Жаҳон инфратузилмаси. Товарлар, ишчи кучи, молиявий воситаларнинг миллий чегаралар орқали тўхтовсиз ўсиб борувчи ҳаракати бутун жаҳон инфратузилмасининг ривожланиши ва такомиллашувини тезлаштиради. Муҳим транспорт тизими (денгиз, дарё, ҳаво, темир йўл транспорти) билан бир қаторда жаҳон иқтисодиётининг ривожланишида ахборот коммуникациялар тармоғи тобора кўпроқ аҳамият касб этиб боради. Муносиб умумжаҳон инфратузилмаси бўлмаса, ҳозирги ишлаб чиқарувчи кучларнинг байналминаллашувини ривожлантириб бўлмайди.
Ҳозирги даврда биржалар, молия марказлари, йирик саноат ва савдо бирлашмалари мисли кўрилмаган тезлик билан оператив маълумотлар олишга ва уларни ишлаб чиқишга имкон берувчи энг янги техник воситалар билан жиҳозланган. Ривожланган мамалакатларда кенг тармоқли ахборот мажмуаси ташкил топмоқда, унинг таъсири амалда иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва соҳаларига ёйилмоқда.
Ҳозирги шароитда илмий ва тижорат ахборотлар айниқса қимматлидир. Шу сабабли турли халқаро даражаларда махсус «маълумотлар банклари» ташкил топмоқда, булар илмий ва ишлаб чиқариш мақсадлари учун зарур ахборотни қидириб топишни анча енгиллаштиради. Ҳисоб-китобларга кўра ҳозирги кунда хизматлар жаҳон ЯИМнинг 46 фоизини ташкил қилади.
17.3. Жаҳон хўжалиги алоқаларини халқаро тартибга солиш
Бутун жаҳон хўжалик ҳаётининг байналминаллашуви давлатлараро хўжалик алоқаларни тартибга солишнинг механизмини яратиш зарурлигига олиб келди. Ҳозирги даврда қандайдир тартибга солувчи тузилма амал қилмайдиган халқаро иқтисодий муносабатлар соҳасини топиш қийин. Жумладан, молия, валюта ва кредит соҳаларида Халқаро валюта фонди (ХВФ), Халқаро таъмирлаш ва ривожланиш банки (ХТРБ), жаҳон савдоси соҳасида - Тарифлар ва савдо бўйича бош келишув (ТСБК)ни кўрсатиш мумкин.
Халқаро иқтисодий муносабатларни тартибга солиш миллий-ташкилий шакллардан бошланади. Хўжалик ҳаётининг байналминаллашув жараёни дастлаб миллий давлатлар фаолиятини халқаро уйғунлаштиришга, кейин эса давлатлараро ва халқаро ташкилотлар тузилишига олиб келди.
Ҳуқуқий маънода тартибга солиш халқаро тартибларни ўрнатишга, яъни меъёрий чегаралар ва қоидаларни аниқловчи келишувларни ишлаб чиқаришни ёки халқаро алоқаларнинг қандайдир соҳасини ҳал қилишда томонлар зиммасига мажбуриятларга амал қилишни юклайди. Умумқабул қилинган андозалар ва қоидаларни ўз ичига олувчи халқаро тартиблар ўз навбатида миллий татибга солишга таъсир кўрсатиши мумкин.
Биринчи халқаро ташкилотлар ХХ асрнинг 20-йилларида тузилган бўлсада (Миллатлар лигаси - 1919 йил, Халқаро ҳисоб-китоблар банки - 1929 йил), халқаро даражада жаҳон хўжалик алоқаларини кўп томонлама тартибга солувчи тузилмалар иккинчи жаҳон урушидан кейин шакллана бошлади.
1945 йил махсус халқаро уйғунлаштирувчи муассасалар – Халқаро валюта фонди (ХВФ) ва Халқаро таъмирлаш ва ривожлантириш банки (ХТРБ) ташкил топди. Ҳозирги даврда ҳам уларнинг иккаласи муҳим халқаро ташкилот ҳисобланиб, жаҳон савдоси, халқаро кредит ва валюта муносабатлари соҳаларини давлатлараро тартибга солишнинг тартиб-қоидаларини аниқлаб беради. Урушдан кейинги даврда тузилган Тарифлар ва савдо бўйича бош келишув (ТСБК), Европа иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти (ЕИХТ), НАТОнинг иқтисодий масалаларни уйғунлаштирувчи комитети (ИМУК) халқаро иқтисодий муносабатларни эркинлаштириш даврига тўғри келди.
Халқаро иқтисодий муносабатларнинг яна бир аҳамиятга молик соҳаси – бу валюта-молия соҳасидир. Халқаро молиявий муносабатларни уйғунлаштириш ХВФ, ХТРБ, иқтисодий хамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ), халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ), Халқаро молиявий корпорация (ХМК) ва шу кабилар доирасида амалга оширилади. Ғарбдаги етти етакчи мамлакатларнинг ҳар йиллик кенгаши бу соҳада муҳим роль ўйнайди.
Валюта–молиявий соҳани халқаро уйғунлаштиришнинг кучайиши кўп жиҳатдан ХВФнинг фаолияти билан боғлиқ. У ўзининг низомига мувофиқ валюта курслари ва аъзо мамлакатлар тўлов балансларини тартибга солади, кўп томонлама тўлов тизимлари ва ривожланаётган мамлакатлар ташқи қарзларини назорат қилади, аъзо мамлакатларга уларнинг валюта-молия муаммоларини ҳал қилиш учун кредит беради.
Ривожланаётган мамлакатларда таркибий қайта қуришларни молиялаштириш билан ХТРБ фаол шуғулланади. ХТРБ ва у билан бирга жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ), Халқаро молиявий корпорация (ХМК) ҳар хил инвестицион объектларни ўрта ва узоқ муддатли кредитлаш билан шуғулланади, лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий асосларини тайёрлайди, ривожланаётган мамлакатлардаги таркибий қайта ўзгартиришга ёрдам беради.
Шарқий Европа минтақасида таркибий қайта қуришга молиявий таъсир кўрсатиш ва ёрдам ташкил қилиш мақсадида 1991 йил Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) тузилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, жаҳон иқтисодий муносабатларини хақаро тартибга солиш тизимида доимий ўзгаришлар рўй бериб туради.
Достарыңызбен бөлісу: |