1993 ИЛМИЙ ИЗЛАНИШЛАРДА ИМКОНИЯТ ВА ВОҚЕЛИК ДИАЛЕКТИКАСИ1 Жамият ривожланган сари ижтимоий муносабатлар ҳам мураккаблашиб, хилма-хиллашиб боради. Бу эса, инсон ақлини тобора чигалроқ муаммоларни ҳал этишга ундайди. Жамиятимиз ривожланишининг ҳозирги босқичида вужудга келаётган ижтимоий вазифаларни адо этиш шахснинг ақлий қобилиятлари ва ижодий кучларига юксак талаблар қўяди. Шахснинг ижодий ва ақлий қобилиятларини илмий дунёқараш ва диалектик тафаккур воситасида янада юқори даражага кўтариш мумкин. Шу борада илмий изланишлардаги имконият ва воқелик диалектикасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ва илмий-техника ривожига қулай шарт-шароитлар яратади.
1. БИЛИШ ЖАРАЁНИДА ИМКОНИЯТ ВА ВОҚЕЛИК ДИАЛЕКТИКАСИ Билиш жараёни қонуниятлари инъикос назариясига биноан, объектив воқеликдаги қонуниятлар билан узвий боғланган бўлиб, ўзининг онтологик асосларига эгадир. Шу жумладан, билиш жараёнининг қонунияти бўлмиш имкониятнинг воқеликка айланиш қонунияти ўз объектив реал асосларига эгадир. Бизнинг фикримизча, ушбу асос мавҳумиётдан2 муайянликка (яъни абстрактликдан конкретликка) кўтарилиш методининг онтологик асослари билан узвий боғлангандир ва шунинг учун ушбу бобда бу муаммо диққат марказида бўлади.
Имконият ривожланишнинг воқеликка айланаётган майлларининг хусусияти сифатида намоён бўлади. Ҳар бир бутунликка эга объект маълум қарама-қарши майллар ва томонларнинг ўзаро бирлигини ва ўзаро курашини ўз ичига қамраб олади. Ривожланиш борасида ушбу майллардан бири устунликка эга бўлишга, етакчи бўлишга, бошқа майлларни ўзига бўйсундиришга интила бошлайди ва оқибатда ушбу майл билан боғлиқ бўлган имконият ҳукмрон характерга эга бўлади ва унга бўйсунадиган ҳолатда бўлиб қолган бошқа имкониятлар аста-секин аҳамиятсизроқ, иккинчи даражалироқ бўлиб қолади. Етакчи майл билан боғлиқ бўлган имконият рўёбга чиқади.
Бу майл ўзидан янада кенгроқ жараёнга киришган жараёндир. У ўзининг нисбий бир бутунлигини сақлаган ҳолда, бошқа янада кенгроқ бўлган жараёнлар билан алоқага киришади ва у ўзининг тараққиёти жараёнида янада муайянроқ (конкретроқ), майлларнинг тармоқланиб кетган тўпламига айланади. Потенция ва имконият майлнинг хусусиятларини ташкил этади. Имконият шаклланган потенция сифатида намоён бўлади. Потенциянинг имкониятга нисбатини, масалан, ўсимлик муртагининг ундан ўсиб чиққан майсага бўлган нисбатига қиёсласа бўлади. Шундай қилиб, потенция билан имкониятнинг муносабати жинс ва тур муносабатидан фарқ қилиб, умумийликдан хусусийликка ўтиш йўли билан ҳосил бўлмайди. Потенцияда мавжуд бўлган генетик жиҳатдан ундан келиб чиқувчи барча имкониятлар тўпламини абстактликдан конкретликка кўтариш йўли билан ҳосил қилиш мумкин. Потенция ва имконият категориялари бир-бирига ўтиши мумкин. Ҳар қандай имконият навбатдаги тартибдаги барча имкониятлар учун потенция ҳисобланади.
Имкониятнинг воқеликка айланиш жараёни абстрактликдан конкретликка кўтарилиш жараёни билан мос келади (ҳам локал, ҳам глобал, ҳам интеграл, ҳам дифференциал даражаларда). Бу мос келиш ва алоқадорлик локал жиҳатдан имкониятнинг воқеликка ва мавҳумликнинг муайянликка айланиш жараёнларининг бирбири билан узвий алоқадорлигида намоён бўлади.
Абстрактлик муртак яхлитлик сифатида келади. У ўзига турли хил майлларни, уларнинг курашини ва шу билан бир вақтда конкретликка қараб йўналган асосий йўналтирувчи тенденцияни қамраб олади. Бу ерда у махсус имкониятни, ёки аниқроғи, ўзида система ташкил этувчи, етакчи имкониятни қамраб олган имкониятлар системасининг ташувчиси сифатида намоён бўлади.
