Ҳар бир сўзда яширин тарих барча тарихий исмлар ва жойларнинг номлари


Даҳа маҳалла, мавзелар ва ёдгорликлари ҳақида қисқача маълумот



бет2/6
Дата10.06.2016
өлшемі394 Kb.
#127006
1   2   3   4   5   6

Даҳа маҳалла, мавзелар ва ёдгорликлари ҳақида қисқача маълумот



Камолон — Бешёғоч даҳасидаги маҳалла. Дархон, Эшонгузар, Янги маҳалла, Самарқанд дарвоза, Гулистон маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Хўжакўча ва Фуқаро кўчаларига бўлинган. Хўжа Аъламбардор мақбараси ва қабристони бор. Новза, Қозиробод, Дўмбиробод, Қонқус мавзеларида деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланганлар. Асли «Камонгарон» яъни «Камонсозлар» кейинчалик оғзаки тилимизда Камолон талаффузида етиб келган.

Ривоятларга кўра фотиҳ Қутайба ибн Муслим ва унинг сафдошлари исломни ёйиш мақсадида VIII асрнинг бошларида Шош мулкига кириб келадилар. Унинг сафдошларидан бир гуруҳи – яъни комил кишилар Шошнинг ҳозирги Камолон маҳалласи деб аталувчи қисмига жойлашадилар. Камолон, яъни комиллар деб аталувининг боиси шундан, деган фикрлар ҳам бор. Муҳаммад Солиҳ «Тошкентнинг янги тарихи» асарида эслатиб ўтган хиёбон дарвозаси рус ёзма манбаларининг айримларида «Камолон» дарвозаси деб тилга олинган. «Тошкентнинг янги тарихи» асарида эса Камолон маҳалла номи сифатида учрайди.


Хўжа Аъламбардор мақбараси Камолон дарвозаси ёнидаги Хўжа Аъламбардор қабристонида жойлашган. XIX асрда нураб қолган мақбара ўрнига қурилган. Ривоятларга кўра мақбара Ўрта Осиёда Ислом динининг дастлабки тарғиботчиларидан бири имом Абубакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал—Қаффол Шоший сафдошларидан бири, минг йил илгари вафот этган Хўжа Аъламбардор (байроқдор) шарафига қурилган. Ислом тарихида ислом байроқдорлари энг ҳурматли ва иззатли инсонлар ҳисобланганлар. Ҳозирги мақбара XVIII асрда унинг тахмин қилинган Камолон дарвозаси ортидаги қабри ўрнига қурилган. Энциклиопедик маълумотларга қараганда Ислом фотихлари Шошга келганда лашкарнинг байроқ кўтарувчиси, яъни аламбардори Абдул Азиз Камолон дарвозаси ташқарисига ислом туғини қадаган. Ўша жой ҳозирда Хожа Абдул Азиз Аъламбардор қабристонининг ўртасида бўлиб, кейинроқ ўша жойга сағана қурилган. Аслида Хожа Аъламбардор умрининг охирида Сайрамда яшаб, ўша ерда вафот этган. Демак, мазкур мақбара рамзий бўлиб, унга Хожа Аъламбардор қўйилган эмас. Мақбара ичида ўша вақтда қўйилган ислом байроғи туғи ҳамон сақланади. Туғда “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзлари ёзилган.

Самарқанд дарвоза даҳанинг қадимий маҳалларидан бири. Зангиота, Чақар, Захариқ, Kамолон маҳаллалари билан чегарадош бўлган, бир чеккаси Чақарариққа ёндашган. Ҳудyдида шаҳарнинг 12 дарвозаларидан бири – Самарқанд дарвозаси жойлашган (номи шундан келиб чиққан). Мустақиллик йилларида дарвозанинг рамзий кўриниши ҳозирги замон транспорт ҳаракатини ҳисобга олган ҳолда қайта тикланди. Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий шу маҳаллада яшаб ижод этган. Самарқандга бориладиган карвон йўли шу ердан бошланган. Чилонзор туманидаги Қатортол шохкўчаси Самарқанд дарвоза кўчасининг давоми сифатида вужудга келган. Кўча Қатортол қишлоғи ҳудудидан ўтганлиги сабабли кейинчалик Қатортол номи билан атала бошланган. Кўча катта карвон йўли бўлиб қадимда Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва яқин шарқ мамлакатларига карвонлар қатнаган. Ўтган асрнинг 70-йилларида кўчанинг ҳар икки томонига кўп қаватли бинолар қурилган. Кўчада “Илонлиқтепа”, “Нуғойқўрғон” каби қабристонларнинг бир қисми сақланиб қолган.
Сузукота маҳалласи. Шу маҳалла фаолларидан бўлмиш Асқархожи Обидов тўплаган маълумотларга кўра маҳалланинг асосчиси Сузукота (Мустафоқул) XII асрнинг ўртаси XIII асрнинг бошида яшаган. Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли Мустафоқул 1140 йилда Сайрамда таваллуд топган. Болалик чоғида бобоси Аҳмад Яссавий хизматига борганда, бобосининг назар мубораклари тушиб, муҳаббат ила: “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”- деб қарши олганлар.

Шу-шу, Мустафоқулни яқинлари Сузук деб атай бошлайдилар.

Отаси Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг йўлланмаси билан бу маҳаллага келиб, турғун бўлиб яшаб қолган. Кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш ва обод қилиш учун Сузукота туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ва яқин биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана қилиб берилгач, илм ва ҳунарни кенг оммага жорий қилишни бошлаб юборишган.

Маҳаллани хўжалар маҳалласи, баъзан усталар маҳалласи деб ҳам аташган. Кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузукота 1240 йили вафот этган. Шундан бери бу жой Сузукота маҳалласи деб аталиб келинган.

Буюк саркарда Амир Темур Тошкентда кўплаб масжид-мақбаралар қурдирганида Яссавийнинг эрка набираси Сузукотага ҳам атаб мақбара масжид ва мадраса бунёд эттирган.

XX асрдан бошлаб маҳалла номи бир неча марта “Бауман”, “Қахрамон” ва “Обод” деб ўзгартирилган. Мустақилликдан сўнг, 1992 йилдан бошлаб қайтадан Сузукота маҳалласи деб атаб келинмоқда. Бу маҳалла таркибига 1945 йилдан кейин “Чақар” маҳалласи қўшилган бўлса, энди атрофдаги “Андижон”, “Мирлар”, “Миср”, Чўпонота” ва “Чўқур кўприк” маҳаллалари ҳам қўшилди.

Маҳаллада бир қанча кўҳна обидалар мавжуд бўлиб, улар:


  1. “Чўпонота” маҳалласи масжиди (XII аср);

  2. “Сузукота” жоме масжиди (XIV асрнинг охири);

  3. “Андижон” маҳалла масжиди (1817 йилда қурилган);

  4. “Чақар” маҳалла масжиди (1820 йилда қурилган);

  5. “Чуқур кўприк” маҳалла масжиди (1850 йилда қурилган);

  6. “Сузукота” мақбараси;

  7. Шогирдлари дафн этилган сағана-даҳма;

  8. Йўлбарсли ота сағанасидир.

Бундан ташқари маҳалла ҳудудида қадимий қўшсинчлик, тоқилик уйлар сақланиб қолган.

Сузукота уста-ҳунармандларнинг пири, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган зотдир. Унинг вафотидан кейин усталар маҳалласи Сузукота номи билан атала бошланган.



Арпапоя Чақардан бир мунча шарқроқдаги жойлар Ўрпапоя, яъни «жар қобоғининг этаги» деб юритилган. Чунки шаҳардан ташқарига жойлашган бу ерлар жарликдан иборат бўлиб, у ерда кейинги асрларда ташкил топган маҳалла тошкентликлар ўртасида Арпапоя номи билан шуҳрат топган (А.Муҳаммаджонов). Ҳозирда Муқимий номли театр биносидан бошланувчи бир кўчанинг номи Арпапоя номида сақланиб қолган.
Эски Ўрда Археологик топилмаларнинг гувоҳлик беришича, XV—XVI асрларда Тошкент жанубга – Бешёғочга, ҳамда шарққа Шайхонтоҳурга томон кенгайиб борган. Шу даврда Қоратош ва Олмазор маҳаллалари оралиғида янги ўрда барпо этилиб, унинг атрофи шаҳарнинг обод ва кўркам қисмига айланган.

Шаҳар атрофи янгитдан девор билан ўралган. XVII асрнинг бошларида Бухоро хони шаҳар билан Ўрдани бутунлай вайрон қилган. XIX асрда у Эски Ўрда номи билан машҳур бўлган. Эски Ўрдадан ҳозирги рассомчилик коллежи биноси ҳовлисида ўша даврга хос Қоратош ҳаммоми харобалари 2000 йилгача сақланиб келган. Маҳалланинг қадимги номи шундан. Маҳалла қарияларининг гапига кўра Тошкент хони ўрдаси бу ҳудудга кўчган даврда шу ердан ўтган кўчага тош ётқизилган. Маҳалланинг кейинги Қоратош номи шундан.


Қоратош ҳаммоми - археология ёдгорлиги (XV—XVI аср). 1981 йил Тошкент археология экспедицияси томонидан Қоратош кўчасида очилган. Қоратош ҳаммоми даҳлиз, миёнсарой, унинг асосий ўқлари бўйлаб жойлашган хоналар қадимги анъанавий шарқ ҳаммомлари тархида қурилган. Деворлар ганч билан, супа тепасидаги деворлар гулдор сирли сопол парчаси билан безатилган. Қоратош ҳаммоми шаҳарнинг нуфузли кишиларга мўлжалланган бўлиб, шу ерида жойлашган ўрда иншоотлари мажмуига кирган. Ҳозир ҳаммом ўрнида республика рассомчилик коллежи қурилган.

Шарқда, хусусан Тошкентда ҳаммом қуришга алоҳида эътибор берилган. Ўрта асрларда ҳаммом нуфузли шахслар учун ўрда таркибида, раият учун жамоат жойларда қурилган. 1865 йилда Тошкентда 8 та ҳаммом бўлган. Чорсу меҳмонхонаси ўрнида Бадалмат ҳаммоми, Табиат музейи (2005 йилгача Чорсу бозорининг шимолий қисмидаги дарвоза қаршисида жойлашган бўлиб ҳозир кўчирилган) ўрнида аёллар ҳаммоми (Пуштиҳаммом), Кайкобус ариғи бўйида Муҳаммадқул Эроний ҳаммоми, Қашқар маҳалласида Ўрда ҳаммоми (Анҳор кафесининг орқа томонида бўлиб, 1966 йил Тошкент зилзиласига қадар ишлаб турган), Кўкалдош мадрасасининг орқасидаги Жангоб ариғи бўйидаги Муҳаммадкаримхожи ҳаммоми, Чорсунинг эски Намозгоҳ кўчасидаги Отабой ҳаммоми, Маҳсидўзлик кўчасидаги Регистон ҳаммоми (2004 йилга қадар ишлаб турган) кабилар мавжуд бўлган.



Чақар қадимий Тошкент атрофида, Чақар номи билан машҳур гузарлардан бири бўлган. Ҳозирги даврга келиб, Тошкентнинг икки манзилида Чақар ўрни ва номи аниқ сақланиб қолган. Бири Чиғатой (ҳозирги Фаробий) кўчаси ўрта белидан кунботар томонга бироз кўтарилган баланд тепалик устидаги атрофни чуқур жарликлар ўраган маҳалла. Ҳозир ҳам жарликлар бор. Иккинчиси Чорсу билан Бешёғочни бирлаштирувчи кўчанинг ўрта қисмида, Чуқур кўприк яқинида жойлашган. Чақар топоними мўғулларнинг Цаҳар қабиласи номи билан боғлиқ деган фикрлар бор. Тарихий манбаларда мўғулларнинг ҳақиқатан ҳам шундай қабиласи бўлганлиги қайд этилган. Яна туркманларнинг бир уруғи Чақар деб аталган.

Тошкент метроси трассаси бўйлаб, “Бунёдкор”(собиқ Халқлар Дўстлиги) бекатида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида XIV—XVI aср маданий ёдголиклари топилган моддий – маданият қолдиқларининг гувоҳлик беришига кўра, “Истиқлол” саройидан шимолий-ғарброқда, шаҳарнинг чегарасига яқинроқ жойда илк ўрта асрлар суворийлардан ташкил топган ҳарбий навкар-чокарларнинг қалъаси – Чокардиза жойлашган бўлиб, (тадқиқотчи А.Муҳаммаджонов фикрича) кейинчалик бу жойда қад кўтарган маҳалла талаффузида маҳаллий аҳоли Чақар тарзида ўзгариб етиб келган.

Ўрта Осиёда илк феодализм даврида феодалларга қарашли бўлган қуролли кучлар гуруҳи чокар дейилган. Аниқроғи, шаҳарнинг қалъа деворидан ташқаридаги ўралган истеҳком чақар дейилган.
Янги маҳалла Камолон, Чархкамолон, Бешёғоч маҳаллалари билан чегарадош бўлиб, Бўржар каналига туташ бўлган. Маҳаллада шоир Ҳабибий яшаган. Бешёғоч даҳасининг нуфузли маҳаллаларидан бири ҳисобланган. Шу ердан ўтган кўча ҳам «Янги Маҳалла» деб аталган. Кўчада 1850 йилда Абулқосим эшон мадрасаси, кейинчалик жанубий-шарқий томонига гумбазли қилиб ҳаммом, шимолий томонига уч хонадан иборат синчкор масжид солинган ва халқ орасида Синчлик масжид номи билан юритилган. Шимол томонда Абулқосимнинг файзли ҳовлиси, шунингдек, ўғли Боқихон қози ва набираси Маъдихон қозиларнинг ҳашаматли, нақшинкор уйлари қурилган. 1975 йилга қадар бу уй Тошкент вилояти ўқитувчилар малакасини ошириш институти сифатида фойдаланиб келинган.

Боқихон қози шаҳар қозикалони лавозимига кўтарилган кезлари шаҳар ташқарисидаги мавзеларига чиқишга қийналиб қолган маҳалла аҳли илтимосига кўра қўшимча кичик дарвоза очдириб беради. Дарвоза масъуллиги маҳалла аҳлига юклатилганлиги сабабли дарвоза ҳам Янгимаҳалла номи билан аталган.




Чорсу Бешёғоч даҳасининг қадимий маҳаллаларидан бири. Маҳалла сифатида XI асрда вужудга келган. Тиканлимозор, Чуқурқишлоқ маҳаллалари билан қўшни бўлган. Унга шаҳарнинг ҳамма дарвозаларидан йўллар келиб туташган. Кейинчалик XVI асрда Кўкалдош мадрасаси қурилган. 1959 йилдан Охунбобоев майдони деб атала бошлади. Мустақиллик давридан бошлаб яна Чорсу майдони деб атала бошлади. Самарқанд дарвоза, Бешёғоч кўча, Беруний ҳамда А.Навоий шоҳкўчалари оралиғида.

Қадимшунос С. Қораев маълумотига кўра Чорсу қадимий сўз бўлиб, зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»да Човурсуқ (тўрт томонлама) шаклида учрайди ва бозор маъносини англатади. Кейинчалик бу сўз «Чоҳарсу» ва ниҳоят «Чорсу» шаклига айланган. Форс тилидаги манбаларда «чоҳарбозор» – «чорбозор» деган сўз ҳам учрайди. «Суқ» сўзи араб тилида «бозор» маъносини англатади. Ўрта аср Шарқ шаҳарларида икки йирик кўча кесишган жой «Чорсу» (форс тилида) дейилган. Одатда бундай жойларда савдо расталари, ҳунармандларнинг дўконлари бўлган.

Маҳаллада Тошкент булоқларидан энг машҳури Уккоша булоғи, Тошкент ҳаммомларидан энг йириги ва шифобахшлиги билан ажралиб турадиган, Бадалмат ҳаммомининг ўрнига қурилган Чорсу меҳмонхонаси ёнидаги Чорсу жарининг ён бағрида жойлашган эди (ҳозир бу ерлар «ЖАР» спорт комплекси). Уккоша булоғининг суви шифобахш ҳисобланганлиги учун бу ерга махсус шийпон қурилган ва сув олиб ичиш учун заранг косалар қўйилган. Ёзнинг иссиқ кунларида мешкопчилар бу булоқ сувидан олиб Чорсу бозорида сотиб юришган.

Жоме Масжиди. (1451) Тошкент шаҳрининг ҳозирги Гулбозор маҳалласи ҳудудида бутун Туркистон ва Хуросонда пири муршидлардан бири даражасига кўтарилган, номи бутун ислом дунёсида улуғланган Хожа Аҳрор томонидан қурилган. Масжид ўз даврининг салобатли ва муҳташам биноларидан ҳисобланиб унда Жума ва Ҳайит намозлари, хутбалар ўқилган, диний маърузалар тингланган. 1454 йилда яна Хожа Ахрор томонидан жоме масжиди рўпарасига мадраса қурдирилган. Мустақиллик йилларида нураб қолган бу масжид биноси бузилиб, ўрнига замонавий янги масжид биноси қад кўтарди.
Хожа Аҳрор Валий (1404-1490). Маънбаъларда ёзилишича, Хожа Убайдулло – Хожа Аҳрор 1404 йил март ойида (ҳижрий906 йил рамазон) Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманига қарашли Боғистон қишлоғида таваллуд топган. Хожа Убайдулло Хожа Аҳрорнинг насабномасида (шажара) у ота томонидан чоҳорёрларнинг биринчиси Абу Бакр Сиддиққа (632-634), она тарафдан чоҳорёрларнинг иккинчиси Умар ибн ал-Ҳаттобга (634-644) бориб туташади дейилган. Хожа Убайдулло Аҳрорнинг отаси Хожа Маҳмуддир, Хожа Маҳмуд Хожа Шаҳобиддиннинг ўғли бўлиб, хожа Шаҳобиддин уч ё тўрт авлод билан Хожа Номийга туташади. Ривоят қилинишича, Хожа Муҳаммад Номий асли Боғдодлик бўлиб тошкентлик аллома Ҳазрат Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффоли Шошийнинг муриди бўлган. Ҳазратнинг мулозамати туфайли Тошкентга (Шош) келиб, бу ерда турғун бўлиб қолган. Хожа Аҳрорнинг оналари Хожа Довуднинг қизи бўлиб, Хожа Довуд эса Ҳазрат Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғилларидир.

Хожа Убайдуллоҳнинг болалик ва ёшлик даври Тошкентда ўтади. У мактабда ўқиб сабоқ олган ва турли китобларни мутолаа қилган. У тошкентлик марҳум алломалардан Абубакр Қаффол Шоший, Шайх Ҳаванди Тоҳур ва Шайх Зайниддиннинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, уларнинг марқадларини зиёрат қилиб турган. У туғилиб ўсиб вояга етган оила аъзолари ўз замонасининг ўқимишли, маърифатли, кишилари эди.

Хожа Аҳрорнинг тоғаси Хожа Иброҳим кенг маълумотли киши бўлиб, у жияни Хожа Убайдуллонинг ҳам ўқишини давом эттиришини истарди. Ниҳоят, 1427 йили Хожа Иброҳим жияни Хожа Убайдуллони Тошкентдан Самарқандга олиб келиб, мавлоно Қутбиддин мадрасасига жойлаштиради.

XV асрнинг иккинчи яримига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётда Хожа Аҳрор юксак мавқега эга бўлади ва ниҳоятда мўътабар сиймолардан бирига айланади. Абу Тоҳир Хожа ўзининг “Самария” асарида ёзишича, Хожа Аҳрор илм аҳлини эъзозлар, анжумани ҳамиша олимлар билан тўла бўлган. Бинобарин, у илм аҳли учун Самарқандда бир мадраса қурдирди. Бу мадраса “Мадрасаи сафед (оқ)” номи билан машҳурдир. Бундан ташқари Тошкент ва Қобулда ҳам мадрасалар қурдирган.

Бул зотнинг асл исмлари Убайдулло бўлиб, Аҳрор ибораси ҳур, олижаноб маъносидаги лақабдир. Мусулмон дунёси тарихида ўтган 356 нафар авлиёлардан фақат учтасигина “қутб ул-ақтоб” сифатида эътироф этилган. Мазкур уч авлиёнинг бири –Хожа Аҳрор бўлган.

Тарихдан маълумки Хожа Аҳрорни бир неча фахрли номлар билан аташган. Зотан, Ҳазрат Алишер Навоий бу зотни “Қутби тариқат” деб, эътироф этган бўлса, Абдураҳмон Жомий “Каъбаи мақсуд”- деб билган. Заҳриддин Муҳаммад Бобур эса “Ҳазрат Хожа Убайдулло”- деб, ҳурмат билан тилга олган. Бундан маълум бўладики, улар ўртасида яқинлик ва ўзаро ҳамфикрлик ҳам бўлган.

Хожа Аҳрор узоқ ва мазмунли умр кўрди. Ул зот 1490 йил 20 февраль, шанба куни тонгда Самарқанднинг Камонгарон даҳасида оламдан ўтадилар. “Рашаҳот” муаллифининг ёзишича, Ҳазратнинг жонлари узилиши билан Самарқандда қаттиқ зилзила бўлиб, ердан чанг-тўзон кўтарилади.
Қозиробод ҳозир Чилонзор туманидаги маҳалла. Шаҳар қозикалони Боқихон қози ёрдамида қўшимча кичик дарвоза очилганидан хурсанд бўлган халқ, мавзеларига борадиган йўлни ободонлаштириш мақсадида катта ҳашар уюштирадилар. Халқнинг бу ташаббусидан илҳомланган қози халқни ҳамма тарафлама қўллаб туради. Чойхона, савдо ва турли ҳунармандчилик дўконлари қурилади. Абулқосим авлодларининг гапларига қараганда, бу кўча ва мавзенинг Қозиробод номини олиши шундан.
Бойкўча маҳалласи. Даҳанинг қадимий маҳаллаларидан бири бўлган. Гилистон, Мўркон, Хўжа маҳалла ва Чақар маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳаллада катта ер эгалари, савдогарлар ва бошқа мулкдорлар яшаган. Номи шундан.


Дўмбиробод ҳозир Чилонзор туманидаги маҳалла. (бу жой қадимда даҳанинг мавзеларидан бири бўлган). Айрим маҳалла оқсоқолларининг гапига қараганда, дастлаб мавзе гузарида Мирсоат номли қассоб дўкон очиб иш бошлаган. Ҳар мол сўйганида унинг ақли заиф ўғли дўмбира чалиб турган. Дўмбира овозини эшитган аҳоли гўшт олиш тараддудида гузарга отланишган. Шунингдек, Мирсоат ниҳоятда семиз бўлган. Мавзенинг у ёки бу сабабга кўра Дўмбиробод номини олиши шундан.

Чилонзор Бешёғоч даҳасининг мавзеларидан бири бўлган. Чилонзор туманидаги Чилонзор қабристонининг тарихий номи «Жилонота қабристони» деб юритилган. Қабристонда XIII асрга оид Жилонота мақбараси бор.

Ривоятларга кўра Жилонота табобатдан яхши хабардор инсон бўлиб, шифобахш ўсимликлар, жумладан, «чилонжийда» (бу ўсимлик меваси қон босими касаллигига даво ҳисобланади) дарахтлари билан бурканган боғ барпо қилган.

Халқимизда чилонжийда, гоҳо талаффузида «Жилонжийда» ҳам учраб туради. Мавзенинг Чилонзор деб аталиши шундан деган фикрлар ҳам бор.
Чилонзор Оқтепа IV-XI асрлар археологик ёдгорлиги. Тошкентнинг жанубий-ғарбий қисмида, Бўзсув канали бўйида жойлашган. Ёдгорликнинг баландлиги 15 метрлик тепалик бўлиб, атрофида қадимий қишлоқ харобалари жойлашган (1940 йил А.И.Тереножкин қайдномаси). Қазилмалар натижасига кўра ундаги иморат хом ғишт ва пахсадан солинган қаср бўлганлиги, ҳамда оташпарастларнинг истеҳкомли ибодатхонаси эканлиги аниқланган. Мавжуд манбалар Чочда аждодлар руҳига сиғиниш кенг тарқалганлигидан ва ибодатхона шу мақсад учун мўлжалланганлигидан далолат беради.

Бу жой VII-VIII асрларда Чоч вилояти маркази (Мингўрик деб аталмиш археологик ёдгорлиги)нинг атрофида жойлашган истеҳкомларидан бири бўлиб, гавжум бўлган йирик зиёратгоҳлардан бири ҳисобланган. Араб халифалиги истилосидан сўнг бу ер бир қанча вақт зардуштийлик удумлари бўйича дафн этиш жойи бўлиб хизмат қилган, сўнгра харобага айланган. Бу ерда кичик қишлоқ шаклланган даврда (Х-ХI асрлар) харобалар атрофида ҳаёт тикланган.


Тешик кўприк тепа. V-XIII асрлар археология ёдгорлиги. Чилонзор туман Бунёдкор шохкўчаси, метронинг Ҳамза бекати яқинида 1962, 1968 йилларда К.А.Шакурин ва М.И.Филанович томонидан ўрганилган. VII асрда араб истилоси туфайли харобага айланган. IX асрда ҳаёт бир оз тикланган. XIII асрда мўғил босқини туфайли ҳаёт бутунлай тўхтаган.
Чўпонота комплекси (Чилонзор массиви 13-квартал). Даҳанинг Чўпонота мавзесидаги архитектура ёдгорлиги (масжид, мақбара, ҳужралари бўлган мемориал комплекс, XVIII аср). Маҳаллий ривоятларга кўра, чўпонлар ҳомийси, Чўпонота шахсига атаб Улуғбек томонидан қурдирилган. Чўпонота шу ерларни обод қилган ва Қатортолдан ариқ қазиб, сув келтирган. Чўпонота сўзи аслида «чўпонлар пири ёки сардори» деган маънони англатади. Мавзенинг Чўпонота номи шундан келиб чиққан.
Сергели мавзеси йўлдош шаҳарча сифатида Тошкент ҳудудига қўшилган. Ҳозирда Тошкентнинг йирик саноат туманларидан бири. 1966 йилда бошланган туманнинг асосий ўқини умумшаҳар маркази билан боғловчи Янги Сергели шоҳкўчаси ташкил этади. Туманнинг асосий қисми илгари Бешёғоч даҳасининг Нуғайтоштепа (Шоштепа) мавзеси бўлган. Топонимик манбаларга кўра қозоқ элатининг таркибида учта қабила гуруҳлари бўлган. Жумладан, Сергели қабиласи Катта Жуз уруғи таркибида бўлган. Шаҳримиз туманларидан бири Сергели деб номланиши Тошкент ҳудудида қозоқ элатининг сергели қабиласи яшаганлигидан далолат беради. Даҳанинг энг эътиборли жойи Шоштепа (Чоштепа) археологик ёдгорлиги.
Хайробод эшон комплекси (Қатортол кўчаси). XVIII-XIX асрлар архитектура ёдгорлиги. Маҳаллий қарияларнинг ҳикоясига кўра, мақбара ва масжид Хайробод эшон томонидан қурдирилган. Қорахўжа исмли уста раҳбарлигида қурилиш ишлари олиб борилган. Унинг қурилишига оид ҳеч қандай тарихий ёки бошқа маълумотлар йўқ. Фақат, вақф ҳужжатларида келтирилишича 1626 йилда бу ердан фойдаланиш учун марҳум Абдуқаюм Хайрабод эшон ўз ўғлига тавсия қилганлиги ҳақида қисқача маълумот қолдирган. Ривоятларга кўра, 300 йил илгари бу ерлар дашт бўлган. Қрим татари бўлган Хайробод тушида оқ туяга ўтириб, туя йўл юриб, қаерга чўкса, шу ерга қўним топиши айтилган. Эрталаб ўйғонса, эшиги тагида оқ туя турарди, туяга ўлтириб, узоқ юради ва ҳозирги масжид, мақбара турган тепаликка келиб чўкади. Ниҳоят, Хайробод эшон, бу ерларни обод килиб, қўрғон қурдирган.

Нўғойқўрғон шаҳримизнинг Сергели туманидаги маҳалла. Бешёғоч даҳасининг Нўғой Тоштепа номли мавзеси ҳисобланган. XIX асрнинг 20-йилларида чор ҳукуматининг узоқ муддатли ҳарбий хизматидан қочган татар йигитлари Тошкент хони Азизбекдан унинг тилмочи Карамишев орқали паноҳ излаб, ер сўрайдилар. Хон уларга Салор ариғининг чап томонидаги Қўғайит тепа ҳудудини инъом қилади. Хоннинг бу илтифотидан хурсанд бўлган йигитлар татар Мулла Вали бошчилигида ҳозирги Нўғойқўрғон маҳалласини барпо қиладилар. Маҳалла татарларининг гапига қараганда улар картошка, помидор каби сабзавотларни биринчи бўлиб Тошкент бозорларига олиб чиқишган.

Ракат ҳозирги Яккасарой туманидаги маҳалла. (Бешёғоч даҳасининг мавзеси бўлган). Шаҳардан жанубга томон кетган катта карвон йўли Роҳикат, яъни кат йўли ёки «шаҳарга олиб борадиган йўл» номи билан машҳур бўлган. Бу йўл ёқасидаги мавзе (кейинчалик маҳалла) ҳозирги вақтда Ракат талаффузида юритилмоқда. Шаҳарнинг Бешёғоч дарвозасига олиб борадиган катта карвон йўли бўлган. Ҳозирги Бобур кўчаси.
Шоштепа археологик ёдгорлиги. Мавжуд маълумотларга кўра ҳозирги Тошкент ҳудудида илк ўтроқ ҳаётнинг бошланиши милоддан аввалги би­ринчи минг йиллик ўрталарига тўғри келади. Бундан икки ярим минг йил бурун, республикамиз ҳудудида сакларнинг бир қисми ёки турклар ҳаёт кечирган. Бу қабилаларнинг бир кисми ўтроқ ҳаёт кечириб, қатор манзилгоҳларга асос солди. Шоште­па номи билан машҳур бўлган манзилгоҳ харобалари Тошкентнинг шимолий-ғарбий чеккасида (Сергели туманидаги Чоштепа кўчаси) Жўнариқ ёқасида сақланиб қолган.

Шоштепанинг атрофларида ҳам манзилгоҳлар бўлган. Шоштепаликлар ибтидоий суғориш усулида деҳқончилик қилишган, чорвачилик билан шуғулланишган. Бронза ва темирдан меҳнат, ов қуроллари ясашган. Шунингдек, кулолчилик, тўқимачилик, тоштарошлик ва бошқа ҳунармандчилик ишлари билан шуғулланишган. Албатта, бу жараён шаҳарлаштиришнинг бошланиши ва ривожланиши эди, десак ҳам бўлади. Бу даврларда Шош воҳасида Юни деб аталган шаҳар маданияти юзага кела бошлади. Юни ўлкаси Олойдан Фарғонагача бўлган ерларни бирлаштирган.

Археологик кузатувларнинг гувоҳлик беришича, Шоштепанинг қурилиш услублари ҳудудидаги бўлажак шаҳарсозликнинг дастлабки кўриниши бўлиб бу ерга эрамиздан олдинги III-II асрларда келтирилган.

Шоштепада олиб борилган қазилма ишлари жараёнида топилган хорижий ишлаб чиқаришга оид буюмлар Шоштепа антик аҳолисининг Буюк Ипак йўли мамлакатлари бўйлаб савдо, иқтисодий ва маданий алоқада бўлганликларидан гувоҳлик беради. Буюмлар орасида фил суягидан ишланган ёзув чўпи ва Парфия ҳукмдорининг бош тасвири туширилган ритон-диний маросимларда ишлатиладиган шох қопламасининг парчаси каби топилмалар учрайди. Ёдгорликда дастлаб археология ҳаваскорлари, сўнг Н.П. Остроумов 1896 йил, Г.В.Григорьев 1934 йил, Н.И.Крашенинникова 1956 йил ва Г.Дадабоев 1970 йил изланиш ва текширув ишлари олиб боришган.

Текширув ва қазиш ишлари 1978 йилдан Тош­кент археология экспедицияси ходимлари М.И.Филанович ва В.И.Спришевскийлар томонидан амалга оширила бошланган.

Текширув натижаларидан маълум бўлишича, Шоштепа Тошкент ҳудудида шаҳар маданиятига асос солган энг қадимги турар-жой бўлиб эрамиздан аввалги II-III асрларда мана шу қишлоқ асосида шаҳар типидаги биринчи аҳоли пункти вужудга келиб, ривожлана бошлаган.

Эрамизнинг бошларида Тошкент воҳаси Салор, Қорасув тармоқларидан суғорилиб, ўзлаштирилди ва уларнинг соҳилларида янгидан-янги, мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган аркли шаҳар кўринишидаги маскан қад кўтара бошлади.

III-VI асрларда Шошдаги ҳаётнинг иккинчи йирик жонланиш даври бўлиб, VII-VIII аср бошларида араблар истилоси арафасида анча юксалган шаҳар араблар истилоси натижасида вайрон бўлган. ХI-ХII асрларда ундаги ҳаёт бир оз тикланган. XVI асрдан шаҳар ташландиқ ҳолга келган. Бу ёдгорликни топилиши Тошкент ҳудудидаги шаҳар ма­данияти тарихини ўрганиш имкониятини берди.

Тошкентнинг икки минг икки юз йиллиги арафасида бу ерда бир мунча ишлар қилингандек бўлди (ас­фальт йўли, мудофаа тахтаси ва чироқлар ўрнатилди), аммо ўша кезлари қаровсизлик оқибатида қилинган ишлардан ном-нишон қолмади.

Республикамиз мустақиллиги йилларида ёдгорлик атрофи ободонлаштирилди, темир панжаралар билан ўраб олинди.





Андижон

Арпапоя


Бадалбой (Бадирбой)

Бойкўча



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет