Таълим вазирлиги



бет1/5
Дата17.07.2016
өлшемі1.68 Mb.
#205035
  1   2   3   4   5


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС

ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР НОМИДАГИ АНДИЖОН

ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ


Қўлёзма ҳуқуқида

АРТЫКОВА ДИЛАФРУЗ МУХАММАДЖОНОВНА

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётдаги иштироки (1924-1941 йй.)

Мутахассислик: 5 А 220201 «Ватан тарихи»

Тарих магистри даражасини

олиш учун

Д И С С Е Р Т А Ц И Я

Иш кўриб чиқилди ва Илмий раҳбар

ҳимояга қўйилди _______ т.ф.н., доц.Д.Т.Собирова

«Ўзбекистон тарихи»

кафедраси мудири Илмий маслаҳатчи

т.ф.н., доц. М.Ғ.Абдуллаев _______ т.ф.д., проф. И.А.Алимов
_____ «____» ______2012 й.

Андижон - 2012


М У Н Д А Р И Ж А
КИРИШ . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . ….3

I БОБ. ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАРИНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ҲАЁТДАГИ ЎРНИ. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . …16

I.1. Хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этишдаги муаммолар .. . ….....................................................................................................................16

I.2. “Ҳужум” ҳаракатининг ташкил этилиш сабаблари ва унинг оқибатлари............................................................................................... ... …..24

I.3. Ўзбекистонда саноат ва пахтачиликни ривожлантиришда хотин-қизларнинг иштироки: ютуқлар ва муаммолар. . . . . . .. . . . . . . . . .. . . …….32
II БОБ. РЕСПУБЛИКА ХОТИН-ҚИЗЛАРИНИНГ МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТГА ЖАЛБ ҚИЛИНИШИ . . . . . . . . . . . . . . . . ……49

II.1. Таълим ва илм-фан соҳасида хотин-қиз кадрларининг ўрни..….49

II.2. Хотин-қизларнинг адабиёт ва санъат соҳасидаги фаолияти…....59
ХУЛОСА . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . …..72

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБАЛАР ВА АДАБИЁТЛАР

РЎЙХАТИ . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 78

ИЛОВАЛАР. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . …..89
КИРИШ

Мавзунинг долзарблиги. Мустақиллик шароитида жамиятдаги янги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида, жамият аъзоларини эркин, демократик тафаккур ва миллий ғоя руҳида тарбиялаш вазифаларини бажаришда тарих фанининг аҳамияти ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият-енгилмас куч” номли китобида таъкидлаганидек: “Албатта ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди”1. Истиқлол йилларида Ўзбекистон тарихининг кўпгина масалалари ўзининг янги, илмий жиҳатдан холис ва ҳаққоний ечимини топа бошлади. Бу айниқса, бир неча ўн йиллар давомида сохталаштирилиб, бир ёқлама талқин қилиб келинган совет даври тарихини ўрганишда яққол кўзга ташланади.

Ўзбекистон давлат суверенитетига эришганидан кейин ўзбек халқи тарихини, аввало, мамлакат тарихшунослигида бузиб кўрсатилган совет даври тарихини миллий мустақиллик мафкураси нуқтаи назаридан танқидий мушоҳада қилиш учун зарур шарт-шароит юзага келди.

Ватанимиз тарихининг совет мустамлакачилиги даври билан боғлиқ саҳифаларига бугунги кун нуқтаи назаридан холисона баҳо бериш долзарб аҳамият касб этади. Жумладан, XX асрнинг 20-40 йиллари даврида Ўзбекистондаги хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётдаги иштироки масаласини тадқиқ этиш бугунги кунда ўрганилиши жоиз объектлардан бири ҳисобланади. Чунки, халқимиз маънавиятининг юксалишида тадқиқ этилаётган совет даври тарихини ҳозирги мустақиллик даври билан қиёсий таққослаш миллий истиқлолни янада муносиб қадрлаш имконини беради. Зеро, эркин ва фаровон ҳаётни юксак маънавиятсиз қуриб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2005 йил 14 январда Москванинг «Независимая газета»си мухбири саволларига берган жавобида совет ҳокимиятининг моҳиятини очиб кўрсатиш билан биргаликда, бугунги кунда республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида шундай деган эди: “Масаланинг муҳим жиҳати – ислоҳотларнинг одамлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётганида. Биз нафақат сиёсий жабҳани, балки иқтисодиётни ҳам, ижтимоий ҳаётни ҳам, маънавий-ахлоқий соҳани ҳам ислоҳ қилишимиз зарур”2.

Хусусан, 70 йилдан ортиқ давр ичида халқимиз бошидан кечирган маънавий тазйиқларнинг ўзбек хотин-қизлари ижтимоий ҳаётига таъсири, совет тоталитар тузумининг маҳаллий миллат хотин-қизларига бўлган муносабати масаласи ўзининг илмий асосланган талқинини кутаётган муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов айтганидек: «Бутун маърифий дунёда хотин-қизлар манфаати деган алоҳида масала бор ва уни ўрганиш, ечимини топишга жуда катта аҳамият берилиши бежиз эмас. Агар аёлларга етарли эътибор берилмаса, бундай жамиятнинг келажаги бўлмаслиги ҳақида, ўйлайманки, узоқ гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ”3. Бу борада яқин ўтмиш, совет даври тажрибасини синчиклаб ўрганиш ва ундан зарур сабоқлар чиқариш муҳим аҳамиятга эга.

Мустақиллик йилларида тарихий ҳақиқатни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, шубҳасиз, бу жараён осон кечгани йўқ. Сабаби, биринчидан, мустақилликнинг дастлабки йилларида эски мафкура асосида тарбияланган тарихчиларнинг совет тарихшунослиги анъаналаридан бирданига воз кеча олмаганлиги билан боғлиқ бўлса, иккинчидан эса, миллий қадриятларимизга бегона бўлган коммунистик мафкурадан воз кечиш асносида унинг ўрнига янги миллий ғоя ва миллий мафкурани бирданига бера олмадик. Унинг шаклланиши учун эса, вақт талаб қилинар эди. Бу ижтимоий-маънавий ва сиёсий муаммо мустақилликни босқичма-босқич мустаҳкамлаш жараёнида ҳал қилиб борилди.

Совет ҳукумати ва коммунистик партиянинг хотин-қизларга муносабатини тадқиқ этиш айни пайтда илмий нуқтаи назардангина эмас, балки, жамиятда ҳозирги кунда пайдо бўлган ва ўтмишни ўрганишга қаратилган жамият ижтимоий буюртмаси туфайли ҳам зарур. Чунки, аҳолисининг 51,7 фоизини, фаол меҳнат ресурсларининг 45 фоизини аёллар ташкил этган1 Ўзбекистон Республикаси учун уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, мавқеи, фаоллик даражаси, маънавий, тарихий қадриятларни ўзлаштириш ва янги қадриятларни шакллантиришдаги роли жамият тараққиётини белгиловчи энг муҳим омиллардан биридир. Шундай экан, ўтмишда йўл қўйилган хато-камчиликлар, тоталитар тузум давридан қолган салбий оқибатларни ўрганиб, зарур хулосалар чиқариш ҳам ўрганилаётган мавзунинг долзарб аҳамият касб этишини белгилайди.

Президент И.А.Каримов хотин-қизларга муносабат масаласида ўз фикрларини билдириб, шундай деган эди: «Биз хотин-қизларнинг жамиятдаги, оиладаги аҳволини тубдан ўзгартирмоғимиз зарур. Хотин-қизларга муносабат жамиятимизнинг маънавий, ахлоқий етуклигининг ўлчови бўлиб хизмат қилиши керак».2 Демак, совет ҳукуматининг аёллар масаласидаги сиёсатини ўрганиш орқали, ўша тузумдаги жамият маънавий етуклигига ҳам баҳо берса бўлади.

Президентнинг 1995 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармони, 1999 йилнинг “Аёллар йили” деб эълон қилиниши, 1999 йил 17 мартдаги “Хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги тарихий Фармон, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўта зарарли ва ўта оғир меҳнат шароитларида ишлаётган аёлларнинг даромадига имтиёзли солиқ солиш тўғрисида”ги қарори, Олий Мажлиснинг “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги қонуни, 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон, 2004 йил 30 июндаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-3434-сонли Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори3, 1999 йил 10 июндаги 2326-сонли “Зулфия номидаги давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз хотин-қизларининг жамиятни, давлатни бошқаришдаги билимлари, ақлу заковати, фаҳму фаросати ва имкониятларига бўлган ишончининг ёрқин намунасидир4. Мазкур ҳужжатларда аёллар ва оиланинг ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат мустақиллигини мустаҳкамлашда аёлларнинг ўз ўрнини эгаллашларига қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг хотин-қизларга нисбатан олиб борган сиёсати моҳиятини тарихий жиҳатдан ўрганиш ҳам илмий-назарий, ҳам иқтисодий-амалий аҳамият касб этиб, тадқиқот мавзусининг долзарблигини тасдиқлайди.



Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Тарихийлик нуқтаи назаридан мазкур мавзунинг айрим жиҳатлари алоҳида ҳолда тадқиқ этилган мақолалар билан чекланган бўлиб, яхлит тарзда илмий ўрганилмаган. Тадқиқот ишида фойдаланилган илмий адабиётлар хронологик жиҳатдан совет даври адабиётлари ҳамда Ўзбекистоннинг миллий истиқлолга эришганидан кейинги илмий тадқиқотларга бўлинади.

Совет даври тадқиқотларида асосан сохта коммунистик мафкуранинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётдаги «инқилобий ўзгартирувчи» роли ижобий баҳоланиб, мазкур инқилобий усулнинг шарқ хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни, уларнинг ижтимоийлашувига таъсири совет ҳукумати ва коммунистик партиянинг манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ўрганилган, синфийлик нуқтаи назаридан ёритилган. Тоталитар тузум даври адабиётларининг моҳиятини хотин-қизлар масаласининг «ҳал қилинганлиги» ҳақидаги ғайри илмий хулоса ташкил этган ҳамда хотин-қизлар “озодлиги”нинг моҳияти коммунистик партиянинг мақсад-манфаатлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинган1.



1985 йил апрель ойидан бошланган «қайта қуриш сиёсати» туфайли жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётидаги мавжуд муаммолар билан бирга хотин-қизларининг ижтимоий муаммолари ҳақидаги масалалар ҳам 80-йиллар охирига келиб ўртага ташлана бошлади. Бунинг сабаби «қайта қуриш сиёсати» туфайли юзага келган «янгича фикрлаш», демократия ҳамда ошкоралик жараёнининг ўсиб бориши, ҳукмрон мафкура тазйиқининг бўшашуви натижасида миллий ўзликни англашнинг ўсишига, тарихий ҳақиқатнинг тикланишига ижтимоий зарурат туғилиши билан боғлиқ эди.

Қайта қуриш” йилларида хотин-қизлар кенгашлари уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига фақатгина, аёлларни моддий рағбатлантирувчи (турли дам олиш ёки соғлиқни тиклаш масканларига йўлланмалар берувчи) ташкилотга айланиб қолганлиги туфайли амалда ўз аҳамиятини тўхтатган эди2. Шунингдек, 80-йиллардаги хотин-қизлар масаласига бағишланган асарларда илк маротаба хотин-қизларни ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб этиш муаммолари, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, маиший турмуш тарзига эътиборни кучайтириш каби масалалар ўртага ташланди3. Жумладан, Р.Х.Аминова «Қайта қуриш шароитида Ўзбекистонда социал ривожланишнинг долзарб муаммолари» номли рисоласида аёлларнинг олий умумтаълим даражаси уларнинг касбий машғуллигига мос келмаётганлиги, уларнинг кам малакали ёки малакасиз меҳнат билан машғуллиги эркакларга нисбатан ортиқ эканлигини таъкидлаб, шундай деб ёзади: «Жумҳурият саноати, қурилиши, қишлоқ хўжалигида қўл меҳнати билан машғул аёллар улуши мамлакатга нисбатан юқори. Республика саноатида қўл меҳнати салмоғи 35,3 фоизни ташкил этса, жумладан аёллар орасида 42,5 фоиздан иборат бўлди. Ҳали аёлларнинг оғир жисмоний меҳнати тугатилмаган»1. Олима бу муаммоларнинг икки гуруҳини кўрсатиб ўтади, яъни биринчиси, аёллар меҳнати одатда кўп бўлган ишлаб чиқаришда техник жиҳозлаш даражасининг етарли эмаслиги, иккинчиси эса, аёлларни касбга тайёрлаш қониқарли даражада эмаслигидан иборат.



«Қайта қуриш» даври тадқиқотларининг муҳим хизмати шунда эдики, унда хотин-қизлар ҳаракатини баҳолашга янгича услубий ёндошувнинг ишлаб чиқилиши зарурлиги асослаб берилди. Лекин, коммунистик мафкуранинг давом этиб келаётган ҳукмронлиги, мустабид тузумнинг сақланиб турганлиги боис, бу масаланинг тўлиқ ҳал қилинишига муваффақ бўлинмади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Д.А.Алимованинг Ўрта Осиё хотин-қизлари масаласининг тарихшунослигига оид илмий монографияси ва бир қатор илмий мақолалари, докторлик диссертацияси советларнинг хотин-қизларга нисбатан сиёсатининг мустамлакачилик моҳиятини очиб беришда дастлабки қадам бўлди2. Тарихчи олиманинг оила ва жамиятда аёл мавқеи билан боғлиқ анъанавий қарашлар ҳамда тарихий ҳақиқат талқинига оид мақоласи3да мазкур мавзудаги турли ижтимоий қарашлар, уларнинг тарихий илдизлари илк бор илмий асосда ёритиб берилди.

М.Тўхтахўжаеванинг хотин-қизлар масаласига бағишланган «Ўтмиш толиқтирган аёллар» асарида хотин-қизлар аҳволининг яхшиланиши жамиятга фақат ижобий таъсир кўрсатади, деб таъкидлайди. У “…бугунги кун хотин-қизларини жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳаларига қадимгидек интилаётганини ҳеч ким инкор этмайди. Кечагина совет мактаблари ва университетларида ўқиган хотин-қизлар бугунга келиб ўз интеллектуал ва таълим салоҳиятини тўла рўёбга чиқараётган ишбилармонликни танлади”,-деб ёзади.4

Я.Абдуллаеванинг Қорақалпоғистон хотин-қизларининг ҳаёти билан боғлиқ “Қорақалпоғистон хотин-қизлари: Кеча ва бугун (XIX асрнинг охири ва XX аср)” номли махсус монографияси ва мақолаларига алоҳида тўхтаб ўтиш жоиз, чунки, уларда архив ҳужжатларига асосланган илмий хулоса ва кенг маълумотлар берилган бўлиб, хотин-кизлар масаласини тарихий аспектда ўрганишга муносиб ҳисса бўлди1. Я.Абдуллаева ўз монографиясида қорақалпоқ хотин-қизларининг XIX асрнинг охири ва XX аср, яъни сўнгги 130 йилга яқин даврдаги тарихий тараққиёт мисолидаги ижтимоий-сиёсий аҳволи, жамият тараққиётидаги ўрни ва ролини кўрсатиб берган.

Н.Жўраеванинг «Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни (ХХ асрнинг 20-30 йиллари)» мавзусидаги номзодлик диссертациясида совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидаги хотин-қизларга нисбатан муносабатдаги инқилобий ўзгаришлар билан боғлиқ сиёсатнинг моҳиятини миллий истиқлол нуқтаи назаридан илмий таҳлил қилди2.

Мустақиллик йилларида янги тарихий тафаккур руҳида, янгича ёндошув ва методология асосида тарих фани ва ижтимоий фанларнинг иқтисод, фалсафа ва ҳуқуқ сингари деярли барча соҳаларида аёллар аҳволини ўрганишга эътибор қаратилган3. Тадқиқотлар хотин-қизлар масаласи тарихининг у ёки бу жиҳатларига бағишланган бўлиб, муаммонинг айрим жиҳатлари ўз ифодасини топган, махсус бўлмаса-да, бироқ, ўз танлаган мавзулари бўйича ўрганилаётган тадқиқотга тегишли айрим хулоса ва маълумотлар берилган. Шубҳасиз, уларнинг барчаси Ўзбекистон хотин-қизлари тарихи ҳақидаги тасаввурларимизни янада кенгайтиради, илмий хулосалар чиқариш жараёнида назарий аҳамият касб этади.

1924-1941 йиллар даврида совет ҳокимиятининг Ўзбекистондаги хотин-қизларга нисбатан муносабати масаласида олиб борган сиёсати ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий роли масаласи хорижий тадқиқотчилар томонидан ҳам кенг ўрганилган4. Бироқ, уларнинг баъзилари хотин-қизлар масаласида совет ҳокимияти олиб борган сиёсатни ижобий баҳолаган бўлса, бошқа бирлари унга салбий муносабат билдирган1. Мазкур жиҳатлар эса ўз навбатида мавзуни алоҳида тадқиқот объекти сифатида танлаб олишга имкон берди.

Тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари. Муаммонинг илмий назарий жиҳатдан долзарблиги ва муҳимлиги, унинг тадқиқ этилиш даражасидан келиб чиққан ҳолда танланган даврий доирада хотин-қизларга муносабат масаласида совет мустабид тузуми давлат сиёсатининг келтириб чиқарган оқибатларини янги концептуал-методологик асосда ўрганишдан иборат мақсад белгиланди.

Магистрлик диссертациясининг устувор мақсадидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш аниқланди:

- ХХ асрнинг 20-40-йилларидаги совет мустабид тузумининг Ўзбекистон хотин-қизларини ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этишдан кўзлаган мақсадининг мустамлакачилик моҳиятини очиб бериш;

- Ўзбекистон хотин-қизларининг ижтимоий аҳволини холисона ўрганиш;

- хотин-қизлар меҳнатининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини илмий мушоҳада қилиш;

- “Ҳужум” ҳаракатининг келиб чиқиш сабабларини ва унинг оқибатларини илмий очиб бериш;

- республика саноати тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни ва муаммоларини манбалар асосида талқин қилиш;

- Ўзбекистонда пахтачиликни ривожлантиришда хотин-қизларнинг иштироки ва унинг оқибатларини илмий таҳлил қилиш;

- хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза этиш муаммоларини ўрганиш;

- Ўзбекистон хотин-қизларининг маданий-маънавий ҳаётга жалб қилиниши: ижобий ва салбий натижаларни илмий ўрганиш;

- фан ва маориф тизимида хотин-қиз кадрлар тайёрлашдаги муаммо ва камчиликларни тарихий ҳужжатларга таяниб асослаб бериш;

- Ўзбекистон хотин-қизларининг санъат соҳасидаги фаолияти, эришилган ютуқ ва камчиликларни талқин қилиш.

Тадқиқотнинг манбавий асоси бўлиб илк манба сифатида жалб этилган кенг ҳужжатли материаллар хизмат қилди. Тадқиқот манбаларини шартли равишда икки гуруҳга ажратиб кўрсатиш мумкин: съезд ва конференция материаллари ва бюллетенлари, шунингдек, давлат, партия, жамоат ташкилотлари, хўжалик идораларининг расмий ҳужжатлари, юқори идораларга юборилган хат ва мурожаатномалар ҳамда даврий матбуот материаллари.

Иккинчи гуруҳга Ўзбекистон раҳбар ходимларининг маъруза ва мақолаларидан, даврий матбуот материаллари (“Правда”, “Правда Востока”, “Совет Ўзбекистони” газеталари, “Фан ва турмуш”, “Ўзбекистонда ижтимоий фанлар”, “Саодат” журналлари)дан кенг фойдаланилди.

Тадқиқот жараёнида магистрант томонидан газета, журнал ва адабиётлардан олинган барча манбалар бир-бирига ўзаро таққосланди ва илмий таҳлил этилиб, улардан танқидий ёндошган ҳолда диссертация ишида фойдаланилди. Шунингдек, мавзуни тадқиқ қилиш жараёнида бошқа тадқиқотчиларнинг материалларига муносабат билдирилди, мавжуд материаллар қиёсий таҳлил қилинди, шу асосда амалий ва назарий хулосалар чиқарилди.

Диссертациянинг назарий ва услубий асослари. Мавзуни ёритиш жараёнида ижтимоий воқеликни билиш ва ўрганишнинг диалектик методи, унинг илмийлик, холислик, тарихийлик, узвийлик тамойилларига таянилди. Асосий эътибор юз берган воқеаларнинг ўзаро диалектик алоқадорлигига қаратилди. Тадқиқот жараёнида мавзуга миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий истиқлол ғоясидан келиб чиққан ҳолда ёндашилди. Шунингдек, тадқиқотнинг назарий асосини Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг миллий истиқлол мафкурасига бағишланган асарлари, 1998 йил 26 июнда бир гуруҳ тарихчи олимлар билан бўлган учрашувда берган методологик ва концептуал аҳамиятга молик бўлган кўрсатмалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тарих фанини ривожлантириш борасида қабул қилган қарорлари ташкил этди.

Тадқиқотда назария ва амалиётнинг бирлигини таъминлайдиган, тарих ва замонавийликни боғлайдиган холислик, аниқлик ва тараққиётнинг синтезини амалга оширишга имкон берадиган ҳамда услубий ёндошувга асосланган ҳолда муаммоли-хронологик, қиёсий-таҳлилий методлардан фойдаланилди.

Шу билан бирга, республикамизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий соҳаларидаги ролини кучайтириш асослаб берилган республика Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган қонунлар, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида ишлаб чиқилган дастурлар муҳим аҳамият касб этди.



Тадқиқотнинг илмий янгилиги, аввало, мавзунинг мустақиллик мафкураси асосида тадқиқ этилиб, манбаларга танқидий тарихий жиҳатдан ёндошилиб, кўплаб асарлар ва даврий матбуот материаллари асосида илмий-назарий хулосалар қилинганлигида кўринади.

Ушбу тадқиқот янгича қарашлар, миллий ғоя ва янги методология асосида ҳали тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган долзарб масалани, яъни совет тоталитар тузумининг аёллар масаласидаги сиёсати ва унинг оқибатларини янги ҳамда кўпчилиги маълум бўлмаган манбаларга асосан биринчи бор ўрганилганлигидадир.

Тадқиқотнинг амалий аҳамияти. Ушбу тадқиқот Ўзбекистон тарихининг бизга ҳали номаълум бўлган қирраларини, айниқса, совет даври тарихининг сохталаштирилган ва четлаб ўтилган босқичларини, тарихий воқеликларни тўғри ёритишда, уни тўлдириш, аниқлик киритиш ва холисона баҳолашда ёрдам беради. Магистрлик иши материаллари ушбу даврни янада чуқурроқ ва атрофлича тадқиқ қилиш учун имкон яратади.

Тадқиқотнинг назарий ва амалий аҳамияти қуйидагилардан иборат:

- ҳужжатли материаллар бир тизимга солинган тадқиқот ишидаги назарий умумлаштирилган хулосалар советларнинг хотин-қизларга муносабатини ёритишдаги бўшлиқларни тўлдиришга ёрдам беради;

- тадқиқот натижалари хотин-қизлар масалаларини ўрганувчи илмий изланувчилар учун назарий қўлланма ва ахборот манбаи бўла олади;

- мавзу таҳлилидан чиқарилган хулосаларни жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг имкониятларидан фойдаланиш, гендер тенгсизлиги муаммоларини ижобий ҳал қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун аёлларга хос сиёсат концепциясини ишлаб чиқишда ижодий ўрганиш мумкин.

Диссертация ишининг таркибий тузилиши. Иш кириш, 2 боб, 5 бўлим, хулоса ҳамда фойдаланилган манбалар ва адабиётлар рўйхати, иловадан иборат. Магистрлик ишининг умумий ҳажми 88 бетни ташкил этади.
I БОБ. ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАРИНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ҲАЁТДАГИ ЎРНИ
I.1. Хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этишдаги муаммолар
Совет мустабид тузуми йилларида коммунистик партия хотин-қизларга нисбатан муносабатда ўз мақсад-манфаатларидан келиб чиққан ҳолда сиёсат олиб борди, шунинг учун ҳам мазкур масалани мафкуравий тазйиқ остида ҳал этишга ҳаракат қилиниши оғир оқибатларга олиб келди. Яъни, совет ҳокимияти ва коммунистик партия ўз олдига «аёлларнинг бутунлай янги авлодини, уларни фақат оилани ўйлайдиган шахслар эмас, балки кўпроқ жамият ижтимоий, сиёсий ҳаётида эркаклар билан тенг асосда фаол иштирок этишни истайдиган шахслар қилиб тарбиялашни асосий вазифа қилиб қўйган эди”1. Шунинг учун хотин-қизларни ҳар соҳада эркаклар билан “тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш”нинг бутун бир тизими ишлаб чиқилдики, унинг асосини хотин-қизлар фаолиятига таъсир этишнинг мафкуравий ва ишлаб чиқариш омиллари ташкил этди.

20-йиллар ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин қизларни озод қилиш муаммоси алоҳида ўрин эгаллаган. Республикадаги мавжуд ижтимоий ташкилотлар бу муаммони хотин-қизлар ўртасида саводсизликни тугатиш, уларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш орқали ҳал этишга уринган. Бу тадбирлар аёлларнинг оилани эмас, балки, жамиятда эркаклар билан тенг асосда фаол иштирок этишни истайдиган бутунлай янги авлодини тарбиялаш учун хизмат қилган2.

Янги иқтисодий сиёсат туфайли рўй берган ўзгаришларнинг муҳим натижаларидан бири аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги сезиларли бурилиш бўлди. Очарчилик даҳшати енгиб ўтилди. Эркин хўжалик юритиш, товар-пул муносабатларининг тикланиши қишлоқ меҳнатчиларининг ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини бир оз бўлсада авж олдирди.

Иқтисодиётнинг тикланиши ва мустаҳкамланишига қараб республиканинг миллий даромади ортиб борди, у 1924-25 хўжалик йилидаги 20338 минг рублдан 1932 йилда 837,8 млн. рублга етди3.

1925-1929 йилларда ўтказилган ер-сув ислоҳоти қишлоқдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёнларига сезиларли таъсир қилди. Бу сиёсат аёллар ижтимоий ҳаётини ҳам четлаб ўтди. Ислоҳот жараёнида қишлоқ ҳаёти тузилишида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Аввало деҳқонларнинг ўртаҳол бўлиб бориш жараёни кўзга ташланди.

20-30 йилларда совет жамиятининг энг оммавий ташкилоти-касаба союзларида ҳам хотин-қизларнинг роли катта бўлган. Улар касаба союз аъзолари сонининг ярмидан кўпроғини, 52 фоизини ташкил этган. Республика касаба союзлари кенгаши таркибида 215 нафар хотин-қиз бўлиб, улар 47 фоизни ташкил этишган4. Хотин-қизлар матбуоти ҳисобланган “Коммунистка” журналининг 1930 йилда ва “Янги йўл” журналининг эса, 1934 йилда чоп этилиши тўхтатилгандан сўнг, хотин-қизлар ўртасида олиб бориладиган бутун ишларнинг масъулияти Меҳнат ва турмушни яхшилаш Комиссиялари зиммасига ўтган. Комиссия таркибида республика бўйича 100 дан ортиқ аъзо бўлиб, улар комиссия зиммасидаги катта ҳажмдаги ишларни бажариш имкониятидан йироқ эди. Шунинг учун комиссиялар 1930 йил май ойида иттифоқ республика, вилоят, шаҳар ва жойлардаги ижроия қўмиталарига айлантирилиб1, 1932 йилда эса ВКП(б) МҚнинг 5 январдаги қарори билан ўз вазифасини бажариб бўлган орган сифатида тугатилган эди2. Шундан сўнг, хотин-қизлар бўлимларининг вазифалари фирқа қўмитаси ва унинг бўлимларига ўтиб, махсус секторга айлантирилди3. Мазкур секторлар 1934 йилгача амалда бўлиб, улар зиммасига совет ҳукумати ва коммунистик партия томонидан «хотин-қизлар масаласининг ҳал бўлганлиги» ҳақидаги ғайриилмий хулосани илмий-амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш вазифаси юклатилган эди.



Шунингдек, аёлларнинг тортинчоқлиги ҳақидаги анъанавий тасаввур, лавозимга кўтаришда танлов йўлининг йўқлиги аёл кишига раҳбарликка даъвогарлик учун имкон бермас эди, бу эса кўпгина эркак раҳбарлар манфаатига мос тушарди. Натижада, халқ хўжалигида ишловчиларнинг ярми хотин-қизларни ташкил этса-да, раҳбарлик лавозимларида улар ниҳоятда камчиликни ташкил этишар эди. Кейинги даврларда ҳам бу кўрсаткич мақтанарли даражада эмаслиги маълум.

Аёллар пахтачилик ва саноатни ривожлантришга ҳам муносиб ҳисса қўшдилар. Улар саноат корхоналарида ва колхозларда тинимсиз самарали меҳнат қилдилар.

20-йилларда иттифоқ тўқимачилик саноати учун етишмаган пахтани Америка, Миср, Ҳиндистон, Туркия, Эрон ва бошқа чет мамлакатлардан сотиб олинар эди. Натижада совет давлатининг катта миқдордаги валютаси чет элга чиқиб кетар эди. Шунинг учун ҳам Совет ҳукумати иттифоқнинг асосий пахта базасига айлантирилган Ўзбекистонда пахтачиликни бутун чоралар билан кенгайтиришга, ялпи пахта ҳосилини кўпайтиришга интилар эди.

Марказнинг мустамлакачилик сиёсати туфайли Ўзбекистон пахта хом ашё манбаига айланди. Пахта ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар – пахта ёғи, совун, кунжара, шелуха ва бошқалар миқдори йил сайин ортиб борди ва шунга мос равишда бу хом ашёларни Россияга ташиб кетиш ҳам кенгайиб борди.



Ўзбек деҳқонларининг оғир меҳнати билан яратилган 1926 йилдаги пахта ҳосили Ўзбекистондан Россиянинг тўқимачилик фабрикаларига юборилган, 1926/27 йилнинг биринчи ва иккинчи чоракларида, яъни 1926 йилнинг октябридан 1927 йилнинг 1 апрелига қадар Ўзбекпахта ташкилоти тайёрлаган пахта толаларидан 111516 тонна ёки 6808476 пуд тола 9668 та вагонда Марказга ташиб кетилган. Учинчи чоракда, яъни 1927 йил 1 апрелдан 1 июлгача Ўзбекпахта тайёрлаган пахта толасидан яна 10256 тонна ёки 631687 пуд 977 вагонда Россияга юборилган. Бундан ташқари, 1926/1927 йилнинг I-III чоракларида 282648 пуд линтер пахта ва 46336 пуд чахбут пахта тўқимачилик фабрикаларига жўнатилган. Тўртинчи чоракда (июль-сентябрь) одатда фабрикаларга оз тола юборилган. Ўзбекпахта ташкилотининг маълумотига кўра, 1926/27 йилда Москвага 10817 та вагонда 122235 тонна тола жўнатилган. Ўзбекистондан жўнатилган пахтанинг асосий қисми Москва яқинидаги Рибное станциясига ва, қисман, Москвадаги омборхоналарга юборилган. У ердан пахта толаси юкланган транзит поездлар тўппа-тўғри тўқимачилик фабрикаларига юборилган4.

