INTERNATIONAL SCIENTIFIC JOURNAL
«GLOBAL SCIENCE AND INNOVATIONS 2020: CENTRAL ASIA»
NUR-SULTAN, KAZAKHSTAN, FEB-MARCH 2020
170
гавдалантирилган. Ҳозирги кунда ҳам дунёнинг турли минтақаларига ғаразли ниятларни
кўзлаган кучлар томонидан сохта “демократия”ни сунъий равишда кўчиришга урунишлар
бўлаётгани, оқибатда Ер юзида янгидан-янги оловли нуқталар юзага келаётгани сир эмас.
Шу жиҳатдан олиб қарасак, барча буюк сўз санъаткорлари сингари башорат қилиш
салоҳиятига эга бўлган Булгаковнинг ўтган аср биринчи ярмида яшаб, бугунги XXI аср
воқелигини олдиндан кўргани, огоҳликка чақиргани эътиборга лойиқдир. Унинг бу огоҳи
славян мифологияси ва фантастика орқали, рамзий маънодаги “тухумлар” образи
ёрдамида ифодаланганлиги эса магик реализмга хос бир қатор аломатларни тушунишга
имкон беради. Чунки юраги зада адиб мустабиб тузум шароитида ҳаёт ҳақиқатларини
очиб ташлашга фақат рамзийлик воситасида эришиш мумкин эди. Унинг “Итюрак” номли
бошқа асарида ҳам шўро жамиятининг кирдикорлари магия ва фантастика пардаси
ёрдамида фош этилган. Олим Преображенский итга одам миясини кўчириб ўтқазади
ҳамда жонивор кейинчалик Шариков деб номи қўйилган ярим ит, ярим одам бир махлуққа
онгли, аммо итюрак бир мавжудотга айланади. Катта истеҳзо билан яратилган бу образ
аслида большевиклар “доҳий”сининг тимсолидир. Шу билан бирга, мазкур қиссадан
айниқса ҳозирги замон учун катта хавф туғдираётган “илм-фан ютуқлари”нинг – сунъий
урчитиш йўли билан турли жониворлар, ва ҳаттоки инсон клонини яратишга
уринишларнинг оқибатида ҳар хил зомбию манқуртлар, мутантлар пайдо бўлиши
мумкинлиги ҳам англашилади. Итюрак шариковларнинг ҳаётимизга кириб келишини,
уларнинг Чингиз айтматов “Касандра тамғаси”да тасвирланган иксзурриёдлардек,
қинғирликни кўзлаган ҳар хил сиёсий кучлар қўлида ўйинчоққа айланишини, вайронкор
ғоялар йўлида хзмат қилишини бир тасаввур қилинг!
Ҳа, шариковлар, касофат тухумлар бугунча ички реаллик (магия)дир. Бироқ эртага
улар ташқи реалликка айланиши мумкин!
Умуман олганда, магик реализм тажрибаси сеҳру мўъжизалар тарк этган,
Яратганга, унинг қудратига ишонч, эътиқод тарк этган маконларга яна қачондир ғайб
кучлари қайтишини тасдиқлайди. Фақат бунда манфий кўринишдаги магик кучлар наҳс
босган муҳитга тушиб, унинг авра-астарини ағдариб юборгани кузатилади. Улар қаторида
“Уста ва Маргарита” романидаги иблис Воланд ҳамда унинг Коровёв, Азазелло, Бегемот
каби шериклари алоҳида ўринга эга эканлиги шубҳасиз. Мазкур магик қаҳрамонлар
даҳрийлар юртига келиб, дафъатан ҳамма ёқни остин-устун қилган – бир одамнинг
трамвай остида қолишию иккинчисининг жиннихонага тушишини олдиндан айтиб берган,
боз устига, театрда жуда ғаройиб, магия ва аччиқ сатира билан суғорилган, сохта
кийимлар улашиб, баднафс бандаларнинг шармандаси чиқарилган улкан томоша
уюштириш орқали одамлару умуман, ўша жамиятнинг қанчалар тубан эканлигини бутун
Москвага кўрсатиб қўйганди.
Таъкидлаш жоизки, Воланд иблис бўлса-да, салбий персонаж эмас. Массолитда
ишлайдиган “аллома” Берлиознинг бу мамлакатда кўпчилик анчадан буён тангрига
ишонмай қўйгани ҳақидаги гапларидан ҳатто одатда Яратганга мухолифатда турувчи
мавжудот сифатида тушуниладиган шайтон ҳам таажжубга, даҳшатга тушади: “...шунинг
учун ҳам у атрофдаги уйларга қўрқаписа кўз югуртириб чиқди – у ҳар бир деразада
биттадан атеистни кўришдан хавотирланаётгандай эди”.
Шу эпизоднинг ўзи замонлар оша келган мистик мавжудот Воланд билан ҳозирги
замондаги (яъни асар воқеалари кечаётган даврдаги) руҳсиз, қуруқ танадангина иборат
физик мисолдир (Қарама-қаршиликнинг бундай кўриниши магик реализмга хос
хусусиятлардан бири эканлигини юқорида айтиб ўтгандик).
Бироқ Воланд шу имонсизлар жамияти ичидан ҳам инсонийлик қиёфасини
йўқотмаган кишиларни топа билди. Булар Понтий Пилат тўғрисида роман ёзгани учун
“адабиётшунос” Латунискийга ўхшаган аблаҳлар томонидан жиннихонага тиқилган уста
ҳамда унинг севгилиси Маргарита эди.
|