Изотроплик – фазонинг хусусиятлари барча йўналишларда бир хил эканлигини ифодалайди. Яъни физик қонуниятлар фазонинг барча йўналишларда бир хил тарзда рўй беради. Коинотнинг одатдаги фазовий структураси изотропдир. Аммо сингуляр нуқталарда изотроплик анизотроплик билан алмашинади. Масалан, қора туйнукларда фазонинг бир ўлчами, қора туйнук марказига қараб йўналган ўлчови орқага қайтмас, изотроп хусусиятга эга бўлиб, вақтнинг барча лаҳзалари бир хилда қотиб қолади. Бу ҳолатни айрим тадқиқотчилар фазонинг вақтга, вақтнинг эса фазога айланиб қолиши деб изоҳлашга уринишади. (Бу ҳақда менинг «Фазо. Вақт. Ривожланиш» (Пространство. Время. Развитие.) номли монографиямдан кенгроқ маълумот олишингиз мумкин.1). Аммо фазо ва вақтнинг ўзига хос индивидуал жиҳатлари ҳам бўладики, бу жиҳатлар фазо ва вақтни бир-биридан сифатий жиҳатдан ажратиб туради. Шу жиҳатдан, кишилардан «бўйинг қанча?» деб сўрасангиз, у метр ва сантиметрларда қанча бўлишини айтади, аммо ҳеч қачон соат ва минутлар билан айтмайди. Тўғри, у шундай жавоб бериши ҳам мумкин: менинг оёғим учидан бошимга қараб йўл олган чумоли, бир текис ва тўғри чизиқли ҳаракат қилса, 6 минут, 4 секундда етиб боради. Яъни, чумоли секундига 5мм. масофани босиб ўтса 6 минутда 180 см. масофани босиб ўтади, яна 4 секундда 2 см. масофани ўтади, ҳаммаси бўлиб 182 см., демак, унинг бўйи 1 метр 82 см. Бу жавоб албатта латифага ўхшаш ҳазиломуз жавоб. Ҳаётда эса ҳеч ким фазо ва вақтни бир бири билан чалкаштириб юбормайди.
Вақт ўзининг қатъий бир йўналишга эгалиги, орқага қайтмаслиги, анизотроплиги, бир ўлчовлилиги билан фазодан фарқ қилиб туради. Вақтнинг анизотроплиги унинг ўтмишдан келажакка қараб бир томонгагина йўналганлигидадир. Вақтнинг табиати барча йўналишларда бир хил эмас. Вақтнинг бошқа йўналиши йўқ, яъни у фазо сингари барча йўналишларда бир хил табиатга эга эмас. Вақтнинг бир томонга йўналиши ўтмишга олиб борса, бошқа томондаги йўналиши эса келажакка олиб боради.
Эгилганлик
Фазонинг яна бир метрик хусияти эгилганликдир. Эгилганлик фазонинг шундай метрик хусусиятики, у фазовий сиртнинг қандай табиатга эгалигини ифодалайди. Фазо ўз табиатига кўра текис, силлиқ (эгилмаган), эгарсимон (манфий эгилган – Лобачевский фазоси) ёки шарсимон (мусбат эгилган – Риман фазоси) сиртга эга бўлиши мумкин. Борлиқнинг турли жойларида фазонинг эгилиши турлича бўлади. Абсолют силлиқ сиртга Евклид геометрияси қоидалари мос келади, манфий эгилган сиртга Лобачевскийнинг ноевклид геометрияси, мусбат эгилган сиртга эса Риман геометрияси қоидалари мос келади. Ҳар қандай конкрет жисмнинг ўзига хос фазовий параметрлари бўлади. У турли ҳисоб системаларида турлича намоён бўлади. Фазонинг эгилиш даражаси 90°дан ошса, бундай фазо ўзини ўзи ўраб ёпиб қўйиб ёпиқ системага айланади ва бундай фазонинг топологик хусусиятларида ўзгариш содир бўлади, яъни бир боғланган фазо кўп боғланган фазога айланади.
Вақтнинг эгилганлиги
Вақтнинг эгилганлиги назарий жиҳатдан асосга эга, аммо амалий жиҳатдан реалликда вақтнинг эгилишига хос ҳодиса учрамаган. Шунга қарамасдан, айрим олимлар вақтнинг эгилиши, вақт сиртмоғи ҳақидаги ғояларни исботлашга уринишмоқда. Ж.Уитроунинг «Вақтнинг табиий фалсафаси»1 номли монографиясида вақт сиртмоғи – вақт эгилишининг намоён бўлишидир деган тезисни ҳимоя қилган. Аммо бу тезис ҳали етарли даражада илмий асосланмади. Айрим математик моделларда фазовақт эгилишини кўрсатувчи тенгламалар мавжуд, аммо бу тенгламаларнинг объектив воқеликдаги реал аналоглари ҳозирча аниқланмаган, топилмаган. Бундай тенгламаларда фазонинг эгилиши айни пайтда вақтнинг ҳам эгилиши деб ҳисобланади. Принцип жиҳатдан эгилиш фазо-вақт хилмахиллигига хос бўлса, нега энди у фақатгина фазога тааллуқли бўлиб, вақтга тааллуқли эмас экан? Бу саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ.
Фазо ва вақтнинг топологик хусусиятларига юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, фазонинг фундаментал ва барқарор сифатий хусусиятларидан қуйидагилар киради: фазонинг узлуксизлиги (ёки дискретлиги), ўлчамлилиги, тартибланганлиги, компактлиги, мўлжалланганлиги, вақтнинг узлуксизлиги, бир ўлчовлилиги, орқага қайтмаслиги, чизиқли боғланганлиги ва бошқалар. Бу хусусиятлар фазо ва вақтнинг туб моҳиятини акс эттиради.
Фазонинг узлуксизлиги
Фазонинг узлуксизлиги – фазони ташкил этган нуқталарнинг бир-бири билан чамбарчас боғланганлиги, ҳар қандай предметларни бир-бири билан туташтириб турувчи муҳитнинг ҳам узлуксиз боғланганлигини ифодалайди. Оламда ҳар қандай объект ўз таркибий қисмларга эга ва бу қисмларнинг ўзи ҳам бир қанча таркибий элементлардан ташкил топган бўлади. Ҳеч қачон бу иерархик тарзда таркибий қисмларга бўлинишнинг охири йўқ. Шунингдек, олам катталигида ҳам охирги катталикнинг бўлиши мумкин эмас. Масалан, қуёш системаси юлдузлар тўпи таркибига кирса, юлдузлар тўпи галактика таркибига киради. Миллионлаб галактикалар эса метагалактикани, метагалактикалар тўпи янада каттароқ космологик объектни ташкил этади ва шу тарзда давом этаверади. Бир томондан барча моддий объектлар ўзича узлуксиз фазовий структурага эга бўлганлиги билан, иккинчи томондан у мустақил объект сифатида бошқа объектлардан ажралиб турувчи дискретликка эга. Бу фазонинг айни бир вақтнинг ўзида ҳам узлуксизлик, ҳам узлуклилик, яъни дискретлик хусусиятига эга эканлигидандир. Араб файласуфи Ал-Киндий «Узлуксизлик – учларнинг туташувидир. Оралиқдаги боғловчи – бир ўлчамга эга бир-биридан мустақил бўлган икки жисмнинг учларини бир–бири билан туташтиради».1 – деб ёзади.
Ҳар қандай моддий объектда узлуксизлик узлуклилик (дискретлик) билан биргаликда, бир–бирини тўлдирувчи бўлиб келади. Вақтнинг узлуксизлиги ҳам фазонинг узлуксизлиги сингари бўлиб, уларнинг асосий фарқи ўлчамлилигида. Фазо, аниқроғи макроскопик фазо уч ўлчам бўйича узлуксиз бўлса, вақтда эса бир ўлчам бўйича давомийликнинг узлуксизлиги намоён бўлади.
Ўлчамлилик
Ўлчамлилик – фазо ёки вақтнинг қанча йўналишлар бўйича эркинликка эга эканлигини ифодалайди. Одатдаги макроскопик фазо уч йўналиш бўйича эркинликка эгадир. Бу йўналишларни жисмнинг эни, бўйи ва баланлиги бўйича, вақтда эса битта йўналишда (яъни ўтмишдан келажак сари) эркинлик бор деб қараш мумкин. Шундан келиб чиқиб фазони уч ўлчовли, вақтни эса бир ўлчовли деб ҳисоблашади. Қадимги юнон олими Евклид ўз геометриясида нуқтани ўлчамга эга эмас (0 ўлчамли), чизиқни эса бир ўлчовли (фақат узунликка эга), юзани икки ўлчовли (эни ва бўйи бор), ҳажмни уч ўлчовли (эни, бўйи ва баландлиги бор) деб ҳисоблаган. Бу фазо ўлчамлилигини тушунтиришнинг энг содда ва абстрактлашган усули. Аслида жисмнинг энини, бўйини ва баландлигини бир-биридан сира ажратиб бўлмайди. Қоғознинг ҳам баландлиги бор, чизиқнинг ҳам эни ва баландлиги, нуқтанинг эни, бўйи ва баландлиги бўлади, акс ҳолда, улар кўринмай қолар эди. Евклид геометрик тушунчаларни ифодалаш учун абстракция ва идеаллаштириш усулидан фойдаланган. 1-чизмага қаранг:
истории прогрессивной общественно-философской мысли в Узбекистане. – Т.: Фан,1976. С.90.
Достарыңызбен бөлісу: |