Тадқиқот жараёнида совет ҳокимияти ва коммунистик партиянинг хотин-қизлар орасида олиб борган сиёсати қарама-қарши характерга эга бўлиб, ижобий ва салбий аҳамият касб этганлиги аниқланди (1-Иловага қаранг). Ижобий томони шундаки, ҳақиқатдан ҳам аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилиги амалда қонун орқали мустаҳкамлаб қўйилди. Бу жараён ўз навбатида хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлаш, уларни яратувчанлик, жамоатчилик ишларига жалб этишда муайян ютуқларга эришишга сабаб бўлди. Масаланинг салбий томони эса, советлар томонидан олиб борилган ўзбек хотин-қизларининг сиёсий ва ҳуқуқий онгини шакллантирмасликка қаратилган сиёсат туфайли маҳаллий миллат вакилаларида миллий ўзликни англаш ва мустақиллик учун курашишга зарур бўлган туғма эҳтиёжларнинг уйғонишига йўл қўйилмади.

Аёлларнинг машаққатли ҳаёти, у ёки бу кўринишдаги фожеалари сабаби ижтимоий-сиёсий тузумдан, жамиятнинг ўзидан изланмай, бош айбдор деб, дин ва шариат ҳисоблангани ҳолда эътиқод эркинлигига нисбатан жанговар атеизм сиёсати олиб борилди.

Шунинг учун ҳам хотин-қизлар масаласи муаммоларини ҳал этишга бағишланган хорижий мамлакатлар томонидан қабул қилинган кўплаб халқаро ҳужжатлар собиқ совет ҳукуматининг эътиборини тортмади1. Мисол учун, 1935 йил 21 июнда Женевада қабул қилинган «Ишнинг давом этиш муддатини ҳафтасига 40 соатга қисқартириш тўғрисида”ги 47-Конвенция, 1936 йил 24 июнда қабул қилинган «Ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар тўғрисида”ги Конвенция, 1919 йилда Женевада қабул қилинган ва 1952 йил 28 июнда қайта кўриб чиқилган «Оналикни муҳофаза этиш тўғрисида”ги 103-Конвенция, 1979 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Нью-Йоркда қабул қилинган ва 1981 йилда кучга кирган “Хотин-қизлар ҳуқуқларини камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция шулар жумласидандир. Натижада, совет даврида аёлларнинг ҳуқуқлари жаҳон ҳамжамияти хотин-қизларидан ижтимоий муҳофазалаш борасида анча орқада қолган эди2.

Аёллар муаммосига тааллуқли камчиликларни жаҳон миқёсида умумижтимоий ҳодиса эканлигининг эътироф этилиши ҳамда бу камчиликларни изчиллик билан бартараф этиб боришга ҳаракат қилиниши, аёлларнинг ижтимоий ҳаётга аралашуви, уларнинг жамиятдаги мавқеини оширди. Аёлларга турли фаолият майдонини яратиб берди. Улар моддий қарамликдан қисман қутулиб, ўз истеъдод ва қобилиятларини тўла намоён этиш имкониятига эга бўлдилар. Бу ҳодиса, деярли барча мамлакатларнинг аёллар бўйича олиб борган сиёсатини, уларга муносабатини ўзгартиришга олиб келди. Миллат ва жамиятнинг келажаги аёл фаолиятининг иштироки билан тўлиқ эканлигини эътироф этишга, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасида илм-фан, техника, ишлаб чиқаришда, бошқарувда уларнинг фаол иштирок этувига эришган тақдирдагина жамият ўз ривожида мукаммал йўналишига эга бўлиши мумкин эканлигини жаҳон аҳли тушуниб етди. Аёл ночор ва қўрқоқ ерда ҳаёт ҳам ночор ва қўрқинчга тўла эканлиги ҳар томонлама, ҳар ерда исботланди. Ночор аёл қудратли ўғил ва ўктам қизларни туғиб, тарбиялай олмаслиги аниқланди. Бу жамиятнинг феминизациялашувига йўл очди ҳамда аёлларнинг турли ижтимоий соҳаларда катта ютуқларни қўлга киритишига имконият яратди. Шунга қарамасдан, ҳали биронта мамлакатда ҳам аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эришганлари йўқ3.

Уруш йилларидаги совет ҳукумати ва коммунистик партиянинг ижтимоий ҳамкорликни кўзлаб динга нисбатан вақтинчалик курашни тўхтатиши лозимлигидан келиб чиқиб, “Курашчан худосизлар Иттифоқи”нинг Марказий Кенгаши тугатилди. Аммо, урушдан кейинги йиллардан бошлаб атеизм бўйича тарғибот ишлари яна давом эттирилди4.

Ўрганилаётган даврда хотин-қизларнинг фаолияти тоталитар тузум томонидан махсус “қолип”га солинган5, уларга нисбатан ўта мафкуралаштирилган сиёсат олиб борилган бўлсада, ўзбек хотин-қизлари ўзларининг инсонпарварлигини, миллий қадриятларини сақлаб, доимо уларга содиқ қола олди.

Маълумки, 40-йилларнинг биринчи ярми эрксевар халқларнинг жаҳон ҳукмронлигини эгаллаш мақсадида босқинчилик қилган фашизмга қарши кураши билан изоҳланади. Бу оғир дамларда нафақат эркакларнинг, балки биринчи галда хотин-қизларнинг ҳам метин иродалари катта синовдан ўтди. Ўзбек хотин-қизлари Ватан сўзини қанчалик теран ҳис этишларини ўша оғир йилларда янада ёрқинроқ намоён этдилар. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ибораси билан айтганда: “Уруш йиллари Ўзбекистон тарихининг узвий бир қисми. Биз тарихимиздан бирор саҳифани ҳам олиб ташламаймиз. Бу тарих-бизники, уни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”2.

Иккинчи жаҳон уруши фронтларида 1,5 миллион нафар ватандошимиз жангга кирган бўлса, республикада ўша пайтда қарийб тўрт миллион аҳоли истиқомат қилар эди. Тўрт юз мингдан зиёд аҳоли урушда ҳалок бўлган бўлса, тахминан 130 минг нафар киши бедарак кетган. Булар ўзбек халқи учун катта йўқотиш эди. Маълумки, Ўзбекистондан 4555 нафар хотин-қизлар уруш йилларида фронтда эркаклар билан бир сафда туриб, ўз матонат ва жасоратининг мисли кўрилмаган намуналарини намойиш этдилар3.

1941 йил 26 июнда тошкентлик 1551, 28 июнда фарғоналик 423, хоразмлик 147, андижонлик 798, наманганлик 267 нафар хотин-қизлар қизил армия сафига қабул қилишларини, фронтда жанг қилиш истагини билдириб ариза берган4. 1942 йил баҳорда Тошкент Давлат тиббиёт институтини тугатиб, фронтга отланган 20 нафар ёш врачлар орасида Нури Шокирова, Пўлатой Қодирова, Собира Мажидова сингари ўзбек қизлари ҳам бор эди. Урушнинг дастлабки йилларида 1-ўзбек делегацияси тушган ва совға-саломлар ортилган поездни бошқариб борган машинист Башорат Мирбобоева, Зебо Ғаниева, Муқаддам Ашрапова, Азиза Қаландарова, Роза Иброҳимова ва Мавжуда Саматовалар ҳақиқий қаҳрамонлар қаторидан ўрин олишган5. Бироқ, совет мустамлакачилиги даврида ўзбек аёлларининг табиатида мавжуд бўлган ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғулари сунъий равишда Иттифоқ деб аталган ҳудуд билан ўлчанган. Бу эса, уларда миллий ўзликни англаш ва миллий мустақиллик учун курашга қаратилган зарур эҳтиёжларнинг шаклланишига имкон бермаган.

1941 йил 9 сентябрда Тошкент шаҳри партия ташкилотининг уруш даври шароитидаги иши тўғрисидаги қарорида, Ўз КП(б) МҚ нинг 1941 йил декабрь ойидаги Пленумида, 1942 йил 21 апрелдаги Андижон вилояти партия фаоллари йиғилишида ҳарбий вазиятда партиявий-сиёсий ишларни ташкил этиш масаласи муҳокама қилиниб, кўплаб хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб қилина бошлади6. Хотин-қизлар партия ва бошқа совет ташкилотларининг масъулиятли лавозимларини эгаллай бошладилар.

Жумладан, Наманган вилояти Олмос қишлоғидан Мастурахон Исматова Чуст район ижроия қўмитасининг раиси1, Қорақалпоғистон Автоном Совет Республикаси Шоббоз туманида эса 52 нафар аёл колхоз раиси ўринбосарлари лавозимида ишлаган2. Уруш йилларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларнинг жалб қилиниши оқибатида уларнинг раҳбар ва инсон сифатидаги обрўси қарор топди3. Урушдан олдинги йилларда эса, раҳбарлик лавозимида банд хотин-қизлар салмоғи республика бўйича атиги 280 нафар аёлни, яъни жами раҳбар ходимлар таркибининг 1,2 фоизини ташкил этар эди4.

Хулоса қилиб айтганда, ўрганилаётган даврда аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллашуви турли тўсиқларга ва муаммоларга дуч келиши қуйидаги ҳолатларда, яъни :

  • ишлаб чиқаришда иштирок этган аёлларнинг тажрибаси, касбий малакаси йўқлиги учун улар кўпроқ кам ҳақ тўланадиган, қўл меҳнати билан шуғулланишга мажбур эканлигида;

  • аёлларнинг оила хўжалигида бажарадиган меҳнати ҳам қисқартирилмаганлигида;

  • оила доирасида ўсаётган қиз ва йигит олами, уларнинг бажарадиган вазифасининг турлилиги сақлаб қолганлигида, яъни бунда қиз бола аёл зотига мансублиги учун кўпроқ итоаткор, оила хўжалигидаги барча ишни бажаришга мажбур деб тарбияланганлигида;

  • эркаклар тасаввурида аёлларнинг асрлар оша камситилиши анъанасининг яшовчанлиги мавжуд эканлигида;

  • аёлларни ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб этиш асосий мақсад деб белгиланган ҳолда, ижтимоий масалага эътибор қаратилмаганлигида;

  • оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида ҳам кўпгина қарор ва қонунлар қабул қилинган бўлса-да, лекин уларнинг амалиётга татбиқ этилиши ўртасида номувофиқлик мавжудлигида;

  • ижтимоий соҳадаги муаммолар бевосита ҳаёт талаблари билан эмас, балки маъмурий-буйруқбозлик усулида ҳал этилганлигида намоён бўлди.



Достарыңызбен бөлісу:
  1   2   3   4   5




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет