Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги гулистон давлат университети “тарих” кафедраси



бет2/2
Дата09.07.2016
өлшемі0.59 Mb.
#186452
1   2

Каналлар шаҳри бўлган Венециянинг дунёвий меъморчилиги ўзида ғарбий типдаги ўрта аср шаҳарларининг баъзи элементлари билан бирга Венеция билан қизғин савдо алоқалари орқали боғланган араб Шарқининг ўзига хос меъморчилик анъаналарини ҳам бирлаштирган. Бунга ёрқин мисол Венеция готикаси услубида яратилган Дожлар саройидир1.


Олдинги коммунал сарой 1172–1178 йилларда барпо этилган эди, дожларнинг шахсий обрўси ва бойлиги билан боғлиқ равишда Сарой тез-тез қайта қуришларга дучор бўларди. Шу сабабли эски саройнинг қиёфаси бизга номаълум, эҳтимол у Константинополь саройларига ўхшаш бўлгандир.

Сарой ҳозиргидек, Сан – Маркодан жанубда жойлашган ва қолдиқлари сақланиб қолган девор ва миноралар билан ўралган эди. Марказий ҳовли атрофида саройнинг учта қисми жойлашган: ҳукумат қароргоҳи, Қонунчилик саройи ва Коммуна (Республика) саройи. Асосий зал (Катта кенгашнинг зали) жанубий қисмнинг қуйи қаватида жойлашган бўлган. Саройни реконструкция қилиш зарурияти XIII–XIV асрларда юзага келди.


Қайта қуришлардан сўнг янгича кўринишга эга бўлган бу бино меъморчилик жиҳатидан ўзига хос ечимга эга. Ёрқин мармардан ясалган аркадаларнинг икки қавати устида сийрак жойлаштирилган готик ва мавритан шаклларни бирлаштирган катта ойналар ва уларнинг устидаги кичик дарчаларни ҳисобга олмаганда, ҳеч нарса билан бўлинмаган баланд блок жойлашган. ғарб меъморчилигига хос бўлмаган иншоотнинг юқори ва пастки қавати ўртасидаги бундай мутаносиблик кўпроқ Шарқ учун хос. Тектониканинг умумқабул қилинган қоидаларининг бузилишига қарамай, сарой биноси жуда гўзал ва мутаносиб кўринишга эга. Бинонинг учинчи қавати деворини қоплаган оқ ва пушти плиталардан ҳосил бўлган нақшлар Шарқ безак санъатини эслатади ва бинога енгил кўриниш бахш этади. Жанубий фасад 70 метрга чўзилган бўлиб, кўрфазга қараган. Сузиб келаётганларда сарой гўё сувдан қад ростлаётгандек таассурот туғилган, чунки унинг пастки қаватидаги унча баланд бўлмаган маҳобатли устунлар асосга эга эмас, юқори қаватнинг аркали галареяси эса икки баробар кўп, баландроқ ва ингичкароқдир. Асимметрик жойлашган йирик ва майда ойналарини ҳисобга олмаганда деярли яхлит девордан иборат бўлган учинчи қават маҳобатли ва оғир кўринишга эга бўлиб, иншоот тескари ағдариб қўйилгандек ва гўёки бизга унинг сувдаги акси кўринаётгандек таассурот туғдиради. Ғарбий фасад кичик майдон – Пьяцеттуга қараган ва жанубий фасад каби безак берилган. Анъанага кўра XIV асрда ва XV асрнинг биринчи ярмида Дожлар саройини маҳаллий меъморлар Джованни Буон (ёки Бон, ёки Бен) ўғиллари Панталеоне и Бартоломео билан қуришган. XV асрнинг иккинчи ярмида унинг қурилишида Антонио Риццо (у кичик канал бўйлаб шарқий корпусни барпо этган) ва Пьетро Ломбардо ўғиллари Антонио ва Туллио билан иштирок этган1.


1430-1440 йилларда сарой ғарбий фасадининг энг чекка қисмида, авлиё Марк ибодатхонасининг ёнида готика услубидаги ҳашаматли саройга кириш эшиги барпо этилган. Унга Порта делла Карта (қоғозлар дарвозаси) деб ном беришган, ё бу ерда архив жойлашгани учун, ё бу ерга яқин жойда хусусий кишилар учун ҳужжатларни ёзиб берувчи котиблар жойлашгани учун. Эшикнинг тепа қисмида Антонио Бреньонинг ҳайкаллар гуруҳи жой олган: қанотли шер олдида дож Франческо Фоскари (1423—1457) тиз чўкиб турибди. У йирик давлат арбоби бўлиб, ақли, шижоати ва довюраклиги билан ажралиб турган.

Ташқи томондан Дожлар саройи ўзининг ёруғ деворлари ва жимжимадор галереялари билан лол қолдиради. Иншоот қалъага ўхшамайди, аммо у ҳақиқатдан ҳам қалъадир. У фақат бита йўлаксимон киришга эга бўлиб, бу йўлак ички ҳовлига олиб киради. Ички ҳовлида ҳар эҳтимолга қарши иккита қудуқ барпо этилган.

Энсиз каналнинг бошқа тарафида XVI асрда зиндон биносини қуришган ва уни дабдабали фасад билан безашган.   Сарой ва зиндон (Приджон) орасида барпо этилган ёпиқ ёйсимон кўприк Ponte dei Sospiri — «Хўрсиниш кўприги» деб ном олган, чунки маҳкумлар унинг панжарали ойналари орқали охирги бор осмонга назар ташлашган. (Приджони и Хўрсинишлар кўприги Антонио да Понте томонидан лойиҳалаштирилган).
  Саройнинг Пьяцетту томонга қараган томони ҳам шундай нохуш деталга эга: иккинчи қаватнинг тўққизинчи ва ўнинчи устунлари тўқроқ, қизғишроқ мармардан ясалган – бу устунлар орлиғида ўлим ҳукми эълон қилинган.
XV—XVI асрларда Дожлар саройининг ҳовли томонга қараган томонларини безаш ишлари тугатилган, 1554 йилда эса иккинчи қаватга олиб борувчи ҳашаматли зинанинг юқори майдончасида Марс ва Нептуннинг Якопо Сансовино томонидан яратилган улкан мармар ҳайкаллари ўрнатилган. Шундан сўнг бу зина Гигантлар зинаси деб ном олган, унинг остида зиндон камералари жойлашган, юқори майдончасида эса дабдабали дожларга тож кийдириш маросимлари ўтказилган. Дожлардан бири, бўйсунмас Марино Фальер шу зинанинг ўрта майдончасида қатл этилган (бу воқеа 1355 йилда содир бўлган).

XVI асрда Дожлар саройида Олтин зинани барпо этишган. Фақатгина номи Олтин китобда қайд этилган венецияликлар бу зина орқали иккинчи қаватнинг галереясидан саройга ўтиш ҳуқуқига эга бўлишган.

Дожлар саройининг ички хоналари машҳур усталарнинг, шу жумладан Тицианнинг суратлари билан безатилган. 1577 йил 20 декабрда содир бўлган йирик ёнғин чоғида иморатнинг барча заллари ёниб кетган ва уларни қайта безашга тўғри келган.

Готик ва шарқ меъморчилиги шаклларини ўзига хос тарзда уйғунлаштирилиши Венеция зодагонларининг саройлари учун ҳам хос. Уларнинг полихромия билан бойитилган фасадлари готик шаклдаги меъморий безакларга бой бўлиб, шарқона характердаги ёрқинлик ва рангдорликка эга. Масалан, Венеция ўрта аср саройлари орасида машҳур Кад’ Оро палаццоси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Мармар пештоқи олтин ранг билан безатилганлиги туфайли “Олтин уй” деб ном олган бу сарой машҳур Контаринилар оиласига тегишли бўлган. XII асрда яратилган эски бинога XV асрнинг биринчи ярмида готик пештоқ қўшилган.

Бошқа готик услубдаги саройлар орасида Палаццо Фоскари (ҳозир унда университет жойлашган) ўзига хослиги билан ажралиб турган. Кичикроқ Палаццо Контарини-Фа-зан ўзининг баланд найзасимон ойналари ва каштасимон панжарали балконлари билан диққатни ўзига тортган. Афсоналарга кўра бу ерда Отелло томонидан ўғирлаб кетилганига қадар Дездемона яшаган.

XV аср охиридан Уйғониш даври услубидаги саройлар қурилиши авж олди. Улардан энг биринчиси сифатида Катта каналда 1481-1509 йилларда меъмор Мауро Кодусси томонидан (унинг ўлимидан сўнг қурилишни Пьетро Ломбардо давом эттирган) барпо этилган Вендрамин-Калерджи Палаццосини кўрсатиш мумкин. Бу бинода анъанавий куб шакли ва уч қаватли бўлиниш сақланиб қолди. Антик ордернинг қўлланилиши Венеция учун янгилик бўлди. Кўплаб янги услублар қўлланилган биноумуман олганда жуда гўзал ва бой кўринишга эга.  Венеция меъморчилиги учун хос бўлган хусусият – гўзалликка интилиш бу бинода ҳам ўз аксини топди.

1500 йилда меъмор Джованни Канди Палаццо Контарини даль Боволо ҳовлисида ажойиб кўп қаватли айланма зинапоя – минорани барпо этди. У Ренессанс услубидаги асарлар орасида ўзига хос ўринга эга. Бу зина жиддий Флорентия меъморчилигидан фарқ этади.

Ҳукмрон оилалар манфаатларини қаттиқ ҳимоя этувчи давлат сиёсати ҳаётнинг барча жабҳалари қатори, меъморчиликда ҳам ўзининг изини қолдирди. Демократик Флоренцияда гуллаб – яшнаган гуманизм аристократик «Адриатика дурдонасини» аста – секинлик билан забт этди.

XV асрнинг иккинчи ярмида Венецияда готика Уйғониш даври услубига ўз ўрнини бўшатиб берди. Унинг биринчи намуналаридан бири 1481 – 1489 йилларда меъмор Пьетро Ломбардо ва унинг ўғиллари томонидан барпо этилган Санта Мария деи Мираколи черковидир.

Бу унчалик катта бўлмаган икки қаватли иморат яримшар шаклидаги фронтон билан тугаган. Фронтоннинг марказида доира шаклидаги ойна жойлашган бўлиб, у яна кичикроқ ўлчамдаги бешта дориа шаклидаги ойналар билан ўралган.  Черков деворлари мармар қадамалар билан, пастки қават антик пилястралар билан безатилган. Юқори қаватни безаб турган пилястралар ярим доира шаклидаги аркалар билан тугаган. Черковнинг ичи баланд, кенг ва ёруғ залдан иборат. Меҳроб томонга  ўн иккита оқ мармар зина олиб боради.  Бутун бино жиддий, тантанавор кўринишга эга. Готик услубдаги оғир ғиштин бинолардан сўнг бу черков қувончли кайфият туғдиради. Умуман Венеция Ренессансига хос хусусият ёрқин тантанаворликдир.

Яна бир Ренессанс иншооти – XV асрда Санта Жованни э Паоло черкови ёнида қурилган Авлиё Маркнинг Катта скуоли ҳам тантанаворлиги ва бой безаклари билан ажралиб туради. Ўзига бирор бир авлиёни ҳомий сифатида танлаб олган ва унинг номи билан аталган дунёвий филантропик бирлашмалар скуол деб аталган. Гранде ди Сан Марко скуоли— икки қаватли бино бўлиб, пилястралар, ҳайкаллар, плиталар ва оқ, яшил, қизил мармар қадамалар билан безатилган. Бино меъморлари — Пьетро Ломбардо ва Мауро Кодуччи (ёки Моро Кодуччи) лардир.  

Бергамлик Мауро Кодуччи 1469-1504 йиллар оралиғида Венецияда фаолият олиб борган. У Гранде ди Сан Марко скуолидан ташқари Сан Микела ин Изола, Сан Дзаккария, Санта Мария Формоза, Сан-Джованни Кризостомо каби ёдгорликларнинг муаллифи ҳамдир.

XIV—XVI асрларда ташқи дабдабага ўч бўлган венецияликлар ўз шаҳарларини Италиянинг энг гўзал шаҳрига айлантиришган.
   XV аср ўрталарида Катта каналнинг сокин сувларида икки юзга яқин муҳташам, ранг – баранг ва ҳашаматли саройларнинг пештоқлари акс этиб турган. Аввалги византик анъаналар ўз даврини яшаб бўлган ва унинг ўрнини готика услуби эгаллаган: бинолар каштасимон мармар безакли колонналар ва лоджиялар билан безатилган.

XV - XVI аср Венецияда ренессанс меъморчилигининг гуллаб – яшнаган даври бўлиб, бу даврда гўзал, бетакрор иншоотлар яратилган.

Венецияда маданий тараққиётнинг янги кўтарилиши 1530 йилдан, Камбрея лигаси билан кураш туфайли юзага келган сиёсий ва иқтисодий қийинчиликлар енгиб ўтилган сўнг содир бўлди. Янги «антик» усулнинг тарқалишига Венециянинг Римга бориб тақаладиган келиб чиқиши ҳақидаги ғоялар (XV аср ўрталаридан бошлаб император Юстинианнинг саркардаси Нарсес томонидан V асрда Венецияда биринчи ибодатхоналарнинг 1барпо этилганлиги ҳақида афсоналар кенг тарқалди), шунингдек Абадий шаҳарнинг қадимги ёдгорликларини ўрганаётган тосканиялик ва ломбардиялик усталарнинг ташрифи сабаб бўлди. Уйғониш даври меъморчилигидаги антик услуб Я. Сансовино, С. Серлио, А. Палладио, А. да Понте, В. Скамоцци номлари билан боғлиқ.

XVI асрнинг биринчи ярмида фаолият кўрсатган йирик меъморлардан бири Якопо Тати (тахаллуси Сансовино)(1486-1570) бўлиб, у дастлаб Флоренция ва Римда, 1527 йилдан Венецияда иш олиб борган. 1536—1554 йилларда унинг лойиҳаси бўйича Дожлар саройига қарама- қарши бўлган Пьяцеттининг нариги томонида ниҳоятда жимжимадор ва нафис авлиё Марк кутубхонаси барпо этилган. Бу узун, икки қаватли аркали бино ҳайкаллар билан безатилган балюстрада билан тугаган ва Италияда энг чиройли иншоотлардан бири ҳисобланади. Бу кутубхона ўзига яқин бўлган майдон билан ягона мажмуага бирлаштирилган. Ҳозир бу ерда Археология институти (қисман) ва кутубхона жойлашган бўлиб, унда 13000 қўлёзма ва бир ярим миллион китоб мавжуд.

