2. Инвесторлар, уларнинг сиёсати ва молия бозоридаги роли
Инвесторлар – бу қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий ресурсларни инвестициялар тарзида эмитентларнинг молиявий инструмент-ларига йўналтириш мақсадида молия бозорига чиқарувчи шахс ва органларлар. Кенг маънода инвестор бўлиши мумкин шахс ва ташкилотларга қуйидагилар киради: давлатнинг бошқарув ва ҳокимият органлари, халқаро молиявий ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар.
Инвестицион ресурсларни молия бозори имкониятларидан фойдаланган ҳолда йўналтириш инвесторларнинг энг асосий мақсадий вазифаси ҳисобланади. Унинг бошқа вазифаси – ўзининг инвестицион фаолияти жараёнида инвестицияларини даромадлилиги ошириб бориш ва рисклилик даражасини пасайтиришдир. Бунда молия бозори инвесторнинг вазифаларини ва инвестицион сиёсатини самарали амалга оширишида, етарли даражада ривожланган бўлишида катта рол ўйнайди ва муҳим функция бажаради.
Инвесторларни қуйидаги белгиларга асосан таснифлаш мумкин:
1. Ташкилий-хуқуқий шакли бўйича: давлат ташкилоти (давлат бошқаруви ва ҳокимияти органи), турли мулкчилик асосидаги юридик шахслар, жисмоний шахслар (фуқаролар ва вақтинчалик фуқаролик хуқуқига эга эмаслар).
2. Фаолият йўналиши бўйича: индивидуал ва институционал бўлган давлат, халқаро ва нодавлат молиявий институтлар ва номолиявий ташкилотлар, жисмоний шахслар.
3. Инвестицион воситалари бўйича: пул, валюта, кредит, мулк, товар-ҳом ашё, қимматли қоғозлар ва ҳ.к. ресурсларига эга бўлган инвесторлар.
4. Инвестицион сиёсати бўйича: давлатнинг иқтисодий сиёсатини (монетар, бюджет-солиқ) юритувчи ваколатли ташкилотлар, халқаро иқтисодий сиёсатни юритувчи ташкилотлар, инвестицион сиёсат юритувчи шахслар.
5. Миллийлиги бўйича: резидентлар (ички) ва норезидентлар (ташқи).
6. Инвестицион потенциали бўйича: катта (институционал, стратегик), ўрта ва кичик (миноритар) ҳажмда инвестицияларни йўналтирувчилар.
7. Риски бўйича: юқори, ўрта ва кам рискли инвесторлар.
8. Стратегияси бўйича: агрессив, консерватив ва уларнинг гибридига асосланган инвесторлар.
9. Инвестициялар турлари бўйича: портфел, тўғри инвестициялар қилувчи инвесторлар. Портфелли инвесторлар спекулятив-портфел ва стратегик-портфел турида бўлиши мумкин.
10. Инвестиция муддати бўйича: қисқа, ўрта ва узоқ муддатли инвесторлар.
11. Секторга йўналганлиги бўйича:
- давлат секторига инвестиция қилувчилар;
- банк ва молия секторига инвестиция қилувчилар;
- ишлаб чиқариш секторига инвестиция қилувчилар;
- ижтимоий секторга инвестиция қилувчилар ва ҳ.к.
Жисмоний шахс бўлган инвесторлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда инвестицион фаолият юритади.
Юридик шахс бўлан инвесторлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади, фаолият юритади, реорганизация қилинади ва тугатилади.
Маълум бир мамлакатга нисбатан резидент ва норезидентлар ҳисобланган инвесторлар ўша мамлакатда ўрнатилган қонунлар доирасида инвестицион фаолият юритадилар. Бу фаолият доирасида бундай инвестор инвестицияларини орттириш (камида сақлаб қолиш) сиёсатини амалга оширади. Ушбу сиёсат инвесторнинг аҳволига ва турига қараб агрессив ва консерватив, стратегик ва портфел бўлиши мумкин.
Инвесторларга қўйиладиган асосий талаблар: транспарентлилик, маҳфийлилик, ишончлилик, барқарорлик, рақобатбардошлилик, молиявий ҳавфсизлик, фаоллилик асосида ўз инвестицияларининг ликвидлилик, даромадлилик, рисксизлилик ва базисига нисбатан эквивалентлилик даражасини таъминлашдан иборат. Одатда, инвесторлар рискларга мойил бўладилар, уларнинг ҳатти-ҳаракатлари рефлексив бўлиб, бозордаги инвестицион муҳитга ва бозор конъюнктурасига боғлиқ бўлади.
Мамлакатдаги инвесторларнинг фаоллилик даражаси молия бозорида ва умуман иқтисодиётда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу индикаторни (Ф) баҳолаш учун қуйидаги мезонни (критерийни) қўллаш мумкин:
min Ф = SV (инвестиция сифатидаги жамғарма ҳажми ва инвестициялар ликвидлилиги кўпайтмаси) – PI (инвестицияларнинг бозор нарҳи ва иқтисодиёт учун зарур бўлган инвестициялар ҳажми кўпайтмаси).
Дунёнинг турли мамлакатлари молия бозорларида инвесторларнинг салмоғи ва фаоллилиги ҳар ҳил даражага эга бўлиб, бу кўрсаткичлар асосан инвестицион муҳитга таъсир этувчи ички ва ташқи омилларга боғлиқ.
Давлат органларининг инвестицион фаолияти уларнинг мамлакатда иқтисодий сиёсатини юритиш мақсадида монетар ва фискал сиёсатлари асосида амалга оширилади. Ҳудди шу мақсадда давлат органлари профессионал инвестицион фаолиятни ва профессионал молия институти операцияларини ҳам амалга оширади. Бу фаолиятлар билан бирга ваколатли давлат органлари молия бозорини тартиблаштиришни (мувофиқлаштириш ва назорат қилишни) амалга оширади.
Инвесторлар молия бозорида молиявий инструментларга инвестициялар қилувчи ва уларни реал базисига бўлган эквивалентлилик даражасини объектив белгиловчи шахс ва институтлар ролини бажаради. Ўз навбатида бир вақтнинг ўзида инвестициялар уларни амалга оширувчи инвесторнинг бизнес сифатини акс эттирувчи бозор капитали ролини бажаради.
Инвестициялар объектини, шакли ва миқдорини танлаш масъулияти (таваккалчилиги) инвесторнинг ўз зиммасида бўлади, шунга мувофиқ молиявий инструментларга, шу жумладан акцияларга қилинган ўз инвестицияларини ҳимоялаш учун пировард масъулият (таваккал) ҳам инвесторнинг (акциядорнинг) зиммасида бўлади.
Жаҳон молия бозорининг энг фаол инвесторларидан портфелли инвесторлар ҳисобланиб, уларнинг асосий фаолияти инвестициялар портфелини самарали шакллантириш ва бошқаришдир.
Инвестициялар портфели – маълум бир мақсадли инвестицион сиёсат талабига жавоб бериш асосида шакллантирилган молиявий инструментлар тўплами. Умуман олганда, инвестициялар портфели на фақат молиявий инструментлардан, балки активларнинг бошқа турларидан ҳам иборат бўлиши мумкин, масалан, кўчмас мулклардан, кредитлардан, полислардан, заказлардан ва ҳ.к. Портфеллар жамғарма ва капитални жамлаш воситаси сифатида намоён бўлади. Инвестициялар портфелининг асосий мақсади – инвесторлар маблағини инвестицион объектларга (жумладан молиявий инструментларга) йўналтириш асосида режалаштирилган даромадни паст (юқори) рискларда олиш.
Портфелли инвесторлар – инвестициялар портфелини шакллантириб бошқарувчи инвесторлар.
Юқорида келтирилган таснифда кўрсатилганидек, портфелли инвесторлар стратегик-портфелли и спекулятив-портфелли бўлиши мумкин.
Стратегик-портфелли инвесторлар ўз маблағларини узоқ стратегик истиқболга қараб кўпроқ базавий қимматли қоғозларнинг йирик пакетларига йўналтирсалар, стратегик-портфелли инвесторлар стратегияси эса бозорда вужудга келувчи арбитраж имкониятлари асосида шакллантирилади (яъни, бозор конъюнктураси бўйича курслар тафовутида спекулятив операциялар бажариш эвазига). Стратегик-портфелли инвесторлар асосан маълум бир тармоқдаги компаниялар акцияларининг назорат пакетига эга бўлиб, бу тармоқ доирасида ўзларининг статегик инвестицион манфаатлари асосида стратегияларини юритадилар. Бундайларга, масалан, аралаш холдинглар, молия-саноат гуруҳлари, ТНК ва ҳ.к. киради.
Ҳар иккала турдаги портфелли инвестор ҳам инвестицион маблағлар, капитал аккумулятори бўлиб, иқтисодиётнинг реал секторини инвестициялар учун самарали рақобат асосида ривожлантириш масаласи ечимини таъминлайди. Бунда ҳар иккаласининг стратегиялари бозор индикаторларига боғлиқ ҳолда амалга оширилади.
Спекулятив-портфелли инвесторларга инвестиция, пенсия, суғурта фондлари, молиявий компаниялар, инвестицион банклар киради. Уларнинг мақсад ва манфаатлари молия бозорини ривожлантириш бўйича жамият манфаатлари билан объектив мос келади, бозор рисклари ва бунда жамият истакларини адекват акс этади. Бунда улар асосан портфеллари бўйича юқори даромадлилик ва ликвидлиликни таъминлайдилар, мос равишда қуйидагилар билан намоён бўлувчи ролни бажаради:
- эмитентлар ҳолатининг объектив “барометри”, демак, иқтисодиёт-нинг реал секторини ҳам;
- молия бозори орқали реал сектор инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришнинг арзон ва самарали манбаи;
- молия бозори орқали иқтисодиётнинг тармоқлари бўйлаб инвестицион ресурсларни самарали тақсимланиши ва қайта тақсимланиши жараёни регулятори.
Умуман олганда, портфелли инвесторлар ўз капиталини молия бозор-лари (фонд бозорлари) орқали йўналтириб, миллий иқтисодиётни объектив баҳолайди ва рақобатли кредитлайди. Шу билан улар маблағларини бир лойиҳага тўғридан тўғри инвестиция қилувчи инвесторлардан (қисқача – тўғри инвесторлар) фарқланади. Тўғри инвестор учун инвестицион лойиҳа тарихи ва кредит олувчи компания билан шериклик ҳиссиёти катта аҳа-миятга эга бўлиб, портфелли инвестор (стратегик-портфелли инвесторлар-дан ташқари, чунки улар тармоқ компанияларига бозор конъюнктура-сига қараб кўпинча ўзларининг ривожланиш тартибларини мажбурлай-дилар) учун эса бу масалалар унчалик аҳамият касб этмайди.
Саволлар
1. Инвесторлар кимлар ва улар қайси белгилар бўйича таснифланади?
2. Инвесторларнинг қандай сиёсатларини биласиз?
3. Эмитентларнинг фаоллик даражаси нима?
4. Стратегик-портфел инвесторларнинг қандай хусусиятларини биласиз?
5. Спекулятив-портфел инвесторларнинг қандай хусусиятларини биласиз?
Топшириқлар
1. Инвесторларнинг молия бозоридаги ролини таҳлил қилинг.
2. Терминлар луғатини тузинг.
3. Эмитент ва инвесторларнинг ўзаро боғлиқлиги
Молия бозори инфратузилмасининг институционал таркибига эмитентлар ва инвесторларни киришини кўриш мумкин. Бу институтлар молия бозорининг бошқа инсти-тутлари билан биргаликда бозорнинг институционал таркибини шакллан-тиради. Институтларнинг барчасини (яъни олти унсурини) ўзаро боғлиқликдаги фаолияти молия бозорининг самарали функциясини таъминлайди ва индустриясини ифодалайди. Шундан келиб чиқиб, эмитентлар ва инвесторларни алоҳида ўзаро боғликликда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Чунки молия бозорида эмитентлар молиявий инструментларини инвестицияларни жалб қилиш мақсадига алоҳида “товар” (молиявий ёки фонд бойликлар) сифатида таклиф қилади, инвесторлар эса бу “товарларга” (капиталга) талабгор бўладилар. Ушбу жараёнда эмитент ва инвесторларнинг самарали фаолияти бошқа институтлар фаолиятига ҳам кўпдан боғлиқ. Ўз навбатида ва шу билан бирга бошқа институтларнинг самарали фаолияти ҳам эмитент ва инвесторларнинг фаолиятига боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, эмитентлар ва инвесторлар молия бозорида мос равишда бир-бирлари ўртасида молиявий инструментлар ва молиявий ресурслар бўйича ўзаро алмашиниш жараёнини амалга оширишда фаол қатнашувчи институтлар ролини бажаради. Бунда молиявий ресурслар молиявий инструментлар томон ҳаракат қилади, агарда молиявий инструментлар молиявий ресурсларни жалб қилиш ҳоссасига эга бўлса. Молия бозори конъюнктурасига боғлиқ ҳолда молиявий ресурслар ва молиявий инструментлар бир-бирига қарама-қарши йўналишда ҳаракат қилади, бунда молиявий инструментлар инвесторлар қўлида бозор капиталига (товарига) айланади, молиявий ресурслар эса эмитентлар қарамоғида уларнинг реал капитали бўлиб ҳизмат қилади. Шу йўсинда эмитентлар ўзлари чиқарган молиявий инструментларини ўзлари қарамоғидаги реал капиталга (базисга) ва молия бозори конъюнктурасига боғлиқ ҳолда эквивалентлилик даражасини таъминлайдилар. Бир вақтнинг ўзида инвесторлар эса ўз қўлларидаги бозор капиталига айланган молиявий инструментларини уларнинг базисига ва молия бозор конъюнктурасига боғлиқ равишда эквивалентлилик даражасини таъминлайдилар. Бунда эмитент ва инвесторлар молия бозорининг бошқа институтлари (воситачилари, савдо тизимлари, регуляторлари, информацион агентликлар) ёрдамига таянадилар.
Айтиш жоизки, компанияларда эмиссион сиёсат инвестицион сиёсатга асослананиб юритилади. Инвестицион сиёсат эса эмиссион сиёсатга таянган ҳолда амалга оширилади. Яъни эмиссион сиёсат ўзида инвестицион сиёсатни мужассамлаштиради, инвестицион сиёсат эса ўзида эмиссион сиёсатни мужассамлаштиради.
Саволлар
1. Эмитент ва инвесторлар нима учун бир-бирлари билан боғлиқ?
2. Эмитент ва инвесторларнинг ўзаро боғлиқлигини 1.1 ва 1.2 параграфлардаги моделлар асосида қандай намоён бўлади?
Топшириқлар
1. Эмитент ва инвесторларнинг ўзаро боғлиқлигидаги фаолиятини молия бозоридаги аҳамиятини таҳлил қилинг.
2. Терминлар луғатини тузинг.
МАВЗУ- 6. МОЛИЯ БОЗОРИ ИНСТИТУТЛАРИ, УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ ВА РОЛИ
1. Молия бозорларида суғурта ташкилотларининг фаолияти ва роли
2. Молия бозорларида банкларнинг фаолияти ва роли
3. Молия бозорларида инвестиция институтларининг
фаолияти ва роли
4. Молия бозорларида давлат молия институтларининг
фаолияти ва роли
5. Молия бозорларида халқаро молия институтларининг
фаолияти ва роли
Умуман олганда, суғурта – бу молиянинг алоҳида шакли бўлиб, ҳаётда ва бозор иқтисодиётида маълум бўлган рискларни келишилган ҳақ эвазига қабул қилиб компенсациялашдан иборат молиявий фаолият тури ҳисобланади. Молия бозорида бундай фаолиятни иҳтисослашган юридик шахс мақомига эга бўлган турли мулкчилик шаклида тузилган суғурта ташкилотлари (компаниялари) амалга оширади. Бунда суғурта компаниялари тижорат ташкилотлари сифатида маълум рискларга мойил бўлганликлари сабабли, улар ўзларига қабул қилган рискларни бошқа ўҳшаш, лекин йирик ва нуфузли, суғурта компаниялари ёрдамида қайта суғурталайдилар.
Суғурта компаниялари фаолиятининг ҳосса ва хусусиятлари эвазига молия бозори таркибида алоҳида сегмент – интеграллашган суғурта ҳизматлари бозори фаолият юритади ва ривожланади.
Агар суғурта компаниялари акциядорлик капитали асосида тузилган бўлса, унда улар акциялар эмитенти сифатида ҳам намоён бўлади. Фонд бозоридаги эмиссион фаолияти доирасида улар бошқа турдаги қимматли қоғозларни ҳам белгиланган тартибда чиқаришга ҳақли.
Кўриниб турибдики, суғурта компаниялари банклар ва инвестиция институтлари билан бир қаторда молия бозорининг профессионал, ўта зарур, фойдали ва энг салмоқли қатнашчиларидан ҳисобланади.
Бу эса молия бозорининг рисксизлилик, жалбдорлилик, барқарорлик, молиявий ҳавфсизлик даражасини кўтаришга, самарали инвестицион ҳажмини ва жараёни сифатини оширишга ҳизмат қилади.
Шундай қилиб, суғурта компаниялари умуман ҳаётда ва иқтисодиётда, хусусан молия бозорида қуйидаги ролларни бажаради:
- рисксизликни (суғурта турлари классификатори бўйича) таъминловчи молиявий институтлар;
- молиявий ресурслар аккумулятори, йирик инвестициялар манбаи;
- институционал инвестор (белгиланган тартибда);
- қимматли қоғозлар эмитенти (белгиланган тартибда).
Айтилганларни халқаро суғурта бозори ва суғурта операциялари ривожланиши тенденциялари асосида кўриш мумкин32.
Ҳозирда ривожланган мамлакатлардаги суғурта компаниялари операциялари ва даромадининг 60-80 фоизига орасидаги миқдори қимматли қоғозлар бозорида шаклланмоқда (илова 2). Даромадининг қолган қисми эса традицион суғурта операцияларидан ҳосил бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам шунга ўҳшаш тенденцияни кўриш мумкин (илова 3).
Саволлар
1. Суғурта компанияларининг молия бозоридаги қандай фаолият турларини биласиз?
2. Суғурта компанияларининг молия бозоридаги роли қандай?
3. Қандай йирик суғурта компанияларини биласиз?
Топшириқлар
1. Суғурта компанияларининг молия бозоридаги ролини таҳлил қилинг.
2. Терминлар луғатини тузинг.
2. Молия бозорларида банкларнинг фаолияти ва роли
Умуман олганда, банк – бу молиянинг маҳсус фаолият соҳаси бўлиб, молия бозори орқали пул ресурсларини жамлаб, уларни иқтисодиётнинг турли самарали субъектларига манфаатли тақсимлайдиган алоҳида молиявий институт ҳисобланади. Бунда банк пул ва молиявий инструментлар ёрдамида ўзи билан боғлиқ шахслар (кредиторлар, эгалари-инвесторлар, жорий операцион ҳизматидан фойданувчи мижозлар, кредит олувчилар, шериклари) рискларини маълум (келишилган) ҳақ эвазига қабул қилиб олади ва жамланган рискларни манфаатли (фойда олиш ва фойда билан таъминлаш мақсадида) диферсификациялаш асосида профессионал бошқаради. Молия бозорида бундай фаолиятни иҳтисослашган юридик шахс мақомига эга бўлган турли мулкчилик шаклида тузилган банклар амалга оширади. Бунда банклар тижорат ташкилотлари сифатида маълум рискларга мойил бўлганликлари сабабли, улар молия бозори орқали ўз рискларини бошқарадилар.
Кўриниб турибдики, банклар суғурта компаниялари ва инвестиция институтлари билан бир қаторда молия бозорининг профессионал, ўта зарур, фойдали ва энг салмоқли қатнашчиларидан ҳисобланади.
Айтилган операциялар негизида давлат (марказий) банки ва тижорат банклари ўзаро боғлиқликда банк тизимини ҳосил қилиб, марказий банк бошчилигида молия бозори орқали иқтисодиётда кредит-пул (монетар) сиёсатини юритади. Бу эса молия бозорининг рисксизлилик, жалбдорлилик, барқарорлик, молиявий ҳавфсизлик даражасини кўтаришга, самарали инвестицион ҳажмини ва жараёни сифатини оширишга ҳизмат қилади.
Шундай қилиб, банклар умуман иқтисодиётда, хусусан молия бозорида қуйидаги ролларни бажаради:
- монетар сиёсатни таъминловчи институтлар;
- иқтисодиёт субъектларига кредит, пул воситалари билан боғлиқ операциялар бўйича профессионал ҳизматлар кўрсатувчи институтлар;
- молиявий ресурслар аккумулятори, йирик инвестициялар манбаи;
- институционал инвестор (белгиланган тартибда);
- қимматли қоғозлар чиқарувчи (белгиланган тартибда);
- фонд бозорида профессионал ҳизмат кўрсатувчи институт.
Айтилганларни халқаро банк тизими ривожланиши тенденциялари асосида кўриш мумкин33.
Ҳозирда ривожланган мамлакатлардаги банклар операциялари ва даромадининг 80 фоизига яқин миқдори қимматли қоғозлар бозорида шаклланмоқда. Даромадининг қолган қисми эса традицион банк операцияларидан ҳосил бўлмоқда. Бу ҳолатни инвестиция банклари фаолияти мисолида кўриш мумкин.
Инвестиция банки – бу асосан қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларга иҳтисослашган кредит-молия институти. Унинг мақсади: молия бозорлари орқали қўшимча пул маблағларини жалб қилиш, ўз мижозларини (жумладан давлатни) узоқ муддатли кредитлаш.
Замонавий инвестиция банки ҳозирда на фақат фонд бозорларида қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни бажаради, балки компанияларни бирлаштирилиши (ютиб борилиши) ва ўзаро бирлашишини ташкиллаштириш, ипотекани ва венчур капиталини бошқариш билан ҳам шуғулланади.
Инвестиция банклари турли мамлакатларда маълум хусусиятларга эга. Масалан, Буюк Британияда – турли профилли инвестиция компаниялари, савдо банклари. Бунда савдо банклари оддий банк операцияларидан ташқари, акциядорлик компаниялари, пенсия фондари, суғурта компаниялари қимматли қоғозларини бошқариш билан ҳам шуғулланади.
Францияда эса бизнес-банклар, инвестиция уйлари, Германияда – инвестиция жамиятлари, Японияда – траст-банклар ва шаҳар банклари мисол бўла олади.
Ҳозирда дунёнинг энг йирик инвестиция банклари қуйидагилар ҳисобланади34: HSBC Holdings (Буюк Британия), Chase Manhattan Corp. (АҚШ), Credit Agricole Group (Франция), Citicorp. (АҚШ), Bank of Tokyo-Mitsubishi (Япония), Deutsche Bank (Германия), Bank America Corp. (АҚШ), ABN AMRO Bank (Голландия), Sumitamo Bank (Япония), Dai-Ichi Konquo Bank (Япония) ва ҳ.к.
Шундай қилиб, банкларнинг молия бозоридаги фаолият турларини қуйидагича тизимлаштириш мумкин.
1. Банклар молия бозорининг қуйидаги сегментларида фаолият юритадилар: валюта, қимматли қоғозлар, пул-кредит (жумладан ипотека кредитлари), қимматбаҳо металлар ва тошлар (жумладан санъат асарлари).
2. Кўчмас мулк бозорида воситачи, риелтор, ишончли бошқарувчи (траст), ипотекавий инвестор сифати фаолият кўрсатади.
3. Валюта бозорида: дилер ва брокер (трейдер, жумладан валюта оператори). Бунда спот ва муддатли бозорларда иштирок этади.
4. Пул-кредит бозорида: пул ҳисоб рақамлари ва пул воситалари (чеклар, карточкалар ва ҳ.к.) бўйича мижозларга операцион ҳизмат кўрсатиш; кредит бериш ва олиш; бўлак кредиторларнинг кредит траншлари бўйича оператор бўлиш ва ҳ.к.
5. Қимматли қоғозлар бозорида: эмитент (эмиссияланувчи ва эмиссияланмайдиган турлари бўйича); институционал инвестор (ўзининг инвестицияларини бошқариш бўйича) ва коллектив инвестор (мижозларининг инвестицияларини бошқариш бўйича); профессионал институт (брокер, трайдер, дилер, андеррайтер, траст, консалтинг, клиринг, депозитарий, трансфер-агент ва ҳ.к.).
Молия бозорида санаб ўтилган фаолият турларини универсал банклар амалга оширади.
Саволлар
1. Банкларнинг молия бозоридаги қандай фаолият турларини биласиз?
2. Банкларнинг молия бозоридаги роли қандай?
3. Инвестицион банкларнинг фаолияти нимадан иборат?
Топшириқлар
1. Банкларнинг молия бозоридаги ролини таҳлил қилинг.
2. Терминлар луғатини тузинг.
3. Молия бозорларида инвестиция институтларининг
фаолияти ва роли
Умуман олганда, инвестиция институти – бу молиянинг алоҳида фаолият соҳаси бўлиб, молия бозорининг фонд сегментида қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар бўйича малакали ҳизматлар кўрсатувчи молиявий институт ҳисобланади. Бошқача қилиб айтилганда, фонд (қимматли қоғозлар) бозорида профессионал фаолият қимматли қоғозларни ҳаёт циклидаги жарёнда содир (талаб) бўладиган хизматларни белгиланган тартибда кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолияти хисобланади. Қимматли қоғозлар бозорида бундай фаолиятни иҳтисослашган юридик шахс мақомига эга бўлган, турли мулкчилик шаклида тузилган, маҳсус лицензияга (руҳсатномага) эга бўлган инвестиция институтлари амалга оширади.
Инвестиция институтлари фаолиятининг механизми, ҳосса ва хусусиятлари эвазига фонд бозори инфратузилмаси таркибида алоҳида малакали ҳизматлар бозори фаолият юритади ва ривожланади.
Кўриниб турибдики, инвестиция институтлари банклар ва суғурта компаниялари билан бир қаторда молия бозорининг профессионал, ўта зарур, фойдали ва энг салмоқли қатнашчиларидан ҳисобланади.
Бу эса молия бозорининг, хусусан қимматли қоғозлар бозорининг, рисксизлилик, жалбдорлилик, барқарорлик, молиявий ҳавфсизлик даража-сини кўтаришга, самарали инвестицион ҳажмини ва жараёни сифатини оширишга ҳизмат қилади.
Шундай қилиб, инвестиция институтлари умуман иқтисодиётда, хусусан қимматли қоғозлар (фонд) бозорида қуйидаги ролларни бажаради:
- иқтисодиёт субъектлари ва аҳолига қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар бўйича профессионал ҳизматлар кўрсатувчи институтлар;
- молиявий ресурслар ва инструментлар аккумулятори, йирик инвестициялар манбаи;
- институционал инвестор (белгиланган тартибда);
- қимматли қоғозлар эмитенти (белгиланган тартибда).
Ҳозирда ривожланган мамлакатлардаги инвестиция институтлари операциялари жаҳон фонд бозорларининг барча қисмини қамраб олган.
Қимматли қоғозлар бозори профессионал катнашчиларининг ижроия органлари рахбарлари, шунингдек уларнинг имзо хуқуқига эга ходимлари қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бериладиган малака гувохномаларига эга бўлишлари керак. Малака гувохномасининг амал қилиш муддати турли мамлакатларда ҳар ҳил бўлади, масалан, Ўзбекистонда – уч йил.
Дунёнинг турли мамлакатларида инвестиция институтларининг фаолият турлари ўзгача номланади, лекин улар мазмунан ўҳшаш. Масалан, жаҳон амалиётида фаолият турлари қуйидагича номланишиш мумкин: дилер, брокер, бошқарувчи компания, депозитарий, клиринг ва ҳ.к.
Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорида эса қуйидаги профессионал фаолият турлари амалга оширилади:
- инвестиция воситачиси фаолияти;
- инвестиция маслахатчиси фаолияти;
- инвестиция фонди фаолияти;
- бошқарувчи компания фаолияти;
- инвестиция фондларининг инвестициявий активларини бошқариш бўйича фаолият;
- депозитарий фаолияти;
- хисоб-клиринг палатаси (ташкилоти) фаолияти;
- трансфер-агент фаолияти (лицензияланмайди);
- қимматли қоғозлар бўйича биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси фаолияти.
Қимматли қоғозлар бозорида қонун ҳужжатларига мувофиқ профессионал фаолиятнинг бошқа турлари ҳам амалга оширилиши мумкин, масалан, номинал сақловчи (депозитарий бажаради).
Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи инвестиция фонди фақат очиқ акционерлик жамияти шаклида тузилади.
Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларни тузиш, фаолият курсатиш ва тугатиш тартиби, ушбу Қонуннинг қоидалари хисобга олинган холда, қонун хужжатлари билан белгиланади.
Келтирилган фаолият турларига қисқача тавсиф берамиз.
Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси фаолиятига брокерлик ва дилерлик фаолиятлари киради.
Топшириқ шартномалари ёки воситачилик ҳақи асосида ёхуд битимлар тузиш учун берилган ишончнома асосида иш олиб бориб, ваколатли шахс ёки воситачи сифатида қимматли қоғозлар юзасидан фуқаролик-ҳуқуқий битимларни амалга ошириш брокерлик фаолияти ҳисобланади.
Брокерлик фаолиятида операциялар асосан мижоз номидан (топшириғига биноан) ва мижоз ҳисобидан бажарилади.
Мижозларнинг қимматли қоғозларга сармоя киритиш учун брокерга берилган пул маблағлари, шунингдек брокер томонидан мижозлар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилган битимлардан олинган пул маблағлари брокер томонидан банкда очиладиган алохида банк хисоб рақам(лар)ида (махсус брокерлик хисоб рақамида) сақланиши керак.
Агар брокерлик хизмати курсатиш шартномасида кўзда тутилган бўлса, брокер мижозга унинг пул маблағлари хисобига топшириқларни бажариш ёки мижоз талабига кура уларни қайтариб беришни кафолатлаган холда, махсус брокерлик хисоб(лар)идаги мижозларнинг пул маблағларидан ўз манфаатлари учун фойдаланиш хуқуқига эга.
Брокерга ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш хуқуқини берган мижозларнинг пул маблағлари, унга ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш хуқуқини бермаган мижозларнинг пул маблағлари сақланадиган махсус брокерлик хисоб рақам(лар)идан бошқа махсус брокерлик хисоб рақам(лар)ида сақланиши керак.
Брокер ўзининг шахсий пул маблағларини махсус брокерлик хисоб рақам(лар)ига ўтказиш хуқуқига эга эмас, ушбу модда билан белгиланган тартибда мижозга қайтариб бериш ва/ёки унга қарз бериш холлари бундан мустасно.
Брокер махсус брокерлик хисоб рақам(лар)ида турган хар бир мижознинг пул маблағларининг хисобини юритишга ва мижозга хисобот беришга, шунингдек, топшириғи буйича акциясига эгалик қилаётган шахс билан тузилган шартномага мувофиқ ва унинг топшириғи билан қимматли қоғозлар бўйича операциялар ва битимларни амалга оширишга мажбур.
Махсус брокерлик хисоб рақам(лар)ида турган мижозларнинг пул маблағлари брокернинг мажбуриятлари юзасидан ундирилиши мумкин эмас.
Муайян қимматли қоғозларни сотиб олиш ва/ёки сотиш нархларини ошкора эълон қилиш ҳамда ушбу қимматли қоғозларни эълон қилинган нархлари бўйича сотиб олиш ва/ёки сотиш мажбуриятини олиш йўли билан ўз номидан ва ўз ҳисобидан қимматли қоғозларга доир олди-сотди битимларини тузиш дилерлик фаолияти ҳисобланади. Қимматли қоғозлар бўйича дилерлик фаолиятини амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал катнашчиси дилер деб номланади.
Нархлардан ташқари дилер қимматли қоғозларнинг олди-сотди шартномасига бошка мухим шартларни маълум килиш хукукига эга: олинаётган/сотилаётган қимматли қоғозларнинг минимал ёки максимал миқдори, шунингдек эълон қилинган нархлар амал қиладиган муддат. Эълонда бошқа мухим шартлар кўрсатилмаса, дилер уз мижози таклиф қилган мухим шартлар бўйича шартнома тузишга мажбур. Дилер шартнома тузишдан бош тортиши холларида, уни шундай шартнома тузишга мажбур килиш ва/ёки мижозга етказилган зарарларни қоплатиш тўғрисида даъво қўзғатилиши мумкин.
Инвестиция воситачиси ўзининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли мижозларига етказилган зарарни қоплаши шарт.
Инвестиция воситачисининг корхоналари ва ташкилотларини Ягона давлат реестридан чиқариш фақат унинг мижозларига ажратилган пул маблағлари ва қимматли қоғозларни қайтариш билан боғлиқ таомиллар бажарилганидан сўнггина қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ёзма тасдиғи асосида амалга оширилади.
Қимматли қоғозлар бозорини ва унинг иштирокчиларини тахлил этиш ва истикболини аниклаш, молиявий воситаларни (молиявий мажбуриятларни) экспертиза килиш, ишлаб чикиш ва тавсия этиш бўйича хизматлар кўрсатиш, қимматли қоғозлар чикариш, уларни жойлаштириш ва муомалага киритиш, мутахассисларни кайта тайёрлаш, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар инвестиция сиёсатини амалга оширишлари хусусида маслахатлар бериш сохасидаги хизматлар қимматли қоғозлар бозорида инвестиция маслахатчисининг фаолияти, деб эътироф этилади.
Юридик ёки жисмоний шахс инвестиция маслахатчиси бўлиши мумкин.
Инвестиция маслахатчиси мижозга муайян қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотиш бўйича тавсиялар тақдим этиш, шунингдек мижозга инвестиция қарорини ўзи мустақил қабул қилиши учун зарур ахборотни такдим этиш хуқуқига эга.
Маслахат хизматлари кўрсатилганида, бажарилган ишлар далолатномасида мувофиқ ёзувлар кўрсатилади, мижозга тақдим этилган хужжатларнинг нусхалари эса инвестиция маслахатчисида қонун хужжатларида белгиланган тартибда сақланади.
Инвесторларнинг пул маблағларини ишга солиш мақсадида акциялар сотиб оладиган ва чиқарадиган ҳамда маблағларни фонд номидан қимматли қоғозларга, масъулияти чекланган жамиятлар улушларига, банклардаги ҳисобварақларга ва омонатларга қўядиган юридик шахс инвестиция фондидир.
Инвестиция фондларининг маблағларни бундай қўйиш билан боғлик таваккалчилиги, бу маблағларнинг бозордаги қадри ўзгаришидан келадиган даромад ва кўриладиган зарар тўла-тўкис ушбу фонд эгалари (акциядорлари) ҳисобига ўтказилади ва улар томонидан фонд акцияларининг жорий нарҳлари ўзгариши ҳисобига реализация қилинади.
Банклар ва суғурта компаниялари инвестиция фондлари бўла олмайди.
Инвестиция фонди бошқа ташкилий-хуқуқий шаклларга қайта тузилиши мумкин эмас. Инвестиция фондини қайта ташкил этиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган холда амалга оширилади.
Юридик шахснинг эгалик қилиш учун ўзига берилган ва бошқа бир шахсга тегишли бўлган, мазкур шахс ёки бу шахс кўрсатган учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб:
- қимматли қоғозларни;
- қимматли қоғозларни сармоялашга мўлжалланган пул маблағларини;
- қимматли қоғозларни бошқариш жараёнида олинадиган пул маблағлари хамда қимматли қоғозларни хак эвазига бошқариш ваколатини муайян муддат давомида ўз номидан амалга ошириши қимматли қоғозларни бошкариш сохасидаги фаолият хисобланади.
Қимматли қоғозларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш тартиби қонун хужжатлари ва шартномалар билан белгиланади.
Қимматли қоғозларни ишончли бошқариш бўйича фаолиятни амалга оширувчи кимматли қоғозлар бозорининг профессионал катнашчиси бошқарувчи компания деб номланади.
Ишончли бошқарувга берилган инвестиция активлари билан битимларни бошқарувчи компания ўз номидан амалга оширади, бунда у бошқарувчи компания сифатида харакат қилаётганлигини кўрсатиши керак. Агар ёзма равишда расмийлаштиришни талаб этмайдиган харакатларни амалга оширишда бошқа тараф унинг бажарилиши тўғрисида бошқарувчи томонидан маълум қилинган бўлса, ёзма хужжатларда ишончли бошқарувчининг номидан кейин тегишли белгилар киритилган бўлса, юқоридаги шартга амал қилинган хисобланади.
Агар бошқарувчи компания ва унинг мижози ёки бир бошқарувчи компаниянинг турли мижозлари манфаатлари юзасидан бахс, барча тарафлар олдиндан бу хакда хабардор қилинмаган бўлса, бошқарувчи компаниянинг мижоз манфаатларига зарар етказувчи харакатларни амалга оширишга олиб келган бўлса, бошқарувчи компания ўз хисобидан қонун хужжатларида белгиланган тартибда зарарларни қоплашга мажбур.
Инвестиция фондларининг инвестиция активларини бошқариш бўйича фаолият деганда, ушбу модда ва қонун хужжатлари билан белгиланган фаолиятнинг талабларига жавоб берадиган бошқарувчи компаниянинг фаолияти тушунилади. Инвестиция фондларининг инвестиция активларини бошқариш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс инвестиция фондларининг бошқарувчи компанияси деб номланади.
Инвестиция фондларини бошқарувчи компания инвестиция фондларининг инвестиция активларини бошқариш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, шунингдек қимматли қоғозларнинг олди-сотдиси билан шуғулланувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал катнашчиси хисобланади.
Инвестиция фондларини бошқарувчи компания қонунчиликка мувофиқ тузилган ва инвестиция фондининг топшириғи билан ва унинг номидан унга берилган қимматли қоғозларни; қимматли қоғозларга инвестициялашга мўлжалланган пул маблағлари; қимматли қоғозларни бошқариш жараёнида қўлга киритилган пул маблағларини ишончли бошқарувни; инвестиция фондининг қимматли қоғозлари портфелини тузишни ва бу портфелни диверсификация қилиш бўйича хизматлар кўрсатишни; шунингдек фонд билан тузилган шартномага мувофиқ инвестиция фондининг эгаси вазифасини амалга оширувчи исталган мулкчилик шаклидаги юридик шахс хисобланади. Кўрсатилган операциялар инвестиция фондларини бошқарувчи компания фаолиятининг мутлақ турлари хисобланади.
Бошқарувчи компаниянинг таъсисчилари юридик ва жисмоний шахслар бўлиши мумкин, давлат хокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек улар томонидан таъсис килинган устав фондининг 25 фоиздан ортигини давлат улуши ташкил этувчи корхоналар бундан мустасно.
Инвестиция фондларининг бошқарувчи компанияси депозитарий, давлат бошқарув органи, нотижорат ташкилоти, шунингдек аффилланган шахс (шахслар) томонидан тузилган корхона бўлиши мумкин эмас.
Қимматли қоғозларни сақлаш, қимматли қоғозлар бўйича хуқуқларни хисобга олиш ва тасдиқлаш бўйича хизматлар депозитар фаолият ҳисобланади.
Депозитар фаолиятни амалга оширувчи кимматли қоғозлар бозорининг профессионал катнашчиси депозитарий деб номланади. Факат юридик шахсгина депозитарий булиши мумкин.
Қимматли қоғозларни сақлаш, қимматли қоғозлар бўйича хуқуқларни хисобга олиш ва тасдиқлаш бўйича депозитарий хизматларидан фойдаланадиган шахс депонент хисобланади.
Депозитарий ва депонент ўртасидаги муносабатлар тегишли шартнома билан тартибга солинади.
Депозитар шартнома – депозитарий билан депонент ўртасида ёзма шаклда тузиладиган, қимматли қоғозларни сақлаш ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб турувчи шартнома.
Депозитар хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш депонентнинг қимматли қоғозларга мулк хуқуқи депозитарийга ўтишига олиб келмайди.
Депозитарий ўзига депонентга қўйилган қимматли қоғозларнинг бут сақланиши учун, шунингдек қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиб бориш бўйича ўз бурчларини бажармаганлиги ёки тегишли даражада бажармаганлиги учун, шу жумладан депонент ҳисобварақлари бўйича ёзувларнинг тўлалиги ва тўғрилиги учун қонунда белгилангандек жавобгар бўлади.
Депонентларнинг қимматли қоғозларига депозитарийнинг мажбуриятлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин эмас.
Ўзаро мажбуриятларни белгилаш, аниқлаш ва ҳисобга олишга доир фаолият клиринг деб ҳисобланиб, бу фаолият битимга доир ахборотни тўплаш, солиштириш, унга тузатиш киритиш ҳамда қимматли қоғозларга доир фуқаровий-ҳуқуқий битимларни ижро этиш учун бухгалтерия ҳужжатларини тайёрлаш операцияларини назарда тутади.
Қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (ташкилоти) деб аталади.
Қимматли қоғозларга доир операциялар юзасидан ҳисоб-китоб олиб борилиши муносабати билан клирингни амалга оширувчи ташкилотлар ўзаро мажбуриятларни аниқлаш чоғида тайёрлаб қўйилган қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва бухгалтерия ҳужжатларини ижрога қабул қилиб олаётганларида қимматли қоғозлар бозорининг қайси қатнашчиси учун ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилаётган бўлса, шу қатнашчи билан тузган ўз шартномаларига асосланадилар.
Хисоб-клиринг палаталарининг (ташкилотларининг) мижозлари маблағларига хисоб-клиринг палаталарининг (ташкилотларининг) мажбуиятлари юзасидан бўйича ундирув каратилиши мумкин эмас.
Трансфер-агентнинг фаолияти деганда, қимматли қоғозларга бўлган хуқуқларни хисобга олиш тизимига тааллуқли хужжатларни қабул қилиш, қайта ишлаш ва ўтказиш бўйича хизматлар курсатиш тушунилади.
Қимматли қоғозлар бозорининг трансфер агент фаолиятини амалга оширувчи профессионал катнашчиси трансфер-агент деб номланади.
Эмитент билан ўзаро муносабатда трансфер-агент қуйидагиларни амалга оширади:
- эмитент билан тузилган шартномага мувофиқ белгиланган муддатда реестр шакллантириш учун марказий регистраторга суров юбориш;
- марказий регистратордан қонун хужжатларида белгиланган тартибда қимматли қоғозлар эгалари реестрини қабул қилиш;
- қонун хужжатларида белгиланган тартибда эмитентга қимматли қоғозлар реестрини етказиш ва бериш.
Трансфер-агент эмитентга марказий регистратордан олинган қимматли қоғозлар эгалари реестри ва бошқа маълумотларни ўз вақтида етказиб бериш ва уларнинг сақланиши юзасидан жавобгар хисобланади.
Қимматли қоғозларни бегоналаштирувчи (сотиб олувчи) билан ўзаро муносабатда трансфер-агент қуйидагиларни амалга оширади:
- қимматли қоғозларни бегоналаштирувчидан (сотиб олувчидан) олинган хужжатларни текшириш, рўйхатга олиш ва хисобга олиш;
- мижозлардан олинган хужжатларни рўйхатга олиш ва хисобга олиш;
- қимматли қоғозларни бегоналаштирувчига хизмат кўрсатаётган депозитарийга қимматли қоғозлар бўйича хуқуқларнинг ўтишига асос хисобланувчи хужжатларни етказиб бериш ва тақдим этиш;
- имзолар тақдим этилган хужжатларда кўрсатилган шахслар (уларнинг вакиллари) томонидан қўйилганлигини кафолатлаш;
- операциялар қонун хужжатларига мувофиқ амалга оширилганлигини тасдиқловчи хужжатларни қабул қилиш;
- бегоналаштирувчининг (сотиб олувчининг) хизмат кўрсатувчи депозитарийдан шартномага мувофиқ олинган қимматли қоғозларни бегоналаштирувчига (сотиб олувчига) етказиб бериш ва тақдим этиш.
Бегоналаштирувчи (сотиб олувчи)нинг қимматли қоғозлар трансфер-агенти билан муносабатлари шартнома асосида тартибга солинади.
Қимматли қоғозлар бўйича биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг фаолияти деганда, инвесторларга воситачиларни ёлламасдан туриб савдоларда қатнашиш имкониятини берувчи аризалар қабул қилиш пунктлари, махсус компьютер савдо тизимларидан фойдаланишнинг белгиланган қоидалари бўйича қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш фаолияти тушунилади.
Биржадан ташқари савдолар ташкил килиш, шунингдек биржадан ташқари листинглар қоидалари қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш буйича ваколатли давлат органи билан келишган холда белгиланади.
Биржадан ташқари листинг - қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдога уларни биржадан ташқари бюллетенига киритган холда, савдога қўйишдир.
Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ўтказилаётган савдоларнинг ошкоралиги ва оммавийлигини таъминлаши лозим.
Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан қимматли қоғозлар билан тузиладиган битимлар ва инвесторлар маблағларининг хисобини юритиш
Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси инвесторлар иштирокида қимматли қоғозлар билан ўзи тузадиган барча битимларнинг ҳисобини юритади.
Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси томонидан қимматли қоғозларнинг ҳамда инвесторлар маблағларининг ҳисобини юритиш унинг молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисобидан алоҳида тарзда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.
Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал катнашчиси қонун хужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда ўз архивида инвесторларнинг қимматли қоғозлари ва маблағлари хисобга олиш буйича хужжатларни сақлаши шарт.
Қимматли қоғозлар бозорида фаолият турларини қўшиб олиб бориш
Қимматли қоғозлар бозорида турли профессионал фаолият турларини қўшиб олиб бориш бир шахснинг ўзига қимматли қоғозлар бозорида турли хил фаолиятни амалга ошириш учун бир нечта лицензиялар бериш орқали амалга оширилади.
Бошқарувчи компаниянинг фаолияти фаолиятнинг мутлак тури хисобланади. Трансфер-агентнинг фаолияти қимматли қоғозлар бозоридаги бошқа фаолият турлари билан кушиб олиб борилиши мумкин эмас.
Қимматли қоғозлар буйича фаолият турларини кўшиб олиб бориш ва операциялар ўтказиш сохасидаги кўшимча чеклашлар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш буйича ваколатли давлат органи томонидан тартибга солинади.
Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорида депозитарий тизими ва бошқа фаолият турларини алоҳида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Марказий депозитарий – Ўзбекистон Республикаси депозитарийларида қимматли қоғозларни сақлаш, ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва ҳаракатининг ягона тизимини таъминловчи депозитарийдир.
Марказий депозитарий қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат унитар корхонаси сифатида тузиган.
Марказий депозитарий ўз фаолиятини хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар ва бошқа тушумлар ҳисобига амалга оширади.
Марказий депозитарий хизматлари учун олинадиган тарифлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.
Марказий депозитарийнинг мутлақ вазифалари қуйидагилардан иборат:
- нодавлат эмиссиявий ҳужжатсиз қимматли қоғозларни сақлаш;
- қимматли қоғозларга нисбатан давлат ҳуқуқларини ва қимматли қоғозларни бошқариш бўйича ваколатли шахсларнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш;
- депозитарийларнинг вакиллик ҳисобварақларини юритиш;
- биржа ва биржадан ташқари савдолар қатнашчиларининг қимматли қоғозлари савдоларга қўйилишидан олдин улар борлигини ва ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш;
- савдоларда тузилган битимларга мувофиқ биржа ва биржадан ташқари савдолар қатнашчиларига қимматли қоғозлар етказиб берилишини таъминлаш;
- нодавлат эмиссиявий қимматли қоғозларнинг муомалага чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентлар томонидан, шунингдек қимматли қоғозларнинг хорижий фонд бозорларида Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;
- марказий регистратор вазифасини амалга ошириш;
- инвестиция фондлари томонидан чиқарилган ва уларга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш;
- Ўзбекистон Республикаси депозитарлик тизимида Депонентларнинг ягона базасини юритиш;
- депозитарийлар тизимида қимматли қоғозлар ҳаракати тўғрисидаги ахборотларни жамлаш ва тартибга солиб туриш.
Депозитар операциялар ва депозитар операциялар стандартлари
Қимматли қоғозлар билан депозитар операциялар (кейинги ўринда – депозитар операциялар) – қимматли қоғозларни сақлаш ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш бўйича депозитарийлар томонидан ҳисобга олиш рўйхатларида амалга ошириладиган операциялар.
Депозитар операциялар стандартлари – депозитар операциялар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган меъёрлари ва қоидалари.
Депозитар операциялар стандартларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва депозитарийлар уларга риоя этишини назорат қилиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Депозитарий тизимида депонент хуқуқлари ва мажбуриятларини алоҳида кўрсатиш мақсадга мувофиқ, улар қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
- депозитарийдаги ўзининг депо ҳисобварағида бўлган қимматли қоғозларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва доирада тасарруф этиш. Депонентда депозитарийда ҳисобга олинадиган қимматли қоғозларни тасарруф этиш ҳуқуқи қимматли қоғозлар унинг депо ҳисобварағига киритилган пайтдан эътиборан вужудга келади;
- депозитарийга ўз депо ҳисобварағи бўйича операцияларни амалга ошириш юзасидан топшириқ бериш (учинчи шахслар олдида зиммасига мажбуриятлар юкланган қимматли қоғозларни уларга юкланган мажбуриятлар тугаганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмай туриб ўтказиш тўғрисидаги фармойиш бундан мустасно), сўров киритиш, топшириқлар бажарилганлиги тўғрисидаги ҳисоботни талаб қилиш;
- ўзига тегишли ҳужжатли қимматли қоғозларни сақлаш ва исталган депозитарийга ҳужжатли ва ҳужжатсиз қимматли қоғозларга нисбатан мулк эгалиги ҳуқуқини ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳисобга олишни топшириш;
- депозитар шартнома тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилгунга қадар депозитарийда қимматли қоғозларни сақлаш ва ҳисобга олиш қоидалари билан танишиш;
- депозитар шартнома шартларига мувофиқ ўз депо ҳисобварағининг ҳолати ҳақида кўчирма олиш ва ўзининг депо ҳисобварағи бўйича депозитарий томонидан ўтказилган операциялар тўғрисида ҳисобот олиш.
Депонент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Депонент қуйидагиларга мажбурдир:
- ўзининг ваколатли шахсининг ваколати тугатилиши ёки ўзгариши тўғрисида депозитарийни хабардор қилиш;
- ўз реквизитларидаги барча ўзгаришлар ҳақида депозитарийга хабар бериш;
- депозитарийнинг ёзма хабарлари тўғрилигини ва тўлалигини текшириш, агар ноаниқликлар борлиги аниқланадиган бўлса, улар ҳақида депозитарийни ўз вақтида хабардор қилиш.
Депонент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Бунда депозитарий қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
- белгиланган тартибда ҳужжатли қимматли қоғозларнинг ҳақиқийлигини текшириш;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳужжатли қимматли қоғозларни инкассация қилиш ва ташиш;
- депонентларнинг топшириғига биноан уларга тегишли қимматли қоғозлар бўйича даромадларни ўтказиш;
- эгасининг ёзма топшириғига биноан акциядорларнинг умумий йиғилишида унинг манфаатларини ифодалаш;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда брокер мижозларининг қимматли қоғозларига бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш.
Депозитарий қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Депозитарий қуйидагиларга ҳақли эмас:
- ўзига сақлаш учун берилган мулкдан қимматли қоғозлар сифатида фойдаланиш ёки депо ҳисобварағидан депонентнинг рухсатисиз қимматли қоғозларни ўтказиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- ўзи чиқарган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқ ҳисобини юритиш;
- қимматли қоғозлар билан ўзининг номидан ва ўз ҳисобидан битимлар тузиш, депозитарийнинг ўзи чиқарган қимматли қоғозларга доир битимлар бундан мустасно.
Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Марказий депозитарий қуйидагиларга ҳам ҳақли эмас:
- қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобини юритиш, ушбу модданинг биринчи қисми олтинчи хатбошиси, ушбу Қонуннинг 48 ва 50-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- бошқа юридик ва жисмоний шахсларга молиявий ёрдам кўрсатиш;
- бошқа юридик шахсларнинг устав жамғармасида қатнашиш.
Депозитарий қуйидагиларга мажбурдир:
- ўзига сақлаш учун топширилган қимматли қоғозларнинг сақланишини таъминлаш;
- ҳар бир депонентга тегишли қимматли қоғозларнинг турлари, сони ва номинал қийматини ҳисобга олиб бориш;
- қимматли қоғозлар зиммасига мажбуриятлар юклатилган ҳоллар ва улар тугатилган ҳоллар ҳисобини юритиш;
- қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартиб ва муддатларда депозитар операцияларга оид ҳужжатларни ўз архивларида сақлаш;
- депонентлар ҳисобварақлари бўйича операцияларни фақат депонентларнинг ёки уларнинг ишончли вакиллари ёзма топшириқлари асосида амалга ошириш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- депо ҳисобварақлари ҳолатига ўзгартишлар киритишга асос ҳисобланувчи барча бирламчи ҳужжатларни сақлаш;
- депонентнинг қимматли қоғозларга мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларини депо ҳисобварағидан тегишли кўчирма бериш билан тасдиқлаш;
- депо ҳисобварақларининг ҳолати ва ундаги қимматли қоғозларнинг мавжудлиги, уларнинг ҳаракати тўғрисидаги ахборотнинг махфийлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- депо ҳисобварағи бўйича операцияларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, монополияга қарши кураш давлат органи, шунингдек суд, суриштирув ва тергов органларининг қарорлари асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатиш;
- қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, солиқ органи, монополияга қарши кураш давлат органи, шунингдек суд, суриштирув ва тергов органларининг талабига биноан ўзининг фаолиятига тааллуқли маълумотларни қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ва доирада тақдим этиш;
- ўзига етказилган зарарларни суғурта қилдириш, махсус жамғармалар тузиш ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа йўллар билан қоплаш усулларини кўзда тутиш;
- ҳужжатли (нақд) акциялар ва корпоратив облигацияларни беғараз тарзда қабул қилинишини ва сақланишини ҳамда уларнинг ҳужжатсиз (нақдсиз) шаклга ўтказилиши бўйича зарур ҳаракатларни кўришни амалга ошириш.
Қимматли қоғозларнинг номинал сақловчи вазифасини бажаришда депозитарий яна қуйидагиларга хам мажбурдир:
- мижоз билан тузилган шартномада тегишли кўрсатма мавжуд бўлган ҳолларда, ушбу шахс мазкур қимматли қоғозлар бўйича ўзига тегиши керак бўлган ҳамма тўловларни олишини таъминлашга қаратилган ҳаракатларнинг барчасини амалга ошириш;
- брокерлик фаолиятини амалга ошириш чоғида, қимматли қоғозлар юзасидан битимлар ва операцияларни фақат қимматли қоғозлар эгасининг топшириғига мувофиқ ва у билан тузилган шартномага кўра амалга ошириш;
- бошқа шахсларнинг топшириғига кўра ўзи сақлаб турган қимматли қоғозлар ҳисобини алоҳида ҳисобварақларда ҳисобга олиб бориши ва қимматли қоғозларни сақлаб туриш ҳақида топшириқ берган шахсларнинг талабларини қондириш мақсадида ушбу ҳисобварақларда доимо етарли миқдорда қимматли қоғозларга эга бўлиш.
Депозитарий қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Депозитарийларда қимматли қоғозлар сақланишининг кафолати
Депозитарийларда қимматли қоғозларнинг сақланиши уларни қимматли қоғозларни сақлашга доир талабларга жавоб берадиган қимматли қоғозларни сақлаш жойларида сақлаш ва ҳисобга олиш рўйхатларини депозитар операциялар стандартларига мувофиқ ҳолда юритиш орқали таъминланади.
Марказий депозитарийда сақланаётган ва ҳисобга олинаётган қимматли қоғозларнинг сақланиши шунингдек Марказий депозитарийнинг маълумотлари мажмуида қўшимча сақлаб турилиши, техник тизимларда узилиш юз берганда ва кутилмаган вазиятлар вужудга келганда Марказий депозитарий маълумотлари мажмуини тезкор тиклаш орқали таъминланади.
Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қимматли қоғозларнинг депозитарийларда сақланиши ва уларга бўлган ҳуқуқ ҳисоби юритилиши ишончлилигини таъминлашга доир қўшимча талабларни белгилаши мумкин.
Депозитарийнинг жавобгарлиги
Депозитарий қуйидаги ҳолларда ўз депонентлари олдида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир:
- депо ҳисобварақларида қимматли қоғозлар эгалари ва уларга тегишли қимматли қоғозлар тўғрисидаги ёзувлар йўқотилганда. Депозитарий ўз ҳисобидан йўқотилган ёзувларни тиклайди;
- депонентларнинг ҳужжатли қимматли қоғозлари депозитарийнинг сақлаш жойларида тегишлича сақланмаганлиги оқибатида улар йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келганда. Депозитарий кўрсатилган қимматли қоғозларни тайёрлашга кетадиган харажатларни қоплайди ёки ўз ҳисобидан янгиларини тайёрлайди;
- қимматли қоғозлар чиқарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни ва ҳисобга олиш рўйхатларидаги ёзувларни лозим даражада сақламаганда ва бу уларнинг йўқолиши ёки яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлганда. Депозитарий ўз ҳисобидан кўрсатилган ҳужжатларни ва қимматли қоғозларнинг ҳисобга олиш рўйхатларини тиклайди;
- депонентларга тегишли қимматли қоғозларга эгалик ҳуқуқи ўз вақтида ва лозим даражада ҳисобга олинмаганда. Депонентга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқни ўз вақтида ва лозим даражада ҳисобга олинмаган ҳолда депонентни депозитарий шартномасида белгиланган тартибда унга кўрсатилган хизматлар учун тўловлардан озод қилади;
- унинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги депонент ўзига тегишли қимматли қоғозлар билан боғлиқ ҳуқуқларини амалга ошира олмаслигига олиб келганда. Депозитарий депонентга зарарни, шу жумладан бой берилган фойдани тўла ҳажмда тўлайди;
- депозитар шартнома шартларини бузганда.
Қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш тизими
Қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш тизими – қоғоз кўринишида ва/ёки маълумотларнинг электрон базаси ёрдамида қайд қилинган қимматли қоғозлар эгалари ва номинал сақловчилар идентификациясини таъминловчи, қимматли қоғозлар эгалари реестрини тузиш, шунингдек реестрда рўйхатга олинган шахслардан ахборотларни олиш ва юборишга имкон яратувчи маълумотларнинг мажмуи тушунилади.
Реестр юритиш тизимида қимматли қоғозларнинг эгаси ёки номинал сақловчининг рўйхат рақами унинг депонентлар ягона базасида рўйхатга олинган шахс коди ҳисобланади.
Акциялар ва корпоратив облигациялар муносабатларида қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш мажбурий ҳисобланади.
Қимматли қоғозлар эгалари реестри рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар эгаларининг белгиланган санада шаклланган рўйхати бўлиб, уларга қарашли эгаси ёзилган қимматли қоғозларнинг миқдори, номинал қиймати ва тоифаси ушбу рўйхатда кўрсатилади.
Қимматли қоғозларнинг эгалари реестрини шакллантириш марказий рўйхатга олувчи вазифасини бажарувчи Марказий депозитарий томонидан Марказий депозитарий ва депозитарийлар-номинал сақловчилар депонентлари депо ҳисобварақларининг белгиланган санадаги ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш йўли билан амалга оширилади.
Қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиши мажбурий ҳисобланган эмитент Марказий депозитарий билан реестр юритиш бўйича шартнома тузишга ва Марказий депозитарий билан бевосита, ёки трансфер-агент орқали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамкорлик юритишни таъминлашга мажбур.
Марказий рўйхатга олувчи
Марказий депозитарий марказий рўйхатга олувчи вазифасини бажаришда қуйидагиларга ҳақли:
- қимматли қоғозларнинг номинал сақловчиларидан қимматли қоғозлар эгалари реестрини шакллантириш учун зарур маълумотларни сўраш ва олиш;
- эгалари Марказий депозитарийнинг мижозлари ҳисобланадиган қимматли қоғозлар бўйича битимларни рўйхатга олиш;
- эмитент билан қимматли қоғозлар эгалари ва номинал сақловчиларни эмитент умумий йиғилишининг чақирилиши ёки унинг қимматли қоғозлари бўйича даромад тўлови муносабати билан хабардор қилиш бўйича шартнома тузиш.
Марказий рўйхатга олувчи вазифасини бажариш вақтида Марказий депозитарий қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Марказий депозитарий марказий рўйхатга олувчи вазифасини бажаришда қуйидагиларга мажбур:
- қимматли қоғозлар эгалари реестрини шакллантиришни таъминлаш;
- маълум санада шакллантирилган қимматли қоғозлар эгалари реестрларини сақлаш;
- қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш тизимига тааллуқли ахборотни ушбу қонунга мувофиқ тақдим этиш;
- реестр юритиш тизимига тааллуқли ахборотнинг махфийлигини таъминлаш.
Марказий рўйхатга олувчи вазифасини бажариш вақтида Марказий депозитарий қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам киритиши мумкин.
Марказий рўйхатга олувчи номинал сақловчи томонидан тақдим этилган қимматли қоғозлар эгалари реестрини шакллантириш учун зарур маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгар эмас.
Қимматли қоғозларни номинал сақловчи
Қимматли қоғозларни номинал сақловчи – қимматли қоғозларнинг эгаси бўлмагани ҳолда, бошқа шахснинг (қимматли қоғозлар эгаси ёки вакил қилинган шахснинг) топшириғига мувофиқ қимматли қоғозларни сақлаш, ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлашни амалга оширувчи реестр юритиш тизимида рўйхатга олинган депозитарий.
Қимматли қоғозларни номинал сақловчи мижозларининг қимматли қоғозлари унинг кредиторлари фойдасига ундириб олиниши мумкин эмас.
Номинал сақловчи марказий регистраторнинг талабига биноан ўзи номинал сақловчи ҳисобланган қимматли қоғозлар эгалари тўғрисидаги қимматли қоғозлар эгалари реестрини шакллантириш учун зарур маълумотларни белгиланган санага қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этишга мажбур.
Номинал сақловчи ўзида ҳисоби юритилаётган қимматли қоғозлар ва уларнинг эмитентлари реквизитларига марказий регистратордан олинган маълумотлар асосида ўзгартиришлар киритади.
Номинал сақловчи реестр юритиш тизимига тааллуқли ахборотларнинг ишончлилиги, тўлалиги ва ўз вақтида марказий регистраторга тақдим этилиши юзасидан жавобгарликка эга.
Қимматли қоғозлар бозорига оид қонун хужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Қимматли қоғозлар бозорига оид қонун хужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари эмитентлар билан ишлаган чоғидаги жавобгарлиги
Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари қонунчиликка мувофиқ инвесторлар олдида уларга етказилган зарар учун қуйидаги ҳолатлар бўйича мулкий жавбогар:
- инвесторлар талабига асосан қимматли қоғозлар бозорида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган маълумотларни тақдим қилмаслик ёки нотўғри маълумотлар тақдим қилиш;
- қимматли қоғозлар эмиссиясининг белгиланган тартибини бузиш;
- қимматли қоғозларнинг инсофсиз рекламасини амалга оширганлик, қимматли қоғозларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган чиқарилишининг рекламаси, шунингдек муомалада бўлиши қонун билан тақиқланган қимматли қоғозларнинг рекламаси учун;
- инвесторлар билан уларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқларини чеклайдиган, эмитентлар ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг жавобгарлигини чеклайдиган шартномаларни тузиш;
- аниқланган ҳийла-найранг ишлатиш фактлари ва қимматли қоғозлар бозоридаги бошқа қоидабузарликлар, шунингдек қимматли қоғозлар, қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларга доир нархлар тўғрисида, шу жумладан рекламада қасддан бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш йўли билан инвесторларни қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга даъват қилганлик учун;
- инвесторлар билан тузилган шартномалар шартларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек инвестор билан тузилган шартномада қайд этилганидан фарқ қиладиган шартларда битим тузганлик учун.
Саволлар
1. Инвестиция институтлари кимлар?
2. Инвестиция институтларининг қайси фаолият турларини биласиз?
3. Инвестиция институтлари молия бозорида қандай аҳамиятга эга?
Топшириқлар
1. Инвестиция институтларининг молия бозоридаги ролини таҳлил қилинг (жаҳон ва Ўзбекистон амалиёти бўйича).
2. Ўзбекистонда инвестиция институтларининг фаолият механизмини ўрганинг.
3. Терминлар луғатини тузинг.
Достарыңызбен бөлісу: |