Генерал Черняевнинг Тошкентга босқини


Аҳднома тузилиши ва «Тошкент хонлиги» хусусида



бет2/2
Дата07.07.2016
өлшемі0.75 Mb.
#182358
1   2
Аҳднома тузилиши ва «Тошкент хонлиги» хусусида
Икки томондан отишмалар тўхтатилгандан кейин шаҳар катталари Муҳаммад Солиҳ додхоҳ бошчилигида генерал Черняев ва аскарлари жойлашган Камолон дарвозаси томонидаги Хожа Аламбардор деган жойга тўпланишди. Улар орасида Эшони бузург Хўжа Қозининг ўғли Аҳмадхўжа муфти ва бошқа нуфузли одамлар ҳам бор эди. Бу кишилар Муҳаммад додхоҳга: «Ноиттифоқлик бизни бу аҳволга солиб қўйди», — деб гапирганлар. Кўп ўтмай келган генерал Черняев «аввало Ҳакимхўжа қозикалондан бошлаб Абулқосимхон эшон, Муҳаммад Солиҳ додхоҳ ва бошқа уламо, фузало, акобир, савдогарлар ва сардорлар билан бирма-бир, алоҳида қўл бериб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашиб, бир-бирларининг исмларини айтиб, сўнгра ваъда-аҳду паймонни ва ярашишни ўртага қўйди».
Бу йиғинда қатнашган Муҳаммад Солиҳ Тошкандий воқеанинг жонли гувоҳи сифатида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Буларга кўра, аҳднома беш нусхада тузилиб, бири генерал Черняевга топширилган, қолган тўрттаси Шайхонтоҳур, Бешоғоч, Кўкча ва Себзор даҳалари вакилларига топширилган. Аҳднома нусхаларига шаҳарнинг атоқли кишиларининг муҳрлари босилиб, имзо чекдилар. Шунингдек, генерал Черняев ҳам ўз имзосини қўйди. Шу аснода Муҳаммад Солиҳ додхоҳ Черняевнинг имзоси муҳрсиз қўйилганлигига эътиборни жалб қилиб: «Муҳр босилмаган аҳднома ҳақиқий ҳисобланмайди», — деган. Аммо генерал Черняев муҳрсиз имзо чекиш Россияда расм бўлиб, қонуний ҳисобланишини айтган. Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ўрнидан туриб ўтган замонларда ҳам васиқалар ва аҳдномалар муҳрсиз имзо чекилганлигини маълум қилган. Шундан кейин Муҳаммад Солиҳ додхоҳ индамай адаши Муҳаммад Солиҳ Тошкандийни уз ҳузурига чақириб: «Бу аҳдномани бошдан-оёқ уқиб беринг», — деган. У буни эшитгандан кейин: «Аҳдномани зеҳн ва диққат билан ўқиб хотирангизда сақлангким, биз дунёдан ўтгандан кейин балким сизларга керак бўлиб қолиши мумкин», — деб гапирган.
Аҳднома мазмуни қуйидагилардан иборат бўлган: «Оқ подшо ва унинг вакили генерал Искандар Черняевнинг фармони бўйича Тошкент аҳолисига шуни маълум қиламизки, улар Оллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига мувофиқ Муҳаммад пайғамбар динини қаттиқ ушлаб, шариат қонунларидан бир қарич ҳам орқага чекинмасинлар. Уларнинг барчаси шу ўлканинг фойдаси ва манфаатлари учун ҳаракат қилсинлар. Беш вақт намозни ўз вақтида адо этсинлар, муллалар доимо мактабларга боришиб, Муҳаммад пайғамбар динини тарғибот қилсинлар. Ўқувчиларнинг бирор соати ҳам бекорга кетмасин, муллалар болаларни мактабларга жалб қилиб бекорчиликка йўл қўймасинлар. Керак бўлса, қаттиқ чоралар кўриб болаларни мактабларда ўқишга мажбур этилсин. Борди-ю, ота-оналар болаларнинг ўқишларига аҳамият бермасалар, у вақтда раис ёки қозикалон ҳузурига чақиртирилиб шариат асосида қаттиқ жазолансинлар. Бу диёрнинг аҳолиси вақтларини беҳудага ўтказмай ўз ишлари билан шуғуллансинлар, савдогарлар эса савдо-сотиқни давом эттирсинлар.

Ислом дини бўзани ва ароқни ичишни, бемаъни ўйинлар билан шуғулланишни ёки ахлоқсиз бўлишликни ман этади. Шу боис шариатга зид ҳар қандай янгиликлардан сақланиш лозим.

Тошкентдаги барча бой ва камбағал табақалар юқорида шарҳланганларни сўзсиз бажаришлари шартдир. Шаҳардаги уйлар, боғлар, яйловлар, сув тегирмонлари ўз эгалари ихтибрида қолдирилади.
Рус солдатлари аҳолидан ҳеч нарса олмайдилар. Туб аҳолидан аскарлик хизматга кишилар олинмайди. Ҳарбий кишилар бирорта хонадонга қўйилмайди, борди-ю бундай ҳол юз берса, дарҳол хабар берилсин, айбдорлар жазоланади. Оқ подшоҳ бизга катта ғамхўрлик кўрсатди, шунинг учун биз унинг соғлигини худодан сўраб дуо қилишимиз керак.

Агар бирор юшса бир кишини ўлдирса ёки савдогарлар молини таласа, у вақтда айбдорлар рус қонунлари асосида жавобгарликка тортилади. Агар бир одам ўзини ўзи ўлдирса, у вақтда унинг мол-мулки меросхўрига берилади ва ҳеч нарса олинмайди. Мен, губернатор Искандар Черняев, сизларни бу йилги солиқлардан озод қиламан, кейингиси Буюк Оқ подшоҳимиз хоҳишлари бўйича белгиланади. Уйлайманки, сизларга бундан ҳам зиёд ғамхўрлик қилинади».


1865 йил 1 июлдан бошлаб кучга кирган мазкур аҳдномадаги шартлардан кўриниб турибдики, биринчи навбатда, ислом динини қаттиқ ушлашга, шариат қоидаларига сўзсиз риоя қилинишга ва мактаблар фаолиятини сусайтирмасликка алоҳида аҳамият берилган. Шунингдек, халқнинг мол-мулки ва дини дахлсизлигини сақлаш муҳим ўрин эгаллаган. Умуман айтганда, аҳдномада миллий анъаналар ва урф-одатлар ҳимоя этилиб, маҳаллий турмуш тарзининг софлиги муҳофаза қилинганлиги диққатга сазовордир. Фикримча, генерал Черняев аҳдномани тузишда шаҳар катталарининг талабларига ён босган. У қандай бўлмасин урушни тўхтатишни ва ғалабани қўлдан бой бермасликни кўпроқ уйлаб иш юритган. Шунинг учун ҳам у шаҳарни бир йил давомида солиқлардан озод этган. Бундан ташқари, у бир қанча чораларни ҳам кўрди. Чунончи, у аҳдномага имзо чекилгандан кейин Ҳакимхўжа қозикалонга, Абулқосимхўжага, Муҳаммад Солиҳ додхоҳга, тўрт даҳанинг оқсоқолларига зар ёқали чакмонлар кийгизди. 1865 йил 12 июлда, жума намозидан кейин генерал Черняев «Ҳакимхўжа қозикалоннинг уйига бориб, унга сон-саноқсиз ҳадялар бериб хурсанд қилди. Сўнгра Регистон растасига бориб, одамларга ва гадойларга тангалар сочди, мажруҳларга ва жароҳатланганларга тиббий ёрдам берди». Шундан кейин генерал Черняев ўз аскарлари билан Хожа Аламбардордан кўчиб Чиҳил духтаронга (ҳозирги Шимолий вокзал атрофига) ўрнашди.
Икки кундан кейин генерал Черняев халқ қўлидаги қуролларни топширишни буюрди. У Эшонқули додхоҳ мадрасасига кириб муллаваччаларга ўқишни давом эттиришларини буюрди. Сўнгра амири лашкар Мулла Олимқул қабрини зиёрат қилди. Черняев Кўкалдош, Бекларбеги ва бошқа мадрасаларни ҳам айланиб чиқди. У урушда шикастланган ёки ўт тушган масжидларни, ҳовлилар ва дўконларни тузатиш учун Ҳакимхужа қозикалонга кумуш тангалар берди. Аммо бу киши тангаларнинг бир қисмини бир неча одамларга бериб, кўпини ўзига олиб қолган. Буни кўрган Черняев яна маблағ ажратган ва сарфлашни бошқа ишончли кишиларга топширган. Маълумки, Тошкентда ва ўлканинг бошқа шаҳарларида урушларда асирликка олинган ёки кўчманчилар томонидан олиб келинган бегона миллат вакиллари қул сифатида ишлатилган. Генерал Черняев шу хилдаги кишиларни озод қилиш ҳақида фармон берди. Бу масалани ҳал этиш учун шаҳарнинг катталари кенгаш ўтказишиб, сарфланган пулни қайтариш шарти билан қулларни озод қилишга рози эканликларини айтдилар. Аммо Саъидазимбой сўз олиб, савдогарлар ва шахсан ўзи қулларни озод этиш тарафдори эканлигини изҳор қилди. Шундан кейин кенгаш қатнашчилари Саъидазимбойни бир бурчакка олиб, дейишибди: «Бу вилоятнинг харобалиги каммидики, сен уни яна вайрона бўлишига сабаб бўлсанг. Биласанки, Тошкент барча шаҳарларнинг устуни ва шон-шуҳрати эди, лекин унинг ҳозирги ҳолга тушишига сен сабаб бўлдинг. Бунинг учун халқнинг лаънати, ҳақорати ва таънаси қиёматгача сенинг ва авлодларинг бўйнида қолади».
Кенгаш қатнашчилари кўнгиллари хира ва ранжиган ҳолда тарқаган. Қулларни озод қилишда биринчи бўлиб отилиб чиққан Саъидазимбойнинг генерал Черняев номига ёзган хатида шундай дейилган: «Мен кўп йиллар мобайнида савдо билан Россияга қатнаб, оқ подшоҳ марҳаматининг гувоҳи бўлиб билдимки, менга ўхшаган Россия фуқаролари ўз қўлларидаги қулларни озод қилганлар. Ҳозир мен ҳам биринчидан худо йўлига, иккинчидан оқ подшоҳга итоаткорликни намойиш қилиш ва сизга ҳурматимни изҳор этиш учун ўз қулларимни (5 кишини) озод қилдим». Шунингдек, Саъидазимбойнинг таъсири ва ташвиқоти остида унинг қариндошлари Оллоҳнурбой Муҳаммадбеков, Мир Солиҳбой Бахтибоев, Бекназар Улуғбеков, Эшонбек Содиқбеков ва бошқа кишилар ҳам қулларини озодликка чиқарганлар. Бу йўлдан бошқа савдогарлар ҳам борганлар.

Генерал Черняев яҳудийларни ажратиш учун жорий этилган махсус бош кийимини кийиш ва белини ип билан боғлаб юриш тартибини ҳам йўқ қилди. Рус ҳарбий маъмурияти Саъидазимбой Муҳаммадиевнинг хоинлик хизматини инобатга олиб, мукофотга тавсия этди. Шаҳар бўйича 40га яқин қуллар озод қилинди.


Генерал Черняевнинг Тошкент аҳлига кўрсатган меҳрибонлиги, ғамхўрлиги ва инсонпарварлиги кўзбўямачилик ҳамда найрангбозликдан иборат эди, холос. У бу ишларни шаҳарда ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва халқни чалғитиш учун қилган эди. Аслида Черняев ўта шафқатсиз, золим ва миллатчи киши эди. У айтар эдики, ўзбекларни ва бошқа маҳаллий халқни «тўн кийиб юрганликларининг ўзи учун ҳам уриш керак». У ўзининг бу шиорига амал қилиб босиб олинган жойларни, жумладан Тошкентни қонга белади ва вайронага айлантирди. Гарчанд Черняев Тошкентни ўз ҳукуматининг ижозатисиз эгаллаган бўлса-да, лекин бу иш мамнуният билан қарши олинди. Шахсан император Александр генерал Черняевни бриллиантлар қадалган қилич билан мукофотлади. Тошкент урушида ўзини кўрсатган майор Вулферт, юзбоши Иванов ва бошқалар ҳам мукофотга тавсия этилди.
Тошкентнинг босиб олиниши жаҳонда, айниқса, Англия ва Туркияда норозилик ҳамда шов-шув кўтарилишига олиб келди. Матбуотда Рус давлатининг пировардида Ҳиндистонга бостириб кириши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар босилди. Натижада бу ҳол рус ҳукумати ташқи сиесатини анча мураккаблашишга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас эди. Шу сабабли ҳам генерал Черняев ўйламай қилиб қўйган қалтис ишини оқлаш ва жаҳон шов-шувини юмшатиш мақсадида гўё Тошкент ихтиерий равишда рус қўшинларига бўйсунганлиги борасида ҳужжат уюштиришга киришди. У шаҳар катталарини тўплаб аҳоли номидан қуйидаги мазмунда хат тайёрлашни буюрди: «Неча замонлар ва йиллардан бери Туркистон заминида Фарғона хонлари ҳукмронлик қилиб фуқароларга кўп жабр-зулм ўтказган... Улар закот, хирожни шариат асосида олмасдан ортиқча олганлар ва ҳеч қачон марҳамат қилмаганлар, қадимги урф-одат таомилидан воз кечиб, кўп йиллар мансаб учун катта кишиларни ўлдириб, фитначи ва иғвогарлар сўзига амал қилганлар. Ўртада ноҳақ қонлар тўкилиб, улар шариатга ва уламолар сўзларига амал қилишдан бош тортдилар. Фарғона ва Туркистон заминида кўп вақтлар ва кўпинча қипчоқ, қирғиз ва қозоқ бебошлари ҳукмронлик қилиб келдилар. Шунинг учун фуқаро ва мамлакат тинчлиги учун ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус сардорлари ва аскарларини олиб келиб уларга шаҳарни топширдик».
Кўриниб турибдики, тошкентликлар бўлиб ўтган барча жанглар ва талофатларни инкор этиб, ихтибрий равишда рус аскарларига бўйсунганликларини тан олишлари лозим эди. Мазкур хатнинг мазмуни биддирилгандан кейин шаҳар катталари ҳайрон бўлиб турган пайтда Муҳаммад Солиҳ додхоҳ шундай жавоб берган: «Бизлар воқеа ва ҳодисаларни беркитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмасжидгача ва бу ердан Ғулжагача бўлган шаҳар ва қалъалар Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлга киритдилар. Уруш кўпинча кечаси ва тўсатдан олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг 12-сигача, яъни 42 кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдирилди. Мулла Олимқул шаҳид бўлгандан кейин сардорсиз қолди. Бухоро, Хоразм ва фарғоналиклар ёрдам бермадилар. Тошкент фуқароси дини, миллати ва Ватани учун қаттиқ туриб, уруш ва талашни давом эттириб, сешанба куни ярим кеча ўтгандан кейин саҳарга яқин рус аскарлари Хиёбон дарвозаси ва қалъанинг девори устидан фуқаро уйқудалиги чоғда шаҳарга кирди. Шундан кейин яна урушга киришиб, пайшанба кунигача икки кеча-кундуз урушиб турдилар. Бу ўртада кўп иморатлар, дуконлар ва уй-жойларга ўт тушиб, оч, ташна, сувсиз ҳолда якка-ма-якка уруш бўлиб, охирида яраш сулҳи тузилди».

Ҳақиқий аҳволни акс эттирувчи бундай жавоб генерал Черняевнинг ғазабини қўзғатди. У Муҳаммад Солиҳ додхоҳнинг сўзига қўшилувчи кишиларнинг бир тарафга ўтишларини буюрди. Шундан кейин шаҳар катталаридан олти киши, жумладан Ҳалимбой Мирза, Бердибой саркор, Мулла Мирза Охун, Мулла Музаффар хўжа, Мулла Азим Файзбойвачча, Мулла Қуш исмли кишилар Муҳаммад Солиҳ додхоҳни қувватлаб кўрсатилган томонга ўтдилар. Бу кишилар ва Муҳаммад Солиҳ додхоҳ дарҳол рус аскарлари томонидан ураб олиниб, қамоққа жўнатилган. Бу ҳол йиғиндаги шаҳар катталарига таъсир этган бўлса керак, улар генерал Черняев тавсия этган аҳдномани тузишни Абусаттор Қорабош ўғлига топширдилар. Бу киши «Черняев тавсия этган сўзларни бошидан охиригача кўчириб бўлгандан кейин шаҳарнинг нодон, ақлсиз катталари ва савдогарлари муҳрларини босиб, имзоларини чекиб, унга топширдилар. Черняев аҳдномани олгандан кейин савдогарлар Абдусаъид ва Ҳодихўжага бериб Петербургга олиб бориб топширишни буюрди». Бу ердан улар аҳднома нусхаларини Истанбулга ва сўнгра Маккага олиб боришлари лозим эди. Шу равишда генерал Черняев ўз ҳукуматининг кўрсатмасига биноан гўё Тошкентнинг ихтиёрий равишда Рус давлатига бўйсунганлигини намойиш этиб, ўзининг босқинчилик ва талончилик урушларини ниқобламоқчи булди.


Туркиядаги рус элчихонаси аҳднома нусхаларини кўпайтириб Истанбулдаги кўчаларга, бозорларга, дўконларга ва, умуман, кўзга ташланадиган жойларга ёпиштириб қўйган. Бу вақтда Султон Саъидхон ва Мулла Олимқул вақтида юборилган Ёқубхўжа қози ва наманганлик Мирзажон деган кишилардан иборат элчилар Истанбулда экан. Улар Тошкентда қаттиқ жанглар кетаётгани ва ёрдам бериш ҳақидаги мактубни Туркия султони Абдулазизга топширганлар. Бу султон юқорида қайд этилган қалбаки аҳдномага ишониб, Ёқубхужа қозини ва Мирзажон афандини ўз ҳузурига чақириб «Сизлар воқеани бошқачароқ таърифлаган экансизлар», — деб ўзининг шубҳаланаётганини биддирган. Шунда Тошкент элчилари ҳайрон бўлишиб, нима дейишларини билмаи, тилларини тишлаб қолган экан.
Бинобарин, рус ҳукумати ўзининг жирканч ва қабиҳ ишларини ниқоблашда ҳар қандай қаллобликдан тоймаган. Энди рус ҳукуматининг босқинчилигига ва қонунсиз ҳаракатларига қарши кўкрагини қалқон қилиб турган Муҳаммад Солиҳ додхоҳ тўғрисидаги айрим маълумотларга диққатни жалб этайлик. У зот олим ва машҳур мударрис бўлиши билан бирга, ватан учун жонини тиккан ва Тошкентдаги жангларга бошчилик қилган улуғ шахслардан биридир. Яқинда менга унинг авлодларидан бири муҳтарам Нуруллабек Муҳаммад Солиҳ додхоҳга тегишли архив маълумотларини берди. Уларда кўрсатилишича, Муҳаммад Солиҳ додхоҳ халқ озодлиги ва эркинлиги учун курашган киши сифатида жуда қадрланган. Шунинг учун ҳам 1867 йили бир гуруҳ нуфузли кишилар халқ номидан Муҳаммад Солиҳ додхоҳни сургундан озод этишни сўраб рус императорига хат йўллайдилар. «Муҳаммад Солиҳ додхоҳ, — дейилади хатда, — Тошкентнинг босиб олинишига ва шаҳарни қамал қилган рус аскарларига қаршилик кўрсатгани учун бадарға қилинган эди. У бизларнинг фарзандларимизни ва оилаларимизни муҳофаза қилиш учун курашган». Яна хатда унинг мадрасада таълим-тарбия бергани ва ёшларнинг устози сифатида қадрланиши ҳам таъкидланган.
1867 йил 24 мартда мазкур хат бўйича генерал-губернатор ва Оренбург ҳарбий округининг бошлиғи Крижановскийнинг ҳарбий вазирга ёзган рапортида шундай дейилган: «Муҳаммад Солиҳ додхоҳ генерал Черняевнинг сўзига кўра, нотиқ, софдил, ўта эътиқодли киши ҳисобланиб, рус аскарлари Тошкентга ҳужум қилган вақтда халқни жангларга отлантирган ва бунинг учун ўзининг бойлигини сарфлаган. Умуман олганда, у ниҳоятда катта обрўга эгадир». Крижановский Муҳаммад Солиҳ додхоҳ озод этиш ҳақидаги илтимоснинг қондирилишини ҳарбий вазирдан сўраган.

1867 йил 16 декабрда Туркистон генерал-губернатори Кауфманнинг ҳарбий вазирга юборган рапортида эса, Муҳаммад Солиҳ додхоҳ «энг обрўли ва бой» киши сифатида изоҳланиб, генерал Черняев томонидан 7 ҳамроҳи билан Томск губерниясига жўнатилганлиги маълум қилинган. Улардан икки киши вафот этганлиги ва ҳозирда 5 киши, хусусан Муҳаммад Солиҳ додхоҳ, Мулла Мирза Аъзам охун, Мулла Музаффархўжа, Ҳалим-бой Мирза ва Мулла Азим Файзбойваччаларнинг тириклиги айтилган.


Генерал-губернатор уларни ўз ватанларига қайтаришни сўраган. Рус императорининг рухсати билан ички ишлар вазирлиги Муҳаммад Солиҳ додхоҳ ва ҳамроҳларини озод этиш ҳақида Ғарбий Сибир генерал-губернатори Хрушчевга курсатма берган. Бу кишининг 1869 йил 10 январда ёзган рапортига кура, 1865 йили Томск губерниясига сургун қилинган 9 ўзбекдан 3 таси Томскда вафот этган, 2 таси ўша вақтларда (кафилга — Ҳ. 3.) бўшатилган. Тирик қолган 4 киши эса 1868 йил 18 июнда ўз ватанларига қайтишлари учун Семипалатинскка жўнатилган. Демак, сургундаги ватанпарварларни озод қилиш масаласини ҳал этиш жараёнида даставвал икки киши ўлганлиги ҳақида маълумот берилган бўлса, уларнинг сони уч кишига етган. Афсуски, архив ҳужжатларида ўлганларнинг исми шарифи кўрсатилмаган. Менингча, учинчи шахс Муҳаммад Солиҳ додхоҳ бўлса керак. Чунки унинг ҳозирги авлодларининг хотирасида унинг Томскда ўлганлиги ҳақидаги фикр сақланмоқда. Юқорида қайд этилган Нуруллабекнинг сўзига қараганда, шаҳарда сотқинлик қилган кишилар Муҳаммад Солиҳ додхоҳнинг ватанига қайтишига тиш-тирноқлари билан қарши турганлар. Ҳатто улар ўз одамини Томскка юборишиб, Муҳаммад Солиҳ додхоҳ заҳарлаб ўлдирганлари ҳақидаги маълумот ҳам ўша вақтда Тошкентга етиб келган экан. Шунингдек, унинг ўғли Томскка кетаётган-да йўлда Чуй дареси атрофида орқасидан махсус юборилган қотил томонидан ўлдирилган.
Уйлайманки, кейинги изланишлар ўз ватани учун жонини ҳам, молини ҳам аямаган Муҳаммад Солиҳ додхоҳнинг фаолияти ва тақдирини тўлароқ ёритиш имконини беради.

Даставвал, Рус давлати тобелигида мустақил Тошкент хонлигини тузиш бўйича ҳукумат вакиллари ўртасида фикр алмашилди ва қувватланди. Лекин бошда шундай фикр тарафдори бўлган Черняев Тошкентни босиб олгандан кейин айниб, Тошкентни ва Намангангача бўлган ерларни Рус давлати таркибига киритиш масаласини кўтаради. Унинг сўзича, у илгари Тошкентда ҳарбий қисмни таъминлашнинг иложи йуқ деб ўйлаган экан. Бироқ у шаҳар эгаллангандан кейин солиқлар ва бож ҳисобига маблағ тўпланишига ишонч ҳосил қилганмиш.

Бундан ташқари, шаҳарда Саъидазимбой, Муҳаммад Мирсоатбой ва бошқа сотқинлардан иборат бир гуруҳ бойлар зўр бериб Тошкентнинг Россия империяси таркибига киритилиши тарафдорлари сифатида Черняевни руҳлантириб турдилар. Бу билан улар узларининг шахсий манфаатлари ва мавқеини сақлашни мақсад қилиб қўйгандилар, холос. Борди-ю, «мустақил» Тошкент хонлиги ташкил топса, у вақтда улар қилмишларига яраша четга сурилиши ва манфаатларига путур етказилиши турган гап эди. Шу боис улар генерал Черняевнинг орқа этагини маҳкам ушлагандилар. Оренбург генерал-губернатори Крижановский эса ҳарбий вазир номига йуллаган хатида «мустақил» Тошкент хонлигини тузиш ҳамда Россия чегарасини Чимкент, Авлиеота, Марки, Тўқмоқ ва Норингача чўзилган ерлар билан белгилашини таклиф этди. Бу жойлар билан Сирдаре оралиғидаги ерлар эса, Тошкент хонлиги таркибига киритишини кўрсатилди. Бу хонликни назорат остида тутиб туриш учун Ниёзбек, Чиноз ва шаҳар бағридаги бирор жойда рус ҳарбий истеҳкоми булиши лозим эди. Бу ишлар тошкентликларнинг илтимосига биноан амалга оширилишй мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Крижановский Бухоро амирининг Тошкешта тажовузининг олдини олишга қаратилган фикрини ҳам маълум қилди. Бунга кўра, агар амир бу ишга қўл урса, у вақтда Бухоронинг рус аскарлари томонидан босиб олиниши ва катта ҳажмда товон солиниши лозим эди.

«Мустақил» Тошкент хонлигини тузиш хусусида бир-бирларша зид фикрлар юритилган бўлса-да, лекин уларнинг моҳияти ва йўналиши қандай бўлмасин Рус давлатининг мавқеини мустаҳкамлашдан иборат эди, холос.


Тошкент босиб олингандан кейин генерал Черняевнинг Оренбург генерал-губернатори Крижановский билан муносабати кескинлашиб борди. Бунга кўпроқ Черняевнинг унга ва, умуман, ҳукумат вакилларига нисбатан ўзбошимчалиги сабаб бўлди. Ҳатто Петербургда Черняевнинг душманлари Тошкент шаҳри ҳали олинмаганлиги ҳақида гаплар тарқатишган. Шу боис Черняев ўзининг яқин кишиси полковник Полторацкийга юборган хатида қуйидагиларни езган: «Тошкент нафақат эгалланган, ва мутлақо тинчлантирилган, балки Россияга шу даражада боғланганки, энди уни ажратиб бўлмайди. Шаҳар аҳолиси ўзининг бугунги аҳволига рози бўлиб, на Бухоро ва на Қўқон тарафига ўтишни истайди. Улар жонларига теккан ўзаро урушларнинг яна бошланишини англаб, мустақиллик берилишига хурсанд бўлмасликлари турган гап. Айниқса, юқори табақа вакиллари рози бўлмайдилар».
Черняев ўз хатида ўзбошимчалигини оқлашга уриниб, Тошкентда ва бошқа жойларда Россия ҳукмронлигини ўрнатишда жонбозлик кўрсатганлиги, лекин шунга қарамай унинг қадр-қиммати ўрнига қўйилмаётганлигидан нолиган. У ўзининг бошлиқларига берган маълумотларида Қўқон ҳарбий кучларини ҳамма вақт онгли равишда камайтириб ёзганлигини тан олган. Масалан, Чимкентдаги жангларда ватан ҳимоячиларининг сони 15-18 минг киши деб кўрсатилган. Аслида улар 40 минг кишидан ташкил топганлиги қайд этилган. Шунга ухшаш бошқа жанглардаги Қўқон аскарларининг сони ҳам озайтирилган ҳолда маълум қилинган. Умуман олганда, Черняев ва бошқа рус ҳарбий бошлиқлари кўп ҳолларда ватан ҳимоячиларининг қаршилигини камситиб кўрсатишга уринганлар.
1865 йилнинг сентябрида генерал Крижановский Тошкешта келиб шаҳар ва атроф жойларда бўлиб аҳвол билан танишди. Айни бир пайтда қўшинни руҳлантириш мақсадида куйидаги мурожаатни ҳарбий қисмлар диққатига ҳавола этди: «Мен кейинги икки йил мобайнида сизларнинг қилган ишларингизни кўриб хурсанд бўлдим. Сизлар император фармонини сидқидиллик билан бажариб, Жулакдан Вернийгача бўлган 800 чақиримлик масофани найза тиғи билан эгаллаб, ҳарбий чизиқ ташкил этдингиз. Ҳозирда рус подшоҳига қарам кўчманчилар Қўқон хонлиги зулмидан озод ҳолда ҳает кечирмоқдалар, сизлар уларга таянч ва қалқон бўлиб турибсизлар.
Сизлар қисқа вақт ичида бизларга номаълум бўлган янги ерлар бўйлаб олға юрдингиз. Бу жойларни 2000 йилдан ортиқ муқаддам македониялик Александр урушиб олган эди. Ўша вақтлардан буён бу бой мамлакат осиёликлар қўлида бўлиб қашшоқлангди, чўлу биёбон-га айланди. Рус подшоҳи Александр Иккинчининг аскарлари зиммасига ўлкага жон киритиш вазифаси тушди. Бизнинг подшоҳимиз македониялик Александрга ўхшаб босқинчилик урушларини олиб "боришни хоҳламайди. Бизнинг ҳукмдоримиз ўзининг жасоратли қўшинининг найзалари билан маърифат учун кенг йўл очишни истайди.
Осиёликлар 2000 йилдан кейин македониялик Александр ва унинг ғалабаларини унугганлар, лекин эзилган халқларни талон-торож ва ваҳшиёна равишда қириш учун эмас, балки зулмдан озод этиб, тинчликни, барқарорликни ва фаровон турмушни таъминлаш учун уз қушинини юборган рус подшоҳини ҳеч қачон унутмайдилар.
Сизларнинг мақсадингиз олий ва ҳавас қиладиган ишдир. Мен катта хурсандлик билан ишонч ҳосил қилдимки, сизлар бундай мақсадга тулиқ лойиқдирсизлар. Сизлар фақатгина найза билан ҳаракат этмасдан, бу ерда узларингизга уйлар қурдингиз, экинлар экдингиз ҳамда ўз хўжаликларингизни туздингиз. Йигитлар шу тарзда ишни давом қилдириб, осиёликларга худонинг нозу неъматларидан қандай фойдаланишни намуна сифатида намойиш этинглар».
Бинобарин, онги улуғмиллатчилик руҳи билан суғорилган Крижановский гўё Рус давлати озодлик, эркинлик ва тараққиёт тарғиботчиси сифатида Туркистонга келганлигига ишонтиришга уринган. Унинг фикрича, туб аҳоли шу даражада «ёввойилашиб» кетганки, ҳатто табиат нозу неъматларидан фойдаланишни ва, умуман, маданиятни руслардан ўрганиш лозим экан. Бундай бемаъни гаплар ҳеч қандай қолипга сиғмай, фақат қонли урушларни ва қирғин-баротларни ниқоблаш учун айтилган сохта бир ҳаракатдан бўлак ҳеч нарса эмас, албатта.

Генерал Крижановскийнинг улуғмиллатчилик мафкурасини қуйидаги сўзлари ҳам яққол исботлайди: «Мен, — деб езади у, — Бухоро амирининг элчисига шуни маълум қилдимки, бундан буён Урта Осиёнинг ҳукмдорлари билан фақат рус тилида сўзлашаман. Агар амирликда рус тилини яхши биладиган киши йўқ бўл-са, у вақтда уни топиб бераман. Менингча, заиф қўшниларимизнинг тилига, урф-одатлари ва тартибларига риоя этган ҳолда муомала қилишни тўхтатиш керак. Ҳозирча уларни бизнинг одатларимизга аста-секин мослаштириш ва тилимизда гапиришга мажбур этишнинг вақти келди. Бизлар Ўрта Осиёда якка ҳукмронлик қилиб бу ерга ўз қўлимиз билан маданият киритишимиз ва инсон зотининг энг эзилган, бахтсиз кишиларининг ҳаётини яхшилашимиз даркор».


Демак, Крижановский Туркистон аҳолисини руслаштириш ғоясини кўтарган эди. У Тошкентдан Оренбургга қайтгач, ўз таассуротлари ва таклифларини вице-канцлер Горчаковга маълум қилди. Бунда у ўзбеклар бутун ўлкада ҳокимият тепасида туриб барча хонлар, амирлар, вазирлар ва лашкарбошилар улардан тайинлангани қайд этилган. Шу боис Рус давлати Урта Осиёда уларга қарши курашиши лозимлиги уқдириб ўтилган. Крижановский Тошкент шаҳри бутун минтақада муҳим савдо маркази ҳисобланиб, 80-100 минг аҳолига, 13 карвонсаройга эгалигини кўрсатиб, хорижий мамлакатлар билан савдо олиб бораётганлигини ёзган. Яна, Тошкент «Россия моллари учун ниҳоятда катта аҳамиятга» эгалиги маълум қилинган.
Крижановский Тошкентга қандай муносабатда бўлиш масаласига тўхталиб ёзади: «Агар Тошкентни мустақил шаҳар сифатида эълон қилинса ва қўшинимиз чиқарилса, у вақтда ўзбеклар бош кўтариб Бухоро амири тарафдорларини ўз атрофига уюштиради. Амирнинг кириб келиши билан улдириш ва талон-торожлар бошланиб кетади. Шу муносабат билан биз қўшинни келтириб яна уруш қилишга мажбур бўламиз». Шунинг учун у Тошкент атрофидаги айрим жойларда рус ҳарбий кучларини сақлаш зарур, деб ҳисоблайди. Шу шарт билан Тошкентга мустақиллик беришни таклиф этади. Бу фикрни Крижановскии Тошкентда шаҳар катталарига маълум қилганда, улар «Россия тобелигида қолиш афзаллигини изҳор этганлар». Бу сўзлар халққа эмас, балки Россияга сотилган бир гуруҳ кишиларга тегишлидир. Бу ишда Саъидазимбой, Муҳаммад Соатбой ва уларнинг ҳамтовоқлари ташаббускорлик қилганлар.
Генерал Черняев шаҳарни эгаллагач, ҳукмронлигини мустаҳкамлашга интилиб, ҳарбий қалъа ва қўшин учун турар-жойлар қуришга қаттиқ киришади. Чунончи, у 1865 йилнинг 28 сентябрида Крижановскийга юборган ахборотида шундай езган: «Ишчи кучлари етишмаслиги ва маблағнинг жуда озлигига қарамай, икки ярим ой мобайнида жуда катта ишлар амалга оширилиши лозим эди. Аммо мен бу — барча сон-саноқсиз қийинчиликларни узлуксиз ҳарбий юришлардан чарчаган ва толиққан қўшинга таяниб бартараф этишга эришдим. Қўшин ўз зиммасига юклатилган вазифани одатдан ташқари хоҳиш-ирода билан бажариб, кутилганидан ҳам зиеда ўринлатди. Ҳозирда қурилиш ишлари ниҳоясига етай деб қолди. Қалъани қуришда ер ишларида бир кеча-кундузга 30 тийин ҳақ тўлаш шарти билан ўзбеклар ишлатилди. Ўзбек усталари ҳам ишга жалб қилинди. Ҳозирда Тошкентда ҳарбий қалъада 6 пиёда аскарлар ротасига 150 киши сиғадиган касалхона ва яроғ-аслаҳа омбори учун бино битказилди. Собиқ Қўқон қалъасида эса ҳарбий штаб ва ҳарбий губернатор жойлаштирилди».
Шундай қилиб кўрдикки, бир томондан Тошкент хонлигини ташкил этиш ҳақида фикрлар изҳор қилинган бўлса, иккинчи томондан эса, шаҳарда ҳарбий истеҳком қуришга ва қўшинни жойлаштиришга қаратилган чоралар зудлик билан амалга оширилиб борилган.

Тошкентни Россия таркибига киритиш тарафдори Черняев ўз бошлиғи Крижановский Тошкентда бўлганида «Мустақил Тошкент хонлигини» ташкил этиш ҳақидаги кўрсатмасига очикдан-очиқ қаршилик кўрсатди. У Крижановскийнинг қуйидаги мурожаатини эълон қилишдан бош тортди: «Тошкент халқи! Сизга маълумки, Қўқон қўшини ва фуқаролари Россия тобелигидаги қозоқларга кўп йиллардан буён ҳужум қилиб, карвонларни таладилар, одамларга савдо ва деҳқончилик билан осойишта шуғулланишга йўл қўймадилар. Менинг ҳукмдорим Қўқон талончилигини тўхтатишни буюрди ва жасоратли рус қўшини ҳукмдорнинг хоҳишини бажарди. Рус қуроли олдида бирин-кетин Туркистон, Авлиёота, Чимкент, Ниезбек, Чиноз ва Тошкент истеҳкомлари тиз чўкди. Шунга ўхшаш бизнинг душманларимизнинг қаршилиги давом этаверса, бошқа қалъалар ва шаҳарлар ҳам бўйсундирилади.


Аммо рус подшоҳи бу жойларнинг камбағалларини хонавайронликдан ва ваҳший Қўқон ҳокимиятидан қут-қазиб, янги урушлар қилмоқчи ва янги ерларни эгал-ламоқчи эмас. Шу маънода олий ҳазратлари менга Тош-кент хусусида фармон бердилар. Бу фармонни бажа-риш юзасидан ва Тошкентдаги ўзим кўрган аҳволни назарда тутиб қуйидагиларни маълум қиламан:
— Тошкент шаҳри Сирдарё қирғоқларигача чўзилган ерларни ўз ичига олган мустақил давлат ҳисоблансин. Туркистон вилояти ҳарбий губернатори Черняевга мен томонимдан берилган кўрсатма асосида Тошкент давлатининг бошқарув тартибларини тузиш топширилсин. Биринчи навбатда, сиз эътиқод қилаетган дин сўзсиз ўз ўрнида қолиши лозим. Ҳарбий губернаторнинг фикри мен орқали император олий ҳазратларига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Аммо у губернатор лойиқ топган вақтда амалга оширилади. Тошкент аҳли, агар сизлар ҳарбий губернаторнинг буйруғини осойишталик ва мамнуният билан қабул қилсангизлар, у вақтда императорнинг марҳаматига арзийдиган кишилар ҳисобланасизлар ва мустақиллик гаштини сурасизлар. Кимки император марҳаматини душманлик билан қарши олса ва абадул-абад рус қуроли ҳимояси остига олинган Тошкент давлатига ҳужум қилса, шўри қуриши турган гап. Мен сизларни олижаноб императорнинг марҳаматидан фойдаланиб мустаҳкам бахтга ва доимий тинч ҳабтга эришишларингизни худодан илтижо этаман».
Мазкур сатрларда ҳам Рус давлати гўё озодлик, тараққиет ва бахт-саодат яратувчи сифатида талқин қилиниб, кўкларга кўтарилган ҳамда Россияга ҳамиша содиқ бўлишга даъват этилган. Аслида эса, Тошкентга мустақил давлат мақомини беришдан мақсад, вақтинча бўлса-да, минтақадаги оғир сиесий тангликни юмшатиш эди. Айниқса, рус ҳукуматини Бухоро, Қўқон ва Тошкентда Россияга қарши кучларнинг бирлашиб кетиш хавфи ташвишлантирди. Аммо учига чиққан ўз-бошимча Черняев рус ҳукуматининг кўрсатмаларига риоя қилмай, Крижановский мурожаатини расмий суратда Тошкент аҳлига билдирмай, беркитди. Шу билан бирга, ўзининг ёзган ахборотларида «мустақил» Тошкент хонлигини тузишга ҳали шароит етилмаганлигини, Бухоро ва Қўқон хонликлари Россия олдида тиз чуктирилгандагина масалани ҳал этиш мумкинлигини билдирди. Унинг фикрича, «Мустақил Тошкент хонлиги»нинг ташкил қилиниши минтақада- ўзаро уруш ва тўполонларни юзага келтиради. У «тошкентликларда ватанпарварлик йўқ, улар осойишталикка ва савдодан олинадиган фойдага эга бўлса, бас» деган ибораларни ёзиб, ўзбеклар мустақилликнинг қадр-қимматини билмайдилар, дейишгача борди. Бу кўзбўямачилик эди, албатта. Амалда эса генерал Черняев Тошкентга мустақиллик берилса, Рус давлати ўз мавқеини заифлаштириш билан бир қаторда катта даромаддан ҳам маҳрум бўлиб қолишини назарда тутган эди. Унинг ҳисоб-китобига қараганда, 1866 йили Тошкент ва атроф-жойлардан 400 минг сўм даромад олиниши керак эди. Масалан, 40 минг ботмон ғалла ва гуруч, бозордан ва тарози ҳақи сифатида олинадиган 304 минг сўм, Чирчиқ ортидан 12 минг сўм, 15 минг сўм хонадон солиғи ва бошқа йиғинлар шулар жумласидандир.
Хуллас, генерал Черняев, қандай бўлмасин, Тошкентнинг бевосита Россия қўл остида бўлишини талаб қилди. Унинг ўжарлиги олий ҳукумат вакилларининг ҳам норозилигига сабаб бўлиши турган гап эди. Уни ҳатто вазифасидан четлатиш масаласи кўтарилади. Аммо у, чорасини қилиб, Тошкентда ўз лавозимида қолиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилади. У бунга эришмоқ ниятида шаҳардаги бир гуруҳ сотқин юқори табақа вакиллари номидан ўзини улуғловчи қуйидаги мазмундаги хатлар уюштиради: «Мана, беш ойдирки, сиз (генерал Черняев) улуғ оқ подшоҳнинг кўрсатмасига биноан бизни шундай бошқараяпсизки, бунақаси ҳеч ким томонидан қилинмаган. Сиз босқинчи эмассиз, балки бизларни золимлардан халос этган кишисиз. Сиз қисқа вақтда ўзингизнинг оталарча бошқаришингиз билан Россия подшоҳи тобелигида яшаш бахт эканлигини кўрсатдингиз. Мазкур сўзлар хушомадгуйлик эмас, балки чин ҳақиқат бўлиб, у сизнинг моҳир раҳбарлигингизда роҳатда яшаётган 100 минглик тошкентликлар вакилларининг дил сўзларидир. Сиз жуда қисқа вақт ичида маслаҳатингиз ёки моддий ёрдамингиз ҳамда узлуксиз ғамхўрлигингиз билан турмушимизни анча яхшилашга эришдингиз. Сиз ҳамма вақт диққат ва сабр-қаноат билан бизни эшитишингиз туфайли ҳамиша мамнун бўлганмиз. Сизнинг доно раҳбарлигингизни, тошкентликларнинг юракдан чиқадиган муҳаббатини қоғозда баен этишга қалам ожизлик қилади. Хўш, биз ўзимизнинг чинакам ҳурматимиз ва муҳаббатимизни нима билан изҳор эта оламиз. Чунки сизнинг хизматларингиз ҳар қандай совғадан баланд-дир. Аммо шунга қарамай оталар фарзандларидан совға олганидек, туғилган кунингиз муносабати билан миннатдор Тошкентдан совға сифатида қилич олишингизни сўраймиз. Бу қилич Россия ва шахсан ўзингизнинг душманларингизга қарши қурол бўлсин. Албатта, бу совға унчалик қимматли эмас. Аммо унинг қиммати ва аҳамияти 100 минглаб тошкентликларнинг сизни чин кўнгилдан севишида ҳамда сизга узоқ умр ва сиҳат-саломатликни худодан тилашларидадир».

Генерал Черняев бундай хатларни уюштириш ва бошқа йўллар билан Тошкентда қолишга қанчалик ҳаракат қилмасин, барибир, 1865 йил ноябр ойининг охирларида император кўрсатмасига биноан вазифасидан озод этилди. Маълум вақтда у Оренбургга борди. Бундан олдин эса у шундай деган: «Ўлкадан кетиш мен учун катта ғам-ғуссадир, лекин номимнинг халқ хотирасида узоқ сақланиши мени анча юпатади. Ўйлайманки, Россияда ҳам менга тош отмайдилар». Генерал Черняев ўзини маҳаллий халқ орасида гўё яхши ном қолдирган деб ўйлаган. Ваҳоланки, амалда у қўллари қонга беланган шахс сифатида ҳануз унутилган эмас.
Ҳамид Зиёев
http://info.islom.uz/content/view/1756/1012/

ТОШКЕНТНИНГ БОСИБ ОЛИНИШИ



15.03.2008 й.

...Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан, муҳлатсиз ва сувсиз олиб борилди...
Генерал Черняев бу шаҳарни эгаллаш учун тайёргарлик ишларини кўриб озиқ-овқат, қурол-аслаҳа ва бошқа нарсаларни Тошкентта олиб боришни уюштириш вазифасини Алимқули томонидан ўлдирилган Бойқозоқбойнинг ўғли Оқмуллага топширди. Қўқон қўшинлари артиллерияси ҳам анча яхши уюштирилган булиб, унинг тўпларини узоққа отилиши ва нишонга тегиши мақтовга сазовор бўлган. Шунинг учун ҳам генерал Черняев қандай бўлмасин, тезроқ Қўқон хонлигига зарба берилмаса, кейин енгиш оғирлашишини рус ҳукуматининг тегишли вакилларига маълум қилди. Генерал Черняев Чимкентда тайёргарлик кўриб, 1864 йилнинг сентябрида Тошкентни эгаллаш мақсадида йўлга чиқди. Бу вақтда Тошкент мудофааси меҳнаткаш омманинг умумий ҳаракатига айланиб, шаҳар атрофидаги деворларда аскарлар ва халқ кўнгиллари жойлашган эди. Шаҳар аҳолиси она юртини ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи ҳисоблаб, мудофаачиларга тинмай ғамхўрлик қилганлар. «Шаҳар ғариблари, фуқаролари ва қариялари, — деб гувоҳлик беради Солиҳ Тошкандий — ибодату номоздан кўра қўлидан келганича ёрдам бериш афзалроқ ва савоб, деб аскарларга, ғозиларга сув, озиқ-овқат ташиб турдилар». Рус аскарлари 1865 йил 1 октябрида Юнус-Обод томонидан шаҳарга яқинлашиб уни тўплардан ўққа тутди. Рус аскарларидан бир гуруҳи шаҳар қалъасининг атрофида қазилган зовурлар ичига тушиб олдилар. Буларга қўшилиш учун бир гуруҳ рус аскарлари чопиб келаётганда уларга қарши тўп отилади. Натижада, душман отрядлари орқага чекинди. Шундан кейин шаҳар мудофаачиларидан бир қисми зовурга душман устига шиддатли ҳужум қилиб, рус аскарларидан 72 кишини ўлдирдилар. Шу равишда тошкентликлар ғалаба қозондилар. Генерал Черняев урушни тўхтатишга ва Чимкента қайтишга мажбур бўлган. Шундан кейин Алимқул қўшин билан Тошкентга келиб, бўлажак урушга тайёргарлик ишларини амалга ошириб, сўнгра Қўқонга қайтади. Хон кўрсатмасига кўра, Тошкент хокими номидан Ҳофизкўҳаки маҳаллалик Муҳаммад Саид номли савдогарни тинчлик сулҳи тузиш мақсадида элчи сифатида генерал Черняев ҳузурига юборилди. Бироқ генерал Черняев сулҳ тузишдан бош тортади ва элчи Тошкентга қайтиб келади. Бу ерда элчи генерал Черняев Бухоро хони Музаффархон билан гуё иттифоқ тузилганлиги ҳақида гапириб шаҳардаги айрим кишиларни ваҳимага солиб қуйган. Тошкентда урушга тайёргарлик кундалик ҳаётнинг биринчи вазифаси ҳисобланган. Бу ерда лашкарбоши Алимқул бошчилигида Туркистонни рус қўшинларидан озод қилиш учун тайёргарлик кўрилгандан сунг, аскарлар Шайхонтоҳурдан ўтиб Сағбон кўчаси орқали Сағбон дарвозасидан «Сароғоч» йулига чиқдилар. Бу юриш 1864 йил ноябрь ойи охирида юз бериб, ҳаво жуда совуқ ва қор еғиб турган пайт эди. Аскарлар Туркистонга яқин жойга ўрнашган ва Рос-сия тобелигига ўтган «Иқон» деган қишлоғида рус отрядини тор-мор этдилар. Бу ердаги халқнинг русларга бўйсунганлиги учун Алимқул буйруғига биноан мол-мулки билан Тошкент томонга ҳайдаб олиб кетилди. Алимқул гарчанд ғалаба қозонган бўлса ҳам, Туркистонга қараб юрмай, «Иқон»дан Тошкентга қайтишга мажбур бўлади. Бунга хонлиқдаги ички зиддият ва қўшимча ҳарбий кучларни тўплаш сабаб бўлган, албатта. Алимқул Тошкентга келган пайтда Черняев томонидан юборилган жосус ушланади. Бу жосус Тошкентнинг амалдорларидан бири Абдураҳмонбек Шодмонбековнинг (асли Шаҳрисабзлик) Черняев номига ё зилган хати билан қўлга тушган. Бинобарин, Черняев маълум кишилар орқали Тошкент ҳақида зарур маълумотларни олиб турган. Абдураҳмонбек Тошкентдан қочишга улгуриб, Чимкентга Черняев ҳузурига боради.

Бу вақтда генерал Черняев Тошкентга қайта ҳужум қилиш тадбирларини тамомлаб, 1865 йил 28 апрелда Чирчиқ ёнидаги «Ниёзбек» қалъасини жанг билан эгаллади. Юқорида қайд қилинган Абдураҳмонбекнинг маслаҳати бўйича, шаҳарни сув билан таъминлайдиган «Кайковус» ариғи тўғонини бузиб уни Чирчиқ дарёсига буриб юборилади. Бу билан шаҳарни сувдан маҳрум этиб, уни таслим этиш эди. Бироқ шаҳар халқи мудофаани мустаҳкамлаб жангга тайёр турди. 1865 йилни май ойида Қўқон хони Султон Саид лашкарбоши Алимқул билан Тошкентга етиб келди. Бу ҳолат тошкентликларни руҳини кўтариб юборган. Бу тўғрида Солиҳ Тошкандий шундай ёзган: «Тошкент ҳокимлари, амалдор, сардор, уламо, фуқаро, шайхлар, ғариблар, гадолар, эркак-хотинлар аралаш шодликларидан истиқболларига чиқиб, кутиб олдилар».


Алимқул шаҳар саройида йиғин ўтказиб, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва қўшин бошлиқларига қарата нутқ сўзлади. Бу йиғинда қатнашган Алимқул «Катта-кичик, бой камбағал фуқародан ёрдам сўраб бу тўгрида Тошкент аҳлининг фуқароларини кўрсатган ғайрат, шижоат ва қаҳрамонликларини айтиб, уларга ўз миннатдорчилигини ва хурсандчилигини изҳор қилиб бир томчи қони қолгунча душманга қарши курашишга даъват этди». Алимқул Бухоро амир Музаффархонни қоралаб рус қўшинларига қарши кураш ишига катта путур етказаетганлигини ҳам гапирган.

Тошкентда хонликнинг Андижон, Қўқон, Наманган, Марғилон ва бошқа жойларидан келган қўшинлар Алимқул бошчилигида шаҳар мудофаа линиясини эгалладилар. Сиддиқ Тўра бошлиқ Қўқон қўшинининг разведка бўлими душманнинг отлиқ ва пиёда отряди бир тўп билан Шуратепадан чиқиб, «Олтин тепа» орқали Салор суви бўйлаб келаётганлиги ҳақида Алимқулга хабар келтирган. Шундан кейин Алимқул ўз қўшинларини маълум қисми билан кўрсатилган томонга жўнади. Душман қўшинлари Салор сувидан утиб Қўқон қўшинларига қарата тўплардан ўқ уздилар, натижада икки томон ўртасида қаттиқ жанг бошланиб қўқонликлар ҳужумга ўтдилар. Бунда Алимқулнинг шахсан ўзи қатнашиб жангга раҳбарлик қилган.



Рус отряди ҳужумга бардош бера олмай, Шўртепага чекинишган. Бу ғалаба шаҳарда катта шод-хуррамлик билан қарши олиниб карнай-сурнай садолари янграган. «Шаҳар халқи 7 ешдан 70 ёшгача эркак-хотин, ёш-қари хизмат камарини белларига боғлаб пишган таомларни бошларига кўтариб, қатиқ, сут, шарбат, иссиқ нонлар, ширин меваларни саватга солиб аскарлар турган жойларга олиб келиб илтижо, тавалло ва дил-дорлик қилишиб кўзларидан ҳасрат ешларини оқизиб, юқоридаги масала бўйича ўз фикрини билдирган. У Султон Саидхонни Бухорога кетишига қарши чиқиб, ҳар бир ҳукмдор уз бурчини бажармаса, у вақтда фуқаролар душман қулига асир булиб қолиши мумкинлигини бабн этган. Бу фикрга бошқа кишилар ҳам қушилиб, «биз ёрдам сўраб ҳар томонга мурожаат қилдик. Эндиликда ёрдамни хоҳ берсинлар, хоҳ бермасинлар бари бир урушни давом эттирамиз деб аҳд қилдилар. Тошкентликлар Султон Саидхонга шундай дедиларким шаҳар халқи бутун уруш ҳаракатларини уз зиммасига олиб нимайки зарур булса, ҳаммасини етказиб берадилар». Куриниб турибдики, тошкентликлар қандай булмасин, шаҳарни душмандан ҳимоя қилишга қаттиқ бел боғлаган эдилар.

Кунларнинг бирида рус қушинлари шаҳар қалъасини тупга тутиб ҳужум қила бошлаган вақтда уларга қарши усталик билан тўплардан шундай жавоб уқи отилдики, натижада душман орқага чекинишга мажбур булган. Шундан сўнг Султон Саидхонни Бухорога юриши ҳақидаги масала яна кутарилиб, пировардида уни жунатиш ва Бухородан ёрдам олишга қарор қилинди. Афтидан Султон Саидхонни узи ҳам Бухорога бориш истагида бўлган. Шунинг учун у 500 кишилик аскар ва бир тўп билан шаҳардан чиқиб кетди. Шундай қилиб, Қўқон амалдорлари ва аскарлари урушни охиригача етказмасдан шаҳар мудофаасини уз хоҳишларига ташлаб кетган эдилар. Шунга қарамай шаҳар аҳолиси душманга қарши курашни давом эттирди. 1865 йил 14 июнида рус аскарлари эрта саҳарда шаҳар қалъасини тўплардан ўққа тутди. Натижада улар Камалак дарвозаси орқали шаҳар ичига ёриб кириб, мудофаачиларнинг отрядлари билан тўқнашдилар. Бундай тўқнашувлар Шайхонтоҳур, Бешёғоч, Қашқар маҳаллаларида ва бошқа жойларда бўлган эди. Ҳатто, айрим жойларда душманга қарши баррикадалар ҳам қурилди. Масалан, Анҳор кўпригининг ғарб томони аравалар билан тўсилиб мустаҳкамланди. Айни бир вақтда Анҳор енидаги дўконлар ичига мудофаачилар кириб олиб деворлар тешигидан душманга ўқ уздилар. Бир ярим соатлик оғир жангдан сўнг рус аскарлари чекиниб, Шайх Шибли ариғи орқали қалъа деворининг шимол томонига ўрнашди. Улар чекинаётганида Урдадаги дўконларга ўт қўйиб қочганлар. «Чуқур кўприкда» ҳамма кўчаларни ҳам оғзи бекитилиб рус отрядига қарши кучлар қўйилган. Айрим рус отрядлари масжидлар ичига кириб олиб урушганлар. Бироқ улар ўраб олиниб тор-мор этилган. Шайх Шибли ариғи орқали чекинган рус отряди яна Урдага бостириб киришга ҳаракат қилди. Буларга қарши Қиёт маҳалласининг аҳолиси Абдураҳим ясовулбоши бошчилигида деворларнинг орқасига ва пастқам жойларга ўрнашиб мудофаа линиясини эгалладилар. Булар орасида Мирюсуп боғбон ўғли, Умархон Тўрахон ўғли, Мирсодиқ Миршоди ўғли, Нормуҳаммад ва Мулламир сингари мерганлар, Муллажон Мусомуҳаммад Али бобо подачининг ўғли ва бошқа мард йигитлар бор эди. Халқ кўнгиллилари шаҳар мудофаасининг асосий кучини ташкил этган эди. Абдураҳмон ясовулбоши бошчилигидаги кўнгиллилар отряди ёмғир ёғишига қарамай, кун бўйи душман ҳужумини қайтариб турдилар. Охири рус отряди шаҳар четига чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бундан кейин ҳам Қиёт маҳалласининг кўнгиллилари Анҳорга қайта келган рус отряди билан қаттиқ жанг қилган. Бу вақтларда шаҳар аҳолисининг аҳволи оғирлашиб сувсизлик ва ташналикдан азоб чекмоқда эди. Тошкентликлар аҳвол оғирлигига қарамай, шаҳарни қўлдан бермасликка қаттиқ ҳаракат қилдилар. Бироқ рус отряди айрим хоин кишилар орқали шаҳардаги ўқ-дори омборини топиб уни портлатишга муваффақ бўддилар. Бу шаҳар мудофаа тақдирини ҳал қилган омиллардан бири ҳисобланади. Сувсизлик, йўқчилик ва ўқ-дорилар етишмаслиги пировардида шаҳар халқининг тинкасини қуритди. Натижада 1865 йил 17 июнда тошкентликлар душман ҳужумига бардош бера олмай, таслим бўлишга мажбур бўлдилар. Генерал Черняев Шайҳон-тоҳур, Бешеғоч ва бошқа аҳоли гавжум яшайдиган жойларга тўпларни ўрнатиб дарҳол тинчлик сулҳи тузилмаса, шаҳарни ендириб ва бузиб ташлаш ҳақида эълон тарқатди. Шундан кейин генерал Черняев Ҳакимхўжа қозикалон, Абулқосимжон эшон, Домулла Солиҳбек, Охун дадҳо ва бошқа шаҳар катталари билан махсус мажлис ўтказди. Бунда савдогарлар ва сардорлар ҳам қатнашган эди. Музокара натижасида тинчлик сулҳи тузилиб ҳар икки томон аҳдномага имзо чекди. Аҳднома шаҳар халқининг ўз динида ва барча ишлар шариат асосида олиб борилиши кўрсатилган. Закот ва хирожлар ҳам шариат бўйича ҳар йилда эмас, балки ҳар ойда олиниши лозим эди. Шунингдек, ҳовли, боғ ва майдонлар аввалгидек ўз эгалари қўлида қолдирилди. Аҳолидан йиллик солиқ олиниши таъқиқланди. Чакалак, ўтлоқ ва қамишзорлардан солиқларни мутлақо олмаслик аҳдномада кўрсатилган эди. Шунингдек, ерли халқдан рус қушинига одамларни жалб қилмасликка келишилди. Аҳдномага ҳар бир тўрт даҳанинг муҳри босилди. Сўнгра генерал Черняев шаҳар катталарига духоба ва зар ёқали чакмонлар кийдирди. Шу равишда Тошкентнинг рус давлатига таслим бўлиши ҳақидаги ҳужжат расмий равишда қабул қилинди. Аҳднома тузилгандан кейин генерал Черняев шаҳар катталарини ўз томонига жалб этиш ва уларга таяниш мақсадида Ҳакимхўжа қозикалон уйига бориб унга қимматли совғалар ва олтин медаль берди. Сўнгра генерал Черняев Регистон растасига бориб камбағал ва гадолар орасига тангалар сочди. Урушда яраланган кишиларга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Генерал Черняев шаҳар мудофаасида қатнашган кишиларни жазоламай, уларни қўйиб юборди. У мадрасаларга бориб ўқишларни давом эттиришни таклиф этди. Уруш вақтида бузилган уй-ҳовлиларни ва дўконларни тиклаш учун генерал Черняев томонидан маблағ ажратилди.

Шубҳасиз, генерал Черняев ўз таъсирини ўрнатиш мақсадида кўрсатилган тадбирларни амалга оширган. Шуни айтиб ўтиш лозимки, генерал Черняев юқори раҳбар доиралари рухсатисиз, ўзбошимчалик билан Тошкешта юриш қилиб, уни эгаллади. Бу ғалаба Петербургда зўр мамнуниятлик билан қабул қилинган бўлса-да, лекин давлат ишларида қилинган ўзбошимчалик айрим йирик ҳукумат вакиллари норозилигининг келиб чиқишига сабаб бўлган. Бунинг устига Тошкентнинг босиб олиниши халқаро матбуотда катта шовқин-сурон кўтарилишига олиб келган. Шунинг учун ҳам генерал Черняев уз ҳаракатини оқлаш мақсадида гўё Тошкент ихтиёрий равишда рус қўшинларига бўйсунганлиги ҳақида ҳужжат уюштиришга киришди. У шаҳар катталарини тўплаб аҳоли номидан қуйидаги мазмунда хат тайёрлашни буюрди: «Неча замонлар ва йиллардан бери Туркистонда Фарғона хонлари ҳукмронлик қилиб фуқароларга кўп жабр-зулм ўтказган... Улар закот хирожларни шариат асосида олмасдан ортиқча олганлар ва ҳеч қачон марҳамат қилмаганлар.

Қадимги урф-одат, таомилдан воз кечиб, кўп йиллар мансаб учун катта кишиларни ўлдириб фитначи ва иғвогарлар сўзига амал қилганлар. Ўртада ноҳақ қонлар тўкилиб, улар шариатга ва уламолар сўзларига амал қилишдан бош тортдилар. Фарғона ва Туркистон заминида кўп вақтлар ва кўпинча қипчоқ, қозоқ ва қирғиз авбошлари ва бебошлари ҳукмронлик қилиб келдилар. Шунинг учун фуқаро ва мамлакат тинчлиги учун тамоми ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус аскарларини олиб келиб уларга шаҳарни топширдик». Кўриниб турибдики, тошкентликлар бўлиб ўтган ҳамма жанг ва воқеаларни инкор қилиб ихтиерий равишда рус аскарларига бўйсунганликларини тан олишлари лозим эди. Курсатилган хатнинг мазмуни баен этилгандан кейин шаҳар катталари ҳайрон бўлиб турган пайтда домла Солиҳбек охун додҳо шундай жавоб қилган: «Бизлар воқеа ва ҳодисаларни бекитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмасжидгача ва бу ердан Ғулжагача булган шаҳар ва қалъалар Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан, муҳлатсиз ва сувсиз олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг 12 числосигача, яъни 42 кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдирилди. Мулла Алимқул лашкарбоши шаҳид бўлгандан кейин сардорсиз қолди. Бухоро, Хоразм ва фарғоналиклар ёрдам бермадилар. Тошкент фуқароси ватанлари ва дин учун қаттиқ туриб, уруш-талашни давом эттириб сешанба куни ярим кеча ўтгандан кеиин саҳарга яқин рус аскарлари хиёбон дарвозаси ва қалъанинт девори устидан фуқаро уйқудалиги чоқда кирди. Шундан кейин яна урушга киришиб пайшанба кунигача кечаю-кундуз урушиб турдилар. Бу ўртада кўп иморатлар, дўконлар ва уй-жойларга ўт тушиб оч, ташна, сувсиз яккама-якка урушиб бўлиб охирида ярашиш сулҳи тузилди». Бу ҳақиқий ахволни акс эттирувчи жавоб генерал Черняевни ғазабга келтирди. У домла мулла Солиҳ охун додҳо сўзига қўшилувчи кишиларни бир тарафга ўтишларини буюрди. Шундан кейин шаҳар катталаридан олти киши жумладан, Халим-бой, Бердибой, Азимбой, Фозилбачча, Мулла Мирзаъалам охун, Мулла Музаффархўжа ва Мулла Файзилар домла Солиҳбек охун додҳонинг сўзини қувватлаб кўрсатилган томонга ўтдилар. Бу кишилар ва Солиҳбек охун додҳо дарҳол рус аскарлари томонидан ўраб олиниб қамоққа жўнатидди. Бу ҳолат тўпланган шаҳар катталарига таъсир этган булса керак, улар генерал Черняевнинг айтган аҳдномасига у курсатган мазмунда тайёрлаб беришни зиммаларига олдилар. Чунончи, Ҳакимхужа қозикалон аҳдномани безаш ва тузишни Абдусаттор Қорабоши ўғлига топширди. Аҳднома тайёрланганидан сўнг унга шаҳар катталари ва савдогарлари қўл қўйиб ва муҳр босиб генерал Черняевга топширилди. Генерал Черняев Солиҳ охун додҳо ва унинг хамроҳларини Томскига сургун қилди.

Генерал Черняев аҳдномани Абдусаид ва Ҳодихужа номли савдогарларнинг қўлига бериб, Петербургга, подшоҳга олиб бориб беришни буюрган. Рус ҳукумати бу аҳдномани босқинчилик сиёсатини бўяш ва халқаро матбуотда шовқин-суровни бартараф қилиш мақсадида чет мамлакатларга тарқатади. Жумладан, Туркиядаги рус элчихонаси аҳднома нусхаларини кўпайтириб Истанбулдаги кўчаларга, бозорларга, дўконларга умуман кўзга ташланадиган жойларга ёпиштириб қўйилди. Шундай қилиб, генерал Черняев Тошкентга бостириб киргандан сўнг икки аҳдномани, яъни сулҳ шартлари ва ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатувчи ҳамда мустамлакачилик сиёсатига хос бўлган қалбаки ҳужжат тузишга эришди.

Генерал Черняев Тошкентда юқори табақа вакилларининг ихтиеридаги қулларни бўшатиш ҳақида фармон чиқарди. Натижада, бир вақтлар уруш пайтларида асирликка олинган ёки кўчманчилар томонидан келтириб сотилган турли миллатдаги унчалик кўп бўлмаган қуллар озод қилинди. Генерал Черняев маҳаллий яҳудийларни камситишга қаратилган айрим одатларни бекор қилди. Жумладан, яҳудийларнинг белларини ип билан боғлаб юриши ва белгиланган хилдаги телпакни кийишлари тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

1866 йил август ойида Рус императорининг Тошкентни Рус давлати — тобелигига олганлиги ҳақидаги расмий фармонни эълон қилинди. 1867 йилда эса Сирдарё ва Семиреченск (Еттисув) областларини ўз ичига олган Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиб бу мансабга генерал К. П. Кауфман тайинланди. Тошкент Туркистон генерал-губернаторлигининг маркази бўлиб қолди.

Шу равишда Тошкент Рус давлати территориясини бир қисмига ва Чор ҳукуматининг Ўрта Осиёда тўлиқ ҳукмронлигини ўрнатилишида муҳим таянчга айлантирилди.


Ҳамид Зиёев
http://info.islom.uz/content/view/1219/1012/

Достарыңызбен бөлісу:
1   2




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет