Инглизчадан Аъзам Обидов таржимаси қ ғ ҳ ў Ноуман Смайлз



бет1/13
Дата27.06.2016
өлшемі0.91 Mb.
#161886
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13

© Инглизчадан Аъзам Обидов таржимаси

қ ғ ҳ ў

Ноуман Смайлз



Кўк Турклари асири
2001
Фавқулодда сўзбоши
Мен ушбу қўлёзмани деярли икки йил бурун, 11 сентябрдан олдинроқ олгандим. Бироқ, эндиликда ушбу сананинг мудҳиш сояси остида ҳамма нарса ўзгариб кетди, қўлёзма у куннинг турфа, керак бўлса, даҳшатли қирраларини очиб берди. Келинг, дастлабки норозилигингизни унутинг-да, яхшиси, нотаниш ном ва жойлар чакалакзорига ўзингизни уринг, алал оқибат ўзингиз кутмаган тарзда мукофотга сазовор бўласиз, қолаверса, бугунги дунёнгиздан бутунлай фарқланувчи қандайдир бошқа бир оламни, аввалги тасаввурларингизга мос келмайдиган ўзгача бир дунёни англай бошлайсизки, булар ўша пайтда менинг дўстим Эми Спёрлинг томонидан бир неча сатрларда қуйидагича қоралаб қўйилган:

«Бу одамни бўшаштириб юборадиган асардир.

Унда биз фақатгина ўқий оладиган жойлар -- Монголия, Афғонистон, Эрон, Ироқ, Гуржистон, Ўзбекистоннинг юқори кенгликларию, баъзан Венеция ва Венага саёҳатлар ўрин олган. Ҳикоянавис-таржимоннинг иши ҳамма жой билан таништириш бўлганидай, биз у билан нафақат курраи заминнинг бир бурчидан иккинчи бурчи бўйлаб узоқ саёҳатга, балки инсониятни ўйлантираётган энг муҳим масалаларга жавоб излашга отланамиз. Асар бирмунча мураккаб эса-да, лекин жуда моҳирона ишланган, воқеалар тизими турли Замонлар ва Цивилизациялар орқали ўхшаш тарихларни бир-бирига боғлайди. Асарда шунингдек, уруш, табиат тасвири, романтик ҳолат, жумбоқ, жосуслик ва сиёсий хийла кабилар ўз аксини топган. Булар орқали кўз ўнгимизда замонамизнинг ва ўтмишнинг трагикомедияси намоён бўлади. Ҳурмат, эътиқод ва шафқатсизлик, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бюрократларнинг турмага тиқилгани нозиклик билан қаламга олинган. Асардан ҳар ким ўзи учун керакли бўлган нимадир олади, донишманд халқ тафаккурининг меваси бўлмиш қадимий мақоллар бугунги кунда ҳам ҳар биримиз учун ўз долзарблигини йўқотмаган. Ва ниҳоят, муаллиф турфа ҳикояларнинг барини ажойиб йўсинда ўзаро боғлаган, шу йўсинда китоб сарлавҳасининг ҳам жумбоғи очилади.

Эми Спёрлинг. Ёзувчи.»



Ноуман Смайлз



Сўзбоши

Гарчи ушбу китобнинг муқовасида менинг номим зикр этилган бўлса-да, аслида бу матн Алтоир Маъдий исмли кишига тегишли. Буни менга BBC Жаҳон Хизматининг Марказий Осиё ва Кавказ Бўлимида хизмат қилувчи жаноб Ҳамиджон Исмоилов келтириб берди. Ўзининг «кескин вазиятли нуқталарига» сафаридан қайтар экан, жаноб Исмоилов деярли ўқиб бўлмайдиган инглизча ҳуснихатли бир қўлёзмани қўлимга тутқазди. Дўстим Мисс Эми Спёрлинг билан биргаликда бир оз таҳрир қилиб чиқдик бу қўлёзмани: ҳикояларни жой-жойига қўйдик, асосий қаҳрамонлар рўйхатини туздик, чунки инглиз ўқувчисига бу номлар бутунлай нотаниш эди, қолаверса, асарда жудаям кўп исмлар учрайди. Биз асар услубини ўзгартиришга уринганимиз йўқ, лекин муаллифнинг тилшунослик қоидаларидан чекинган ўринларига қўл теккизганимиз, баъзи жумлаларни тушунарли ҳолга келтирганимиз бўлди. Қуйида асар ҳақида қисқача ҳикоя қилган ҳолда, матнни жойлаштирганимиз йўлни намойиш этаман:

Рўмонни ҳикоя қилувчи шахс Марказий Осиёдаги (балки Шинжонда) ҳарбий экстремистик гуруҳ томонидан гаровга олинган таржимондир. Унга жангариларнинг баёнот ва мурожаатларини таржима қилишга рухсат берилади, асарда у бузуқ инглизчада ўзининг гапларини баён этади, унга кўра, жангарилар тушунмайдиган ягона тил шу эди. Ҳикоячи нима сабабдан у ерда эканини англашга интилар экан, ўз ҳаётининг кейинги икки йилини эсга олади. Икки йил бурун биринчи бора у Шинжонга Лук исмли америкалик олимга тилмочлик қилиш учун келган эди. Бу олим Кўк Турклари-- Марказий Осиёдаги қадимги халқ, дунёдаги зардўштийлик, манахеизм, иудаизм, буддизм, ислом, шоманизм каби барча динларга амал қилган халқ билан қизиқарди.

Шинжонда Лукни ҳибсга олишади. Тилмоч бир мўъжиза туфайли ўлимдан сақланиб қолади. У тилмочлик ишини давом эттиради, унинг ҳаёти, замонавийроқ қилиб айтадиган бўлсак, футболдан шоу-бизнесгача бўлган барча айқаш-уйқашликларини акс эттирарди.


Рўмоннинг иккинчи қатлами Кўк Турклари ҳақида аввалроқ тадқиқот олиб борган кишиларнинг ғаройиб ва сирли тақдирлари борасидаги ҳикояларни ўз ичига олади. Лук билан қандай воқеа содир бўлганини билиш мақсадида, ҳикоячи ана шундай тадқиқотчилардан: яҳудий Зев, рус роҳиби Валаамов, буддист Тензиг ҳамда мусулмон Ат-Тоҳарийларни ўрганади. Бу йўлда у художўй турклар тўғрисида кўплаб маълумотлар йиғади, лекин ҳикоячи ўша туркларни тадқиқ этган кишиларинг ҳаётлари фожеа билан тугагани, яъни ё ўлдирилганлари ёхуд сазойи қилинганларини аниқлайди. Лекин нима учун, деган савол орқали ҳикоячи ўз тақдирини англай олишида ёрдам бера оладиган бирор жавобни излайди...
Рўмоннинг учинчи қатлами аввалги икки қисми билан боғланган ҳолда Кўк Туркларининг ўзлари ҳақида ҳикоя қилади. Туркларнинг ҳукмдори султон Билга-Ҳоқон, қаҳрамон шаҳзода Кул-Тегин ҳамда Донишманд, Кекса Тонгюқуқлар биргаликда Тинч океанидан Қора денгизга қадар чўзилган заминда дашт салтанатини барпо этдилар. Бироқ шаҳзода Кул-Тегин вафот этиб, унинг жанозасига қўшни мамлакатлардан элчилар кела бошлашади. Жанозадан сўнг ҳоқон уларга қарата шундай дейди: «Умрим бино бўлиб, қанча-қанча маконни ўз тасарруфимга олдим, аммо замонни енгиб бўлмас экан. Мана биродаримдан айрилдим. Энди сизнинг кўмагингизга таяниб, абадийлик устидан ғалаба қозонмоқчиман. Ўзингизда мавжуд бари ақлу-заковатни ҳузуримга келтиринг!» Шундай деб ҳоқон уларни гаровга олади ва уларинг ҳар бири ўз Муқаддас Китобларини таржима қилишга киришадилар. Гарчи китоблар муқаддас бўлса-да, лекин элчилар барча қатори одам; бири иккинчисини заҳарлайди, учинчиси тўртинчисини сотади, бешинчиси олтинчиси билан зинога қўл уради... Салтанат чириб, таг-туги билан қулайди. Алал-оқибат султоннинг ўзини хоинлар ўлдириб кетишади. Биргина Оқил Тонгюқуқ ҳамма нарсани тушуна билади; Салтанатни сақлаб қолишнинг имкони йўқлигини англагач, у қандай қилиб ғалабага эришиш йўлини топади. У буни Буюк Қайтарув дея номлайди. Тонгюқуқ элчиларни уларга ўхшаш кишилар билан алмаштириб, ҳар бирини ўз сафдошлари билан бирга турли мамлакат, ирқ ва эътиқодлар орасига юборади. Ҳеч ким бу ишдан хабар топмайди. Буларнинг бари тарихнниг биз билмаган саҳифаларини ташкил этади, чунки улар ғайритабиий, Кўк Турклари эдилар, шу боис, кимда-ким бу сирни қисман бўлса-да ошкор этар экан, у ўлимга маҳкум эди.
Магар кейинчалик сизга маълум бўладики, бу каби барча нарсалар тўғрисида тилмочнинг ўз айтар гаплари ҳам бор...
Балки нима учун бу лойиҳа устида иш бошлаганимни билмоқчидирсиз. Яхши, айтсам айтибман-да, мен жаноб Исмоилов билан кўп йиллардан бери ошна-оғайниман, у менинг деярли унутилаёзган китобим «Одатлар ва қолиплар» ни ўзбекчалаштирганди. Шундан буён жаноб Исмоилов мени ўзининг «Мажолисун-нафоис» адабий-фалсафий гуруҳининг фахрий аъзолигига лойиқ кўрди. Муҳтарам ўқувчи бу тўғрида қуйидаги сайтдан тўлиқроқ маълумот олиши мумкин: http://www./ferghana./ru/another.html/
Nobless oblige, яъни шароит шуни тақозо этади, дейишади французлар. Шунга ўхшаб, Ҳамиджон менга қўлёзмани бераркан, уни ўз номим ёки Мисс Эйми Спурлинг номи остида чоп этишни илтимос қилди, йўқса, деди у, -- «саҳродан чиққан садога ҳеч ким қулоқ тутмайди». У балки ҳақ эди.
Ўзимга келсак, бу борада ҳеч бир муаммом йўқ. Юқорида тилга олганим китобда шундай ёзганманки, муаллифлик бу фақат иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, унинг ижодкорлик билан мутлақо алоқаси йўқ. Аллоҳ ҳамма мавжудот меники дея, уммонлар барча дарё менга тегишли деб ва дарахтлар тўкилган барглар устидан ҳокимликни даъво қилмайди. Магар буни бир ўйин деб ҳам ўйламанг. Мен бузуқ инглизчага бунчалик даражада тақлид қила олмаган бўлардим, агар қила олганимда, ўзимни «Мажолисун-нафоис» аъзосидан юқорироқ санаган бўлур эдим.
Ноуман Смайлз, Ҳартфордшир.

Ҳикоя иштирокчилари:


Лук -- Хитойда ҳибсга олинган кўк туркларини тадқиқ қилувчи америкалик католик
Зев -- Кўк Туркларитадқиқотчиси, яҳудий, хитойлик суюқоёқ қизнинг ошиғи
Роҳиб Валаамов -- Хитойдаги рус миссионери, қўлёзмалар билимдони
Тензиг -- Тибетлик роҳиб, Валаамовнинг дўсти
Ли -- тилмочнинг гаровга олинган хитойлик шериги
Фиона -- Лукнинг жазмани, тилмоч севиб қолган қиз
Билга Ҳоқон -- Кўк туркларнинг Замонни енгишга аҳд қилган ҳоқони
Кул-Тегин -- унинг кичик укаси, жангда ҳалок бўлган қаҳрамон
Тонгюқуқ -- Ҳоқоннинг кекса маслаҳатчиси, унинг қайнотаси
Побека -- унинг қизи, Ҳоқоннинг хотини
Элчи Лянг
Фармузд
Макрач ва Ўғуз-билга
Тардуш-Инончи
Удар-Сангун -- Кул-Тегиннинг жанозасига келган ва гаровга олинган турли мамлакат элчилари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!


Шуни айтишим керакки... маъзур тутгайсиз, буни инглизчада айтмасам бўлмайди. Биламан, менинг инглизчам бузуқ, жайдари, ҳашаки инглизча, лекин дунёниннг ярмидан кўпи мана шундай инглизчада гаплашади-ку дея ўзимни овутаман. Нафсиламрини айтганда, мен буни инглизчадан бошқа кўпгина тилларда етарлича гўзал ҳикоя қилиб беришим мумкин эди. Афсуски, бу борада анча чегараланганман. Шу кунгача мен инглизчада «Мен буни жуда яхши кўраман» эмас, «Мен буни яхши жуда кўраман» деб келдим. Сизга айтмоқчи бўлганим шуки, нотиқлик ёки услубнинг аҳамияти йўқ мен учун. Қолаверса, тил грамматикага амал қилиш эмас, балки муомала воситасидир, шундай эмасми? Ўзимизникилар айтганидай, айтсам тилим, айтмасам дилим куяр. Мана шу нарса мени ҳикояни бошлашга руҳлантирди. Ва ниҳоят инглизча менинг тасарруфимдаги ягона бир тил эдики, уни атрофимдаги кишилар мутлақо тушунмасди...
1.
Деярли бир ой олдин мени гаровга олишди. Ўшандан бери қанча вақт ўтганини аниқ айта олмаслигимга сабаб тоғлар орасидаги кичик метеорологик уйчадаги тутқунликда вақтни аниқлашнинг имкони йўқ эди. Биз бунда икки кишимиз: мен ва Ли исмли бир хитой йигит, ён атрофда ўз мустақиллиги учун курашаётган жангарилар гуруҳидаги турли-туман одамлар. Умуман олганда, улар бизга ўзларини яхши кўрсатишга интилишади, сабаби, биз чет элликмиз, магар баъзан ҳукумат учоқлари улар устига бомба ташлаш учун ёпирилиб келганда, жудаям қўпол ва ёқимсиз бўлиб кетишади. Бундай пайтда улар бизни ушлаб, бошимизга қоп кийгизиб, яқинроқдаги ғор ёки бошқа пана жойга судраб кетишади. Биз эса кун билан туннинг фарқига бормай ётамиз. Бомба тушишини ҳисобга олмаганда, ҳаётимиз, агар уни ҳаёт деб аташ мумкин бўлса, бир-бирига боғланган ҳолда бир хилдаги бошпана остида ухлаш, қачон берилишини кутиладиган овқат -- асосан музлаган картошка, сувда қайнатилган макарон, баъзан эса дудланган гўшт, қотган нон ҳамда Хитой кўк чойидан иборат. Ҳожатхона ташқарида бўлиб, бизни егулигимизга қараб кунига икки-уч маҳал бошимизга ҳалигинақа қопларни ўраб-чирмаб, у ёққа олиб чиқишади.

Бошқа пайтлар биз фақат ўтирамиз, баъзан китоб ўқиймиз, сўзлашишга рухсат йўқ, лекин қочиб кетган баъзи метеорологистлардан қолган шоҳмотни ўйнамоқ мумкин. Қизиқ, лекин одам зоти ҳар нарсага кўнар экан, фақат тақдирим шу экан-да дея ўйлансагина, бундай турмушга кўниш осон кечади. Миянгиз бўш, на қўрқув ва на умид ҳисси мавжуд. Ёлғиз яланғоч ҳолдаги бемаъни умр. Бошқа ҳолларда сиз бундай шароитда бўлиш қанчалик ҳаяжонли экани ва унинг мавжудлик борасидаги тажрибангизни не қадар бойитиши ҳақида ўйлаган бўлардингиз. Ҳафсалангизни пир қилишга тўғри келади. Ён атрофда нуқул бир-хиллик. Тўғрисини айтганда орадан фақат бир ой ўтиб, ўзимга нима бўлганилиги ҳақида ўйлашга ва таҳлил қилишга ҳаракат қиляпман. Нега мен бу ерга тушиб қолдим? Дунёдаги энг баланд тоғлар орасида, номаълум бир жойнинг қоқ ўртасида, қандайдир сабаб билан урушиб юрган ғазабнок одамлар орасида нима қилиб юрибман ахир? Мен ўзи кимман?


2
Бундан икки йил аввал Шинжон -- Уйғуристонда Индианадаги католик институтидан келган америкалик исломшунос олимга тилмоч эдим. Шинжон қаерда жойлаганини биласизми? Бу Хитойда, Тибет билан Марказий Осиё оралиғида жойлашган. Шундай қилиб биз Шарқий Туркистоннинг борган сари хитойлашиб бораётган турли ўлкаларига бордик. Биз қадимги қўлёзмаларни ахтариб юрардик. Балки ғоят кенг саҳронинг бир қанча воҳаларини кезиб, исталган динга оид қўлёзмаларни топиш мумкин демоқ ҳам тўғри бўлар, негаки америкалик дўстим айтганидай, қадимги уйғурлар ва уларнинг аждодлари -- қадимги ёки Кўк Туркларибарча динларга эътиқод қилганлар. Лук Америкадан олиб келган бир неча буддист таржимон билан бир қаторда биз ҳам Ҳўтандан 17-сасрга тааллуқли қўлёзма сотиб олдик. Бу дастлабки Манихей матнларининг тўплами эди. Қашғар томонга жўнар эканмиз, бир жуфт Исломга оид китоб ҳам топиб олдик ва...

Узр, алаҳсияпман...

Биз Турфонни саёҳатимизнинг сўнгги нуқтаси дея белгилаб олдик. Лукнинu айтишича, Турфон ўзининг жойлашиш ўрни билан машҳур. У денгиз сатҳидан тахминан 150 метр пастда жойлашган. Лук яна бундай пастликларнинг дин ва диний қўлёзмалар билан қандайдир алоқаси мавжуд эканлигини айтди. У бизникидан-да қуйироқ бўлган Ўлик денгизни мисол қилиб келтирди. Келишувимизга кўра, мен олдинроқда бориб, баъзи нарсаларни аниқлашим, алоқа боғлашим ва учрашув ташкиллаштиришим лозим эди. Эрта азонда Лук Урумчи музейига, мен эса турист сифатида олти нафар хитой (назаримда уларнинг бари хавфсизлик хизмати ходимлари эди) билан Турфонга қараб кетдик. Шу бўйи Лукни қайтиб кўрмадим...
3
Ўша куни ҳавонинг авзойи ҳаддан ортиқ бузуқ, қаттиқ шамол эсар, қумлар уюмининг саҳро ва пасттекисликлар орасида учиб юриши табиий бир ҳолдай эди. Ҳар ҳолда энди ярим йўлга етганимизда кучли шамол машинамиз билан бирга кўтариб четдаги шағалликлар устига учириб юбордики, қандайдир мўъжиза туфайли ҳайҳотдай саҳронинг қоқ ўртасида бир ўлимдан сақланиб қолдик. Шу ернинг ўзида каттакон кўзойнак таққан ва ўзини севгилисини бағрига босаётгандай қилиб кўрсатаётган махфий агентнинг сири очилиб қолди -- у соф инглиз тилида менга сўзлай кетди. Салгина ғурур билан шуни англагандай бўлдимки, у қандай бўлмасин ақалли менинг ҳаётимга жавобгар эди. У *севгилиси*нинг сумкасидан чўнтак телефонини тортиб чиқараркан, қизни бутунлай эсанкиратиб қўйди, чунки у нима қилишини билмай қолди, на ўзини чўнтак телефонга уланган қулоқларидаги икки жиннича эшитгич орқали плеерини эшитаётган қилиб кўрсатишни ва на шеригининг идора билан сўзлашаётганини тўсиб туришни билмас, нима бўлганда ҳам, мен уларнинг ғалати хитойчаларини тушуна олмадим.

Чанг-тўзон ва туманли Турфонга кириш олдидан барчамиз қондошларга айлангандик. У катта қора кўзойнагини бирор марта бўлсин ечмади. Жон исмли (менимча Зянь деган исмнинг бузиб айтилиши) гонконглик хитой ўз *компания*сининг машинасини токзорга қараб буришни буюрди. У ерда мени мазали уйғур таоми билан сийлашди. Тоғ оралаб оқувчи дарё бўйидаги узумзор соясида бир муддатга ҳожатга ўтиб, шу баҳонада бир уйғур йигитдан уларнинг қўлёзма сотувчилари ҳақида сўрашга муваффақ бўлдим. Унинг айтишича, Ўлик Шаҳарнинг нариги томонида бир дарвиши девона бўлиб, ўшанда бирор нима бўлиши мумкин экан...

Шундан кейин биз Ўлик Шаҳарга келдик. Мен ашаддий турист эмасман, шу боис қадимдан қолган қудуқ ёхуд ғайриоддий узум запасларининг мен учун катта аҳамияти йўқ, бари бир гўр. Мен ҳаттоки Жон-Зянь томоша қилиш учун арзигулик дея камоли эҳтиром билан таклиф қилган баъзи машҳур масжидларга ҳам қизиқмадим. Магар Ўлик Шаҳарга келганда... У чиндан ҳам бўлакча эди. Таржимон сифатида жуда кўп тарихий жойларда бўлганман, лекин лой вайроналарни деб ҳеч бир жойга телбаларча ошиқмаган эдим: бу шундай бир Замин эдики, бир кун барпо этилиб, яна бир кун тупроққа айланиши учун вайрон этилган замин. Ташвиш шамоли бор унинг бошида... Ҳам осмонда хира, қора, кераксиз қуёш...

Таажжубки, қуёш ва унинг иссиғи Жон ва унинг командасини менинг ортимдан эргашмасликка мажбур қилиб қўйди. Улар буни сираям ёқтирмасликларини чин кўнгилдан тан олиб, мен бу Йўқлик бўйлаб ёлғиз кезгуним ва кўргунимгача машинада қолишга қарор қилишди. Бироқ мен Урумчидан сайру саёҳат илинжида келган бу туристларнинг бу каби ғаройиб жойларни кўришни рад этаётганларидан таажубда эдим. Кейинги сафар, дейишди улар. Унда янаям яхши, дедим ўзимга-ўзим ва олов пуркаётган лой вайроналар орасидаги сўқмоқдан йўлга тушдим. Қуёш қизитгандан қизитиб келар, мен кўринмас соям устидан қадам ташлаб борарканман, Тарих ёки Вақт оралаб кезаётгандай эдим. Шаҳарнинг нариги томонида таёқни милтиқ қилиб ўйнаётган болалар ёнидан ўтдим, уларнинг ёнига яқин келиб, нарироқда қуруқ дарахт тагида шумшайиб ўтирган қарияга кўзим тушди. Билмайман, нимага буни дарахт деб ўйлаганимни, балки чолнинг таёғи ерга суқиб қўйилгани ва кир-чир ёпишқоқ белбоғи таёқнинг учига илиб қўйилгани учундир. Мен чолга салом бердим. У худди ўзимизнинг эртаклардагидай: *Саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим!* дея жавоб берди. На кулишимни, на қўрқишимни билмай туриб қолдим. Аниқроғи, қўрқиб кетдим ва ўзимни йўқотиб қўяёздим. *Мабодо қадимий ақлу заковатни излаб юрган бўлсанг, анави ёққа юр...* - шундай деб у чанг-тўзонда ўйнаётган болалар томонга ишора қилди. *Мен бунда ўзим учун юрганим йўқ...*, зўрға овоз чиқардим. *Биламан, - деди у, ўн йил аввал яҳудий бир йигит ҳам шу мақсадда келиб эди*, - деди чол ва чанг босган юзини ўгириб оли. Ўлик Шаҳардан узундан-узоқ шамол эсарди.


4
Кун охирлаб қолганда бир қўлёзманинг парчасини топдим. Бу қоғоз бўлаги эмас, балки каттакон тошга ўйилган қадимги битиклар эди, мен дарҳол уни расмга олдим. Бу ёзувни ўқий олмай, ҳалиги қариядан умид қилдим, у эса тошни аввал ҳеч ким кўрмаганини айтди, бунга сабаб, минг йиллардан бери тош ёзув қисми пастга қараган ҳолда ётарди. Чол жойнамозини унинг устига ёйганди, силлиқ қора тош унинг остида кўздан йўқолди. Ундан тафсилотларни сўраб ўтирмадим, икки кун ичида билағон америкалик дўстимни бу ерга олиб келишим лозим эди. *Мана буни ўқиб кўрсин-чи*, дея кир муқовали бир дафтарни тутқазди қўлимга. Мен хитойлик ҳамроҳларимни эсладим ва дафтарни дарҳол терлаб кетган қўйнимга яширдим.

Кейинроқ бу ақлдан озган чолни алдаганга ўхшаб қолдим: биз уни ҳам, ҳалиги тошни ҳам кўргани бормадик. Бунга мен эмас, Лукнинг Урумчида ғойиб бўлгани сабаб бўлди. *Ҳунгшиан Бингуа* меҳмонхонасида Лукни зудлик билан мамлакатдан чиқиб кетганини айтишди, лекин бу чиндан ҳам шубҳали эди. Қолаверса, у менга на бир хабар ва на ишим учун бир чақа қолдирган эди!

Тошнинг сурати туширилган плёнкани ювдириш учун ўз ҳамёнимдан пул тўлаб, ғурбатхонада бошимни ушлаганча якка ўзим унинг эртага тайёр бўлишини кутиб ўтирарканман, тугмаланмаган куйлагим сабаб қўйнимдаги бояги дафтарча ерга тушиб кетди. Ақалли бу нарсани ўқишга маънавий ҳаққим бор-ку, дея ўзимни овутгандай бўлдим ва дафтар муқовасини йиртиб уни оча бошладим. Афсуски, бу қадимий қўлёзма эмас, балки кундалик бир дафтар бўлиб, унинг биринчи саҳифасида 7 декабрь 1990 йил санаси кўрсатилган эди.

*Мен ушбу ҳар икки ишни орқага суришга мажбур бўлдим, бундан кўзланган мақсад, бирмунча аввалроқ бошлаган ва тугалланиш арафасида бўлган лойиҳа устида ишламоқдан иборат. Менинг қадимий кўк туркларининг сири ҳақидаги китобим ниҳоясига етди ва ҳозирда уни чоп этиш учун ношир излаб юрибман -- бу иш ўтган йилдаги кўпгина вақтимни олди (ўтган йил ёзидан ҳозиргача). Бу борада бир неча қомусий мақолаларим ва 6-аср Турк хонлиги ҳақидаги учта чоп этилмаган мақолам бор. Мен ўша давр кўк туркларининг сеҳрли оламига батамом берилиб кетдим, ҳозир умид қиламанки, уларнинг диний ва шоҳона ҳаётига оид китоб ва мақолаларни келгуси ёз ойи охиригача тартиблаб бўламан. Ана ундан кейин навбатдаги лойиҳага ўтишим мумкин...*

Мен бу гапларни тўғри ўқиганимга шубҳаланиб қарадим. Тўғрисини айтганда, қўлда ёзилган хатларни ўқишга нўноқроқман. Бу ҳуснихат ҳам шу қадар кичик ва тушунарсиз эдики, мен ўзимни қийнамасликни маъқул кўриб, охирги вараққа кўз югуртирдим. Унинг сарлавҳаси *6 февраль 1991 йил* эди.

*Сўнгги икки ой ичида ҳаётим қанчалик ўзгариб кетганигидан таажубдаман. Бу ерга икки ой аввалроқ келган эдим, ўшанда келажакдан умид қилса бўларди. Ҳозир хавфли вазиятга тушиб қолдимки, бу ҳақда эслатиб ўтиш жудям яхшидир. Ҳаётим Шиа Чангникидай тартибсиз бўлиб кетди. Унинг оиласи фақатгина анъаналарининг кучлилиги учун яшаб турибди. Афсуски, биз ўзгаришлар қилиш учун ўзимизда куч топа билавермаймиз. Бир ой олдин қанчалик гўл бўлган эканмиз-а! Унинг вазиятни қандай қабул қилаётганини билиш мен учун жудаям қизиқ. Шунингдек, унинг бу вазиятдаги шахсий ўрни ҳақида ҳам ташвишдаман. Эртага мен уни Турфонда кўриш учун отланаман. У мени оиласи билан танишишга таклиф қилган. Қизиқ, негадир бу учрашувдан ҳайиқиб турибман... бу Турфонда топганим яширин матнни хотиримга соляпти...*

Яна бир карра мен ушбу ёзувларни тўғри ўқиганимга ишонолмай турдим, лекин уни тугатишга ҳам, қайта кўриб чиқишга ҳам вақтим йўқ эди, сабаби, бу пайтда кимдир хонам эшигини тақиллатарди, мен дарҳол у сирли дафтарчани қўйнимга тиқиб, эшикни очишга турдим.
5.
Қаршимда келишган хитой аёли турарди. Аввал айтганимдай хитойчани мутлақо билмайман, шунга қарамай, хижолатдан қутулиш мақсадида ўзимни ҳама нарсага тайёрдай қиёфага солдим. У майин ва мусиқий хитойчада гапирарди -- бу

менга форсча бир шеърни эслатди:


*Ёрим туркийда cўзлар, афсус, туркча билмайман,

Ё Рабки, унинг тили менинг оғзимда бўлса...*


Хитой аёли хонамдаги нимагадир ишора қилди. Уни ичкарига таклиф қилдим. Остона ҳатлаб кираркан, қўнғироқдай овозда бир нималар деб ногаҳон чўмилиш хонасига бошлади ва мени ҳам орқамдан юр дегандай имлади. Ўша пайтдаги ҳолатимни бир тасаввур қилинг! Бегона юрт, мен билмайдиган тил, ишончсиз аёл, кутилмаган таклиф ва айтиб бўлмайдиган вазият -- бундай пайтда нима қилишим керак эди у ерда? Дарҳол миямга икки нарса келди: биринчиси -- бу аёл мени ўлдиргани келган, иккинчиси -- бу ажойиб, хаёлий бир имкониятдан фойдаланиб қолиш. Афсуски, хомхаёл қилибман. Аёл аввал совуқ сув, кейин иссиқ сув жўмрагини буради, улардан отилиб сув чиқди, бир муддат ўтгач, вишиллаган овоз чиқди ва сув тўхтади. *Шу-шу*, тушунтирган бўлди аёл, *Шу-шу*, жавоб бердим мен ҳам. Кейин у қўлидаги соатни кўрсатиб, бир-икки рақамларни кўрсатди ва мусиқий бир нималар дея хонамни тарк этди.

Эшик ёнига суянган кўйи узун корридорда бу хитой аёлининг кўздан ғойиб бўлгунича, нима бўлганини тушунишга ҳаракат қилиб, серрайиб қараб қолдим. Кошки билолсам эди.


6.
Муҳаббат ва Ўлим доим бирга юради, - ўйладим мен икки кун ўтгач уйда Зев исмли яҳудий йигитнинг кундалигини ўқиб ўтирарканман. Ажнабий бўлганим учун кўпгина сўзларни ҳарфма-ҳарф тушунаман, яъни масалан мени инглизчадаги *always* (ҳар доим) cўзининг вақт билан алоқадорлиги эмас, балки макон билан боғлиқлиги *all ways* (барча йўллар) қизиқтиради. Бундай дейишимга асос бор. Яқинда бир ҳалокатли таҳдидга учрадим. Жуда қисқа фурсат ичида жуда катта тажриба мужассам, шндай эмасми? Лекин англадимки, баъзан ҳаёт деганлари водопровод жўмрагидан оқиб тушаётган сўнгги томчиларга ўхшаб кетади... Шу боис, бутунлай ўзни унутганим ҳолда кимнингдир кундалигини муккадан кетиб мутолаа қилишга ҳаракат қилдим.

Айтганча, ҳалокатли таҳдид хусусида айтмоқчийдим. Келинг уни бир тарозига солиб кўрайлик. Ўша куни зудлик билан, секингина, ҳеч қандай кескин ҳаракатларсиз Хитойдан ўз юртимга қайтиб келдим. Эртасига эрталаб мени америкалик тадқиқотчига таржимон сифатида ишга ёллаган компанияга етиб бордим. Улар меиннг ўз мижозларисиз кўрганларидан нечоғли таажжубга тушишгани табиий. Англадимки, улар мижозлари тўғрисида ҳеч нарса билишмайди. Нима бўлганда ҳам ҳаммасини аниқламагунларича менга бир тийин ҳам тўламасликларини айтишди. Шунда Ўлик Шаҳардаги тошни суратга олганим плёнкани унутиб қолдирганимни эсладим. Ҳай майли, шунга шунчами? Ушбу бюро менга тез кунда яна иш таклиф қилишга ваъда берди. Шу дақиқада қанчалик хато кетган эдим-а мен!

Уйга келиб кундаликни ўқишга тушдим. Декабрь тунларининг бирида Зев Шиа Чанг билан танишадиган маълуму машҳур *Ҳунгшиан Бингуа* меҳмонхонаси қаршисидаги такси тўхташ жойига етганимда кимдир менга қўнғироқ қилди. Бу дўстим эди. Яна бир бор инглизчамдаги чегараланишни сезиб қолдим. Аслида *дугонам* дейишим керак эди, лекин у шунчаки дўстим ва шунчаки бир қиздир. У сафарим ҳақида сўради ва жавобимни ҳам кутмай, бирдан йиғлашга тушди ва зудлик билан ҳузурига кириб ўтишимни илтимос қилди.

Умуман олганда мен бу каби аёллар фожиасини ҳечам хуш кўрмайман. Лекин нимадир мени шаҳарни кесиб ўтиб у билан кўришишга ундарди.

У давлатниг юқори маҳкамасида бўлгани, у ерда мени ўлимга маҳкум қилингани тўғрисида маълумот олганини айтди. Аввал бошда, бу менга кулгили туюлди, лекин у йиғлай бошлагач, вазиятнинг жиддийлигини англадим. Мен ундан қайси ташкилотни назарда тутаётганини сўрадим. У ўзини ҳеч кимга ҳеч нима айтмаслик ва мен билан ҳам мулоқотга киришмаслик ҳақида огоҳлантиришгани айтди. У яна улар менинг барча режаларимдан хабардор эканликлари, Францияга кетаётганим, лекин ҳеч ким менга ёрдам бера олмаслиги ва қаерда бўлмай, барибир мени топиб олишлари ҳақида сўзлади... Мен дўстимдан бошқа бирор нарса ололмадим ва умидсизликка тўлиб уйдан чиқиб кетдим.



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет