Инглизчадан Аъзам Обидов таржимаси қ ғ ҳ ў Ноуман Смайлз



бет5/13
Дата27.06.2016
өлшемі0.91 Mb.
#161886
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13

Бошида биз Марғилон деган жойда энг катта диний арбобни учратдик. У шу қадар таъсирли эдики, дарҳол Ўлик Шаҳардаги дарвиш ёдимга келди. Леонардо да Винчига ўхшаган, оппоқ либосда жойнамоз устида ўтирган кимсани хаёлингизга келтринг, фақат сизнинг суҳбатингизгина уни ер устида ушлаб турибди, йўқса у бир зумда жаннатга учиб кетган бўлурди... Ҳа, мен дарвишимни эсладим ва ундан Кўк Турклариҳақида бирор нарса билишини, бирор жойда ўқиганини сўрадим. У оддийгина қилиб, бу туркларнинг ғафлат ва туманликда ҳаёт кечирадиган одамлар бўлгани, лекин улар орасида бир киши ҳақиқий мусулмон эканини айтди, фақат унинг исмини яширди. Унинг исми Фаридиддин Атторнинг *Тазкиратул-авлиё* асарида бор. Шу пайт унинг ўғли келиб намоз вақти бўлганини айтди ва улар кетишди ёки биз кетдик, аниқ эсимда йўқ. Шундай қилиб яна бир бор фитнага учрадим ва бу фитна аввалгиларига қайтарадиганга ўхшаб кўринди.

Ўша куннинг иккинчи қисмини ва тунни Шоҳимардонда -- тоғ бағридаги ажойиб дам олиш масканида ўтказдик. Аслида бу жой дам олиш маскани эмас, балки муқаддас зиёратгоҳ бўлиб, у ерда Имом Алининг 12 қабрларидан бири жойлашган дейилади, лекин шўролар у ерда зинокорлиги учун тошбўрон қилиб ўлдирилган гуноҳкор бир шоирнинг қолдиқларини қўйишган ва кўнгилочар жойга айлантиришган. Барибир, ғарблашган маҳаллий йўлбошловчимиз севгилиси билан бизни у ёққа бошлаб чиқди ва жилға бўйида шу ернинг арағидан керагича урдик. Биласиз, ичиб олгач, бошқача ҳаракатлар қила бошлайсиз. Шу орада йўлбошловчимизнинг севгилиси билан икки-уч бор кўзимиз тўқнашиб кетди. У ажнабийлар билан банд эди. Кейин ҳаммамиз ухлашга турдик, тўғрисини айтсам, у ерда ётишга каравотлар йўқ эди, шунинг учун кимдир машинада, ким мезбонимиз берган кўрпачада, яна кимдир менга ўхшаб деворга суянган кўйи ухлаб қолди. Совуқдан жунжикиб уйғониб кетганимда соат тунги бир бўлганди. Тишларим таккиллаб бир-бирига тегмай қалтирардим. Сакраб ўрнимдан турдим ва машқ қилаётган кўйи ҳаракат қилдим. Бироқ суякларим қотиб қолгандай эди, шу боис ташқарига чиқиб юришга қарор қилдим. Ҳовли зим-зимистон, бедор жилғанинг товушидан бўлак ҳеч қандай сас йўқ эди. Хуррак товушини ҳисобга олмассиз деб ўйлайман. Қоронғиликда тентараганча дарвоза ёнига келдим ва унинг ёпиқлигини сезиб, ундан ошиб ўтиш учун тирмашдим. Кўзим осмондаги ёрқин юлдузларга тушди. Ҳовли тўла дарахт бўлиб, энди мен тоғ ва унинг орасидаги тор жарликлар томонга олиб борадиган йўлни бемалол топа олардим. Балки ҳалиям кайфим бор эди, лекин нечундир тоғнниг тепасига, табаррук зот билан гуноҳор шоир ором топган жойга чиқишга қарор қилдим.

Худо билади, ниманидир ўйлаб тоққа кўтарилар эканман,бирдан жарликнинг нариги томонида қаршидаги тоғнинг яқинида тургандай каттакон бир юлдузга кўзим тушди. Ҳеч қачон бу қадар катта ва шунчалик пастдаги юлдузни кўрган эмасман. Ё Худо, деб ўйладим, қанчалик қудратлисан-а, юлдузларингни тоғларнинг ортига ўрнатиб қўсанг. Лекин ҳайратим қўрқувга айланди, худди *тоғлар увададй учиб кетади* оятига ўхшаш ва шу онда икки тоғ китоб варағи каби мени ва ёрқин юлдузни ичига олиб бир-бирининг устига шундай ёпиладики, зудлик билан юқорига чиқиб, очиқ ва хатарсиз осмонда бўламан дея ўйладим.
41.
Тоғнинг тепаси бўм-бўш эди. Бу кўпроқ тоқ бағридаги текис кенгликка ўхшар, чунки чўққига ҳали анча бор, қалин ўсган дарахтлар ортида яшириниб турарди. Лекин бу ер боя юлдуз кўрганим жойдан анча хавфсиз эди. Ҳақиқатда, ҳаяжонга тушмай айтишим мумкинки, бу тунда қўрқийдиган ҳеч нарса йўқ эди, фақат шоирнинг қабри олдидаги қандайдир бир шарпадан чиндан ҳам жуда қўрқиб кетдим. Нимани ўйладим? Не ҳам ўйлар олардим? Фаришта, пари, шоирнинг имонсиз руҳими? Йўқ, бу йўлбошловчимизнинг севгилиси эди. Уят-э, ҳатто бу қизнниг исмини ҳам билиб олмабман. *Ёлғизликни излаб юрибман*, - деди у айбдорлардай. *Мен эса сенинг изингдан кузатиб юрибман*. Ё қиз бу ерга чиқишим сабабини тушунди, у ҳам мендай ўйлаётганди, буни билмайман. Ҳарқалай мени кузатиб юрган деб ўйлаб, бир оз ноқулай аҳволга тушдим. Лекин ҳалиям кайфим тарқамаган, ўзимнинг ёлғизлигимни иккимизнинг бирга ёлғиз бўлишимиз учун қурбон қилишга тайёрлигимни айтишга куч тополдим. Ўйлашимча, қиз ҳам етарли отиб олган, бу каби қўпол муомалага лаққа тушгандай эди. У кулди. Сиз кейин нима бўлганини англаш учун шарқ қизларининг табиатини билишингиз керак бўлади. Улар учун сўзнинг жуда катта аҳамияти бор. Бошқача қилиб айтганда, ғарблик қизларга қараганда сўз улар учун анча муҳим нарса ҳисобланади. Шу боис бу ерда ётган шоир ҳатто ётган жойида ҳам жуда машҳурдир.

Қолаверса, қиз ўша шоирдан қандайдир шарқона сатрлар келтирди:


Ўйласам бу дилбарим маккорга ўхшайди-ку,

Раҳми йўқ бир бевафо хунхорга ўхшайди-ку...


Қиз буни овоз чиқариб эмас, балки пичирлаб ўқиди, умуман, вазиятнинг ўзгарувчанлиги ва қалтислиги боис биз пичирлаб гапирардик. Бир ножўя қадамни деб пастимиздаги тубсиз жарга қулаб тушиш мумкин эди. Мен унга пастдаги водий ва бошимиз устидаги юлдузларни томоша қилишни таклиф этдим. Биз текисроқ бир жой топиб ўтирдик ва бу жимликда тезда совуқ қота бошладим. Яна бир ноқулайлик тобора бўшангим қистаб кетаётгани эди. Жин урсин, деб ўйладим, наҳот ҳаётингдаги энг ажойиб дақиқалар шу каби эҳтиёжлар туфайли барбод бўлса? Қизни ноқулай вазиятда ўпиб олдим. У қаршилик қилмади. Унга бир дақиқадан кейин келаман, дея ўрнимдан турдим. *Қаёққа кетяпсиз?* - пичирлади у. Мен ер тепиниб қолдим. Бу ҳаётимдаги энг ёмон дақиқалардан бири эди. Лекин асло чидаб туролмасдим ва югурганча шоир қабрининг нариги томонига ўтиб кетдим.

Қайтиб келганимда қиз ҳудусиз ва ёввойи коинотда шу қадар ёлғиздай ўтирардики, уни бу бўм-бўш мангу тундан ҳимоя қилган кўйи бирдан сўрадим: сизнинг ҳам ташқарига чиққингиз келяптими? Бу маҳаллий тилда ҳожатга чиқиш деб тушуниларди. Бундай дейиш жуда қўполлик саналарди, лекин имоним комилки, бу гап менинг унга яқинлигимни исботлади. У йўқ, дея юзини кўксимга яширди. Умримда биринчи бор аёл кишини ҳирс билан эмас, дўстларча ўпдим. Гарчи бу қиз билан бошқа ҳеч учрашмаслигимни, мен унга ва у менга керак бўлмаслигимизни билсам ҳам, ўша тун бизни Худо билади қаерда учраштирди, лекин, бироқ, барибир, алалоқибат биз уят бўладиган ишни қилдик. Қандай бойлик ва қанақа бегуноҳликни йўқотдим мен унда...худди табаррук киши олдидаги айбдор шоир мисоли...


42.
На йўлбошчимиз ва на унинг севгилиси олдида ўзимни айбдор санадим, чунки эртасига эрталаб улар билан бутунлай хайрлашиб кетдим. Лекин номаълум Фионанинг (аслида Лукнинг номаълум Фионаси) олдида ўзимни айбдор ҳис этдим. Ҳақиқий гуноҳлар... мен уларнинг ичига ботиб кетдим.

Тибетлик Булен бинафшаранг куйлагини уйида киярди. У китобларида ёзилган ўтмиш ҳикояларидан бирини айтиб беришга қарор қилди. Бу воқеа тибетликларнинг маймун ва ўрмон арвоҳидан, туркларнинг эса ўн ёшли Ҳунну шаҳзодаси ва дашт бўрисининг никоҳидан туғилганидан кейин содир бўлган. Тибетлик руҳонийлар -- шаминлар бутпарастликни турк шаҳзодаси Ашина подшолигига келтиришди. Ўша кўчманчи халқнниг бир неча шаҳзодаси дарҳол у динни қабул қилишдики, бунга уларнинг азобга муҳаббатлари эмас, балки бутпараст роҳибаларга уйланганлари сабаб бўлди. Наҳот роҳибалар ўз динларини ёйиш учун уларга эрга тегишган бўлса? Бу жуда чигал масала бўлиб, Булен ундан қандай қилиб қутулиш устида ўйларди.

Ёш шомон аёллардан бири Шаҳзоданинг қароргоҳида яшар, унинг исми Доҳун-девон бўлиб, эртаклардаги парилардай гўзал эди. У азоб чекаётган шаҳзода ва маликларни аждодлар руҳи билан даволашга одат қилганди. Лекин кўпчилик шаҳзодалар худосиз роҳиб аёлларга уйланиб олгач, аждодлар руҳи ғалаён қилиб, уни нафақат мижозларидан, балки мўъжизали кучидан ҳам маҳрум қилди. Бу гўзалнниг барча уринишлари беҳуда кетди: рақсга тушди, бақирди, дўмбира чертди, қилмаганнарсаси қолмади, мгар руҳлар қайтиб келмади.

Шаҳзоданинг роҳибаси кўзи ёриётганда Доҳун-девон бир неча тибетлик шомин ва роҳиб аёллар билан тезда унинг чодирига таклиф қилинади. Шоминлар чодирга кираверишда ибодат қилиб туришарди: *Ишқсиз ва ҳиссиз юрак заҳарга ўхшайди. Бироқ кимки нафсни енгса ва нафссиз ҳаёт қурса, у покиза ернинг тишланган, лекин заҳарланмаган подшоҳига ўхшайди..* Дохун-девон чодирга бир неча роҳиб аёллар билан бирга кириб келди. Шаҳзода ҳам у ерда, волидаи муҳтарамасининг олдида ўтирарди. Унинг хотини ўлаётганди. Атрофдаги аёллар безовталаниб туришарди. Нафратнинг кучсизлиги Дохун-девоннинг юз қиёфасини ўзгартириб юборди ва гўёки овози ҳайвонларникидай бўғиқ юз ёшли жодугар кампирга ўхшаб қолди. Бўғзидан чиққан товушни эшитиб, ҳамма бирдан ялт этиб унга қаради ва яна бир ёш ва гўзал Дохун-девонни кўрди. Ҳеч кутилмаганда унинг ўхшаши, акси, руҳи туғаётган аёл устига тушди. Аёлга яқинлашар экан, бирдан ҳалиги гўзал ва ёш қиздан кучли урғочи бўрига айланиб қолди. Оғзини катта очаркан, у чақалоқ бошини тутиб туришни тўхтатди ва унинг қичқириғи ўтовдаги ларнинг йиғиси билан қўшилиб етди. Чақалоқ ўлик эди.

Дохун-девон терга ботган ва қалтираган кўйи четда турар, чиройли чеҳрасини тўзғиган қора сочлари беркитиб турарди. Бошқа бир Девон-дохун ўтовни ташлаб чиқар экан, осмон билан ўтовни боғлаб турган *тешик* томонга қийналиб чиқиб борарди.

Эртасига уни ўлимга маҳкум қилишади. Гарчи Шаҳзода бунга қарши бўлса-да, онаси Дохн-девонни заҳарлаб ўлдирди. Ана шундан кейин мамлакатда ғалаён авж олди. Шаҳзоданинг онаси уни жужанлрга қарши курашга Чўрлади. Шаҳзода жангу жадалда юраркан, онаси кичик ўғлини шоҳ қилиб кўтаришга қарор қилди, лекин Шаҳзоданинг тарафдорлари ҳокимиятни ўз қўлларига олиб, аёлни а унниг ўғлини ўлдиришади. Қолганлар қочиб қутулди ва Хитойга сотилиб, душман қўшинини ўз одамларига устига олиб борди.

Гарчи турклар Дохун-девонни ўлдирилгани боис аждодлар руҳи безовталаниб қолди, дея ишонишса-да, Буленнинг тибетча китоблари янги туғилган чақалоқнинг шафқатсиз ўлими билан боғлиқ воқеаларни тушунтириб бера оларди. Шундай қилиб, Булен бинафшаранг кийимида ўтирар экан, бу ҳикояни Билга-хоқонга қандай етказиш тўғрисида ўйларди.

43.
Телегуруҳ ҳам жонимга тегиб кетди, чунки Марказий Осиёдаги энг катта шаҳар саналмиш Тошкентга келар эканмиз, мавристонлик продюсер хонимнинг фикри бирдан бир юзу саксон градусга ўзгариб, қишлоқ ва подачилар ҳақидаги фильмни олмасликка қарор қилди, фақат қаерда денг, аъло континентнинг қоқ ўртасидаги аъло шаҳарларга етганда. У ўша маҳаллар Тошкентга келиши кутилаётган Bоney-М деган поп-гуруҳдан бошлаган эди. Гуруҳ номи Мoney-B миди ё? Ҳай майли, нима бўлганда ҳам гуруҳ пул (money) ҳақида эди, пул бўлганда ҳам В (big) катта пул тўғрисида. Ҳар ҳолда мен уларни кутиб олгандан сўнг, продюсерим билан кўришгач, у гуруҳнинг маъмури мени Марказий Осиё ва Россия бўйлаб гастроль сафарларида кўмак беришимни таклиф этди ва катта ойлик ваъда қилди. Албатта, у мавристонлик продюсеримга *ўтказиш ҳақи*ни ҳам тўлади. Улар билан продюсерим бераётган ҳақдан уч баробардан ҳам зиёдроқ ҳаққа джентельменларча шартнома тузган ҳолда, бундан кейин шу гуруҳга ишлай бошладим.

Гуруҳ ичида қандай вазифа бажаришимни яхши тушунмаганим аниқ: барча сафар тадбирлари, яъни концертлар, пул, таклиф, президентлар ва машҳур кишилар билан учрашувлар аввал бошдан тайёргарлик кўрилган ҳолда юқори даражада уюштирилди. Менинг вазифам, маъмурга кўра, уни ва унинг икки солистини жононлар (суюқоёқлар билан эмас) билан таъминлашдан иборат эди. У бундай жононларни ўзлари сафар қилаётган барча мамлакатда йиғишган. Унинг тушунтиришича, бу мамлакатларда қандайдир қатъий удумлар бор деб эшитган ва шу боис мен уларга керак бўлган эканман. Аста-секин ўзимни қўшмачи сифатида сотиб олишганини англаб, юзим буриша бошлаганда, у дарҳол гапини *бу улар билан алоқа қилиш учун эмас, фақат кўнгилхушлик учун* дея тўғирлади.

Лекин Худо ёрлақаб, концертдан кейин кўрдимки, сон-саноқсиз жононлар атрофда айланиб юришар, мен эса ваъда қилинган катта пулни уларни жалб қилганим эмас, балки тарқатганим учун қуртдай санаб олдим. Жононларга бўлса эстрада юлдузлари сизлар билан эртага учрашади дея ваъда бердим. Бироқ беЧўралар юлдузлар фақат тунда чиқади-ку, дея таажжубланишарди...


44.

Кузнинг бошларида кимдир ахири бизни ҳам эсга олди. Аниқроғи бизни эмас (Ли ва мени), чунки қўшни дарада юқори манабли асирларнинг бошқа бир гуруҳи борлиги аён бўлди. Юлдузлар бодраб чиққан тунларнинг бирида қўмондонимиз бир кишини бошлаб кирди. Хира керосин лампа ёниб турган бошпанамизда йўқолиб қолган бу кишининг кўзларини ишқалаётганини кўрдик, у ён атрофга жовдираб, кимга ва қандай қилиб мурожаат этишни билмай талмовсирарди. Мен қўлда ручка билан метеорологик қурилма устида ўтирардим, у мен томонга яқинлашди. Чиновникларга ўхшаб ўтирганим учун менга томон юрди шекил, бироқ унинг мурожаатидан бурун мен унинг орқасида турган қўмондонга ишора қилдим. Бегона киши жуда уялиб кетди. Қўмондонимиз ўзини аранг кулгидан ушлаб туриб, унга дамини олишини ва эрталаб гаплашишини айтди. Лекин у бошқаларни намозга Чўрлаганда, меҳмон иккиланиб қўмондондан бошқаларга қўшилиш учун рухсат сўради. Қўмондон эс аяна аранг ўзини кулгидан тийиб, қаторга туришга рухсат берди.

Тонгда бу киши ҳаммадан эрта уйғониб, навбатчи зобит бошқаларни уйғотгунича, таҳоратини олиб тайёр турди. Музокаралар нима ҳақида бўлганидан хабарим йўқ, лекин у бизни асирлар қаторида кўрмагани, умуман, бошқалардан мутлақо ажратолмаганидан таажжубландим. Очиғи, у бу шафқатсиз ҳақиқатдан бехаьар эдики, шахсан менинг ўим ҳаётимни унга ишонмаган бўлардим. Ли ҳам шундай қилармикин?
45.
Энг охирги воқеалар жараёни Лига бўлган яқинлигимни янада мустаҳкамлади. Негалигини биласизми? Бир тасаввур қилиб кўринг, бир ярим йил аввал у ўзининг Хитойида, Шинжон-Уйғуристонда асирга тушганини айтиб берди. Хитойликлар бошқа шарқликларга ўхшаб, жуда сирли бўлишади, шунинг учун мен аввал бошда унга ишонмайгина қарадим, лекин Ли Янги Ҳудудларни (Шинжоннинг таржимаси шундай) ўрганишга келган кишиларга таржимонлик қилганини сўзлаганда, ишонмай туролмадим. Айниқса, Франциядан келган Фарраҳ исмли мавристонлик продюсер хоним бошчилигидаги телегуруҳ билан ҳам бирга бўлганми йўқми эканини сўраганимда, у бошини қимирлатиб маъқуллади. Тасаввур қиляпсизми, Ли айни мен таржима қилган гуруҳ билан ишлаган. Лекин бу ҳаммаси эмас, чунки *қўпорувчилик мақсади*да юрган гуруҳ билан ҳамкорлиги учун қамалган Ли турмадалигида бир америкалик диний пешво билан учрашади, унинг исми... топинг-чи, нима эди унинг исми, - ҳа, албатта, Лук! Бошида гарчи Ли инглизчани билишини тан олмаса-да, у кудаликларимни ўқиган деб ўйладим. Бироқ, Ли ўзи ҳақида мен била олмаган баъзи тафсилотларни гапириб берганда, унга ишонишга қарор қилдим. Аввало, Лук мансабдорлар ундан хитойликларга қарши қўлёзма топиб олишганида қўлга олишганини Лига айтиб берган. Гарчи у қўлёзманинг қадимийлиги ва бугунги Хитойга мутлақо тегишли эмаслигини исботласа ҳам, уни тарихий ва диний тадқиқот ниқоб остида аксил-Хитой ғояларни тарғиб қилишда айблашади. Лукнинг ҳафсаласи анча пир бўлган чамаси, у қўлёзманинг замонавий Хитой билан алоқаси йўқлигига Лини ишонтиришга уринган. Унга кўра, қўлёзма Хитой Ҳукмдори кўплаб совға-саломлар билан бир турк шаҳзодасининг жанозасига юборган уч киши тўғрисида бўлган. Улардан иккитаси моҳир уста бўлиб, шаҳзода учун мақбара қуриш ва ва хитойча ҳамда туркча ёзувлар билан безаш иши шуларга топширилган. Лекин уччалови ҳам Турк Хони томонидан қўлга олиниб, Ҳукмдор номига ёзилган мактубларини уйғур тилига ўгиришади, қўлёзмада Хитой ҳамда дашт алоқалари билан боғлиқ масалалар баён этилмишди. Шуларни ҳаяжонда эшитар эканман, воқеаларнинг ажойиб бир тарзда бир-бирига мос тушаётганидан яна қайта шубҳа гирдоби ичида қолдим, бироқ Ли бирдан ҳикоясини тўхтатди, чунки икки кундан бери қораси ўринмаётган тунов кунги киши қўмондонимиз билан бошпанамизга кириб келди.

У билан бирга яна бир бошқа йигит бор эди, элчи уни ўзининг жангари эмас, балки ҳақиқий вакил эканининг исботи сифатида келтирганди. Йигитнингн жангари бўлишни исташини, шу мақсадда тинч-тотувликдаги ҳаётини қўйиб, курашиш учун бу ёққа келганини айтишди. Бироқ жангарилар қўмондони уни яна бир асир каби бизга қўшиб қўйди. Ростимни айтсам, у биздек бўлишга даъвогар эканидан кўнглим хижил бўлди ва *ҳақиқий* асир каби унга қарши юрагимда ғалаён уйғонди. БеЧўра йигит бўлса, на бизга ва на жангариларга қўшилолмай, аросатда қолди ҳамда элчига бошқа ишонмай қўйди.


46.
Ҳозир у биз билан дўстларча суҳбат қурарди. Мен жангарилар ва Ли учун таржима қиларканман, тўғриси, терга ботиб кетардим, йўқ, фақат Лининг оғзидан чиққан баъзи қалтис гапларни таржима қилиш жараёнида эмас, балки шугина оддий хизматимни деб эътибордан маҳрум бўлишни ўйласам шундай бўларди. Ҳатто зийрак жангариларнинг шубҳасини бир четга қўйиб турганда ҳам. Тасаввур қилинг, Ли французчада айтган *Улар менинг бошимга сумка қўйиб қўйишса кўргани кўзим қолмайди. Нафасим қисилиб кетаётганга ўхшайман. Ҳар лаҳза улар мени дўппослаб қолишлари мумкин дея ўйлайман. Кейин эса муз қоплаган лойга тиқиб қўйишади ва намлик суяк-суягингга ўтиб кетгач, бақириб-чақириб хўрлашади...* Мен буни шундай таржим қиламан: *Ҳукумат кучлари устимизга бомба ёғдирганда, ундан ҳимоя қилиш учун исёнчилар бошимиз устига чидаб бўлмайдиган сумкаларни қўйишга мажбурлар...* ва ҳоказо. Бунда айтадиган сўзларимни тарозига соламан, Лидан нимани назарда тутаётганини қайта-қайта сўрайман... Қисқа қилиб айтганда, бу мамлакатларда шундай гап бор: сих хам, кабоб ҳам куймасин...
47.
Худди товламачига ўхшаб қолгандайман. Бу ҳикояни икки дақиқада ҳам айтиб берсам бўларди. Лекин бу каби бўлак-бўлак, баён кетидан баён қилиб ёзишдан нима тутиб турибди мени? Бу билан ҳаётимни сақлаб, вақтни қолдирмоқдаманми ё? Музокарачи элчи кетиб, унинг ўрни бўш қолди. Ҳикоям Билга-Хоқоннинг суюкли биродари Кул-Тегин ҳаётининг баҳоси учун асирга олинган кишилар хусусида эди. Хўш, қўққисдан тушган тош каби нечун самодаги бургут мисоли ўлжа учун ташланмасдан фақат қанот қоқиб айланиб юрибман? Нега сизга Билга-Хоқоннинг ўзи шоҳона уйида ўтириб, нима қилиб қўйгани ҳақида хавотир олиб ўтирганини айтиб бермаяпман? Балки у ҳам айни пайтда мен тушган аҳволда қолгандир? Ё бунга бошқа сабаблар ҳам бормиди?

Билга-Хоқон шоҳона ўтовида ажиб бир кайфиятда ўтирарди. Суюкли биродари Кул-Тегинннинг ўлимига мана бир ой тўлди, бу орада гарчи ғаму ғашликдан деярли фориғ бўлган бўлса-да, қандайдир бўшлиқ унинг ўрнини эгаллаб олиб, юрагини нурли иплар ва майин оғриқлар билан оҳиста тортар ва қитиқларди. Мақбаранинг қурилиши битай деб қолган, тошга ўйиб ёзилган, дунёнинг тўрт бурчидан келган меҳмонлар барча ақлу заковатни бирлаштириш мақсадида куйиб пишишар, лекин англаш қийин бўлган бир нима жангчининг ҳувиллаган ва безовта кўнглини қийнаб турар эди. Бу жангу жадалларнинг йўқлиги ва тинчликдан қўрқувмиди? Тонгюқуқнинг маъқулламаслиги ёки ўғли Шаҳзода Йўлликнинг хитой Ичи Лянгнинг жанговор санъатидан завқ олишими? Даштликнинг кузги ҳаракати ва унинг устидаги само ва ё фурсатнинг вақинчалик тўхтаб қолишимиди? Нима эди йўқса? У мақсадсизликни тушунишга ҳаракат қилди, сўзлар бўшлиққа тўсқинлик қилолмади: шу боис у бўшлиқдир ва ҳеч ким уни жиловлай билмас.

Ҳа, унинг барча меҳмонлари ўз эътиқод ва ишончларининг қаймоғини намойиш этиш билан банд эди, бироқ қандай тасаввур қилиш мумкинки, унинг ягона ўғли Шаҳзода Йўллик худосиз хитойлик генерал Ичи Лянгнинг санъатига ошуфта бўлиб қолса. Ҳақиқатда ҳам бу унчалик аҳамиятга эга бўлмаган факт, яъни болакайнинг кеча-ю кундуз душманнинг ҳайвоний ўйинлари билан овора бўлиши бошқа нарсаларнинг очилишига олиб келди: бирдан Билга-Хоқон ҳаёт ҳеч нарсага парво қилмай давом этишини англаб етди. Гарчи бир ой аввал биродаринниг ғамида адойи тамом бўлганида энди вақт тўхтаб қолади, кунлар ниҳоясига етади ва ҳаёт тугаб битади дея ўйлаганди...

Ҳеч бундай эмас...


48.
Негалигини билмайману, лекин тунлари киши ҳаммадан узр сўрагиси келаверади. Мен ҳам шундай. Музокарачи кетгач, узоқ вақт ухлай олмадим. У бизни ташлаб кетганидан афсусланмайман, гарчи у кетиб, биз яна қолганимиз оғриқли ҳис уйғотса ҳам. Кутилмаганда телегуруҳимга ачиниб кетдим, чунки ўша тун Фарраҳ ва унинг жамоаси мамлакатни тарк этиш олдидан хайрлашув кечаси ўтказганди. Улар чиндан ҳам доимгидай сохта кишиларга ўхшашмас, Фарраҳнинг кўзлари бошқача порларди. Журналистлардан бири менга бир ҳикоя айтиб бергандики, унинг ҳақиқий маъносини шу асирликдаги тунда англаб етдим. У яқиндагина оиласи билан ажрашган ва уч изи ҳам онаси билан кетганини айтганди. Мен на Эйнштейн ва на Эйсенштейнман, балки оддий бир журналистман ва бир кун умрим тугаса, ҳеч ким мени эсига ҳам олмайди, - деганди у. - Лекин бир қобилиятим бўларди: қизларим билан ўтирганимизда, шишадаги сувни стаканларга қуйишни одат қилгандим ва автоматик равишда тўртта стаканни ҳам бир хил миқдордаги сув билан тўлдиришнинг уддасидан чиқардим. Қизларим бундан катта завқ олиб, қийқириб юборишарди ва мен яна ўша ишни такрорлардим. Энди бўлса улар оналари билан мени ташлаб кетишди, бу қобилиятимнинг нечоғли аҳамияти қолди энди? Шундай дея у чиндан ҳам бир хил миқдордаги ароқни тўртта стаканимизга қуйганди.

Уни нима деб юпатганимиз эсимда йўқ, лекин айни пайтда шуни тушуниб етдимки, уни юпатишнинг ҳеч бир йўли йўқ экан, оғриқларини кетказиш ва ёлғизлигини тўлдиришнинг имкони қийин экан... Ҳар томондан бизни ўраб олган бўм-бўш ва чексиз тун қўйнида унга жуда ачининб кетдим. Ёлғизликдаги соқов садоларимиз худди чексиз коинот бағридаги митти юлдузларга ўхшаб кетарди...


49.
Аввал айтганимдай, баъзан ҳаётдаги барча воқеалар бир ё икки кунгагина жамланади. Бу борада турклар шундай дейишади: *Йилнинг етти жумаси бир келди*. Руслар: *Бу ер бўш, лекин бу ер зич*. Эронийлар ва яҳудийлар бу ҳақда нима дейишганидан хабарим йўқ, лекин Тошкентдаги Интерконтиненталь меҳмонхонасида мен юқоридаги икки мамлакатдан иккита факс олдим. Бири Ноамдан бўлиб, у нафақат мени эътиқодлараро анжуманга таклиф қилган, балки у ерда синхрон таржима қилиб мўмайгина пул ишлаб олишимим мумкинлигини ҳам айтганди. Иккинчи факс Олмониядан жўнатилганди, унда бир футбол жамоасинининг бошлиғи Эронга норасмий сафар қилмоқчи экани-ю, мен тражимон ва йўлбошловчи сифатида жуда керак бўлиб қолганимни ёзибди. Гарчи тўсқинлик бўлмаса-да, бу икки мамлакатга боришга ҳам уриниш айёрлик бўлур эди. Қолаверса, шуни яхши билардимки, агар паспортингизга Исроил визасини олсангиз, Эронга бориш учун ҳеч қачон рухсат ололмайсиз ва аксинча. Лекин яҳудийлар анча мослашувчан бўлишади, шундай эмасми? Исроил консуллигида шароитимни тушунтирганимда, консулнинг ўзи шундай деди: *Қонунлар унларга амал қилиш учун эмас, балки четлаб ўтиш учун ишлаб чиқилади*. Бу мингйиллик фалсафий гапдан кейин у менга паспортимга ёпиштиришимнинг ҳожати бўлмаган алоҳида виза қилиб берди. Эрон визасини олиш хамирдан қил суғургандай осон бўлди. Бироқ, шундан сўнг мен яна учинчи бир факс ҳам олдим. Унда қуйидаги ёзувлар бор эди: *Сенинг қаерга жўнамоқчи бўлганингни биламиз, лекин қаерда бўлсанг ҳам топиб оламиз*. Негалигини билмайман-у, лекин бу хатарни шаҳардаги портлашлар билан боғлаганим рост.
50.
Яна бир бор тўлиқ айланиб чиқдим. Гарчи қаердан бошлаган бўлсам, худди ўша жойнинг ўзига келган бўлсам ҳам, вазият у қадар аниқ эмасди. Менга хавф солаётган ким эди ва нега? Исроилликлар Эронга боришим эҳтимолини деб ва ёки аксинча ҳол учун мени хавотирга қўйишлари мумкинми? Яна нима бўлиши мумкин? Ё бўлмаса бир неча кишилар, жумладан, Лук ва Зевнинг ҳаётини ўрганганим учунми? Валаамов, Ат-Тоҳарий ёхуд бошқаларнинг юз йиллар аввал ўлиб кетгани энди менга таъсир қилиши мумкинми? Ўзимни жиноят содир қилган жойига қайтиб келишни кўзлаган жиноятчи сифатида ҳис қиларканман, шуни тушуниб етдимки, гарчи Исроилга ҳам, Эронга ҳам кетаётган бўлсам-да, ундан кейин Шинжон-Уйғуристонга қайтаман. Хавотирнинг сабабини аниқлай оламанми-йўқми, лекин аллақачон қатъий қарор қабул қилиб қўйгандим.

51.
Қуддусдаги тайёрагоҳда мени террористларни текширгандай кўздан кечиришди. Қайсидир маънода бу менинг ишончимга ишонч қўшди. Улар барча борар манзилимни обдон суриштиришди ва мен агар шубҳали инсон сифатида мени назоратга олишса, ақалли шуларнинг ҳимоясида бўламан-ку деб ўйладим ва анжуман ўтадиган жойларни ҳам, Ноамнинг уй манзилини ҳам қўшиб бердим. Хавфсизликка жавобгар қувгина хоним Исроилга киришимга рухсат бериши ҳамоно Ноам мени қучоқ отиб кутиб олди. Биринчи саволи нима бўлганини топинг-чи? *Фиона қани?* Ўзимнинг хавотир остида эканим етмаганидай, у ўтмишдаги оғриқларни ҳам кавлаштира бошлади. Шахсий ҳимоямни ўйлаб эҳтиётлик билан қурганим кейинги икки ойдаги воқеаларнинг барча қатлами бир уринишда сидириб ташланди. Яна қайта кучли шамол супуриб ташлашга уринаётган яланғоч ва ҳимоясиз ўсимликдай ҳис қилдим...



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет