3. Банкдаги счётларга доир муомалаларни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг ҳолатини текшириш. Аудитор банкдаги счётларга доир муомалалар аудитини банкдаги миллий ва чет эл валютасидаги пул маблағлари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда уларга илова қилинган солиқ ҳисоботини текширишдан бошлайди. Бунда даставвал банкда очилган счётлар сони ва рақами ҳамда қайси банкда очилганлигини аниқланади. Бу маълумотлар аудиторга барча счётлар бўйича банк кўчирмаларини ва ҳар бир счёт бўйича ҳисоб регистрларини текшириш учун керак бўлади.
Сўнгра аудитор корхона ва банк ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг юридик асосларини аниқлайди, банк хизмати кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси нормаларига мувофиқлигини текширади.
Банкдаги счётлар бўйича пул маблағлари кирими ва чиқимига доир муомалалар банкда тегишли дастлабки ҳужжатлар билан расмийлаштирилади. Ушбу дастлабки ҳужжатларнинг шакллари ва тўлдириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки йўриқномаларида белгиланган. Бундай ҳужжатларга қуйидагилар киради:
банк кўчирмалари (банк томонидан тасдиқланиб илова қилинган ҳисоб-китоб тўлов ҳужжатларининг шакллари билан); тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси, тўлов топшириқнома-талабномаси, тўлов ордери, инкасса топшириқномаси (фармойиши), ҳисоб-китоб счётига нақд пул топшириш учун ариза, валютани мажбурий сотиш учун топшириқнома, валюта сотиб олиш учун топшириқнома, резидентнинг сотиб олинган валютани сўмга айлантириш тўғрисидаги фармойиши ва бошқалар;
банк ҳисоб-китоб ҳужжатларига илова қилинадиган ва амалга оширилган муомалаларнинг қонунийлигини асословчи дастлабки ҳужжатлар.
Аудитор ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилишини текширади, ҳужжатларни арифметик текширув ва банкдаги счётлар бўйича амалга оширилган муомалаларнинг қонунийлигини текширувдан ўтказади.
Аудитор банкдаги счётлардан акцептсиз (розиликсиз) ҳисобдан чиқаришга доир муомалаларни текширишга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Бундай ҳолатлар фақат суд қарори, бевосита қонун кўрсатмалари, мижознинг банк шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин.
Банкдаги счётлар бўйича муомалалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ қонунчилигига мувофиқ солиқлар ёки йиғимларни ундириш тўғрисидаги қарорни таъминлаш учун тўхтатилиши мумкин. Ушбу чеклашлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексига мувофиқ ижро қилиш навбати солиқ тўлашга доир мажбуриятлардан олдин тўланадиган тўловларга тааллуқли эмас. Банкдаги муомалаларни тўхтатиш солиқ органидан бундай муомалаларни тўхтатиш тўғрисидаги қарор олинган пайтдан то ушбу қарор бекор қилингунга қадар амал қилади.
Бухгалтерия ҳисоботининг ишончлилигини тасдиқлаш учун ундаги кўрсаткичларнинг синтетик ва аналитик ҳисоб, банк кўчирмаси маълумотларига мослигини текшириш керак.
Текширув жараёнида бажариладиган амаллар аудиторнинг ишчи ҳужжати билан расмийлаштирилади. Тафовутлар аниқланганида фарқ суммаларини кўрсатиш ва уларнинг сабабларини очиб бериш зарур.
Шундай қилиб, банкдаги 5110 «Ҳисоб-китоб счёти», 5210 «Мамлакат ичидаги валюта счётлари», 5220 «Хориждаги валюта счётлари», 5510-«Аккредитивлар», 5520 «Чек дафтарчалари» ва 5530 «Бошқа махсус счётлар» бўйича амалга оширилган банк муомалаларини текширишда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
корхонанинг нечта ҳисоб-китоб счёти, валюта счёти ва махсус счёти борлиги, шунингдек улар қайси банк муассасаларида очилганлигини аниқлаш;
счётлар сонини аниқлаб, баланснинг «Ҳисоб-китоб счёти», «Валюта счёти», «Банкдаги махсус счётлар» -моддалари бўйича қолдиқларни ва бу счётлар бўйича банк кўчирмаларидаги ушбу баланс санасига бўлган қолдиқларни солиштириш, шунингдек, банк кўчирмаларида акс эттирилган суммаларни илова қилинган дастлабки ҳужжатларда акс эттирилган суммалар билан таққослаш лозим;
амалга оширилган муомалаларнинг Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини текшириш;
банкдаги счётлардан олинган кўчирмалар ва кўчирмаларга илова қилинган, муомулаларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштиришини текшириш;
банк кўчирмаларида ва банкдаги пул маблағлари ҳисобга олинадиган регистрларда пул маблағларининг кирими ва чиқими бўйича оборотларни жамлашни ва кун охирига қолдиқ чиқаришнинг тўғрилигини арифметик текшириш;
банк кўчирмаларидаги, бухгалтерия ҳисоби регистрларидаги ва Бош дафтардаги ёзувларни ҳамда Бош дафтардаги қолдиқлар ва баланс моддаларининг мослигини текшириш;
банк муомалаларининг бухгалтерия ҳисоби счётларида тўғри акс эттирилганлигини аниқлаш зарур. (Масалан: кассага олинган нақд пулларни 5010 «Миллий валютадаги пул маблағлари» счёти дебетида акс эттириш ўрнига бошқа счётларга олиб бориш ҳолларига йўл қўйилмаганлигини аниқлаш);
банк кўчирмасида акс эттирилган ҳар бир муомала тегишли дастлабки ҳужжатлар (счётлар, тўлов топшириқлари, тўлов талабномалари, шартномалар, акт процентовкалар ва бошқалар) билан тасдиқланиши лозим. Банк кўчирмаларига илова қилинган
дастлабки ҳужжатлар қуйидаги тартибда гуруҳланади; олдин банк кўчирмаларига кирим ҳужжатлари, улардан кейин эса барча чиқим ҳужжатлари кетма-кет илова қилинади;
банк кўчирмаларини бундай тартибда текшириш банк ҳужжатларини амалга оширилган муомалаларнинг моҳиятига кўра текшириш билан бирга амалга оширилиши керак. Бунда аудитор қуйидагиларни аниқлаши лозим:
товарсиз счётлар ва бошқа ноқонуний муомалалар бўйича бўнаклар (аванслар) ва тўловларнинг нотўғри ўтказилишига йўл қўйилмаётганлиги (текширилаетган корхонага алоқадор бўлмаган, бошқа корхоналар ҳаридлари ва сарфларига доир счётларни тўлаш ва ҳ. к. );
Товар-материал қийматликларни мавсумий жамғариш, бажарилган ишлар учун буюртмачилар томонидан тақдим қилинган счётларни тўлаш мақсадида олинган банк ссудаларидан ўз вақтида ва тўғри фойдаланиш ва ҳ. к., ссуда олиш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг тўғрилиги;
банкдан олинган лимитланган ва лимитланмаган чек дафтарчаларининг ҳисобда тўғри акс эттирилганлиги ва қонуний фойдаланилаётганлиги (уларнинг қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар сифатида ҳисобга олиниши), улар ҳисобдор шахсларга тилхат бўйича берилаётганлиги;
ҳисобдор шахслар томонидан чек дафтарчаларининг ишлатилиши тўғрисида ҳисобот тузилиши, ҳисобдор шахслар ҳисоботларидаги қолдиқ ва оборотларнинг махсус ссуда счёти бўйича қолдиқ ва оборотларга мос келиши;
чекларнинг номерлари, саналари ва суммаларнинг транспорт ҳужжатларида кўрсатилиши ва х. к. ;
аккредитивлар оркали амалга ошириладиган муомалаларнинг тўғрилиги ва қонунийлиги, шу билан бирга бундай ҳисоб-китобларни ҳам аниқлаш зарур;
Булардан ташқари, корхонанинг тўловга лаёқатсизлиги юзага келмаётганлиги ва бундай ҳолда корхонанинг молиявий аҳволини яхшилаш борасида қандай чоралар кўрилганлиги ҳам аниқланади.
Банк муомалаларини текшириш чоғида аудитор 5710-«Йўлдаги пул жўнатмалари» счётида акс эттирилган суммаларнинг хаққонийлигини ҳам текшириш лозим. Кўпчилик ҳолларда буюртмачилар бажарилган ишлар учун олдиндан ўтказилган тўловлар муддати ўтиб кетганида дебитор қарзларни ҳисоботда камайтириб кўрсатиш мақсадида суммаларни 5710 счётга олиб борадилар.
Амалдаги тартибга кўра 5710 счётда банк муассасаси кассасига ёки почтага топширилиб, бироқ корхонанинг 5110 «Ҳисоб-китоб счёти» ёки махсус счётига келиб тушмаган пуллар (даромадлар) шунингдек, текширилаётган корхонага бошқа корхона ёки юқори ташкилотдан ўтказилган, лекин текширилаётган корхонанинг ҳисоб-китоб счётига ҳисобот ойида келиб тушмаган, яъни ой охирига йўлда бўлган суммалар акс эттирилиши лозим. Бухгалтерлик ҳисобида 5710-счётга доир муомалаларни акс эттириш учун қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади; даромад топширилганда банк муасасаси кассаси ёки почта томонидан берилган, пул топширилганлиги ҳақидаги патта; пул муомалаларини ўтказишда эса пулни қабул қилиб олган банк муассасаси ёки почта бўлимининг номи, номери, санаси ва сумма кўрсатилган корхона авизоси.
5110 -«Ҳисоб-китоб счёти» га келиб тушган пул маблағларини текширишда, уларни кирим қилишнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги аниқланади. Чунончи, касса муомалаларини текшириш жараенида барча банк кўчирмаларида банкка топширилган нақд пул бадаллари алоҳида белгилаб қўйилиши лозим.
Ҳисоб-китоб ва валюта счётларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш бўйича банкдан олинган нақд пулларнинг ўз вақтида тўлиқ қабул қилиниши ҳамда мақсадга мувофиқ ишлатилишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Пул маблағларини ўтказиш, мол етказиб берувчиларга қарзларнинг қопланиши, улардан фойдаланишнинг ҳаққонийлиги ва асослилигини таъминлаш мақсадида ушбу счётлар текширилади.
Аудитор акцептланган топшириқлар билан алоқа бўлими орқали пул ўтказилганда хатога йўл қўйилмаганлигини ҳам текшириши лозим. Бунда жорий ва депонентланган иш ҳақи, ижро варақалари бўйича ушланган суммалар еки ҳисобдор суммалар ва ҳ. к. текширилади.
Пул ўтказилаётган вақтда ўтказилиш хусусиятлари ва ўтказилаётган сумма тўғрилиги (дастлабки ҳисоб ҳужжатларига солиштириш йўли билан) шунингдек, ўтказишларни оладиган шахслар рўйхатининг ишончлилиги текширилиши лозим.