Антроп принцип (ёки антропологик принцип) – космологияда Коинот ривожланишининг келажаги, ҳозирги ҳолати унинг ўтмишдаги имкониятлари билан боғланган эканлигини тушунтириб берувчи ва келажагини башорат қилувчи принципдир. Бу принцип Коинот ва унинг ривожланишида кузатувчининг пайдо бўлиши ўртасидаги зарурий алоқадорликни кўрсатувчи принцип. Бу принципни 1974 йили Б.Картер фанга киритди ва у бу принципнинг кучли ва кучсиз даъволарини илмий асослаб беради. Унга кўра, биз кузатувчи сифатида мавжудлигимиз учун зарур бўлган шарт-шароитлар билан чегараланганлигимиздан келиб чиққан ҳолда Коинотни кузатишимиз лозим. Биз ундан ортиқ нарсани кузатишни умид қилмасак ҳам бўлади, чунки бизнинг Коинотдаги эгаллаган вазиятимиз шу маънода заруран қулайки, бу вазият бизнинг кузатувчи сифатида мавжуд бўлишимиз билан мувофиқ келган. Бу заиф (кучсиз) антропологик принцип. Кучсиз антропологик принципга кўра, бизнинг Коинотдаги ўрнимизнинг афзаллиги шундаки, бизнинг вазиятимиз бизнинг шу Коинотда кузатувчи сифатида мавжуд эканлигимиз билан мос келганлигидадир. Бу принцип ҳозирги воқелигимиз Коинотнинг вужудга келган пайтидаги имкониятлар билан боғланганлигини ифодалайди. Яъни Коинот вужудга келган пайтида бошқача имкониятлар бўлганида эди, ҳозирги воқелик мутлақо ўзгача бўлган бўлар эди. Кучли антропологик принципга кўра, Коинот (демак, у боғлиқ бўлган фундаментал қийматлар ҳам) шундай бўлиши лозимки, унинг эволюциясининг маълум босқичида кузатувчиларнинг мавжуд бўлишига йўл қўйилсин. Яъни бу принципга кўра, Коинот шундай пайдо бўлганки, унинг вужудга келиш пайтида шу Коинот эволюциясининг маълум бир босқичида кузатувчининг пайдо бўлиши олдиндан мўлжалланган, режалаштирилгандир, деган хулосани беради. Бу принцип Коинотнинг пайдо бўлишида кейинчалик воқе бўлажак кузатувчининг мавжуд бўлиши учун зарур бўлган имкониятлар олдиндан белгилангандир, деган фикрни беради. Антроп принципи нуқтаи назаридан Коинотдаги қонуниятларни кузатсак, оламнинг тараққиётида рўй бераётган ҳар бир ҳодисанинг зарурий боғланганлигини, физик воқеликдаги барча доимийликлар ва катталикларнинг бошланғич ва ҳозирги пайтдаги қийматлари ўртасида қонуний мутаносибликлар борлигини пайқаймиз.