларнинг рўй бериши – вақтнинг ўтишидир. Вақт объектив жараёнлардан, ҳодисалардан ташқарида бўлмайди.
Вақтнинг динамик концепцияси1. Бу концепция бўйича вақт ўтмишдан ҳозирги замон орқали келажакка қараб оқиб туради ва у орқага қайтмайди. Ҳозир биз билан ёнма-ён турган жараёнлар эртага ўтмишдаги жараёнга айланади. Бугун рўй берган ҳодисалар кеча ҳали рўй бермаган, келажакда рўй беражак ҳодиса эди.
1 Ибн Синонинг фазо-вақт концепцияси ҳақида. // «Абу Али Ибн Сино ва ҳозирги замон фани» мавзусидаги илмий-назарий семинар материаллари. – Т.: Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2011.
Вақтнинг статик концепцияси. Бу концепция бўйича вақтнинг барча лаҳзалари бирдай мавжуд бўлиб, ҳодисалар бу вақт оқимида жой эгаллайди. Ҳодисалар бир-биридан «олдин» ёки «кейин» рўй берганлиги билан фарқланади, холос.
Асинкретик фазо ва вақт концепцияси. Бу концепция бўйича вақт ва фазо борлиқнинг бир-биридан мустақил, алоҳида атрибутлари бўлиб, улар бир-бирига боғлиқ эмас, бир-биридан ажралган мустақил субстациялардир.
Вақт ва фазонинг синкретик концепцияси23. Бу концепция бўйича вақт ва фазо бир-бири билан чамбарчас, узвий боғланган яхлит ягона системадир, уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди, яъни фазонинг вақтдан ташқарида, вақтнинг эса, фазодан ташқарида бўлиши мумкин эмас.
Ибн Синонинг фазо ва вақт ҳақидаги таълимотини таҳлил этсак, унинг илмий салоҳияти анча узоқни кўра олганлигидан кишини ҳайратга солади. Ибн Сино релятивистик физика яратилмасдан қарийиб 10 аср илгари фазо вақт моҳиятини таҳлил этишда реляцион концепциясини илгари сурган. Унинг фикрича, фазо ва вақт бир-бири билан ва ҳаракат билан чамбарчас боғлангандир1. Фазо вақтдан, вақт эса фазодан ташқарида бўлмайди. Ибн Сино фикрича, вақтнинг табиати ўтмишдан келажакка қараб оқишдан иборат, ҳозирги замон ўтмишни келажак билан туташтириб турувчи ҳозирги лаҳзадир. Шу пайт, шу лаҳзадан туриб ўтмиш ва келажакни таққослаш мумкин: ўтмиш вақтнинг бўлиб ўтган қисми, келажак эса вақтнинг бўлажак қисми. Вақт шу кетма-кетликда оқишини давом эттиради, у орқага қайтмайди. Шу жиҳатларни инобатга олсак, Ибн Сино вақтни лаҳзалар кетма-кетлигининг динамик тарзда кетма-кет алмашиб бориши тарзида ифодалаб берган. Бу унинг вақт оқимини изоҳлашда динамик концепцияда турганлигини англатади. Ибн Сино вақт ва фазони синкретик бирликда тушунган. Яъни, унинг фикрича, вақт, фазо ва ҳаракат бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар бир-бирини тақозо қилади, тўлдиради ва бири бошқаларисиз мавжуд эмас2.
Вақтни Ибн Сино ҳаракатнинг миқдори деб таърифлаб шундай ёзади: «Ҳаракат ўзидан ташқарида бўлган икки миқдорга эга: биринчиси – босиб ўтилган йўлнинг узунлиги бўлса, иккинчи миқдор вақт дейилади»3. Бу фикрда фазо ва вақтнинг ҳаракат билан чамбарчас боғлиқлиги яққол ифодалангандир. Ибн Сино фазонинг жисмсиз бўлиши мумкин эмаслигини, табиатда мутлақ бўшлиқнинг бўлмаслигини қатъий таъкидлайди4. Демак, Ибн Сино фикрича, ҳар қандай объект фазо-вақт структурасига эга, оламда ҳеч бир нарса (ягона яратувчидан ташқари) фазо ва вақтдан ташқарида бўлиши мумкин эмас5. Бу фикрлар Ибн Синонинг ўз давридаги замондошларидан анча илгарилаб кетганлигини ва у фазо ва вақт табиатига оид оригинал фикрларни дадил ўртага ташлай олганлигини кўрсатади. Ибн Сино бевосита ўзининг амалий фаолиятида фазо ва вақт муносабатлари билан боғлиқ жараёнлар билан тез-тез тўқнаш келганлиги учун ҳам борлиқнинг бу хусусиятларга оид мураккаб масалаларни ҳам ақл-идрок воситасида муфассал еча олган.
Ибн Синонинг фазо-вақт концепцияси ҳозирги замон табиатшунослиги фанларида ҳам юксак эътиборга лойиқдир. Айрим тадқиқотчилар Ибн Синонинг бу концепциясини Арасту таъсирида айтилган ғоялар деб ҳисоблашади1. Аммо Ибн Сино Арасту фикрларининг кўчирувчиси эмас, балки уни тан-қидий ўрганиб, унга нисбатан анча илғорроқ бўлган мустақил илмий концепцияни илгари сурган. Ибн Сино фазо ва вақтнинг хусусиятларни Арастудан фарқли равишда борлиқнинг релятивистик табиатига боғлаб изоҳлайди, табиатда бўшлиқнинг бўлмаслиги ғояси ҳам ана шу концепциядан келтириб чиқарилган мустақил нуқтаи назардир. Мутафаккирнинг фазо ва вақтнинг табиати ҳақидаги қарашлари унинг «Китоб аш-Шифо», «Донишнома» асарларида ва унинг Абу Райҳон Беруний билан ёзишмаларида2 батафсил таҳлил этилган.
Ибн Сино борлиқнинг асосий фундаменталь атрибутлари – ажралмас хусусиятлари бўлган фазо, вақт ва ҳаракатнинг бирбири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини таъкидлаш асосида бу атрибутларни бир бутун система сифатида синкретик (узвий боғланган) реаллик тарзида талқин этган. Ибн Синонинг фазовақт концепцияларидаги яна бир жиҳат шундаки, у бошқа файласуфлардан фарқли равишда фазо ва вақтнинг маънавийруҳий шакли ҳам мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақидаги илмий фаразни илгари сурган. Унинг фикрича, руҳият ҳам ўз тузилишига, фазо-вақт тизимига эга ва ундан ташқарида бўлиши мумкин эмас3. Бу маънавий фазо ва маънавий вақт ҳақидаги қарашларнинг вужудга келиши учун ўзига хос асос бўлган бўлиши мумкин. Маънавий вақтнинг ўзига хослиги унинг орқага қайтмаслик хоссасидан мустаснолигидадир. Бу ғоя ХХ асрга келиб Бертран Рассел томонидан перцептуаль вақт атамаси билан фанга кирди1. Расселнинг перцептуаль вақт атамаси – психологик, идрок этилаётган, тасаввурдаги вақт маъносини англатади. Маълумки, вақтни турли руҳиятдаги, турли ҳолатдаги одамлар турлича идрок қилади: биров учун вақт имиллаб ўтаётган бўлса, бошқалар учун у жуда тез ўтиб кетгандек бўлиб туюлади. Бу – ҳозирги замон темпорологиясида (вақтшуносликда) перцептуаль вақт деб аталади.
Ибн Синонинг илмий-фалсафий меросини ўрганиш бугунги кун учун ҳам ўта муҳим аҳамиятга эгаки, унинг серқирра ижодидаги оламнинг тузилиши, моҳияти ва фазо-вақтнинг табиатига оид қимматли фикрлари бугунги фан учун ҳам ўзининг қадр-қимматини йўқотмаган.
2011
БОРЛИҚ2
Китобда «Фалсафа» ўқув дастурининг борлиқ ва унинг хусусиятларига бағишланган қисмига оид масалалар муҳокама қилинган. Шунингдек, борлиқ ва унинг таркибий қисмлари, шакллари, атрибутлари,материя ва борлиқнинг мавжудлик усули – ҳаракат; намоён бўлиш шакллари – фазо ва вақт, борлиқнинг маънавий шакли – онг, оламнинг бирлиги ва хилма-хиллиги ҳақида қизиқарли маълумотлар ифода этилади.
КИРИШ
…Бу кўҳна дунё, биз яшаётган ҳаёт ягона, яхлит бир воқеликдир. Ислом Каримов3.
Инсониятнинг бутун онгли ҳаёти мобайнида ўзини ва қуршаб турган оламни англаб етишга интилиб келди. Аммо унинг дастлабки билимлари узуқ-юлуқ, бир-бирига боғланмаган фрагментар билимлар йиғиндисидан иборат эди. Бора-бора инсон ўзи ва атрофидаги интеллектуал кучлар тўплаган билимларни тартибга солишга, системалаштиришга, классификация қилишга киришиб кетди. Бу билимларнинг ҳаммасини ягона тизимга солиб умумлаштирилса, инсониятнинг борлиқ ҳақидаги билимлари системаси вужудга келади. Ҳар қандай кишининг фаолияти у ёки бу тарзда борлиқ билан, борлиқ ҳақидаги билимлар билан боғлангандир. Ушбу китобда биз борлиқ ҳақидаги фалсафий фикрларни муайян системага солишга интилдик. Шунингдек, борлиқ ва унинг асосий шакллари, ажралмас хусусиятлари – атрибутлари: ҳаракат, фазо, вақт ҳақида; борлиқнинг моддий шакли – материя ва маънавий шакли – онг тўғрисида; оламнинг мураккаблиги ва хилма-хиллиги ҳақида мулоҳаза юритдик. Аммо биз ўз нуқтаи назаримизни якунланган фикр ёки мукаммал назарий хулосалар, деган қарашлардан мутлақо йироқмиз.
Табиийки, ҳар қандай мукаммал деб ҳисобланган фикрлар ҳам вақт ўтиши билан янада такомиллаштиришни, ривожлантиришни, таҳлил этишни талаб қиладиган фикрлар қаторига киради. Ушбу китобда биз ўз имкониятларимиз даражасига таяниб, борлиқ ва унинг асосий атрибутлари тўғрисида фикрлашга интилдик. Бу мулоҳазаларимизни инсоният тарихида қўллаб келинган табиий фанларнинг хулосаларига таянган ҳолда илгари сурдик. Маълумки, бу фанлар ҳам даврлар ўтиши билан такомиллашиб, ривожланиб, парадигмал ўзгаришларга учраб келган. Масалан, минг йиллар мобайнида ўзининг ҳукмрон мавқеини қўлдан бермай келган Евклид (м.а. 330–275 йиллар атрофида) геометрияси 18-асрга келиб, ноевклид геометриясининг асосли эътирозига учради. 20-асргача физика ва космологияга ўз ҳукмини ўтказиб келган Ньютон механикаси, ХХ асрнинг бошидаёқ нисбийлик назариясига йўл беришга мажбур бўлди. Бу жараёнлар ва ўзгаришлар инсониятнинг борлиқ ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайтирди ва чуқурлаштирди.
Борлиқ ҳақидаги таълимот фалсафанинг энг муҳим марказий фундаментал масаласи ҳисобланади, чунки фалсафа ўрганадиган қайси бир масалани олмайлик, у борлиқ муаммоси билан боғлиқ эканлигини кўрамиз. Ҳақиқатда марказий ўринни эгаллайди, чунки борлиқ муаммоси фалсафадаги ҳар қандай дунёқараш ва методологик муаммоларнинг асоси ҳисобланади. Борлиқ ҳақидаги фалсафий мунозаралар фалсафа тарихида муҳим дунёқараш муаммоси сифатида қадимдан давом этиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Фалсафа фанининг борлиқ ҳақидаги масалаларни ўрга-нувчи қисми онтология деб аталади. Онтология сўзи юнонча – ontos (мавжудлик) ва logos (таълимот) сўзларининг бирикмасидан ташкил топган бўлиб, «мавжудлик ҳақидаги таълимот», яъни борлиқ ҳақидаги фан маъносини ифодалайди. Онтология атамаси фан тарихида биринчи бор 1613 йили немис олими Р. Гоклениуснинг «Фалсафа луғати»1 да, сўнгра Христиан Вольф (1679–1754) нинг фалсафага оид дарслигида ишлатилган.
Биз ушбу китобда борлиқ ва унинг намоён бўлиш шакллари, ҳаракат, ривожланиш, фазо ва вақт, борлиқнинг турлари, хусусиятлари, борлиқ ҳақидаги турли концепциялар, моддий борлиқнинг тузилиши, тузилиш даражалари, оламнинг космологик манзараси ва коинотнинг космологик моделлари, маънавий борлиқ ва унинг шакли бўлган инсон онгги, тафаккури, оламнинг хилма-хиллиги ва мураккаблиги ҳақидаги замонавий илмий қарашлар тўғрисида атрофлича маълумотлар беришга ҳаракат қилдик. Бу маълумотлар ушбу китобни ўқувчиларга оламнинг табиий-илмий манзараси ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлишига, объектив оламни ва маънавий оламни чуқурроқ англаб етишига, фалсафий мушоҳада доирасининг кенгайишига хизмат қилади.
Шунингдек, бу китоб фалсафий билим асослари бўйича дарс берувчи ўқитувчилар учун ҳам муҳим қўлланма, ўқувчилар, талабалар ва тадқиқотчилар учун эса оламнинг фундаментал қонуниятларини ўргатувчи маълумотнома сифатида хизмат қилади, деб ўйлаймиз. Бундан ташқари, мазкур китобдаги ахборотларни ўзида мужассамлаштирган табиий-илмий ва фалсафий билимлар кишиларнинг дунёқарашини кенгайтириши билан бир қаторда, уларни турли хил «псевдоилмий», яъни «илмсимон» сохта ғояларга эргашиб кетишидан асрайди, ўқувчиларнинг фалсафий мушоҳада қобилиятини ривожлантиради.
Достарыңызбен бөлісу: |