Космология (юнон. kosmos – коинот ва logos – таълимот)
– Коинотни яхлит система сифатида ўрганувчи таълимот, Коинотнинг тузилиши, келиб чиқиши ва ривожланиши қонуниятларини ўрганувчи табиий фан. Бу фан қадимги замонда вужудга келган бўлиб, у пайдо бўлган пайтда коинот жуда тор бир ер атрофидаги чегараланган муҳитни англатган. Даврлар ўтиши билан инсоннинг коинот ва унинг тузулиши ҳақидаги тасаввурлари кенгайиб боради. Инсон Ер ва унинг атрофидаги осмон ёритқичларини, Қуёш системаси ва унинг таркибига кирувчи осмон жисмларини, юлдузлар системаси, туманликлар ва галактика ҳақидаги тасаввурга эга бўлишди. Кузатиш астрономиясининг имкониятлари кенгайгач, инсон Ер шаридан жуда узоқда жойлашган космик объектларни ҳам ўргана бошлади. Радиотелескоплар пайдо бўлгач, квазарлар ва квазагларни, бутун метагалактикани, бизнинг галактикага қўшни галактикаларни ҳам кузатиш имкониятига эга бўлди. Айниқса, коинотни ўрганишга нисбийлик назариясининг қонуниятларини тадбиқ этиш, унинг тузилиши ва ривожланиши ҳақидаги инсоний тасаввурларни бутунлай ўзгартириб юборди. Коинотнинг массаси масаласи, унинг бир жинслилиги ва изотроплиги ҳақидаги ғоялар пайдо бўлди. Қора туйнуклар назарияси, коинотнинг яширинган массаси ҳақидаги қарашлар оламнинг тузилиши ҳақидаги фикрларни янада чуқурлаштирди.
Космологик моделлар – А.Эйнштейннинг гравитация тенгламаларининг ечимларидан келиб чиқувчи хулосаларни Коинотнинг тузилишига тадбиқ этиш асосида тузилган назарий математик конструкциялар. Коинотнинг ўртача зичлигининг қандай бўлишига қараб бир жинсли ва изотроп коинотнинг турлича моделлари бўлиши мумкин. А.Эйнштейн 1915 йили илгари сурган модел цилиндрсимон коинот модели дейилади. Голланд астрофизиги В. де Ситтер, рус олими А.А.Фридман кенгаювчи ва зичлашувчи коинот моделларини илгари сурган. Коинотнинг ўртача зичлиги r критик зичлик rк дан катта r>rк бўлса Коинот «ёпиқ» бўлиб, Коинотнинг кенгайиши, муайян вақт ўтгач, торайиш билан алмашинади (пульсланувчи Коинот модели), агар rк бўлса, Коинот «очиқ» бўлиб, у доимо бетўхтов кенгайиб боради. Шуни қайд этиш лозимки, бугунги кунгача rнинг қиймати яхши аниқланмаган. Ҳозирги пайтда стационар кенгаювчи Коинот модели (Ф.Ҳойл, Г.Бонди, Т.Голд), нобиржинсли ва анизотроп коинот моделлари ҳам мавжудки, улар олам ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитади.
Флуктуация (лот. fluctuatio – тебраниш) – физик катталикларнинг ўз ўртача қийматларидан тасодифий оғиши. Тасодифий омилларга боғлиқ бўлган ҳар қандай катталикларда флуктуация содир бўлади. Статистик физикада флуктуациялар тизим зарраларининг иссиқлик ҳаракати туфайли вужудга келади. Броун ҳаракати майда зарраларга муҳит молекулалари кўрсатаётган босимнинг флуктуацияси натижасида содир бўлади. Флуктуациялар физик ўлчашлар аниқлигини чегаралаб қўяди, радиоприёмникларда шовқин ҳосил бўлади. Шунинг учун статистик физика, радиотехника ва ҳоказоларда флуктуациялар ҳисобга олинади. Флуктуациялар ҳар қандай тасодифий жараёнларга тегишлидир. ХХ асрнинг иккинчи ярмида флуктуацияларнинг ночизиқли ривожланувчи мураккаб системаларда муҳим аҳамиятга эгалигини синергетика бўйича тадқиқот олиб борувчи олимлар исботлашди.
Достарыңызбен бөлісу: |