Шиддатлишишувчи коинот модели – Массачусетс технология институти олими Алан Гут (Guth) фикрича, Коинот вужудга келишининг дастлабки лаҳзасидаёқ жуда катта тезликда, шиддат билан кенгайган бўлиб, бу ҳолатни космологик адабиётларда «экспоненциал кенгаювчи модель», «инфляцион сценария», «шиддатли шишувчи коинот модели» деб аталади. Бу назарияга кўра дастлаб Коинотнинг бутун энергияси квант вакуумида мужассамлашган бўлади ва вакуумнинг қўзғалган ҳолатида энергиянинг отилиб чиқиши ҳодисаси содир бўлади. Бу ҳодиса квант вакуумида ҳосил бўлган манфий босим туфайли вужудга келган космик итарилиш кучи таъсирида рўй берган портлаш натижасида пайдо бўлган. Бу итариш кучи Эйнштейннинг моделида статик Коинотнинг мувозанатини сақлаб туриш учун керак бўладиган кучга нисбатан 10120 марта катта кучдир. Бу қудратли куч Коинотнинг шиддат билан кенгайишига олиб келган. Бунда Коинотнинг ҳажми ҳар 10-34с ичида икки баравар катталашган ва қисқа вақт ичида ҳозирги ҳолатдагидек катталашган. Катталиги, радиуси 1010 ёруғлик йилига тенг бўлиб, унда 1080 та элементар заррача мужассамлашгандир. Коинот пайдо бўлишида жуда катта иссиқлик энергияси чиққан бўлиб унинг қиймати ~ 1019ГэВ. (1ГэВ иссиқлик 1014°К га тенгдир) Катта портлаш оқибатида Коинотнинг 1028см3 ҳажмига 1090бит информация тақсимлангандир. Бу иссиқлик энергияси бутун Коинот бўйлаб тарқалиб, аста-секин совиган ва ҳозирги пайтда бу энергия ҳарорати 3°К бўлиб, уни ҳозирги замон космологиясида реликт нурланишлар деб аталади. Коинотнинг асосий таркибий элементи 4Не изотопидир, қолган оғир элементлар Коинот массасининг 2%ни ташкил этиб, улар асосан юлдузларда, юлдуз тўпларида мужассамлашгандир. Жуда катта иссиқлик даврида барча ўзаро таъсир кучлари ягона кучни ташкил этган. Катта портлаш оқибатида дастлаб, гравитацион ўзаро таъсир кучлари ажралиб чиққан ва космик итариш кучи Коинотнинг бирдан кенгайиб кетишига йўл очган. Шунинг учун Коинотнинг пайдо бўлишидаги 10-43с гача бўлган давр квантлашган гравитация даври дейилади.10-43с дан 10-35с давр Планк вақти даври деб бунда Коинотнинг фазо-вақт сигнатураси SU(5) 11 ўлчовли фазо-вақт кўпигидан иборат бўлган. Ўта оғир заррачалар вужудга келган. 10-35с ўтгач, буюк бирлашиш назарияси амал қилган, яъни кучли, кучсиз ядровий ва электромагнит ўзаро таъсирлари ягона куч бўлиб, унинг фазо-вақт сигнатураси SU(3)×SU(2)×U(1) кўринишида бўлади. 10-12с ўтгач, кучсиз ядровий ўзаро таъсирлари ажралиб чиқади ва унинг сигнатураси SU(2)×U(1) моделни беради. 10-35с дан 10-6с гача бўлган даврда кварк-лептонлар шўрваси ҳосил бўлади ва кваркларни кучли ўзаро таъсир кучлари тутиб, атом ядросининг таркибий қисми ҳосил бўла бошлайди. 10-6с дан то 1 с гача адронлар ва лептонларнинг вужудга келиш даври. Модда ва антимодданинг аннигиляцияси рўй беради, протон электронлар пайдо бўлади. 1 с.дан 3 мин гача нуклеосинтез даври атом ядроси ҳосил бўладиган давр. Бу даврда кучсиз ўзаро таъсир кучлари жиловланади. 3 минутдан то 100 000 йил ўтгунча, дастлаб ядровий ўзаро таъсирлар жиловланади, фотонлар пайдо бўлади ва ниҳоят, Катта портлашдан 100 000 йил ўтгач электромагнит ўзаро таъсирлари жиловланиб, ёруғлик нури пайдо бўлади, Коинот шаффофлашади. Шундан сўнг галактикалар, юлдузлар пайдо бўла бошлайди.