Тасвирий санъат Ва Уни укитиш методикаси


тасвирий санъатни ўқитилишини



бет6/9
Дата04.03.2016
өлшемі2.13 Mb.
#39422
1   2   3   4   5   6   7   8   9

тасвирий санъатни ўқитилишини

тарихий - тараққиёти.
Чет элларда тасвирий санъатни ўқитилиши услубиётининг тарихий - тараққиёти.

Маълумки, расм чизиш жаҳон халқларининг барчасида жуда қадимдан шаклланиб, у санъат ва маданиятнинг энг мукаммал ва доимий машғулоти бўлиб келади. Шунингдек, расм чизиш бутун башарият халқларининг доимий алоқа воситаси, инсониятнинг шаклланиши ва маънавий ўсишининг ҳам бош омили бўлиб келган.

Шу боисдан хам жуда қадимдан бу машғулотни ривожлантириш ва такомиллаштириш барча халқларда системали амалга ошириб келинган. Бизгача етиб келган энг қадимги қоятош расмлари одамлар расм чизиш билан ибтидоий жамоа даврининг палеолит ёки қадимги тош асриданоқ шуғуллана бошлаганлигидан далолат беради. Бундай расмлар Франция, Испания, Олд Осиё, Ўрта Осиёдан кўплаб топилган, уларга 5-10 минг йилларча бўлган.

Маълумки, эрамиздан аввалги 3-мингинчи йилларда одамлар мис, қалай, қўрғошин ва рухни эритиб, ундан бронза олишган. Бронзадан ясалган нарсалар жуда чиройли қилиб безатилган. Бу даврда ишланган буюмлардаги расмлар одамлар расм чизиш билан жиддий шуғулланликларини кўрсатиб беради.

Тарих шоҳидки, кишилар жамияти тарақкиёти Шарқ мамлакатларида, жумладан Мисрда анча тез ва олдинрок бошланган.

Қадимги Мисрда графика ва расмкашлик санъатнинг бир тури сифатида шаклланиб, жуда эрта тараққиёт йўлига чиқиб олди. Қадимги Мисрда расм чизиш ва график ишлар билан шуғулланиш анча эрта санъат касби сифатида ўрганилади ва ўргатила бошланади.

Қадимги Мисрда тасвирий санъат, адабиёт ва меъморчилик ғоят кучли мотивларда тараққий этди. Бу ерда расм чизишни, график ишларни бажаришни ва бино қуришни авваллари хусусий касб сифатида ўз болаларига, қариндош-уруғларига ўргатар эдилар. Кейинчалик кичик-кичик мактаблар ташкил этила бошланди.

Ҳақиқий расмкашлик мактаблари энг аввал Мисрда, сўнгра Ҳиндистонда ва Хитойда ташкил этилди.

Бу мактабларда асосан: ер ўлчаш, йўл, канал ва бинолар режасини тузиш, чизмалар чизиш, буюмларга бадиий безаклар ишлаш ўргатилар эди.

Қадимги Мисрда белги-ёзувлар (иероглифлар)ни яратилиши тасвирий санъатни, яъни расм чизишни янада тез ривожланишига имкон беради (эрамиздан аввалги IV-III минг йиллик) чунки, бу белги-ёзувларда ҳар бир харф бир буюмни айтмоқчи ёки уни номини ёзмоқчи бўлса, унинг ҳар бирига бир донадан расм ишланиши керак эди.

Шунга кўра Қадимги Миср мактабларида расм чизиш ҳар бир кишини доимий машғулоти бўлиб қолган. Мактабларда ҳам энг кўп машғулот расм чизиш бўларди.

Қадимги Юнонистонда расм мактаблари жуда эрта ташкил топди. Юнон мактабларида асосий эътибор табиатни чиройли қилиб тасвирлашга қаратилар эди. Расм чизишда симметрия, математик ҳисобот, нисбатлар назарияси асосий эътиборда бўларди.

Эрамизгача бўлган Юнонистонда СИКИОН, ЭФЕСС, ФИВАН каби расм мактаблари шуҳрат қозонган, бўлиб, уларни ҳар бири ўзига хос йўналишда ва услубларда фаолият кўрсатар эди. Улардан айримлари натурализм методида ишласа, бошқалари бадиийлик, яъни расмни иложи борича чиройли қилиб ишлаш методида фаолият кўрсатар эди. Бу мактабларда Памфил, Мелантий, Павзий, Аппеласс каби машҳур рассомлар етишиб чиқдилар. Кейинчалик бу рассомлар ҳам ўз мактабларини ташкил этдилар. Қадимги Юнон тасвирий санъат мактабларида ўқиш анча қийин эди. Чунки, бу мактабда ўқиш учун юқори даражадаги истеъдод бўлиш билан бирга, анча миқдорда пул ҳам тўланар эди. Памфил томонидан очилган Сикион мактабига кириб ўқиш учун жуда катта ва кучли истеъдод билан бирга 26 кг 196 грамм олтин тўланар эди. Бу ерда ўқиш 12 йил давом этар эди.

Қадимги Юнонларнинг Буюк алломаси бўлмиш Арасту, - «Расм фани бўйича умумтаълим фанларини 1-этапида туради ва барча фанларни ўрганишда асосий восита бўлади» - деб кўрсатган эди.1

Қадимги Римда тасвирий санъатга эътибор жуда юксак даражага кўтарилади. Қадимги Римда расм чизиш билан барча ористакратия оилалари мунтазам шуғулланар эдилар. Юқори табақа кишиларининг ҳам асосий машғулоти расм чизиш бўлиб қолади. Чунки, расм чизишни билмайдиган шахс ва оила маданиятсиз, ўқувсиз, эътиқодсиз ҳисобланиб, уларни камситилар эди. Ҳатто расм чизишни билмайдиган, уни ўргана олмайдиган шахслар «қандайдир психологик камчиликка эга» - деган медицина хулосаси ҳам берилар эди.

Шу боисдан Цезар замонида расм чизишни билмайдиган шахсларни етук даражада «ривожланмаган», деган хулоса билан масъулиятли давлат ишларига олинмас эди. Ҳатто юқори табақа оилалари учун расм чизиш билмайдиган шахсларни келинликка ёки куёвликка олинмайдиган ҳам бўлинади. Шу боисдан барча аристократия оилалари ва уларни уғил-қизлари энг аввало расм чизишга ўргатилар эди. Цезарни ўзи ҳам етук рангтасвирчи рассом, Актавин Август эса меъмор-рассом бўлганлиги хам бежиз эмас эди. Ҳақиқатдан ҳам расм чизишни билмайдиган одам шаклларни, рангларни ажратиш, нисбатларни тўла фарқлай олмайдиган бўладилар. Шу боисдан Рим задагонлари ва давлат арбоблари расм чизиш билан жиддий шуғулланар эдилар. Умуман эрамиздан аввалги II-I асрларда Юнонистон ва Римда тасвирий санъатга эътибор ғоят юксак бўлган. Шу боисдан ҳам қадимги дунё тарихида, - «Август Римни тошда олиб, мармарда топширди», - деган ибора ҳам ҳақиқатдир.

Тарих шоҳидким, эрамизнинг XV-XVI асрларда Италияда «уйғониш даври» ҳукмронлик қилади. XV асрга келиб Италияда тараққиётнинг ҳамма соҳалари бўйича ривожланиш тезлашиб кетади. Бу даврда фан, санъат, маданият ва ишлаб чиқаришда ғоят кучли кўтарилиш содир бўлади. Санъат ва адабиётда реалистик оқимлар вужудга келди. Китоб босиш, янги-янги ижод аҳли шаклланди. XV-XVI асрдаги Италия бу ўринда биринчи бўлиб, ўзининг барча соҳалари билан олдинда боради. Санъат ва маданият беқиёс ривож топди. Бу даврни Италиялик санъатшунос рассом Жорж Вазарининг, - «италияда санъат узоқ вақтдан сўнг яна уйғонди» - ибораси билан санъат тарихида «уйғониш даври» категорияси вужудга келди. Бу даврда Италияда Леонарда До Винчи, Рафаэл, Микеланжелло каби санъатни титан ижодкорлари етишиб чиқди. Уларнинг ҳар бири ўзларини ўзига хос санъат мактабларини яратдилар. Уларни кўпчилиги расм чизишни турли соҳалари бўйича назарий асосларини ҳам яратдилар. Леонарда До Винчи «пластик анатомияни», «ҳавонинг чизиқли переспективасини», Алберти «Переспективани» назарий жиҳатдан асослаб берадилар. Аммо бутун санъат тарихи бўйича расм чизиш услубияти бўйича барча назариётчилар чекланиб келдилар. Расмни мактабда ўқитиш бўйича бирон бир услубий хулоса бера олмадилар.

Тасвирий санъатни мактабда ўқитилиши бўйича фақат XVI-XVII асрларда бир қатор педагог олимлар шуғуллана бошладилар.

Буюк Чех педагоги Я.О.Коменскийдан (1592-1670) бошлаб, Жон Локк (1632-1404), Руссо (1712-1778), Дидро (1713-1784), Песталоцци (1746-1827) К.Д.Ушинский каби педагоглар мактабда тасвирий санъатни ўқитиш бўйича ўзларини дастлабки қарашларини бердилар. Улар расм ўқув предметини мактаб умумтаълим фанлари қаторига киритиб, болани гармоник тарбиясидаги ролига катта баҳо бердилар. Песталоцийнинг шогирди Петр Шмит I бўлиб, «Расм механик машқдан иборат», - деган назарияга зарба беради. У, - «Расм ўқувчи тафаккурини ва тасаввурини ўстирувчи асосий омил ёки у ақл гимнастикасидир»,- деган илмий хулосани беради.1 Яна у расмни ўкитишда кўчириш методини танқид қилади. 1835 йилда Парижда ака-ука Дюпюлар (Александр ва Ферденантлар) бепул расм мактабини ташкил этдилар.

1715 йилдан Россияда расм фанини Денгизчилар Академиясида, 1721 йилдан Карпов мактабида, 1732 йилдан Кадетлар ҳарбий мактабида, 1764 йилдан Самольний қизлар институтида ўқитила бошланди. 1735 йили расмни ўқитиш бўйича биринчи Преслернинг методик қўлланмаси, 1834 йил Сапожниковнинг умумий таълим мактаблари учун «Расм курси» ўқув қўлланмалари нашр этилади.

1825 йилда Москвалик бояр С.Строгонов ташаббуси билан расм ўқитувчиси тайёрлайдиган билим юрти очилди.

1870 йили Рус Бадиий Академияси қошида расм ўқитувчиси тайёрлайдиган курс ташкил этилади.

ХХ аср бошларида Петербург, Москва, Қозон, Одесса, Пензада расм ўқитувчиси тайёрлайдиган билим юртлари очилади. Рус Бадиий Академияси қошида расмни ўқитиш методикаси бўйича махсус комиссия иш бошлайди. Бу комисия составида Н.Ге, И.Крамской, П.Чистяков каби етук рассомлар иш олиб борадилар. Советлар даврида 1921 йилдан I-расм ўқув предмети сифатида ўрта умумтаълим мактаблари ўқув режасига киритилади. Ўрта мактаблар учун 1921 йилдан дастурлар яратила бошлайди. 1936 йиллардан дастурлар янгиланиб келинди. Мактабда расм фанининг ўқитилиши бўйича Кардовский, Юоон, Рожкова, Помичева, Ростовцев, Шорохов, Кузин каби рассом-педагоглар шуғулланиб келдилар.

ХХ аср бошларидан АҚШ, Италия, Германияда ҳам ўрта умумтаълим мактабларида расм фанини ўқитилиши йўлга қўйилади. Улар учун ўқув-методик қўлланмалар, дарсликлар, дастурлар яратилди ва уларни такомиллаштириб келинди. 50-60 йилларда жаҳоннинг жуда кўп мамлакатларда расмни ўқитилиши бўйича кўплаб амалий ишлар қилинди. Тасвирий санъатни ўқитилиши бўйича 1955 йилда Лунда (Швеция), 1958 йилда Базелла (Швеция) 1960 йилда Манилес (Пилипин), 1966 йилда (Чехословакия), 1972 йилда Германияда, 1982 йилда Чехословакия каби мамлакатларда халқаро симпозиумлар ўтказилиб келинди.



Ўзбекистонда тасвирий санъатни

ўқитилиш тарихи.
Ўзбекистон археологияси тадқиқотчиларининг берган маълумотларига кўра мамлакатимиз худудларида 1-миллион йилларча муқаддам одам зоти яшаганлиги ҳақида исботий далиллар мавжуд.

Шунингдек, 30-40 минг йилдан буён одамлар уюшган ҳолда яшаб келмоқдалар.

Ўзбекистон ҳудудларида бундан қарийб 5-10 минг йилларча муқаддам одамлар томонидан ишланган расмлар, буюмлар кўплаб топилган. Сармишсой, Зараўтсой, Қоратепа, Олтинтепа, Чуст, Далварзин, Калтаминор каби манзилгоҳлардан топилган энг қадимий суратлар ва буюмлар бизнинг энг қадимги аждодларимизни санъат ва маданияти яхши ривожланганлигидан далолат беради. Ўлкамизда қояларга ўйиб ёки турли табиий бўёқларда ишланган расм-суратлар ҳам бизнинг аждодларимиз жуда қадимдан расм чизиш билан шуғулланиб келганлиги ҳақида аниқ маълумотлар беради. Яна топилган расм ва тасвирлар ўзининг шаклланиши, турли даврларга оид бўлиб, улар аста-секинлик билан ривожланиб, такомиллашиб келганлигини ҳам кўрсата олади.

Археологик топилмалар ва расмлар ясалиши ва ишланишига кўра, улар қўлда ишланиб, асрлар оша такомиллашиб келдилар, улар билан махсус кишилар шуғулланиб, ўзларидан кейинги авлод-аждодларига ўргатиб, ўтказиб келингани ҳам аниқдир. Шу боисдан айтиш жоизким, расм чизиш ва амалий санъат буюмларини ишлаш хусусий касб бўлиб, улар авлоддан-авлодга ўтказиб келинган. Кейинчалик шогирдлар чиқазиш одат тусига кира бошлаган.

Тарих шохидким, эрамиздан аввалги 1-минг йиллик бошларида Ўзбекистон ҳудудларида дастлабки қулдорчилик давлатлари пайдо бўла бошлайди. Бу давлат «Катта Хоразм» бўлиб, унда зардўштийлик дини шаклланади. Бу диннинг пайдо бўлиши тасвирий санъатни ривожланишига имкон беради. Чунки бу дин тасвирий санъатни таъқиқламади. Уни устига бу дин учун қурилган ибодатхона-ю, эҳромлар катта эътибор билан безатилар эди. Унинг мукаддас китоби «АВЕСТО» асосида ёзиладиган «кичик Авесто»ларни безатилар эди. Шу сабабларга кўра бу даврда тасвирий санъатни кўплаб тур ва жанрлари ривож топди.

Энди расм чизиш, графика, ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва меъморчилик билан махсус кишилар шуғуллана бошлайдилар. Улар ўз санъатларини оила аъзоларига, секин-аста қариндош-уруғларига, кейинчалик истеъдодли болалардан шогирдликка олиб, уларни 10-15 йил ўқитиш билан машғул бўлганлар. Улар орасидан тўлақонли рассомлар, меъмор, амалий санъат усталари етишиб чиқадилар. Буларга Хоразм, Фарғона, Сурхандарё манзилгоҳларидан бизгача етиб келган санъат асарларининг намуналари тўла далолат беради. Буларга «Жангчи Сак», «Афродита», Ритонлар, Деворий расмлар наъмуна бўлади. Ўрта аср бошларида Ўзбекистонда санъат ва маданият беқиёс ривожлана бошлади.

Қадимги Хоразм, Термиз, Самарқанд, Фарғонада санъатнинг ҳамма турлари ривож топди.

Фаннинг буюк алломалари:

Хоразмий (787-850), Фаробий (870-950), Беруний (973-1048), Ибн Сино (980-1037) каби фан арбоблари–меъморлари етишиб чиқдиким, улар меъморчилик санъатининг монументал назарий асосини яратдилар. Фаробий меморчилик сохасидаги 10 томлик «Меъморчилик муҳандислиги» номли асари билан жаҳон меъморчилиги санъатига улкан мерос қолдиради.

Содиқ Афшор (Навоий замондоши) расм чизишни назарий жиҳатдан асосланган ва расм чизиш услуби ҳақидаги «Қонун ас Сувор» – «Расм чизиш қонуниятлари» номли асарини ёзиб, тасвирий санъат назариясига ва амалиёти равнақига ўз улушини қушади. Шунингдек, Қози Аҳмаднинг «Ҳаттотлар ва Мусаввирлар» номли асарида расм чизиш, чиройли ёзув, ҳаттотлик, ранг ва уни қўлланиши ҳақида каттагина маълумотлар берилади. Ўрта асрларнинг VII–VIII асрларидаёқ ўзбек фани, санъати, адабиёти, диний карашлари ғоят юксак даражада бўлиб, жаҳон санъатини ва маданиятининг энг юкорисида бўлган.

VIII асрдан Ўрта Осиёнинг Ўзбекистон ҳудудларига араблар кириб кела бошлади. Ўзбекистонга арабларни кириб келиши энг аввал минг йиллардан буён яратилган санъат, маданият, табиий фанларнинг илмий асарлари йўқ қилинади, иккинчидан Ўзбекистонда тасвирий санъатни портрет, анамалистик, ҳайкалтарошлик каби тур ва жанрлари таъқиқлаб қўйилди. Шу боисдан бу тур ва жанрлар яқин 1000-йилларча ривожланмай келди. VIII-IX асрларда Ўзбекистонда (Самарқандда) қоғоз ишлаб чиқарилди. Бу қоғоз дунёдаги энг олий нав ҳисобланади. Бу воқеа Ўзбекистонда китоб графикаси санъатини ривожланишига асос солди.

Ислом дини таъқиқлашига қарамай, ижодкор халқимиз ўз санъатини ҳамма жанрларида ижод қилиб келдилар. Тарих шохидким, Ибн Сино султон Маҳмуд /шох/ Ғазнавий саройидин қочиб кетади. Уни қидиртириб, рассомларга 40 дона расм-портретлар ишлашни буюради. Уни ишлаб 40 томонга тарқатилади. Бу шуни кўрсатадиким, расм ишлашни қанчалик таъқиқланишига қарамай портрет жанри (яширин) ривожланиб келади. Ўзбекистон тарихини Буюк Амур Темур бошқарган йилларда тасвирий санъатни ҳамма тур ва жанрларини ривожланишига тўла шарт-шароит яратиб беради. Натижада темурийлар даврида Ўзбекистон яна ўзининг қадимий санъати, фани ва маданиятини қайта тиклади ва мисли кўрилмаган даражада ривож топди.

Бу даврда К.Беҳзод, М.Музаххиб, А.Бухорий, М.Самарқандий каби мусаввирлар ижод қилдилар. Ҳиротда Навоий раҳнамолигида, Беҳзод раҳбарлигида санъат мактаби - Академияси шаклланди. Бу даврда рассомчиликни барча жанрлари ривож топди.

XIV-XVI асрларда Ўзбекистон санъати, фани ва маданияти беқиёс ривожланди. Шулар ҳаммасида тасвирий санъатни ўқитиш ва ўргатиш қадимийлигича, хусусий, оилавий-меросий касб-ҳунар сифатида қолаверди. Бу рассомчилик касбини кўпроқ амалий санъати ва меъморчилигини яхши ривожлантирди. XVIII-XIX асрларда ҳам диний ақидаларнинг таъсирида портрет, анамалистик ва ҳайкалтарошлик яхши ривожлана олмади. Меъморчилик ва амалий санъат яхши ривож топди. Айниқса, наққошлик, ганч, ёғоч ўймакорлиги юксак даражада ривожланди.

XVIII-XIX асрларда Хива, Бухоро, Самарқанд ва Қўқонда меъморчиликни ўргатиш кучайди. Шунга кўра бу шаҳарларда меъморчилик иншоотлари кўплаб қурила бошланди.

Ўзбекистонга Европа санъатини кириб келиши билан маҳаллий ёшлар Европа санъатини ўргана бошлади. Кичик-кичик расм мактаблари пайдо бўла бошлади.

Советлар даврида Ўзбекистон мактабларида Россия мактаблари қатори расм фани ўқитила бошланди. 1918 йили Самарқандда, 1919 йили Тошкентда, 1920 йили Андижонда расм чизишни ўргатувчи махсус техникум-мактаблар очилди. 1927 йил Тошкентда, 1929 йили Самарқандда бадиий-билим юртлари ташкил этилди. Ўрта умумтаълим мактаблари ўқув режасига расм ўқув фани киритилди. 1-3 синфларда 8-12 соатгача расм дарслари ўқитилди. 1931 йилдан мактабларни янги ўқув режа ва дастурлари стабеллашган холда яратилди. 30-йиллардан расмни ўкитиш самарадорлиги учун катта эътибор бера бошланди. 30-йилларда Ўзбе-кистонда рассом И.Икромов ташаббуси билан матбуот саҳифаларида расмни ўқитиш бўйича методик тавсиялар берила бошланди. "Маориф ва ўқитувчи", "Аланга" журналларида И.Икромовнинг методик тавсиялари эълон қилинди.

1932 йилда унинг "Расмни ўрганиш", 1935 йили "Ҳарф ёзишни ўрган" ўқув қўлланмалари нашр этилди.

40-50 йилларда дастурга эстетик тарбия элементлари киритилди. 1950 йилдан Тошкентдаги Низомий номли педагогика институтида Олий маълумотли расм ўқитувчиси тайёрлана бошланди. 1966 йилдан расм фани "Тасвирий санъат" деб атала бошланди. 1960 йилдан маҳаллий материаллар асосида "Локолизация" усулида янги дастур ишлаб чиқарилди. Шу йилларда Ўзбекистон Педагогика Фанлари Илмий Тадқиқот Институтида Р.Ҳасанов ташаббуси билан "Эстетика" сектори иш бошлади. 1972 йилдан Бухоро Педагогика Институти қошида Ж.Ёдгоров ташаббуси билан "Бадиий графика" факультети фаолият кўрсата бошлади. 1973 йилдан Андижон, Қўқон, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шахрисабз, Ангор, Ходжейли, Каттақўрғон каби шаҳарларда тасвирий санъат ўқитувчисини тайёрлайдиган билим юртлари очилди.

70-80 йилларда Ўзбекистон тасвирий санъатни ўқитиш услубиёти бўйича Р.Ҳасанов, М.Набиев, Б.Орипов, К.Қосимов, А.Инагамов, А.Жильцова, А.Исоходжаев каби педагог-рассомлар жиддий шуғуллана бошладилар. 80 йилларда Ўзбекистонда тасвирий санъатни ўқитишга эътибор ғоят кучайди. Халқ таьлими вазири С.Шермуҳамедов (фалсафа фанлари доктори, профессор) ташаббуси билан 1972-86 йилларда ҳар йили эстетик тарбияга бағишланган Республика Илмий-амалий конференция ва ҳар икки йилда 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирларни тасвирий санъат бўйича республика кўргазмаси ўтказила бошланди.

Республиканинг бир қатор мактабларида тасвирий санъатни ўқитилиши бўйича илмий-педагогик экспериментлар ташкил этилди. Бунда Тошкентдан К.Мансуров, Г.Петник, Қашқадарёдан Ж.Жилолов, Хоразимдан И.Бобониёзов, Намангандан Б.Орипов, Андижондан А.Абдуллаев, Самарқанддан Н.Ходжаев кабиларнинг иш тажрибалари ўрганилиб оммалаштирилди. Бу даврда Республика халк таълими вазирлиги қошида Б.Ориповнинг ташаббуси билан тасвирий санъатни ўқитиш методикаси бўйича иккита илмий совет фаолият кўрсата бошлади. 80-йилларда Р.Ҳасанов, Б.Орипов, Н.Абдуллаев, М.Набиев, А.Инагамов, К.Қосимовларнинг фидокорлиги билан қатор дастур, дарслик ва методик қўлланма, тавсиялар яратилди.

1972 йилдан Р.Ҳасанов, А.Жилцова, Б.Орипов, А.Исоходжаевлар I-IV синфлар учун ўзларини эксперимент (синаш) "Тасвирий санъат" дарсликларини яратдилар. 70-80 йилларда Р.Ҳасанов тасвирий санъатни ўқитиш методикасини педагогик асослари бўйича фан номзодлиги диссертациясини ҳимоя қилди. Шунингдек К.Қосимов, А.Иногомов, Б.Орипов, С.Булатовлар фан номзодлиги дессертацияларини ҳимоя қилдилар. 1987 йилдан Наманган Давлат педагогик институтида Б.Орипов ташаббуси билан "Бадиий графика" факультети иш бошлади.

Мустақиллик йилларида ўрта умумтаълим мактабларида тасвирий санъатни ўқитилиши самарадорлиги бўйича жуда катта тадбирлар ишлаб чиқилди.

Шу тадбирларга кўра I-IV синфларда тасвирий санъат дарслари 2 соатга кўтарилди. Биринчи синфдан тасвирий санъат дарсларини мутахассис рассом педагоглар ўтадиган бўлди. Ўзбекистон Бадиий Академиясининг тузилиши билан мактаб тасвирий санъатини ўқитишга Академия эътибори қаратилди. Ўзбекистон Бадиий Академияси "Миллий санъат ва дизайн" институти ва республикадаги барча "Рассомчилик" факультети бўлган университетларнинг ўқув режасига педагогика, психология ва тасвирий санъатни ўкитиш методикаси курслари киритилди.

Мустакиллик йилларида Республиканинг қатор вилоят, шаҳар, туманларида ёшларга тасвирий санъатни ўқитиш бўйича лицейлар, коллежлар, махсус интернат мактаблар очилиб, истеъдодли ёшларга тасвирий санъатдан чуқурлаштирилган билим ва малакалар бериш амалга оширилмоқда. Олий ўқув юртларида тасвирий санъатни ўқитиш методикаси, назарияси ва тарихи бўйича магистратура ва аспирантуралар очилмоқда. Улар халқимизнинг юксак истеъдодли ёшларидан жаҳонга машҳур рассом, санъатшунос, педагог-олимлар тайёрлаб, Ўзбекистон тасвирий санъатини яна Жаҳон Санъати даражасига олиб чиқишдек катта масъулият билан иш олиб бормоқдалар.

Мактаб тасвирий санъатини ўқувчиларининг

таълим-тарбиясидаги роли ва ўрни.
Маълумки, тасвирий санъат инсон зотини меҳнатга, ақл-идрокка, тафаккур қилишга, ижод қилишга, гўзалликка интилишга ўргатиб, унда чиройли, гўзал маънавий дунёсини яратиб келди. Бугунги кунда тасвирий санъат одамлар ва унинг жамияти учун юксак ақл-идрок, чуқур билим ва тафаккур, гўзал турмуш ва эътиқод яратишини ҳамма яхши билади. Шунингдек, кузатишлар ва илмий тадкиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, тасвирий санъат ёшларга фақат илм-тафаккур, гўзал эстетик идеаллар берибгина қолмай, одам зотини энг муҳим жиҳатларини, яъни кузатиш, кўриш, идрок қилиш ва тафаккур-тасаввурларини ривожлантирадиган бош ва асосий восита эканлиги исботланмоқда.

Ўқувчилар тасвирий санъат машғулотларида нарсаларни кўрадилар, уни катта-кичиклигини, шаклини, шаклидаги хунук ва чиройли элементларини аниқлайдилар, нарса шаклини идрок этадилар, ранг ва тусларини ўрганадилар. Нарса шаклини идрок этиш билан бирга, уни тасвирини яратиш бўйича таҳлил қилиб, онг фаолияти асосида натурани тасвирга айлантириб, уни дафтар юзига жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоб қилинади. Шундан сўнг натура тасвири дафтар юзасига туширилади. Бу машғулотлар давомида ўқувчи натурани кузатади ва кўради, уни ҳам онг фаолиятида таҳлил килинади, ранг тусларини буюмлар ичидан топиб, уни қоғозга туширади.

Лекин бу жараён шунчалик мураккабки, уни соғлом ривожланган одам боласигина уддасидан чиқа олади. Қарангки, бу жараёнда боланинг фикри чалғиса, бошқа ёққа кетса, шакл чиқмайди, ранг топилмайди. Шу боисдан ҳам ҳамма бола расм чиза олмайди. Қадимги Рим медик-психолологлари томонидан чиқазилган ҳукм ҳам бир томонидан тўғридир. Чунки, юқоридаги фаолиятни фақат соғлом, яъни физиология ва психология жиҳатдан соғлом етилган болагина амалга ошира олади.

Тасвирий санъат машғулотларида болани кўриш аъзолари такомиллашиб боради. Чунки, ҳар бир машғулотда нарсаларни эътибор билан кузатишга ва уларни идрок этишга ўргатиб, болани диққат-эътиборини бир нуқтага қаратиш малакаси ҳам берилади. Бу жараён болани ихтиёрий диққатини барқарор бўлишини ҳам таъминлайди. Шунингдек, тасвирий санъат машғулоти ўқувчиларни эътиборли, зеҳн билан фаолият кўрсатишга ўргатиб, уларни барча ҳис-туйғуларини жамлаган ҳолда, ўзида бўлган назарий ва амалий билимларни ишга солади. Бутун вужуди, ақл-идроки, тасаввур-тафаккури билан фаолият кўрсатишга олиб келади. Шу боисдан немис педагог рассоми П.Шмитнинг, - «Тасвирий санъат машғулоти ақл гимнастикаси» - деган хулосаси мутлоқ тўғридир. Хуллас, тасвирий санъат дарслари ўқувчиларни ҳар томонлама ривожланиши асоси бўлиб қолади, бунда уни ўрни ва роли бениҳоят каттадир.


2. ўқУВЧИЛАРГА ГРАФИК БИЛИМ ВА МАЛАКАЛАР БЕРИШДА

ТАСВИРИЙ санъатнинг РОЛИ ВА ўРНИ.
Маълумки, бугунги ўқувчи келажакда ишчи, хизматчи, дизайн-конструктор, муҳандис, шифокор, ўқитувчи, юрист ёки ҳарбий мутахассис ёки бирон бир соҳани яратувчиси бўладилар. Уларни ҳар бири учун расм чизиш, ундан фойдаланиш лозим бўлади. Ҳатто уй бекаси ҳам расмни кўра олиши, тушуниши, бу замонинг энг зарур фаолиятидир. Ҳозирги даврда ҳар бир эркак зоти машина ҳайдашни, техника билан шуғулланишига, уй бекаларини эса дазмол, тикув машинаси, радио, телевизор, кир ювиш машиналири, музлатгич, электр плита, сут, қаймоқ олиш машиналари каби юзлаб техник буюмлар билан шуғулланадилар. Уларга бу асбоб-техника воситаларини ишлатиш ва уларни созлаш учун график билим ва малакалар даркор. Шу боисдан ҳар бир киши расм чизишни, график тасвирларини билиши мақсадга мувофиқдир.

Бугунги кунда ҳар бир шахсни график билимга эга бўлиши шахсни ўзига ҳам, жамиятга ҳам сувдек зарур. Шунга кўра Француз файласуфи Дидр, бундан қарийб 300 йиллар аввалданоқ, - «Қайси бир мамлакатда расм чизишни ўқиш-ёзиш каби билсалар эди, бу мамлакат барча соҳаларда ҳар қандай мамлакатни қувиб етади ва ортда қолдиради» - деган эди.1

Тарих шоҳидким, жаҳонга машҳур географлар, тарихчи, адабиётчи, шоир, ёзувчилар, конструктор ва бошқа соҳа алломалари расм чизишни жуда яхши билганлар. Шунга кўра Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Гёте, Гюго, Андерсон, Пушкин, Тагор, Тян-Шансий, Меккуко-Маклай, Менделеев, Б.Зокиров каби турли соҳа ижодкорлари расм чизиш билан жиддий шуғулланиб келганлар.

Хуллас, ҳар бир соҳани ижодкори учун расм чизишни билиш унга катта ижодий имконият ва озуқа беради.

Агар ҳар бир ўқитувчи расм чизишни билганда эди, улар дарс беришда юксак самараларга эришарди, дарс машғулотларини ўзлаштириш ҳам ўқувчи учун жуда осон ва енгил бўларди, ҳатто ўзлаштирмовчи ўқувчини бўлиши анча қийин бўларди. Шуларга кўра бугунги мактаб ўқувчиларига график билим ва малака беришга катта эътибор берилмоқда.

Бизнинг мамлакатимизда тасвирий санъатни ўқитиш бўйича катта тадбирлар амалга оширилмоқда. Дарс соатларини ошириш, юкори малакали мутахассис педагог-рассомлар тайёрлаш имкониятлари яратилмоқда. Тасвирий санъат ўқув фанини 1-7 синфларни ўқув режасига киритилиши, I-IV синфларда 2 соатдан белгилаши, тўгараклар, махсус билим юрти ва Олий ўқув юртларини ташкил этилиши шулар жумласидандир.

Бугунги кунда жамият кишиларига график билим ва малака бериш мактаб тасвирий санъат ўқув фани зиммасига қўйилган. Бу фан ўзининг дарс ва машғулотларида бўлажак Ўзбекистон фуқароларига график билим ва малакалар бериш вазифасини амалга оширади. Мактабда ва бошқа ўқув масканларида тасвирий санъатдан бошқа фан бу вазифани бажармайди ва бажара олмайди ҳам. Мактаб тасвирий санъат ўқув фани бугунги ўқувчига ўзининг 5 тури бўйича график билим ва малака беради:

1. Нарсани ўзига қараб расм чизиш.

2. Тема асосида расм чизиш.

3. Бадиий-амалий безатиш бўйича расм чизиш.

4. Ҳайкалтарошлик.

5. Санъат асарлари ҳақида суҳбат машғулотларига бўлиниб, бу машғулотларда ўқувчиларга асосан график билим ва малакалар берилади.

Бу машғулотарда ўқувчилар шаклни кўриш, яна натура ва объектни кузатиш зарурий элементларини танлаш, уларни тасвирлаш, нарса ва буюмларни рангларини таҳлил қилиб, уларни ифодалаш малакалари берилади. Нарсани ўзига қараб расм чизишда ўқувчи тасвирлашни энг асосий элементи - кўриниб турган нарсани расмини чизишга ўрганади. Яна натурани шакли, тузилиши, ранги ёруғ-сояларни яхшилаб кузатади, уларни идрок этиб, онг фаолиятида таҳлил қиладилар. Шу жараёнда натурадан олинган тасаввур асосида уни расми қоғозга тушурилади. Бунда ўқувчи энг аввало шакл бирлигини, сўнгра рангини, ёруғ-сояларни тасвирлайди.

Нарсани ўзига қараб расм чизиш барча бошқа ўқув машғулот турларини асоси бўлиб, уларга илмий ва амалий замин яратади. Бу расм чизишни «алифбоси» ва реалистик расм чизишни асоси дейилади. Тематик расм чизишда-ўқувчи нарса, воқеа, объектлари эркин, ижодий руҳда тасвирлаб, расм чизадиган бадиий-ижодий методларда иш олиб боради. Бунда кўпроқ умумийликка эришилади. Нарса ва воқеани ўзгартириб, ўзини билими, тасаввури ва тушунчалари асосида расм ишлайди. Бу машғулот ўкувчиларни график билим ва малакаларини мустаҳкамлайди, такомиллаштиради. Бадиий ижод қилишга ўргатади. Реалистик расм чизишнинг назарий ва амалий асосларини ўргатади.

Бадиий безаш машғулотларида ўкувчилар асосан чиройли расм чизишга, нарсаларни безатишга ўрганадилар. Бу машғулотларда ўқувчилар ритм, сметрия ва бадиийлик асосида расм чизишга ўрганадилар

Ҳайкалтарошлик машғулотлари тасвир яратишни ҳажм асосида амалга оширади. Бу машғулотларда ўқувчилар нарсалар, қуш, ҳайвонлар ва одам расмини лой, пластилинда ҳажмли қилиб тасвирлайдилар.




Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет