«Дихотомия — икки қисмга ажратиш демакдир. Зенон бу апориясида қуйидагича фикр юритади: бирор киши А жойдан В жойга бориши лозим бўлсин, у В жойга бориб ета оладими? Зенон бу саволга йўқ деб жавоб қилади. Чунки А жойдан В жойга қараб йўл олган одам, аввало, шу масофанинг тенг ярмидан ўтиши керак бўлади. Қолган масофани ўтиши учун эса, шу ярим масофанинг ярмидан ўтиши зарур. Бу умумий масофанинг чорагини ташкил этади. Бу чорак масофани босиб ўтишда, шубҳасиз, унинг ҳам ярмидан ўтишга тўғри келади. Шу тариқа ҳар бир қолган масофа ҳам, ўз навбатида, икки қисмга ажралаверади. Бундай иккига бўлинишлар чексиз давом этиши мумкин. Чексиз бўлакларни босиб ўтиш учун эса, чексиз вақт лозим. Ҳеч бир кимса чексиз вақт яшай олмайди. Шундай экан, ҳеч ким А жойдан В жойга етиб бора олмайди. Кундалик тажрибадан маълумки, ҳар қандай чекли масофани чекли вақт оралиғида босиб ўтиш мумкин. «Дихотомия» апориясида эса, ҳар қандай чекли масофа ҳам чексиз қисмларга бўлиниши сабабли чексиз қисмларни босиб ўтишга чексиз вақт зарурлиги исботланади.
«Учаётган камон ўқи» апорияси
Зенон А нуқтадан В нуқтага отилган камон ўқи тинч ҳолатда бўлади, деб даъво қилади. Чунки Зенон ва Пармениднинг фикрича, ҳаракат йўқ. Зенон ўз даъвосини қуйидагича изоҳлайди. А нуқтадан В нуқтага отилган камон ўқи ўз йўлида шу масофани ташкил этувчи барча нуқталарни босиб ўтади. Бу масофа эса камон ўқи учун чексиз миқдордаги «шу жой» (фазо нуқтаси) ва «шу он» (вақт лаҳзаси)лар йиғиндисидан иборатдир. Зенон фикрича, камон ўқи ҳар бир «шу жой» ва «шу он»да тинч ҳолатда бўлади. Демак, камон ўқи бутун масофа давомида чексиз тинч ҳолатларни
«бошидан кечиради». Тинч ҳолатлар (ТҲ) йиғиндиси эса, тинчлик
(Тч) демакдир. (ТҲ1) + (ТҲ2)…+ (ТҲn) = (Тч). Шундай экан, камон ўқи тинч ҳолатда бўлади, яъни ҳаракат йўқ. Зенон юқоридаги зиддиятли хулосаларнинг вужудга келишининг асл сабаби вақт, фазо ва ҳаракатнинг мавжуд эмаслигидан, йўқлигидандир, деган хулосани илгари суради.
Энди шу учала апорияни ечиш йўлларини излаб кўрайлик. Барча апорияларда абстракт (мавҳум) вақт (Зеноннинг воқеликдан ажратиб олиб тасаввур этадиган абстракт вақти) реал вақтга қарши қўйилади. Зенон апорияларининг ҳақиқатга зидлигини барча давр олимлари, ҳатто унинг замондошлари ҳам яхши билишган. Лекин бу апорияларнинг диққатга сазовор жойи шундаки, уларда вақт, фазо ва ҳаракатнинг ички моҳиятига хос зиддиятлар моҳирона ифода этилган.
«Ахилл ва тошбақа» апориясида «Ахилл ҳар гал тошбақанипг илгариги ўрнига етиб боргунча, тошбақа ҳам янги жойда бўлади», деган мулоҳаза апориянинг асосий мазмунини ташкил этади. Тошбақа Ахиллдан қанчалик олис масофада эканлиги ҳам (агар тошбақа Ахиллдан бир неча миллион километр илгарида кетаётган бўлса, шубҳасиз, Ахилл уни умр бўйи қувиб ета олмайди), апорияда баён этилаётган ҳодисанинг қанча вақт оралигида хақиқатни ифодалай олиш имконияти ҳам Зенонни қизиқтирмайди. Шунинг учун у, Ахилл тошбақага «ҳеч қачон» ета олмайди деб хатога йўл қўяди.
Арасту шу апорияни таҳлил этар экан: «Агар Ахиллга чегарадан чиқишга имкон берилса, у албатта ета олади» деб жуда тўғри таъкидлайди. Чунки Ахилл, унинг тезлиги тошбақа тезлигидан катта бўлганлиги учун, ҳар гал тошбақанинг илгариги ўрнига етганида, у билан тошбақа орасидаги масофа тобора қисқариб боради, бинобарин, бу масофаларни босиб ўтишга ҳам Ахилл тобора камроқ вақт сарфлай бошлайди. Масофа билан вақт шу тарзда чексиз кичик бўлакларга бўлиниб, тобора кичикликка қараб интилиб боради.
Чексиз «секундлар» ёки «метрлар» кетма-кетликларининг йиғиндиси вақтнинг ёки фазонинг экстенсив чексизлигини ифодалайди. Ҳар бир чекли вақт ёки фазо улушининг чексиз қисмлардан иборатлиги эса, интенсив чексизлик деб аталади. Зенон вақтнинг интенсив чексизлигини экстенсив чексизлиги билан айнанлаштириб хатога йўл қўйган. Унинг «ҳеч қачон» деган ибораси вақтнинг экстенсив чексизлигини ифодаласа, Ахилл тошбақани қувиб боришида тобора камаяётган масофани тобора қисқа вақт ичида ўтиб бориш жараёни эса вақтнинг интенсив чексизлигини акс эттиради. Ваҳоланки, ҳар қандай интенсив чексиз масофани экстенсив чекли вақт мобайнида босиб ўтиш мумкин. Шундай экан, Ахилл чекли вақт ичида тошбақани қувиб ўта олади.
Шунингдек, Зенон бу апорияда вақт ва фазонинг узлуксизлик хусусиятини абсолютлаштириб, узлуклилигини атайлаб эътибордан четда қолдирган, холбуки, фазо ва вақтнинг бу икки сифатий хусусияти – узлуклилиги ва узлуксизлиги ўзаро узвий бирликдадир. «Дихотомия» апориясида Зенон масофанинг чексиз қисмларга бўлиниши (фазонинг интенсив чексизлиги) ҳақида гапиради-ю, лекин вақтнинг хам чексиз бўлакларга бўлиниши (вақтнинг интенсив чексизлиги)ни эътиборга олмайди, натижада, интенсив чексиз масофани (экстенсив) чексиз вақтдагина босиб ўтиш мумкин (ёки чекли вақтда босиб ўтиш мумкин эмас) деган фикрни илгари суради. Бироқ фазо ҳақида интенсив чексизлик маъносида гапирилдими, демак, вақт ҳақида ҳам интенсив чексизлик маъносида сўз юритиш зарур, акс ҳолда, ҳукмлар тенгсизлигидан хато хулоса чиқади.
«Учаётган камон ўқи» апориясида эса, Зенон вақт ва фазонинг узлуклилиги ва узлуксизлиги хусусиятини нотўғри талқин қилиш эвазига ҳаракатни инкор этишга эришган. Яъни у айрим олинган вақт лаҳзаси ва фазо нуқтасида камон ўқи тинч ҳолатда бўлади, демак, навбатдаги нуқталар ва уларга мос келувчи лаҳзаларда ҳам у тинч ҳолатда бўлади, деб фикр юритади. Унингча, вақт – бир-бирига боғланмаган лаҳзалар йиғиндисидан, фазо бирбирига боғланмаган ёнма-ён нуқталар йиғиндисидан иборатдир. Бу фикрда вақт ва фазонинг узлуклилигини абсолютлаштириш, уларга хос бўлган «боғланганлик» хусусиятини инкор этишга интилиш яққол сезилиб турибди. «Узлуксизлик, – деб ёзган эди ўрта аср Шарқ олими Ал-Киндий – учларнинг туташувидир». Унинг фикрича, «вақт ўтмишни келажак билан туташтирувчи... «ҳозир»дир»1.
Немис классик философиясининг йирик намояндаси Гегель «Философия тарихидан лекциялар»ида Зеноннинг «Учаётган камон ўқи» апориясини таҳлил қилиб, шундай дейди: «Биз ҳаракат ҳақида умуман мулоҳаза юритганимизда жисм бир жойда туради ва ундан кейин бошқа жойга ўтади, деймиз. У ҳаракатланаётган пайтида ўша, олдинги жойда бўлмайди, лекин иккинчи жойда ҳам бўлмайди; агар у иккала жойнииг бирида бўлса, унда тинч ҳолатда бўлади. У иккала жой орасидадир дейиш – ҳеч нарса айтмаган билан баравар; чунки бунда у яна бир жойдадир; демак, яна ўша қийинчилик кўндаланг бўлади. Ҳаракатланиш эса, шу жойда бўлиш ва айни замонда шу жойда бўлмаслик демакдир, бу фазо ва вақтнинг узлуксизлигидир, худди шу нарсанинг ўзгинаси ҳаракатнинг содир бўлишига имкон беради». Гегелнинг фикрича, ҳаракат вақт ва фазонннг узлуксизлиги билан узлуклилигининг бирлигидадир; ҳаракат зиддиятдир, зиддиятлар бирлигидир. Хуллас, шу тарзда диалектик фикр юритилганидагина камон ўқининг ҳаракатда эканлигини исботлай олишимиз мумкин. Зенон апорияларидаги асосий масала, уларнинг муҳим томони фазо, вақт ва ҳаракатнинг моҳиятини тушунчалар мантиғи орқали ифодалаш масаласидир. Зенон апорияларида масала ҳаракатининг бор-йўқлиги ҳақида эмас, балки уни тушунчалар логикасида қай тарзда ифодалаш кераклиги ҳақида боради. Зенон апориялари ана шу жиҳатдан ҳам субъектив диалектиканинг ифодасидир. Гегель вақт, фазо ва ҳаракат категорияларини бошқача тарзда – объектив диалектика нуқтаи назаридан асослаб берди. Гегелнинг мушоҳада усули диалектик логикага, Зенонники эса, формал логикага асосланганди.
Даврлар ўтиши билан инсоннинг объектив олам ҳақидаги тасаввурлари кенгайиб, вақт, фазо ва ҳаракат тўғрисидаги тушунчалари ҳам кенгайиб, ривожланиб борган. Нисбийлик назарияси, квант механикаси ва ҳозирги замон космологияси кишиларнинг реал вақт, фазо ҳақидаги, ҳаракат шакллари тўғрисидаги тушунчаларини янада чуқурлаштирди, кенгайтирди ва такомиллаштирди. Натижада, фалсафанинг вақт, фазо ва ҳаракатнинг ўзаро ва борлиқ билан чамбарчас боғлиқлиги ҳақидаги нуқтаи назари тобора тасдиқланиб борди. Бироқ ана шундай пайтда ҳам Зенон апориялари ўзининг аҳамиятини йўқотмайди.
Бунинг сабаби – апориялар ўзида вақт, фазо ва ҳаракатнинг зиддиятли моҳиятини акс эттиришдадир, уларни ўрганишга бўлган қизиқиш эса ҳеч қачон сусаймайди, балки олам ривожланишининг янги қонуниятлари очилгани сари, янада янгиланиб бораверади. Олимлар Зенон апориялари хусусида 25 асрдан буён бош қотиришади. Ушбу суҳбатда апорияларни ечишга уринишлардан айрим усулларинигина келтирдик, холос. Ҳозирги пайтда Зенон апорияларини ҳаттоки квант механикаси қонуниятларидан фойдаланиб ечишга уринишлар ҳам бор. Таниқли математик олима С. А. Яновская «Фан тараққиётининг ҳар қандай юксак поғонасида ҳам Зенон апориялари билан боғлиқ масалаларга яна ва яна қайтишга тўғри келаверади», деб ёзган эди.
Достарыңызбен бөлісу: |