Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар


Субстанция, акциденция ва субстрат



бет120/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   ...   116   117   118   119   120   121   122   123   ...   177
1- (1)

Субстанция, акциденция ва субстрат


Фалсафага оид бир дарсликда ҳақли равишда шундай деб ёзилган: «Борлиқ – бу тушунишни талаб қиладиган ва тушуниш асосида юзага чиқадиган, шаклланадиган нарса. Борлиқ – бу предметларнинг кўриниши ёки шаклларидан бири эмас, предметлар синфининг умумий тушунчаси ҳам эмас, борлиқ – бу мавжудликнинг борлиғидир. Борлиқ – бу борлиқни кўришда нима кутилаётган ва тушунилаётган бўлса, ўшанинг ўзидир”3.
Борлиқ шаклларини ажратишда унинг асосида, моҳиятида нималар ётишига эътибор қилинади. Шу тарзда фалсафада субстанция категорияси шаклланган. Субстанция (лот. substantia – моҳият, асосида ётувчи нимадир) муайян нарсалар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар хилма-хиллигининг ички бирлигида намоён бўлувчи моҳият.
Субстанция дейилганда фалсафада дастлабки пайтларда борлиқ, табиат, жамият, инсон ва дунёдаги барча нарса ва ҳодисаларнинг асосида ётувчи моддий ёки руҳий моҳият тушунилган. Ўрта аср Шарқ фалсафаси намояндалари (Ал Киндий (VIII–IXаср), Абу Бакр Розий (865–925), Абу Наср Форобий (873– 950), Ибн Сино (980–1037), Ибн Рушд (1126–1198)) асарларида ҳамма нарсанинг моддий ёки маънавий асоси, моҳиятини субстанция деб аташган.
Арасту (м.а.384–322) муайян объектнинг ажралмас хусусияти – атрибутини, унинг ўткинчи хусусияти ҳисобланувчи акциденциядан фарқ қилишни тавсия этган. Субстанцияга қарама-қарши тушунча акциденция дейилган. Акциденция (лот. accidentia – ўткинчи, тасодифий) нарса ва ҳодисаларнинг ўткинчи сифатларини ифодалайди.
Ўрта асрлар мусулмон Шарқида субстанция ва акциденция категориялари ҳақида Форобий батафсил маълумот берган. Форобийнинг ёзишича, «оламда субстанция ва акциденция ҳамда уларни яратувчи марҳаматли ижодкордан бошқа ҳеч нарса йўқдир»1; «Акциденцияни сезгилар орқали ҳис этиш мумкин, субстанцияни эса фақат ақл қабул қилади»2; «Масалан, олма – субстанция бўлса, унинг қизиллиги эса акциденция»3. Рене Декарт (1596–1650) эса атрибутни субстанциянинг хусусияти деб ҳисоблаб, жисмий субстанциянинг атрибути эса тафаккур деб ҳисоблаган4.
Субстанцияни талқин этишда фалсафада икки хил – онтологик ва гносеологик ёндашувларга асосланган йўналишлар бор. Онтологик йўналиш бўйича Фрэнсис Бэкон (1561– 1626) субстанция борлиқнинг энг туб асосида ётади, деб ҳисоблаган ва субстанцияни муайян нарсаларнинг шакли билан айнанлаштирган. Р.Декарт борлиқнинг асосида икки хил мустақил субстанция: моддий ва маънавий субстанция ётади дейди. Моддий субстанция борлиқнинг кўлами билан, маънавий субстанция эса тафаккур билан белгиланади. Бенидикт (Барух) Спиноза (1632–1677) эса тафаккур ва кўлам – икки хил мустақил субстанция эмас, балки ягона субстанциянинг икки хил атрибутидир, деб ҳисоблаган. Атрибут ҳақида кейинроқ махсус маълумот берамиз. Готфрид Вильгельм Лейбниц(1646–1716)нинг фикрича, оламнинг асосида кўплаб мустақил субстанциялар (монадалар) ётади. Гносеологик йўналиш бўйича, субстанция оламнинг асосида ётувчи шартли ғоялардан иборатдир (Жон Локк /1632 –1704/). Жорж Беркли (1685–1753) эса ҳам моддий, ҳам маънавий субстанцияларнинг мавжудлигини инкор этган ва у субстанция деб дунёни идрок қилишнинг гипотетик ассоциациясини англаган. Иммануил Кант (1724–1804)нинг нуқтаи назарича, «у шундай бир доимий нарсаки, фақат унга нисбатангина ҳамма вақтинчалик, ўткинчи ҳодисаларни аниқлаш мумкин». И.Кант «субстанция – идрокнинг, яъни тажрибанинг, ҳар қандай синтетик бирлиги имкониятлари шартидир; тажриба маълумотларини синтезлаштирувчи тафаккурнинг априор шаклидир» – дейди. Георг Вилгельм Фридрих Гегель (1770–1831) «абсолют ғоя», «абсолют руҳ»ни субстанция деб қараб, уни нарсаларнинг муҳим, ўзгарувчан, ривожланувчан томонларининг яхлит бирлигидир деб ҳисоблайди.
Баъзи бир ҳозирги замон фалсафий концепцияларида субстанция категориясига нисбатан салбий муносабатларни ҳам кузатиш мумкин. Масалан, неопозитивистлар субстанция одамларнинг дунё тўғрисидаги тасаввурларини қўполлаштиради деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, бу категория борлиқнинг моҳиятини содда ва жайдари ҳолда тушуниши натижасида пайдо бўлган.
Оламнинг тузилишини тушунтириш учун олимлар яна бир тушунча «субстрат» категориясидан ҳам фойдаланишади. Субстрат (лот. substratun – асос, тўшама, патак) нарса ва ҳодисаларнинг умумий моддий асоси; нисбатан оддий ва сифат жиҳатдан элементар бўлган моддий ёки ғоявий тузилмалар мажмуаси. Айрим фалсафий концепцияларда субстрат деб дунёни ташкил этувчи мутлақ элементар ва бўлинмас асосларни тушунишган. Масалан, Қадимги Ҳиндистонда шаклланган Чарвака мактаби фалсафасида оламнинг асосида тўртта бўлинмас унсур – сув, ҳаво, тупроқ ва олов ётади деб таълим берилади. Бундай қараш Марказий Осиёда, чунончи Ўзбекистон ҳудудида яратилган муқаддас китоб – «Авесто»да (тах. мил. ав. VIII–VII аср) ҳам учрайди.
Қадимги Юнон фалсафасида Левкипп (тах. мил. ав. 500– 440), Демокрит (м.а.460–370), Эпикур (м.а.341–270), Лукреций (м.а.99-55) фикрича, дунё атомлар ва бўшлиқдан ташкил топган, Анаксимандр (м.а. 588–525) – апейрондан, Платон (м.а. 427–347)
– ғоя, руҳдан, Фалес (м.а. 625–547) – сувдан, Гераклит (м.а. 544– 483) – оловдан иборат деб таълим берган. Форобийнинг ёзишича, қадимги юнон файласуфлари ҳар қандай нарса қандайдир бир субстратдан ташкил топганлигини уқтириш билан бир қаторда, унинг абсолют ва ўзгармаслигини таъкидлашган. Хуллас, ҳар қандай объектнинг нималардан ташкил топганлиги, системанинг асосида шу системани ташкил этувчи асосни ахтариш субстратни ахтаришдир. Масалан, РНК (рибонуклеин кислота), ДНК (дезоксирибонуклеин кислота) ва оқсиллар биологик организмлар учун субстрат бўлса, электрон ҳисоблаш машиналарнинг асосида ахборотларни алмашиш жараёни субстрат бўлиб келади. Борлиқнинг асосида ётувчи бирламчи моҳиятни ахтариш – субстанциал ёндашув бўлса, ҳар қандай системанинг, умуман борлиқнинг нималардан «қурилганлигини», ташкил топганлигини ахтариш эса субстрат ёндашувдир.
Ҳар иккала ёндашувда ҳам бирмунча бирёқламалик, воқеликни субстанция ёки субстратга боғлаб қўйиш, унинг мураккаблиги ва хилма-хиллигини эътибордан четлаштириш кўзга ташланади. Аслида борлиққа янада кенгроқ, умумийроқ нуқтаи назардан ёндашиш мақсадга мувофиқдир. Бундай ёндашишлардан бири борлиқни йўқлик, яъни «ҳеч нима» орқали ифодалаш билан боғлангандир.


Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   116   117   118   119   120   121   122   123   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет