Республикада аҳоли таъминотини яхшилаш масалаларида “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси тизимидаги улгуржи савдо базалари томонидан 2014 йил январ-декабр ойларида амалга оширилган ишлар тўғрисида
Ҳурматли мажлис қатнашчилари!
Мана 2014 йил ҳам ўз ниҳоясига етиб, Янги 2015 йилнинг деярли бир ярим ойи ҳам ўтиб бўлди. Ўтган йилнинг декабр ойи ҳаммамиз учун ўта масъулиятли, ўта иш қизғин вақт бўлди. Сабаби, бир томондан кириб келган Янги йил савдоларини ташкил қилиш бўлса, иккинчи томондан сиёсий масала – депутатликка номзодларни сайловини ўтказиш ва ташкилий ишларни амалга ошириш бўлди. Бу ишларга ўйлайманки шу ерда ўтирган барча раҳбарлар озми-кўпми ўз ҳиссаларини қўшдилар ва маҳаллий ҳокимиятлардан, Уюшма томонидан топширилган вазифаларни бекаму кўст адо этдилар. Шунингдек, вилоятларда куз даврида яратилган заҳиралардан Тошкент шаҳрига олиб келиб, 2 ҳафтадан зиёдроқ вақт давомида “Ўзкўргазмасавдо” биноси олдида, шунингдек Тошкент шаҳрининг барча деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркаси ташкил этилди. Бу ишларда ҳам Уюшма томонидан белгиланган барча худудий улгуржи базалар ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, пойтахт аҳлини ўзларининг сифатли ва арзон нархлардаги маҳсулотлари билан хушнуд этдилар. Ўтган йилда амалга оширилган барча меҳнатларингиз, байрам ва сайловолди ва ўша кунлардаги амалга оширган ишларингиз учун Уюшма номидан барча шу ишларда иштирок этган корхона ва ташкилотларимизга ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз ва бизнинг миинатдорчилигимизни корхонангизнинг ишчи ва ходимларига етказиб қўйишингизни сўраймиз!
Мен бугунги ўз ахборотимда, ўтган йили амалга оширилган ёки йўл қўйилган камчиликларимизга кўп урғу бермаган ҳолда, асосан Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърўзаларидан келиб чиққан ҳолда, Уюшмамиз тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг 2015 йил биринчи чорак ва ундан кейинги амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларимизга эътиборни қаратмоқчиман. Сабаби, ҳадеб бир хил камчиликларни ҳар мажлисда такрорлайвериб сийқаси чиқиб кетди. 9 ой якуни бўйича ўтказилган йиғилишимизда қандай хато ва камчиликлар тўғрисида гапирилган бўлса, ҳанузгача шу муаммолар давом этиб келмоқда.
2014 йил энди тарихга айланди. Шундай бўлса ҳам умумий зарур бўлган маълумотларни қайд этиб ўтмоқчиман. Ўтган йил давомида маҳсулотларни сотишдан, амалга оширилган ишлар ва хизмат кўрсатишдан тушган савдо тушуми 807,8 млрд. сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳақиқий нархларда 3,2 фоизга камайган. Йил давомида олинган соф фойда 14,5 млрд.сўмни ташкил этди. Мана шу кўрсаткичларни ўзи ҳам тизимда ўтган йили олиб борилган ишларга ўзингиз тегишли баҳо беришингизни ва чуқур таҳлиллар қилиб ҳар бирингиз ўзингизга тегишли хулоса чиқаришингизни талаб этади.
Афсус билан қайд этиш керак-ки, ўтган йилда 2013 йилга нисбатан маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинган ва истеъмолчиларга етказиб берилган маҳсулот ҳажми сезиларли даражада камайган. Бунга тизимдаги корхоналарнинг аксариятида тижорат ишларини фаоллаштириш, маҳаллий саноат корхоналари, фермер хўжаликлари билан узвий алоқаларни ўрнатиш, сотилаётган маҳсулот турини кўпайтиришга эътибор берилмаётгани сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда корхоналар раҳбарларига савол туғилади. Уюшмага тақдим этилаётган маълумотларни қайси бирингиз таҳлил қилиб кўрдингиз? Агарда сотилган товарлар ва уларнинг қолдиқлари структурасини таҳлил қилиб, бошқа товарларни сотишга ҳам эътиборни кучайтирганингизда кўрсаткичларимиз хозиргидан анча яхшироқ бўлар эди.
Мана бизнинг фойдаланмаган манбаларимиз қаерда!
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 19 августдаги Баёни топшириғига мувофиқ, 2014/2015 йил қиш-баҳор мавсуми учун ўтган йилнинг 10 декабр ҳолатига жами 70 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан: 17 минг тонна картошка, 16,2 минг тонна пиёз, 15,6 минг тонна сабзавотлар, 11 минг тонна мевалар, 10,1 минг тонна гуруч ва дуккакли дон экинлари, 422 тонна гўшт ғамланди.
Республика Ҳукумати қиш-баҳор мавсуми учун 615 минг тонна, шу жумладан, уюшма тизимида 70 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ғамланса, мавсумда арзон нархларда сотилишини ташкил этиб, аҳолини ижтимоий ҳимояланишини мақсад қилиб қўйган. Мен бу масала тўғрисида алоҳида тўхталмоқчиман. Чунки бу масала ёз даври бошлангунга қадар долзарблигича қолади. Биз Сизларга ёзма равишда кўрсатма йўллаганмиз, яна таъкидлаб айтамиз заҳира қилинган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари жорий йилнинг 1 июнига қадар ойма-ой келишилган жадвал асосида ички истеъмол бозорига етказиб берилиши шарт. Бу масалага шахсан ҳар бир раҳбар боши билан жавоб беради.
Республикада иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли таъминоти барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган улкан ишларга ҳамоҳанг фаолият юритаяпмиз, шунинг учун Ҳукумат олдида юзимиз ёруғ дея оламизми? Менимча, раҳбарлар ўзларига шундай саволни берадиган вақт келди.
Шунинг учун мен ўтган йилларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни такрорламаслик ҳамда Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан жорий йилга белгилаб қўйилган топшириқларни тўла-тўкис амалга оширишимиз мақсадида олдимизда турган асосий вазифалар тўғрисида тўхталмоқчиман.
Биринчидан, Юртбошимиз ўз маърўзаларида:” жаҳон бозорида тенг рақобатлаша оладиган ва кейинги босқичда иқтисодий ўсишнинг, иқтисодиётни янада модернизация ва диверсификация қилишнинг локомотивига айланиши мумкин бўлган тармоқ ва корхоналарни жадал ривожлантириш ҳамда аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашни таъминлаш зарур”-деб таъкидладилар. Бу гаплар тўлақонли бизнинг тизимга ҳам тегишли. Хабарингиз бор деярли 2 ойдан бери Вазирлар Маҳкамасининг бизнинг соҳамизга раҳбарлик қилувчи департамент раҳбари Улуғбек Узоқов бошчилигидаги деярли барча вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўлиб, улардаги ҳар бир соҳа бўйича 2015 йилга амалга оширилиши мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар режасини ва уларнинг ижроси бўйича тармоқ жадвалини ишлаб чиқдилар. Бизнинг Уюшмадан бу тадбирларда Равшан Учқунович ҳар бир вилоятда иштирок этдилар ва ўзингиз билан биргаликда бу чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қатнашдилар. Бу ҳужжатлар жойлардаги вилоят ҳокимлари ва раҳбаримиз Зафар Омонович томонларидан тасдиқланди. Бу чора-тадбирлар биз ва Сизлар учун бу йилги фаолиятимизнинг асосий йўналиши этиб белгиланди. Ҳар бирингизни қўлингизда ушбу режа мавжуд. Ўзингиз ушбу режаларни бажарамиз деб тагига имзо қўйгансизлар. Ҳар бир вазифани аниқ, белгиланган муддатлардан кечиктирмасдан бажаришимиз шарт. Бу ишлар Вазирлар Маҳкамасининг ёки 30-40 та вазирлик ва идораларнинг бекорчиликдан, фақат йўлига қоғозда қолиб кетиш учун қилинаётгани йуқ. Ўтган йиллар каби, “ҳа бу йил уни буни баҳона қилиб бажарилмай қолди, келаси йили бажараман” – деган гап бўлмайди. Бу вазифаларни ижроси шундай назоратга олинадики, ҳатто жиноий жавобгарликкача ҳам тортилиши мумкин. Бу Сизларни қўрқитиш эмас. Иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида бўлган каби савдо соҳасида ҳам жадал суръатлар билан ривожланиш сари, замон билан ҳамнафас бўлиб илдам қадамлар қўйилмас экан четга чиқиб, йўлни бошқа замоннинг, даврнинг талабига жавоб берадиган чаққон, эпчил тадбиркорларга бўшатиб беришга тўғри келади.
Иккинчидан, Республикада озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат Дастурлари доирасида қабул қилинган қарорларга мувофиқ рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш ҳамда улар билан ички бозорни тўлдириш мақсадида, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи кичик бизнес тадбиркорлигига турли имтиёз ва енгилликлар яратилмоқда. 2014 йил якунига бағишлаб Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сўзлаган нутқларида “ Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш энг муҳим устувор вазифа” қилиб белгиланди. Демак, давлатимиз томонидан хусусий тадбиркорликка янада кенгроқ йўл очиб берилиши, уларнинг фаолиятига аралашув ва назорат янада камайиши кўзда тутилмоқда. Бундан унумли фойдаланишимиз керак. Неча марталаб Сизларга такрор-такрор айтамиз, замонавий ускуналарни ўрнатган ҳолда, бозорда рақобатбардош бўладиган, мавжуд маҳаллий хом ашё базаси асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этинг деб. Нафақат ички бозорда, экспортбоп ишлаб чиқаришни ташкил этиш керак. Бу масалаларни ҳал этишда хорижий инвесторларни жалб этиш ҳам айни муддао бўлар эди. Тўғри бу гаплар гапиришга осон. Лекин “ҳаракатда барака” деган нақл бор. Ҳаракат бўлмаса ҳеч ким ким келиб ўзидан ўзи Сизларга бу ишларни қилиб бермайди. Шу ерда ўтирган бирор-бир раҳбар борми, “ПСМ Груп”дан ташқари мен шундай ишлаб чиқаришни ташкил этдим деган? Деярли ҳеч ким бу масалада бош қотиргиси, ўйлагиси келмаяпти. Мана кадрлар бўйича мутахассисимиз билан таҳлил қилиб чиқдик, ваҳоланки тизимиздаги улгуржи база раҳбарларининг 55% нинг ёшини 45 гача, 76% ники 55 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этади. Ҳаммамизни айни ақлга, кучга тўлган давримиз. Нега ғайрат, иштиёқ йўқ? Кўзимиздан ўт чақнамаяпти? Юқорида қайд этиб ўтилган тадбирлар режасидан келиб чиқиб ва яна бор имкониятларни чамалаб кўрган ҳолда бу ишларга ҳам жиддий эътибор қаратишингизни сўраймиз.
Учинчидан, Давлатимиз раҳбари: “Аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган, бошқарувнинг совет даврига хос эски ва яроқсиз режали-тақсимот тизими ва лавозимлар номенклатурасидан қатъий воз кечишимиз, бозор иқтисодиёти ва талабларига жавоб берадиган тижорат директори, молия директори, мижозлар билан ишлаш ва харидлар бўйича лойиҳа менежери ва бошқа янги лавозимларни халқаро амалиётга мос равишда, уларнинг мансаб мажбурияти ва вазифаларини аниқ белгиланган ҳолда кенг жорий этишимиз лозим” – дея бизнинг олдимизга янги, ривожланган хорижий давлатларда жорий этилган замонавий халқаро корпоратив менежмент стандартларини жорий этишни жиддий талабини қўйдилар. Юртбошимиз томонидан қўйилаётган талаблардан, юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлардан кўриниб турибдики, бизнинг республикамизга барча жабҳаларда улкан туб ўзгаришлар сари замонамизнинг энг илғор технологияларини, энг олди янгиликларини киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Авваломбор, бу гапларнинг моҳиятини, мағзини чақиш керак. Билмаган, тушунмаган нарсаларни, ибораларни мазмунини билиб олиш керак. Ишхонага бориб, кадрлар бўйича мутахассисингизни чақириб, фақатгина штатни ўзгартириб, ходимларни лавозимларини замонавий номларга алмаштириб қўй деган билан иш битмайди. Ишга бўлган муносабатни, талабни бутунлай ўзгартириш керак. Янгича фикрлаш, янги иш услубларини қўллаш зарур. Энди базага ўтириб олиб, “ким келиб базадан бизани маҳсулотларимизни харид қилар экан, кимга маҳсулотимни ўтказсам экан”- деган фикр-хаёлларни бошдан умуман чиқариб ташлаш керак. У замонлар тугади. Ун ва ўсимлик ёғини биржадан олиб сотишни ҳам бу кетишда умри қисқа. Янгиликларни жорий қилиш лозим. Энди ўзингизни ишлаб чиқариш корхонангиз, ўзингизни чакана савдо тармоғингиз бўлмас экан, “бозордан” чиқиб кетасиз. Зудлик билан жойларда маҳаллий ҳокимликлар билан келишиб, ер майдонлари олиб турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экишни, боғлар барпо этишни, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини, “Супермаркет” типидаги ёки бошқа хилдаги дўконларни ташкил этмас экансиз, аҳволингиз ночорлаша боради ва оқибатда корхонани молиявий инқирозга олиб келади. Ўзингизни чакана савдо тармоғингиз бўлса, барча етиштирган, ишлаб чиқарган ва ишлаб чиқарувчилардан харид қилган маҳсулотларингизни шу тармоқларингиз орқали сотасизлар, керак ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш имконига эга бўласизлар. Ҳозирги кунда хусусий тадбиркорлар ҳам жуда ишбилармон бўлиб кетган. Кўпчиликлари тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилардан маҳсулотларни харид қилади, керак бўлса Тошкентдан ҳам келиб бемалол олиб кетадилар. Ҳозирги интернет тармоғи ривожланган даврда ўтирган жойида қаерда, қандай маҳсулот мавжудлиги, унинг нарх-навоси ҳеч кимга сир эмас. Сизни базангизга бориб “нима берасиз”-деб ялиниб ёлвориб ўтирмайди.
Шу ўринда яна бир масала - бу савдо маданияти масаласига эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳар бирингизни таркибингизда дўконларингиз бор. Базиларда шаҳарда дўконларга кирганда сотувчиларни харидорлар билан муомаласини кўриб одамни ғазаби келади. Ёшгина йигитлар прилавка ортига туриб олиб, Отаси-онаси тенги келадиган инсонларга жуда хунук муомалада бўлади. Дўконларга кирганингизда маҳсулотлар пештахталарга пала-партиш тахлаб ташланган бўлади. Аминманки, бундай ҳолат ҳар бирингизнинг дўконларингизда мавжуд. Мана “корзинка” ёки “макро” савдо мажмуаларининг тармоқларига кириб қаранг, маҳсулотларни тахланишига, сотувчиларни муомаласига хавасингиз келади. Бизнинг тизимда ҳам шундай чакана тармоқ тизимлари яратилиши керак. Сурхондарё вилоятида бундай тизим яратилди. “Юбилейний” номи билан аста –секинлик билан вилоятнинг барча туманларида ташкил этилмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтишим лозим, Уюшмамиз олдига ҳам жорий йилда катта вазифалар юклатилмоқда. Ҳозирги кунларда Вазирлар Маҳкамасида Тошкент шаҳрида Гипермаркет қурилишини лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 1000 гектар ер майдони ажратилиб, уюшма томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экиб етиштириш ҳамда уни ички бозорга етказиб бериш ва экспортга жўнатиш ишларини ташкиллаштириш масаласи бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган. Бундай ишларни ҳар бир вилоятда амалга оширишимиз, аввало халқимизни тўкин дастурхонини таъминламоғимиз, қолаверса корхонамизни, ишчи –ходимларимизни даромадларини оширмоғимиз даркор. Қўл остимиздаги ходимларимиз яхши ишлашлари учун аввало яхши шароит ва яхши моддий рағбатлантирмоғимиз керак. Унинг учун эса яхши даромад олишимиз керак.
Яна бир масалани айтиб ўтмоқчиман, хабарингиз бўлса керак, экспорт масаласида янги тартибга мувофиқ, жорий йилдан экспорт қилувчи корхоналар учун юридик мақомидан қатъий назар барчага бир хил шароит яратилди. Бундай шароитлардан оқилона фойдаланмоқ лозим.
Тўртинчидан, инфратузилмани ташкил этмасдан, биринчи навбатда ахборот-коммуникация тизими, транспортни йўлга қўймасдан таркибий ўзгартиришга эришиш мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 4 февралдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил этилди. Бу Фармонда қуйидагилар белгилаб қўйилган: ” иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерактив давлат хизматлари татбиқ этилиши даражаси, самарадорлиги ва сифатига баҳо бериш натижалари вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, йирик корхоналар ва бирлашмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эгаллаб турган лавозимларига муносиб эканликларини кўриб чиқиш учун асос бўлиб ҳисобланади”.
Бу масалада тизимда ишлар Ҳукуматимиз талаблари асосида йўлга қўйилганми? Тўлиқ йўлга қўйилган деб айтолмаймиз. Чунки, ҳанузгача тизимда бу масаланинг моҳиятини тушунмаган, бунинг ичига кириб бормаган раҳбарлар бор. Буни сизларнинг ушбу масалага бўлган эътиборингиздан сезса бўлади. Чунки кўпгина корхоналарнинг расмий веб-сайтларига керакли маълумотларни жойлаштириш, ҳар ҳафта давомида янгиликлар киритиб бориш юзасидан аниқ чоралар кўрилмаган ва назоратга олинмаган. Мен бу ерда номма – ном айтиб ўтирмайман, мажлисдан кейин тегишли бўлимга кириб билиб олишингиз мумкин. Ўзингизга бу масалада қуйидаги ишларни амалга ошириш зарурлигини ёзиб олинг:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 апрелдаги “Иқтисодиётнинг реал секторига ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-2158-сонли қарорига асосан ташкил этилган интеграцияланган ахборот тизимидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
-Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Уюшманинг АКТ бўлимига ҳар ҳафта давомида фаолиятимизга оид янгилик ва маълумотлар бериб бориш бўйича жадвал ишлаб чиқилсин ҳамда тасдиқлансин;
- Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 мартдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларини ахборот-коммуникация технологиялари бўйича малакаларини ошириш тўғрисида”ги 73-сон қарори юзасидан таянч ўқув марказларида ходимларни малакасини ошириш чоралари кўрилсин;
- интеграцияланган ахборот тизим орқали Уюшмага ҳисобот ва маълумотларни доимий юборилиши таъминлансин.
Бешинчидан, Ижро интизоми масаласига алоҳида тўхтаб ўтмоқчиман. Ҳар бир корхонада интизом бўлмас экан у ерда тартиб ҳам, барака ҳам бўлмайди, оддий сўз билан айтганда “иш юрмайди”. Бу масалага Вазирлар Маҳкамаси томонидан доимо жиддий эътибор қаратилиб келинмоқда ва вақти – вақти билан текширувлар ўтказилиб турилади. Шунингдек, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш аҳволи бўйича ҳам давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фуқароларнинг мурожаатлари, шу жумладан, Ягона интерактив портали орқали муносабатлар борасида камчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари давом этаётганлиги, хусусан, прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширишларда ушбу идораларда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда кўплаб қонун талабларига риоя этилмаганлиги аниқланганлиги эътироф этилди.
Бу масала Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2014 йилда ўтказилган йиғилишида танқидий кўриб чиқилди. Белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси томонидан 2015 йил январда махсус буйруқ қабул қилинди, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ҳамда ижро учун барча ҳудудий улгуржи савдо базаларига юборилди.
Ҳар бир келиб тушган ҳужжатни, ҳар бир топшириқ ва вазифаларни синчиклаб ўрганиб чиқиб, белгиланган муддатида, сифатли қилиб бажарилиши устидан қатьий назорат ўрнатишингиз зарур ва ягона интерактив давлат хизмати порталидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши шахсан назоратга олинг.
Яна бир энг асосий масалалардан бири шу йил 29 март куни республикамизда Президент сайловлари ўтказилиши тўғрисида ҳаммангиз жуда яхши биласизлар. Шунинг учун барчангиз комплекс режада 1 чоракка белгиланган вазифаларни тўлиқ бажариш билан биргаликда, жойларда аҳоли таъминотида, айниқса асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ҳеч қандай узилишларга йўл қўймасдан, белгиланган ҳажмда истеъмолчиларга сўзсиз етказилишини таъминлаш, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда, худди Янги йил арафасида ташкил этилгандек, барча шаҳар ва туман марказларида, бозорларда жорий йил 1 мартдан то 1 апрелгача ярмарка савдоларини ташкил этишингиз шарт.
Президентимизнинг республика иқтисодиётини ривожлантириш бўйича 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг аҳамияти ва уни амалга оширишдаги раҳбарларни роли ҳақида тўхталиб, “олдимизда ўта муҳим ва долзарб вазифалар турибди. Уларни фақат ўз кучимиз ва имкониятларимизга таянган ҳолда ҳал қилмасак, четдан биров келиб ҳал қилиб бермайди. Энг муҳими, шу борада эскича қолип ва ёндашувлардан бутунлай воз кечшимиз керак. Бугунги замоннинг талаби шуки, энди эскича ишлаб, эскича яшаб бўлмайди. Бундай кайфият билан юрган одамларни, авваламбор, раҳбарларни ҳаётнинг ўзи қабул қилмайди.
2015 йилда ва ундан кейинги йилларда ўз олдимизга юксак, айни вақтда аниқ мақсад ва вазифаларни қўймоқдамиз. Ана шундай мақсад-муддаоларимизнинг рўёбга чиқиши, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва тотувлик муҳитининг барқарор бўлиши барчамизга, ҳар биримизнинг ўз жойимизда бизга ишониб топширилган вазифани қай даражада масъулият билан адо этишимизга боғлиқ эканини унутмаслигимизни истардим” дея таъкидладилар. Барчамиз ўз меҳнат жойларимизда бу сўзларга тўла амал қилсак, ўйлайманки барча мўлжалланган вазифаларни сўзсиз таъминлашга эришамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар, дўстлар!
Юртимиздаги тинчлик- осойишталикни шукрини айтиб адо этиб бўлмайди. Бошқа давлатлардаги нотинчликларни, нобарқарор турмуш тарзини ҳаммамиз телевидение ва матбуотлар орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Президентимизнинг мақсадлари аввало халқимизни тинчлик-тотувликда, янада фаровонликда ҳаёт кечиришларини таъминлашдир. Бу йўлда биз ҳам ўз томонимиздан уюшмамизнинг мавқеини юқори савияда сақлаш, аҳолимизнинг дастурхонини тўкин сочинлигини таъминлаш масаласига жиддий қарашимиз лозим. Биз ҳаммамиз Юртбошимизни ҳамиша қўллаб-қувватлашимиз, улар томонидан белгиланган ҳар бир вазифани сидқидилдан, юракдан бажаришимиз даркор.
Достарыңызбен бөлісу: |