Ирода эркинлиги ишнинг кўзини билиб онгли қарорлар қабул кила олиш қобилиятидир. Субъект ҳақиқий объектив билимларга эга бўлиб, улардан фойдаланиб, воқеликнинг қонунларига эргашиб, ўз мақсадларини амалга оширишга эришиши, ҳар бир имкониятнинг воқеликка айланишини таъминлаши ва бошқа имкониятларнинг амалга ошишга йўл қўймаслиги мумкин.
Абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методи конкретумумийликни, ривожланиши тадқиқ этилаётган объектни худди шу ҳолатга олиб келувчи муртак ҳужайрани топишга йўналтирилган. Бу метод берилган хужайра доирасидаги зиддиятларни таҳлил қилишни назарда тутади. Бу зиддиятлар ва қарама-қарши томонлар ўртасидаги курашлар курашаётган тенденцияларнинг келажакдаги ривожланиш траекториясининг жойланишини аниқлаб беради. Бу эса, имкониятнинг якунланаётган шаклдаги бир воқеликка айланишига, бошқа имкониятларнинг эса, амалга ошишига тўсқинлик қилади.
Абстрактликдан конкретликка кўтарилиш жараёнида кўплаб имкониятларнинг дастлабки муртак шаклидан ривожланган объектлар шаклига ўсиб ўтишига, шу билан бир вақтда турли хил қўшимча вариантларда, конкретлаштирувчи шарт-шароитларда амалга ошишига имконият туғдиради. Шундай қилиб, муртак ҳолдаги имкониятларнинг воқеликка айланиш йўлларини олдиндан кўра олишга имкон беради.
Тадқиқ этилаётган объектнинг келгуси ривожланиши ва ўзгаришларининг имкониятларини илмий жиҳатдан излаш айрим ўзига хос хусусиятларга эгадир. Бу ерда муртак шаклидаги ҳужайраларни ахтариб топиш етакчи роль ўйнайди, чунки айнан шулар тараққиётнинг келгуси йўналишини белгилайди. Бундан ташқари, ривожланаётган жисмларининг тузилишини, фаолият кўрсатишни ва элементлари ўртасидаги ўзаро алоқани тадқиқ қилиш муҳимдир.
Имконият ҳали ривожланмаган бўлғуси воқелик сифатида, яъни бўлғуси воқеликнинг муртаги сифатида майдонга чиқади. Шу муносабат билан илмий изланиш доирасидаги имкониятларни ахтаришда абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методи жуда муҳим роль ўйнайди. Бу методни тадбиқ этишда ҳам қарама-қарши майлларни, ҳам шу курашда вужудга келувчи янгиликни, ҳам уларнинг бирортасининг ғалаба қилишидаги шарт-шароитларни, яъни биридаги имкониятнинг воқеликка айланишини аниқламоқ зарурдир.
Имкониятларни илмий излашда илмий билишнинг эмпирик ва назарий даражаларининг ўзаро муносабатини ўрганиш муҳим ўрин тутади.
Имкониятларни излашнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, бу ерда, яъни изланиш жараёнида эмпирик даражага нисбатан назарий даража етакчилик қилади. Демак, имкониятларни излашда абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методи муҳим фундаментал назарий тадқиқот методи сифатида катта аҳамиятга эгадир.
Имкониятларни излашнинг ўзига хос хусусияти бундай илмий изланиш шароитида қўлланиладиган идеаллаштиришларнинг хусусиятида намоён бўлади.
Бу идеаллаштиришларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларнинг ёрдамида долзарб воқеликдан, эмпирик даражадан четлашамиз ва долзарб воқеликнинг етакчи томонларнинг долзарб ривожланаётган тенденцияларининг идеаллашган қурилмаларини фикран қурамиз. Улар ривожланишдаги объектнинг эндигина шаклланиб келаётган муртакларини инъикос этади. Шу муносабат билан имкониятларни излашда абстрактлаштириш, идеаллаштириш ва фикрий эксперимент методлари алоҳида аҳамият касб этади.
Бу методлар абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методининг органик яхлитлигини таъминлайдилар.
Имкониятларни излаш йўлида кутилаётган муртакларни ва улардан ривожланаётган объектларни ўрганишимиз керак, чунки ривожланаётган системанинг кейинги тараққиёти, бу системадаги ўз-ўзича ҳаракатнинг ички сабаблари шу муртаклардадир. Биз уларнинг изчил ривожланнб бориш кетмакетлигини кузатишга эришишимиз ва шу асосда унинг имкониятдаги ривожланиш истиқболини олдиндан аниқлай олишимиз керак бўлади.
Ривожланган жисмларни тадқиқ қилишда реалликни структуравий (тузилиш жиҳатидан), функционал (фаолияти жиҳатидан) таҳлил қилишнинг аҳамияти абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методининг аҳамиятлилиги билан таққосланиши мумкин. Бунда бир қатор муҳим қонуниятларни, бу методни қўлламасдан ҳам кашф этса бўлади, аммо имкониятларни излашда, уларнинг функционал тузилиши жиҳатдан таҳлил қилишда бошқа методлар унинг энг муҳим жиҳатларини аниқлаб олишга имкон бермайди, ана шу жойда абстракликдан конкретликка кўтарилиш методи зарурдир.
Бу метод тадқиқ қилинаётган объектнинг ички поғоналарига ҳам кириб боришга ва улар ривожланишининг имкониятдаги хилма-хил ривожланиш йўлларини очиб беришга шароит туғдиради. Имкониятнинг амалга ошган, рўёбга чиққан бу кўриниши, унинг амалга ошиши мумкин бўлган жуда кўп турдаги, имкониятдаги кўринишларидан биригина, холос.
Бу ерда берилган моҳиятнинг ривожланиши жараёнидаги чегара, ўтиш нуқталари, кескин бурилишлари, ўзгаришлари аниқланади. Шу билан бир қаторда, чуқур, кўп жиҳатли, системавий, диалектик хусусиятларига эришамиз. Ўрганилаётган объектнинг моҳиятини табақалаб олиш натижасида, абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методидан фойдаланиш, шу тадқиқ этилаётган объектнинг берилган даражадаги табақасига сингиб киришга имкон беради. Бу ўртага ташланган илмий ечим вариантларининг адекватлигини ва самарадорлигини оширади.
Ҳар қандай тадқиқот айрим чекланган предмет соҳасини қамраб олади, яъни у ўрганилаётган объектни ҳар томонлама тўлиқ қамраб олувчи универсал тадқиқот бўла олмайди. Алоҳидаланиш ва боғланиш объектив диалектикаси ўзини предмет соҳасининг нисбий универсаллиги асоси сифатида намоён қилади: назарияда ўрганиладиган тузилмаларнинг (объектларининг) объектив тарзда нисбий алоҳидаланганлиги кўрилаётган предмет соҳасини нисбий универсал деб қарашга имкон беради. Илмий тадқиқотнинг ривожланиб боришида бу предметлар универсал соҳаси уни нисбий яхлитлигида қаровчи муртаклар системасидан ахтарилади. Бундай муртаклар умумийлик сифатида ва айни пайтда конкретлик, яъни шу предмет соҳаси учун конкретумумийлик сифатида қараб чиқилади. Конкрет-умумийлик абстракт-умумий хусусиятларнинг муайян ўзига хос синтезидир. Улар ҳар бири алоҳида олиб каралганда бу предметни етакловчи, ўз-ўзича ривожлантирувчи яхлитликни ташкил эта олмайди. Конкрет-умумийлик абстракт-умумий хусусиятларга қарамақарши ўлароқ, ривожланишнинг моҳият даражасига хос зиддиятларга эга бўлади. Бу зиддиятлар шу системанинг ўз-ўзича ривожланишининг манбаидир. Бу ривожланиш абстрактликдан конкретликка кўтарилиш шаклида кечади. Шунга мос равишда бу жараённинг инъикоси ҳам абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методи билан қурилиши керак.
Абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методи воқеликни адекват ва самарадор инъикос этишга олиб борувчи, кенг тармоқланган фаол ижодий билишга ва амалий фаолиятларга кенг имкониятлар яратади.