Конкретлик муайян абстрактликдан ўсиб чиққан натижа сифатида, яъни у абстракт ҳолатда мавжуд бўлган ўзига хос имкониятнинг ривожланишидан келиб чиқувчи воқеликдир.
Имкониятнинг воқеликка айланиши ва абстрактликдан конкретликка кўтарилиш жараёнларининг ўхшашлиги ва бирлиги ривожланиш жараёнининг бир бутунлигидан келиб чиқади, чунки имконият ва воқелик диалектикаси ҳам, абстрактлик ва конкретлик диалектикаси ҳам ушбу ривожланишнинг томонларидир. Абстрактликдан конкретликка кўтарилиш жараёнида белгиланадиган муртак генетик алоқанинг шаклланиш механизми асосида янгиликнинг яратилиши жараёни, имконият ва воқелик диалектикаси борасида ҳам имкониятнинг воқеликка айланиши жараёнининг хусусий белгиларида намоён бўлади. Имкониятнинг воқеликка ва абстрактликнинг конкретликка айланиши жараёнларининг ўзаро алоқадорлиги, шу билан бирга глобал, интеграл аспектда ҳам намоён бўлади.
Моддий дунё ривожланиши концепциясида абстрактликдан конкретликка кўтарилишда намоён бўлувчи ушбу жараённинг табақаланган кўп поғонали тизими билан имкониятнинг воқеликка айланиш жараёнининг тизими маълум изоморфизм (айнан ўхшашлик) ва гомоморфизм (умуман ўхшашлик)га эга. Абстрактлик ва конкретликнинг ҳар бир ўзаро шакллантирувчи жуфтига кўтарилишнинг ҳар бир поғонадаги имконият ва воқеликнинг ўзаро шаклланувчи жуфти мос келади. Ва бу имкониятнинг воқеликка айланиши жараёни ҳам кўп поғонали кўтарилиш жараёни сифатида ривожланади.
Кўп тадқиқотчилар томонидан белгиланадиган имконият турлари (реал ва формал; абстракт ва конкрет; сифатий ва миқдорий; прогрессив, регрессив ва вариантли; моҳиятий ва функционал; конкрет, перспектив ва узоқ, келажакдаги) имкониятнинг воқеликка айланиш диалектикасининг абстрактликдан конкретликка кўтарилиш диалектикаси билан узвий ўзаро боғланишини ҳисобга олганда ўз интерпретациясига, талқинига эга бўлади1.
Абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методи билан билишнинг имкониятлари ҳам субъектив, ҳам объектив шартшароитларга боғлиқдир.
Билиш субъекти билишда хизмат қиладиган идеал образлар билан субъектив фикрлаш амаллари ёрдамида фаол билиш жараёнида объектив реалликни ана шундай образлар системасида инъикос эттиришга эришади. Билиш субъектининг фаоллиги бир вақтнинг ўзида мутлақ субъектив, ихтиёрий бўлмайди, балки у ўзининг объектив қонуний асосига эга бўлади.
Абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методи кўплаб имкониятлардаги, эҳтимолли билимлар ичида билимларнинг адекват, ҳақиқий ривожланиш йўлини ажратиб кўрсатувчи танлаш принципи сифатида намоён бўлади. Аммо абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методи тафаккурнинг ички конуниятлари сингари айни вақтнинг ўзида субъективликка олиб бормайди, чунки у ривожланишнинг универсал объектив қонуниятларининг инъикосидир.
Бу метод фақатгина назарий билиш фаолиятининг усули бўлиб қолмасдан, у амалий ўзгартириш методидир, чунки у имкониятнинг воқеликка айланишини энг изчил ўрганишга ва рўёбга чиқаришга имкон беради.
Ҳаттоки, бу имкониятнинг муайян шаклдаги воқелик билан алоқаси кандайдир бошқа метод билан аниқланган бўлса ҳам, амалий фаолиятда бу алоқадорлик назарий жиҳатдан аниқланган имкониятнинг воқеликка айланганда субъект фаолиятида абстрактликдан конкретликка кўтарилиши таъминлангандагина амалга ошади.
Абстрактликдан конкретликка кўтарилиш методининг тузилишида детерминация жараёнларининг ва инъикоснинг борлиги билишда ва воқеликни ўзгартиришда субъектнинг ижодий фаоллигининг имкониятини инкор қилмайди.
Бундай детерминация (сабабият) ва инъикос жараёнлари воқеликнинг субъектнинг иродасига боғлиқ бўлмаган объектив манзарасини, қонуниятларини, тенденцияларини, потенциал имкониятларини беради.