Кутубхонадан ташқари Сансовино Лоджетта — авлиё Марк қўнғироқхонасининг ёнидаги кичик, ҳашаматли уч аркали лоджияни яратган, савдо расталарини олдириб ташлаб, Пьяцеттуани тартибга келтирган.

XVI асрнинг иккинчи ярмида Катта каналда ажойиб уч қаватли Гримани саройи пайдо бўлган. У Микела Санмикелининг лойиҳаси бўйича қурилган. Бино нисбатан камтарона безатилган, аммо у ўзига хос маҳобатли кўринишга эга. Гримани Палаццоси — Уйғониш даври қудратли руҳининг тимсолидир.

XVI асрнинг иккинчи ярмида Венецияда ўз даврининг буюк меъморларидан бири шимолий Италиядаги Виченца шаҳрида таваллуд топган Андреа Палладио (1518-1580) фаолият кўрсатган. У сўнгги уйғониш даврининг йирик меъмори ва назариётчисидир. Унинг 1570 йилда нашр этилган «меъморчилик тўғрисида тўрт рисола» китобида антик меъморчилик ва ордерлар тизими ҳақида тўхталиб, уларни ўзгартириб бўлмайди деб ҳисоблайди1. У ўз идеалини антик меъморчиликда кўрди ва шу идеални ўз ижодида қайтаришга уринди. Меъмор бино учун яхлит, классик нормадаги шакллардан, қатъий симметриядан фойдаланган ҳолда, улардан декоратив эффект топди. У феодал саройларини шаҳар уйларига айлантирди. Унинг қурган бинолари шаҳар ансамблининг ажралмас қисмига айланди. Пьяцеттининг қаршисида жойлашган, унча катта бўлмаган орол Сан Джорджо Маджореда унинг лойиҳаси бўйича 1560 йилда орол номини олган черков қурилиши бошланган. Палладио черкови Венециядаги барча нарсалар сингари гўзал, аммо унинг гўзаллиги янгича: унда ортиқча безаклар йўқ, аксинча унинг бутун бинони кесиб ўтган улкан устунли силлиқ оқ мармар олд пештоқи жиддий дабдабали кўринишга эга. Бинонинг улуғвор ва сипо кўриниши табиат билан уйғунлашган. Черков жиҳозлари ҳам ёруғ, кенг ва жиддий. Палладионинг ўлимидан сўнг қурилишни унинг шогирди Скамоцци тугаллаган.

Иль Реденторе черкови ҳам ана шундай жиддий ва ёруғ гўзаллик тимсолидир. У ҳам Палладио томонидан лойиҳалаштирилган ва Джудекка оролида 70000 кишининг умрига зомин бўлган ўлат касаллигининг тугаши шарафига барпо этилган.

Андреа Палладио 1570 йилда ёзилган ва граф Джакомо Ангараннога бағишланган меъморчилик ҳақидаги асар муаллифи ҳамдир. 

XVI аср охирида Катта каналда Антонио да Понто томонидан лойиҳалаштирилган биринчи тош кўприк – Риальто барпо этилган. Унинг узунлиги — 48 м, кенглиги— 22 м, ягони гумбазининг баландлиги 7,5 м га етади. Кўприк 12 000 та устунга ўрнатилган ва оқ мармар билан қопланган, ҳайкалли рельефлар билан безатилган. Барпо этилганидан бугунги кунгача у савдо маркази бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг иккита оқ мармарли аркада гумбазлари остида заргарлик дўкончалари жойлашган бўлган.

Венецияда қурилиш хом ашёси етарли бўлмаган. Қурилиш учун ҳамма нарсани материкдан олиб келишган, шу туфайли материал қиммат бўлган. Бу эса Венеция меъморчилигида ўзига хос усулларнинг ишлатилишига сабаб бўлган.

2.2. ҲАЙКАЛТАРОШЛИК ВА ТАСВИРИЙ САНЪАТ

Тасвирий санъатда ҳам узоқ вақтгача Византия анъаналари сақланиб қолди. Аммо, Византия бадиий анъаналарини шаклланаётган Венеция мактаби руҳида қайта англашга интилиш нафақат меъморлар балки мусаввирлар учун ҳам хос.

Равеннадаги кафедрал ибодатхонада 1112 йилда барпо этилган ва кейинчалик Архиепископ капелласига кўчирилган мозаикалар ўз хусусиятига кўра Византия мактабига яқин, аммо ўзига хос жиҳатларга эга. Адриатик усталар Византия нусхаларига ўзгача ёндашганлар. Равенна мозаикаларини яратувчи усталар тасвирларни жойлаштиришнинг Византия мактабида қатъий риоя этилган услубидан воз кечишган. Шунингдек, иконография ҳам ўзгарган. Биби Марям тасвирида умумқабул қилинган баъзи қоидалардан (кийимларнинг деталлари, фон) чекинилган. Анъаналардан четга чиқиш бадиий образнинг мазмунида ҳам ўз аксини топган.

XI асрнинг иккинчи ярмида Византия маданиятининг ичида роман оқими вужудга келди. Масалан, Византия анъаналари Торчелло ибодатхонасининг мозаикаларида янада катта ўзгаришларга учраган. Ушбу мозаикалар бутун XII аср давомида яратилган. Қатор ҳолларда уларнинг яратувчилари ғарбнинг роман санъатига таянишган. Агар XII асрнинг биринчи ярмида яратилган ибодатхона апсидаларидаги мозаикаларда тўғридан- тўғри Византия анъаналарининг таъсирини сезиш мумкин бўлса, XII аср охирида яратилган «Даҳшатли суд» композицияси кўпроқ романлашган1.

Торчелло мозаикалари циклини ягона мажмуа сифатида қабул қилиш қийин. Бу ердаги «Даҳшатли суд» композицияси, Биби Марьям тасвири ўзининг қарама – қарши кайфиятларни бера олиши билан лол қолдиради2. Торчелло ибодатхонасининг мозаикалари Венеция мактабининг усталарига ўз услубларини излаш хос эканлигидан далолат беради ва у Византия ва Ғарби анъаналари ўртасидаги барқарорликни сақлаб қолиш учун охирги уринишлардан биридир.

Шунингдек, худи шу венециялик мозаикачилар Мурано оролидаги Санти-Мария э Донато ибодатхонасида ва Венециядаги Сан-Марко базиликасида ишлашган.

Венеция рангтасвир санъатининг ривожланишидаги кейинги босқич авлиё Марк ибодатхонасининг мозаикаларида акс этган. XII-XIII асрларда барпо этилган бу мозаикаларда тасвирлар ва композициялар маҳобатлигини йўқотиб, майдалашганини кўриш мумкин. Византия мактаби учун хос бўлган образларнинг руҳий ҳолатини акс эттиришга интилиш ўрнини роман услубига хос бўлган анъаналар эгаллай бошлаган.

Венеция бадиий принциплари Византия бадиий тизими билан боғлиқликни узоқ вақтгача сақлаб қолди. Сўнгги ўрта асрлардаги коммунал шаҳар руҳи патрицийлар Венецияси учун хос эмас эди. Византия анъаналарининг Венеция санъатида XV асргача сақланиб қолганлиги бежиз эмас эди. Италиянинг бу қисмида проторенессанс анъаналарининг таъсири сезилмаслиги ҳам тасодиф эмас.

Авлиё Марк скуоли олдидаги унча катта бўлмаган майдонда кондотьер (ёлланма саркарда) Бартоломео Коллеони шарафига барпо этилган бронзадан ясалган дабдабали отлиқ ҳайкал қад кўтариб турибди. Венецияликлар бу ёдгорликни оддийгина қилиб Cavallo (от) деб аташади ва уни дунёдаги энг ажойиб отлиқ ҳайкал деб ҳисоблашади.

Шимолий Италия шаҳри Бергамда туғилган Б. Коллеонининг меросхўри бўлмаган ва у ўзининг барча бойлигини, авлиё Марк майдонида ўзига ҳайкал ўрнатиш шарти билан, Венеция Республикасига мерос қолдирган. Венеция албатта 1475 йилда Бергамда дафн этилган ўз кондотьерининг меросини қабул қилишни истаган. Аммо венецияликларда авлиё Марк майдонида ҳеч кимга ёдгорлик ўрнатиш мумкин эмас деган таъқиқ бўлган. Бу ҳолатда шундай айёрона иш тутишга мажбур бўлишган: ёдгорлик учун Авлиё Марк скуоли олдидаги майдонни танлашган. Ахир у ҳам авлиё Марк номи билан боғлиқ бўлган – да.

Венециянинг ўз моҳир ҳайкалтарошлари йўқ эди, шу сабабли ёдгорлик учун флорентиялик машҳур Андреа Верроккога буюртма беришган. «Ва шунда, Андреа, отнинг моделини ясаб бўлгач, арматурага киришди. Баъзи амалдорлар отни Андреа, суворийни эса Падуялик Веллано ясаши керак деган фикрга келишди. Бу ҳақда эшитган Андреа ғазабга тўлди ва от моделининг оёқлари ва бошини олиб ташлаб, бир оғиз сўз айтмай Флоренцияга қайтиб кетди. Венеция ҳукумати бу ҳақда эшитгач, унга ҳеч қачон Венецияга қайтиб келмасликни, акс ҳолда боши танасидан жудо этилишини хабар қилишади. Бунга жавобан Андреа бу ҳеч қачон содир бўлмаслигини ёзиб юборади. Бундай ҳақортаомуз жавобдан сўнг ҳукумат икки баробар ҳақ ваъда қилиб, ҳайкалтарошни Венецияга қайтариб келади. Бу ерда у отнинг моделини тиклайди ва уни бронзадан ясаб бошлайди. Аммо у бу ишни охирига етказа олмайди, чунки ҳайкални қуйиш жараёнида шамоллаб қолади ва бир неча кун ўтгач вафот этади» 1. Бу ҳодиса 1488 йилда содир бўлган. Ҳайкал 1490 йилда Алессандро Леопарди раҳбарлигида тугатилади ва у ёдгорликка ўз имзосини қўяди. 1495 йилда унинг лойиҳаси бўйича пьедестал ҳам битказилади.   Ёдгорлик жуда улуғвор бўлиб, Венециянинг гўзал қудрати рамзига айланган.

XIV асрда Венеция тасвирий санъати Ғарб ютуқларини рад этган ҳолда, ҳануз Шарққа (юнонларга) таассуб қиларди. Фақатгина баъзи асарларда Ғарбда Жотто бошлаб берган санъат таъсирини сезиш мумкин эди. Масалан Апостоллар черковидаги ав. Причастия капелласидаги «Хочдан олиш» ва «Тобутга қўйиш» асарлари; Сан – Марко учун 1318 йилда буюртма қилинган қўлёзмалар (антифонарийлар) даги миниатюралар.

Бу давр Венециянинг XIV асрдаги энг машҳур усталаридан бири Паоло Венецианонинг ижод йўлини белгилаб берди. Унинг ижодида Византия ва готика анъаналари уйғунлашиб кетган. Масалан, Паоло Венецианонинг ўғиллари билан биргаликда дож Э.Дандоло буюртмасига кўра яратилган Фериале (Сан-Марко меҳроби, 1345).

XV аср бошларидан бошлаб мусаввирлар Византия иконографиясидан аста-секин узоқлашиб, интернационал готиканинг умумевропа услубига қўшила бошладилар. Бунга Венецияда қирол саройининг йўқлиги ҳам халал бермади. Катта кенгашнинг буюртмасига кўра Дожлар саройининг деворлари турли суратлар билан безатилди. Масалан, Гуариентонинг Катта кенгаш залидаги «Марияга тож кийдириш» деворий сурати. Катта кенгаш зали деворидаги жаннат сурати ёнида Венеция тарихидан лавҳалар ва дожларнинг суратлари пайдо бўлди. Уларнинг устида Джентиле да Фабриано, Пизанелло, Микелино да Безоццо, Якобелло дель Фьоре каби мусаввирлар иш олиб борган1.

1408 йилда машҳур мусаввир Джентиле де Фабриано (1370-1427 йй) Дожлар саройининг Катта кенгаш залини безашга буюртма олади. Аммо Венециянинг намчил ҳавоси туфайли унинг фрескалари сақланиб қолмаган. Шуниси маълумки, Венециядаги фаолияти даври Джентиле де Фабриано ижодида катта ўрин тутган.

Венеция Уйғониш даври санъатида тасвирий санъат етакчи ўрин тутган. Уйғониш даврида Венеция мактаби Италиянинг асосий рангтасвир мактабларидан бири эди. Бу даврга хос бўлган оламнинг жўшқинлиги ва ранг-баранглигини ҳиссий сезиш Венеция мактаби рангтасвирида ўзининг ёрқин ифодасини топди. унда мойбўёқ рангтасвирининг ифода имкониятларининг мукаммаллиги, айниқса колоритга эътиборнинг устунлиги кўзга ташланди. Венеция мактабининг усталарининг асарларида тасвирнинг текис юзалиги, олтин заминнинг умумийлиги, безак нақшлар хос бўлиб, соф бўёқдаги тантанали ҳамоҳанглиги билан ажралиб турарди.

Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ўрта аср тизимидан ренессанс реалистик рангтасвирига ўтишда венецияликлар мозаикадан тўлиқ воз кечишди. Мозаика янги бадиий талабларга мос келмас эди. Мозаика санъати ёрқинликка, калоритнинг бойлигигиа ўч Венециянинг рангтасвир санъатига, билвосита бўлса-да, таъсир кўрсатди. Аммо мозаика техникасининг ўзи ўтмишда қолди. Монументал тасвирий санъатнинг кейинги ривожи фреска, деворий суратлар билан боғлиқ эди.

Венеция тасвирий санъатида ренессанс чизгиларининг пайдо бўлишида мусаввир Беллинилар оиласи вакилларининг хизмати улкан. Якопо Беллини ҳамда унинг икки ўғли – Жентиле ва Жованниларнинг, сўзсиз, Венеция илк Уйғониш даврининг ривожланишида ҳиссаси каттадир.

Бу оиланинг каттаси Якопо Беллини (1400-1470) томонидан бошланган йўналиш – воқеликни тасвирлашда перспектива имкониятларидан фойдаланиш, одам қоматини ишлашда анатомик аниқлика эътибор бериш кейинчалик унинг ўғиллари томонидан давом эттирилди. Якопо Беллини (1470 йилда вафот этган) Джентиле де Фабрианонинг шогирди бўлиб, «Джентиле де Фабрианонинг шогирди» деб имзо чекан. У Джентиле де Фабриано билан Флоренцияда бирга ишлаган. 1424 йилда Венецияга қайтгач, архаик анъаналарга содиқ бўлган бадиий муҳитнинг норозилигига қарамасдан у Джентиленинг «замонавий» анъаналарини қувватлай бошлаган. Якопо Беллини сўнгги готиканинг намоёндаларидан биридир.

Бу оиланинг энг истеъдодли вакили Джамбеллино номи билан машҳур бўлган Жованни Беллини (1430-1516) эди. У мойбўёқ техникасини мукаммаллаштириш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшган бўлиб, ранглар жилоси бойлигидан, инсон туҳий оламини очишда табиат кўриниши имкониятларидан унумли фойдаланди. У XVI аср Венеция мусаввирларининг колорит соҳасидаги катта ютуқларига асос яратди. Жованни Беллини ҳикоянавислик, майда – чуйда деталларга аҳамият беришдан воз кечиб, ўз диққатини, энг аввало, яхлит ва тугал шаклларда инсоннинг маънавий қиёфасини очишга ҳаракат қилди. У реалистик портрет устаси ҳам эди. Масалан,   дож Леонардо Лореданнинг портретида 65 ёшида дож этиб сайланиб, Венецияни моҳирлик билан бошқарган ақлли, адолатли, жиддий инсон қиёфаси яратилган.

Ўзининг узоқ ҳаёти давомида Жованни Беллини кўплаб сокин ўз хаёлларига чўмган мадонналар ва бошқа диний мавзудаги асарлар яратди. Диний мазмунига қарамасдан уларда қаҳҳоний ҳаётни мавжуд, чунки сюжет ажойиб кенгликлар, осмон, дарёлар, яшил тепаликлар, қасрлар, дарахтлар, оддий инсонлар ва ҳайвонлардан иборат табиат манзараси қўйнида тасвирланади.   

Жованнининг асарлари ўзининг бой колорити, мувозанатли, вазмин композицияси, ҳар бир образ характерининг очиб берилиши ва таққосланиши билан Италияда кватречентодан юқори Уйғониш даврига ўтиш принципларини намоён қилди. Унинг энг машҳур асари бугунги кунда Лондондаги Миллий галереяда сақланаётган “Мадонна дель Прато” (Ўтлоқдаги Мадонна). Жованни Беллинининг шогирдлари Жоржоне ва Тициан унинг ишини давом эттиришди.

Италия илк Уйғониш даврининг машҳур мусаввири Доменико Венециано (тах.1410-1461 йиллар) ҳам асли Венециялик бўлиб, 1438 йилдан бошлаб етук ижодкор сифатида Флоренцияда ўз ижодини давом эттирган. Унинг улуғвор ва монументал асарлари нурга бой. Нур мусаввир асарларида фазовий кенглик яратишда, мавжуд образ ва буюмларни ҳаво билан ўрашда муҳим рол ўйнайди. Венециано яратган «Мунажжимларнинг таъзим қилиши» (тах.1440-1445, Берлин – Долем Давлат музейининг сурат галареяси), «Мадонна ва авлиёлар» (тах.1445 й, Флоренция, Уффици галереяси) шундай асарлардандир1.

Витторе Карпаччо (тах.1456-1526) ижодида Венециянинг кватречентоси принциплари ўзининг тўлиқ ифодасини топди. Унинг мойбўёқда ишланган диний мавзудаги асарларида мусаввир замондошлари, уларни ўраб турган муҳит, табиат, меъморчилик кўринишлари акс эттирилди. Венеция каналларида сузиб бораётган гандолалар, балкондан ташқарини томоша қилиб ўтирган аёллар тасвири-буларнинг ҳаммасида мусаввир замонасининг руҳи ўз ифодасини топган. Венециянинг Коррер музейида унинг кўп вақтгача «Икки венециялик куртизанка» деб аталган машҳур асари сақланади.

Шундай қилиб, Илк Уйғониш даври намояндалари асарларида дунёвийлик ортди, дунёни реал тасвирлаш, фазо ва ҳажмни беришга интилиш ортди. Анъанавий диний мавзуларда Венециянинг кундалик ҳаётидан ёрқин ҳикоя қилиинди.

XV аср ўрталарида Венеция юқори Уйғониш даврига қадам қўйди. Санъат ва маданиятда юқори Уйғониш даври принциплари ўз ифодасини топди. бу ерда етук меъмор, ҳайкалтарош, рассомлар ижод қилиб, Италия обрўсини дунёга таратди.

Инсон жисмоний гўзаллигига мафтун бўлиш, унинг тасвирини ишлашга интилиш венециялик мусаввирлар ижодида алоҳида ўрин тутади. Гуманистик принципларга содиқ бўлиш, инсон иродаси ва имкониятларига ишониш етук рассомлар ижодининг асосини ташкил этди. Венеция рангтасвиридаги анна шу хусусиятлар дастлаб Жоржоне деб ном олган Жоржо Барбарелли Кастельфранко (1476-1510) ижодида кўрина бошлади. Унинг «Юдиф» (1502), «Ухлаётган Венера» (1508-1510) каби машҳур асарлари воқеликни шоирона талқин этиш, чуқур лирик ҳис-туйғунинг мўллиги билан характерланади. Рассом ўз қаҳрамонларини кўп ҳолларда табиат қўйнида тасвирлайди. Сокин, осойишта табиат кўринишлари унинг асарларига шоирона руҳ киритиб, таъсирчанлигини оширади. Жоржоне ўз устози Беллинининг мойбўёқда расм ишлаш техникасини янада бойитди, ҳажм, нур ва ранглардаги жозибани мойбўёқда зўр маҳорат Билан ифодалади. Жумладан, «Ухлаётган Венера» асарида бадан ҳарорати ранглар жозибаси ва товланиши орқали ишонарли талқин этилган. Жоржоне ижоди гуллаган бир даврда ҳаётдан кўз юмган. Ҳатто у ўзининг «Ухлаётган Венера» асарини тугатишга ҳам улгурмади.

Бу асарнинг манзара қисмини, шунингдек бир қатор буюртмаларини унинг шогирди Тициан Вечелло (1487Ғ90 - 1576) давом эттирди ва тугаллади. 1516 года йилдан республиканинг расмий мусаввири бўлган Тициан ижодида Венеция санъати ўз чўққисига етди1. Унинг асарларида Венециянинг қудрати, энергияси, баландпарвозлиги ва маҳобати ўз аксини топди.

Унинг юксак касб маҳорати, рангнинг эмоционал томонидан тўлиқ фойдаланишга интилиши чуқур гуманистик ғоялар билан тўлдирилиб, Венеция юқори Уйғониш даври санъатининг етук намуналарини яратди. Тициан асарларида Венеция тасвирий санъат мактабининг ўзига хос жиҳатлари тўлиқ мужассам бўлди. Унинг илк асарларида воқеликни хотиржамлик билан идрок этишда, танланган типларининг кўриниши ҳамда мавзуларида Жоржоненинг таъсири сезилади. Лекин Тициан образлари ўзининг тўлақонлиги, хушчақчақлиги ва ҳиссиётлилиги билан фарқланиб туради. У ўз асарларида кўпинча қарама-қарши характерларни, уларнинг ички ҳолати ва кечинмаларини тасвирлайди. Буни «Ердаги ва хаёлий муҳаббат» (1514), «Кесари динори» (1516) каби асарларида кўриш мумкин2.

Тициан ижодининг гуллаган даврида меҳроб учун қатор суратлар ишлади, портретлар чизди. Уларда воқеликни тўлақонли ва атрофлича тасвирлашга интилиш сезилади. Тасвирланаётган ҳар бир аниқ, тугал характерни кўрсатишга интилиш унинг асарларига ҳаётийлик киритади. Тицианнинг энг машҳур асарларидан бири - «Ассунта» 1516-1518 йилларда Санта Мария Глориоза деи Фрари черковининг меҳроби учун яратилган. Баландлиги тахминан 7 метр бўлган бу суратда осмонга кўтарилаётган она худо сиймосида кучли ва ички қудратга тўла венециялик аёл акс этган. 1576 йил 27 августида вафот этган Тицианинг ўзи айнан мана шу черковда дафн этилган.

1530-1540 йилларга келиб, рассом асарларидаги ҳаяжонли ва динамик композиция ўрнини хотиржамлик ва мувозанатли композициялар эгаллай бошлайди. Рассомнинг диний ва мифологик мавзуларда ишлаган расмларида ҳам бевосита шаҳар ҳаёти лавҳалари, конкрет типлар тасвири киритилган.

Тициан бутун ижоди давомида портрет жанрида ижод қилди. Тициан портретларида руҳан мураккаб яхлит инсоний характерлар алоҳида ўрин тутади. У ўз қаҳрамонларининг характерини очишда тасвирланувчининг хатти – ҳаракати, ўзини тутиши, мимик ҳолатига эътибор беради. «Қўлқопли йигит портрети» (1520) да қисилган лаб, чаақнаб турган кўз, оқ ва қора рангдаги кийимлар, конкрет характерни чуқурлаштириб, аниқ мақсадга интилувчи, ўз имконият ва қадрини яхши биладиган ишбилармон, зийрак инсон қиёфасини гавдалантиради. «Ипполито Риминальди портрети» (1540) да эса тасвирланувчи образнинг қарашида, оқарган юзида унинг ички ҳиссиёти – иккиланиш ва ҳайрон бўлиш кайфияти очилади.

Тицианнинг «Папа Павел III ўз жиянлари билан» (1545-1546), «Карл V нинг отда ўтирган пайтидаги портрети» (1548) асарлари ҳам ўзининг реалистик характери билан қимматлидир.

Масалан, «Папа Павел III ўз жиянлари билан» деб ном олган гуруҳ портретида Тициан папанинг безовта ҳолати, унинг Оттавиога ишончсизлик назари билан қараши, Алессандронинг жуда жўн қиёфаси, Оттавионинг хушомадгўйлиги, ўзига хос кучи, аммо совуқ иккиюзламачилиги кучли тарзда очиб берган.

Тициан ўзининг «Даная», «Тавба қилаётган Мария Магдалина», «La Bella» каби асрларида ранглар жилосидан усталик билан фойдаланиб, суратлар мазмунини очиб бера олган.

XVI аср ўрталаридан бошлаб, Венеция республикасида инқирознинг бошланиши, феодал-католик реакциянинг кучайиши каби мураккаб тарихий вазият рассом асарларига ҳам таъсир қила бошлайди. Тициан эндиликда одамларнинг азоб чекаётган, қийналаётган пайтларини тасвирлаётган асарлар («Авлиё Лаврентийни қийнаш», «Тиканли чамбар», «Авлиё Себастьян» ва ҳ.к.) ярата бошлади1. Рассом ижодий услубида ҳам ўзгариш содир бўлиб, ранглардаги ёрқинлик ва жилвадорлик ўрнини оғир, мунгли, қорамтир ранглар эгаллади. Лекин рассом ўз асарларида гуманистик идеаллардан қайтмади. У инсоннинг имконияти, ақл-заковати, қудратига ишонади, умрининг охиригача шулар ҳақида асарлар яратди.

XVI асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Италия санъати ва маданиятидаги инқироз кучайган даврларда ҳам, Венециянинг кўпгина рассомлари ўз ижодларида Уйғониш даври гуманистик анъаналарига содиқ қолдилар. Ҳаётни тўлақонли ва атрофлича тасвирлашга интилиш улар ижодининг асосини ташкил этди.

Сўнгги Уйғониш Венецияда Веронезе, Тинторетто номлари билан боғлиқ.

Дожлар саройининг Катта кенгаш зали нафақат Венецияда, балки бутун Италиядаги энг катта залдир. Узунлиги 54 м, кенглиги 25 м, баландлиги 15 м 40 см. бўлган бу улкан залнинг шифти оғир зарҳал нақшлар билан ўралган ажойиб суратлар билан қопланган. Унинг кўндаланг деворидан дунёдаги энг катта суратлардан бири – «Жаннат» асари жой олган, унинг узунлиги – 22 м, баландлиги 7 м. Бу баҳайбат асар 1548 йилдан бошлаб Венециянинг расмий мусаввири бўлган, Тинторетто номи билан машҳур Якопо Робусти (1518-1594) қаламига мансуб.

Ўз устахонасининг деворига Тинторетто шундай шиорни ёзиб қўйган: «Сурат Микеланджелоники, колорит Тицианники»1. Ўтмишнинг буюк усталарига таъзим қилган ҳолда, у ўз даврининг ҳақиқий фарзанди бўлиб қолди.

1565 йилдан бошлаб 20 йил давомида Тинторетто Сан Рокко скуоли учун машҳур асарлар циклини яратиш устида иш олиб борди. Бу даврда Венеция тасвирий санъати янада таъсирчан, тантанали ва дабдабали бўлиб борар эди. Шу ўринда бундай асарлар сирасига кирувчи Тинтореттонинг «Авлиё Марк мўъжизаси» асари (1548) жуда катта таассурот қолдиради.

Паоло Веронезе номи билан машҳур бўлган Паоло Кальяри (1528-1588) XVI асрнинг энг машҳур венециялик мусаввирларидан биридир. У ўз фаолиятини Веронода Антонио Бадиле устахонасида бошлаган. Ёшлигида мусаввир жуда кўп саёҳат қилган. Римда бўлган вақтида унга буюк Рафаэлнинг шогирди Джулио Романанинг ижоди катта таъсир кўрсатган, Флоренцияда умбриялик мусаввирларнинг ўлмас ижод намуналарини синчковлик билан ўрганган. 1553 йилда у Венецияга келади ва шундан бошлаб унинг номи ушбу шаҳар билан чамбарчас боғланди. Бу вақтда Венециянинг биринчи мусаввири Тициан расмий буюртмаларни бажаришдан воз кеча бошлаб, уларни бажаришни ўзининг истеъдодли шогирдлари Тинторетто и Веронезега топшира бошлайди. Бир – бирига бу қадар ўхшамайдиган ва кутилмаган тарзда бир – бирини уйғун равишда тўлдирадиган бундай икки мусаввирни топиш қийин.

Веронезе ижоди шаҳарнинг турли-туман кўринишларига қаратилган, унинг кўп фигурали композициялари биринчи навбатда Венецининг ёрқин ва рангдор манзарасидир. Масалан, Венециядаги Сан – Сильвестро черкови учун 1573 йилда чизилган «Мунажжимларнинг таъзим қилиши» асари. Бу асарда биз ажойиб ишланган мусаффо ҳаво билан тўла манзарани кўрамиз. Диний мавзудаги суратларда ҳам Веронезе ўз замондошларини тасвирлаган. Унинг асарлари ҳам Дожлар саройини безаб турибди.

Веронезе ва Тинторетто – Уйғониш даврининг сўнгги йирик мусаввирларидир. Улар Венеция мактаби анъаналарини ривожлантирган ҳолда, уни мазмунан бойитдилар.

Венеция мактаби намоёндалари ижодида XVII аср Европа санъати ривожига таъсир кўрсатган янги бадиий шакл ва хусусиятлар шаклланди, янги жанрлар (тарихий жанр, ботал жанри, гуруҳ портрет яратиш) юзага келди. Венеция тасвирий санъат мактаби ўрта асрларда ва ундан кейинги даврларда ҳам кўпчилик ижодкорлар учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтади.

ХУЛОСА
Италиянинг Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим денгиз савдо йўлида жойлашиши унда капиталистик муносабатларнинг жуда эрта шаклланишига олиб келди. Феодал муносабатларнинг заифлиги эса бу ерда янги сиёсий тартиб – шаҳар – республика тартибини пайдо бўлишига ва Италиянинг Европада биринчи бўлиб капиталистик мамлакатга айланишига имкон берди. Ижтимоий ҳаётда содир бўлган бу хусусият санъат ва маданиятда ўз ифодасини топди. Бу ўзгариш айниқса савдо ва ишлаб чиқариш ривожланган савдогарлар ва банкирлар республикаси бўлган Венецияда жуда сезиларли бўлди.

“Адриатика қироличаси” деб ном олган Венеция республикаси ўрта асрларда денгизда ҳукмронлик қилган қудратли шаҳар эди. Шаҳарни зодагонлар ва савдогарлар бошқарарди. Бутун ўрта асрлар давомида Венеция республикаси денгизда ҳукмронлик қилган қудратли савдо-олигархия республикаси бўлиб қолаверди. Бундан ташқари Венеция салиб юришлари учун бошланғич нуқта вазифасини бажарган эди.

Ўрта асрларда Венецияда маданий ҳаёт гуллаб-яшнади. Бунга жуда кўп омиллар таъсир кўрсатди. Бу омиллар Венециянинг ўзига хос табиий шароити, сиёсий тузуми, иқтисоди ва дунёқараши билан боғлиқ. Уйғониш даврида у санъатнинг тараққий топиш марказларидан бири бўлиб қолди. Венеция маданиятининг равнақига асос бўлган омиллардан яна бири унинг умумевропа аҳамиятига асос бўлган китоб босиш маркази бўлганлигидир.

Венеция ўз маданиятига ўзи алоқа олиб борган кўплаб халқлар маданиятининг ютуқларини қўшиб олган эди. Византия, Ғарбий Европа давлатлари билан яқиндан алоқада бўлган Венеция санъаткорлари Шарқнинг бой, сержило ва ёрқин санъати ва готика анъаналарини ўзлаштирган ҳолда, ўзига хос жозибадор санъат мактабини яратишга муваффақ бўлдилар.

Венеция меъморчилиги худи шу муштаракликнинг ёрқин исботидир. Бу ерда соф Византия услубида яратилган иншоотларни ҳам (Сан-Теодоро, Сан Марко чековлари, авлиё Марк ибодатхонаси), роман ва готик услубдаги ёдгорликларни ҳам (Ка’д’ Оро, Дожлар саройи) кўриш мумкин.

Венецияда ўрта аср маданиятининг қирралари кўпроқ вақт сақланиб қолди. Уйғониш даври санъати Венецияда Италиянинг бошқа марказларига, хусусан Флоренцияга қараганда кечроқ таркиб топди. Уйғониш даври бадиий санъати принципларининг шаклланиши Венецияда фақат XV асрдагина бошланди. XV асрнинг иккинчи ярмидагина Венецияда Италия кватреченотоси санъатида муҳим ўрин эгаллаган аҳамиятли ва ўзига хос ҳодиса сифатида Уйғониш мактаби шаклланди, янги бадиий шакллар, гуманизм тобора кенгроқ тарқала бошлади

Уйғониш даврида Венеция санъатнинг тараққий топиш марказларидан бири бўлиб қолди. Венеция Уйғониш даври санъатида тасвирий санъат етакчи ўрин тутган. Уйғониш даврида Венеция мактаби Италиянинг асосий рангтасвир мактабларидан бири эди. Бу даврга хос бўлган оламнинг жўшқинлиги ва ранг-баранглигини ҳиссий сезиш Венеция мактаби рангтасвирида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Унда мойбўёқ рангтасвирининг ифода имкониятларининг мукаммаллиги, айниқса колоритга эътиборнинг устунлиги кўзга ташланди. Венеция мактабининг усталарининг асарларида тасвирнинг текис юзалиги, олтин заминнинг умумийлиги, безак нақшлар хос бўлиб, соф бўёқдаги тантанали ҳамоҳанглиги билан ажралиб турарди.

Шундай қилиб, Илк Уйғониш даври намояндалари асарларида дунёвийлик ортди, дунёни реал тасвирлаш, фазо ва ҳажмни беришга интилиш ортди. Анъанавий диний мавзуларда Венециянинг кундалик ҳаётидан ёрқин ҳикоя қилиинди.

Юқори уйғониш даврида содда ҳикоянавислик ўрнини оламни умумлашма мураккаб кўринишларини яратишга интилиш эгаллади, уларда аҳлоқий маънога тўлиқ улуғвор инсон қиёфалари жўшқин руҳдаги табиат билан уйғунликда намоён бўлди.

Венеция мактаби намоёндалари ижодида XVII аср Европа санъати ривожига таъсир кўрсатган янги бадиий шакл ва хусусиятлар шаклланди, янги жанрлар (тарихий жанр, ботал жанри, гуруҳ портрет яратиш) юзага келди. Венеция усталари - Паоло Венециано, Якопо, Жентиле ва Жованни Беллинилар, Доменико Венециано, Витторе Карпаччо, Жоржоне, Тициан, Веронезе, Тинторетто кабиларнинг ўрта аср Европа маданиятининг ривожланишида ҳиссаси каттадир.

XVI асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Италия санъати ва маданиятидаги инқироз кучайган даврларда ҳам, Венециянинг кўпгина рассомлари ўз ижодларида Уйғониш даври гуманистик анъаналарига содиқ қолдилар. Ҳаётни тўлақонли ва атрофлича тасвирлашга интилиш улар ижодининг асосини ташкил этди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Венеция маданияти жаҳон цивилизациясида ўзига хос ўринга эга бўлган маданиятлардан биридир.

Адабиётлар рўйхати:


  1. И.А.Каримов. Ўзбекистон буюк келажак сари. - Т.: Ўзбекистон, 1998.

  2. Нефедов С. А. История средних веков. - М.: Владос, 1996. ( Китобнинг Интернет шакли http://hist1.narod.ru/SV/index.htm сайтидан олинди)

  3. История средних веков: Учебник для вузов в 2 т. Т. 2. - М.: Высшая школа, 1991. (Италия в XVI – первой половине XVII в. – С. 168-195)

  4. Соколов Н.П. Образование Венецианской колониальной империи, - Саратов: Из-во Саратовского Универститета, 1963.

  5. Бек. К. История Венеции. - М.: Весь мир, 2002.

  6. Лазарев В. Н. История византийской живописи. - М., 1986.

  7. Сказкин С.Д. Из истории социально-политической и духовной жизни Западной Европы в Средние века. - М.: Наука, 1981

  8. История Италии. Т. 1. - М., 1970.

  9. История Италии. Под.ред. В.И.Кузищина. - М.: Высшая школа, 1981.

  10. История зарубежного искусства. - М., 1983.

  11. Тяжелов В.Н., Сопоницкий О.И. Искусство средных веков. - М., 1975.

  12. Тяжелов В.Н. Искусство Средных веков в Западной и Центральной Европе. - М., 1981.

  13. Карган Д. История итальянского искусства. Т.I. - М.: Радуга, 1990.

  14. Любимов Л. Искусство Западной Европы. Книга для чтения. - М.: Просвещение, 1976.

  15. Колпинский Ю. Искусство Венеции. - М.: Искусство, 1970. (Китобнинг электрон шакли http://www.alleng.ru/d/art/art018.htm: сайтидан олинди)

  16. Тициан. Автор-состовитель И.А.Смирнова. - М.: Изобразителное искусство, 1987.

  17. Старые итальянские мастера. - М., 1972

  18. Эстетика Ренессанса. Т. 1. - М.: Искусство, 1981.

  19. Гарэн Э. Проблемы итальянского Возрождения. Перевод с итал. - М.: Прогресс, 1986.

  20. Античность. Средние века. Эпоха Возрождения. - М.: Наука, 1988.

  21. Буркхардт Я. Культура Возрождения в Италии. - М.: Юрист, 1996.

  22. Брагина Л.М., Варьяш О.И. и др. Культура Западной Европы в эпоху Возрождения. - М.: Мосгорархив, 1996.

  23. Искусство и культура Италии эпохи Возрождения и Просвещения. - М.: Наука, 1997

  24. Гольдштейн А.Ф. Зодчество. - М.: Просвещение, 1979.

  25. Владимиров Л.И. Всеобщая история книги: Древний мир. Средневековье. Возрождение. XVII в. - М.: Книга, 1988

  26. Гутнов А. Э. Мир архитектуры. - М.: Молодая гвардия, 1985

  27. Интернет маълумотлари

1) http://hist1.narod.ru/SV/index.htm

2)  http://www.venetzia.ru/stat/stat01.htm

3) http://artyx.ru/books/item/f00/s00/z0000001/st044.shtml

4) www.elibron.com.

5) http://architecture.artyx.ru

6) http://www.alleng.ru/d/art/art018.htm:


7) http://annals.xlegio.ru/evrope/sokolov/vki02_04.htm


8) http://www.venice-travel.ru



1 Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 2 Т. - Т.: Ўбекистон Миллий Энциклопедияси давлат илмий нашриёти. - Б. 428

1 Каримов И.А. Ўзбекистон буюк келажак сари. - Т.: Ўзбекистон, 1998. – Б.58

1 Нефедов С. А. История средних веков. - М.: Владос, 1996; История Средних веков: Учебник для вузов в 2 т. Т. 2. - М.: Высшая школа, 1991.

2 История Италии. Т. 1. - М., 1970; История Италии. Под.ред. В.И.Кузищина. - М.: Высшая школа, 1981.

3 Соколов Н.П. Образование Венецианской колониальной империи, - Саратов: Из-во Саратовского Универститета, 1963.

1 Бек К. История Венеции; - М.: Весь мир, 2002

2 Колпинский Ю. Искусство Венеции. - М.: Искусство, 1970.

3 Тициан. Автор-состовитель И.А.Смирнова. - М.: Изобразителное искусство, 1987.

4 Тяжелов В.Н., Сопоницкий О.И. Искусство средных веков. - М., 1975; Тяжелов В.Н. Искусство средных веков в Западной и Центральной Европе. - М., 1981; Д.Карган. История итальянского искусства. Т.I. - М.: Радуга, 1990.

1 Соколов Н.П. Образование Венецианской колониальной империи. - Саратов, Из-во Саратовского универститета, 1963. – Б.42

1 История Италии. Под.ред. В.И.Кузищина. - М., Высшая школа, 1981. – Б. 142

1 http://www.venetzia.ru/stat/stat01.htm

1 История Средних веков: Учебник для вузов в 2 т. Т. 2. М.: Высшая школа, 1991. ( Италия в XVI – первой половине XVII в. – Б.176


1 Заборов М.А. История крестовых походов в документах и материалах. - М., 1977. – Б. 164

1 Нефедов С. А. История средних веков. - М.:Владос, 1996. – Б. 127

1 Соколов Н.П. Образование Венецианской колониальной империи, - Саратов: Из-во Саратовского Универститета, 1963. – Б.182

1 http://www.venetzia.ru/stat/stat01.htm

1 История Италии. Т. 1. - М., 1970. – Б. 261

1 Сказкин С.Д. Из истории социально-политической и духовной жизни Западной Европы в Средние века. - М.: Наука, 1981. -Б. 138


1 Бек К. История Венеции. - М.: Весь мир, 2002. – Б. 10

1 Искусство и культура Италии эпохи Возрождения и Просвещения. - М.: Наука, 1997. – Б. 202

1 Владимиров Л.И. Всеобщая история книги.: Древний мир. Средневековье. Возрождение. XVII в. - М.: Книга, 1988. - Б.312


1 http://www.venice-travel.ru


1 Колпинский Ю. Искусство Венеции. - М., Искусство, 1970. – Б. 127

1 Карган Д. История итальянского искусства. Т.I. - М.: Радуга, 1990. – Б.120


1 Колпинский Ю. Искусство Венеции. - М.: Искусство, 1970. – Б.267


1 Гутнов А. Э. Мир архитектуры. - М.: Молодая гвардия, 1985. – Б.352

1 Карган Д. История итальянского искусства. Т.I. - М.: Радуга, 1990. – Б.118


1 Карган Д. История итальянского искусства. Т.I. - М.: Радуга, 1990. – Б. 310


1 Абдуллаев Н. Санъат тарихи. – Т .: Ўқитувчи, 1987. – Б.238

1 Лазарев В. Н. История византийской живописи. - М., 1986. – Б.118–121

2 Карган Д. История итальянского искусства. Т.I. - М.: Радуга, 1990. – Б.155

1 Любимов Л. Искусство Западной Европы. Книга для чтения. - М.: Просвещение, 1976.- Б.196

1 Культура Западной Европы в эпоху Возрождения. - М.: Мосгорархив, 1996. – Б.75

1 Абдуллаев Н. Санъат тарихи. - Т.: Ўқитувчи, 1987. – Б.218

1 Тициан. Автор-состовитель И.А.Смирнова. - М.: Изобразителное искусство, 1987. – Б. 8

2 Юқоридаги асар, - Б. 211


1 Лазарев В.Н. Поздний Тициан. – В кн.: Старые итальянские мастера. - М., 1972. –Б. 38

1 Искусство и культура Италии эпохи Возрождения и Просвещения. - М.: Наука, 1997. – Б.199



Достарыңызбен бөлісу:
1   2




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет