5) Дин душманларига кўр-кўрона тақлид қилиш
Бу – мозийда содир бўлган эди. Аллоҳ таоло ундай инсонлар ҳақида шундай деди: «Худди шунингдек, (яъни сизни сеҳргар, мажнун, шоир деганлари каби) улардан (яъни, Макка мушрикларидан) аввалги (кофир бўлган) кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам албатта (ўша пайғамбарни ё) сеҳргар, ёки мажнун, дер эдилар. 53. Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, (зотан улар бир-бирларидан йироқ замонларда ва маконларда яшаб ўтганлари сабабли ўзаро васият қилиш имконига эга эмаслар, лекин фақат бир нарса уларнинг барчаларини юқоридаги каби сўзларни айтишга мажбур этар) — улар туғёнга тушган қавмдирлар!» (Зориёт: 52, 53).
"Гўё улар асрлар давомида (пайғамбарларни) шундай кутиб олиш учун бир-бирларига васият қилишгандек! Улар бир-бирларига бирор нарсани васият қилишган эмас. Балки бу аввалгилар ва кейингиларни бирлаштирадиган, зулм, ҳақ ва адолатга тажовуз қилишининг табиатидир!"18.
Бу тақлид, миялари айниган ва Ғарб маданиятига мафтун бўлган кимсалар ҳаётида, ҳозирги кунда ҳам содир бўлмоқда. Чунки, уларнинг ғарб маданиятининг алдамчи "ялтироқлар"ига алданишлари, фикрларининг саёзлиги ва диний билимларининг озлиги уларни Аллоҳнинг дини, унинг ҳукмлари, ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари устидан кулишга ундамоқда. Агар сиз бирон бир яҳудий ёки насронийнинг: "Зинокорни тошбўрон қилиб жазолаш ваҳшийлик ва шафқатсизликдир!"- деб Аллоҳнинг шариатини мазах қилаётганини эшитсангиз ёки кўрсангиз, мусулмонлар ичида ушбу ҳақиқий душманга кўр-кўрона эргашиб, унинг сўзларини масхараомуз тарзда такрорлаётган инсонларни топишингиз мумкин. Масалага яна ҳам равшанлик киритмоқчи бўлсангиз, Ғарб ихтиролари ва бошқа Ғарбга алоқали нарсаларга тақлид қилаётган "тўтилар"нинг уни мақтаб, ундан ҳайратланаётганларини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари, инсон ақлини ҳайратга соладиган мўъжизалари ва шаръий ишларни тилга олинса мазах қилиб, устидан кулаётганини кўрасиз: «Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, улар туғёнга тушган қавмдирлар!». Роббимиз бундай тақлидчиларнинг: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат — дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз»- деб айтганларини баён қилди (Зухруф: 23).
6) Пулни ва қандай кўринишда бўлмасин пул топишни яхши кўриш, гарчи у Аллоҳга кофир бўлишга олиб борса ҳам
Ҳозирги кунда бу ҳолатни одамларга ҳажвий (комедия) филм ва театрларини тақдим этиб, уларни кулдираётган "артист"лар ҳаётида кўришимиз мумкин. Улар бу ифлос ишни фақатгина пул топиш учунгина қиладилар! Бировлар устидан кулиб, масхара қилиб бошқаларни кулдириш бугун ақли паст инсонлар тасаввурида фан, қаҳрамонлик ва юлдузликка айланди!! Бундан кўра ёмонроғи шуки, баъзи ақлли инсонлар ҳам ўз мажлис ва ўтиришларида уларнинг сўзлари ва қилиқларини такрорламоқдалар!!
Менимча, булар мазах қилишга ундайдиган омилларнинг энг асосийларидир. Бироқ, бундан бошқа ишлар ҳам бўлиши мумкин, улар жиддий китобхонннинг назаридан четда қолмайди.
УЧИНЧИ ФАСЛ:
Мазах қилиш Аллоҳ йўлига даъват қилиш тўсиқларидан биридир
Талайгина даъватчилар мазах ва масхара қилувчилардан шикоят қиладилар. Агар улар пайғамбарлар ҳаёти ҳақида тафаккур қилиб кўрсалар — улар Аллоҳ яратган энг шарафли бандалар бўлсаларда — улар устидан ҳам мазах қилиниб, кулинганини кўрадилар. Бу эса улар учун тасаллий бўлади. Аллоҳ таоло деди:
(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Роббингизнинг Ўзи етарли Етакчи ва Ёрдамчидир». (Фурқон: 31);
«Биз аввалгиларга ҳам қанча пайғамбар юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар». (Зухруф: 6, 7);
«(Аллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилиб, уларга озор-азият етказадиган) бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулувчи бўладилар». (Ёсин: 30).
Ўз қавмини тўққиз юз эллик йил даъват қилган Аллоҳнинг расули Нуҳ алайҳиссалом ҳам қавми томонидан мазах ва истеҳзо қилинди. Қавми кема ясаётган Нуҳ алайҳиссалом устидан кулиб, масхара қилганини Аллоҳ таоло шундай баён қилди: «У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан куламиз». 39. «Яқинда кимга шарманда қилгувчи азоб келишини ва кимнинг устига мангу азоб тушишини билиб оласизлар». (Ҳуд: 38, 39).
Аллоҳ таоло "Мўъминун" сурасининг 24, 25- оятларида уларнинг мана бу сўзларини зикр қилди: «(Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: "Бу ҳам ҳудди сизларга ўхшаган одам. (Фақат) сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ (пайғамбар юборишни) охоҳласа эди фаришталарни туширган бўлар эди. Бизлар бу (Нуҳ айтаётган "Аллоҳ Якка-Ягонадир" деган сўз)ни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз. У (яъни Нуҳ) фақат бир жинни бўлган одамдир. Унга бир (оз) вақтгача кўз тутинглар».19
Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳис-саломни Од қавмига пайғамбар қилиб юборди. Улар ҳам Ҳуд алайҳиссаломни мазах қилиб: «Сен бизга, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У ҳолда, агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Оллоҳнинг азобини) келтиргин-чи?» дедилар.» (Аъроф: 70);
Улар дедилар: «Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканлигингни тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг қуруқ гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз. Ва бизлар сенга иймон келтиргувчилар эмасмиз. Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос». (Ҳуд: 53, 54).
Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳис-саломни Самуд қавмига юборди. Улар ҳам айни ишни қилдилар: «(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар бечораларига — уларнинг ораларидаги мўмин бўлган зотларга: «Солиҳни Роббиси тарафидан юборилган пайғамбар деб биласизларми?» дейишди. Улар айтдилар: «Албатта, биз унинг воситасида юборилган нарсага (динга) иймон келтиргувчимиз». 76-77. Мутакаббир кимсалар эса: «Биз сизлар иймон келтирган динга кофирмиз», дейишдида, туяни сўйиб юборишди ва Роббиларининг амридан юз ўгиришди, кейин: «Эй Солиҳ, агар пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтир-чи?» дейишди.» (Аъроф: 75 – 77).
Аллоҳ таоло Лут алайҳис-саломни ўз қавмига пайғамбар қилиб юборди. Лут алайҳис-салом қавмини бесоқолбозлик ва хотинларни қўйиб эркаклар билан жинсий алоқада бўлишдан қайтарди: «Қавмнинг жавоби эса фақат мана бундан иборат бўлди: «Уларни (яъни Лут ва тобеъларини) қишлоғингиздан чиқариб юборинглар! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан». (Аъроф: 82).
Намл сурасида эса: «Қавмининг жавоби эса фақат: "Лутнинг аҳли-тобеларини қишлоғингиздан (қувиб) чиқаринглар! Дарҳақиқат, улар жуда "покиза" кишилардир», дейишлари бўлди.» (Намл: 56).
Шуайб алайҳис-саломни ҳам қавми мазах ва истеҳзо билан кутиб олди. У эса сабр қилиб, савобни Аллоҳдангина умид қилди. Аллоҳ таоло у қавм ҳақида шундай деди: «Улар (масхара қилиб) дедилар: «Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизда ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда "кўнгилчан" ва "ҳалийм" ва "рашид (тўғри йўлни топиб олган) кишисанда"!». (Ҳуд: 87).
Улар бу сўзларни истеҳзо, камситиш ва мазах қилиб айтар эдилар.20
Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳис-салом даъватига ҳам Бану Исроил масхаралаш ва истеҳзо қилиш билан жавоб берди. Аллоҳ таоло деди: «Эсланг! Мусо ўз қавмига: «Оллоҳ бир сигир сўйишларингни буюрди», деганида, улар: «Устимиздан куляпсанми?» — дедилар. (Мусо) деди: «Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Оллоҳ паноҳ беришини сўрайман». (Бақара: 67).
Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг: «Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Оллоҳ паноҳ беришини сўрайман» оятининг маъноси ҳақида: "У икки маънони ифодалайди деди:
Биринчиси: Аллоҳ таоло номидан истеҳзо билан хабар бериб жоҳил бўлишдан Аллоҳдан паноҳ сўраш.
Иккинчиси: Уларнинг Аллоҳ таоло номидан хабар бераётган одамга: «Устимиздан куляпсанми?», деб айтган сўзларида қилган жоҳилликларидек жоҳиллик қилишдан паноҳ сўраш".21
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келсак, У зот юракларни эзиб юборадиган масхара ва истеҳзоларга дуч келдилар. Маккий даврда мушрик араб қабилалари, Маданий даврда эса мунофиқ ва яҳудийларнинг мазах ва истеҳзоларига йўлиқдилар. Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон кофир бўлган кимсалар сизни кўрсалар (бир-бирларига кўрсатиб): Сизларнинг илоҳларингизни айблайдиган кимса мана шуми?, (дейишиб) масхара қиладилар, холос. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари Роббингиз эслатмаси — Қуръондан юз ўгирувчилардир.» (Анбиё: 36)
Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ деди: "Мушриклар — уларни ширкдан қайтарган пайтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни истеҳзо қилдилар. Қалбларига ўрнашган ширкнинг улканлигидан, мушриклар, ўзларини тавҳид-яккахудоликка чорлаган пайғамбарларни ҳақорат қилиб, уларни пасткашлик, залолат ва телбалик билан доимо айблаб келганлар. Шунингдек, сиз уларга ўхшаган баъзи инсонларни ўзларида бўлган ширк сабабли тавҳидга даъват этаётган одамлар устидан кулаётганларини топасиз".22
Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон улар сизни кўрсалар: "Аллоҳ мана шуни Пайғамбар қилиб юбордими?! Агар сабр қилиб (маҳкам турмаганимизда) ҳақиқатан, у бизларни олиҳаларимиздан оздираёзди-я", деб сизни масхара қиладилар. Яқинда азобни кўрган вақтларида ким йўлдан озганроқ эканини билиб оладилар.» (Фурқон: 41, 42)
Ибн Исҳоқ раҳимаҳуллоҳ деди: "Қурайшликларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Исломни қабул қилган одамларга нисбатан адовати шундай бахтиқароликка олиб бордики, ичларидаги тентак одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши гиж-гижладилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончига чиқардилар, шоирлик, жодугарлик, фолбинлик ва телбалик билан айблаб озор бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида Каъбани тавоф қилаётиб уларнинг олдидан ўтганларида баъзи сўзлар билан масхара қилдилар. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазабланганлари юзларида сезилди. Иккинчи марта ўтганларида ҳам масхара қилишди, учинчи марта ўтганларида ҳам бу иш такрорланганди, ул зот тўхтадилар ва: "Эй Қурайшликлар, сизлар мени эшитяпсизларми?! Жоним қўлида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, мен сизларга сўйиш-ўлимни олиб келдим"- дедилар. Унинг сўзлари одамларга шундай таъсир қилдики, улардан биронтаси бошини кўтаролмай қолди "23.
Аллоҳ таоло уларнинг мазах ва истеҳзоларини қуйидаги сўзлари билан таърифлади: «Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзадилар ва (Муҳаммад) шак-шубҳасиз мажнундир, дерлар». (Қалам: 51)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариат ва суннатига чақираётган даъватчилар ҳам мазах ва истеҳзоларга дуч келадилар. Бу – Қиёмат кунига қадар давом этадиган ишдир.
Шунинг учун ҳам, истеҳзо тўсиғи (довони) баъзи даъватчиларга зарба берса, бошқаларининг жасоратини сусайтиради, бошқасини ортга чекинтириб, даъват майдонидан четлатади. Баъзиларни эса, ҳақдаги сабот, ислоҳотлар ва ботилга қарши кураш йўлида мустаҳкам давом этишини кучайтиради. Ислом Уммати охирги ҳолатдаги инсонларга муҳтождир. Бу (яъни, охирги ҳолат) Аллоҳнинг ҳақ динига қилинаётган даъватнинг озуқасидир. Чунки, бундай ҳолатнинг соҳиби пайғамбарлар ва расуллар сўзларига мурожаат қилиб (юқорида айтиб ўтилганидек), ўзини уларнинг вориси эканига аниқ ишонч ҳосил қилади. Ҳолбуки, пайғамбарлар эзгулик, тавҳидга чақириш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ва фасодни таг-томири билан йўқ қилиш даъватини мерос қилиб қолдирганлар. Шунинг учун ҳам у, қалбига озор берсада, бу истеҳзо ва масхараларга эътибор бермайди ва озорларни Аллоҳ йўлига чорлаш мобайнида дуч келиниши лозим ва лобуд бўлган нарса эканини жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам у қилган тижоратида аниқ фойда қилгандир.
ТЎРТИНЧИ ФАСЛ:
Истеҳзо кўринишларидан намуналар
Истеҳзо ёки мазах қилувчи одамнинг ҳолатига қараб истеҳзо кўринишлари хилма-хил бўлади. Баъзида истеҳзо сўз билан бўлади. Бу ўтмишда ва ҳозирда энг кўп қўлланган истеҳзо кўринишларидандир. Баъзида эса кўз ишораси, тилни чиқариш билан бўлса, гоҳида қўл ҳаракати билан бўлади.
Мазах кўринишининг турлари кўп бўлгани учун, бу фаслни қуйидаги баҳсларга бўлдим:
Биринчи баҳс: Аллоҳ таолони мазах қилиш кўринишларидан намуналар.
Иккинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларни мазах қилиш кўринишларидан намуналар.
Учинчи баҳс: Ислом шариати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини мазах қилиш кўринишларидан намуналар.
Тўртинчи баҳс: Мўъминларни мазах қилиш кўринишларидан намуналар.
Мана сизга уларнинг баёни:
БИРИНЧИ БАҲС:
Аллоҳ таолони мазах қилиш кўринишларидан намуналар
Аллоҳ таолонинг Якка-Ёлғиз, Ҳожатбарор, туғмаган ва туғилмаган, ибтидосиз Аввал ва интиҳосиз Охир, буюк, жаббор, еру осмондаги бирон нарса уни ожиз қолдира олмайдиган кучли ва қудратли экани, Ислом динининг бирламчи ва очиқ ҳақиқатларидан биридир: «Унга ўхшаш бирон нарса йўқ ва У Эшитувчи ва Кўрувчи Зотдир». (Шўро: 11)
Бироқ, кофирлар Аллоҳ таолони лойиқ бўлганидек қадрламадилар. Аллоҳ таолони истеҳзо ва масхара қилиш, уларнинг энг қабиҳ куфрларидан биридир. —Аллоҳ бундан барчамизни сақласин. Аллоҳ таолони мазах қилиш кўринишларидан баъзилари қуйидагилар:
1 – Даҳрий, моддапараст – атеист, материалистларнинг: "Илоҳ йўқ! Коинот материя (модда)дангина иборат. Табиат хоҳлаганини қилади, унинг махлуқлар устидаги қудрати чексиз", деб айтган сўзларидир.24
Бу сўзларни араб тилида фасоҳат билан сўзлаётган бўлсада, ҳар бир марксист-моддапараст коммунист айтмоқда.
2 – Араб тилида гапирадиган бир ҳовуч кимсалар даҳрий моддапарастлик фикри билан тарбия олдилар. (Ота-бобоси мусулмон бўлиб келган кўплаб ўзбеклар ҳам улардан кам бўлмадилар, тарж). Улар "Ҳур шеърият" деб номлашган пуч сўзларни айтиб, бу Умматнинг ўзгармас ҳақиқатларини бузишга ҳаракат, Аллоҳни масхара ва истеҳзо қила бошладилар. Ҳатто, мисли кўрилмаган журъатларни қилдилар. Уларнинг ёзган сўзларини ўқир экансиз, баданларни жимирлатадиган очиқ куфр сўзларга дуч келасиз. Буларга қуйида баъзи мисолларни келтирамиз:
* Уларнинг пешволаридан бўлган — юртимиздаги баъзи "тўтилар" "жадидчиларнинг пайғамбари" деб ҳисоблайдиган — Абдулазиз Муқолиҳ шундай дейди: "Аллоҳ жаллодлар қўлида кулга, қўрқинчга, сукунатга, тасбиҳлар экиладиган экинзорга айланди.... Давлатманд саййидлар билан, Голливуддан келадиган саййидлар ўртасидаги саллаларга айланди. Аллоҳ қадимда муҳаббат эди. Кеча ичидаги кундуз эди. Қақраган ерларни яшил ёмғирлар билан ювадиган қўшиқ бўлганди"25.
3 – Жадидчи шоир коммунистлардан бўлган Абдулваҳҳоб Байётий айтган сўзлар ҳам, Аллоҳ таолони истеҳзо қилиш кўринишларидандир:
"Аллоҳни шаҳримизда яҳудийлар сотади.
Аллоҳ шаҳримда қувғин, сарсондир...
Ғозийлар Уни мардикор ва етакчи шоир бўлишини ҳоҳладилар-ки,
Биттасининг гитарасида бандаларни алдаса..
Бироқ, у мубтало бўлди.
Чунки у, дала момақаймоқларини уларнинг чигирткаларидан ҳимоя қилишни ҳоҳлаганди"26.
Сиз Аллоҳни мазах ва истеҳзо қилиш учун истеъмол қилинган бундан кўра ёмонроқ куфр сўзларни эшитганмисиз?! Аллоҳ улар айтаётган сўзлардан покдир. Ундан кейин, биласизми, бу зиндиқнинг исми нима эди? Абдулваҳҳоб!
4 – "Фикрий ахлатхона"нинг шоири Низор Қаббоний "Аллоҳнинг куёвлари" номли қасидасида нималар деганига қулоқ солинг: "Ловия, нўхот, тузлама, ва жаржир кўкатининг қимматлиги ҳам Аллоҳнинг қилмишидан-ми?!"27.
Бошқа бир ўринда дейди:
"Илоҳо, агар сен ҳақиқий парвардигор эрсанг,
бизни ошиқларимиз бирла тарк эт!"28.
5 - Бошқа бир етакчи коммунист жадидчи шоир Маҳмуд Дарвиш шундай дейди: "Улғайявер, Аллоҳнинг кўзи ва қораялоқ галаси ухлар экан!"29.
6 – Ана шу коммунистларга жодуларни ўргатган уларнинг каттаси Бадр Шокир ас-Саййоб шундай деган: "Биз ҳаммамиз ўликмиз. Мен ҳам, Муҳаммад ҳам, Аллоҳ ҳам. Мана бизнинг қабримиз – харобага айланган дўнглик устига "Муҳаммад ва Аллоҳ" номи ёзилур".30
Яна давом этиб ушбу сўзларни ёзади: "Аллоҳ, модомики, уни ўлдирмас эканмиз ва бирон кун очликдан уни еб қўймас эканмиз, қишлоғимизда боқий қолаверади31!"
Аллоҳ таоло у айтган сўзлардан олий, бу куфр ва камситишлардан муназзаҳдир!!
Бу мисоллар ушбу даҳрийлар вайсаётган кўп нарсадан баъзилари, холос. Ажабланарлиси шундаки, улар мана шундан кейин ҳам олқишланиб, обрў топмоқдалар!! Бироқ, сиз эҳтиёт бўлинг! Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир», деди. (Моида: 51)
ИККИНЧИ БАҲС:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларни мазах қилиш кўринишлари
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрини баланд қилди, унга итоат қилишга амр этиб, деди:
«Пайғамбар сизларга олиб келган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар». (Ҳашр: 7);
«Эй мўминлар, Оллоҳга итоат қилинглар, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунинглар! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Оллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Оллоҳга ва пайғамбарига қайтаринглар! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир». (Нисо: 59);
«Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар». (Нисо: 65)
Ушбу улуғ пайғамбарни — Аллоҳ унга салавоту саломлар йўлласин — мазах ва истеҳзо қилиш асло мумкин эмас. Ким шу ишни қилса Аллоҳга кофир бўлади ва Ислом Уммати сафидан чиқади.
Мана сизга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам устидан мазах қилиш кўринишларидан баъзилари:
1 – Мусулмонларга очлик, чанқоқлик ва йўл машаққатларидан анчагинаси етган Табук жанггида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир неча одам мазах қилди. Етти қат осмон устидан бу мазах қилувчи кимсаларнинг кофир эканлигини эълон қилган оятлар нозил бўлди: «Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, улар: "Биз фақат бахслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос", дейдилар. Айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз!" Агар сизлардан бир тоифани афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз». (Тавба: 65, 66)
Бу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий ва бошқалардан ривоятлар нақл қилинди. Улар айтдилар: "Мунофиқлардан бири: "Мен қориларимиздан кўра қориннини ўйлайдиган, ёлғончи ва қўрқоқ бўлган одамларни кўрмадим!"- деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келди. Бу сўзларни айтган мунофиқ туясига миниб, йўлга отланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига келиб: "Ё расулуллоҳ, биз бахслашиб, ҳазиллашаётган эдик", деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми?" оятини " .... азоблаймиз." гача ўқидилар. Мунофиқ, туянинг қоринбоғига осилиб, оёқлари тошларни суриб кетар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унга қиё ҳам боқиб қўймас эдилар"32.
Қатода раҳимаҳуллоҳ деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук жанггида экан, баъзи мунофиқлар: "Бу одам Шомнинг қаср ва саройларини фатҳ қилишни умид қилаяптими? У тушини сувга айтсин!"- дейишди. Аллоҳ таоло буни пайғамбарига билдирди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Фалон гуруҳни тўҳтатинг"- дедилар, сўнгра уларнинг олдига бориб дедилар: "Шундай-шундай деган сизларми?" Улар: "Биз баҳслашиб, ҳазиллаётган эдик"- дедилар. Ўша пайтда Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилди".33
Ибн Исҳоқ айтди: Мунофиқлардан бир жамоаси — улар ичида Амр ибн Авф ибн Умайя ибн Зайд уруғидан бўлган Вадиа ибн Собит ва Бани Саламанинг иттифоқчиси Ашжаъ қабиласидан Махший ибн Ҳумаййир бор эди — Табук сари отланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишора қилиб, мусулмонлар қалбига қўрқув солиш учун бир-бирларига дедилар: "Сизлар оқ қулоқларнинг жаллодларини бир-бирларини ўлдираётган араблар каби деб ўйлайсизларми? Аллоҳ номига қасамки, эртага сизлар арқонларга боғланган ҳолда бўласиз деб ўйлаймиз! Махший ибн Ҳумаййир деди: "Ҳар биримизга юз дарра урилишига ҳукм қилинишини орзу қилдим. Сизларнинг шу айтган сўзларингиз сабабли Қуръон оятлари нозил бўлишидан қочиб қутула олмаймиз".
Ибн Исҳоқ айтади: Менга етиб келган хабарга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга дедилар: "Уларга тез етиб бор. Улар куйиб бўлдилар. Улардан айтган сўзлари ҳақида сўра. Агар инкор этсалар, "Инкор қилманглар! сизлар шундай-шундай дединглар!"- деб айт. Аммор розияллоҳу анҳу уларнинг олдига бориб, юқоридаги сўзларни айтди. Улар бу сўзларни эшитганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига узр сўраб келдилар. Вадиа ибн Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минган туянинг ёпқичига осилиб: "Ё Расулуллоҳ, биз баҳслашиб, ҳазиллашаётган эдик" деди. Шу пайт Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди: «Агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, улар: "Биз фақат бахслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос", дейдилар».
Махший ибн Ҳумаййир разияллоҳу анҳу ушбу оятда афв қилинганлардан эди. У: "Ё Расулулллоҳ, отамнинг ва менинг исмим мени ўтқизиб қўйди, менинг ва отамнинг исмини ўзгартиринг"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга "Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон" деб исм қўйдилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога дуо қилиб, шаҳид бўлиб ўлиш ва жасадидан асар ҳам қолмаслигини сўради. У Ямома жанггида ўлдирилди ва унинг жасадидан асар ҳам топилмади".34
Қиссадан ҳисса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар устидан мазах қилган кимсаларнинг жиҳодага чиқишлари ҳам уларнинг кечирилишларига сабаб бўла олмади.
2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мазах қилиш кўринишларидан бири яна Табук ғазотига кетишда содир бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяси адашиб кетиб қолди, шунда мунофиқлардан бири бўлган Зайд ибн Лусайт исмли киши Расулуллоҳни мазах қилиб: "У пайғамбарман деб, даъво қилмайдими? Сизларга осмондан хабар келтирмайдими? Наҳотки, бу одам ўзининг туяси қаерда эканини билмаса?!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бир одам шундай дебди, дедилар-да, айнан унинг сўзларини такрорладилар. Мен Аллоҳга қасамки, Аллоҳ билдирган ва хабар берган нарсаларнигина биламан. Аллоҳ менга туям қаердалигини билдирди. У водий ичидаги фалон дарададир. Унинг жилови дарахтга ўралашиб қолган. Бориб, уни менга олиб келинглар. Улар бориб, туяни олиб келдилар.35
3 – Бизга замондош бўлган истеҳзочилар оғзидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши, баданларни жимирлатадиган куфр ва даҳрийлик сўзлари чиқмоқда. Улардан бири, таъбир жоиз бўлса, "жадидчилик шоирлари" деб аталган кимсалар бўлиб, ғарб ва шарқдаги кофир оқимлар олиб келган куфрий бошбошдоқлик билан суғорилган фикрларга қурбон бўлганлар.
Улар ўз орамиздан чиққан, исмлари ҳам ўз исмларимиздан бўлишига қарамай, динимизга ҳақиқий душманлримиздан кўра қаттиқроқ душман бўлган кимсалардир. Мана бу "шоирбачча" Муҳаммад Жабр ал-Ҳарбий шундай деди, унинг айтганлари нақадар ёмон :
Саҳромизни қоплади
Кечаларнинг зулмати.
Урфимизни қоплади
Ҳошимийнинг зарлари!36
Айтингчи, бу Умматни жаҳолат қоронғулигидан Ислом нурига олиб чиққан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа Ҳошимий бормидики, бу аблаҳ валақлаб, динимизни "зулмат" ва "кеча" деб атамоқда?!
4 - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мазах қилиш кўринишларидан бири, машҳур ҳажвчи рассом-карикатурачи Салоҳ Жоҳин "ал-Аҳром" рўзномасида элон қилган расмдир. У ўз бармоқлари билан қолоқликка рамз бўлиши учун эшакка тескари ўтирган бир саҳровий кишини чизган ва у билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишора қилган. Суратнинг таг рангги-фонида эса, бир хўроз ва тўққиз макиён акс эттирилган бўлиб, сурат остига "Муҳаммад Афанди тўққиз хотиннинг эри"- деб ном қўйилган37. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши қаттиқ ҳужум ва ўта қабиҳ мазахдир!
5 - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати устидан мазах қилиш кўринишларидан бири, Муҳаммад Ғаззолий ўз китобида "Ўзларига хотинларни бошлиқ қилган халқ ҳаргиз нажот топмас!" ҳадисини келтирган. У мазкур ҳадис устидан кулиб, Билқис, Виктория, Индира Ганди ва Голд Маер каби аёлларнинг ўз халқларини муваффақиятларга олиб чиққани ва бошқа нарсаларни айтади.38 Ҳолбуки, ушбу ҳадис имом Бухорийнинг "Саҳиҳ" китобида ривоят қилинган.
6 - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни етказган кишилар устидан кулиш - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари устидан кулиш, демакдир. Бунга "ғўр шоирбаччалар"дан бирининг "Бизга омадсиз омадсиздан, у эса жоҳилдан ҳадис айтди!"39 дея ёзган масхаромуз сўзлари мисол бўлади.
Унинг ўртоғи эса: "Бизга шайх Имом Солиҳ ибн Абдулҳайдан, у эса Саййид ибн Дарвишдан, у эса отасидан, отаси бобосидан ҳадис ривоят қилди!"40 демоқда.
Бу - динни авлодларга етказиб берадиган уламолар - ҳадисларнинг ровийларига нисбатан ҳаёсизларча қилинган журъатдир. Ҳолбуки, ривоят ва ровийларни текшириш илмининг шарафига бошқа дин аҳллари сазовор бўла олмадилар. Шундай бўлсада, бу хусусият даҳрий ва эрмакчилар олдига ёзилган мазах дастурхони бўлиб қолди.
7 – Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу хипча болдир эдилар. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун Арок бутасидан мисвок олиш учун чиққан эди, шамол дарахтни у ён бу ёнга қаттиқ қимирлатарди. Шунда унинг хипча болдирлари кўриниб қолди, буни кўрган саҳобалар кулдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, бу икки болдир Аллоҳнинг мезонида Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқдир"- дедилар.41
8 – Мана бу истеҳзочи ёзувчи эса Абу Зарр ал-Ғифорий устидан кулмоқда: "Одил Абу Зарр ал-Ғифорий каби имомдирки, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади ва қиёмат кунида ҳам ёлғиз қайта тирилади!"42. Бузуқ маданият, пасткашлик ва ахлоқий бузуқлик рамзларидан бири (яъни, Одил, унинг ким бўлганлиги зикр қилинмаган, тарж.) Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пок саҳобаларига ўхшатилмоқда!!
УЧИНЧИ БАҲС:
Ислом шариати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини мазах қилиш кўринишларидан намуналар.
Аллооҳ таоло айтди: «Кофир бўлган кимсалар эса ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни енгмоқчи бўладилар ҳамда Менинг оятларимни ва ўзлари огохлантирилган нарсани (яъни, охират азобини) масхара қилиб куладилар.» (Каҳф: 56)
Уламолар Аллоҳнинг ояти ва шариатини масхара қилиш инкор қилиш турларининг энг ашаддийларидан бири эканини айтиб ўтганлар.43
Аллоҳ таоло айтди: «Балки сиз (уларнинг қайта тирилишини инкор қилаётганларидан) таажжубдадирсиз, (аммо) улар (сизнинг охират ҳаёти ҳақидаги сўзларингизни) масхара қиладилар. Уларга (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинса, панд-насиҳатни олмаслар. (Сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизга далолат қиладиган) бирон оят-мўъжизани кўрсалар, (дарҳол иймон келтириш ўрнига) янада зиёдароқ масхара қиладилар». (Соффот: 12 – 14)
Бугунги кундаги Аллоҳнинг дини, шариати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини мазах қилиш ва улар устидан кулиш, пешонасида икки кўзи бор ҳар бир инсонга аниқ кўриниб турган аччиқ ҳақиқатлардан биридир. Мен — бутун қиладиган иши Аллоҳнинг динига қарши курашиш ва уни йўқ қилиб ташлашга интиладиган ушбу шармисор кўринишга бир неча мисолларини келтираман:
1 – Аҳли суннат ва жамоат этиқодидан бўлган Роббимизнинг Аршга кўтарилиши, Самоуд-Дунёга тушиши, ғазабланиши, рози бўлиши, икки қўлининг борлиги ва булардан бошқа Роббимиз учун собит бўлган сифатларни масхара қилиш.
Сиз аҳли суннат йўлига қарши чиққан ҳар бир бидъатчининг ушбу сифатларни Аллоҳ учун лойиқ бўлган суратда тасдиқлаётган одамларни мазах қилаётганини кўрасиз. Мазкур сифатларни таъвил қилаётганлар истеҳзо ва масхараларнинг масъулиятини ўз зиммаларига оладилар. Чунки, улар Аллоҳ ва расулининг хатоларини топган кимса мақомидадирлар. Йўқса, мутавотир ҳадислар жумласидан бўлган Аллоҳ таолонинг (Самоуд-Дунёга) тушиши ҳақидаги ҳадисни инкор этишларининг маъноси нима?! Бундан ташқари улар, бу сифатларни мазах қилиб, махлуқлар сифатини Холиқ сифатлари билан қиёслайдилар!! Аллоҳ уларнинг бу таъвилларидан пок ва олийдир!!
2 – Исломий шариат билан ҳукм қилишни мазах қилиш ва уни қолоқ ва ақидапарастлар шариати ҳамда унда ваҳшийлик бор, деб айблаш: "Ахир нега ўғрининг қўли кесилсин ва нега турмуш кўрган зоний тошбўрон қилиб ўлдирилсин?!!".
Бу ҳақда даъватчи шайх Абдурроҳман ад-Давсарий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: "Бу – Улуғ Аллоҳни ҳақорат қилиш, Унинг исмларидаги даҳрийлик, ўзларнинг режа ва фикрларини Аллоҳнинг ҳукми ва муродидан афзал кўришларидир. Уларнинг бу сўзларида Аллоҳ таолонинг барча нарсани қамровчи илмини инкор этиш ва Унинг ҳикмати ва раҳматини қоралаш мавжуд. Шунинг учун ҳам улар Аллоҳ таолони ҳар замонда одамларнинг аҳволини тузатадиган нарсаларни Билувчи ва уларга аҳволларини ислоҳ қиладиган нарсаларни қонунлаштирадиган Ҳаким деб билмадилар. Балки мунофиқларнинг меросхўрлари бизнинг замонда ҳам давом этиб, Аллоҳнинг ҳукмлари башариятга муносиб келмайдиган шафқатсиз. Уларнинг бу сўзлари Аллоҳ Меҳрибон эмас, чунки унинг шариати ҳикмат ва раҳматга эмас, мантиқсизлик ва шафқатсизликка асосланган деган маънони тақозо қилади. Улар мунофиқликнинг энг тубан даражасига етиб келдилар".44
Шариатни татбиқ қилишдан бундай талвасага тушиш ва унинг ортидан келган секуляристлар тарафидан шариатни мазах қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом динини олиб келганларида Қурайшнинг: "Агар Сен билан бирга ҳидоятга эргашсак, ўз еримизда ўғирланамиз-ку?!"- деб айтган сўзларни ёдимизга солади.45
Бугунги кунда шариат билан ҳукм қилишга қарши бўлаётган секуляристларнинг мантиқлари Фиръавн мантиқининг айнан ўзидир. Чунки У, Мусо алайҳис-салом олиб келган ҳақ диндан халқини огоҳлантириб: «Мен (Мусонинг) динларингизни ўзгартиши ёки Ер юзида фасод ёйишидан қўрқаман!» деган эди. (Ғофир: 26)
Бу – ҳар бир замон ва маконда яшаган Аллоҳ ва Унинг динига душман бўлган кимсаларнинг мантиқидир. Аллоҳ таоло деди: «Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, — улар туғёнга тушган қавмдирлар!» (Зориёт: 53)
3 – Аллоҳ душманларидаги бу қўрқинчга Аллоҳнинг шариатини ҳаётга татбиқ қилишни талаб қилаётган диндорларни мазах қилувчи суратларни ёйишлари яққол далилдир. Шулардан бирини "Рузул-Юсуф" рўзномаси чоп этди. Бу карикатурада соқоли ўта узун ёш йигит масжид минорасига чиқиб азон айтаётгани тасвирланган. У: "Ҳайя алал-фалаҳ!" (Нажотга шошилинглар!) жумласи ўрнига: "Ҳайя алас-силаҳ!" (Қурол-аслаҳага шошилинглар!) демоқда!!... Уни яна бошқа ҳолатда ҳам тасвирлаган, унда бир хуфёна қўл унинг бошига кассета-тасма жойламоқда, оғзида эса тўппонча!! ("Рузул-Юсуф", 3322 сони).
Шундай қилиб, сиз, ушбу аччиқ мазахлар Ер курраси муҳтож бўлиб турган муборак исломий уйғониш (бу неъмат учун Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!) ёшларига қаратилган кураш эканини кўрасиз.
Шунинг учун ҳам, аллома Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ ушбу мавзу ҳақида қуйидаги фатвони берган "Ислом дини ёки Ислом динидан бўлган бирон нарсани мазах қилиш – катта куфрдир. …Ислом аҳли ва намзоларини мудом ўқиётган одамлар устидан, динлари ва динларига риоя қилганлари учун кулган одам, динни мазах қилувчилар қаторига киради. Ундай одамлар билан дўстлашиш ва бир даврада ўтириш мумкин эмас. Балки, уларни бу қилмишларидан қайтариш ҳамда улар билан дўстлашиш ва уларга яқин бўлишдан огоҳлантириш керак. Шундай қилиб Исломий масалаларни масхара ва истеҳзо қилишга киришган одам кофир бўлади.46
4 – Намозни мазах қилиш
Аллоҳ таоло деди: «Сизлар қачон намозга чақирсангиз (азон айтсангиз), улар ўша (намозни) масхара ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб уларнинг ақлсиз — жоҳил қавм эканликларидир.» (Моида: 58).
Биз намоз ва намозхонларни мазах қилганларнинг қанча-қанча сўзларини эшитганмиз. Мана бу аҳмоқ мазахчи: "Ҳой намзохонлар, агар жаннатга кетадиган бўлсангизлар, бизларни ҳам бирга олиб кетинглар!" дейди. Анави худбин мазахчи эса, мусулмон хизматчидан кофир хизматчини афзал билиб олиб келади-да: "Агар мусулмонни олиб келсак намози билан бизнинг вақтимизни олар ва ишимизни қолдирар эди!!", деб димоғдорлик қилмоқда.
4 – Муслима аёлнинг ҳижобини мазах қилиш
Бу – мазахнинг энг кўп тарқалган кўринишидир. Бу – ҳижоб ва ҳижобли хотин-қизларга қарши очилган оловли жангдир. Бу ифлос жангни шаҳвоний майилликларга берилган, қулбозорларда одамларнинг номуслари билан тижорат қиладиган лўттибозлар бошқармоқдалар. Амина ас-Саид (исмли аёл): "Зиёли қизларнинг тирик бўла туриб мурдаларнинг кафаналарини кийиб юришларига ҳайронман!!"- дейди. Хайф сенга Амина исми!47
Жадидичи секулярист адиб Аҳамад Абдулмуътий Ҳижозий айтади: "Аёлларнинг очиқ-сочиқ юришларининг ёмонликлари бор, бироқ, бу уларнинг ҳижоб ва чиммат ичида юришларидаги ёмонликлар олдида ҳолвадир. Ҳижобга қайтишга даъват этаётган одам гўё бизни туя, эшак ва хачирларни минишга чорлаётган одамга ўхшайди, мана шу қолоқлик асрларининг мантиғидир".48
* Абу Лаҳабнинг хотини Умм Жамилни доимо ҳимоя қилиши билан шуҳрат қозонган замонавий адиблардан Муҳаммад Жабр ла-Ҳарбийнинг сўзларига қулоқ тутинг: "Хотин-қизлар "Таббат" (сураси нозил бўлгани)дан буён бир хил ҳолатдадирлар. Ҳатто чиммат чиқгунига қадар ҳам бир хил эди, улар сотиш учун олинади, сотилади, кейин яна сотиш учун сотиб олинади".49
* Улардан бирининг мактабдаги ҳижобли қизлар ҳақида: "театр ва аукцион", "қора шишалар" деб сўз юритиши мазах ва масхаралашда юқоридагиларидан қолишмайди. Уларнинг кўчага ҳижоб билан чиқишларини: "Мудҳиш театр!" ва ўзларини эса "сотиладиган матоҳлар!", деб айтмоқда.50
Аёлнинг қутурган бўри галасига қулай ўлжа бўлиши ва ўзларининг оғуларини ёйиш ҳамда муслима аёлнинг ҳижобини қоралаш учун секуляристлар муҳим оммавий ахборот воситалари орқали шундай ҳаракат қилмоқдалар. Бунинг натжасида фазилат ва иффат йўқолади, ҳаёсизлик, зино ва разолат ботқоғига ботиш кўпайиб боради, охир оқибат эса, ахлоқи, қадриятлари ва динини сақлаб келаётган бу жамият, шаҳвоний қутуриш, оиланинг бузилиши ва фазилат ҳамда иффатга қарши курашиш зуғумидан азоб чекаётган ғарбий жамиятга айланади.
6 – Муҳаммад Ғаззолийнинг мазах ва масхаралари ҳам шариат ҳукмлари устидан мазах қилишга киради. У бир ерда: "Аҳли Ҳадис аёл киши учун бериладиган хун пулининг эркакникининг ярмига тенг дейдилар. Бу – моҳир Ислом фақиҳлари рад этган фикрий ва хулқий разилликдир!", деб айтган.51
Бироқ бу — ҳофиз ибн Мунзир ва бошқа илм аҳллари нақл қилган, Ислом Уммати иттифоқ қилган масала эканлиги мана бу мазахчининг ёдидан чиқиб қолганга ўхшайди.52
7 – Соқолни мазах қилиш. Мазахчиларнинг энг кўп қилган масхаралари мана шу бўлса ажаб эмас. Бошқача қилиб айтсак, исломий уйғониш сафида бўлган кўпсонли ёшлар бу мазахдан ўз насибаларини олганлар. Ҳатто соқол ҳақида: "Агар соқолда яхшилик бўлсайди авратдан чиқмас эди!"- деб айтилган журъатли сўзларни ҳам эшитганмиз!!
Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсон, нима сени улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?! У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган зот-ку! У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса (ўша сурат — шаклда) таркиб топтирди — ижод қилди-ку! (Инфитор: 6 – 8).
* Эй, соқол устидан кулиб масхараловчи! Сен бу соқолни эркаклар учун шундай имтиёзли шаклда Аллоҳ таоло яратиб қўйганини билмайсанми?!!
* Эй масхарабоз, сен– расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вожиблигини баён қилган ва уни юлишнинг бадали бир эркакнинг хун пули бўлган соқол қўйишни масхара қиласанми?!! Соқол мусулмонча эркаклик аломатларидан биридир! Ҳолбуки, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: "Мушрикларга хилоф иш тутинглар: мўйлабларни қисқартинглар, соқолларни тўла қўйинглар!".53
* Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Ол Шайх раҳимаҳуллоҳ: ""Соқол ифлос нарсадир", деган одам муртад бўладими?!" деб берилган саволга: "Унинг бир неч қирралари бор. Агар у одам расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу нарса собит эканини била туриб айтган бўлса, бу – расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарса устидан кулиш бўлиб, муртадлик ҳукмини берса бўлади"- деб жавоб берди.54
8 – Аллоҳнинг ҳукмлари устидан мазах қилиш кўринишларидан бири, кўпхотинлик устидан кулишдир. Бу офат Ислом умматига даюсликка рухсат бериб, кўпхотинликни таъқиқлайдиган ва эру-хотиннинг ҳар бири учун ўнлаб ўйнашларга катта йўл очиб берадиган авруполикларга аралашиш оқибатида кириб келди. Шунинг учун ҳам кўпхотинлик, ғарбпарастлар назарида кечирилмас жиноятга айланди. Зино, ҳамма нарса мумкин деб ҳисобланадиган ўлкаларга фасод ва ахлоқсизлик учун сафарга чиқиш эса "тараққиёт", "саёҳат" ва "кўнгил очиш" бўлиб қолди. Кўпхотинлик устидан кулишнинг мисолларидан бири, икки хотинга уйланган ва ақлдан озиб, саҳрога чиқиб кетиб, уйига қайтмаган бир одамнинг ҳаёти акс эттирилган филмни намойиш қилишдир.55
Бундан ташқари аввалги саҳифаларда мазахчи Салоҳ Жоҳиннинг: "Муҳаммад афанди тўққиз хотиннинг эри!"- деб айтган масхаромуз сўзини зикр қилган эдик.
9 – Аллоҳнинг ҳукмларини мазах қилишнинг турларидан бири шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг баъзи бидъатчилардан нақл қилган нарсалардир: "Уларнинг айримлари ўзи ихлос қилган ва эргашаётган шайхидан унинг қабри олдида ёки қабридан бошқа ерда ёрдам сўрашни ўзига нисбатан саҳар пайти масжидда дуо қилишдан кўра фойдалироқ, деб ўйлайди ва уни бу йўлдан тавҳид томон бурмоқчи бўлган одам устидан кулади. Уларнинг кўпчилиги масжидларни харобага айлантириб, сағаналарни обод қиладилар! Бу – уларнинг Аллоҳ, Унинг оятлари ҳамда расулини камситиш ва ширкни улуғлашлари эмасми?! Уларнинг баъзилари бирон бир байтни эшитса Қуръон оятларини эшитган пайтида ҳис этмайдиган тавозе ва қўрқувни ҳис қилади. Балки улар Қуръон оятларини ўзлари учун оғир кўриб, уни ва тиловат қилувчи қориларни масхара қиладилар. Бу билан уларда Аллоҳ таолонинг ушбу оятларидаги маъноларидан улуш ҳосил бўлади: "Айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми?!" (Тавба: 65).
10 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийиниш, ейиш, ўнг томондан бошлаш, мисвок ва бошқа суннатлари устидан кулиш ҳам бор. Улар кўп бўлганидан санаб чиқиш ҳам қийин.
Достарыңызбен бөлісу: |