Хорижий мамлакатлар тарихи” кафедраси умумий тарих. ҚАдимги давр. Тошкент – 2009



бет4/9
Дата21.06.2016
өлшемі1.35 Mb.
#152900
1   2   3   4   5   6   7   8   9

Таянч иборалар

Говард Картер, “тирик асирлар”, шадуф, “Эхнатон”, «Ахетатон»
Саволлар

1. Мисрнинг Янги Подшолик даври қандай хусусиятларга эга?

2. Хўжаликдаги қайси ўзгаришлар янги Подшолик даврида рўй берди?

3. Гиксосларнинг Мисрдан ҳайдаб чиқарилишига нимай сабаб бўлди?

4. Эхнатоннинг диний ислоҳоти қандай аҳамиятга эга ва унинг сабаблари?
6. Миср Сўнгги подшолик даврида (милоддан аввалги 1125 - 525 йиллар)

XIX сулола фиръавнларининг Кичик Осиёда олиб борган давомли урушлари, хусусан, хеттлар билан бўлган уруш Мисрнинг аҳолиси ва моддий бойликларини анча камайтириб юборди ва мамлакатни тушкунликка учратди. Бир вақтлар қудратли Миср давлати айрим - айрим бўлакларга бўлиниб кета бошлади. Милоддан аввалги XI аср бошларида подшолик ҳокимиятини эгаллаган ва мамлакатда ҳукмронлик даъвосини қилган Фива бош руҳонийлари дельтани ўз қўлларида тутиб қололмадилар. Ички кураш натижасида ҳолдан тойган Миср тез орада чет эл истилочилари, ливияликларга тобе бўлган. Ливияликлар дастлаб Мисрга ва унинг қўшинига ёлланма аскар сифатида келиб кирган эдилар, сўнг уларнинг лашкарбошилари подшо ҳокимиятини қўлга олиб, XXII сулолага асос солдилар (милоддан аввалги 941 - 821 й.).



Иқтисод ва ижтимоий тузум. Миср аввалги гуллаб-яшнаган замонидан фарқли ўлароқ, тушкунлик даврини бошидан кечираётган бўлишига қарамай, хўжалик ҳаёти мамлакатда батамом тўхтаб қолмаган эди. Шу билан бирга, мисрликлар бу вақтда ҳунармандчилик ишлаб чиқаришининг баъзи соҳаларини ҳатто анча мукаммаллаштирдилар ҳам. Масалан, улар темирчилик техникаси соҳасида бир қанча ютуқларга эришдилар. Мисрликлар бронзадан турли буюмлар, жумладан, нафис ҳайкалчаларни моҳирлик билан ишлай олганлар, бу ҳайкалчалар кумуш ёки олтин толалар билан жимжимадор қилиб безалган. Такуший номли мисрлик аёлнинг Эфиопия - Саис даврига оид ҳайкалчаси ана шундай техниканинг ноёб намунаси бўла олади. Подшо Гасебханнинг Танисдан топилган кумуш саркофаги (тобути) металлга бадиий ишлов бериш соҳасида ажойиб ютуқларга эришилганини кўрсатади. Темирчилик тош йўниш ўрнини тобора кўпроқ эгаллай бошлади. Ҳайкалча, идиш - товоқ, асбоб - ускуна ва қурол – яроғ каби буюмлар аввалгидек тошдан эмас, балки металлдан ишланадиган бўлди. Темир аста - секин бронзани ҳам сиқиб чиқара борди, Мисрга Фаластиндан, Кичик Осиё ҳамда Эгей денгизи соҳилларидан кўплаб темир келтириладиган бўлди. Жанубий Фаластинда, Миср чегараларига яқин бўлган Жерар шаҳрида ўтказилган қазиш ишлари вақтида темир эритиш печи, шунингдек, темирдан ясалган асбоб ва қурол - яроғлар топилди. Мисрнинг ҳудудидан ҳам жуда кўп темир буюмлар топилган. Фивадан дубулға ҳамда бир қанча қуролсозлик асбоблари чиқди. Топилган дубулға оссурийларникига ўхшатиб ишланган. Шунга кўра, бу темир буюмлар ҳам оссурийлар Мисрни забт этган даврга мансуб бўлса керак. Милоддан аввалги VII асрга мансуб Дафна ва Навкратис харобаларидан: пичоқ, болта, искана, чопқи, қирғич ва ўқ учи каби темир асбоблар ва қурол – яроғлар топилган.

Тўқимачилик ҳам юксак тараққий қилиб, Мисрда алоҳида тўқимачилик ишлаб чиқариш марказлари вужудга келиб, чунончи Ахмим, кейинчалик эса Мемфис шундай марказлардан бирига айланган. Тўқимачилик ва йигирувчилар цехига ўхшаш алоҳида гуруҳларга бирлашганлар. Ҳатто Таит номли Тўқимачилик маъбудаси ва Ўрта Мисрда Хежхетеп (“Поки раҳмат”) номини олган тўқимачилик касби худоси бўлиб, уларга сиғинганлар. Сопол буюмлар ишлаб чиқариш такомиллашган. Сополдан турли уй-рўзғор (ганч аралаш лой) асбоблари, зебу-зийнат буюмлари ва бўйи 25 см гача бўлган нафис ҳайкалчалар ясалган. Бойлар учун ва хорижга чиқариш учун тайёрланадиган бу зеб-зийнат буюмлари жумласига турли хушбўй ва упа - эликлар ҳам кирган. Ўша даврдаёқ нилуфардан махсус мой олишни билганлар, бу мой амалдорларни янги мансабга тайинлаш вақтида уларнинг юзига суркаш мақсадида ишлатилган.

Савдо ривожи мулкий ва синфий табақаланишнинг янада кучайиши учун туртки бўлди. Асосий бойликлар, жумладан қуллар, йирик ибодатхоналар, асосан, коҳинлар ва амалдорлар қўлида тўплана борди. Қул савдосига оид сўнгги давр ҳужжатларида, баъзи ҳолларда бу қуллар чет мамлакатлардан келтирилганлиги (хусусан, Суриядан) кўрсатилади. Бироқ энди Миср фиръавнлари ўзларидан аввалги XVIII - XIX сулола фиръавнлари каби истилочилик урушлари олиб боришга ноқодир бўлиб қолдилар, шу сабабли бу даврда қулларни келтириш камайганлиги натижасида қуллар нархи ошиб кетди. XIX сулола даврида бир чўри 4 дебен 1 ките (373,1 грамм) кумушга сотилган бўлса, XXI сулола даврига келиб қул баҳоси 20 дебен (1820 грамм) кумушга тенг бўлди. Ибодатхоналар, коҳинлар, катта амалдорлар ва савдогарлар катта-катта ерларни қўлларига олдилар. Бойлар деҳқонларни сотиб ола бошладилар, бу эса қишлоқ жамоаларининг янада бўлиниб кетиши, шаҳар ва қишлоқлардаги майда мулк эгаларининг хонавайрон бўлишига сабаб бўлади. Ер тобора кўпроқ хусусий мулк кўринишини ола борди. Бой зодагонлар ўзларига қарашли ерларни фарзандларига мерос қилиб қолдирадиган бўлдилар.

Баъзи бир подшолар ғоят кескин тус олиб кетган синфий зиддиятни юмшатишга интилдилар. Тарихчиларнинг асарларида подшо Бакхорис (мисрча номи Бакнеренф, милоддан аввалги 732 - 726 йиллар) тўғрисида хотиралар сақланган. У подшо айрим шахслар томонидан мисрлик қарздор камбағалларни қулликка солишни ман қилган ва ер сотишга рухсат берган. Геродотнинг сўзига кўра, Миср подшоси Яхмос II “мисрликлар учун бир қонун чиқарган; бу қонунга мувофиқ Мисрнинг ҳар бир фуқароси ўз маблағлари ҳақида ҳар йили вилоят бошлиғига ҳисобот беришга мажбур бўлган; буни қилмаган ёки қонуний йўл билан топилган маблағ ҳисобига яшаётганини исбот қила олмаган шахсга ўлим жазоси берилган.” Шу билан бирга Геродот грек ислоҳатчиси Солон мисрликларнинг ушбу қонунини кўчириб олгани ва “Миср (шу вақтда) ғоят фаровон яшаганлигини” кўрсатиб ўтади. Грек тарихчиси Яхмос II ни ҳалқ ичидан чиққан ижтимоий соҳа ислоҳотчиси сифатида тасвирлаб, унинг бойлар ўзбошимчалигини чеклаш мақсадида бир қанча ислохотлар ўтказганлигини айтади.



Ливияликларнинг Мисрни эгаллаб олиши. Ливияликлар қадимдан дельтанинг ғарбий қисми ва Нил дарёси водийсининг шимолига туташган жойларда ҳамда ғарбий воҳаларда яшаб келганлар. Мисрликлар мустақил, лекин маданий жиҳатдан қолоқ бу қабилаларга қарши узоқ вақт курашиб келганлар. Янги Подшолик фиръавнлари замони, яъни Миср гуллаб - яшнаган даврда ливияликлар Мисрга кўплаб келиб ўрнашиб қолганлар. Фиръавнлар ливияликларни ёлланма аскар сифатида хизматга қабул қилиб, уларга асосан дельтадан чек ерлар берганлар. Миср кўп сонли қўшин тузишнинг уддасидан чиқолмай, ёлланма аскарлардан фойдаланишга мажбур бўлган давр, яъни XX ва XXI сулолалар замонида ливияликлар Мисрга айниқса кўплаб кўчиб кела бошладилар. Ливия зодагонларидан баъзилари Мисрда катта ҳарбий ва коҳинлик мансабларини эгаллайдилар. Ҳарбий қўмондон ва Гераклеополдаги Хершефн худонинг бош руҳонийси бўлган ливиялик одамга тегишли ёзувларда унинг ўн беш авлод шу ерда яшаб ўтганлиги айтилади; бу ёдгорликлардаги ёзувга кўра унинг аждоди “ливиялик Бювава” тахминан XXI коҳинлик сулоласи замонида Гераклеополга кўчиб келган. Унинг аждодлари ливиялик қўшинларнинг “уруғ бошлиқлари” ва Гераклеопол ибодатхонасининг коҳини лавозимини эгаллаб келганлар. Ливиялик мазкур зодагонлар уруғидан бири подшо оиласи билан қариндош-уруғ ҳам бўлган. Улардан бири Шешонк подшолик тахтини қўлга олиб, XXII сулолага асос солади. Ливияликлар сулоласидан чиққан подшолар Фива коҳинлари билан ҳисоблашибгина қолмай, балки кўпинча уларга таяниб иш кўришга ҳам мажбур бўлганлар.

Янги сулола хукмдорлари аввалги подшо хонадони билан қариндош бўлиб, уларнинг фарзандлари Фива ибодатхоналарида бош руҳоний лавозимларини эгаллаган. Ливияликлар сулоласига асос солган Шешонк I ўзини XVIII - XIX сулолаларга оид буюк истилочи фиръавнлар ишининг давомчиси қилиб кўрсатиб, Карнакдаги ибодатхона ёнида “Бубастислар ҳовлиси” ва катта минорани қурдиради. Бу ерда сақланиб қолган ўймакор нақшларда Шешонкнинг Фаластинда қозонган ғалабалари тасвирлаанган. Айниқса 156 та осиёлик асирларни арқонда олиб кетаётган Амон худосининг улкан тасвири диққатга сазовор; бу асирлар, ўша ердаги ёзувга қараганда, чамаси Миср қўшинлари ишғол қилган Фаластин шаҳарларининг рамзи эди. Қадимги Фаластин шаҳарларининг рўйхатида бир неча машҳур шаҳарлар номи (хусусан, Таанаха, Шунема, Бет - Бана ва Мегиддо) сақланиб қолган. Шешонк I ўз сулоласини мавқеини мустаҳкамлаш учун дельтадаги Бубастис шаҳрини давлат пойтахтига айлантириб, шу сабабли у асос солган сулола Бубастислар сулоласи деб юритилади. Шешонк I ўз ҳукмронлиги даврида (милоддан аввалги 941 - 920 йиллар) Миср давлатини мустаҳкамлаш йўлларини топишга интилди. У Фаюмга яқин жойда қалъа қурдирди. Нил дарёси бўйида Шешонк I даврига оид турли ўймакор расмлар солинган ва хатлар туширилган қалъа харобалари топилган, Шешонк I ўзга давлатлар қўшинлари устидан қозонган ғалабаларини ва ҳарбий зафарларини Хибе ибодатхонаси деворларида ҳам тасвирлаб қолдирган; бунда фиръавн Мисрга ҳайдаб олиб келтирган чет эллик асирлар акс эттирилган.

1938 - 1939 йилларда Танисда ўтказилган қазиш вақтида Шешонкнинг ҳали қўл теккизилмаган мақбараси топилди; бу мақбарадан фиръавннинг олтин билан кумушдан қуйиб ишланган саркофаги (тобути) ва ундан фиръавннинг мўмиёланган ва яхши сақланган жасади чиқди. Миср хукумдори юзига олтиндан зеб бериб ишланган ниқоб тортилган экан.

Шешонк I дан кейин подшолар унинг давлатни идора қилиш соҳасидаги ишларини муносиб давом эттира олмадилар. Оссурияликларнинг кучайиб кетиши туфайли XXII сулола фиръавнлари Нил ва дельта водийсидан ташқарига чиқа олмай қолдилар. Оссурларнинг бостириб келиш хавфидан ташвишга тушган Осоркан II оссур подшоси Салманасарга қарши бош кўтарган Сурия - Фаластин подшолари иттифоқига бир қадар ёрдам беради. Оссур ёзувларида 854 йилда Қарқара ёнида бўлган жангда оссурларга қарши “1000 мусрий” (мисрликлар) қатнашгани эслатиб ўтилади. Самарияда ўтказилган қазишлар Осоркан II нинг Исроил билан алоқа боғлашга ҳаракат қилганини тасдиқлади. Лекин Миср давлатининг бу уринишларидан ҳеч қандай наф бўлмади. Ички курашнинг кескинлашуви туфайли мамлакат майда бўлакларга бўлиниб кетди. Айниқса Такелет II даврида бу кураш авж олади. Давлат аста - секин майда қисмларга бўлиниб, уларни мустақил ҳокимлар идора қила бошлади. Миср давлати юз тутган бу таназзул ва давлатнинг парчаланиб кетиши ҳақидаги эсдаликлар “Подшо Петубастис циклидан қиссалар” да сақланиб қолган. Грек тарихчилари бу даврни “дадекархия”, яъни 12 подшо ҳукмронлиги даври деб атайдилар. Ливияликлар сулоласидан бўлган подшолар ҳатто ўз расмий қайдларида мамлакатнинг ҳамма ерларини ҳам бўйсундира олмаганликларини эътироф этишга мажбур бўлганлар. Осоркан II ўз ҳайкали пойига ёздирган хатда, Мисрни “унинг авлодлари” идора қилиши ва худолар худоси Амон Ранинг бош руҳонийлари, Манинг улуғ бошлиқлари ҳамда Хершефон коҳинлари “чин қалбдан бош эгиб” эътироф этишларини орзу қилган бўлиб, бу Миср фиръавни учун ҳаддан зиёд камтарликдир. Ливиялик фиръавнлар Юқори ва Қуйи Мисрдаги ливиялик зобитлар ва олий коҳинларни бирлаштиришни ўзларининг доимий сиёсий вазифалари сифатида қўйган бўлсалар ҳам, бироқ бу муддаога тўла эриша олмаганлар.



Эфиопияликларнинг Мисрни истило қилиши. Нил дарёсининг дастлабки шаршарасидан жанубдаги ўлкаларда азалдан нубияликлар яшаб келган. Миср фиръавнлари ўлжа босиб олиш, қул олиб келиш ва ерларга эга бўлиш мақсадида Қадимги Подшолик замонларидан бўён Нубияга қаттиқ ҳужум қилиб, уни хароб этардилар. XVIII сулола фиръавнлари даврида Миср қўшинлари Нубиянинг тўртинчи шаршарасига қадар ерларни истило қилиб, у ерда мустаҳкам ўрнашиб оладилар. XIX сулола подшолари ўзларидан аввал подшолар ишини давом эттириб, Нубияда Миср ҳукумронлигини мустаҳкамлаш йўлида бир қанча тадбирлар кўрдилар. Улар Нубияни қўл остиларида тутиб туриш учун шаҳар, қалъа ва ибодатхоналар қурдилар. Оқибатда, Нубия аҳолисининг юқори табақалари кўп жиҳатдан Миср маданиятини қабул қилди. XXI ва XXII сулола коҳинлари замонида Мисрнинг заифлашувидан фойдаланиб Нубия мустақил давлат бўлиб олади. Бироқ Нубия ҳокимлари Мисрнинг кучли маданий таъсирида бўлганликлари туфайли ўзларини Миср фиръавнлари деб атаб, ёзувларини ҳам Миср тилида туздиради. Нубия ҳокимлари ливияликлар ҳукмронлиги даврида Миср давлатининг ҳолдан кетганидан фойдаланиб, Юқори Мисрда аста - секин ўрнашадилар ва бутун Нил водийсини босиб олиш учун кураш бошлаш мақсадида Фива вилоятида ва Фиванинг бой коҳинлари билан азалий алоқаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қила бошлайдилар. Эфиопия ҳукмдори Кештанинг ўғли Пианхи (милоддан аввалги VII асрнинг II ярмида яшаган) отаси олиб борган сиёсатни давом эттиради ва зўр ғайрат билан Мисрни забт этишга киришади. Пианхи Миср ҳукумдорлари ва лашкарбошиларининг чақириғига жавобан Тефнахтга қарши чиқиб, унинг қўшинлари устидан бир неча ғалабаларга эришади. У Фивани эгаллаб, Мемфис остоналарига яқинлашиб боради ва Шимолий Мисрнинг мустаҳкамланган шу шаҳрини штурм билан забт этади. Пианхи Мисрни эгаллаб, Тефнахтни таслим бўлишга мажбур қилади ва ўзини бирлашган Миср фиръавни деб эълон қилади.

Пианхи ворислари бутун Мисрда ўз ҳокимиятларини мустаҳкамлаб оладилар. Улардан бири Шабака, бутун Мисрни идора қилган. Пианхи тахтининг ворисларидан яна бири Тахарка Мисрни Оссурия қўшинлари тажовузидан ҳимоя қилишга мажбур бўлган, бироқ Оссурияликлар томонидан мамлакатни эгаллаб олишга қаршилик кўрсата олмаган. Натижада Асархаддон миллоддан аввалги 671 йилда Мисрни истило қилади. Тахаркани қочиб кетишга мажбур этади. Ашшурбанипал замонида Оссурия қўшинлари Мисрга икки марта бостириб келиб, уни харобага айлантирадилар. Лекин бу вақтга келиб Оссурия ҳолдан тойиб, кучсизланиб бораётган эди. Ашшурбанипал Миср устидан ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш мақсадида, эфиопиялик подшолардан фарқли ўлароқ, Шимолий Миср зодогонларига таяниб иш кўришга мажбур бўлди.



Саис ҳокимларининг Мисрни бирлаштириши. 626 йилдан бошлаб Саисда Псамтик идора қилган. Ашшурбанипал ёрдамига таяниб иш кўрган ва Оссурияликларнинг содиқ иттифоқчиси бўлган Псамтик бутун Мисрни ўз қўли остида бирлаштириб, янги XXVI сулолага асос солади ва бу сулола тарихда Саис сулоласи номи билан қолади. Мазкур сулола фиръавнлари замонида Миср бир қадар равнақ топган. Бироқ умуман бу давр Миср давлати ва маданиятининг инқирозга юз тутган даври эди.

Бу вақтга келиб Миср ташқи савдоси анча тараққий этган. Фиръавн Нехо даврида Нил дарёсини Қизил денгиз билан туташтирадиган канал қуриш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилиб, бу канал қурилиши билан Мисрдан Нубияга ва хатто ундан наридаги Пунтга тўғридан-тўғри борадиган сув йўли очилар эди. Миср Кичик Осиёдаги Кария - Лидия қабилалари, шунингдек, кенг ҳудудни эгаллаган грек дунёси билан ва, биринчи галда, ионийлар билан савдо соҳасида айниқса маҳкам алоқалар ўрнатди.

Узоқ давом этган урушлар ва Оссурия қўшинларининг мамлакатни вайрон қилган ҳужумлари натижасида тинка-мадори қуриган Миср эндиликда ўз чегараларини душмандан ҳимоя қилиш ва Осиёдаги мавқеини сақлаш учун кўп сонли қўшин тўплай олмасди. Шу сабабли, Саис фиръавнлари кўп жиҳатдан Кичик Осиё ва Грециядан ёлланиб келтирилган аскарларга таяниб иш кўришга мажбур эдилар; бу ёлланма аскар Миср қўшинларининг асосини ташкил қилган бўлсалар ҳам ажаб эмас.

Ташқи савдонинг ривожланиши ва Мисрнинг греклар билан иқтисодий алоқаларининг мустаҳкамланиши натижасида товар – пул муносабатларининг энг қадимги шакллари тараққий этиб борди. Мисрнинг вақтинча иқтисодий юксалиши қулдорлардан ва ер эгаларидан иборат зодагонларнинг ҳукмрон синфлар, асосан коҳинлар, ливиялик ҳарбий раҳбарлар, кичик осиёлик ва грек савдогарлари, ҳамда маълум даражада ёлланма аскарларнинг бойиб кетишига олиб келди.

Саис фиръавнлари ички сиёсат соҳасида ливиялик ҳарбий раҳбарлар, Миср коҳинлари ва грек савдогарлари орасида устамонлик билан иш юритишга ҳаракат қиладилар. Улар Мисрнинг нуфузли коҳинларига қарши, шунингдек, ҳамон муайян мустақиллик даъво қилиб келаётган кўплаб хукумдорларга қарши кураш олиб борганлар ва шу билан бирга улар устидан бўлган ҳукмронликни мустаҳкамлаш учун чет элликлар, асосан кичик осиёликлар ва греклардан иборат ёлланма аскарларга таянишга мажбур эдилар. Масалан, Псамтик I тахтга ўтирганидан сўнг грек савдогарларига таяниб иш кўриш, ташқи сиёсат соҳасида эса у, тушкунликка юз тутиб бораётган Оссурияни қўллаб – қувватлашга интилди. Псамтик I нинг шуҳрат қозониши ва кучайиб кетишида Оссурия подшосининг ҳиссаси катта бўлди. Шунинг учун ҳам Псамтик I Оссуриянинг яшаб туришидан манфаатдор эди. Псамтик I кучли Бобил давлатига нисбатан, кучсиз Оссурияни афзал кўрди. Шу сабабли, Псамтик скифларнинг Миср чегараларига қилган ҳужумларини қайтариш билан чекланмай, уларни Фаластин худудидан ҳайдаб чиқариш юзасидан қатъий чоралар кўрганлиги тасодифий ҳол эмас. Бунинг устига, Набопаласар тахминан 616 йилда Оссурия устига қўшин тортиб келганида Миср қўшинлари ҳалокат ёқасига келиб қолган Оссурия давлатини қутқазиб қолиш мақсадида Фрот дарёси бўйларида пайдо бўладилар. Псамтикнинг ўғли Нехо Оссурияга отасидан ҳам кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қилди. У 611 йилда тахтга ўтиргандан кейин, биргаликда Харрани босиб олиш ниятида қўшинларини Оссурия лашкарларига ёрдамга жўнатади. Миср - Оссурия қўшинлари Кархемиш шаҳрини ишғол қилишга муваффақ бўладилар. Лекин Навохудоносор мисрликлар билан оссурияликларнинг иттифоқчи қўшинларини Кархемиш ёнида мағлуб этади.

Нехонинг вориси Псамтик II (милоддан аввалги 595 - 589 й.) аждодларига хос бўлган филэллин (яъни эллинчилик) сиёсатини давом эттиради. Унинг замонида Мисрнинг Греция билан ўзаро алоқалари аввалгидан ҳам мустаҳкамланади. Саис даврининг сўнгги подшоси - Уах-иб-Ра (Априй) ушбу сиёсатни давомчиси бўлди. Бу подшонинг грекларга мойиллик сиёсати Миср аҳолиси ўртасида кўплаб норозиликлар пайдо қилди. Унинг подшолик даврида лашкарбошилардан бири-Яхмос (Амазис) бошчилигида қўзғолон кўтарилиб, подшо Уах-иб-Ра унинг асосан грек ёлланма аскарларидан иборат бўлган қўшинларини тор - мор келтирган ва ҳокимиятни қўлига олган. Яхмос II киреналик грек қизига уйланиб, Самос мустабид ҳокими Поликрат ҳамда Ливия подшоси Крез билан жуда яқин муносабатда бўлган. Яхмос II грек ибодатхоналарига мўл-кўл инъомлар йўллаб, грекларни ўз томонига оғдирган ва уларнинг ўзини қўллаб - қувватлашига эришган. Яхмос II нинг фаол ташқи сиёсати Бобил ёзувларидан бирида акс этган. Унда Миср қўшинларининг ҳужумлари ҳақида қайд этилиб, “Амасу” исмли шахс тилга олинади.

Лекин бу давр мустақил Миср давлатининг сўнгги йиллари эди. Шарқда Эрон давлати равнақ топиб, у бутун қадимги Шарқ дунёсини ўз ҳукмронлиги остида бирлаштиришга ҳаракат қиларди. Эроннинг жуда йирик қўшинининг ҳужумини қайтариш учун Мисрда етарли куч бўлмай, у заифлашиб қолганди. Яхмос II вафотидан сўнг, 525 йилда орадан кўп ўтмай, Эрон подшоси Қўмбиз Миср ерларига бостириб кириб, Пелузия ёнидаги жангда Миср қўшинларини тор - мор келтиради ва Псамтик III ни тахтдан ағдаради. Шундай қилиб, бир вақтлар шон шуҳратга бурканган, лекин таназзулга юз тутган қадимги фиръавнлар подшолиги Эрон томонидан истило қилинади.
Таянч иборалар

Саис сулоласи, саркофаг, “1000 мусрий”, дадекархия, филэллин, Хежхетеп
Саволлар

1. Псамтик 1 нинг Оссурияга ёрдам бериши сабаблари нимадан иборат?

2. Мисрнинг заифлашуви ва эронликлар томонидан босиб олинишига нималар сабаб бўлди?
7. Миср маданияти

I. Қадимги подшолик даврида Миср маданияти.

Қадимги подшолик даврида Миср маданияти жуда катта йўлни босиб ўтди. Мисрликлар қудратли илоҳий фиръавнлар ва бетакрор буюк донишмандлар: Имхотеб, Кагемни ва Птаххотеблар даври Миср маданиятининг олтин асри номини олган.

Мисрликлар ўз юртларини худолар томонидан яратилган деб ҳисоблаганлар. Манефон хронологиясига кўра дастлаб Мисрда худолар, сўнг ярим худолар ҳукмронлик қилишган. «Мемфис - худолар трактида “Птах”кетишидан аввал ҳамма нарсани яратди, у худоларни, шаҳарларни, номларни, ибодатхоналарни яратди. Эътиқодга ўргатди, қурбонлик тайинлади» дейилган.

Қуёшга топиниш. Мисрликлар жуда қадимдан қуёшга сиғинганлар. Қуёшга топинган энг қадимги шаҳарнинг маркази Иуну бўлиб, греклар уни “Қуёш шаҳри” - Гелиопол деб атаганлар. Бу шаҳар қадимги Мисрнинг бутун тарихи давомида диний марказ сифатида сақланиб келган.

Қадимги подшолик даврида Миср давлатининг марказлашиши билан бирга Қуёшга топиниш ҳам марказлашган тус олади. Қуёш худоси Ра олий худо деб эълон қилинади ва унинг номи марказига нуқта қўйилган доирасимон шаклидаги иероглиф шаклида ёзилади. Ра худосининг номи IV сулола фиръавнлари Хафра ва Менкаура номларининг таркибий қисмига киради. V сулола фиръавнлари Ра худосига атаб ҳашаматли ибодатхоналар қурадилар. Бу ибодатхоналарда қуёшга топиниш маросимлари ўтказилган, олий қуёш худоси Ра Мисрнинг энг қадимги давлат эътиқодларидан бири бўлган.



Подшони илоҳийлаштириш. Подшони илоҳийлаштириш қадимги подшолик даврида ўзининг аниқ ифодасини топди. Жуда катта мақбаралар пирамидалар қурилиб, улар худога тенглаштирилган фиръавннинг куч - қудратини намойиш қилган. V - VI сулолалар даврида қурилган пирамидаларда “Пирамидалар матни” сақланиб қолган, уларда осмон худолари худо сифатида эътироф этилган фиръавнларни хузурига чорлаб олганлари ва арши аълога кўтарилиб, унда кўрган роҳат - фароғатлари батафсил баён қилинади.

Қадимги Миср меъморчилиги. Мисрда меъморчилик жуда эрта тараққий этган. Қадимги подшолик даврида фиръавнлар ва катта зодагонлар ўзлари учун мақбара, сарой ва ибодатхоналар қурдирганлар. Улар ичида айниқса Миср эҳромлари диққатга сазовор. Саккарадаги Жосер мақбара эҳроми улар ичида энг қадимгиси бўлиб, у зинасимон шаклда қурилган. III - IV сулола фиръавнлари даврида бунёд этилган эҳромлар ўзларининг улуғворлиги билан бугун ҳам бутун дунёни лол қолдириб келмоқда. Улар ичида энг каттаси фиръавн Хуфу қурдирган эҳром бўлиб, унинг баландлиги 150 метрга яқин. Гизадаги яна бир меъморчилик намунаси Сфинкс бўлиб шер сурати тарзида ишланган.

Миср эҳромлари ўша давр меъморчилигининг юксак намунаси ҳисобланади. Мисрда меъморчилик қадимги даврдаёқ шаклланиб, ўз маҳобати, жозибаси билан кишиларни ҳайратга солган. Геродот маълумотига кўра, Хуфу эҳроми 30 йил қурилган бўлиб, унинг қурилишида бир вақтнинг ўзида юз мингдан ортиқ киши иштирок этган. Антик давр муаллифларининг маълумотларида ҳам улуғвор эҳромларнинг нақадар хашаматли эканлиги кўрсатилган.



II. Ўрта подшолик даврида Миср маданияти

Ёзув. Қадимги мисрликлар ёзув учун папирус қоғозидан фойдаланишган. Шимолий Африканинг қуруқ чўлларида халигача қадимги манускриптлар топилиб туради. Аввалига, папирусда ёзиш Македониялик Инскадар давридан бошлаб ёзилган деб ҳисобланарди. Лекин кейинги пайтларда, М.А.Гаряев ўзининг “Эпохи в зеркале письмен” (М. 1990) номли китобида таъкидлашича, папирус тарихи минг йиллардан узоқроқ эканлиги ва қадимги Миср подшолик даврига тақалиши маълум бўлди.

М.А.Гаряев таъкидлашича, топилмалар орасида коҳин мартабасига эришган мисрлик тарихчиларга тегишлилари ҳам бор. Булар мартабага эришиш учун йиллаб геометрия, космогония, чизмачилик, география фанларини ўрганганлар. Булардан айримларигина “сўзловчи белгилар” тузиш санъатини эгаллаганларидан кейин, иероглифларнинг ўзига, одамларга, воқеалар ривожига таъсир кўрсатувчи илоҳий куч сифатида намоён бўларди. “Папирус” сўзининг ўзи қамишнинг олий навини билдирган ва ундан ёзув учун фойдаланганлар. Нима учун? Бунга сабаб балки унинг пояси баланд ҳамда йўғонлиги туфайли бўлса керак. Ўша даврнинг энг муҳим воқеа ва ҳодисалари папирусда қайд этилиб, у мисрликларнинг ўзига хос китоби вазифасини ўтаган.

Папирус худди нилуфар гули каби Миср тимсоли бўлган. Папирус ўсимлигининг бир - бирига чирмашиб кетган поялари Юқори ва Қуйи Миср бирлигини ифодалаган. Хатор худосини папирусдан ясалган бош кийимида муқаддас сигир тимсолида тасвирлашар эди. Бир мақбарада қўлларида папирус гулчамбарлар ушлаб турган аёллар тасвирланган. Ўлган одам осмон эшиклари олдида қамиш пояларини бир-бирига ишқаб, ўзининг келганлигидан хабар беради деб ҳисобланарди. Лекин папирусдан дунёвий хаётда ҳам кўп фойдаланишган. Ушбу ўсимликнинг ички пўстлоғидан елкан, матрас, кийим - кечак, арқонлар, мисрлик коҳинлар эса оёқ кийимлар тайёрлашар эдилар. Қамишнинг юмшоқ қисмидан шарбат олинган. Папирус ниҳоллари хомлигича, пастки қисми эса қовуриб ейилар эди. Энг муҳими папирус ёзув кенг тарқал ишига сабаб бўлди. Унинг тарқалиши билан ёзув белгилари ҳам соддалашди. Ҳаётга китобий ёзув кириб кела бошлади. Унда расм - иероглифлар шартли белгиларга айланди. Папирус ишлаб чиқариш техникаси милоддан аввалги III минг йил олдин пайдо бўлиб, кейинчалик деярли ўзгармади. Авлодлар, сулолалар, даврлар ўтиб кетди, аммо мисрликлар эса Нил атрофида ҳамон аввалгидек қамиш йиғишар эди. Плиний хабар берганидек, поянинг ўзаги махсус игналар билан бармоқ ёки кафт кенглигидаги бўлакларга ажратилар, сўнг ушбу бўлаклар хоч шаклида нам столга тахланиб, устига оғир юк бостириб қўйилар эди.

“Варақлар” қуёшда қуритилгандан сўнг, уларни узунасига елимлашар, фил суягидан қилинган асбоб билан ишлов берилар, болғаланиб, юқа елим қатлами суртилар эди. Пишиб етилган қамишдан қилинган папирус тўқ сариқ, навниҳол қамишдан эса оч сариқ папирус олинган. Қадимда мисрликлар кўпроқ биринчи хил папирус ишлатган бўлсалар, кейинчалик иккинчи туридан фойдаланадиган бўлдилар. Мисрнинг нисбатан қуруқ иқлими папируслар, уларда битилган ёзувлар сақланиб қолишига сабаб бўлди. Масалан, Эффу ибодатхонасининг “Китоблар рўйхати солинган қутилар”и Рамзес II ибодатхонаси остидаги мақбарадан ҳам топилди. Оддий папирусларнинг эни 20 -25 см бўлган. Ёғоч қути ичидан папирус ҳамда қамиш боғламларини топишди. Папирусларнинг навлари турли – туман бўлиб, улар ёзишдан ташқари турли буюмларни ўраш учун ишлатилган. Шунингдек картонга ўхшаш қоғозлар ҳам бўлган.

Манбаларга қараганда, Ўрта подшолик давридаги миср тилида муҳим лексик ва грамматик ўзгаришлар рўй бермаган. Лексиканинг бойиши эса тилнинг табиий ривожланиши, ижтимоий хўжалик ва ташқи алоқаларнинг кўпайиши оқибати эди, холос. Ўрта подшолик даврида миср тили тўлиқ шаклланди ва милоддан аввалги XVI асргача мазкур ҳудудда ҳукмрон бўлди.

Ўша давр ёзувининг ўзгаришига милоддан аввалги 2000 йил Нил дельтасида пайдо бўлган финикияликлар ҳам сабаб бўлдилар. Чунки улар қадимги мисрликлар ёзуви билан танишиб, дунёда даслабки алфавитни ихтиро қилдилар. Натижада мисрликлар ёзуви янада соддалашди. У иероглиф ёзувдан бутунлай фарқ қилган. Ўрта подшолик даврида мисрликларнинг ташқи кўриниши ўхшаш бўлмаган икки хил ёзув: иератик (иш, ҳисобот ва ҳужжатлар учун) ва иероглифик – (тантана ва маросимлар учун) ёзувлар ишлатилган.



Мотам - маърака маросимлари. Ўрта подшолик даврида аҳолининг анча кўп сонли эркин ўрта табақаси шаклланиши билан мотам - маърака маросимлари бир мунча ўзгача тус олади. Авваллари фақат подшо ва зодагонларга аталган диний – сирли ёзувлар энди ўрта табақа аҳоли вакиллари жасади солинган бирмунча оддий саркофагларда ҳам пайдо бўла бошлайди. Коҳинлар улар учун махсус дуо ва сеҳрлар ўйлаб чиқариб улар гўё марҳумнинг “нариги дунёда ўз оиласи билан қовушиши”, “охиратнинг ноз - неъматларидан баҳраманд бўлиши” ва унда “Худонинг ҳукмига дучор бўлмаслик” имконини таъминлаш мўлжалланган. Кейинчалик бу диний мазмундаги ёзувлар тобора кенгроқ аҳоли оммаси вакилларига татбиқ этиладиган бўлди. Ўрта подшолик даврида жасад солинган ёғоч тобутлардаги дуо ва мадҳиялар янги подшолик даврида ва кейинги замонларда ҳам папирус ўрамларига ёзиладиган бўлиб, охир-оқибатда “Ўликлар китоби” барпо бўлди. Аммо буни “Ўликлар китоби” эмас, балки “Тирилиш китоби” (маҳшар - пер - ем - херу) деб аташ тўғрироқ бўларди. “Ўликлар китоби” да ҳамда бу даврдаги бошқа бир қанча диний тўпламлар ва матнларда жуда кўп дуолар, худолар шаънига айтилган мадҳиялар, нариги дунё ва инсоннинг вафотидан кейинги қисмати ҳам баён этилган.

Диний тўпламлар ичида энг каттаси ва кенг тарқалгани “Ўликлар китоби” бўлган. Қадимги мисрликларнинг диний эътиқодига кўра, бу тўплам Қадимги Подшолик даврида тузилган экан. Бу фикр 5 - 6 сулолалар замонидаги “Пирамида матнлари” орасида ҳам “Ўликлар китоби”дан айрим боблар учраши билан қисман тасдиқланади. Кейинчалик, бу китобнинг марҳумга нариги дунёда роҳат ва фароғат ваъда қилган айрим боблари ёғоч тобутларнинг тахталарига ёзиладиган бўлиб, булардан Ўрта подшолик замонидаги “Саркофаг матнлари” шартли номини олган диний тўплам вужудга келган. Бу матнлардан аста-секин “Ўликлар китоби” юзага келган. “Ўликлар китоби” нинг таркибий қисмлари ва мазмуни ўзаро номувофиқ. Кетма-кет келган айрим боблар бир - бири билан мантиқан боғланмаган. Бу диний тўплам бетартиб жойлашган турли дуолар, муножотлар, мадҳиялар, алқов қўшиқлари, афсунлар ва сеҳрлар йиғиндисидан иборат бўлиб кўринади.

Кўп боблар марҳумни нариги дунё даҳшатларидан асраши ва вафот этган одамга роҳат-фароғат бахш этиши лозим бўлган мўъжизакор дуолардан иборат. “Илонларни даф этиш боби”, “Иккинчи марта ўлмаслик ҳақидаги боб”, “Чириб кетмаслик ҳикмати”, “Худо қахридан сақланиш ҳикмати” ва бошқалар ана шундай боблардир. Сўнгра “нафас олиш ва сувга эга бўлиш ҳикмати”, “олтин қирғий ва илоҳий қирғийга айланиш ҳикмати”, “жоннинг тана билан қўшилишига имкон бериш ҳикмати”, “Арши аълода Ра Худоси висолига эришиш ҳикмати” ҳам шулар жумласидандир. Айниқса “Ўликлар китоби” нинг 125-боби диққатга сазовор. Бу бобда вафотидан кейин марҳумнинг савол-жавоб жараёни баён қилинади, юракни (қадимги мисрликларда жон, руҳ тимсоли) тарозида ўлчаш тасвирланиб ҳамда инкор тавбаси келтирилади. Бунда марҳум 42 та асосий гуноҳни содир этмаганлигини айтади. Демак, бу дунёда гуноҳ ва жиноят қилмай, тақводорлик билан оқил ҳаёт кечирган кишигина нариги дунёда роҳат ва фароғатга эришади деган тасаввур пайдо бўлади. Бироқ, ахлоқий қарашлар қадимги сеҳрли тасаввурлар билан чатишиб кетганича қолаверади. Масалан, “Ўликлар китоби” нинг 30 - бобида марҳум охират савол-жавоби чоғида юраги унга қарши гувохлик бермаслиги учун уни аврайди. “Ўликлар китоби” бир неча асрлар давомида тузилган, ўзгартирилган ва таҳрир қилинган. Қадимги матнлар сўнгги вақтларга қадар анъанавий шаклини сақлаб келган. Шу билан бирга улар мазмунан тушунарсиз ҳолга келиб, баъзи махсус изоҳ талаб қилган. Ана шундай изоҳлардан бири “Ўликлар китоби” нинг 17-бобига қўшимча қилинган.

“Ўликлар китоби” нинг узун папирус ўрамига туширилган энг яхши намуналари Миср маданияти гуллаб-яшнаган 18 - сулола даврига мансубдир. Бу намуналарнинг аксарияти Фива мақбараларидан топилган бўлиб, асосан Фива коҳинлари ва амалдорларига тегишли бўлган. Папируслар дафн манзаралари, мотам - маърака маросимлари, охират ҳамда марҳумнинг нариги дунёдаги тақдири билан боғлиқ мавзулардаги ғоят нафис, жимжимадор қилиб ишланган расмлар билан безатилган.



Қуёшга сиғиниш. Ўрта подшолик даврида Фива Мисрнинг сиёсий марказига айланганидан сўнг, маҳаллий Амон худоси бутун Мисрнинг олий давлат худоси сифатида қадрлана бошлади. Янги худо Амон Рага бағишланган мадҳияларда у азалдан мавжуд ва бутун оламни яратган олий худо тарзида тасвирланади.

Адабиёт. Қадимги Миср бадиий адабиёти ўта қадим замонлардан Қадимги подшолик бошланғич давридаёқ (милоддан аввалги 4 минг йиллик ўрталарида) вужудга кела бошлаган. Мисрликлар 4000 йил давомида ғоят гўзал ва турли асарлар яратганлар; бу асарлар қадимги Миср маданияти юксак даражада тараққий этганлиги, Миср халқи бой бадиий ижодга эга эканлигидан далолат беради. Ўрта Подшолик даври Миср адабиётининг энг ривож топган даври бўлиб, у шу вақт қадимги миср мумтоз адабиёти айни гуллаб яшнаган деб ҳисобланади. Чинакам халқ ижоди намуналари мақол, қўшиқ ва эртак шаклида сақланиб қолган. Афсуски, бизга қадар жуда оз мақолалар етиб келган. Халқ қўшиқларининг соддалиги ва табиийлиги билан ажралиб туради. Бу қўшиқ матнлари қадимги Миср мақбаралари деворларида сақланиб қолган. Уларда кўпинча меҳнат ҳақида куйланиб, ундаги бир маром ва оҳанг билан деҳқон, ҳаммол ва чўпон каби меҳнаткашларнинг оғир меҳнати акс эттирилади. Бу қўшиқлардан энг қадимгилари Қадимги Подшолик даврига мансуб.

Деҳқонларнинг турмуши ва дунёқарашини акс эттириб, кўпинча халқ ҳаётидан олинган лавҳаларни ўзида сақлаб қолган эртаклар қадимги оғзаки ижодига мансуб. Улар аввал халқ тилида яратилиб, кейинчалик бадиий шаклга солинган.

Подшо саройида машҳур жодугарлар мўъжизалари ҳақида тўқилган эртаклар тўпламидан иборат Весткар папируси матни Ўрта подшолик даври охирларига оид. Муаллиф халқ эртаклари учун характерли бўлган афсоналардан усталик билан фойдаланади, унинг эртагидаги жодугар тирик ғознинг бўйнини узиб олади - ю, сўнг уни жойига улаб тирилтиради. Қуёш худоси билан коҳин хотиндан мўъжиза туфайли дунёга келган бешинчи сулола подшолари тўғрисидаги ҳикоя айниқса ўзига хосдир. Бу ҳикоя адабий шаклда берилган бўлиб, оқсуяк коҳинларнинг подшо ва подшо ҳокимиятини халқ кўзида илоҳийлаштириш ва бешинчи сулоланинг дастлабки фиръавни ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаганлигини оқлашга уринишдан иборат. Эртаклар тўплами Ўрта подшолик даврида таҳрир қилинган. Тўпламда ўрта табақа аҳолининг тилга олинганлиги ва тўпламнинг ўша даврга хос адабий тилда ёзилганлиги шундан далолат беради.

Саёҳатномалар. Ташқи савдо ва ҳарбий сиёсат ривожи Мисрнинг йирик ва кучли давлат бўлиб шаклланишига ёрдам беради. Унинг қўшни халқ ва давлатлар билан алоқаси тобора мустаҳкамланиб борди. Мамлакат савдогарлари Сурия ва Нубияга қатнай бошлайдилар. Миср қўшинлари Фаластинга йўл очиб, жанубда Нил дарёсининг биринчи ва иккинчи остоналари оралиғидаги ерларни Мисрга қўшиб оладилар. Ўрта подшолик даврида эса денгиз ортидаги бой давлатларга етиб бориш ҳаваси туғилади. Фойда олиш ва бойлик орттириш орзуси, саргузашт ва янги таассуротларга интилиш қадимги тор ҳаёт доираларини парчалаб, бу адабиётда ҳам ўз аксини топади. Янги адабий жанр, саёҳатнома жанри, яъни саргузашт романларининг дастлабки ўтмишдаги намуналари юзага келади. “Ҳалокатга учраган кема ҳақида ҳикоя” да (Санкт-Перебург эрмитажидаги 1115 - папирус) Шарқ эртакларига хос бўлган қадимги фантастика элементлари ҳам сақланган. Ҳикоя қаҳрамони ўша замоннинг ўрта вакили бўлиб, у “Подшо конлари” га қилган саёҳати тўғрисида сўзлайди. Денгиздаги кучли довул кемани парчалаб, довюрак денгиз сайёҳини сирли “Руҳлар ороли” га олиб бориб ташлайди. Сайёҳ бу ернинг табиати бағоят гўзал эканини кўриб, ажойиб мевалар, кўплаб балиқ ҳамда паррандаларни учратади. Улкан илон қиёфасидаги оролнинг эзгу подшоси ногаҳоний меҳмонга тасалли беради. Уни олис Пунт мамлакати бойликларидан, хушбўй нарсаларидан баҳраманд қилиб, фил тишлари, ит ва маймунлардан иборат ҳадялар бериб ватани- Мисрга жўнатади. Бу ҳикоянинг кўп жиҳатлари, чунончи кема, кема командаси, довул ва сирли оролнинг бойликлари тасвирланган жойларига оид бадиий реализм асарнинг муҳим хусусияти, бу ўша давр санъатида реализм юзага кела бошлаганлигидан далолат беради.

Саройдаги фитнага аралашиб қолишдан қўрқиб Сурияга қочиб кетган йирик мансабдорнинг “Синухет ҳикояси” янада реалистик, ҳудди ҳаётнинг ўзидагидек содда баён этилган. Ҳикоя муаллифи Синухетнинг сафар саргардонлиги ва машаққатларини ғоят гўзал тарзда ифода этади: “......ташна бўлиб қолдим. Чанқоқ зўрайиб, нафасим сиқилди. Томоғим қақраб, ичим ёниб кетгудек бўлди ва мен бу “ўлимни топиш” дедим”. Миср мансабдорининг Сурияда, бегона мамлакатда бошидан кечирганлари ғоят образли ва таъсирли, шу билан бирга реалистик тасвирланади. Мисрликлар Ўрта подшолик даврида Сурия билан янада яқинроқ алоқа ўрнатганлар. Бу ҳикоя аслида мисрлик йирик мансабдорнинг ҳужжатли таржимаи ҳоли бўлиб, у кейинчалик адабий жиҳатдан қайта ишланган ва ғоят гўзал бадиий асарга айланган. Қадимги Мисрда асарнинг машҳурлиги туфайли ушбу мумтоз матннинг бир неча рўйхати ва парчалари ҳозирги вақтгача сақланиб қолди.



Диний ва диний - фалсафий шеърият. Миср аҳолиси орасида юзага келган норозилик афсоналар, бадиий адабиётга ҳам кириб келган. Баъзи шеърий асарларда нариги дунёга ишонмасликка, бу дунёнинг бутун ноз - неъматларидан баҳраманд бўлишга чақирган. Базмда айтиладиган қўшиқлардан бирида шундай дейилган:

Кунингни шодликда ўтказ, эй коҳин

Анбардан баҳр олиб, танга ором бер...

Барча ёмонлик ортингда қолсин

Жимжитлик, сукунат ҳукм сурган ўлка,

Бир куни сенинг ҳам ётоғинг бўлгай.

Ўшал кун келгунча ўйнагил - кулгил

Ишрат қил ҳамиша, кўнглинг шод ўлгай

Ўрта подшолик даврида ўша замоннинг бутун ҳаёт ташвишларидан норозилик билдирган “ҳаётдан кўнгли совуган одамнинг ўз руҳи билан суҳбати” деб аталган шеърий диалогда ғоят ёрқин ва кучли суратда ифода қилинган. Бу бадиий асар муаллифининг сўзлари ҳаётда ғам - кулфатдан бошқа нарса кўрмаган ва азоб - уқубатдан қутулишнинг йўли фақат ўлимда деб билган кишининг ғоятда тушкунлиги билан суғорилган. Киши ўлимни даъват қилиб бундай дейди:

Бурқиб келаётган нилуфар иси каби

Бугун ўлим олдимда ҳозир,

Кайф - сафонинг охири етди...

Бугун ўлим олдимда ҳозир,

Булутсиз, мовий осмон каби

Бугун ўлим олдимда ҳозир

Бандилик умрини кўп йиллар сурдим

Бас, ўша абадий уйимга боргум

Бу шеърий асарда ёрқин ифода этилган чуқур пессимизм руҳи шоирнинг оддий туйғулари чегарасидан ўтиб кетган, ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлган киши фалакдан нолийди Азалдан анъана бўлиб келган диний дунёқарашга зид фикр, яъни охират ва абадий ҳаётнинг борлигидан шубҳаланиш шоирнинг қуйидаги сўзларида ўзининг аниқ аксини топган:

“Сени дафн қилишларини кўз олдингга келтирар экансан, қалбинг аламга чулғанади, кўз ёши тўкасан, дилинг сиёҳ бўлади. Сени уйдан олиб чиқиб, гўрга соладилар. Сен ҳеч қачон ундан қайтиб чиқолмайсан ва қуёш нурини кўра олмайсан. Метиндан қасрлар қурдирган кишилар ҳам бўм - бўш қабрларни кўрдилар. Зурриёд қолдирмаган кишиларнинг қисмати нима бўлса, қасрлар қурдирганларнинг қисмати ҳам шу каби бўлди”.

Киши, у дунё борлигига ишонмагач, чиқимдор ва фақат бойларнинг қўлидан келган маъракалар у дунёда роҳат – фароғатни таъминлайди, деган гапларга ҳам ишонмай қўяди. Бутун диний эътиқодлар ва бутун ахлоқ - одоб таълимлари тизимига шубҳа билан қаралади. Муаллиф, ўлим - бойлар учун ҳам, камбағал учун ҳам баробар, барчанинг қисмати бир ҳамма жазирама қуёш нурларидан ёки энг қудратли сув таъсиридан йўқ бўлиб кетади, - деб ишонч билан айтади.



Тасвирий санъат. Миср санъатининг энг қадимги шакллари архаик даврда (милоддан аввалги V минг йилликда) пайдо бўлиб, бу санъат Миср маданияти тушкунликка учраган, Миср римликлар ҳукмронлиги остига тушиб қолган кейинги даврларгача тараққий этиб келган. Архаик даврнинг охирларидаёқ Миср санъатининг ўзига хос хусусиятлари: улуғворлик ва муҳташамлик, жиддийлик ва аниқлик, деярли геометрик конструктивлик ҳамда фронталлик намоён бўла бошлаган. Миср санъатининг бу жиҳатлари айниқса портретлар тасвирида реалистик анъаналар билан бирга қўшилган.

Мисрда меъморчилик жуда ривожланиб техник жиҳатдан камол топган. Миср архитектурасини кўплаб намуналари (мақбара, ибодатхона ва бошқалар) бизга қадар сақланиб қолган. Ўрта подшолик даври меъморчилиги Қадимги подшолик ва Янги подшолик давридаги меъморчилик ўртасида ўзига хос кўприк. Бу нарса XI сулола даврига мансуб Ментухотеп ибодатхонасида аниқ кўриниб турибди. Бу муҳташам иншоатнинг маркази катта пирамида бўлиб, у бири иккинчиси устига жойлашган икки саҳн устига ўрнатилган. Ибодатхоналар қуришда устунлар галереяси ва залларнинг кенг қўлланилиши, шунингдек ибодатхоналарнинг ярим ғор тарзида қурилиши янгича архитектура шакллари яратилганлигини кўрсатади; бу янги меъморчилик шакллари Янги подшолик давридагина тўла ривож топган.

Ўрта подшолик даври ҳайкалтарошлигида реализмга интилиш янада кучайди. Ментухотеп ҳайкали Сенусерт III нинг баҳайбат боши ва Аменемхетнинг бир қанча ҳайкаллари бунинг далилидир. Ўрта подшолик давридаги бўртма расм ва суратлар гўё ўтган ва кейинги даврни ўзаро боғловчи бўғин бўлиб, улар Қадимги подшолик санъатига хос натурализмни ҳам ўзида мужассамлаштирган. Шу билан бирга, Медумдаги бўртма расмлар ва Бани- Хасан мақбарасида одамлар ва ҳайвонлар ҳаётидан олинган турли воқеалар тасвирланган суратларда рассомларнинг табиатга бевосита тақлид қилганлиги, табиатни ва одамларни қандай бўлса, шундайлигича тасвирлашга интилганлиги сезилади.

Илмий билимлар. Диннинг танҳо ҳукмронлиги эркин кишининг эркин фикрини тамомила бўғиб ташлай олмаган. Инсон табиат сирларини билиб олишга интилган. “Насиҳатнома” асари муаллифи бундай дейди: “Агар билимдон одам бўлсанг, айтганинг - айтган, деганинг - деган бўлади. Ёзиш - ўқишни чуқур эгаллаб, кўнглингга маҳкам жо қилиб ол, ана шунда ҳар бир айтган гапинг ҳаммага манзур бўлади. Мирза қандай лавозимда бўлмасин, у ҳар вақт китоб билан иш кўради”.

Илмий билимлар чуқурлашиб, авлоддан - авлодга ўтиб борган. Мактабларнинг кўпчилиги мирзалар тайёрлайдиган сарой мактаблари бўлиб, улар зодагон - қулдорларнинг болалари ўқийдиган, ёки булар марказий маҳкама қошидаги алоҳида мактаб бўлиб, уларда муайян маҳкама, масалан подшо хазинаси учун амалдор - мирзалар тайёрланган. Бу мактабларда интизом жуда қатъий бўлиб, уларда тан жазоси ҳам қўлланилган. Яна бир “Насиҳатнома” муаллифи бундай дейди: “Эй мирза, дангасалик қилма, йўқса қаттиқ жазога дучор бўласан. Такасалтангликни одат қилма, юз тубан кетасан. Қўлингда доим китоб бўлсин, уни овоз билан ўқи ва ўзингдан кўп биладиганлар билан маслаҳат қилиб иш тут. Ўз соҳасини беш қўлдек билган мирза бахтлидир..... Бир кунни ҳам ялқовлик қилиб ўтказма, йўқса калтак ейсан. Ахир боланинг қулоғи елкасида бўлади, қачон урсанг, шунда қулоғига гап киради. Доим маслаҳат билан иш қил ва буни эсингдан чиқарма. Ёз ва ёзишдан сира зерикма”.

Ўқувчиларни асосан оғир ва мураккаб саводга ўргатганлар, уларни махсус ҳуснихат намунасига қараб ҳар куни салкам уч саҳифа ёзишга мажбур этганлар. Ўқувчи имло қоидаларинигина эмас, балки мураккаб ҳуснихат ва стилистикани ҳам чуқур ўзлаштиришга мажбур бўлган. Энди савод ўргана бошлаган мирзаларнинг машқлари ёзилган матнлар бизнинг замонамизгача сақланиб қолган бўлиб, улар асосан тарбиявий мақсаддаги насиҳатлардан иборат, жуда пухта ёзилган.

Кундалик ҳаётдаги эҳтиёжлар, хўжалик ва айирбошлаш савдосининг ривожланиши ва табиатни кузатиб бориш натижасида дастлабки илмий билимлар тўпланган. Масалан, математика соҳасидаги энг қадимги билимлар турмушдаги амалий ишлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, танобчи ва бинокорларнинг ишини осонлаштиришга хизмат қилган. Математика масалаларининг мазмунига қараганда, арифметика ва геометрияга оид билимлардан ер майдонини аниқлаш, ғалла уюмининг қанча чиқишини ёки дон сақланадиган омбор сиғимини аниқлаш учун фойдаланилган. Ниҳоят, мисрликлар математика соҳасида орттирган билимлари туфайли, жойнинг схемали харитасини ва оддий чизмалар чизишни билганлар.

Кўплаб муҳташам бинолар, айниқса пирамидалар математика, хусусан геометриянинг бинокорликда, қурилиш ишларида жуда катта аҳамиятга эга бўлганлигини кўрсатади, чунки пирамидаларни фақат аниқ ҳисоблар асосидагина қуриш мумкин бўлган.

Ўша замондан қолган жуда кўп математик матнлар, хусусан Москвада сақланаётган “Математика папируси” қадимги Мисрда, айниқса Ўрта подшолик даврида математика ривожланганлигидан далолат беради. Мисрда математика соҳасида эришилган катта муваффаққиятлардан бири ўнлик саноқ системасининг тараққий қилганлигидир. Миср ёзувида 1, 10, 100, 1000, 10000 ва 100000 ва ҳатто миллионни ҳам билдирувчи алоҳида аломатлар бўлган; ҳайрон бўлиб қўл кўтариб турган киши сурати миллионни англатган. Мисрликлар математикаси учун узунлик ўлчовининг ўзига хос бирликлари мавжудлиги характерлидир. Бармоқ, кафт, товон, тирсак ана шундай узунлик ўлчови бирлиги вазифасини ўтаб, Миср математикаси улар орасида маълум муносабатларни белгилаган. Санъатда ҳам математик билимлардан кенг фойдаланилган. Мисрлик рассом текислик юзасига одамнинг суратини чизмоқчи бўлса, дастлаб тўртбурчак қилиб тўр чизган ва ҳисоб-китоб ёрдамида, киши танаси аъзолар нисбатини аниқлагандан кейин, шу асосда одам расмини чизган. Арифметикада содда тўрт амални қўллаш усули мисрликлар математикасининг бир қадар жўн бўлганлигини кўрсатади. Масалан, кўпайтиришда амалларни кетма-кет бажариш усулидан фойдаланилган. Чунончи, мисрлик саккизни саккизга кўпайтирмоқчи бўлса, саккизни тўрт марта иккига кўпайтирган.

Мисрда амалий аҳамиятга эга бўлган геометрия ҳам ўта тараққий этган. Миср математиклари тўғри тўрт бурчак, уч бурчак, хусусан тенг ёнли уч бурчак, трапециянинг юзини, ҳатто доиранинг юзи П га тенг бўлиб, у 3,14 қийматни қабул қилишини ҳам ҳисоблай билганлар. Москвада сақланаётган “Математика папируси” да кесик пирамида ва ярим шарнинг ҳажмини ҳисоблаб чиқариш юзасидан ишланган мураккаб масала сақланган. Қадимги мисрликлар алгебрадан ҳам баъзи бир бошланғич билимларга эга бўлганлар, улар бир номаълумли тенгламани ҳисоблаб топа олганлар: номаълум мисрликлар “уюм” (дон уюми бўлса керак) сўзи билан таърифлаганлар.

Астрономия соҳасида ҳам қадимги мисрликлар муайян билимга эга бўлганлар. Осмондаги юлдузларни мунтазам кузатиш натижасида, сайёраларни юлдузлардан ажратиб, ҳатто юлдузлар харитасини ҳам тузганлар.



Табобат. Мисрда тиббиёт ҳам анча ривож топган. Ўрта подшолик даврига оид бир қанча матнларда турли касалликларни даволаш учун рецептлар рўйхати берилган. Кузатиб ҳосил қилинган тажрибалардан фойдаланган Миср табиблари ҳали қадимги дуо - афсунлардан тамомила қутула олмаган. Масалан, касал болаларни “даволаш” да табиблар, оналар ва тарбиячилар учун махсус тузилган удумлар тўплами аталган. Бу тўпламда жуда кўп сеҳр - жодулар билан бирга, ўзига хос ғалати рецептлар, жумладан, она сутини сақлаш ва кўпайтириш йўлларини учратиш мумкин. Шундай қилиб, даволашда дори - дармон билан бирга сеҳр - дуолар ўқиш, қайтариқ қилдириш каби расмлар ҳам қўлланилган. Аммо одам аъзоларининг ўрганилиши (мумиёлаш вақтида мурдани ёриш билан одам аъзоларини ўрганиш анча осонлашган) табибларга одам организмининг тузилиши ва ишлаши тўғрисидаги масалага нисбатан тўғри ёндашиш имконини берган. Шу тариқа, анатомия соҳасига оид дастлабки билимлар пайдо бўлган ва улар бир қанча анатомия атамаларида ўз аксини топган. Баъзи тиббий матнларда даволашнинг ўзига хос услуби ҳам берилган бўлиб, бунда табибдан касални атрофлича кўриш, касал аломатларини билиш, ташхис қўйиш ва даволаш усулини аниқлаш талаб этилган. Афтидан, касалнинг тузалиши мумкинлигини табибнинг унга очиқ айтишини талаб қилган табиблик этикаси ҳам бўлган; бунда табиб касалга нисбатан қуйидаги уч формуладан биттасини қўллаши лозим бўлган:

1. Мен бу касални тузатишим мумкин

2. Мен бу касални эҳтимол тузата оларман

3. Мен бу касални тузата олмайман.

Табиблар муайян касалликларга ихтисослашган. Гинекология, жарроҳлик ва кўз касалликларини даволашга оид алоҳида тиб китоблари бўлган. Баъзи бир касалликларга хос аломат ва кўринишларнинг бирмунча аниқ баён этилганлиги мисрликларни ташхис қўйиш соҳасида анча билимга эга бўлганлиги ҳақида хулоса қилиш имконини беради. Масалан, Миср тиббий матнларида меъда - ичак касалликлари (дизентерия), нафас йўллари касалликлари (эски йўтал, нафас сиқиши), қон кетиши, бод, скарлатина, кўз касалликлари (катаракта – кўз гавҳарларининг хира тортиши), тери касалликлари (гангрена, шишлар) ва бошқа ҳар хил касалликлар муфассал баён этилган. Қадимги Подшолик даврига мансуб мақбаралардан бирида турли аъзоларни (қўл, оёқ, тиззани) операция қилиш жараёни акс эттирилган тасвирлар сақланган. Кейинги даврларда жарроҳлик юксак даражада тараққий этган. Жарроҳлик тўғрисидаги асарда бадандаги турли аъзоларнинг: бош суяги, бурун, ияк, қулоқлар, лаб, бўғиз, ҳиқилдоқ, ўмров суяклари, елка суяги, кўкрак, кўкрак қафаси, умуртқа поғонасининг шикастланиши ва жароҳатланиши муфассал баён этилган. Баъзи касалликларнинг номи ва тажриба асосидаги рецептураси Миср тиббиётининг қай даражада тараққий қилганидан далолат беради; антик дунёнинг тиббиёт соҳасида асар ёзган муаллифлари Миср тиббиётининг бу муваффаққиятларидан кенг равишда фойдаланганлар.

Қон айланишига оид, одам организмида ва касалликлар жараёнида муҳим роль ўйнайдиган, юракдан тарқалувчи (мисрлик табибнинг фикрича) “22 томир” тўғрисидаги таълимот илмий хулосалар чиқариш учун дастлабки интилишлардан биридир. Бу жиҳатдан Эберс тиббиёт папирусидаги сўзлар ўзига хос: “Табиблик сири-юрак фаолиятини билишдан бошланади, томирлар бутун танга юракдан тарқалади; чунки табиб афсунгар бош, энса, қўл, кафт, оёқ, хуллас қайси аъзони ўрганмасин, уларнинг бари юракка қоқилади, чунки ҳар бир аъзога юракдан томир кетган”.

Одамнинг ҳар нарсани билишга интилиши, унинг фикри, диний - сеҳрли дунёқараши ҳукмрон бўлишига қарамай, ана шу тариқа аста - секин ривожланиб борган.

Қадимги ва Ўрта подшолик давригача мисрликлар кийими. Россиялик санъатшунос М.Н.Мерцалованинг “Турли давр ва халқлар кийимлари” китобида (1 қисм, М, 1993) қадимги халқлар уст – бошига оид ноёб маълумотлар бор. Ушбу маълумотлар ўрганилаётган даврни тўлиқроқ тиклаш, унинг “кенгроқ” тасвирини кўриш имкониятини беради. Ушбу китобда Қадимги ва Ўрта подшолик давридаги мисрликлар кийимига алоҳида ўрин ажратилган. Масалан, М.Н.Мерцалова маълумотларига кўра, Қадимги подшолик даврида мисрликларнинг асосий кийими белга ўраб камар билан боғланган, эни кенг бўлмаган пешбанд бўлиб, у “схенти” деб номланар эди. У даврда ҳамма табақалар кийимининг шакли бир хил бўлиб, улар фақат мато сифати билан фарқланган. Ҳатто у жамиятнинг табақалашувини ва бир касб ёки муайян ижтимоий мавқега эга бўлган инсонлар орасидаги фарқни билдирар ва тасдиқлар эди. Масалан, чексиз ҳокимиятга эга раҳбар, яъни фиръавн схентиси юпқа оппоқ матодан тайёрланган. Ундан фарқли равишда, ҳунарманд кийими эса, дағал ва қалин матодан бўлган. Қулларнинг кийими эса янада дағал матодан, ҳатто теридан тикилиб, у боғлагич шаклида эди.

М.Н.Мерцалова мисрликлар кийимининг кейинги тарихини ўсимлик бўёқлари пайдо бўлиши билан боғлайди. Бу пайтдан бошлаб рангли - сариқ, ҳаворанг, жигарранг кийимларни фақат юқори табақадагилар - йирик ер эгалари, коҳинлар, фиръавннинг яқинлари кийганлар. Соч турмаги, бош ва оёқ кийимларга қараб эса фарқни аниқ белгилаб олиш мумкин бўлган. Мисрликлар сочларини тагидан олдириб, майда жингалак қилинган (ўсимлик толаларидан) парик (ясама соч) ёки бошга ёпиладиган дағал матодан қалпоқча кийишар эди. Парик толаларининг узунлиги эгасининг юқори мансабидан далолат берган, шу сабабли фиръавн ва унинг оила аъзолари узун сочли ва хурпайган парик кийганлар. Қадимги подшоликнинг аксарият фиръавнлари схенти, парик ва қамишдан тўқилган сандалда ёки ялангоёқ тасвирланган.

Боғланма олтин соқол, тож ва ҳасса фиръавннинг ҳукумдор нишонлари деб ҳисобланган. Архаик даврда Юқори ва Қуйи Мисрнинг ҳар бир ҳокими ўз тожига эга бўлган. “Клафт - ушебти” бош кийими ҳам подшо ҳокимиятининг қадимий рамзларидан биридир. У йўл - йўл матодан, лента ва илон (“урей”) шакли туширилган ҳалқадан иборат бўлган. Клафт матосининг кўндаланг томони пешонага горизонтал қўйиб, тасма билан боғланган ва унинг устидан “урей”, яъни илон тасвири туширилган халқа кийдирилган.

Қадимги Миср ҳалқи кийимининг ўзига хос хусусияти шуки, улар аниқ ва тўғри чизиқ асосида тайёрланганлар. Аммо шуни айтиш лозимки, коҳинлар кийими алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Қурбонлик келтириш пайтида коҳин елкасига сиртлон териси ёпилган. Терининг бош қисми олд томонга туширилиб, белбоғга маҳкамланган. Терининг боши, панжалари олтин пластинкалар билан безатилган.

Қадимги подшолик даври аёлларининг кийими ҳам у қадар мураккаб бўлмай, кўкраги очиқ қолдирилган, бир ёки икки боғичли узун тўғри кўйлак (калазирис)дан иборат бўлган. Ўша даврдаёқ мисрлик зодагон аёллар калазирисига – нақш ва плиссир каби безаклар билан жило берилган. Калазирис қадимги Миср тарихи давомида аёлларнинг асосий кийими бўлиб, даврлар ўтиши билан фақат бичимигина бироз ўзгарган. Фрескаларда тасвирланган кийимларда Қадимги Мисрда ишлаб чиқарилган матоларнинг турли туманлигини кузатиш мумкин. Аёллар эркаклар каби ўсимлик толаларидан тайёрланган париклар кийишган. Улар эркакларникидан бироз узунроқ ва жингалак бўлган. Милоддан аввалги 2400 йилга мансуб ва “Тенти хотини билан” деб номланган машҳур ҳайкалча бошқа ёдгорликларга нисбатан Қадимги подшолик давридаги мисрликлар кийимини яққолроқ ифодалайди. Унда оила-қўл ушлашиб турган аёл ва эркак тасвирланган. Эркак тўқима матодан қилинган схенти кийиб олган, сонининг ўртасидан чап томони майда бурама қилинган ва юмалоқ шаклда бўлган. Қалин мато ёки теридан бўлган камар суякли тўқа билан қадалган. Бошида ўсимлик толаларидан қилинган парик бор. Тентининг хотини ҳам парик ва калазирис кийган.

III - IV сулолалар даврига мансуб Акхутотеп мақбарасидаги рельефда балиқ ови акс эттирилган. Ушбу рельеф ўша давр қулларининг кийимини тасаввур этишга ёрдам беради. Бу ерда балиқ тўла тўрни сувдан тортиб чиқарган бир неча эркак тасвирланган. Қуллар дағал мато ёки теридан қилинган белбоғ тақишган. У олд тарафни ёпиб турган мато бўлаги ва боғичдан иборат. Сочи олинган бошларига дағал матоли қалпоқча кийиб олишган.

Ўрта Подшолик даврида қадимги мисрликлар кийими анчагина ўзгарди. Миср жамияти синфларга бўлиниб, шаҳардаги бой ва камбағаллар яшайдиган мавзелар ўртасидан баланд девор билан ажратилди ва камбағалларнинг бойлар ҳудудига кириши қатъий таъқиқланди. Табақаланиш кийимга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Янги матоларнинг пайдо бўлиши, Олд Осиёдан мато ва турли зеб-зийнатлар олиб келиниши кийимларнинг янги турини пайдо бўлишига сабаб бўлди. Миср зодагонлари оддий схенти билан қаноат қилмай қўйдилар. Кийимга сарфланган мато ҳажми эгасининг табақаси ва бойлигини кўрсатган. Мисрликлар матонинг турли хусусиятларини ўрганиб, англай бошлашди. Текис ва узун схентилар тобора кўпроқ учрайдиган бўлди. Эски шаклдаги схентилар зодагонларда маросим кийими, оддий аҳолида эса кундалик кийим сифатида сақланиб қолди. Аёллар кийимида эса, жиддий ўзгаришлар рўй бермади.

Ўрта подшолик даврида калазирис аввалги шаклини сақлаб қолди-ю, бироқ юқори табақа аёллари кийими бироз безаклар билан бойиди. Бироз вақт ўтиши билан аёллар кийимида ҳам юмшоқ матоларга интилиш сезилиб қолди.

Ўрта подшоликнинг сўнгги даврига мансуб баъзи ёдгорликларда ёпинчиқ ёпган аёллар тасвирланган. Аёлларнинг асосий қисми эски шаклдаги калазирис кийишган. Бу даврдаги яна бир янгилик - бу аёлларнинг калта улама сочи. Уни фақат олий зодагон аёллар кийиш ҳуқуқига эга бўлганлар. Хизматкор аёллар кийими эса анъанавий калазирис ва узун парикдан иборат эди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет