«Мафтун» зарралар – квант сони нулга тенг бўлмаган «мафтунлик» ка эга бўлган зарралар. Мафтунлик квант сони ch (яъни – charm) белгиси билан ифодаланади.
Виртуал зарралар (лот. virtualis – эҳтимолий) – қисқа вақт ∆t давомида мавжуд бўлувчи оралиқ ҳолатдаги зарралар. Виртуал зарралар реаль зарралар сингари квант сонларига (спини, электрик ва барион зарядлари) эга бўлган шундай заррачаларки, улардаги энергия (E), импульс (p) ва масса (m) ўртасидаги алоқадорлик реаль зарралардагидек эмас: E2 ≠ h2c2 + m2c2. Бунақа ҳолатлар, жуда қисқа вақт оралиғида рўй бериб (бу виртуаль заррачаларни экспериментал усулда қайт этишга халақит беради), энергия ва вақтни қиёслашдаги ноаниқликлардан келиб чиқади. Шу сабабли виртуал зарралар қисқа муддатли оралиқ ҳолатларида пайдо бўлади ва уни қайт этиб бўлмайди. Виртуал зарралар алоқадорликларни ташишда муҳим роль ўйнайди. Масалан, иккита электрон бирбири билан битта электронни чиқариб юбориш ва бошқа виртуал фотонни ютиш эвазига ўзар оалоқадорликка киришади. Адронлар юқори энергия таъсирида виртуал зарралар комплекси билан алмашиш йўли билан ўзаро алоқадорликка киришади. Бунда (ҳар бир нур чиқариш ва ютиш кетма-кетлигида) импульс ва энергия ўртасидаги алоқадорлик бузилади.
Виртуал ҳолат – квант назариясидаги микросистемалар орасидаги қисқа вақт давом этувчи оралиқ ҳолат. Бу ҳолатда системанинг энергияси, импульси ва массаси ўртасидаги одатдаги алоқадорлик бузилади. Одатда, микрозарраларнинг тўқнашувида эҳтимолий бир виртуал ҳолат содир бўлади. Масалан, нейтронлар билан протонлар тўқнашганда дейтроннинг ҳосил бўлиши ва дарҳол парчаланиши рўй беради, бу эса виртуал ҳолатнинг содир бўлишидир.
Лептонлар (юнон. leptos – енгил) – кучли ўзаро таъсирларда қатнашмайдиган ½ спинли элементар заррачалар. Лептонлар синфига электрон, манфий зарядли мюонлар ва массаси 2та протон массаси атрофида бўлган оғир t-лептонлар, электрон ва мюон нейтринолари ҳамда уларнинг антизарралари киради. Лептон номи, уларнигг таркибидаги оғир зарралар ҳали кашф қилинмаган бир пайтда (1950 й.), берилган эди.
Гиперонлар – (юнон. hyper – ўта, юқори) массаси нуклонлар массасидан катта ва катта (ядровий миқёсда олинганда) яшаш даврига эга бўлган элементар заррачалар. Гиперонлар адронларга мансуб, лекин барион ҳам ҳисобланади. Гиперонлар алоҳида квант сонига – ажибликка (S) эга ва К-мезонлар ва айрим резонанслар билан биргаликда ажиб заррачалар гуруҳини ташкил қилади.
Глюонлар (ингл. glue – елим) – спини 1 га, тинчликдаги массаси 0 га тенг бўлган кварклар ўртасидаги кучли ядровий алоқадорликнинг ташувчиси ҳисобланувчи гипотетик электронейтрал заррачалар. Ҳозирги замон кучли ўзаро алоқадорликлар назарияси – квант хромодинамикасида бир-биридан «ранги» билан фарқ қилувчи саккиз хил глюонлар борлиги тахмин қилинади. Кварклар орасидаги алмашиш кваркларнинг «ранги”ни ўзгартиради. Бунда «ажиблиги”(s), «мафтунлиги”(ch), «гўзаллиги”(b)га оид квант сонлари ўзгармасдан қолаверади, яъни кваркларнинг типи (уларнинг «хушбўйлиги”(d, u, s,c, b)) сақланади.