Ҳамма нарса тараққиётда, ривожланишда, ҳаттоки Коинотнинг ўзи ва у ҳақдаги фикрларимиз ҳам ривожланишдадир.
Космологиянинг моҳияти
Космология – (юнон. kosmos1 – коинот ва logos – таълимот) – табиатшуносликнинг бутун Коинотни яхлит система сифатида ўрганувчи таълимотни қамраб олувчи қисми. У Коинотнинг тузилиши, келиб чиқиши ва ривожланиши қонуниятларини ўрганувчи табиий фандир. «Космология, – деб ёзади НьюЙоркдаги Сиракуз университети профессори П. Бергман, бутун бир яхлит Коинот билан шуғулланади, унинг тузилиши ва ривожланишини ўрганади»2.
Бу фан қадимги замонда вужудга келган бўлиб, у пайдо бўлган пайтда коинот ҳақидаги тасаввурлар ҳали жуда тор бўлиб, бу тасаввурлар фақат Ер атрофидаги чегараланган муҳитни англатган. Даврлар ўтиши билан инсоннинг коинот ва унинг тузилиши ҳақидаги тасаввурлари тобора кенгайиб боради. Инсон Ер ва унинг атрофидаги осмон ёритқичларини, Қуёш системаси ва унинг таркибига кирувчи осмон жисмларини, юлдузлар системаси, туманликлар ва галактика ҳақидаги тасаввурга эга бўлди. Кузатиш астрономиясининг имкониятлари кенгайгач, инсон Ер шаридан жуда узоқда жойлашган космик объектларни ҳам ўргана бошлади. Радиотелескоплар пайдо бўлгач, квазарлар ва квазагларни, бутун метагалактикани, бизнинг галактикага қўшни галактикаларни ҳам кузатиш имкониятига эга бўлди. Айниқса, коинотни ўрганишга нисбийлик назарияси қонуниятларининг тадбиқ этилиши, унинг тузилиши ва ривожланиши ҳақидаги тасаввурларни бутунлай ўзгартириб юборди. Коинотнинг массаси ҳақидаги масала, унинг бир жинслилиги ва изотроплиги ҳақидаги ғоялар пайдо бўлди. Қора туйнуклар назарияси, коинотнинг яширинган массаси ҳақидаги қарашлар оламнинг тузилиши ҳақидаги фикрларни янада чуқурлаштирди. Бундай космологик ғоялар Коинот ҳақидаги турли хил космологик моделларнинг вужудга келишига сабабчи бўлди.
Космологик моделлар
Космологик моделлар деб А. Эйнштейннинг гравитация тенгламаларининг ечимларидан келиб чиқувчи хулосаларни Коинотнинг тузилишига татбиқ этиш асосида тузилган назарий математик конструкцияларга (қурилмаларга) айтилади. Бундай конструкциялар гравитацион тенгламаларни ечиш жараёнида вужудга келганлиги сабабли, уларни Коинотнинг релятивистик моделлари деб ҳам аталади, чунки Космологик моделлар асосан умумий нисбийлик назарияси талабларидан келиб чиқиб тузилади. Космологик моделлар бир томондан Коинотнинг яхлитлигини таъминловчи кучларнинг даражаси, Коинотда мужассамлашган модда ва нурланишнинг қандай тақсимланганлиги, Коинотнинг ўртача зичлигининг қандай бўлишига қараб, бир жинсли ва изотроп коинотнинг турлича моделлари бўлиши мумкин.
Достарыңызбен бөлісу: |