Таянч иборалар
“Ғарбий чекка”, “Ипак йўллар”, “сариқ рўмолликлар”, “ҳукмдор ерлари”, “қизил қошлилар”, Си Юй.
Саволлар
1. Хань сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилганидан сўнг, ҳокимиятни
мустаҳкамлаш учун қандай тадбирлар амалга оширилган?
2. Хань давлатида йирик қўзғолонлар кўтарилиши сабаблари?
8. Ван Ман ислоҳотлари
Синфий зиддиятларнинг кескинлашуви ҳукмрон синф бўлмиш зодагонларнинг бойишига жиддий хавф туғдира бошлайди. Ижтимоий ислоҳотлар ўтказишга уринишлар қаттиқ синфий курашни кучсизлантира олмайди. Хан даврида Хитой қай аҳволда бўлганлигини Ван Ман ислоҳотлари очиқ намойиш этди. Ван Ман даврида қишлоқ ва шаҳарларда яшаган ўрта табақа аҳолининг иқтисодий аҳволини яхшилашга ва ижтимоий зиддиятларни сусайтиришга интилган. Ван Ман шу ўрта табақадан чиққан деган фаразлар мавжуд. 8 йилда Ван Ман тахтга чиқиб, янги – Синь сулоласига асос солди.
Шу даврда синфий эксплуатацияни сусайтиришни мақсад қилган назариялар тарқала бошлади. Кескин тус олган ижтимоий зиддиятларни бир қадар сусайтириш орқали қўзғолонларни бостиришга ҳаракат қилинди. Бу жиҳатдан Дун Чжун - шу ва Ван Чун ғоялари ҳамда Ван Ман ислоҳотлари характерлидир.
9 - 10 йилларда Ван Ман талай ислоҳотларни амалга оширди. Унинг ғояларида “Цзин тян” тизими, яъни қадимги жамоа ер мулкини тиклаш ислоҳотлари эълон қилинади.
1. Ер ислоҳоти. Зодагонларга қарашли ерлар мусодара қилиниб, давлатга тегишли ҳамма ер “ҳукмдор ери” - “ван тянь” деб эълон қилинган. Шу билан бирга ер фондини қайтадан тақсимлашга ҳамда ер эгалигини чеклаб қўйишга ҳаракат қилинган.
2. Ер ва қул сотиш тақиқланган. Қулларни “шахсий қарамлар” - “сы шу” деб номлаш қулчиликни бекор қилиш йўлидаги илк қадам бўлса ажаб эмас.
3. Давлатнинг темир, туз, вино ва кон ҳунармандчилиги устидан монополияси вақтинча сусайган бўлса ҳам, кейинчалик у янада кучайди.
4. Ишлаб чиқариш ва савдони тартибга солиш мақсадида, мамлакат хўжалик ҳаёти устидан қатъий ва амалий назорат ўрнатишда давлат ҳокимиятидан фойдаланилган.
Лекин бу ислоҳотлар юқори табақалар томонидан қўллаб - қувватланмаган. Ван Ман ислоҳотлари муваффаққиятсиз якунланди. 3 йилдан кейин, 12 йилда ер ислоҳоти бекор қилинди. Қул сотиш ва сотиб олишга рухсат яна берилди. Бу ярим ислоҳотлар кутилган натижа бермади. Иккинчи томондан, улар юқори табақаларнинг манфаатларига зид бўлиб, улар ўртасида норозилик колтириб чиқарди. 1 асрнинг Чжоу давридаги қадимги Хитой жамиятида камбағал халқнинг аҳволи тубдан ўзгаргани йўқ. Камбағалларнинг қўзғолонлари, ижтимоий ҳаракатлари давом этиб, тобора кучайиб борди.
Таянч иборалар
Дун Чжун-шу концепцияси, Ван Ман ғоялари, ҳукмдор ери, ван - тянь, шахсий қарамлар(«сы-шу»).
Саволлар
1. Ван Ман ислоҳотларининг ижтимоий - иқтисодий омилларини кўрсатиб
ўтинг
2. Ван Ман ислоҳотларининг моҳияти нимадан иборат эди?
9. Қадимги Хитой маданияти
Хитой маданияти жуда қадим замонлардан мавжуд. Энг қадимги иероглиф ёзувининг пайдо бўлиши дастлабки тараққиёт жараёнларини кузатиш имконини беради. Сақланиб қолган адабий манбалар, қадимги Хитойнинг классик адабиёти, Хитой диний фалсафаси, ҳуқуқшунослигининг қандай пайдо бўлиб, ривожланганини ва жуда қадимги ижтимоий - сиёсий тизимларнинг тараққиётини кузатишга имкон беради. Бу жараён кўп минг йиллар давом этиб келган.
Қадимги замонда яшаган бошқа халқларнинг диний эътиқодлари каби, хитойлар дини хам фетишизм, табиатга сиғинишнинг қадимги шакллари, ота-боболар “арвоҳлари”га эътиқод қилиш билан чамбарчас боғлиқ бўлган тотемизмдан бошланади. Тарихий манбаларда табиатни илоҳийлаштириш билан боғлиқ бўлган тасаввурлар кенг тарқалган замонлар ҳақида эсдаликлар сақланиб қолган.
Кадимги Хитойда табиатга, айниқса ер ва тоқларга топиниш кенг расм бўлган. Хитойда қадимдан одат бўлиб келган тоқга топиниш одати Хитой ерининг рельефи ва ўша замоннинг хўжалик турмуши билан боғлиқ бўлган, чунки хитойларнинг қадимги аждодлари ёзда тоғларда қишда эса даштда яшаганлар. Шу билан бирга қадимги хитойлар қуёшни, юлдузлар, дарё ва дарахтларни худо деб эъзозлаганлар. Бошқа жуда қадимги халқлар сингари, хитойлар ҳам ота-боболарини илоҳийлаштирганлар, патриархал турмуш тарзи билан маҳкам боғлиқ бўлган бу эътиқод шаклда кейинги вақтга қадар сақланиб келган.
Хитойда эркаклар, одатда, бутун бир иерархия тизимидан иборат учта кучнинг ҳукми остида бўлган. Бу кучлар:
1) давлат тузуми - хокимиятнинг умумдавлат, ўлка, туман ва маҳаллий органлари (сиёсий ҳокимият);
2) уруғчилик тузуми - ота – боболарнинг уруғ ибодатхонаси, уруғ тармоғи аждодлари ибодатхонаси, оила бошлиғи ибодатхонаси (уруғ хокимияти);
3) диний тузум: а) ер остидаги кучлар дўзахнинг олий эгаси, руҳлар шаҳрини сақловчи ва маҳаллий руҳлар; б) осмон кучлари худолар ва авлиёлар, осмоннинг олий эгасидан тортиб то турли туман руҳларидан иборат. Буларнинг бари биргаликда нариги дунё кучларини (дин ҳокимиятини) ташкил этади.
4) Аёллар эса шулар билан бир қаторда яна эркакка ҳам қарам (эри ҳокимлигида) бўлган. Хокимликнинг ана шу тўрт тури сиёсий уруғчилик, дин ҳокимияти ва эр хокимлиги - феодал - патриархал мафқура ва тартибини акс эттириб, хитой халқини, айниқса деҳқонларни, чўлғаб олган энг даҳшатли аломатдир. Қадимги диний эътиқодлар қулдорлик ва феодал даврлари давомида яшаб, яқин-яқинга қадар уларнинг асорати сақланиб келган.
Хитойда диний эътиқодлар ўта қадим замонларда шаклланган. Классик адабиёт асарларида қадимги муқаддас матнлар бўлганлигини кўрсатувчи маълумотлар сақланган. Бу матнларни диндор одамлар эъзозлаганлар. Аммо милоддан аввалги VI - V асрларда маълум шаклга кирган ва энг сўнгги динларга асос бўлган диний - фалсафий тизимлар Хитойда айниқса катта аҳамият касб этади. Конфуцийнинг диний - фалсафий тизими Хитой маданий хаётида катта аҳамиятга эга бўлиб, у қадимги замонда ром очувчиларнинг мактабларида таъсис қилинган. Конфуцийнинг шахсий ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар бизда жуда кам, фақат у билан боғлиқ бўлган бир қанча номлар, саналар ва унинг қаерда вафот этгани маълум, холос.
Конфуций ўзича янгилик киритишга уринмаётганини бир неча марта уқтирган. У “мен мавжуд нарсани ўргатаётибман, ўзим ўйлаб чиқармайман” дейди. Конфуций тизимида тарбия элементларига катта эътибор берилган. Қулдор зодагонлар бу диний фалсафий тизимдан фойдаланиб, кишининг характерига ювошлик, итоаткорлик ва ўзидан катталар ҳамда раҳбарларга бўйсуниш руҳини сингдиришга ҳаракат қилган. Конфуций тарбия киши ҳаётида ғоят катта ўрин тутади деб билган. Шунинг учун Конфуций фалсафаси одам характерини ўзгартириш зарурлиги ва буткул ўзгартиришга оид ақидани илгари сурган. Конфуцийчилик ҳар бир одамни синфий нуқтаи - назардан камолотга етказиш муқаррар ва зарур деган ғояни шу тезис асосига қурган.
Конфуций таълимотига доир китобларда шундай дейилади: “Одамларнинг ҳаммаси ҳам туғма хусусиятига кўра ўзаро яқин. Туғилгандан кейин ҳосил қилган хусусиятларига кўра улар бир - бирларидан фарқ қиладилар.”
Конфуций таълимоти қулдорларнинг меҳнаткашлар оммасини эксплуатация қилишига оид қоидага асосланган синфий нуқтаи – назари очиқ ифодаланган, яъни “авом халқ зодагон ва донишмандларга итоат қилиш керак”. “Агар авом юқори табақа ва ўқимишли кишиларга итоат қилмай қўйса, мамлакатда осойишталик бўлмайди.” Бу фикр конфуцийчиликка доир машҳур “Меъёрлилик ва доимийлик” китобида қуйидаги сўзлар билан баён этилган: “Оддий халқнинг юқори табақага итоатсизлиги тартибсизликнинг бошланишидир”. Яна шу китобда “донишманд” халойиққа қарама - қарши қўйилади. “Донишманд” деганда зодагонни анлаш керак, албатта. Конфуций таълим бериб, “донишманд ҳамиша меъёрийлик ва доимийликка риоя қилади, авом халқ эса меъёрийлик ва доимийликка зид иш кўради. Меъёрийлик ва доимийликка амал қилган донишманд бу билан фақат одоблилик ва яхшилик қилади, аммо бу қоидага амал қилмайдиган авом халқ эса, ҳеч нарсани фарқига бормай, дуч келган ишни қилади”. Шундай қилиб, бу меъёрийлик ва доимийликка даъват қилувчи қадимги хитой файласуфи жорий қилмоқчи бўлган синфий мувозанат синфий кучлар уйғунлиги ғоясини ташвиқ этмоқчи бўлади.
Бу синфий мувозанат назарияси конфуцийчилик китобларида жуда пухта ишлаб чиқилган. Конфуцийчилик хожа ва хизматкор, ота-она билан фарзандлар, эр-хотин, катталар ва ёшлар, дўст - ёрлар ўртасида алоҳида муносабатлар ўрнатишни, яъни ривоятларга кўра, энг қадимги патриархал даврда мавжуд бўлган ўзаро муносабатларни ўрнатишни тарғиб қилади. Конфуцийчилик таълимотида синфий жамият ва қулдорлик давлати фақат ана шундай патриархал даврда мавжуд бўлган ўзаро муносабатларни ўрнатишни тарғиб қилади. Конфуцийчилик нуқтаи - назаридан синфий ҳокимият ва қулдорлик давлати фақат ана шунда патриархал муносабатларнинг, жамият ва давлатда идеал мувозанат сақлашни ўзига мақсад қилиб олган муносабатларнинг доимо сақланиши асосидагина тинч яшаши мумкин эмас.
Шу билан бирга конфуцийчилик диний фалсафасида: “Бирлик туфайли зодагонлар ва ҳокимлар жаҳонда намуна бўлмоқдалар” дейилади. Иккинчи томондан, ушбу ижтимоий - фалсафий таълимотда катта бойлик орттирган ва эркин жамоа аъзолари, камбағаллар, жумладан, қулларни шафқатсиз эксплуатация қилувчи бойлар аёвсиз фош қилинган: “Агар бойлар ва зодагонлар кибрланиб кетсалар, ўз бошларига бахтсизлик келтирадилар.” Лао - цзи халқни эзувчи ҳукуматга қарши яна кескинроқ гапиради. “Халқ шунинг учун хам очки, солиқлар ҳаддан ташқари катта”. Лао - цзи одамлар учун фақат бахтсизлик келтирувчи урушга қарши айниқса қаттиқ гапиради. “Яхши қўшин - бахтсизлик туғдирувчи восита, тирик жон борки, ҳаммаси уни ёмон кўради. Ўзига ғалаба билан шуҳрат келтирмоқ - кишиларни ўлдиришдан хурсанд бўлмоқдир. Мамлакатда меҳр - мухаббатга сазовор бўлолмайди. Кўплаб одамларни ўлимидан аччиқ кўз ёши тўкмоқ керак, холос. Ғалабани эса мотам маросими деб билмоқ керак”. Лао - цзининг бошқа аксарият фикрлари сингари, бу сўзларида ҳам курашдан четга чиқиш ва воз кечиш, урушга нафрат билан қараш руҳи очиқ сезилиб туради. Шу билан бирга эски патриархал турмушга қайтиш зарурлиги ва халқни маданий жиҳатдан қолоқ холда сақлаш тўғрисидаги, шубҳасиз, реакцион фикрлар келиб чиқади. Масалан, Лао - цзи бундай дейди: “Халқнинг билими ортса, уни бошқариш мураккаблашади”.
Таянч иборалар
фетишизм, тотемизм, Конфуций, Лао-цзи, матриархат, “Қўшиқлар китоби”
Саволлар
1. Хитойда Конфуций таълимотининг кенг тарқалиши сабаблари
2. Қадимги Хитой маданиятининг ўзига хос хусусиятлари нимадан иборат?
Достарыңызбен бөлісу: |