Вақт инверсияси ҳақида гносеологик муаммо сифатида кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилган, аммо унинг онтологик моҳиятини очиш борасида файласуфлар орасида хилма-хил тортишувлар мавжуд. Айниқса, релятивистик физика бу борада бир қатор фундаментал қоидаларни илгари сурдики, бу қоидалар вақтнинг орқага қайтиши нисбий хусусиятга эгалигини, бир системада вақт инверсияси бошқа бир система учун хос эмаслиги мумкинлигини асослар эди.
Инверсия сўзининг маъносини таҳлил қилсак, бу сўз лотинча – inversio, яъни «тескари ағдармоқ», «ўрнини алмаштирмоқ2” деган сўздан олинганлигини, вақтнинг орқага қайтиши ҳодисаси вақт инверсияси дейилишини билиб оламиз.
Вақт инверсиясининг моҳияти шундаки, бир ҳисоб системасидаги ҳаракатланувчи объект бошқа ҳисоб системасидаги ҳаракатланувчи объектга нисбатан тезлигидаги фарққа мос равишда вақтнинг ўтишида ҳам фарқ бўлади. Бу фарқ бир системада илгарилаб кетса, бошқа системада орқада қолади. Айнан вақтнинг ўтиши нисбатан орқада қолган системани, вақтнинг ўтиши тезлашиб кетган системада биринчи системадаги ҳодисаларни тескари тартибда идрок этади ва бу ҳолат мазкур система учун гўёки вақтнинг орқага қараб ўтаётгандай таассурот қолдиради.
Бу ҳолатни гипотетик заррачалар «тахионлар»нинг1ҳаракатланиши мисолида қуйидагича изоҳлаш мумкин. Тасаввур қилинг, сиз «тинч турган А системада» тахионларнинг ҳаракатини кузатмоқдасиз. Тахионлар ёруғлик тезлигидан катта тезликда ҳаракатланмоқда деб фараз қилайлик. Тахионлардан ҳар 5 секундда бизга ёруғлик сигнали юборилаётган бўлсин. Шунда, сиз, яъни тинч системадаги кузатувчи, икки қарама-қарши томонга йўналган ёруғлик нурини кузатасиз. Қуйидаги чизмага назар ташланг:
Чизмадан кўриниб турибдики, тинч турган системадаги кузатувчи (x – фазо координати, t – вақт координати) энг аввало, чап томонда 5-сигнални, сўнгра 4-сигнални кўради. Ундан сўнг ўнг томонда 6-сигнални ва кейин 3-сигнални (чапда), кейин эса 2-сигнални (чапда), ундан сўнг 7-сигнални (ўнгда), кейин 1-сигнални (чапда) ва 8-сигнални ўнг томонда кўради. Шундай қилиб, бу кузатувчининг нигоҳида икки томонга (ўнг ва чап томонга) йўналган ёруғлик нури кўринади. Демак, тинч турган системадаги кузатувчи нуқтаи назарида ёруғлик тезлигидан катта тезликда ҳаракатланувчи системанинг ўтмишидаги ҳодисалар тескари тартибда ўтгандай бўлиб туюлади.
Шу асосда, тинч турган кузатувчи тахион системасидаги ҳодисаларда вақт инверсияси содир бўлган деб изоҳлаши мумкин. Бундай ҳодисалар турлича гравитацион куч остидаги системаларда ҳам рўй бериши мумкин. Бу ҳолда кучли гравитация майдони таъсиридаги системада вақтнинг секинлашиш ҳодисаси содир бўлади. Вақтнинг секинлашиши нисбатан кучсиз гравитация таъсири остидаги системада, ҳодисалар кетмакетлигининг орқада қолиб кетиши тарзида идрок этилиши ва бу ҳам вақт инверсиясининг бошқача тарзда намоён бўлиши ҳисобланади.
Вақтнинг давомийлиги унинг метрик хусусиятидир1. Фазо ва вақтнинг метрик хусусиятлари нисбийдир. Шу жиҳатдан, вақт давомийлиги турли инерциал системаларда турлича намоён бўлиши табиий. Аммо ҳодисалар кетама-кетлигидаги тартибнинг бузилиши системадаги топологик боғланганликнинг бузилишига олиб боради. Системанинг топологик боғланганлиги эса, фазовақтнинг сифатий хусусияти бўлиб, у моддий объектларнинг фундаментал табиатига боғлиқдир.
«Вақт сиртмоғи» ҳодисасини ҳам айрим тадқиқотчилар вақт инверсияси, яъни вақтнинг орқага қайтиши деб изоҳламоқчи бўлишади1, аммо бу нуқтаи назар хатодир. Чунки орқага қайтмаслик вақтнинг фундаментал хусусияти, вақтнинг вақтлиги ҳам шундадир. Вақт сиртмоғи вақтнинг орқага қайтиши эмас, балки вақтнинг муайян тармоқдаги йўналишининг чизиғи, ўтмишдаги фазо-вақт нуқтаси ёнидан кесишиб ўтиши оқибатидир. Бунда, гўёки ўтмиш билан келажак учрашгандек ҳолат содир бўлади. Воқеликдаги флуктуацион ўзгаришлар, гравитацион майдондаги энергетик сакрашлар оқибатида вақт сиртмоғи вужудга келади. Бир жойда содир бўлган вақт сиртмоғи бошқа жойдаги фазо-вақт муносабатларига детерминацион боғлиқ эмас, яъни вақт сиртмоғи локал, хусусий вақт билан боғланган фазовий чекланган ҳодисадир. Унинг табиатини тадқиқ этиш фазо ва вақтнинг фундаментал хусусиятларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир. «Вақт сиртмоғи» вақтнинг бир-биридан узоқда жойлашган лаҳзаларининг фазонинг бир нуқтасида кесишувидан ҳосил бўлган «гўёки орқага қайтиш» эффектидир. У муайян лаҳзалар ичида рўй беради ва жараёнлар яна одатдаги тартибда, ўзгаришсиз давом этаверади.
Вақт инверсиясининг намоён бўлиши кўпинча субъектив мазмун касб этади. Чунки вақт инверсияси муайян ҳисоб системаси нуқтаи назаридан туриб қаралганда бошқа системадаги жараёнларда вақт кетма-кетлиги бузилгандек ҳодиса содир бўлади. Бошқа системадан бу системадаги жараёнларга ёндашилганда эса, вақт инверсияси бу системада рўй бергандек туюлади. Шу жиҳатдан, вақт инверсияси субъектив мазмун касб этади деймиз.
Вақт инверсиясининг моҳияти вақтнинг ўтишидаги айрим топологик хусусиятлардаги ўзгаришлар билан боғлангандир. Уларга тартибланганлик, боғланганлик, ҳодисаларнинг изчил кетма-кетлиги каби хусусиятлар киради. Бу хусусиятлар вақтнинг топологик хусусиятлари бўлиб, унинг фундаментал табиатини ифодалайди2. Бу хусусиятлар бузилса оламнинг жараёнлар кетма-кетлигидаги изчиллик бузилади ва ота билан бола ўртасидаги ёш орасидаги фарқ қолмайди, яъни ҳатто бола отадан илгари туғилган бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Реал оламда бундай тартибсизликларнинг бўлиши мумкин эмас. Аммо вақтнинг шундай метрик хусусияти ҳам борки, у анизотроплик1 дейилади, бу хусусият бўйича, вақт барча ҳисоб системаларида биттагина йўналиш бўйича оқишини, яъни вақтнинг оқиши барча йўналишларда бир хил эмаслигини асослайди. Мана шу хусусият айрим ҳолларда, (субмикродунёда ва мегадунёнинг гравитация майдони кучланган нуқталарида, фулуктуация жараёнида, гравитацион коллапс, антиколлапс ва бошқа аномалик фазо-вақт нуқталарида) бузилиши мумкин. Бу жараёнлар эса, онтологик тадқиқот объекти ҳисобланади.
Бир системанинг ўзида шу система учун вақт инверсияси рўй бериши мумкинлигини тан олиш – юқоридаги фазо-вақт тартибининг макроскопик воқеликда ҳам бузилиши мумкинлигини тан олишдир. Аслида, вақт инверсиясини вақт давомийлигининг турли ҳисоб системаларидаги проекцияси деб тушунмоқ керак. Шу сабабли вақт инверсиясини вақт давомийлигини турли ҳисоб системаларида турлича идрок этилиши билан боғлиқ бўлган субъектив тасаввур деб тушунмоқ керак. Бир ҳисоб системадаги фазо-вақт билан боғлиқ жараёнларни айнан шу ҳисоб системадаги фазо-вақт муносабатлари нуқтаи назаридан таҳлил этилса, вақт инверсиясига ҳожат қолмайди. Ота-бола ўртасидаги вақт муносабатини ана шу ота-бола яшаган вақт системаси нуқтаи назаридан таҳлил этмоқ лозим, шундагина бола отадан катта бўлиб қолмайди, акс ҳолда кишилар ҳали «емаган сомсаси учун пул тўлашга», яъни ҳали қилмаган иши учун жавоб беришга, янада аниқроғи, эртага қиладиган иши учун бугун жавоб беришга маҳкум бўлиб қолишарди.