Таянч иборалар
Кохин, “Катта Шан шаҳри”, “Инь”, Пань Гэн, “Қўшиқлар китоби”, “ван”, “цзу”.
Саволлар
1. Инь даври ёдгорликлари фанга қачон маълум бўлди ва уларнинг аҳамияти
нимада?
2. Қуръа ёзувлари Инь даври тарихини ўрганишга ёрдам берадими?
4. Чжоу давлати (милоддан аввалги XII - VIII асрлар)
Қадимги Хитойнинг Вэй хэ дарёси ҳавзасида жойлашган Чжоу қабилалари қадимги Инь шоҳлиги устидан бир неча бор ғалаба қозаниб, унинг ўрнида янги давлатга асос солди. Бу давлат қабила номидан Чжоу деб ном олди. Чжоу қабилалари ҳақидаги илк маълумотлар У Дин ҳукмронлиги давридаги эпиграфик ёдгорликларда келтирилади. Ўша вақтда Чжоу қабилалари Инь давлатининг сиёсий таъсирида бўлган.
Манбалардан маълумки, Чжоу қабилалари ғарбий туманларга келиб, Ғарбий Чжоу давлатига асос соладилар. Улар милоддан аввалги II мингинчи йилнинг иккинчи ярмида чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланганлар. Чжоу қабилалари шанлилар билан гоҳ яхши ва гоҳ ёмон муносабатда бўлганлар. Чжоу қабилалари шанларга қарши иттифоқ тузиб, Мус (Хэнан) да бўлган машҳур жангда шанлар уюшмасига қақшатқич зарба бериб, Хуанхэ дарёсининг ўрта ва қуйи ҳавзаларида ҳукмронлик ўрнатганлар. Уларнинг пойтахти Хао шаҳри бўлган.
Чжоу давлатини асоси бўлган қабилалар неолит давридан бошлаб Шимолий Хитойнинг Шэньси вилояти Вэйхэ дарёси ҳавзаларида яшаганлар. Йиллар ўтиши билан Чжоу қабиласи Вэйхэ дарёси ҳавзасининг бошқа қабилалари устидан ҳукмронлик ўрнатати йирик қабилалар иттифоқини ташкил қилади. Манбаларда Чжоу қабиласи Инь давлати билан чегарадош бўлганлиги айтилади. “Чжоу” сўзи манбаларда кўп учрайди. Кўзга кўринган оилалар, ҳатто Инь давлати ҳукмдорлари қизларини Чжоу қабиласи сардорларига узатишган. Чжоу қабилалари Шан – Инь давлати маданияти элементларини қўллаганлар. Жумладан, Чжоу қабилалари инлардан ёзув, хронологик тизим, меъморчиликка хос хусусиятлар ва баъзи диний жиҳатларни олганлар.
Қадимги Хитой адабиётида сақланган ривоятларга кўра, Чжоу шоҳи Вэнь Ван (“Ван” - шоҳ) жуда катта ҳарбий юришлар қилган. Натижада Чжоу давлати ҳудудлари кенгайган. Вэнь Ван Инь шоҳлигини босиб олиш режасини ишлаб чиққан. Чжоу ҳукмдорларидан бири: “Биз шоҳ Вэнь Ваннинг ишини давом эттиришимиз керак. Токи бизнинг давлатимиз жаҳон давлатига айлангунига қадар, денгиз бурчакларидан тортиб кун чиқар ўлка одамларининг барини бизнинг қонунларимизга бўйсундириш учун курашишимиз керак” деган эди.
Инь давлати ўзаро ички зиддиятлар, курашлар натижасида заифлашиб қолди. Бундан фойдаланган Чжоу шоҳи У Ван ҳукмдорлик даврининг ўн биринчи йилида катта қўшин билан шарққа томон юриш қилди ва Инь давлатини босиб олди. Шундай қилиб, милоддан аввалги XII асрда Хитой шимолида Чжоу давлати вужудга келди.
Чжоу давлатининг хўжалиги ва ижтимоий тузуми. Чжоу давлати даврида хўжалик асосини деҳқончилик ташкил қилган. У анча ривожланган эди. Шимолий Хитойнинг ҳосилдор ерларидан деҳқонлар катта ҳосил олишга эришганлар. Бу ерда қишки ва баҳорги донлар экилар, боғдорчилик, полизчилик, мевали дарахтларни кўпайтириш, ҳамда каноп етиштириш яхши йўлга қўйилган.
Қишлоқ хўжалиги билан бирга ҳунармандчилик, жумладан, тўқимачилик анча ривожланган. Бу вақтда темирчилик алоҳида аҳамият касб этади, чунки ҳунармандчилик соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй берган эди. Айниқса темирдан деҳқончилик учун зарур асбоб - ускуналар ясаш кенг йўлга қўйилади.
Чжоу давлати даврида ижтимоий тузум ҳақида сўзласа, бу даврда патриархал оила мавжуд бўлганини айтиб ўтиш керак. Патриархал оилада отанинг роли чексиз эди. Унга оила аъзолари сўзсиз итоат қилган. Отанинг обрў - эътибори давлат томонидан қўллаб - қувватланган. Масалан, шоҳ Сюань фармонида айтилишича: “Фуқаролар бевосита бошлиқларининг қароридан шикоят қилишга ҳақли эмаслар. Агар уларга шикоят қилиш ҳуқуқи берилса, у ҳолда ўғил ўз отаси билан судлашиши мумкин. Натижада катта билан кичиклар ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди.” Аёл ўз уйини ташлаб кетиши катта гуноҳ ҳисобланган.
Чжоу даврида қишлоқ жамоаси муҳим ўрин тутган. Энг қадим қулдорлик давлатида мамлакатдаги барча ер фондлари, жумладан, жамоа ихтиёридаги ерлар ҳам илоҳийлаштирилиб, шоҳга тегишли деб ҳисобланган. Масалан, “гун - тянь” (жамоа даласи) ибораси айни вақтда “даласи” деб тушунилган. Агар қадимги Хитой гуниси ванга (подшо) тегишли бўлса, жамоанинг барча ери давлат ер фондига айланган. “Ши - цзин” қўшиқлар китобида, Чжоу ҳукмдори Лю юришга чиқишдан аввал “дала ва омборлардаги заҳира донларни йиғиб катта қопларга солган”. Чжоу давлатининг ҳукмдорлари “одамларни ерларга бириктирганлар”. Бошқача айтганда, улар катта миқёсдаги ерларда ўз хўжаликларини ташкил қилган. Ҳукмдорлар ўз яқинлари ва зодагонларга кўплаб ерларни тақсимлаб берган. Натижада Чжоу давлатида ерга эга бўлган табақалар - давлат мулозимларини, зодагонларни пайдо бўлишига олиб келган. Хўжаликда қул меҳнатидан фойдаланилган. Инь даврида юзага келган қулдорлик Чжоу даврида анча кенгайди ва ривожланди.
Чжоу даврида “нун - фу” (қул) атамаси пайдо бўлди. Ўша вақтдаги манбаларда “нун - фу” меҳнати ҳақида, бу одамларнинг ўзларини ишлаб чиқариш қуроли бўлмаганлиги қайд этилади. Бундан қулларнинг қулдорлар ерларида ишлаганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Қуллар меҳнатидан деҳқончилик ҳамда ҳарбий ишда фойдаланганлиги ҳақида маълумот бор. Қуллар ўртасида меҳнат тақсимоти жорий этилган. Манбаларда жанубий қабилаларга тегишли бўлган қуллар отбоқарлик қилган. Давлат муассасалари ҳамда алоҳида амалдорлар ихтиёрида бир неча гуруҳ қул бўлган. Масалан, амалдорлар бошлиғи ихтиёрида 120, маориф бошлиғи ихтиёрида 120, ер хўжалигида 120, камончи ва ўқчилар бўлимида – 80 та қул борлиги ҳақида маълумот “ Чжоу - ли” китобида келтирилади. Қулчилик ривожи билан қул савдоси ҳам пайдо бўлган. Бронза идишлардаги ёзувларда “бешта қул бир от ва бир калава ипакка алмаштирилганлиги” тўғрисида айтилади. Шундай қилиб, қадимги Хитойда табақаланиш юзага келган. Юқори табақа билан қуйи табақалар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар, норозиликлар чиқиб турган.
Давлат тузуми. Чжоу-ли трактати асосида Чжоу сулоласи давридаги давлат тузумини ўрганиш мумкин. Бу даврда Хитойда мураккаб давлат тузилмаси шаклланади. Давлат аппарати мамлакатни шоҳ номидан бошқаради. Ҳукмдор атрофида зодагон амалдорлар гуруҳи бўлиб, улар юқори лавозимларни эгаллаганлар. Давлат бошида шоҳдан сўнг биринчи ёрдамчи туради. Бу амалдор билан бир қаторда уч оқсоқолдан иборат гуруҳ: ер ишлари бошлиғи (амлокдор), иккинчиси - от-улов ҳамда шоҳ қўшинлари сардори, учинчиси - ижтимоий ишлар бошлиғи вазифасини адо этганлар. Амлокдор мамлакатда қишлоқ ишларини ташкил қилиш, ер ишлари билан банд бўлган аҳолини бошқариш билан шуғулланган. Иккинчиси, ҳарбий вазир сифатида мамлакат ҳарбий бошқарувини амалга оширган. У аскар йиғиш, ҳарбий таълимга раҳбарлик қилиш, қўшин таъминоти билан шуғулланган. Учинчи бошлиқ мамлакатдаги барча ер фондларини бошқариб, давлат сув таъминотига раҳбарлик қилган. Хитойдаги барча суғориш иншоотлари устидан назорат қилиш шу шахслар қўлида эди.
Кейинчалик мамлакатда бошқа амалдорлар ҳам пайдо бўлди. Улар шоҳ ерлари, турар – жойлари, саройи, суд ишлари, диний ишларни бошқарадилар. Қадимги Хитойда суд ишлари ёзма қонунларни, ҳуқуқларни шаклланишига олиб келди. Чжоу давридаги қонунлар ҳукмдор шахси ва унинг ҳокимиятини ҳимоя қилишга қаратилган эди. Масалан, шоҳни таҳқирлашга қарши қабул қилинган қонунда шоҳни камситган шахс ўлим жазосига маҳкум этилиши ёзилган.
Жиноий қонунлар мажмуи, яхлит жазо тизими ишлаб чиқилди. Унда ўлим жазоси, эркакларни бичиш, аёлларни саройга қамаб қўйиш, оёғини кесиб ташлаш каби оғир жазолар жорий этилди. Бу туплам қадимда афсонавий шоҳ Му томонидан ишлаб чиқилиб, 3 минг моддадан иборат бўлган. Олий суд оғир жиноий ишларни, қуйи судлар эса кичикроқ ишларни кўриб, ҳукм чиқарган.
Чжоу даврининг сиёсий тарихи хусусида шуни айтиш мумкинки, Чжоу сулола шоҳлари Инь давлатини босиб олиб, кучли давлат ташкил этишди. Милоддан аввалги V - IV асрларда ёзилган “Осмон ўғли Мунинг тарихи” номли китобда Чжоу даврига оид афсоналар берилган. Унда Чао ва Му шоҳлари буюк фотиҳ сифатида тасвирланади. Хитойлар Хан дарёси бўйларида ва Хубейда яшаган қабилаларни бўйсундиради. Подшо Сюань (милоддан аввалги 827 - 782 йиллар) тарихий шахс ҳисобланади.
Унинг урушлари қўшни қабилаларни бостириш, уларни ўзига тобе қилиш учун бошлаган юришлари ўша даврдаги адабий асарларда ўз ифодасини топган.
Чжоу давлати ўзаро ички зиддият кучайиши, кўчманчи қабилаларга қарши олиб борган тинимсиз урушлар, мамлакат ичидаги иқтисодий тизимнинг мустаҳкам эмаслиги сабабли милоддан аввалги VIII асрга келиб мустақил давлат ва хонликларга бўлиниб кетади.
Таянч иборалар
Эпиграфика, коалиция, патриархал, трактат, Мус. Гун-тять, нун-фу, амлоқдор.
Саволлар
1. Чжоу қабилалари қаерларда яшаган ва қандай қилиб Чжоу давлатини
ташкил қилганлар?
2. Чжоу давлатининг ижтимоий ва сиёсий тузуми қандай бўлган?
5. Чжоу шоҳлигининг инқирозга учраши (милоддан аввалги VIII-III асрлар)
Чжоу давлати Хуанхэ дарёси ва унинг ирмоқлари бўйидаги бой унумдор водийларга дахшат солган кўп сонли ва кучли кўчманчи қабилалар билан узоқ вақт давомида кураш олиб бориб заифлашди. Бу эса синфий зиддиятларни туғдириб, мамлакат ичида иқтисодий бирдамлик йўқлиги туфайли кучсизланиб, кейин бир неча мустақил давлатларга бўлиниб кетди. Бу шоҳликлар бошида зодагон қулдорлар ва марказий ҳукуматга тобе бўлмаган қудратли амалдорлар турган.
Милоддан аввалги 770 йилда Чжоу подшоларидан бири Пин Ван ғарбий кўчманчилар сиқуви оқибатида ўз пойтахтини шарқдаги Ло-и шаҳрига (кейинроқ Хэнань вилоятидаги Ло - янга) кўчирган. Хитойнинг мустақил майда шоҳликларга бўлиниб кетиши айнан шу даврдан бошланди. Улар энди Шарқий Чжоу давлатига бўйсунмайдиган бўлиб олдилар. Милоддан аввалги VII асрда бешта энг қудратли шоҳлик иттифоқ тузиб, марказлашган давлатни барпо қилиш ҳаракати юзага келди. Бироқ бу вақтинчалик бирлашув бўлиб, мустаҳкам эмас эди. Бешта катта шоҳликнинг ҳар бири устунликка урингани туфайли, кучлар мувозанати бузилди. Улар ҳокимлиги даври, яъни милоддан аввалги VII - V асрлар одатда “беш ҳоким” даври деб ном олди. Милоддан аввалги V асрда айрим шоҳликлар ўртасида кураш айниқса кескинлашди. Шунинг учун ҳам милоддан аввалги V - III асрлар даври “Курашувчи шоҳликлар” (Чжань -го) номини олган.
Қадимги Хитой тарихининг бу даври кўп манбалар асосида ўрганилиши мумкин. Аммо ўзаро синфий муносабатлар характери ҳамда баъзи ижтимоий - иқтисодий атамаларнинг маъносини аниқ белгилаб олишга имкон берадиган махсус манбашунослик ва тарихий – лингвистик асарларнинг йўқлиги туфайли ижтимоий - иқтисодий муносабатлар масаласини тўла ҳал қилиб бўлмайди. Лекин Хитой тарихчилари ва собиқ мамлакат олимларининг асарлари баъзи фактларни аниқлашга имкон бериб, улар Хитой қулдорлиги тарихидаги ўзига хос хусусиятларни билиб олишга ёрдам беради.
Темирни ривожлантиришда секин – аста бурилиш ясалиши, янги ва анча мукаммал темир қуролларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Милоддан аввалги VII асрда Ци ҳукмронлигида давлат темирни ўз монополиясига олади. Омоч учун темир тишлардан фойдалана бошлайдилар, бу эса меҳнат унумдорлигини оширади ва қишлоқ хўжалигида кўплаб қуллардан фойдаланиш имкониятини беради. Бироқ аввалги қишлоқ жамоаларининг барқарорлиги қулдорлик муносабатларининг ривожланиш жараёнига тўсқинлик қилади. Бу жамоаларнинг кўпи, айниқса мамлакатнинг узоқ жойларидаги жамоалар жуда содда уруғ - қабилачилик шароитида ёки бир қадар тараққий этган оила – жамоа тузуми шароитида яшаганлар. Хитой подшолари томонидан қўшни ерларнинг истило қилиниши ҳамда бир қанча мустақил шоҳлик ташкил этилиши йирик уруғ - қабила ва оила - жамоа гуруҳларини қул қилишдан иборат қадимги Хитойнинг ўзига хос, алоҳида шаклларининг пайдо бўлишига олиб келиб, бу гуруҳлар расмий жиҳатдан давлат “қули” ҳисобланса ҳам, амалда қисман айрим амалдорларнинг ихтиёрида бўлганлар. Шу сабабли эркин жамоа аъзоларини англатадиган айрим атамалар баъзан қулларни ифодалаш учун ҳам қўлланилган.
Иккинчи томондан, қулдорлик муносабатлари ривожланмаган бир шароитда қулдорларга қарамликдан эркинликка ўтиш босқичларини билдирадиган градациялар (даражалар) ҳукм суриб, буни патриархал қулдорчиликнинг сақлангани, бутун - бутун жамоалар оммавий қул қилингани, ниҳоят Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан тараққий этган марказий туманлари билан Хитойнинг Чжоу давлатига қарашли кенг чекка ерларга жойлашган кўчманчилар ва деҳқонлар турмуши ўртасидаги кескин фарқ ҳам кўрсатиб туради. Доимо урушлар чиқиши ва давлат марказларининг жойдан жойга кўчирилиши, “сиёсий соҳада”ги ўзгаришлар қулларни кўпинча ялписига озод қилиб юборилишига, эркин деҳқонларни эса, аксинча, қулликка тушишига олиб келган. Ваҳоланки, жамоалар натурал хўжаликка асослангани учун, ишлаб чиқариш усули ўзгармай қолаверган. “Чэнь” сўзи “хизматкор”, “қул”, жумладан “уй қули” маъносини англатган. “Минь” сўзи бирга қўшиб ишлатилганида, одатда, бутун меҳнаткаш халқни, эҳтимол, оғир қуллик, қарамлик шароитида яшаган жамоачиларни англатган бўлса керак.
Файласуф Мэн - Цзининг ижтимоий - сиёсий асарида (милоддан аввалги IV - III асрлар) сақланиб қолган маълумотлар бу даврнинг хўжалик ва ижтимоий тузумига тавсиф беради. Айрим шоҳларнинг устун бўлиши ва ҳокимлик қилиш учун олиб борган ўзаро урушлари меҳнаткаш халқ оммаси гарданига ғоят оғир юк бўлиб тушган.
Қишлоқ хўжалиги ҳамда қулдорликка асосланган ҳунармандчиликнинг ривожланиши савдо айирбошлашнинг янада ўсиб, шаҳарлар пайдо бўлишига ва савдогарлар қатлами ўсишига олиб келди. Хуанхэ дарёси атрофидаги ҳудудлардан топилган моддий маданият ёдгорликлари ишлаб чиқариш пайдо бўлаётганлигидан далолат беради. Гуаньцзи асарида бозор аҳамияти ҳамда товарлар нархини тартибга солиш ҳақидаги фикрлар берилган. Муаллиф савдогарларни халқнинг алоҳида қатлами сифатида кўрсатади, “бозор билан боғлиқ” одамларнинг катта сиёсий ва иқтисодий билимлардан хабардор эканлигини уқтиради. Бу давр учун судхўрлик ривожланиши хос бўлган. Бу вақтларда судхўрлик махсус амалдорлар томонидан текшириб турилган. Цинь давлати ташкил топган даврга келиб алоҳида “бойлар” табақаси пайдо бўлади. Улар йирик мулк (ер) га эга бўлиб, савдо ишларида фаол иштирок этганлар. Хитой манбаларининг хабар беришича, ўша даврда бойлар кўпайиб, Цинь Ши Хуан - ди ўз пойтахтида савдони тараққий эттириш учун уларнинг оиласини пойтахтга кўчириб келтирган. Бу рақам муболаға билан айтилган бўлиши ҳам мумкин. Савдо ва судхўрлик ривожланиши синфий зиддиятларнинг кучайишига сабаб бўлади. Синфий курашнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун ижтимоий ислоҳот лойиҳалари илгари сурилди. Мазкур лойиҳалар ҳукмрон амалдорлар синфи манфаатларини ва, биринчи навбатда, савдогар табақаларининг манфаатларини юз бериши мумкин бўлган ижтимоий ларзалардан қўриқлашни мақсад қилган.Синфий зиддиятларнинг кескинлашуви ҳукмрон синф - қулдорлар синфининг яшаши ва бойишига жиддий хавф туғдирган. Ижтимоий ислоҳот ўтказишга уринишлар шиддатли синфий курашни кучсизлантира олмади. Амалдорлар ер эгалигининг ўсиши ва савдонинг ривожланиши натижасида ирригация шаҳобчаларини сақлаб қолиш, шунингдек, мамлакатни кўчманчилардан мудофаа қилиш зарурати юзага келди. Марказлашган кучли давлатни тиклаш ҳамда бутун мамлакат учун мустаҳкам ва ягона давлат аппарати барпо қилишни талаб этарди. Ана шу муносабат билан милоддан аввалги VI асрдаги фалсафий асарларда давлатни идора қилиш тамойиллари вужудга келади ҳамда алғов – далғовлар давридан кейин мустабид тузумини тиклаш зарурлиги кўрсатилади. Масалан, файласуф Мэн – Цзи деҳқончилик устидан давлат назорати ўрнатилишини тавсия қилади. Жумладан, қишлоқ хўжалигини юксалтириш учун императорларга ирригация чораларини кўриш хусусида кўрсатма беради.
Милоддан аввалги IV асрда Цинь шоҳлиги бошқа барча катта подшоликлар орасида энг кучли подшолик бўлиб қолади. Цинь шоҳлиги ҳукмдорлари бутун Хитойга ҳокимлик учун бир аср мобайнида қаттиқ кураш олиб борадилар.
Цинь ҳукмдори Чжэн барча қолган шоҳликларни бўйсундириб, бутун Хитойни ўз ҳокимиятига бирлаштириб, Цинь Ши Хуанди (милоддан аввалги 221 - 210 йиллар) унвонига эга бўлди. Ҳукмронлиги даврида ягона ва маркзлашган Хитой давлати тикланди. Аввалги мустақил шоҳликлар ўз мустақиллигини йўқотдилар. Шу тариқа Чжоу хонлиги тугатилиб, унинг ўрнига янги марказлашган Цинь шоҳлиги ташкил топди.
Таянч иборалар
“беш ҳоким”, “Чжань-го”, “Чэнь”, “Минь”, градация, “уйқули”.
Саволлар
1. Чжоу шоҳлиги инқирозининг асосий сабаблари нималардан иборат эди?
2. Шан Ян ислохотлари нима мақсадда ўтқазилган?
6. Милоддан аввалги III аср бошларида Хитойда Цинь сулоласи даври
Милоддан аввалги IV аср ва III аср бошларида Хитойнинг тобора парчаланиб, бориш жараёни мамлакатда ишлаб чиқарувчи кучларнинг ва айирбошлашнинг ривожланишига тўсиқ бўлди. Бутун мамлакатда ягона суғориш тармоқларини вужудга келтириш, дарё сувларини мунтазам тақсимлаб туриш иши барча ўлкалар бирлашувини тақазо этган. Аммо майдалашув шароитида бунинг иложи бўлмаган. Шундай ҳодисалар юз берганки, бир туманда бошқалари билан келишмай тўғон қурилиши келишмовчиликлари табиий офат келтириб чиқарган. Иккинчи томондан, ўзаро душман бўлган шоҳликларнинг чегараларида ўрнатилган божхона ғовлари хўжалик соҳасидаги ўзаро муносабатлар тараққиётига тўсқинлик қилган. Шуни ҳам назарда тутиш керакки, синфий курашнинг кескинлашуви ва кўчманчилар томонидан солинган хавф ҳукмдор табақаларда мамлакат бирлигини тиклашга интилиш пайдо қилган. Ички ва ташқи душманларни енгиш учун қулдорлар марказлаштирилган ҳокимиятни мустаҳкамлашга муҳтож эдилар.
Мамлакатни янгидан бирлаштиришда Хитойнинг ғарбий туманларини ўз ичига олган ва ҳукмронлигини жанубдан, Янцзи қирғоқларигача ўрнатган Цинь шоҳлиги асосий ўрин тутди.
Милоддан аввалги IV асрда Цинь шоҳлигида Шан Ян номли катта мансабдорнинг ташаббуси билан муҳим ислоҳотлар ўтказилган. Бу ислоҳотчи давлат хизматидаги оқсуякларга ва савдогар - судхўрлар доирасига таяниб, патриархал оила ва қишлоқ жамоаларига қатъий зарба берган. Ер ислоҳоти шундан иборат эдики, ерни истаганча хусусий мулк қилиб олиш ҳамда ерни эркин тарзда сотиш ва сотиб олиш мумкин бўлган. Шан Ян катта оилаларнинг парчаланиб, мулклари бўлинишига хайрихоҳ, шунингдек жамоадаги чек ерларни сотишга ижозат берган. Солиқ зулми кучайтирилган. Ҳосилдан олинадиган солиқ ер солиғи билан алмаштирилган, бу солиқ ер миқдорига қараб ҳар бир ер эгасидан олинган. Солиқлар ҳосилга боғлиқ бўлмай, ҳосил бўлмаган йили жамоанинг маҳсулот топшира олмаган аъзолари (ер ҳажмига қараб белгиланган) хонавайрон бўлиб, ерлари, ҳатто озодлигидан ажраб қолган. Ниҳоят, махсус маъмурий ислоҳот мамлакатдаги барча аҳоли устидан назорат жорий қилишни кўзда тутиб, аҳоли муайян майда гуруҳларга бўлинган. Шу билан бирга экин майдонини кенгайтириш ва мамлакатга деҳқон аҳолисини тортиш юзасидан ҳам бир қанча тадбирлар кўрилган. Бу эса деҳқончилик хўжалиги даражасини кўтаришга хизмат қилган.
Цинь ҳукмдорлари шу йўл билан ғоят катта маблағ тўплаганлар. Бу маблағ уларга қўшинни қайта ташкил этишда ёрдам берган. Бронза қурол – яроқ ўрнини темир қуроллар эгаллаган. Қўшинда янада қаттиқроқ интизом, рағбатлантириш ва мукофотлаш тартиби ўрнатилган.
Шан Ян ислоҳотлари туфайли Цинь подшолиги қўшини ўз жанговарлиги билан бошқа шоҳликларнинг қўшинларидан устун бўлиб, бу кейинги урушларда намоён бўлди. Милоддан аввалги III асрнинг биринчи ярмида Цинь подшолари барча душманларини тор - мор қилди. Чжоу сулоласи милоддан аввалги III аср ўрталарида ҳокимиятни қўлидан бой берди.
Ин Чжен ўз шоҳлиги даврида (милоддан аввалги 246 - 210 йиллар) бутун ҳудудидаги барча мамлакатларни ўзига бўйсундирди. Милоддан аввалги 221 йилда у император (хуанди) унвонини олиб, Цин Ши - Хуанди (Циннинг биринчи императори) деган ном олди.
У шимолда хуннлар, жанубда (Янцзи) Юэ мамлакати билан (ҳозирги Гуандун ва Гуанси вилоятлари ҳудуди ҳам шу мамлакат таркибига кирган) бир неча бор муваффақиятли уруш қилган. Шимолий кўчманчилардан мамлакатни ҳимоя қилиш учун Буюк Хитой девори (Садди Чини) қурилган. Бу тупроқ тепалар, тош ва ғиштдан ишланган девор ва миноралардан иборат мураккаб истеҳком бўлиб, унинг узунлиги 4000 километр, баландлиги 10 метрга тенг. Девор шу қадар қалинки, унинг устида ёнма-ён олтита отлиқ бемалол юра олади. Бу истеҳком қурилаётганда аввалги истеҳкомлар ҳам Буюк Хитой деворига қўшилиб кетган, шундай бўлсада бениҳоя улкан иш амалга оширилган. Бу истеҳком қурилишида салкам икки миллион киши (асосан ҳарбий асирлар ва ҳукм қилинган жиноятчилар) меҳнат қилган.
Цинь Ши – хуанди ўзининг ички сиёсатида Шан Ян қонун-қоидаларига амал қилган. Бутун давлат 36 вилоятга бўлиниб, бу вилоятлар шоҳ амалдорлари томонидан идора қилинган. Аввалги зодагонлар бошқариш ишларидан четлаштирилиб, қаттиқ назорат остига олинган.
Марказий ҳокимият томонидан уруғ зодагонларига, шахсий ер эгалари билан савдогарларга кўрсатилаётган хомийлик қаттиқ қаршилик туғдирган. Бутун маориф ишларини ўз қўлларига олган конфуцийчилар (Конфуций фалсафаси мактаби вакиллари) бунда раҳбарлик қилганлар. Улар эскилик тарафдори, янгиликнинг душмани бўлиб, Шан Ян ислоҳотларини тан олмаган. Цинь Ши - Хуанди бу оқимга қарши қаттиқ чоралар кўрди. 460 та конфуцийчи олим қатл қилинган. Ривоятларга кўра, император ўзга тартиблар ҳукм сурган замонга оид барча фалсафий ва тарихий адабиётларни ёқиб ташлашни буюрган.
Цинь Ши - Хуандининг ички ва ташқи сиёсати, қўшинни ва амалдорлар аппаратини боқиш ҳамда истеҳком ва саройлар қурилиши ғоят катта маблағни талаб қилган. Солиқ ва мажбуриятлар оғирлиги асосан деҳқонлар гарданига тушган. Қишлоқ жамоалари буткул тушкунликка юз тутганлар.
Хитойда марказлаштириш жараёни авж олди. Бир - бирига таянч бўлиб, бир - бирини қўллаб – қувватламаслиги учун, император Вэй дарёси шимолий соҳилидаги янги пойтахт – Сяньян шаҳрига аслзода оилаларини кўчириб келган. Улар ўзларининг аввалги маҳаллий уруғ- қабилаларидан узоқлаши, пойтахтда ҳеч қандай таянч ва кучга эга бўлиша олмаганлар. Вассалларни маҳаллий этник исм билан аталиши ман этилиб, оддий аҳоли “қорабошлар” номини олган.
Цинь Ши - Хуанди тадбирлари қаттиққўллик билан ўтказилиши туфайли, нафоқат оддий халқ, балки зодагонларнинг ҳам қаршилигига учради. Цинь Ши – Хуанди даврида Хитойнинг барча туманларида қўзғолонлар кўтарилиб, улар аёвсиз бостирилган. Император ҳаётига тўхтовсиз суиқасдлар сабабли, у ўз маконини доимо ўзгартириб, тўхтаган жойи маълум бўлмаган. Цинь Ши-Хуанди милоддан аввалги 210 йилда асаб касаллигидан вафот этади. Унинг ҳукмдорлик давридан нишона сифатида Буюк Хитой Девори қолди, холос.
Цинь Ши-Хуанди ўлимидан сўнг деҳқонларнинг оммавий қўзғолонлари кўтарилиб, унга қуллар ҳам қўшилганлар. Бу ҳаракат йўлбошчиларидан бири Лю Бан исмли қишлоқ оқсоқоли айниқса ном қозонди. У халқ оммасигина эмас, балки Цинь Ши-Хуанди вақтида тор-мор бўлган зодагонларни ҳам ўзига оғдириб, рақибларини давлат бошқарувидан четлаштирган. Милоддан аввалги 206 йилда у Цинь сулоласининг сўнгги вакилини ағдариб, биринчи, ёки Катта Хань сулоласи деб ном олган янги сулолага асос солди.
Таянч иборалар
Шан Ян, маневрли суворийлар, Ин Чжен, Хуанди, Цин Ши, хуннлар, Садди Чин, конфуцийчилар, Лю Бан, Катта Хань сулоласи
Саволлар
1. Хитойда марказлаштириш жараени қандай тўсиқларга дуч келди?
2. Нима учун Цин Ши Хуанди конфуцийчилар таълимотини таъқиқлаб
қўйди?
7. Қадимги Хитой Хань сулоласи даврида (милоддан аввалги 206 – миладий 220 йиллар)
Цинь сулоласи ҳукмдори Ши-хуанди ҳокимиятига қарши деҳқонларнинг норозилиги ортиб, улар кўплаб қўзғолон кўтардилар. Милоддан аввалги 206 йили қўзғолончи деҳқонлар йўл бошчиларидан бири Лю Бан тахтни эгаллаб, Цинь сулоласи ҳукмронлигига якун ясади ва янги давлатга асос солди. Бу қўзғолон натижасида деҳқонларнинг иқтисодий аҳволи бирмунча яхшиланиб, солиқлар камайтирилди ва давлат меҳнат мажбуриятлари енгиллаштирилди. Аммо ҳокимият қулдор зодагонлар қўлида қолаверди. Улар дастлаб деҳқонларга бир оз ён берган бўлсалар ҳам, вақт ўтиши билан шароит яна илгариги аҳволига қайтди.
Меҳнаткашлар оммасининг хонавайрон бўлиши қулдорликни янада ўсиши ва мамлакатда қуллар сонининг ортишига сабаб бўлди. Ночор аҳволда қолиб, амал – тақал тирикчилик қилган камбағаллар кўпинча болаларини қул қилиб сотишга мажбур бўлганлар.
Уруш йилларида мамлакат хўжалик ҳаёти издан чиқар, шу пайтда ҳукумат қўшимча солиқлар солар эди. Хань сулоласи даврида одатий солиқлардан ташқари, ҳосилга қараб натурал солиқ жорий қилиниб, у ери бор одамлардан олинган; шу билан бирга аҳолидан олинадиган пул солиғи жорий қилинган. У Ди ҳукмронлиги даври хазина тушумини ошириш мақсадида туз ва темирга монополия жорий қилинган. Қул савдоси ҳам ривожланиб, махсус қул бозорлари вужудга келган.
Қуллар сони кўпайганлигига қорамай, уларнинг меҳнати у қадар фойда бермай қўйди. Қуллар меҳнатининг унумини ошириш мақсадида қулларга кичикроқ ер берилиб, уларни шахсий хўжалик юритишига рухсат этилган.
Айни вақтда ижара муносабатлари ҳам тараққий эта бориб, деҳқонлар бойлар ерини ҳосилнинг 50% эвазига ижарага олганлар. Ижара ҳақининг юқорилиги туфайли кўплаб деҳқонлар асоратга тушганлар.
Хань даврида Хитойнинг ташқи савдоси ўсиб, истилочилик сиёсати кенг кўламда юритилди. Хитойликлар милоддан аввалги II аср охирларида, император У Ди даврида (милоддан аввалги 140 - 87 йиллар) ғарбнинг узоқ жойлари, Ўрта Осиёгача, “Ғарбий чет жой” (Си юй) деб аталган мамлакатга қадар кириб борганлар. Хитой карвонлари Шарқий Туркистон орқали Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ўлкаларга етиб борган. Хитойликлар айниқса Фарғона билан савдо муносабатини ўрнатганлар. Хитой молларини Эрон савдогарлари бу ердан Сурия, Эрон, ҳатто Рим империясигача олиб борганлар.
Муҳим савдо йўли – “Буюк Ипак йўлини” қўлга киритишга интилиш, истилочилик сиёсатини давом этишига сабаб бўлди. Хитойлик саркарда ва дипломат Бан Чао (милоддан аввалги 32 - 102 йиллар) Шарқий Туркистонга бир неча марта қўшин тортиб борган ва бу ерни истило қилган. Хитойликар шарқда Корея, Ҳинди - Хитойнинг айрим ҳудудларига ҳам кириб бориб, Ҳиндистонга йўл очмоқчи бўлганлар. Ташқи савдо ва истилочилик сиёсати кенгайиб бориши оқибатида зодагонлар янада бойиганлар.
Хань даврида Хитой давлати қудратининг ошиши маданиятнинг юксалишида ҳам ўз ифодасини топган. Манбаларда кўрсатилишича, бу вақтда академия, кутубхона ташкил қилинган, давлат ёзувчиларга ҳомийлик қилган, очиқ имтиҳонлар ўтказиб, амалдорларнинг малакасини оширган. Аммо меҳнаткаш халқ аҳволи оғир бўлиб қолаверган.
Ижтимоий зиддиятларни камайтириш мақсадида Дун Чжун - шу, Ван Чун ва Ван Ман ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилганлар. Дун Чжун - шу катта ер - мулкларни бир киши қўлида бўлишини тақиқлаш, туз ва темир монополияси, “қулдорларнинг ўз қулларини қатл этиш ҳуқуқини бекор қилиб, қулдорликка барҳам бериш”, солиқларни камайтириш, ҳарбий ва меҳнат мажбуриятларини енгиллаштиришни таклиф этган.
Хитойда ўтказилган ислоҳотлар кутилган натижа бермаган. Пировардида камбағаллар очарчилик натижасида кўтарган қўзғолонлари тобора кучайиб борди.
Фан Чун бошчилигида 18 йилда кўтарилган “қизил қошлар” қўзғолонида Шандун аҳолисининг кўп қисми иштирок этди. Ван Чун ислоҳотларидан норози айрим зодагонлар ҳам қўзғолонга қўшилдилар. Фан Ман раҳбарлигидаги 10 минг кишилик қўзғолончилар лашкари Ван Ман қўшинини мағлуб этди. 23 йили Ван Ман қўшини батамол тор - мор этилиб, пойтахтни қўзғолончилар эгаллаб олишди. Лекин 27 йилда “қизил қошлар” орасига кириб олган зодагонлар қўзғолончилардан устун келиб, уларни тор-мор келтирганлар ва аввалги тартибни қайта тикладлар.
184 йилда яна бир катта қўзғолон рўй берди. Бу Чжан Цзяо раҳбарлигидаги “сариқ рўмолликлар” қўзғолони бўлди. Қўзғолончиларнинг қўшини бир неча юз минг кишига етганди ва кўп сонли қуллардан иборат алоҳида бўлинмалари ҳам бор эди. Бу оммавий, ҳақиқий халқ ҳаракати кенг тус олганига қарамай, қўзғолон бостирилган. Бироқ Хань сулоласи ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қола олмади. Кўпдан-кўп қўзғолонлар Хань давлатини ҳолдан тойдириб, давлатни пароканда бўлишига сабаб бўлди.
Достарыңызбен бөлісу: |