Ҳисоб сиёсати
51. Субъектнинг ҳисоб сиёсати ушбу стандартнинг 16-50-бандларида келтирилган тамойиллар асосида белгиланиши лозим.
Ҳисоб сиёсати хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тузиш учун фойдаланадиган махсус тамойилларни, конвенцияларни, тартиб ва амалий ёндашувларни ифодалайди.
52. Ҳисоб сиёсати молиявий ҳисобот барча мақбул БҲМСларни қўлланиш асосида тузиладиган тарзда ташкил этилиши керак. Махсус талаблар бўлмаган тақдирда молиявий ҳисобот:
52.1. Фойдаланувчилар эҳтиёжи учун аҳамиятли;
52.2. Шу жиҳатдан ишончли бўлиши керак:
52.2.1. Субъект фаолияти ва молиявий ҳолатининг барча натижаларини холисона кўрсатиши;
52.2.2. Фақат юридик шаклдан иборат бўлмай, воқеалар ва операцияларнинг иқтисодий моҳиятини акс эттириши;
52.2.3. Холис (беғараз) бўлиши ва мажбурий бўлмаслиги;
52.2.4. Холисликка зарар етказмаган ҳолда эҳтиёткор бўлиши;
52.2.5. Барча муҳим жиҳатлари тўла (тугалланган) бўлиши, яъни субъект хўжалик фаолиятининг барча фактларини тўла акс эттириши лозим;
52.3. Фаолияти ўхшаш бошқа субъектлар молиявий ҳисоботи билан таққосланадиган;
52.4. Тушунарли бўлиши керак.
53. Субъектнинг аниқ бир йўналиш (масала) бўйича ҳисоб сиёсатини шакллантиришда, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш ва ҳисобот тузиш чоғида Ўзбекистон Республикасининг бухгалтерия ҳисобига оид қонунларига амал қилиш керак.
54. Махсус БҲМСлар йўқ бўлса, субъект раҳбари хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботидан фойдаланувчиларга энг фойдали ахборот берадиган ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқиш чоғида ўз қарорларидан фойдаланишга ҳақлидир.
Ўз қарорларидан фойдаланиш жараёнида раҳбар қуйидагиларни кўриб чиқади:
54.1. Бундай масалалар хусусида БҲМСнинг талаблари ва қўлланмаларини;
54.2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳар қандай бошқа ахборотни;
54.3. Активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар учун акс эттириш ва ўлчашнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгилаб қўйилган мезонларини;
54.4. Сармояларнинг асосий жаҳон молия бозорлари қабул қилган тармоқ иш тажрибасини.
55. Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсати хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг тегишли ташкилий-фармойиш ҳужжатлари (буйруқ, фармойиш ва бошқалар) билан расмийлаштирилиши керак.
Ҳисоб сиёсатини шакллантириш чоғида субъект танлаб олган бухгалтерия ҳисобини юритиш усуллари тегишли ташкилий-фармойиш ҳужжати чиқарилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб қўлланилади, ҳисобот йили давомида янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар бундан мустаснодир.
Айни пайтда бу усуллар хўжалик юритувчи субъектнинг барча таркибий бўлинмаларида (жумладан, алоҳида балансга ажратилган бўлинмаларида) уларнинг қаерда жойлашганидан қатъи назар қўлланилади.
Янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъект танлаб олган ҳисоб сиёсатини ушбу бандга мувофиқ молиявий ҳисобот биринчи марта эълон қилингунга қадар, лекин давлат рўйхатидан ўтиб юридик шахс ҳуқуқини олган кундан бошлаб 90 кундан кечиктирмай расмийлаштиради. Субъект танлаб олган ҳисоб сиёсати юридик шахс ҳуқуқини олган (давлат рўйхатидан ўтган) кундан бошлаб қўлланиш мумкин бўлган сиёсат ҳисобланади.
56. Ҳисоб сиёсати тақвимий йил давомида ўзгармайди.
Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсатини қуйидаги ҳолларда ўзгартиришга йўл қўйилади:
56.1. Субъект қайта ташкил этилганда (қўшилганда, ажралиб чиққанда, бирлашганда);
56.2. Мулк эгалари алмашганда;
56.3. Ўзбекистон Республикаси қонунларида ёки Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи меъёрий тизимда ўзгаришлар бўлганда;
56.4. Бухгалтерия ҳисобининг янги усуллари ишлаб чиқилганда.
Ҳисоб сиёсатининг ўзгартирилиши асослаб берилиши ва ушбу стандартнинг 55-моддасида кўзда тутилган тартибда расмийлаштирилиши керак.
Ҳисоб сиёсатида Ўзбекистон Республикаси қонунларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлмаган ўзгаришларнинг оқибатлари субъектнинг бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ўзгартирилган усуллари қўлланила бошлаган вақтдаги (ойнинг биринчи кунида) текширилган маълумотлар асосида қиймат жиҳатидан баҳоланиши керак.
Достарыңызбен бөлісу: |