Яшаш соатининг олтин кафгири, Ҳар бориб келиши бир олам замон.
Коинот шу дамда ўз куррасидан
Ясаб чиқа олур янгидан жаҳон
Ғафур Ғулом
Жамият тараққиётининг илк босқичлариданоқ одамнинг диққатини ўзига тортган, мураккаблиги, «сирли»лиги билан инсоният ақлини лол қолдириб келаётган кўҳна муаммолардан бири вақтдир. Вақтнинг моҳияти ва табиати ҳақида барча давр олимлари айтган хилма-хил фикрларнинг аксарияти ўзаро зид, бир-биридан узоқ. Бунинг сабаби вақтнинг у ёки бу хусусияти тадқиқотчилар томонидан мутлақлаштирилишида эди. Оқибатда эса, уларнинг баъзиси вақтни объектив борлиқдан, (материядан) ҳаракатдан, фазодан кўр-кўрона ажратиб қўйиб, ҳодисалар тартибини белгиловчи алоҳида мустақил субстанция (лотинча моҳият маъносини англатади) деб ҳисобласа, бошқаси уни ҳаракатнинг натижаси, яна бир хиллари эса, ҳаракатнинг ўзидир деб уқтирарди. Айрим олимлар бўлса, вақтни тўғридан-тўғри материя ёки фазо, ҳатто энергия билан айнанлаштирарди. Шунингдек, вақтнинг кечишини сабабият ҳодисаси, сабаб ва оқибатнинг кетма-кетлиги билан тенглаштирувчилар, баъзан эса, вақтнинг воқелигига шубҳа билдирувчилар, унинг мавжудлигини кескин инкор этувчилар ҳам учрайди.
Қадимги христиан илоҳиётчиси, мағриблик файласуф Аврелий Августин (354–430): «Келажак – ҳали мавжуд эмас, ўтмиш – бўлиб ўтган, ҳозир эса, кўламсиздир, демак, вақт умуман воқеликка эга эмас», деб даъво қилган эди. Қадимги юнон файласуфи Арасту ҳам вақтнинг зиддиятли моҳиятига ишора қилиб, «вақт ё умуман мавжуд эмас, ё шунчаки мавжуддир» деб ёзган. Арасту бу ўринда ўтмиш ва келажакнинг ҳозирги пайтдан яширинганлигини, бошқача айтганда, ўтмиш ўтиб кетгани, келажак ҳали келмаганини, «ҳозир» тушунчаси эса, вақтнинг фақат муайян бир лаҳзасинигина англатишини назарда тутган эди.
Ҳақиқатдан ҳам, вақт ўз моҳият-эътиборига кўра мураккаб ва зиддиятли ҳодисадир.
Инсон хаёлан ўтмишга қайтиши, келажакка сайр қилиши мумкин. Воқеий оламда бундай имкониятлардан маҳруммиз. Кўпчилик жараёнларни орқага қайтарса бўлади, вақтни эса, орқага қайтариш амалий жиҳатдан мумкин эмас. Бу ҳол вақтнинг «орқага қайтмаслик», «анизотроплик» (бир йўналишлик) сингари хусусиятларини билишга ундайди. Вақт ҳақидаги чалкашликлар вужудга келишининг яна бир сабаби вақтни идрок этишга хос ички зиддиятлардир.
Француз мутафаккири Франсуа Мари Вольтернинг шарқ ривоятлари асосида ёзилган «Задиг ёҳуд Тақдир» номли қиссасида вақтга хос зиддиятларни акс эттирувчи қуйидаги мунозарани ўқиш мумкин:
«...Задиг1 дан сўрашди: – Оламда энг узоқ давом этувчи ва айни пайтда энг қисқа нарса нима; ҳаммадан тез нарса нима-ю, энг секини-чи; нима осонгина бўлинади-ю, яна поёнсизлигича қолаверади; нимага кўп аҳамият беришмайди-ю, йўқотишганда беҳад афсусланишади ва усиз ҳеч нарса қилиб бўлмайди; кичик нарсаларнинг барини ямлаб ютувчи ва буюкликни жонлантирувчи нимадир? Задиг бу саволларга шундай жавоб беради: – У Вақтдир! Чунки ундан узоқроқ нарса оламда йўқдир, ахир, вақт – мангулик ўлчови-ку; у энг қисқадир, негаки ниятларимиз ушалиши учун у доимо етмай қолади; орзиқиб кутаётганларга ундан секинроқ, лаззатланаётганларга ундан тез ўтувчи нарса йўқ; вақт улуғликда чексизликка туташувчи, кичикликда эса, чексизликка бўлинувчи нарсадир; кишилар унинг ўтишига бефарқ қарашса-да, йўқотгач, беҳад ачинишади; ҳеч нарса вақтсиз рўй бермайди, у авлодлар хотирасига нолойиқ барча майда-чуйдаларни ном-нишонсиз йўқ, қилиб, буюкликнинг барига мангу ҳаёт бағишлайди»1. Вольтернинг асаридан келтирилган бу парчада перцептуаль, яъни идрок этилаётган вақт тушунчасига хос зиддиятлар бадиий тарзда ифодаланган. Зиддиятлар эса, ҳар қандай ҳодисанинг моҳиятини очиш учун калитдир, шу маънода вақт моҳиятини очишда ҳам ана шу калитга мурожаат этамиз.
Вақт тушунчасига хос унинг ўтиш жараёнига оид ички зиддиятлар қадимдан кишилар диққатини ўзига тортиб келади. Бундай зиддиятлар асосан вақт парадокслари кўринишида кенг тарқалган. Парадокс грекча «пара» – «қарши», «докса» – «нуқтаи назар» сўзларидан иборат бўлиб, кутилмаган, одатдагига қарши фикр, ғайритабиий нуқтаи назар маъноларини англатади. Мантиқий парадокслар баъзан антиномия («анти» — «қарши», «номос» – «қонун», яънн қонунга, қоидага зид) ва апория (грекча «а» – инкор, «порос» – «қутулиш», «чиқиш», яъни қутулиб бўлмас, иложсиз вазият, боши берк кўча маъноларини билдиради) деб ҳам ишлатилади. Вақт парадокслари жуда хилма-хил бўлиб, мазмунига кўра, вақтни ўлчашга, вақт табиатини ифодалашга, вақтнинг ички зиддиятлари табиатига, вақт хусусиятларини моделлаштиришга оид парадоксларга бўлинади.
Фалсафий нуқтаи назардан эса, вақт парадоксларини икки гуруҳга бўлиш мумкин: 1) вақтни изоҳлашга, ифодалашга, тушунтиришга, билишга, яъни уни субъектив ифодалашга оид парадокслар; 2) вақтнинг моҳиятига, табиатига оид, унинг борлиқ, ҳаракат ва фазога муносабати билан боғлиқ бўлган ички хусусиятларининг зиддиятларини ифодаловчи парадокслар. Биринчи гуруҳга оид парадокслар жумласига Зенон апориялари ва перцептуаль вақт парадоксларини киритиш мумкин. Биринчи суҳбатимизни Зенон апорияларига бағишлаймиз.
Достарыңызбен бөлісу: |