Тўраев Бахтиёр Омонович онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари танланган асарлар



бет140/177
Дата15.02.2024
өлшемі1.82 Mb.
#492067
1   ...   136   137   138   139   140   141   142   143   ...   177
1- (1)

Перцептуаль фазо (вақт) да инсоннинг идроки, тасаввури, ҳиссиёти, ҳаёли локаллашган бўлади, шу сабабли чарчаган одамга бир масофа узоқдек туюлса, бардам ва тетик киши учун шу масофа қисқа туюлиши мумкин, кутаётган одам учун вақт «имиллаб» ўтаётгандек туюлса, қизиқарли машғулот билан банд одамга шу вақт жуда тез ўтиб кетгандек бўлиб туюлади. Хотирлашда эса аксинча, инсон қийналган, толиққан вақтни кам вақтда ўтган ҳодиса сифатида, ҳузур қилган, яхши эмоционал ҳиссиётларга бой кечинмаларини эса узоқ вақт давом этган ҳодиса сифатида эслар экан. Реал фазо (вақт)нинг математик қийматларда, тенгламаларда, тимсолларда, моделларда ифодаланиши эса концептуаль фазо (вақт) дейилади.
Концептуаль фазо (вақт) тушунчасини математик фазо (вақт) дейиш ҳам мумкин. Масалан, Евклиднинг текисликдаги геометрик фазоси, Г. Минковскийнинг 4-ўлчовли псевдоевклид фазо-вақти, Гаусснинг кўп ўлчовли фазоси, Доббснинг 2-ўлчовли вақти ёки чексиз ўлчамли Гильберт фазоси концептуаль фазо(вақт) турига киради.
Концептуаль фазо(вақт)да математик тимсоллар, тенгламалар, топологик ва геометрик моделлар мужассамлашади. Концептуаль ва перцептуаль фазо(вақт) реал фазо(вақт)нинг инъикоси экан-лигини ҳисобга олиш лозим. Ҳозирги замонда борлиқнинг турли ташкилий структура даражаларига алоқадор бўлган фи-зик, химиявий, геологик, биологик, физиологик, ижтимоий (со-циологик), информацион, психологик фазо ва вақт ҳақидаги концепциялар ҳам яратилмоқда. Бундай концепцияларда оламнинг тузилиши жиҳатдан хилма-хиллиги ва бирлиги, кўп қирралилиги ва чексизлиги, мураккаблиги ва ниҳоясизлиги ҳар тарафлама асосланмоқда.
ХХ аср охири ва ХХ асрнинг бошларида назарий физика, топология, чизиқли алгебра, квант физикаси, қора туйнуклар физикаси, релятивистик космология фанларининг ривожланиши фазо ва вақт ҳақидаги тасаввурларни жиддий ўзгартирди. Айниқса, концептуаль фазо(вақт)ни информацион технология воситаларида моделлаштириш йўллари осонлашгач, фазо ва вақтнинг турлитуман моделларини тадқиқ этиш имкониятига кенг йўл очилди. Бу тадқиқотлар оламдаги ягона энг умумий, универсал ва фундаментал алоқадорлик, бу фазо-вақт ўзаро алоқадорлигидир деб хулоса чиқаришга тўлиқ асос берди
Ҳозирги замон фанларининг ҳар бири у ёки бу даражада борлиқнинг муайян шакли, ҳаракат шакли ва фазо-вақтнинг кўриниши билан боғлиқ масалаларни таҳлил этади. Дунёда ҳеч бир фан йўқки, у ёки бу даражада ҳаракат шакли ёки фазо-вақт турига оид масалани муҳокама этмаса. Тўғри, бу нуқтаи назарга эътироз билдирувчилар ҳам топилади. Улар, шундай фанлар ҳам борки, улар бирор ҳаракат шакли билан боғланмагандир, дейишади. Масалан, математика, геометрия, геодезия, мантиқ ва бошқа шу сингари фанлар. Аслида, бу фанлар аналитик тафаккур жараёни билан боғланган экан, тафаккурнинг у ёки бу шаклдаги ҳаракати билан боғланганлигини унутмаслик лозим. Шу нуқтаи назардан борлиқнинг турлари бир-биридан ҳаракат шакли ёки фазо-вақт структураси билан фарқ қилади. Уларнинг бирлиги эса борлиқнинг моддий шакли – материянинг намоён бўлишига асос бўлиб келади. Энди борлиқнинг моддий шакли хусусида махсус тўхталиб ўтайлик. Айрим фалсафий концепцияларда, хусусан материалистик монизм концепциясида борлиқнинг моддий шакли бир ёқлама абсолютлаштириб талқин этилади ва қуйидаги хулоса бундай концепцияда устувор мавқега эга: «оламда моддийликдан бошқа нарсанинг бўлиши мумкин эмас. Моддийлик – материя бутун борлиқнинг асл моҳиятини ташкил этади. Борлиқ бу объектив реалликдир». Бу ғоявийликнинг, маънавий борлиқнинг инкор этилишига олиб боради. Бундай концепцияни борлиқни бир ёқлама моддийлаштириш оқибатида вужудга келган концепция дейиш мумкин.
Реал, перцептуал ва концептуал фазо (вақт) воқеликда объектив мавжуд бўлган фазо-вақт муносабатларининг турли ракурслардан қаралишидир. Перцептуал фазо (вақт) реал фазо (вақт)нинг субъектив идрок этилиши бўлса, концептуал фазо(вақт) эса реал фазо (вақт)нинг математик тенгламаларда ифодаланиши, моделлаштирилиши. Уларнинг бирида реал объектлар мужассамлашса, иккинчисида инсон тасаввури, идроки, ҳиссиёти мужассамлашади, учинчисида эса математик тенгламалар мужассамлашади. Бири воқеликнинг ўзи, иккинчиси унинг идрок қилиниши, учинчиси эса воқеликнинг моделлаштирилиши.
Хулоса қилиб айтганда, борлиқнинг асосий атрибутлари, яъни асосий ажралмас хусусиятлари ҳаракат, фазо ва вақтдир. Ҳаракат борлиқнинг асосий яшаш усули бўлса, фазо ва вақт эса борлиқнинг яшаш шакллари. Борлиқ ҳаракат туфайли ўзини намоён қилади, фазо ва вақт эса борлиқнинг қандай тузилганлиги ва қандай ҳолатда, шаклда эканлигини кўрсатувчи таркибий элементларидир. Шундай қилиб, борлиқнинг энг умумий универсал алоқадорлиги фазо-вақт алоқадорлигидир.


Достарыңызбен бөлісу:
1   ...   136   137   138   139   140   141   142   143   ...   177




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет