Ҳар бир сўзда яширин тарих барча тарихий исмлар ва жойларнинг номлари



бет5/6
Дата10.06.2016
өлшемі394 Kb.
#127006
1   2   3   4   5   6

Калтатой маҳалласи. Шимолдан Бешоғайни, шарқдан Ҳовузлик, ғарбдан Моғол кўча, жанубдан Жар кўча маҳаллалари билан чегараланган. Шайхонтоҳур даҳасининг қадимий маҳаллаларидан эди. Ривоятларга кўра авлиё Бузрук ота шу маҳаллада яшаган, унинг думи калта йўрғаси бўлганидан маҳалла Калтатой номини олган. Аслида Калтатой ўзбек уруғларидан бири. Калтатойлар ўзбеклар таркибидаги “турк” деб аталувчи этник гуруҳнинг бўлинмаларидан бири бўлган. Калтатойлар яна бир қанча уруғлар (муаззамини, махонтори, мирзо, калтатой)га бўлинган. Кал­татойлар кўп сонли уруғ бўлганлиги учун Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларига тарқалиб кетишган. XIX аср охири ва XX аср бошларида калтатойлар батамом ўтроқлашиб, ўз уруғлари номини унутган. Республикамизнинг Жиззах, Қашқадарё каби вилоятларида Калтатой номли қишлоқлар ҳам сақланиб қолган.
Қиёт – Ғарбдан Қорёғди, (Қаръятдеҳ) маҳалласи, Шимолдан Шайхонтоҳур кўчаси, Шарқдан Анҳор канали билан чегараланган. Дала ҳовлилари Миробод, Қорасув, Олтинтепа, Оққўрғон, Бўз ва Чилдухтарон мaвзеларида бўлган. Аҳолиси асосан ўзбекларнинг қиёт уруғига мансуб бўлган. Улар VIII-Х асрларда Дашти қипчоқда яшаб, чорвачилик билан шуғулланганлар. 92 томирли ўзбек қавмлари қаторида тилга олинган уруғлардан бири Ўғузлар давлати емирилгач Қиёт қабиласи тарқаб кетган. Дашти қипчоқ чўлларида қолган қисми кейинчалик ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ халқлари таркибий қисмларидан бирини ташкил қилган. Қиётлар асосан ХХ аср бошларидан ўтроқлашиб, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланганлар. Тошкентнинг Қўқон дарвозасини қўриқлаш қиётликларга топширилган. Россия империяси кўшинлари 1865 йил 14-16 июнь кунлари Тошкентга бостириб кирганида қиёт ҳимоячилари Абдураҳмон ясовул бошчилигида душман аскарларига қаттиқ қаршилик кўрсатганлар. «Пахтакор» стадиони қyрилиши муносабати билан маҳалла бузилиб кетган. Айрим атамашунослар: — Бўзсув сойининг тик ва баланд қирғоғи, ёки, тоғдан оққан сел маносидаги қиён сўзининг кўплиги бўлиши керак деган фикрни билдирадилар. Яна бошқа маълумотларга қараганда Хоразмнинг Қиёт қишлоғидан кўчиб келган бир оила шу ерга кўчиб келиб яшайбошлаган. Шу- шу бу жой Қиёт номини олган.

Қорёғди — Шайхонтоҳур даҳасидаги маҳалла. Қиёт, Занжирлик маҳалласига чегарадош. А.Навоий (Шайхонтоҳур) кўчасига туташ бўлган. Х-ХI асрларда шаҳар (Бинкат) ташқарисида вужудга келган янги қишлоқ бўлган. ХIV асрда шаҳар кенгайгач, қорёғди унинг таркибига кирган. Бу маҳаллада машҳур тарихчи Муҳаммад Солиҳ туғилган ва яшаган. Унинг туғилган жойи — «Тарихи жадиди Тошканд» асарида «қорабоғди» деб ёзилган. Аслида Қариядеҳ, яъни «қишлоқ» деб аталиб, сўнгра халқ тилида Қорёғди бўлиб кетган. Атамашунос С.Қораевнинг фикрича – маҳалла хотин-қизларнинг Қорёғди байрами шарафига қўйилган. Биринчи марта қор ёққан куни кечқурун хотин-қизлар маҳаллани айланиб чиқиб пул, ширинлик йиғишар, кейин бир ерга тўпланишиб ўйин-кулги қилишарган. Қорёғди деган аза маросими ҳам бор. Киши ўлгандан кейин биринчи марта қор ёққанда қор ёғди маросими ўтказилган.
Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон билан чегарадош, Ғарбда Чорсу билан боғланган кўча, Шимолда Эскижўва томонга борадиган кўча, Шарқ томондан шаҳарни ўрда билан улайдиган тошкўча, Жануб томон эса Бешёғоч даҳасига олиб борган. Шунинг учун олимлар Хадра номи Хадироҳ, яьни кўчанинг энг чеккаси, тугалланган жойи сифатида (Хад-чегара, роҳ-кўча) талқин этишган. Сайдазимбой шу маҳаллалик бўлган. Айрим маълумотларга қараганда унинг ерлари Қўймас дарвозасидан Қўйлиққача етган. Маҳалланинг чорбоғлари Кўкча тарафида бўлган.
Дархон олимларнинг фикрича, мўғулча – «дархон» — «мажбуриятдан озод қилинган» демакдир. Маҳалла Пуштибоғ, Орқакўча, Оқмасжид каби маҳаллалар билан чегарадош бўлган. Манголиянинг шимолидаги шаҳар (1963) ҳам Дархон деб аталади. Катталиги ва саноатининг аҳамияти жиҳатидан Улан-Батордан кейин иккинчи ўринда туради. Бу ном шаҳримизнинг 2-3 жойида учрайди.
Баландмасжид – Оқмасжид, Девонбеги, Говкуш, Қатортерак ва Каттакўча (ҳозирги А.Навоий кўчаси) билан чегарадош бўлган. Навоий номли кўчада, яқин-яқинларгача ўймакор устунли, шипига жимжимадор гуллар солинган, 1875 йилда мемор Мўъминжон қурган Баландмасжид қад кўтариб турган. Советлар даврида ундан дорихона сифатида фойдаланилган. Рассом Д. Валежев Баландмасжид ва шу жумладан, Сайид Азимбой, Карим Азиз уйларининг расмини чизган. Д. Валежев томонидан чизилган бу расмлар П.Ш. Пашинанинг 1868 йилда Петербургда босилиб чиққан «Ташкент в 1868 году» номли китобидан ўрин олган.
Занжирлик маҳалласи Мерганча, Падаркуш, Қудуқбоши маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Шайхонтоҳур ариғидан сув ичилган. Маҳаллада 5 та масжид (энг каттаси Саидазимбой масжиди) ва Эшонқули додхоҳ мадрасаси (мадрасада 1884 йилнинг 19 декабрида рус тузем мактаби очилган) бўлган. Маҳалла аҳолиси Аския мавзесида деҳқончилик билан шуғулланишган. Ҳозир маҳалла ўр­нида Тошкент телестудияси, “Ёш томошабинлар” театри ва Шоирлар хиёбони жойлашган. Маълумотларга кўра шу яқиндаги Шайхонтоҳур зиёратгоҳига кираверишдаги сайил вақтида ёқиладиган фанарлар занжирлиқ бўлган. Маҳалла номи шундан.
Ўқчи — Тепақишлоқ, Олмазор, Мерганча маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Тупроққўрғон қалъасига туташган. Маҳалла ҳудудида Қўймас дарвозаси бўлган. Акмал Икромов шу маҳаллада яшаган. Қадимда Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғи Бинкат орқали ўтиб, халқаро савдо ва ҳунармандчиликнинг ривожланишида муҳим ўрин тутган. Айниқса, Бинкатда ясалган ўқ-ёй бутун шарқда «Камони Шоший» номи билан машҳур бўлган. Узоққа отиладиган ва нишонга бехато урадиган камонлар шарқ адиблари асарларида таърифланган. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобир «Бобирнома» номли асарида “Тошкентда камон ва камон ўқи ясайдиган усталарнинг маҳорати бутун вилоятга тарқалган. Улар патли ва патсиз камон ўқларини ясаганлар” — деб ёзади. Ўша вақтларда камон ва унинг ўқини ясаш маҳорати жуда тақдирланган. 1797 йил маълумотларига қараганда Тошкентда шаҳар ҳокими Юнусхўжа ҳисобидан маош олган 2000 га яқин доимий аскар бўлган. Улар ўқ-ёй, пилта милтиқ, қилич ва қалқон билан қуролланган махсус бўлинмалардан тузилган. Юнусхўжа кўшинларида 20 га яқин тўп бўлган. Ўқлар асосан Тошкентнинг ўзида, Ўқчи маҳалласида қўйилган.

Маҳаллада «Телов» номли берк кўча ҳозир ҳам сақланган. Телов – қурама тоифасининг 5 та уруғидан бири.


Мирза Юсуф Шайхонтоҳур даҳасининг мавзеларидан бири. Мавзенинг номи 1865 йилгача Қўрғонча (Ниёзмуҳаммад номли шахс томонидан қурилган қўрғонга нисбатан номланган) бўлган.

1864 йилда Тошкентга яқинлашиб келган чор армиясининг генерали Черняев кўп талафотлар кўриб чекинишга мажбур бўлади. Бундай шармандали талафот унга тинчлик бермасди. 1865 йилнинг апрель ойида навбатдаги Тошкент қамалига йўл олган Черняев Россия билан савдо алоқаларидан манфаатдор бўлган Мирсолиҳбой, Саидазимбой, Мирза Юсуф ва Черняевга муҳим хабарларни етказиб турган Муҳаммад Соатбой, Шунингдек, сотқинлиги фош бўлиб Черняевнинг пинжига кирган Чувалачилик юзбоши Абдураҳмонбек Шодмонбек ўғли каби сотқинларнинг маслаҳати билан Ниёзбек қалъаси вайрон қилинади. Тошкентни сув би­лан таъминлаб турган Чирчиқ туғони бузиб ташланади.

Қирқ уч кунлик сувсизлик ва очликдан силласи қуриган шаҳарликлар 1865 йилнинг 14-16 июнь кунлари бўлган жангларда душман тўпларига дош бера олмай Черняевнинг тинчлик сулҳига рози бўлиб, Абулқосим мадрасасига йиғиладилар. Қатор шартлар би­лан шартнома тузилади. Мирза Юсуф томонидан шошилинч равишда тайёрлатилган Тошкент 12 дарвозасининг олтиндан ясалган рамзий калитлари тантанали равишда Черняевга тақдим этилади.

Тошкентни ишғол қилишда ёрдам берган сотқинлар, жумладан, Мирза Юсуф ҳам чор ҳукуматининг нуфузли мукофотлари билан тақдирланадилар. Алоҳида хизматлари учун Мирза Юсуфни ўзига котиб қилиб олади ва Шайхонтоҳур даҳасининг Қўрғонча мавзесини (ҳозирги Бодомзор микрорайони) туҳфа этади. Мавзе кейинчалик маҳалла, ўтган асрнинг 50-йилларигача бу ҳудуд Мирза Юсуф номи билан келган. Ҳозирда Бодомзор микрорайонидаги масжид Мирза Юсуф номи билан келади. Аслида бу масжид Ниёзмуҳаммад томонидан қурилган бўлиб, унинг ўғли Ёқубжон томонидан 1913-14 йилларда қайта қурилган. Шуларни эътиборга олиб, Тошкент топонимик комиссиясининг таклифига биноан шаҳар ҳокимиятининг қарори билан ўз даврида карвонсаройлар, ғиштин кўприклар ва работлар қурдирган Ёқубжон Ниёзмуҳаммад ўғли номи Бодомзор 4-тор кўчасига берилди.


Шибли (Чипли, Чибли,Шивли) – Бўз сувдан бошланадиган бир сойнинг номи Чоули, шу сой ёқасидаги маҳаллалардан бирининг номи Шибли (Шивли) деб аталган. Атамашунос олим Суюн Қораев – бу икки ном бир сўз бўлиб, Шайх Шиблий номи билан аталишини ёзади. Шу маҳаллага туташ бўлган қабристон Шибли ота қабристони деб аталган.

Маълумки, ўзбек миллати таркибига кирган Минглар қабиласининг «Чибли» номли уруғи ҳам бўлган. Чоувли эса ўзбекларнинг “Қўнғирот” қабиласи таркибидаги уруғнинг номи.

Бу номлар ўша уруғлар номи билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шибли отани эса Чибли уруғининг отаси, яъни оқсоқоли деб тушунмоқ керак, деб уйлайман. Чибли сўзи вақтлар ўтиш билан Шибли кўринишини олган. Хўш, унда Шайх Шиблий ким?

Шайх Шиблий Қомусий маълумотларга кўра Шайх Абу Бакр Шиблий 861 йилда Самарадда туғилган. Отаси халифанинг бош хожиби, амакиси Искандарияда амир ул-умаро бўлган. Шиблийнинг ўзи халифа ал-Муваффавнинг котиби вазифасида ишлаган. Ҳуқуқий ва қурон илмларида айрим олимларнинг фикрича, шу соҳанинг кучли алломаларидан қолишмаган, ҳатто улардан устун турган.

Фариддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”сида, Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” каби асарларида бу улуғ шайх номи алоҳида эҳтиром билан тилга олинади.

Бобур Мирзо Ҳазрати Хожи Убайдулло Аҳрор қаламига мансуб “Рисолаи волидия”си (Оталик рисоласи) таржимаси хотимасида Шайх Шиблий номини Жунайд Бағдодий номи билан
Хожалар Хожаси ул Хожи Убайд

Ходим-у Чокарий Шиблий-ю Жунайд, -деб зикр этади.

Абубакр Шиблий (859-946) ўз даврининг кўзга кўринган уламоларидан бўлган. У аввал Мансур Халложнинг (858-922) шогирди бўлган. Кейин Жунайд Бардодий (вафоти 911) қўлида таълим олган.

Ҳазрати Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да шайх Абу Жаъфар Хаддоддан қуйидаги сўзлардан иқтибос келтирган: “Агар ақл киши суратиға кирса эрди, Жунайд сурати бўлғай эрди”. Ана шу донишманднинг суюкли ва мартабали шогирди Абубакр Шиблий халқ орасида фиқҳ олими сифатида машҳур бўлган.

Алишер Навоийнинг ёзишича Жунайд ўз шогирдига бундай баҳо берган: “Ҳар бир қавмнинг тожи бор, бу қавмнинг тожи эса Шиблийдур!”

Абубакр Шиблий суҳбати, ҳатто уни кўришнинг ўзиёқ замондошларига ғурур бағишлаган. Унинг айтган ҳикматлари, шариат қонунларига оид фикрларидан Шиблий дунёдан ўтганидан кейин ҳам машойихлар далил сифатида фойдаланганлар.

Шайх Шиблий дарвеш либосида бозорга келиб, нонвойдан Худо йўлига бир нон сўрабдилар. Нонвой эса “Қайси бирингга берай, бор, йўлингдан қолма”, деб у кишини ранжитибди. Иккинчи нонвой эса шеригига “Шайх Шиблийнинг кўриш истагинг ёлғон экан-да?” - дебди. Қилмишидан пушаймон бўлган нонвой Шайхни дарҳол топиб, бу гуноҳини ювиш учун халойиққа “худойи” деб ош берибди. Шайх Шиблий ҳам зиёфатга ташриф буюриб, тўрда ўтирган эканлар. Маърака охирида жамоанинг халфаси Шайхга қараб нонвой ҳақи бир дуои хайр тилабди. Шунда, Шайх Шиблий: “Бу нонвойга дуонинг ҳожати йўқ, у дўзахийдир. Зеро, у Худо йўлига бир нонни раво кўрмади. Шиблий учун шунча зиёфат берди”,- деган эканлар.

Қиссадан ҳисса шуки, хайр-эхсон, меҳру мурувват шунчаки “хўжакўрсин” учун эмас, чин дилдан, Худо йўлига савоб учун бўлмоғи керак.

Ҳазрат Жомий нақл этурлар: “Шиблий замона имоми эрди. Ундан олдин ҳам машойихлар ўтган, аммо у ҳаммадан улуғроқ эди... Жунайд келди-ю бу илмни тартибга солди ва кутуб қилди, чун Шиблий келди, бу илмни минбарга чиқарди ва халққа ошкор этди”.

Шайх Шиблий: “Эртага бугунги вақтни қайтариб бермагай, ихтиёрингдаги ҳозирги дамни ғанимат бил, ундан баҳра олгин”,- деган эканлар. Ушбу ҳикматнинг ҳаққонийлиги, ҳаётийлиги ўз-ўзидан аён. Шу билан бир қаторда, аллома мураккаб фалсафий ақидаларни ҳам илгари сурган.

Шиблий ўз таълимоти билан ваҳдати вужудга йўл очган. Унинг фалсафасида инсофли, ғамхўр бўлмоқ, ҳалол меҳнат билан ризқу-рўз топмоқ, борига шукр этмоқ, ўз имкониятидан келиб чиқиб орзу қилмоқ ва ҳамиша Худони юракка жо этмоқ зарурлиги таъкидланади.

Шайх Шиблий хикматлари, пандлари ҳикоятлар шаклида “Қобуснома”да, Шайх Саъдийнинг “Бўстон”ида зикр этилган. Улар ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Маълумоларга кўра унинг Боғдоддаги қабри ҳамон сақланган ва бугунги кунда ҳам зиёратгоҳ саналади.

Шўртепа маҳалласи. Дегрез, Ховузбоғ, Гулбозор ва Катта кўча билан чегараланган. Маҳалланинг айрим тепалик қисмлари шўртак бўлганидан маҳалла Шўртепа номини олган. Маҳалланинг чорбоғлари Кўкча ва Роҳикат мавзеларида бўлган. Маҳалла кенгая бориб кейинчалик икки қисмга ажралган. Иккинчи қисми Подачи номини олган. Ҳар икки маҳалланинг ўз элликбошилари бўлган.


Қўрғонтаги маҳалласи. Бу маҳалла Эски ўрда рўпарасидаги (Шайхонтоҳур даҳаси ҳудуди) хон сарбозлари истиқомот қилган. Қўрғон яқинида, пастлиқда жойлашганидан шундай ном олган. Маҳалланинг деҳқончиллик билан шуғулланадиган ерлари Яланғоч ва Пасра мавзеларида бўлган.

Марайимхалифа маҳалласи. Аниқроғи Муҳаммад Раҳим Халифа. Шарқдан Калтатой, жанубдан Оқмачит, ғарбдан Раискўча ва шимолдан Себзор даҳасининг Қоратут маҳалласи билан чегараланган. Маълумоларга кўра қўқонлик эшон Муҳаммад Раҳим Халифанинг муридлари шу маҳаллада яшаган. Ҳар гал эшон келганида шу маҳалла масжидида муридлари билан зикр тушишган. Номи шундан қолган. Маҳалланинг чорбоғлари Янгитарнов мавзесида бўлган.


Падаркуш маҳалласи. Шимолдан Орқа кўча, шарқдан Қудуқбоши, жанубдан Дукчи, ғарбдан Пуштибоғ маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳалла аҳолиси асосан бўз тўқиш билан шуғулланган. Шунинг учун, маҳалланинг дастлабки номи Бўзчи маҳалла деб юритилган.

Айрим ривоятларга кўра, бир вақтлар эл орасида обрў-эътиборли оқсоқол ўз ўғли томонидан ўлдирилиши воқеасига нисбат берилиб, маҳалла номи Падаркуш бўлиб кетган

Пуштибоғ маҳалласи. Жаркўча, Ширин қудуқ, Дархон, Оқ масжид маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Ривоятларга қараганда маҳалланинг кўпчилик хонадони ҳовлиларининг орқа тарафида сўлим боғлари бўлган. Маҳалланинг Пуштибоғ деб номланиши шундан. Маҳалла чорбоғлари Яланғоч ва Чўпон ота мавзеларида бўлган.

Олмазор маҳалласи. Шимолдан Эгарчи, шарқдан Мерганча, жанубдан Девонбеги, ғарбдан Бешёғоч даҳасининг Қоратош маҳалласи билан чегараланган. Маҳаллада бири биридан муҳташам масжидлар бўлган. Улардан бири Пансод масжиди дейилган. Масжид 1882 йилда Муҳаммадкаримхожи томонидан қурилган бўлиб. Олмазор ва Қоратош маҳаллалари оралиғида қурилган.


Ҳовузбоғ маҳалласи. Шимолдан Жангоб, шарқдан Катта кўча, ғарбдан Хадра, жанубдан Қаландархона маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳалла ўрнида ўтган асрнинг 80-йилларигача трамвай депоси бўлган ҳозирда у ерларда турар-жой ва маъмурий бинолар қурилган. Маҳалла бир қанча сероб ҳовузли боғ-роғлари бўлгани учун ҳовузбоғ номини олган.
Эгарчи маҳалласи. Ғарбдан Девонбеги, шарқдан Тарлоқ ва Мерганча, жанубдан Олмазор, шимолдан Қатортерак маҳаллалари билан чегараланган. Эскижўва бозорининг Шайхонтоҳур даҳасига тегишли қисмида жойлашган қадимий маҳаллалардан бири бўлган. Эгарчилик ҳунармандчиликнинг қадимий ҳунар турларидан бири бўлиб, асосан шаҳарларда ривожланган. Ўтмишда эгар-жабдуқ оддий кустар усулида махсус дуконларда тайёрланган. Маҳалла аҳлисининг асосий қисми эгарчилик касби билан шуғулланган. Маҳалланинг номи шундан.

Тарновбоши маҳалласи. Шайхонтоҳур қабристони, Тахтапул, Қатортерак, Себзор маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳалла баланд-пастликлардан иборат бўлганлиги учун кўтарма, қайнима, чархпалак каби сув иншоотларидан фойдаланиш билан бирга айрим жойларда ёғочдан тарнов ясаб, чуқурлик жойлардан сув олиб ўтишган. Кўпинча чархпалак орқали олинган сув новлар орқали хонадонларга ўтказилган. Тар-сув, нов-ариқча. Маҳалланинг номи шундан.


Шатак маҳалласи. Шимолдан Ганчтепа, шарқдан Турк Олмазор, жанубдан Турк Янгишаҳар каби маҳаллалар билан чегарадош бўлган. Маҳалла паст-баландликдан иборат бўлганлиги учун қишли-қировли кунларда от-араваларнинг юриши қийинлашиб, қўшимча от-уловлар ёрдамида шатакка олиб чиқарилган. Маҳалла номи шундан. Ҳозирги ўрни А.Қодирий кўчасининг бир қисми.
Хўжа Рўшноий маҳалласи. Шимол ва шарқдан Оқ масжит, Жанубдан Говкуш, ғарбдан Дероз каби маҳаллалар билан чегараланган. Чорбоғлари Миробод, Чилонзор ва Кўкча мавзеларида бўлган. Ривоятларга кўра Хўжа Рушноий жувозкашларнинг пири бўлган. Шу маҳаллада яшаган.
Девонбеги маҳалласи. Шимолдан Баланд масжит, жанубдан Олмазор, шарқдан Эгарчи каби маҳаллалари билан чегараланган. Чорбоғлари Қумқўрғон ва Чивинтепа мавзеларида бўлган. Маҳаллада ҳоким девонида ишлайдиган мирза яшаган. Маҳалла номи шундан.
Говкуш маҳалласи. Шимолдан Дегрез, шарқдан Баланд масжит, жанубдан Катта кўча (Навоий) билан чегараланган. Маҳалла ҳовлилари Шайхонтоҳур ариғидан суғорилган. Чорбоғлари Отчопар, Товкат тепа мавзеларида бўлган. Говкуш номи “мол сўйиш” маъносини билдиради.
Тожик маҳалла. Ғарбдан Қашқар, шимолдан Турк Янгишаҳар, шарқдан Янгишаҳар билан чегараланган. Қўқон хонлиги даврида сўнги Шуғноқлик бек вақтида бу ерга унинг ватандошлари бўлмиш тожик миллатига мансуб кишилар кўчиб келиб ўтроқлашишган. Маҳалла номи шундан.


Яланғоч мавзеси Ҳозирги Мирзо Улуғбек туманининг маҳаллаларидан бири. Илгари Шайхонтоҳур даҳасининг мавзелаларидан бири бўлиб, Қашқар маҳалласининг деҳқончилик билан шуғулланадиган қисми. Маҳалла аҳли ёз ойларини шу ерда ўтказганлар.

Ўзбеклар таркибига кирган қабилалар орасидаги Сарой қабиласининг катта гуруҳи таркибидаги уруғларидан бири Жланғоч сарой, Яланғоч номида сақланиб қолган. Ялонғоч ота- ўтмишда ўзбек ва қозоқ халқларида шамол ҳомийси Ялонғочга эътиқот қилиш Тошкент атрофлари ва Жанубий Қозоғистонда яшовчи ўзбеклар ўртасида кенг тарқалган.

“Муштум” сатирик журналининг ўтган асрнинг 30-йилларидаги сонларидан бирида Абдулла Қодирийнинг “Яланғоч эшон ёхуд Яланғоч эшшак” – номли мақоласи босилган. Мақолада муаллиф Яланғоч эшон номи билан шу мавзедаги Ялонғоч қабристонида фирибгарлик қилиб юрган шахс билан атайлаб бориб, суҳбатлашганлиги ҳикоя қилинади.
Оққўрғон – қадимги Тoшкент атрофидаги мавзеларнинг бири. Оққўрғон ҳудуди Оққўрғон ва Дархон (Дархонотасой) ариқларидан суғорилган.

Ўрта аср вақф ҳужжатларида Оққўрғон ерлари Хожа Аҳрорга қарашли бўлиб, кейинчалик Хожа Аҳрор мадрасасининг вақф ерлари ҳисобланган. Шаҳарнинг шу мавзега қараган Оққўрғон дарвозаси (1830 йилдан Қашқар дарвозаси) деб аталган. Оққўрғонда Шайхонтоҳур даҳаси маҳаллалари аҳолисининг дала ҳовлилари бўлиб, халқ ёз мавсумини шу ерларда ўтказган.

1865 йил 9-майда Черняев аскарлари билан амир лашкар Алимқул қўмондонлигидаги Тoшкент мудофаачилари ўртасидаги бўлиб ўтган беомон жанг (ҳозирги Мустақиллик кўчаси Ҳ. Олимжон метроси бекати) мана шу Оққўрғон ҳудудида Черняевни чекинишга мажбур қилган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳ ҳам шу жангда қатнашиб, жанг тафсилотларини ўзинингг «Тошкентнинг янги тарихи» асарида тасвирлаган. Ҳозирги Оққўрғон ўрнида Оққўрғон, Улуғбек, Дархон ва бошқа маҳаллалар мавжуд.

Қўйлиқ мавзеси Миробод ва Сергели туманларидаги турар жой массави. Тошкент автомобил халқа йўли жанубий қисми билан чегараланган. Лойиҳалаш ва қурилиш ишлари 1967 йил бошланган. Қўйлиқ ўрнидаги мавзе қадимдан мавжуд бўлган. Бу ердан илгари карвон йўли ўтган. Чирчиқ дарёсининг шу жойида кечув бўлган.

Тошкент Қуқон хонлиги тасарруфида бўлган даврда хон Тошкентга ташриф буюрганида шаҳар ҳокими (бекларбеги) қозикалон ва бошқа аёнлар аҳолини ўша ерга йиғиб хонни тантана билан кутиб олардилар.

Қўқондан бошланувчи йўл Қўйлиқ кўпригигача, Қўйлиқ кўпригидан бошланган Фарғона йўли кўчаси шаҳарнинг Қўқон дарвозасига келиб туташган. Қўйлиқ атамаси хусусида турли фикрлар юради. Булар:

-Мўғул саркадаларидан бирининг исми Қўйлиқ бўлган. Тошкент унинг назоратида бўлган;

-Қўйлиқ-қўйилиқ яъни пастлик сўзининг ўзгарган кўриниши;

-Бу ерлар қўй –қўзиларга сероб жой бўлган. Қўйлиқ бозорида қўй-қўзилар сотилган.

-Қўйлиқда масжид қурдириб имомлик қилган Ҳофиз Шайх Қўйлиқий яъни Қўйлиқ ота номи билан боғлиқ деган фикрлар ҳам бор.

Тарихдан маълумки 92 бовли ўзбек қабилалари таркибида Кўкчулак, Қўйли каби бирқанча уруғларни бирлаштирган Дўрмон қабиласи бўлган. Қабиланинг Қўйли уруғи ХV асрда Дашти қипчоқдан кўчиб келиб, шу ҳудудда ўрнашиб қолган. Жой номи шундан десак хақиқатга яқинроқ бўлади. Ҳофиз Қўйлиқийни эса Қўйлиқлик деб тушунмоқ керак.
Қўйлиқ ота. Хўш унда Қўйлиқ ота ким? Ҳофиз шайх Қўйлиқий бўлиб, самарқандлик ҳазрати Нўғай ота авлодларидан, яъни азиз шайхлар сулоласидандир. У киши амир Имомқули Баҳодирхон даврида Самарқандда аълам (имомларнинг имоми) бўлган олим шайхнинг она томонидан Тошкентдаги бобоси эдилар. Оналари қадимги Бонукент (Нўғойқишлоқ ҳозирги Ўзгариш) қишлоғига келин бўлиб тушганлар, ислом дини илмидан анча хабардор бўлганлар.

Оталари, оналари ва Нўғойқўрғондаги боболаридан тасаввуф султони Ҳожа Аҳмад Яссавий тариқатига оид «Жаҳрияйи Яссавий»ни ўрганган Ҳофиз Шайх Қўйлиқдаги масжидда имомлик қилиш билан бирга ўзи қурдирган хонақоҳда зикр тушиш, иймон ва эътиқодга оид мавзуларда суҳбатлар ўтказиш билан бирга машшоқлар ва ҳофизлар иштирокида Қуръон оятлари ҳамда Аҳмад Яссавий ҳикматларини куйга солиб, қўшиқ айтдирганлар.

Айниқса, ўша даврдаги Қуръон суралари ва оятларини баъзи юзаки шарҳловчиларга нисбатан чориёрлар улуғлигини исботловчи далиллар билан ул зот Қўйлиқий тахаллуси билан рисолалар ёзганлар.

Қўйлиқ ота вафот этганларидан кейин таҳминан ҳижрий 893 (милолий 1475) йили ҳозирги Қўйлиқ бозори ёнидаги даҳмага дафн этилганлар. Ҳозирги янги мақбара 1994 йилда махсус лойиҳа асосида қурилди.


Миробод – ХIХ асрнинг бошида Қўқон хони Тошкентни босиб олгандан кейин шаҳар ҳудуди бирмунча кенгайди. Хуллас, Қўқон хонининг собиқ ўрдасига қарашли Анҳор билан Салор ўртасида Қашқар, Мингўрик, Миробод каби ўнлаб маҳалла ва мавзелар вужудга келди. Янги жойлардаги туб аҳоли сиқиштирилиб, бу ерлар деярли бошқа жойлардан келганларга жумладан, Миробод мавзесининг ҳудуди Қўқон хонлигининг юқори имтиёзли мирларига берилди. Мавзенинг Миробод дейилиши шундан. 1992 йил май ойидан Темирйўлчилар райони бўлиб келган туман, Миробод тумани деб номланди.
Мингўрик – Шайхонтоҳур даҳасининг мавзеси. Ҳозирги Тошкентнинг айнан марказида, темирйўл вокзали яқинида, Салор соҳилидаги «Мингўрик» деб аталувчи аpхеология ёдгорлигининг атрофи. 1930 йилларда Қўқон хонлигининг ҳукмронлиги даврида бу ерларда ўрикзорлар барпо қилинган. Археологик ёдгорлик ва мавзенинг « Мингўрик» деб аталишининг сабаби шундан.
Мингўрик археология ёдгорлиги. Ушбу ёдгорлик I-ХIII асрларга оид бўлиб, Тошкентнинг айнан мар­казида, Тошкент темирйўлининг шимолий вокзали яқинида, Салор канали соҳилидадир. Маҳаллий аҳоли ўртасида Афросиёб тепаликлари номи би­лан машҳурдир, ҳамда у қадимда Шошнинг пойтахти бўлган. Шаҳар қолдикларининг ўрни ва шу атрофлар 1865 йилга қадар Шайхонтоҳур даҳасининг хушманзара мавзеларидан бири бўлган. Бу тепаликларда халқ сайллари ўтказилган, шаҳар ярмаркалари бўлиб турган. Айниқса, Наврўз байрамлари кенг нишонланган. XIX асрнинг 70-йилларида шаҳар қурилишларининг жадал суръатлар билан авж олиши Минг­ўрик ҳудудининг олдинги релъефи ва ёдгорликнинг маданий қатламларининг бузилиб кетишига сабаб бўлган. Унинг бир қисмигина сақланиб қолган, холос.

Ёдгорлик дастлаб 1896 йилда, сўнг 1912 йилда ҳаваскор археологлар томонидан қайд этилган. 1920 йилларда Е.М. Массон ёдгорлик топилмаларини ўрганиб, бу ерда Чоч давлатининг туркий ҳоқонлари қароргоҳи жойлашган бўлиши мумкин, деган хулосага келади.

Ривоятларга қараганда бу ерда ҳашаматли сарой бўлган. 1950 йилларда ҳозирги Тошкент вилояти ҳокимияти биносининг ўрни ва «Тонг» ҳиссадорлик жамияти ҳудудидаги археологик қазишлар, ривоятлар ҳақиқатга яқинлигидан далолат берди. 1968 йилда Тошкент археологик экспедицияси томонидан археологик изланиш ишлари давом эттирилди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет