БОРЛИҚНИНГ МОДДИЙ ШАКЛИ – МАТЕРИЯ
…шўро замонида материалистик қарашни устун қўйиш натижасида, материя бирламчи, онг эса, иккиламчи деган тамойил ҳукмрон дунёқараш даражасига кўтарилди…
Ислом Каримов1
Борлиқнинг асосини таҳлил этган тадқиқотчилар моддий оламнинг, объектив реалликнинг асосида ётувчи материя тушунчасини фалсафий категория сифатида ишлаб чиқишди. Материя борлиқнинг моддий шакли ҳисобланади. Материалист олимлар ана шу категорияга маҳкам ёпишиб, «оламда материядан бошқа нарса йўқ», дейиш даражасига ҳам боришди. Улар ҳатто борлиқни ҳам материя билан айнанлаштириб қўйишди. Шу асосда субъектив реалликни борлиқ сифатига киритишмади. Аслида объектив реаллик қай даражада мавжудлик ҳуқуқига эга бўлса, субъектив реаллик ҳам шу даражада мавжудлик ҳуқуқига эгадир. Акс ҳолда инсоннинг маънавий дунёси, ўй-фикрлари, онги ва тафаккури бир чақалик қийматга эга бўлмай қолар эди. Субъектив реаллик бўлмаса, сиз ўрганаётган шу фалсафий ғоялар ҳам бўлмаган эди. Субъектив реалликни инкор этиш ғоясининг ўзи ҳам субъектив реалликнинг бир кўриниши-ку?
МАТЕРИЯ Материянинг таърифи
Материя – (лот. Materia – модда) борлиқнинг моддий шаклини ифодаловчи умумий, универсал, абстракт тушунча. Оламда биз материянинг конкрет объект шаклидаги кўринишларига дуч келамиз. «Умуман одам» бўлмаганидек «умуман материя» тушунчаси ҳам шу сингари бир абстракция, яъни мавҳум тушунчадир. «Умуман материя», бу тушунча, абстракция, фикримизнинг маҳсулидир, чунки оламда «умуман материя» эмас, балки материянинг конкрет кўринишлари учрайди. Шу тарзда фикр юритган файласуфлар барча моддий объектларга хос хусусиятларни умумлаштириб ифодалаш учун «материя» тушунчасини қўллашган.
Материалист файласуфлар материя тушунчасини бир ёқлама бўрттириб, борлиқ тушунчаси билан айнанлаштириб талқин этишади. Аслида борлиқ тушунчаси ҳам моддий ҳам маънавий объектларни ўзига қамраб олади, яъни бу тушунча оламда мавжуд бўлган барча жисмларни, ҳодисаларни, жараёнларни ва уларнинг хусусиятларини акс эттиради. Бундан ташқари у тафаккурни ҳам, оламда мавжуд бўлган барча алоқадорликларни ва муносабатларни ҳам қамраб олувчи тушунчадир. Нимаики мавжуд бўлса, уларнинг ҳаммаси биргаликда сиз билан биз мансуб бўлган дунёни ифодалайди. Аммо файласуфлар табиат, жамият ва инсон тафаккурининг асосида ётувчи ва уларни бирлаштирувчи шундай бир умумлаштирувчи тушунчани ахтаришдики, бу тушунча объектив борлиқнинг мазмунини ифода этиши лозим эди. Объектив реалликнинг мазмунини ифодаловчи тушунча ҳақидаги тасаввурлар бутун фан тарихи мобайнида ривожланиб келган.
Дастлаб, бу умумлаштирувчи тушунча, нарсаларнинг асосида нима ётади, деган нуқтаи назардан келиб чиқиб, субстанция(лотинча substantia моҳият) деб аталди. Бу ҳақда юқорида тўхталиб ўтдик. Субстанция деганда муайян нарсалар, ҳодисалар, воқеалар ва жараёнларнинг хилма-хил кўринишларининг ички бирлигини ифода этувчи ва улар орқали намоён бўлувчи моҳият тушунилади. Оламнинг асосида битта моҳият – субстанция ётади деб ҳисобловчи таълимотни монизм деб аташди. Айрим файласуфлар субстанция сифатида материяни ёки руҳни олишган. Субстанция сифатида материяни олувчиларни – материалитик монизм тарафдорлари, руҳни олувчиларни эса идеалистик монизм тарафдорлари деб ҳисоблашган. Шунингдек, оламнинг асосида ҳам материя, ҳам руҳ ётади деб ҳисобловчи файласуфларни эса дуалистлар деб ҳисоблашган. Арасту, Р.Декарт ва бошқалар дуалистлардир. Оламнинг асосида кўп субстанциялар ётади деб ҳисобловчиларни эса плюрализм тарафдорлари деб аташади.
Оламнинг асосида ётувчи моҳиятни ахтариш тарихи ҳам фаннинг узоқ ўтмишига бориб тақалади. Масалан, Қадимги Ҳиндистон ва Хитойда, Миср ва Бобилда, Қадимги Ўрта Осиё ва Юнонистонда файласуфлар оламнинг асосида қандайдир модда ёки муайян унсур ётади деб ҳисоблашган. Уларнинг баъзилари бу унсурни олов, бошқалари, сув, ёки ҳаво, айримлари эса тупроқдан иборат деб ҳисоблашган. Баъзи бир фалсафий таълимотларда эса оламнинг асосида тўрт унсур – олов, ҳаво, сув ва тупроқ ётади деб ҳисоблашган ва барча нарсалар ана шу тўртта унсурнинг бирикишидан ҳосил бўлгандир дейишган.
Қадимги боболаримизнинг муқаддас китоби «Авесто»да бу тўрт унсур (ҳаво, сув, тупроқ ва олов) муқаддас саналган ва уларни покиза сақлаш ҳар бир инсоннинг бурчидир, деб ҳисобланган1.
Оламнинг асосида ётувчи субстанцияни ахтаришнинг яна бир йўли нарсаларнинг таркибидаги бўлинмас энг кичик унсурни, қурилиш материалини, яъни нарсаларнинг таркибидаги умумий субстратни ахтаришдир.
Бундай йўналишни атомистик йўналиш дейилади. Масалан, Қадимги Юнон файласуфлари Левкипп, Эпикур, Демокрит ва Лукрецийлар нарсаларнинг ва бутун оламнинг асосида энг кичик бўлинмас унсурлар атомлар ётади, улар ўзларининг шакли. Ҳаракатланиши ва вазнлари билан бир-бирларидан фарқ қилади деб ҳисоблашган. Қадимги юнон файласуфи Эмпедокл (м.а.483–423) оламнинг асосида тупроқ, сув, ҳаво ва олов ётади деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, барча нарсалар шу тўртта элементнинг турли миқдорда бирикишидан ҳосил бўлгандир. Левкипп (м.а. 500–440) атомистик таълимотнинг асосчиларидан. Демокрит (м.а.460– 370) Левкиппдан сўнг атомистик таълимотни яхлит фалсафий концепция сифатида ривожлантирган. Унинг фикрича:
Достарыңызбен бөлісу: |