Етти иқлим лол қолар Ўхшашинг йўқ жаҳонда



Дата12.07.2016
өлшемі115.95 Kb.
Ўзбекистон

Етти иқлим лол қолар

Ўхшашинг йўқ жаҳонда,

Тош устида гул унар

Сендек қутлуғ маконда,

Элинг яшар фаровон,

Дориломон замонда,

Ўзбекистон, кўз тегмасин,

Бўйларингдан ўргилай.

Жамолингни бир кўрганлар

Кўрсайдим дейди яна.

Олам андоза олажак,

Гўзал урфу анъана.

Ҳар гўшангда шодумонлик,

Ҳар кун байрам, тантана

Ўзбекистон, кўз тегмасин,

Тўйларингдан ўргилай.

Қалб тўрида энг муқаддас,

Энг бокира бу туйғу,

Халқим ҳаё, ориятда

Бўлди жаҳонга кўзгу.

Ҳар кўнгилда яхши ният,

Орзу-умидлар эзгу,

Ўзбекистон, кўз тегмасин,

Ўйларингдан ўргилай.
3
Умр мазмуни

Онанг дуо билан ёритса йўлинг,

Отанг қўллаб турса узундир қўлинг,

Умр йўлдошинг гар тўлдирса кўнглинг,

Инсон, яшамоқнинг мазмуни шудир.

Белингдан тутса гар ҳиммат камаринг,

Тегрангда нур сочса шамсу қамаринг,

Меҳр жонга малҳам, бўлса мадоринг,

Инсон, яшамоқнинг мазмуни шудир.

Тан-сиҳат, беғубор, кўнгил шод бўлса,

Юртинг тинч, фаровон ва обод бўлса,

Дилингда эзгулик гар бунёд бўлса,

Инсон, яшамоқнинг мазмуни шудир.

Ватан ишқи билан ёнса гар юрак,

Болангни чорласа нурли келажак,

Бўлсанг гар дунёда кимгадир керак,

Инсон, яшамоқнинг мазмуни шудир.

4

Онажоним

Онажоним...

Кунлар илиқ, осмон тиниқ

Сиз борсиз,

Йўлим текис, бахтим тўкис

Сиз борсиз.

Сиз бор экан, ташвиш, ғам не

Билмайман.

Юртдошларим меҳрим билан

Сийлайман.

Ғаним отган тош ботмас

Курагимга,

Эзгулик ин қургандир

Юрагимга.

Онажоним...

Онажон, воз кечиб

Дунёдан бир зум,

Қаршингизга чўкиб

Қилайин таъзим.

Сизни ранжитмоқлик -

Гумроҳлик бутун,

Сизни унутмоқлик -

Гуноҳи азим.


5

Кўкламойим, хуш келдинг

Тоғлардаги қизғалдоқнинг

Япроғида келдингми?

Шўх болакай, қизалоқнинг

Дудоғида келдингми?

Бедор қалбим нолалари,

Сўроғида келдингми?

Еру кўкни яшнатиб

Кўкламойим, хуш келдинг!

Қаҳратондан зада бўлган

Зим-зиё дил ёришди.

Кўнглимга ин қуриб олган

Азоб қувонч-ла қоришди,

Сочларимга сен таққан

Толбаргаклар ярашди,

Кекса-ёшни яйратиб

Кўкламойим, хуш келдинг!

Сен келдингу обод юртим

Яна ҳам очди чирой,

Ҳар гўшада қаддин ростлар,

Турар жойлар нақ сарой.

Барчага ғайрат бағишлаб,

Кўнгиллардан олдинг жой,

Булбулларни сайратиб,

Кўкламойим, хуш келдинг!


6

Ўқувчиларимга


Парвоз учун шайланган қалдирғочлар мисоли,

Тизилишиб турасиз, кўзлармисиз самони,

Сабрингизни синайди илм-ҳунар давони,

Омад ёр бўлсин сизга, азиз ўғил-қизларим.

Юртбошимиз сизлар учун яратди зўр имконлар,

Яратди дориломон, ҳур ва озод замонлар,

Бўлингиз эл ишига камарбаста инсонлар,

Сизга омад ёр бўлсин, азиз ўғил-қизларим.

Дуога қўл очгайдир оқ йўл тилаб онангиз,

Бахтли қилмоқ ўйида кеча-кундуз отангиз,

Элим деб, юртим деб Сиз доим ёниб яшангиз,

Шунда омад Сизники, азиз ўғил-қизларим.

7

Биринчи севгим


Денгиз тубидаги инжу дурмисан?

Самони ёритган заррин нурмисан?

Ёки кўз илғамас малак, ҳурмисан?

Сенга етолмадим ,биринчи севгим.

Йиллар юзларимга чизиқ тортмоқчи,

Шамол хотирамни юлиб отмоқчи,

Қалбим тўлиб-тошиб севгим сотмоқчи,

Сенга етолмадим ,биринчи севгим.

Армон тўкилади тинмай қоғозга

Хаёлим банд этмас ҳеч сендан ўзга.

Зор бўлдим бир умр биргина сўзга,

Сенга етолмадим,биринчи севгим.

8

Соғиндим...

Соғиндим, кўзларим соғинчим сотди,

Сенинг дилингга ҳам учқунлар отди,

Муҳаббат юракка тиғ каби ботди,

Соғинчим ошкора айтолмайман ҳеч.

Соғиндим, кўз ёшим дарёдек оқди,

Бепарво нигоҳинг бағримни ёқди,

Ҳижронинг сочга оқ чечаклар тақди,

Соғинчим ошкора айтолмам нетай.

Йўлингга кўз тикиб кўзларим толса,

Кўнглимдаги умид буткул йўқолса,

Ишқинг ўтдан олиб, ўтларга солса,

Соғинчим баралла айтгум бир куни...

Соғиндим...

9
Бугун сени қайданам кўрдим

“Сени бугун кўрмасам бўлмас...” (қўшиқдан)

Тупроқ каби қадрсиз бўлдим,

Азоблардан сарғайдим, сўлдим.

Тирилдиму қайтадан ўлдим,

Бугун сени қайданам кўрдим.

Бугун буткул ўзимдан тондим,

Умидсизлик майига қондим,

Гўё дўзаҳ ўтида ёндим,

Бугун сени қайданам кўрдим.

Сен деб умрим елга совурдим,

Ўз кўксимга ўзим тиғ урдим,

Ширин хотирамдан айрилдим,

Бугун сени қайданам кўрдим.

10

Паноҳ

Сизни ўйламоқлик-ўзи бир гуноҳ,

Бугун тушимга ҳам кирибсиз ногоҳ.

Ўтмишни қўмсадим ўзни унутиб,

Жавобсиз ишқимдан излайман паноҳ.

Алдоқчи дунёга йиллар кўп гувоҳ,

Бўғзимни куйдирар кўксимдаги оҳ.

Ёлғизлик аталмиш ёв ҳамла қилса,

Жавобсиз ишқимдан излайман паноҳ.

Сизни ўйламоқлик-ўзи бир гуноҳ...

11

Хайр энди


Йўллар айро, дилим вайрон,

Хайр энди, бевафо ёр.

Севгим сарсон, ақлим ҳайрон,

Манглайимда жафо, ёр.

Сохта туйғу, сохта қайғу,

Сохтадир тутганларинг.

Соғинганларинг ёлғон,

Ёлғондир кутганларинг.

Юрагимга ишқ тўлди,

Фақат сени тингладим.

Қадрим қаро ер бўлди,

Гуноҳим не билмадим.

Бевафо ёр, хайр энди,

Эмасман зор, хайр энди...

12

Ёнингда Лайли бўлиб

Сочим-қиров, қаддим-дол,

Рангим сомон бўлса ҳам,

Умид отлиғ чечакларим

Қўлларингда сўлса ҳам,

Ҳолинг кўриб ғанимларим

Яйраса ҳам, кулса ҳам,

Қайс, ёнингда Лайли бўлиб

Қолсам эди,

Оҳинг тинглаб дардларингни

Олсам эди...


Саҳроларда сарсон кезсам

Майли эди сенинг билан,

Дарёлардан кечиб ўтсам

Майли эди сенинг билан,

Муҳаббатнинг чашмасидан

Қониб ичсам сенинг билан,

Қайс, ёнингда Лайли бўлиб

Қолсам эди,

Оҳинг тинглаб дардларингни

Олсам эди...

13


Тушларимга киргин бир бора

Тушларимга киргин бир бора,

Ўша тунда тонглар отмасин,

Ҳижронингга йўқ ўзга чора,

Кўз ўнгимдан чеҳранг кетмасин.

Тушларимга киргин бир бора,

Айтай дилим изҳорларини.

Қайтаролсанг қанийди, зора

Сен умримнинг баҳорларини.

Тушларимга кирсанг бир бора,

Самодаги қушга ўхшардим.

Мени десанг очиқ, ошкора,

Пойинг узра жоним тўшардим.

Тушларимга киргин бир бора...

14
Ёр-ёр

(Халқ йўлида)

Сенга элтар йўллар олис

Етолмайман, ёр-ёр.

Ё батамом сендан кечиб

Кетолмайман, ёр-ёр.

Юрагимни адо қилган

Золим бегим, ёр-ёр.

Пок севгимни сенга изҳор

Этолмайман ёр-ёр.


Ҳижронингда куйди кўнгил

Адо бўлди, ёр-ёр.

Танлаб сени cуйди кўнгил,

Гадо бўлди, ёр-ёр.

Эс-хушимдан жудо қилган

Золим бегим, ёр-ёр,

Эҳ, қайси кун сенга кўнгил

Шайдо бўлди, ёр-ёр.

15
Айрилиқ

Кеча-кундуз сени ўйлаб

Куяр дилим,

Сен томонга узатаман

Етмас қўлим,

Югураман терга ботиб,

Унмас йўлим,

Сени мендан, мени сендан

Айирган ким?

Азобларинг шунчамиди,

Тақдир – золим?!


Кўнгил мулким, инжуларга

Бойим эдинг.

Тиниқ чашма, шарқираган

Сойим эдинг,

Самолардан боқиб турган

Ойим эдинг,

Сени мендан, мени сендан

Айирган ким?

Азобларинг шунчамиди,

Тақдир – золим?!


Сенсиз кўнгил энди буткул

Бўшаб қолди,

Гул боғларим энди ҳазон

Тўшаб қолди.

Қаддим эгик, камон-ёйга

Ўхшаб қолди,

Сени мендан, мени сендан

Айирган ким?

Бир умрга жавобсиздир

Бу саволим...

16

Нола

Унутдим... Кетақол, бағритош, маккор,

Энди йўлларимда кутмагин зинҳор,

Қай бир кун бировга кўнгил қўёлсанг,

Шунда эслаб қўйгин, мени ҳам бир бор.

Қайсидир гўшада бир дардманд юрак,

Бўзлайди, тинглашга зўр бардош керак,

Йиллар ўтаверар, ўтар сенсиз ҳам,

Айт-чи, бўлолдингми бир дилга тиргак.

17
Тўртликлар

Нафинг тегса кийдиради тўнин ечиб,

Зиён кўрса кетадилар сендан кечиб,

Тузлиғингга туфурарлар тузинг ичиб,

Уларни ким дейиш мумкин, билолмадим

***
Йўлларимда пайдо бўлма, қўй,

Хатоларга ошно бўлма, қўй,

Унутарман сени кун келиб,

Яна қайтиб шайдо бўлма, қўй.


***
Сени севмоқ қанчалар қийин,

Тан олмоқнинг ўзи ҳам душвор.

Оловланар йил ўтган сайин,

Бир кун мағлуб бўлмоғим тайин.

***

Бахтим дея талпинганим сароб чиқди,



Ҳаётим деб топинганим хароб чиқди.

Бу салтанат саройлари ёлғон экан,

Тақдиримнинг талх майлари сероб чиқди.

18
***


Тақдир шу, пешонамга сиғмадинг , бахтим

Ва ё мендан юз ўгириб кетмадинг , бахтим

Қайсар ишқинг оловида ёндириб жонни

Ўзгага ҳам тахт бермадинг девона, бахтим




***

Абад сўнмас муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман

Мангу ўлмас муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман

Бевафо ёр хабар топмас бу оташ-у, бу ишқдан,

Ҳеч жавобсиз муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман

***


Тушларимда кўрмоқ истайман

Тўйиб- тўйиб дийдор истайман

Тушда топиб, сўнг йўқотганим

Сендан жудо бўлмоқ истайман




***

Kўзларимни юмсам кипригимда –сен,

Kўз очсам тийрон нигоҳимда –сен.

Жўшиб хитоб етсам, тилларимда –сен,

Умрим адоғида ҳамон юрагимда –сен.

19


Мундарижа

Ўзбекистон....................................................3

Умр мазмуни.................................................4

Онажоним......................................................5

Кўкламойим, хуш келдинг...........................6

Ўқувчиларимга..............................................7

Биринчи севгим.............................................8

Соғиндим.......................................................9

Бугун сени қайданам кўрдим.......................10

Паноҳ..............................................................11

Хайр энди.......................................................12

Ёнингда Лайли бўлиб....................................13

Тушларимга киргин бир бора.......................14

Ёр-ёр...............................................................15

Айрилиқ..........................................................16

Нола.................................................................17

Тўртликлар......................................................18

Насибахон Каримова 1963 йилда Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факулътетини тамомлаган.

28 йилдан буён халқ таълими соҳасида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Ҳозирда Балиқчи туманидаги 6-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ёш авлодга она тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келмоқда.

У- ижодкор ўқитувчи. “И. А Каримовнинг “Юксак маънавият - енгилмас куч” асарини ўрганишда педагогик технологиялардан фойдаланиш” номли услубий тавсияси республика миқёсида оммалаштирилган. Илмий мақолалари ва шеърий машқлари туман, вилоят газеталарида чоп этилган.

Насибахон бўш вақтларида шеърлар машқ қилиб туради. Ушбу китобда Насибахоннинг илк ижодий машқлари жамланган.



Насибахон Каримова


Йиллар ўтаверар

Сенсиз ҳам


Достарыңызбен бөлісу:


©dereksiz.org 2019
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет