Шимолий Америкадаги интеграция жараёни
хусусиятлари
АҚШ ва Канада Шимолий Америкада интеграция жараёнининг бешиги ҳисобланади.
Интеграция ривожи устмиллий ташкилотларни барпо этиш йўли орқали давлат - корпорация асосига таянадиган Ғарбий Европадан фарқли ўлароқ, Шимолий Америкада бу жараён хусусий-корпорация негизида амалга ошмоқда.
Шимолий Америка минтақасидаги бундай ўзига хослик иккита мамлакат капиталлари бир-бирига киришиб, юксак даражада чамбарчас боғланиб кетганлиги оқибатида икки миллий иқтисодиёт ягона халқ хўжалик тизимига айланганлиги билан изоҳланади.
Масалан, шу нарсалар ушбу минтақада азалдан мавжуд:
-мамлакатлар ўртасида капиталларнинг эркин ҳаракат қилиш тартиби;
-аҳоли ишчи кучининг эркин миграцияси.
Минтақанинг тарихий ривожланишидаги ўзига хос хусусиятлар туфайли аввал бошиданоқ интеграциянинг табиати ва йўналишлари урушдан кейинги 10 йилликлар мобайнида трансмиллий корпорацияларга айланган АҚШ коропорациялари ва уларнинг Канададаги бўлимлари томонидан белгилаб берилди.
Шунинг учун ҳам бу корпорациялар учун интеграция жараёнини тартибга солиб турадиган мураккаб ва бесўнақай устмиллий қурилмага эҳтиёж қолмади. Бироқ АҚШ билан Канада ўртасида мавжуд бўлган иқтисодий интеграция 80 йилларнинг охири 90-йилларнинг бошларига келиб шерикларнинг ва энг аввало АҚШнинг эҳтиёжларига жавоб бера олмай қолди.
Бунинг натижасида Шимолий Америкадаги интеграция жараёнлари икки давлат ҳудудларини ошиб ўтди ва 1992 йилда Шимолий Америка эркин савдо зонаси ҳақидаги шартнома имзоланди ва у 1994 йил 1 январдан бошлаб кучга кирди.23
Ана шу шартномага биноан АҚШ ва Канада қатори Мексика ҳам ушбу зонага аъзо бўлди.
Қудратли иқтисодий имкониятларга эга бўлган ушбу блок аҳолиси 1995 йилда 382 млн. кишидан иборат эди. Унга аъзо бўлиб кирган мамлакатлар ҳар йили 7 триллион. доллар миқдорида мол ишлаб чиқаради ва хизмат кўрсатади ҳамда уларнинг ялпи жаҳон савдоси ҳажмидаги салмоғи 20 % ташкил этади.
Битимнинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат24:
-АҚШ, Канада ва Мексика ўртасидаги ўзаро савдо молларига божхона тўловларини бекор қилиш;
-ўз маҳсулотларини Мексика орқали АҚШга реэкспорт қилиш йўли билан АҚШ божларидан бўйин товловчи Осиё ва Европа компанияларининг Шимолий Америка бозорларига бўлган тажовузидан ҳимоялаш;
-АҚШ ва Канада компанияларининг Мексика банк ва суғурта соҳаларига капитал қўйиш ва рақобат қилишдаги чекловларни тугатиш;
-Атроф муҳитни сақлаш билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал этиш учун уч томонлама гуруҳлар ташкил қилиш.
АҚШ 5 йил мобайнида Мексикадан экспорт қилинадиган маҳсулот турларининг қарийб учдан икки қисмига божларни бекор қилади.
Шартномада ўзаро савдо соҳасидаги божхона чекловларини аста секин камайтириб бориш ва юз йиллик охирига келиб батамом тугатиш кўзда тутилган. Гарчи бу савдо илгари ҳам икки томонлама эркин бўлиб жадал равишда ривожланаётган бўлса-да.
Бугунга келиб ўз аҳамиятига кўра, АҚШ учун Канада биринчи, Мексика эса учинчи даражали бозор ҳисобланади (иккинчи ўринда Япония туради ). АҚШ капитали Канада иқтисодиётининг 50 - 60 %ини назорат қилиб турибди.
АҚШ билан Мексика ўртасидаги иқтисодий алоқалар айниқса тез суръатлар билан ўсиб бормоқда: 1987 йилдан 1992 йилгача АҚШнинг Мексикага экспорти бир йилда ўртача 23 %га кўпайиб бормоқда.
1995 йилга келиб Мексика АҚШ саноат молларини харид қилишда иккинчи ўринга чиқиб олди.
АҚШ трансмиллий корпорациялари тўғрисида шуни айтиш мумкинки, 1995 йилда уларнинг минтақадаги саноат бўлимлари ички савдосининг 60%дан кўпроғи Мексикага тўғри келган эди.
1989 йилдан 1995 йилгача АҚШга қарашли чет эл бўлимларининг салмоғи АҚШнинг Мексика билан ялпи умумий савдо ҳажмида 24 % дан 29 %га кўтарилди.
ўз навбатида Мексика экспортининг 70%идан кўпроғи,шу жумладан нефть экспортининг 55 %и Қўшма Штатларга тўғри келади.
Шимолий Америка эркин савдо зонаси тузиш ҳақидаги шартнома кучга кирмасдан олдинроқ бир неча млн. мексикалик фуқаро АҚШда доимий иш билан банд эди.
Шимолий Америка минтақаси барча ҳудудларда йирик капиталнинг кириб бориши кучайиб, “тенг имкониятлар“ яратилганлиги натижасида учта иқтисодий марказлардан бирига айланди ва ҳозирги пайтда қолган икки марказ - Ғарбий Европа ва Япония устидан мутлақо ҳукмронлик қилишга қодирдир.
Лотин Америкасига бўлган қизиқиш хусусан шу билан боғлиқки, бу минтақадаги мамлакатлар иқтисодий ривожланиш борасида шундай юқори кўрсаткичларга эришиб келмоқдаларки, таҳминларга кўра, бу юксак суръат яқин йиллар ичида ҳам давом этади.
Бу ерга оқиб келаётган бевосита чет эл инвестицияларининг ўсиш суръати юқори эканлиги шундан далолат беради. 1992 йилда Лотин Америкаси ва Кариб денгизи хавзасидаги мамлакатлар бевосита чет эл инвестицияларининг оқиб келишида рекорд даражага эришдилар - улар 56 млрд. долларни ташкил этди. Бу рақам 1996 йилдагига нисбатан 28 фоиз кўп демакдир.
Умуман олганда бу минтақага тушган бевосита чет эл инвестициялари хажми 1997 йилда ривожланаётган мамлакатларга жойлаштирилган инвестицияларнинг 38 фоизини ташкил этди ва буларнинг ўсиш суръати барча ривожланаётган мамлакатларга киритилган инвестицияларнинг ялпи ўсиш суръатига нисбатан учдан икки ҳиссага тенг бўлди. 25
Жанубий Америкада ҳам интеграция жараёнлари тобора ривожланиб бормоқда. 1965 йилларнинг бошларидаёқ бу ерда “Эркин савдо зонаси”ни ташкил этиш, кейинчалик эса, Марказий Америка умумий бозорини юзага келтириш мўлжалланган эди. Аммо сиёсий ва иқтисодий танглик бу режаларнинг амалга ошишига имкон бермади.
1990 йилларнинг ўрталарига келиб, Аргентина,Бразилия, Уругвай ва Парагвай ўртасида 1991 йилда тузилган ва 1995 йил 1 январидан кучга кирган “МЕРКОСУР” савдо пакти туфайли интеграция жараёнларида жонланиш сезилди.
Ушбу пакт минтақада янги бир савдо - иқтисодий блокнинг юзага келишига йўл очади, бу блок умумий аҳолиси 200 млн. кишидан зиёда бўлган ва ялпи ички маҳсулоти 550 млрд.долларни ташкил этувчи давлатларни ўзига бирлаштиради.
МЕРКОСУР гуруҳининг ташкил этилиши натижасида унга аъзо бўлиб кирган тўрт давлатга тегишли ўзаро савдонинг 90%и ҳар қандай божхона ғовларидан халос бўлади. Учинчи мамлакатлардан келадиган импорт маҳсулотларига нисбатан эса умумий бож тизимлари ва божхона қоидалари жорий этилади.26
Режаларга кўра, Шимолий Америка эркин савдо зонаси МЕРКОСУР билан қўшилиб кетади ва минтақадаги бошқа давлатлар ҳам бирин-кетин уларга аъзо бўлиб киради.
ҳозирги пайтда Шарқий Осиёда интеграция жараёнлари тобора кўпроқ ривожланиб бормоқда. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси қарийб 30 йилдан бери яхшигина муваффақият билан фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг аъзолари орасида 4 нафар Осиё “аждаҳо”ларидан бири бўлган Сингапур, шунингдек, “янги тўлқин”га мансуб янги саноат мамлакатлари -Малайзия, Индонезия, Таиланд, Бруней ва Филлипин бор.27
Ушбу гуруҳ доирасидаги ўзаро ҳамкорликда эришилган ютуқлар Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари ассоциациясига аъзо бўлган мамлакатларнинг кўпчилиги иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланаётганлиги, уларнинг тараққиёт даражалари бир-бирига яқин эканлиги, ўртада тарихий анъаналарга эга бўлган дурустгина савдо алоқаларининг мавжудлиги, шунингдек, ҳамкорлик шакллари бир маромга етганлиги билан изоҳланади. Бу ташкилот мамлакатлари доирасида 2000 йилгача божхона тўловларининг ўртача 5%гача камайтириш мўлжалланган. 1995 йил охирида ҳар жиҳатдан мукаммал бўлган савдо зонасини яратишга қарор қилинган.
Шарқий Осиёдаги иқтисодий интеграциянинг ривожланиш истиқболлари кўпроқ Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти билан боғланмоқда.
Бу ташкилот Осиё, шунингдек Шимолий ва Жанубий Америкадаги 18 давлатни бирлаштиради. Халқаро экспертларнинг таҳминига кўра, Шарқий Осиё 2000 йилга келиб ялпи миллий маҳсулот хажми бўйича Ғарбий Европадан, 2020 йилга келиб эса, Шимолий Америкадан ўзиб кетиши мумкин.
Ишлаб чиқарилган режалар асосида ташкилот 2020 га келиб божхона ҳамда ички ғовлардан холис бўлган дунёда энг йирик эркин савдо зонасини ташкил этишни мўлжалламоқда.
Ташкилотнинг асосий мақсади - минтақада эркин савдо ва инвестициялар зонасини ташкил этишдир. Шу муносабат билан бу ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг Индонезиядаги учрашувида минтақанинг инддустриал ривожланган мамлакатлари учун 2010 йилгача, минтақанинг ташкилотга аъзо ривожланаётган мамлакатлари учун эса 2020 йилгача эркин, очиқ ва инвестициялар зонаси ташкил қилиш тўғрисидаги баёноти эътиборга лойиқдир. Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамдўстлиги кўп даражали халқаро хўжалик комплекси бўлиб, унда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларнинг ўзаро алоқаси тараққиётнинг умумий ҳаракатга келтирувчи кучларини вужудга келтиради, бу эса, барча иштирокчиларга ижобий самаралар беради.
Шарқий Осиё мамлакатлари билан бир қаторда Форс кўрфазидаги араб мамлакатларида ҳам интеграцияга, ўзаро яқин ҳамкорликка интилиш сезилмоқда.
Африка давлатлари ўртасида, айниқса унинг шимолий қисмида интеграция жараёнлари ривожланиб бормоқда.(гарчи анча сустроқ бўлса ҳам). Ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик, уларнинг интеграцияга мойиллиги ҳақида гапирганда шуни назарда тутиш керакки, амалдаги интеграция жараёнлари ҳам анча заиф бўлиб, ўзининг табиати, ҳаракатлантирувчи омиллари, ривожланиш суръатлари жиҳатидан анча фарқ қилади.
Ривожланаётган мамлакатлардаги интеграция том маънодаги ривожланган шаклига, яъни ҳоҳ айрим фирмалар, корхоналар даражасида, ҳоҳ умуман миллий хўжаликлар даражасида бўлсин, бевосита мамлакатлараро алоқаларнинг ривожланишидан иборат бўлган ва ҳамиша ривож топиб, чуқурлашиб борадиган жараён шаклига эга эмас.
Ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлиги, уларнинг интеграцияга доир эълон қилган мақсадлари интеграция жараёнининг тайёрлов босқичидан иборат холос.
Интеграция йўлида тузилган кўплаб гуруҳлар ижтимоий- иқтисодий муносабатларнинг пишиб етмаганлиги, миллий хўжаликларнинг ибтдоийлиги ва структуравий бўлинмаганлиги, бозор ва молия инфраструктураларининг ривожланмаганлиги оқибатида бу структураларни ё ошкор хор - зорликка ёҳуд тўла муваффақиятсизликка маҳкум этиб қўйди.
Достарыңызбен бөлісу: |