ФАЗО ВА ВАҚТ, макон ва замон – борлиқнинг умумий яшаш шакллари; фазо дунёни ташкил этувчи объектлар ва улардаги таркибий нуқталарнинг ўзаро жойлашиш тартиби, кўлами ва миқёсини ифода этса, вақт дунёда содир бўлувчи ҳодиса ва жараёнларнинг кетма-кет рўй бериши ва давомийлигини ифодалайди. Фазо ва вақтнинг табиати ҳамда моҳияти ҳақида қадимдан файласуфлар хилма-хил нуқтаи назарни илгари сурган. Уларни умумлаштириб 2 га: субстанциал ва реляцион концепцияга ажратиш мумкин. Субстанциал концепцияда фазо ва вақтнинг абсолют (мутлақ) жиҳатлари, реляцион концепцияда эса уларнинг нисбий жиҳатлари мутлақлаштирилади. Субстанциал ёндашув тарафдорлари (Демокрит, Платон, Эроншахрий, Закариё ар-Розий, Беруний, Патриций, Кампанелла, Гассенди, Ньютон, Эйлер ва бошқалар)нинг фикрича, фазо—материя ва моддий алоқадорликлардан ташқарида, уларга боғлиқ бўлмаган ҳолда, мавжуд бўлган мустақил субстанциядир; у моддий объектларнинг жойлашиш макони, фазо абсолют(мутлақ)дир. Вақт эса борлиққа, фазо ва ҳаракатга жиддий таъсир кўрсатади; вақт муносабатлари ҳамма ҳисоб системаларида бир хилда ўтади. Фазо ва вақтни мустақил субстанция деб ҳисоблаганликлари учун уларнинг ёндашуви фанга субстанциал концепция номи билан кирган. Реляцион ёндашув вакиллари (Арасту, Августин, ал-Киндий, Ибн Сино, Носир Хисрав, Фахриддин Розий, Насриддин Тусий, Декарт, Лейбниц, Толанд, Юм, Фихте, Кант, Гегель)нинг фикрича, фазо – моддий дунёнинг таркибий тузилиши тартибининг намоён бўлиши, жисмларнинг ўзаро жойлашиш ўрни ва моддий нарсаларнинг мавжудлиги тартибини ифодалайди. Фазо жузъий ҳолда ҳам, умумий ҳолда ҳам моддий дунёнинг ҳолатига боғлиқ; материя фазонинг мавжудлиги учун асосий воситадир, вақт эса материянинг атрибути (ажралмас хусусияти), у материядан ташқарида мавжуд бўлиши мумкин эмас, у нисбийдир. Фанда узок, давр мобайнида фазони вақтдан ажратиб тушуниш ҳукмронлик қилиб келди. Шу жиҳатдан вақтга нисбатан динамик ва статистик қарашлар ҳам мавжуд. Динамик қараш бўйича, вақтнинг фақат ҳозирги замонигина реал мавжуд, ўтмиш ўтиб кетган, келажак эса ҳали йўқ. Статистик қараш вакилларининг фикрича, вақтнинг барча лаҳзалари бир йўла, яхлит ҳолда, бир вақтда мавжуддир, вақтнинг лаҳзаларини ҳар бир субъект ўз бошидан кечиради ва унга гўёки вакт оқиб ўтаётгандек туйилади. ХХ а. бошларида А. Эйнштейн томонидан нисбийлик назариясининг яратилиши Фазо ва вақтнинг ўзаро чамбарчас боғлиқлиги, фазо ва вақт системанинг ҳаракат тезлиги билан, вақт-фазо структурасининг модда зичлиги билан боғлиқлиги ҳақидаги фикрлар табиийилмий ва назарий исботини топди.
Бундан илгарироқ яратилган ноевклид геометрияси тамойиллари билан дунёнинг электродинамик манзараси боғланиши фазонинг структураси ҳақидаги табиий-илмий тасаввурларни янада кенгайтирди. Фан ютуқлари фазо ва вақтнинг хусусиятлари микро-, макро- ва мега-дунёларда бир-биридан фарқ қилинишини исботлади. Ҳозирги замон фанлари аниқлаб берган фазо ва вақтнинг хусусиятларини 2 турга ажратиш мумкин. 1-турга тегишли ўлчов асбоблари (линейка, рулетка, соат кабилар) билан ўлчаш мумкин бўладиган, турли ҳисоб системаларида турлича намоён бўладиган нисбий хусусиятлари киради ва улар метрик хусусиятлар деб аталади. Бундай хусусиятларга фазонинг кўлами, бир жинслилиги, изотроплилиги, эгилганлиги, вактнинг бир жинслилиги, бир хиллиги, давомийлиги, анизотроплиги ва бошқалар киради. 2-турдаги хусусиятлари фазо ва вақтнинг туб моҳиятига алоқадор бўлган, барча ҳисоб системаларида бир хилда намоён бўладиган, ўзгармас, фундаментал хусусиятлардир. Улар топологик хусусиятлар деб аталиб, фазонинг узлуксизлиги (ёки дискретлиги), ўлчамлилиги, тартибланганлиги, компактлигида, вақтнинг эса узлуксизлиги, бир ўлчовлилиги, орқага қайтмаслиги, чизиқли боғланганлигида ва бошқаларда намоён бўлади.
Фазо ва вақтнинг метрик хусусиятлари борлиқнинг миқдорий муносабатларини ифода этcа, топологик хусусиятлари эса туб сифат жиҳатларини акс эттиради. Шу сабабли фалсафада фазо ва вақтнинг метрик хусусиятлари – миқдорий хусусиятлар, топологик хусусиятлари эса сифатий хусусиятлар деб аталади. Фазо ва вақтнинг метрик хусусиятлари ўзгарганда воқелиқда жиддий структуравий (таркибий) ўзгаришлар рўй бермаслиги мумкин, топологик хусусиятларнинг ўзгариши эса воқеликни, албатта, тубдан структуравий ўзгартиради. Фазо ва вақтни англашда реал, перцептуаль ва концептуаль фазо ва вақтларни бир-биридан ажрата олиш лозим. Объектив воқеликдаги реал, жисмоний, физик объектлар, нарса ва ҳодисаларнинг ўзига хос фазо ва вақт алоқадорликлари реал фазо ва вақт дейилади. Реал фазо ва вақтнинг инсон тасаввурида идрок этилиши – перцептуаль фазо ва вақт бўлса, реал фазо ва вақтнинг математик тенглама ва ҳисоб-китобларда моделлаштирилиши – концептуаль фазо ва вақтдир. Перцептуаль ва концептуаль фазо ва вақт реал фазо ва вақтнинг инъикоси эканлигини ҳисобга олиш лозим, уларни айнанлаштириш кишини чалғитиши мумкин. Ҳозирги даврда борлиқнинг турли ташкилий структура даражаларига алоқадор физик, кимёвий, геологик, биологик, физиологик, ижтимоий (социологик), психологик фазо ва вақт ҳақидаги концепциялар ҳам яратилмоқда. Уларда оламнинг тузилиш жиҳатдан хил-махиллиги ва бирлиги, кўп қирралилиги ва чексизлиги, мураккаблиги ва ниҳоясизлиги асосланмоқда. 20-асрнинг охири – 21-асрнинг бошларида назарий физика, топология, чизиқли алгебра, квант физикаси, релятивистик космология каби фанларнинг ривожланиши фазо ва вақт ҳақидаги тасаввурларни жиддий ўзгартирди, фазо ва вақтнинг турли-туман моделларини тадқиқ қилишга кенг йўл очилди. Бу тадқиқотлар оламдаги ягона энг умумий, универсал ва фундаментал алоқадорлик – фазо ва вақт алоқадорлигидир, деб хулоса чиқаришга асос берди.
Адабиётлар:
Современная наука о строении и эволюции материального мира // Основы философии, Т., 2004;
Тўраев Б. О. Вақт муаммолари, Т., 1986;
Тўраев Б. О. Пространство. Время. Развитие, Т., 1992.
ЎзМЭ. 9-жилд. Т.:ЎзМЭ ДИН, 2005. Б 170–171
Достарыңызбен бөлісу: |