Халқаро меҳнат тақсимоти (ХМТ) алоҳида мамлакатларнинг товар ва хизматларнинг маълум турларини ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашувини ифодалайди. Алоҳида мамлакатларнинг бундай ихтисослашуви маҳсулотлари устун даражада экспортга йўналтирилган халқаро ихтисослашган тармоқларнинг шаклланишига олиб келади.
Дастлабки вақтларда халқаро меҳнат тақсимотининг ривожланиши асосан табиий шароитлардаги тафовутларга асосланган эди. Бинобарин, фақат саноат тўнтаришидан кейин, яъни ишлаб чиқарувчи кучлар байналминал хусусият касб этиб, миллий хўжаликлар доирасидан ташқарига ўсиб чиқа бошлагач, уларнинг негизидан барқарор меҳнат тақсимоти ва жаҳон бозори таркиб топади. Ҳозирги вақтда халқаро меҳнат тақсимоти турли ижтимоий тизимларни ўз ичида олувчи умумжаҳон хўжалиги доирасида ривожланмоқда.
Иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви билан бир қаторда глобаллашуви жараёни ҳам муҳим ўрин тутади. Бу ҳар иккала тушунча ўзаро боғлиқ бўлиб, улар жаҳон хўжалиги субъектларининг умумий мақсадларга эришиш йўлидаги ҳатти-ҳаракатларининг бирлашуви жараёнини акс эттиради.
Байналминаллашув – бу жаҳон хўжалигининг бир неча субъектлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ўрнатилиши ва ривожланишининг дастлабки босқичидир. Глобаллашув (лотинча globus – ер курраси) жаҳон хўжалигининг бутун маконини қамраб олувчи иқтисодий муносабатлар ягона тармоғининг ташкил топиши ва ривожланишини англатади.
Глобаллашув жарарёнининг қуйидаги йўналишларини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Биринчи йўналиш – мулкчилик муносабатларининг глобаллашуви. Ҳозирда мулкий ўзлаштиришнинг мамлакатлар ҳудудидан четга чиқувчи, кўплаб давлатларнинг иштироки асосида рўй берувчи кўринишлари амал қилмоқда. Буларга трансмиллий корпорациялар (ТМК), шунингдек ТМКнинг халқаро бирлашмаларини мисол келтириш мумкин.
Иккинчи йўналиш – кооперация ва меҳнат тақсимотининг нисбатан юқори даражасига ўтиш. Юқори даражада ривожланган мамлакатлар ҳозирги замон мураккаб меҳнат кооперациясига хос бўлган хўжалик ўзаро алоқаларининг жуда катта тармоғига киришиб кетганлар. Энг мукаммал техника воситаларини яратишда турли мамлакатлардан етказиб берилувчи кўплаб бутловчи қисмлардан фойдаланилади. Масалан, АҚШ “Боинг” самолётини ишлаб чиқаришда бутловчи қисм ва деталларни мингга яқин хорижий фирмалардан олади.
Учинчи йўналиш – хўжаликни ташкил этишнинг бутунлай янги шаклларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши. Жаҳонда хўжалик алоқаларини ташкил этиш шаклларининг тубдан ўзгариши кўп жиҳатдан ахборот тарқатишнинг глобаллашуви билан боғлиқ. Жумладан, янги асримизнинг дастлабки даври учун қуйидаги жараёнлар хос бўлади: а) бутун жаҳонни тўлиқ компьютерлаштиришни тақозо этувчи глобал ахборот тизимлари (Интернет сингари) янада ривожланади; б) сунъий йўлдошлар имкониятларидан фойдаланишнинг янги тизими уяли телефон алоқасидан йўлдошлар орқали таъминланувчи глобал алоқага ўтиш имконини беради; в) инсоният очиқ ахборотлашган жамият томон интилади; г) Интернет орқали савдо тизими кенг ривожланади.
Тўртинчи йўналиш – халқаро иқтисодий ташкилотларнинг тартибга солувчи роли ривожланади. Жаҳон хўжалиги субъектларининг ўзаро алоқаси ҳамда ўзаро боғлиқлигининг кенгайиши ва кучайиши глобал муаммоларни ҳал этишда тобора кўпроқ давлатларнинг иштирок этишини тақозо этади. Бу муаммоларнинг мураккаблашуви уларнинг ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этилишида ҳукуматлараро ва ноҳукумат (ишлаб чиқарувчилар, компаниялар ва фирмалар, илмий жамиятлар ва бошқа ташкилотларнинг бирлашмалари) халқаро иқтисодий ташкилотларининг фаолиятини заруриятга айлантиради.
Шунингдек, жаҳон хўжалиги глобалашуви жараёнларининг зиддиятли томонлари ҳам мавжуд. Бу зиддиятларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:
1) турли мамлакатлардаги иқтисодий ривожланишнинг бир текисда бормаслиги;
2) бой ва қашшоқ мамлакатлар ўртасидаги фарқнинг кучайиши;
3) экологик ҳалокат таҳдидларининг кучайиб бориши;
4) турли мамлакатларда аҳоли сонининг ўзгаришининг фарқланиши.
Юқоридагилардан кўринадики, ҳозирда жаҳон миқёсида юз бераётган глобаллашув жараёни ўзининг ижобий йўналишлари ва зиддиятларига эга бўлиб, бу жиҳатларнинг нисбатини тартибга солишда дунёнинг барча мамлакатларининг фаол иштироки ва бирлашуви талаб этилади.
Достарыңызбен бөлісу: |