Овқат ҳазм қилиш системаси (ОҲҚС) – организмнинг энергия манбаи ҳисобланган ҳамда ҳужайраларнинг янгиланиши ва одамнинг ўсиши учун зарур бўлган озиқ моддаларнинг организм томонидан ўзлаштирилишини таъминлаб берадиган органлар мажмуи. У овқат ҳазм қилиш қувури (8-9 м узунликда) ва у билан чамбарчас боғланган йирик овқат ҳазм қилиш безлари, жағ ости сўлак бези, тил ости сўлак бези, оғиз бўшлиғи, тил, қулоқ ости сўлак бези, ҳалқум бўшлиғи, қизилўнгач, жигар, ошқозон ости безлари, катта ва кичик сўлак безларидан ташкил топгандир. ОҲҚ йўли бири иккинчиси билан уланиб кетадиган бир неча бўлимдан иборат – оғиз бўшлиғи, ҳалқум, қизилўнгач, меъда, ингичка, йўғон ва тўғри ичаклар. Жигар, меъда ости бези ҳам ОҲҚС га киради ОҲҚСнинг вазифаси овқатни физик ва химиявий қайта ишлашдан иборатдир. Бу жараёнда озуқа моддалари овқат ҳазм қилиш деворлари орқали сўрилишига ва ундан қонга ва лимфага ўтишига шароит яратилади.
Модда ва энергия алмашиш системаси – оқсиллар, ёғлар ва углеводларнинг бирикиши натижасида АТФ (аденозинтрифосфор кислоталар) ҳосил бўлади ва улар организм учун универсал энергия манбаи бўлиб хизмат қилади.
Метаболизм – инсон организмидаги модда ва энергия алмашиш жараёни. Бу жараён икки гуруҳга бўлинади – анаболизм ва катаболизм.
Анаболизм – органик моддалардаги биосинтез жараёни. Анаболизм организмнинг ўсиши ва ривожланишини таъминлайди, унинг таркибий структурасини янгилайди ва энергия тўпланишини вужудга келтиради.
Катаболизм – бу мураккаб молекулалардан тортиб то содда моддаларгача парчаланиш жараёни бўлиб, бундай парчаланишда аденозинтрифосфор кислоталар кўринишидаги энергия ҳосил бўлади.
Оқсиллар алмашиниши. Оқсиллар – бу таркибида аминокислоталар бўлган моддалар бўлиб, улар организмда пластик (қурилиш), энергетик функцияларни бажаради. Организмда 1г оқсилнинг парчаланишидан 4,1 ккал энергия ажралиб чиқади. Одам бир суткада 85 – 90 г оқсил истеъмол қилиши лозим. Оқсилларнинг биологик вазифалари бўйича қуйидаги классификация мавжуд: ферментлар (трипсин, рибонуклеаза) ташувчи оқсиллар (гемоглобин, зардоб альбумини, миоглобин), озиқ-овқат ва захира оқсиллари (тухум альбумини, сутдаги казеин, ферритин), қисқарувчи ва ҳаракат оқсиллари (актин, миозин), тузилма оқсиллари (коллаген, протеогликанлар, креатин), ҳимоя оқсиллари (антителолар, фибрионоген, тромбин, илон заҳари, бўғма кўзғатувчисининг токсини), назорат қилувчи оқсиллар (инсулин, кортикотропин, ўсиш гармони) ва б.
Оқсил минимуми – организмда азот мувозанати сақланиши учун овқатда бўлиши зарур оқсилнинг энг кам миқдори, овқатдаги оқсил оқсил минимумидан камайиб кетганда организмнинг ўз оқсиллари парчалана бошлайди. Оқсил минимуми организмнинг индивидуал хусусиятларига, ёшига, семизлигига, шунингдек, овқатдаги углеводлар, ёғлар, витаминлар ва бошқалар сифатига ҳамда миқдорига боғлиқ. Овқат рационлари тузиш учун оқсил оптимуми (организм эҳтиёжларини тўла таъминлаш учун зарур оқсил миқдори) асос қилиб олинади. Катта ёшли одамга бир суткада ўрта ҳисоб билан 80 – 100 грамм (оғир жисмоний ишда 150 грамм) оқсил керак.
Достарыңызбен бөлісу: |