Фазо – вақтнинг хусусиятларини таҳлил этишга бағишланган адабиётларда, «вақт сиртмоғи» (яъни рус тилида «петля времени») деган атамага дуч келасиз. Бу атаманинг пайдо бўлишида инглиз олими Ж. Уитроунинг «Вақтнинг табиий фалсафаси»2 номли рисоласининг муайян даражада ўрни бор. Мазкур асарда муаллиф вақтиниг топологк хусусиятларини талқин этишда «вақт сиртмоғи» атамасини ишлатган. Ж. Уитроунинг мулоҳазаси қуйдагича. Агар сиз ҳаётингизда бирор ҳодисани илгари ҳам худди шу тарзда рўй берганлигига гувоҳ бўлсангиз, ва ўзингизнинг илгариги вақтдаги ҳолатингизни хотирласангиз ёки ўзингизнинг ёшлигингиздаги ўзингиз билан учрашгандек бўлсангиз вақт сиртмоғига дуч келгансиз3. Сизнинг ёшлигингиздаги ўзингиз келажакда сизнинг ёшингизга етгач, худди шу жойда, ўзининг ёш пайти билан учрашади. Бу ҳолат бир вақтнинг қайта-қайта такрорланиши вақт сиртмоғининг туташган жойидир. Бу жойни олим қуйидаги чизмада ифодалайди (1-чизма).
1-чизма
Бу чизмада А нуқтадан чиққан кузатувчи С нуқтада ўзининг келажакдаги ҳолатига дуч келади ва вақтнинг В нуқтаси сари ҳаётини давом эттиради. Унинг ёшлиги ҳам маълум бир вақт ўтгач, яьни улғайгач, ўзиниг ёшлигидаги кўриниши билан учрашади ва В нуқтаси сари ҳаётини давом эттиради. АС, СС, СВ чизиғини вақт ўқи деб олсак, С нуқта вақт чизиғининг икки турли лаҳзаларининг бир нуқтада туташувидир. Бу вақтнинг топологик хусусиятларидан бири бўлиб, у фазо-вақтининг эгилиши оқибатида содир бўлади.
Фазонинг эгилиши одатдаги ҳодиса тарзида қабул қилинади ва у фазонинг метрик хусусияти сифатида нисбий ва яққол хоссасидир (қаранг 2-чизма).
2-чизма.
Фазо ўта катта массага эга обьектлар ёнида, кучли гравитация майдони таъсирида эгилиши ҳодисаси физик экспериментлар воситасида исботланган. Аммо вақтнинг эгилиши ҳақида бирор далилий исбот топилмаган. Шунга қарамасдан, фандан ташқари бўлган илмлар билан шуғулланувчилар турли хил нақллар воқеалар, афсоналар, фантастик фаразлар воситасида вақтнинг эгилишини қатор мисоллар орқали исботлашга уринишади. Вақтнинг бу хоссаси фантаст ёзувчилар учун вақт ҳақидаги жуда ғаройиб ҳодисаларни тўқиб чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда
Фазо – вақт метрикасини тадқиқ этувчи олимлар тўрт ўлчовли фазо-вақт хилма-хиллигига хос бўлган метрик хусусиятлар қаторига фазо-вақтиниг эгилишини ҳам киритишди. Бу хусусият фан тарихида дастлаб фақат фазога хос бўлган хусусият сифатида қаралган. Қадимги Юнон олими Евклид (м.а. 3 аср) абсолют фазо геометриясига асос солди. Унинг геометриясида фазонинг эгилиши ҳисобга олинмаган, чунки Евклид геометрияси абсолют ясси текислик геометриясидир. 18-асрда Риман, Боляйи, Лобачевский ва Гаусс томонидан ноевклид геометриясига асос солинди ва фазонинг эгилиши дастлаб мана шу геометрияда ҳисобга олинади. Риман ва Боляйи мусбат эгилган фазо геометриясини, Лобачевский эса манфий эгилган фазо геометриясини яратишди. Ноевклид геометрияларининг метрикалари Гаусс асарларида системалаштирилди. Хуллас, ноевклид геометриясининг яратилиши фазонинг турли хил эгилиш даражалари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларга йўл очди. Аммо бу тадқиқотлар фақат фазонинг эгилишини исботлаб беради холос.
ХХ асрнинг бошларида немис математиги Герман Минковский тўрт ўлчовли фазо–вақт метрикасини ишлаб чиқиб псевдоевклид геометриясини кашф қилди. Минковскийнинг геометрик концепциясида фазо ва вақт координатлари ўзаро чамбарчас боғланган ва инвариант хусусиятга эгадир. Яъни, мазкур концепцияда фазонинг эгилиши ҳақидаги фикр айни пайтда вақтга ҳам тегишлидир. Бу фикрни аниқроқ қилиб ифодаласак, реал воқеликда уч ўлчовли фазонинг эгилиши ҳақида эмас, балки тўрт ўлчовли фазовақтининг эгилиши ҳақида гапириш мақсадига мувофиқдир Минковский фазо-вақт моделининг метрикаси қуйдагича.