2-боб. Товар-моддий захираларни тан олиш 8. Товар-моддий захиралар актив сифатида тан олинади, агар:
ташкилотга актив билан боғлиқ келгусидаги иқтисодий наф келишига ишонч мавжуд бўлса;
актив қийматини ишончли баҳолаш мумкин бўлса;
уларга бўлган мулк ҳуқуқи ўтса.
9. Товар-моддий захираларга бўлган мулк ҳуқуқи, улар билан боғлиқ таваккалчилик ва мукофотларнинг ўтиш пайти маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартлари келишиладиган маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси асосида белгиланади.
10. Мулк ҳуқуқи ташкилотга тегишли бўлмаган, бироқ шартнома шартларига мувофиқ унинг ихтиёрида бўлган товар-моддий захиралар балансдан ташқари счетларда шартномада назарда тутилган баҳо бўйича акс эттирилади.
11. Товар-моддий захиралар ташкилотнинг бухгалтерия балансига қуйидагилар натижасида киритилиши лозим:
маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси бўйича харид қилиш;
таъсисчилардан ташкилотнинг устав капиталига улуш сифатида келиб тушиши;
таъсисчилар таркибидан чиқишда ёки тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулки унинг иштирокчилари ўртасида тақсимланаётганда ташкилотнинг илгари бошқа ташкилотнинг устав капиталига киритилган таъсис улуши қайтарилишидан келиб тушиши;
бепул келиб тушиш (ҳадя шартномаси бўйича);
айирбошлаш;
узоқ муддатли активлар таркибидан ўтказиш;
ортиқча (ҳисобга олинмаган) товар-моддий захираларни аниқлаш;
илгари берилган товар қарзининг қайтарилиши ёки товар қарзини олиш;
ташкилотнинг ўзида тайёрланиши;
ҳисобот даври охирида тугалланмаган ишлаб чиқариш сифатида ҳисобга олинадиган ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш;
товар-моддий захираларга бўлган мулк ҳуқуқи олинишига олиб келадиган бошқа операциялар ва ҳодисалар.
12. Товар-моддий захираларни баҳолаш қуйидаги иккита қийматлардан энг пасти бўйича амалга оширилади:
баланс тузилаётган санадаги таннарх (сотиб олиш нархи ёки ишлаб чиқариш таннархи);
баланс тузилаётган санадаги реализация қилишнинг соф қиймати.
13. Бухгалтерия ҳисобида товар-моддий захираларнинг тегишли тарзда тан олинган таннархи қонун ҳужжатлари ва мазкур Стандарт билан белгиланган ҳоллардан бошқа ҳолатларда ўзгартирилмайди.