Инглизчадан Аъзам Обидов таржимаси қ ғ ҳ ў Ноуман Смайлз



бет4/13
Дата27.06.2016
өлшемі0.91 Mb.
#161886
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13

У ўзи режалаштириб юрган Монакога кетиб қолган дея ишонишга уриндим, ақалли у Ноам билан бирга бўлиши керак, магар вақт ўтаверар, ундан эса дарак бўлмади. Кот д-Азурда нгидан-янги узрла ахтариб яна икки кун қолдим: у Лукнинг севгилиси бўлган, у мендан узунроқ эди ва иккимиз турганимизда жуда кулгили туюларди, унда Ноамга нисбатан симпатия уйғонди, бундан буён гуноҳим камроқ бўлар, ва ҳоказоларни ўйлаб ташладим. Бирдан бор пулимни ишлатиб бўлганим эсимга тушди ва ҳеч бир умидсиз йўловчи машиналарда саёҳат қилиб Бамбергга қайтдим. Фиона айтганидай, учар унлиларнинг шаффофлигисиз, лойга қоришган ундошлар каби борардим...

30.
Мен ҳамма нарсанинг бир сабаби бор-ку, дея ўйлашга ўрганганман. Агар ёр ташлаб кетса, драма бошланиши керак эди, бироқ менинг ҳолатимда бундай бўлмади, балки бу вақтнинг белгисидир: у қаерга келишни хоҳласа келарди, кимни ташлаб кетишни истаса, ташлаб кетаверарди. Икки ой бурун усиз ёлғиз, ўзим билан ўзим оввораи сарсон эдим. Икки ой ўтиб эса яна ўша ҳолга тушдим, яна бирор нарса қўшиладими, камаядими, мутлақо бехабар эканман. Алал-оқибат, бир пайтнинг ўзида ўша нимадир қўшилди ва яна кўздан ғойиб бўлди.

Аввалги ишимни давом эттиришга уриниб кўрдим: Фионадан қолган қоғозлардан Валаамов, Ат-Тоҳарий ҳақида ўқидим, фақат ғалати тақдиримга сабабчи бўлган дея Зевнинг кундалигига текканим йўқ. Аммо асосан уринишларим яқин кунлардаги ҳаётимнинг муҳофазасига қаратилганди. Бу орада Олмония ва Франциядаги турли таржима ва сайёҳлик компанияларига ўзимнинг Осиёнинг узоқ ўлкалари бўйлаб олиб юриш ва таништириш бўйича тажриба ва малакаларимни таклиф қилиб мактублар ёздим. Доимо нима биландир банд бўлишга интилдим. Лекин, балки сиз *синиш*нинг маъносини билмассиз, мен гўё узлатга чекиинаётгандай эдим. Ҳатто об-ҳаво ҳам менга қаршидай: ёғаётган ёмғир остимга, йўқ, устимга, янаям аниқроғи, вужудимни кесиб ёғарди. *Ёмғир шаҳарга эмас, кўнглимга ёғмоқда* дея унинг эски манзилига мактублар битдим, телефонини топишга уриндим, магар ҳеч бири самара бермади: у жисму борлиғимдан бутунлай ғойиб бўлиб кетди.

31.
Қитанлик Удар-сенгун, биринчи Нестория генерали, бошқа дипломатик-диний асирларга нисбатан яхшироқ шароитда яшарди. Гап шунда эдики, марҳум Шаҳзода Кул-Тегиннниг бениҳоя гўзал хоитин Кўрк-хотин насроний динининг ишқибози эди. Узоқ йиллар аввал отасининг ўтов-қасрида ёшгина шоҳ қизи бўлиб юрган кунларда бир армани роҳибни кўрган, у тилла билан тикилган узун куйлак, қимматбаҳо тошлар ва товус пати билан безатилган ғаройиб тож кийиб олганди. Роҳибнинг бир қўлида оғир тилла хоч ва иккинчисида атир тўлдирилган идиш бор эди. Қиз отасининг олдида роҳиб ижро этган рангин ва мунгли қўшиқлардан шу қадар таъсирланганки, эртасигаёқ отасидан у билан кўришишга рухсат олган. Қиз роҳибнинг кулбасига бири боғдан, бири тоғдан келадиган саволларини уларнинг беўхшов қўпол тилларига таржима қилиб берадиган тилмоч билан қўшиб жўнатилади. У Биби Марям ва унинг одамлар учун азоб чеккан, бир кун қасос учун қайтиб келадиган ўғли ҳақидаги энг яхши ҳикояларни айтиб беради. Гарчи Кўрк хотин Биби Марям ҳақидаги гапларни тўлиқ тушунмаса ҳам, лекин унинг бир кун қайтиб келадиган қутқарувчи ўғли саҳровий кўнглини ишғол қилиб олганди. Тез орада ботир Шаҳзода Кул-Тегин номидан ўз отаси олдига қизининг қўлини сўраб совчилар келганда, чин ошиқ кўнгли билан ўша қутқарувчи ўғилдан совчи келганига ишонди.

Магар энди ўз Қутқарувчисидан айрилгач, у қандайдир мўъжиза юз беришини кутар, бу гўё ҳалиги армани роҳибнинг қовушмаган тилмоч орқали унга ваъда берганига ўхшарди. Шу боис у бир хизматкорини насронийликда қандай янги нарса кутилаётгани тўғрисида бирор нарса билиб келиш учун Удар-сенгуннинг олдига юборади.

Генерал жуда яхши, бироқ мураккаб бир шароитда эди. Аслида, художўйлигини ҳисобга олмаганда, у ҳақиқий насроний эмасди. Бахт унга кулиб боқди, чунки Қитан армиясининг масиҳий ғояларга бой бўлган бошлиғи агар ҳокимиятни қўлга киритишса, ўз ўрнига уни тайинлашга ваъда берди. Лекин ботир ва ақлли жангари Удар-сенгун ҳамма нарса унинг фойдасига ўзгариб кетганини сезди. Ягона муаммо кучларни бир жойга тўплаш ва уларни муҳим йўналишга солишдан иборат эди. У Кўрк-хотинга ўзи юборган хизматкор орқали хабар жўнатиб, Инжилнинг нусхаси кераклигини, уни кўк туркларнинг каттакон салтанати чегарасида бирор роҳибгоҳнинг армани роҳибидан олиш мумкинлигин илова қилиб юборди. Қолган ишни ўз зиммасига олди.

32.
Ли оз-моз французча биларди. Умуман олганда, улар бир-биримиз билан суҳбатлашишга рухсат беришмасди, лекин жаноза ва ундан олдинги қонхўрликдан кейин ўзларини бизга яқин олиб, илиқ муносабатда бўла бошлашди. *Энди бизнинг тақдиримиз -- бу сизнинг тақдирингиз* деди кунларнинг бирида жангарилар командири, Ли икковимиз эса бу гапнинг маъносини чақишга уриндик. Ё уларга нима бўлса, бизга ҳам ўша бўлади, ё улар ҳам биз каби асир бўладилар. Ҳарқалай энди бизни илгаригидай қаттиқ қўриқламайдиган бўлишди, балки бизнинг қочишимиздан наф йўқ, ҳукумат тинимсиз равишда ҳаво кучлари билан зарба бериб турган бўлса, бундай шароитда қочиш асир ўтиришдан ҳам хавфли деб ўйлашган. Биз бирга шахмат ўйнашимиз, суҳбат қуришимиз мумкин эди, лекин бунда тансоқчиларимизга фикримизни синхроник таржима воситасида тушунтирардик. Иккимиз ҳам шароитдами ё командирлар тафаккуридами, қандайдир бир нохуш нарсани сезгандай бўлдик. Умримиз кутиш билан ўтди. Шукрки, вақти вақти билан бўлиб турадиган бомардимонлардан бошқа нарса содир бўлгани йўқ. Фақат командир ўзларининг аввалги ва ҳозирги юришларининг барча баённомасини инглиз ва хитой тилларига таржима қилишни илтимос қилгани ёмон бўлди. Улар бизга қалин дафтарларни тутқазишди, уларда метеоролог бўлган салафларимиз ҳавонинг даражаси ва музликлар ҳолати бўйича кузатувлари акс этган. Мен бу ёзувларни таржима қиларканман, улар аввалги ёзувлар каби қисқартирилган ҳолда бўлиши керак эди, шу боис номлар ҳам бош ҳарф билан ёзилмаган. Ли французчада анча муваффақиятга эришиб, баъзи сўзларнниг маъносини мендан сўрарди. Ўзимин икки карра асирдай ҳис қила бошладим: биринчиси -- жангарилар асири, иккинчиси -- Лининг яхши ниятлари асири.

33.
Ростимни айтсам, Фиона ҳаётимни остин-устун қилиб ташлади. Уни деб ташлаб кетган тўгаракларимга ҳам боролмай қолдим. Бу дунёда нима ҳам қилардим? Ҳатто эслашга ҳам мадорим йўқ. Ўлимга маҳкум қилинганлигим тўғрисидаги фактнинг ҳам аҳамияти қолмади. Ким? Нима? Қачон? Қаерда? Нега? Бемаъни саволлар. Қудуққа зинама-зина тушиб бораётган кишини хаёлингизга келтиринг, у ё ҳаёт манбаига дуч келади, ё ўзининг қора аксига. Бир қалқиса, бу чуқур ва қоронғу сувга юмалаб тушади. Мен ҳам шундай бўлиб қолдим. Ҳар қадамимни эсга олишга уриндим: Лук-дарвиш-Зев-Валаамов-Ат-Тоҳарий-ноаниқлик...ва Фиона. Ҳофиз ёзганидек: *Ки ишқ осон намуд аввал вале афтод мушкилҳо...* Ҳаётимнинг охири ва янги муқаддимаси. Бошимга аввалгидан-да баттар нохушликлар ёғдираётгандайман, балки ўлимга маҳкумлик дегани шудир ва у аллақачон амалга ошириб бўлинган балки?!

34.
Қудуқ ичидаги Юсуф ҳақидаги ҳикояни ҳойнаҳой эшитгансиз. Ўткинчи йўловчилар уни Мисрда қул қилиб сотиш учун сувидиш билан бирга қудуқдан тортиб олишади. Қудуқдаги кишандан қулликдаги кишанга. Шунга ўхшаб, АМИП Олимпиа деган бир француз фирмаси собиқ совет Марказий Осиёсида съёмка қилишни мўлжаллаётган кино гуруҳига экскурсоводликка таклиф этди. Бу пайтда Фиона берган қоғозларнниг ярмини ўқиб бўлган, фикрлар қуршовида ақлдан озай деб қолган эдим. Шу боис, озроқ молиявий томонни ўйлаб, кўпроқ ўзимни асраб қолиш мақсадида бу ишга рози бўлдим.

Ишимиз ҳақида кўп вайсаб ўтирмайман, у одатий бир нарса эди: бир жазоирлик ёки покистонлик кўзойнакли режиссёр ўз бошлиқларини турли маданиятга таалуқли одамлар гуруҳини худо билади қаёққадир юборишга кўндиради. Бунга сабаб унинг чексиз нафси ёки баъзи ноаниқ оилавий можаролар, яъни уларнинг ота-боболари энг катта қитъанинг қоқ ўртасидан келганлари ҳақидаги масалага бориб тақаларди... Ва уларнинг ишлаган фильмлари: гитарага ўхшаган чолғу асбоблари билан бузиб талқин этилган шарқона мусиқа, исломий дид ва ғарбона келажак, насиҳат ва эртак... ва даъво, даъво, даъво... Тўғрисини айтсам, бунақа янгилик-пангиликка ҳечам ҳушим йўқ, агар пул учун бўлмаганда, ўрислар айтганидай, бундайлар билан кенг далада ҳожат учун ҳам бирга ўтирмаган бўлардим. Улар гўшингни қийма-қийма, суягингни майда-майда қилади, қонингни томчи-томчилаб ичади ва ниҳоят кулингни бир қошиққа олиб, бутун дунё бўйлаб янгилик сифатида ёйиб юради... Юрагимнинг уриши уларнинг зилзиласидан минг карра қадрлироқ мен учун. Келинг унутайлик шуларни.

Сизга тасвирлаб бермоқчи бўлганим бу кузги саҳро: елкаларида зил-замбил осмонни кўтариб турган шамолли чексиз ер юзаси. Бошқа ҳеч нарса. Ва бу икки вертикалликни бир-бири билан боғлаб турган ягона нарса -- Инсон боласи. Ҳаётимда биринчи бор бу кўнгил ва фикрингга мос икки бўшлиқ қандай қилиб бу қадар ширин ёлғизликни келтириб чиқара олганлигини ҳис этдим. Йўқлик. Кераксизлик. Оввораи сарсонлик ва руҳнниг шамоли...


35.
Доно Тонгюқуқ даштнинг ўртасида умрининг 86 кузида туриб эди. Қуёш уфқда сўниб борар, қизғишликнинг сўнгги тилчаларигина қолган эди. Ҳаёт шундай кечарди. У вақтдан ютдими-йўқми, барибир ҳаёт охирлаб борарди. Кўк Турклариорасида унга *Тулки овчиси* деб лақаб қўйиб олишганди, чунки у энг ақлли ва айёр душмандан ҳам оқилроқ ва уддабурророқ эди. Туркларнинг Кўк Турклари дея ном қозонишларига ҳам у сабабчи бўлган. У Хитойда туғилган ва шу ерда катта бўлган. Шу боис у Ўрта Қиролликнинг урф-одатларини, яшаш тарзини ҳаммадан яхши биларди. У нафақат мамлакат, балки ҳар бир фуқаро чегарасини ҳам қойилмақом ўзлаштирганди. Магар Тонгюқуқнинг саҳровий қони энди буларга бефарқдай эди. Унинг чегараси уфқдан пастга оғган, ҳаёт йўли бетўхтов ва унинг ўзи мусаффолик келтирувчи саҳро шамолидай барчага бирдай очиқ эди.

Турклар ўзларининг ўлдирилгани, вайрон этилгани, деярли йўқ қилиб юборилаёзганини унутмадиларми? Улардан сўнгги етти юз киши ўрмонларда тентираб юрганида, мана шу Доно Тонгюқуқ уларни бирлаштирган ва Элтуришни хоқон ёхуд туркларнинг хони этиб тайинлашга қарор қилган. Лекин бу ишда у: агар бўлажак хоқон ҳўкизниг қай бири ориғу, қай бири семиз эканини билмаса, у хоқон бўлиши кракми, дея иккиланади. У бир оз иккиланиб туради ва шунга қарор қилади: Тангри унга ақлу заковат берибдими, у Элтиришни хоқон ва ўзини вазир этиб тайинлаяжак. Шундан бери у тунлар мижжа қоққани йўқ, кунлар эса кайфу сафога берилмади. Ориқ шохни эгиш осон бўлади. Мулойим нарсани синдириш ҳам осон дейишади. Лекин агар ориқ нарса кейинчалик қалинлашиб кетса, уни букиш қийин бўлади. Мулойим нарса қўполлашса, уни синдириш қийин дейишади. Шундай қилиб у туркларни бир жойга тўплади ва турк хоқоин билан бирга Отукан ўрмонига бошлаб борди.Тунлар бедор, кунлар роҳатсиз, қизил қонини оқизган ва қора терга ботган ҳолда ўн етти бор хитойликларга, етти бора қитанларга, беш марта ўғузларга қарши кураш олиб борди. У туркий қавмларни узоқ юришларга жўнатди ва улар жангу жадаллар натижасида сон-саноқсиз тилла, кумуш, гўзал қиз ва бевалар, ўркачли туялар билан уйга қайтишди. У на бирор душманга Кўк Турклари орасидан қутулиб кетишига ва на бирор ёввойи отнинг бетизгин кетишига йўл берарди. Мана ҳозир унинг шарофати билан Кўк Турклари дунёнинг Тўрт Бурчида ҳокимлик қилишмоқда. Агар у ғолиб бўлмаганда эди, на давлат ва на халқ бўлган бўлур эди. Унинг муваффақияти туфайли Кўк Туркларигуллаб яшнагандан яшнайверди.

Мана энди у қариб қолди, йиллар мадорини қуритди, энди ўзининг шарафли ғалабаларини эмас, балки оғриқли яраларини санайди холос. Қачонлардир Элтириш-хоқон тирклигида Тонгюқуқ Ўн-ўқ қабиласига қарши юришга чиққан. Ўшанда у одатий услубларидан шундай хулоса чиқарганди: душма нимани ният қилган бўлса ўшани қил, фақат ундан олдинроқ. Шу пайт хоқон тарафдан бир жосус келган ва ҳеч қаёққа жилинмасин деган буйруқ келтирган. Лекин Тонгюқуққа хоқоннинг бошқа қўмондонларга хабар юборганини айтишади: Доно Тонгюқуқ золим ва маккор. Унга эргаша кўрманг! У билан бирор масалада сулҳ ҳам тузмангиз! Лекин Тонгюқуқ ўз қарорида қатъий эди ва улар ҳеч бир сўғмоқсиз Олтой тоғига тирмашишади, ҳеч бир кечув жойи бўлмаган Ертиш дарёсидан кесиб ўтишади, жанг қилиб, Ўн-ўқ қабиласини батамом тор-мор этишади.

Элтириш-хоқон ўлганда, унинг атрофидагиларнинг бари қони қайнаб турган Кул-Тегин томонидан қатл этилган. У ўз иниси Билгани ҳокимият тепасига кўтариб, уни хоқон деб эълон қилган. Доно Тонгюқуқ буни олдиндан сезганди. Шу сабабдан ҳали шаҳзодалигидаёқ қизи Побекани Билгага никоҳлаб беради. Гарчи бошида бир оз хижолат қилган бўлса-да, кейинчалик куёви Билга-хоқон уни ўзига вазир қилиб олади. Йўқ, биргина ёш Кул-Тегиннинг қайноқ қиличи эмас, балки кекса Тонгюқуқнинг ёрқин ақлу заковати Турк давлатини ҳозиргидай кучли ва енгилмас айлади...

Ҳозир эса у яна ёлғиз. Тарозининг икинчи палласи ҳам оғиб кетди. Кул-Тегин ўлди, доно Тонгюқуқ эса ўзини бўрининг тилларанг боши тасвирланган байроқ остида одамларни бирлаштирган ботир бўридай сезмаяпти, йўқ, қайтанга у ўз ўқидан азоб кўрган қари мазлум каби бўлиб қолганди. У Билга-хоқоннниг энг охирги қарори -- дунёдаги жамики динларни бирлаштириш ҳақида ўйларди. Бир неча йил аввал, худди шу Билга-хоқон ўзини бошқа Хитой Императори дея даъво қилишга қарор қилганида ва бутун даштни Буюк Девор билан ўраб олиш ҳамда Будда ва Лао-Цзига бағишланган ибодатхоналарни барпо қилишни ният қилганида, ўз куёвига шундай деган эди: «Кўк Турклари хитойлик эмаслар, улар ўт ва сувга эътиқод қилиб, фақат ҳарбий ишлар билан машғулдирлар. Улар кучли бўлган маҳалда зафар учун олға интилишади, агар заифликларини сезишса, катта йўқотишларга йўлиқмаслик учун ортга чекинишади. Қолаверса, Будда ва Лао-Цзининг таълимотлари одамларни урушқоқ ва кучли эмас, балки шафқатли ва заиф қилиб қўяди».

Ҳозир гап фақат Будда ёки Лао-Цзи ҳақида эмас, балки жиддийроқ нарса устида кетяпти. Тулки Овчиси ушбу фурсатда ҳам бутун умр бўйи эришгани каби муваффақиятга эришадими? Кўк-қора осмонда юз минг туманлари билан кўринган ҳилол сўнгги қилич мисол чархланиб турарди.

36.
Таажжубки Лук билан Фиона икки йил аввал айни бир жойда бўлишганди. Мен Ўрта Осиёни назарда тутяпман. Лекин мендай интервью уюштириш, вақт ва тўловларни назорат қилиш, режиссёр ва суҳбатдош оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзни таржима қилиш билан шуғулланишмаган улар. Лук одатий иши -- кўчманчи ва ўтроқ аҳолига хос одатларни бир-бири билан солиштириш билан банд бўлган. У кўчманчилар ва ўтроқ аҳоли тафаккуридаги фарқларни кўрсатиб ўтган бир муаллифнинг «Йўл ва мақом» мақоласидан мисоллар келтиради. Ўша муаллифнинг айтишича, маҳаллий ўтроқ аҳоли шеърият деганда аёлларга муҳаббатни тушунган, кўчманчиларнинг шеърияти эса биродарларча севгидан иборат эди. Мисол тариқасида у Билга-хоқоннинг марҳум биродари Кул-Тегин вафотига бағишлаган аза қўшиғини келтиради.


«Ёшгина укам Кул-Тегин ўлди, мен унга аза тутаман. Кўрар кўзим ожиз, билар илмим нотаниш бўлди. Ўзим андуҳ ичраман. Худо Инсон боласи вақтни ўлиши учун яратади. Мен чуқур қайғудаман. Кўзимга ёш келганда, кўнглимга ғам инганда, мен уларни ёндирдим, азобландим. Қайғуга ботиб ўйладимки, икки шаҳзода ва ёшгина укамнинг, ўғилларимнинг, қўмондонларим ва халқимнинг кўзу қошларига йиғидан зиён етгай».
Мен эса ўзимга қандай шеърият ёқишини жуда яхши билардим.

37.
Мен мақола муаллифи бўлмиш аллақайси Абдулҳамид Исмолийни топишга ҳаракат қилдим, бироқ уни қувғинда деб айтишди. Қайсидир маънода мен бунга тайёр эдим. Ҳақиқатда ҳам ушбу оддий факт съёмка орасида мени изланишни қайтадан бошлашга мажбур қилган бўлиши мумкин. Алалоқибат -- мен воқеалар нуқтаи назаридан айтяпман -- Турфанга Шиа Чанг оиласини кўргани бориш кутилмаган нарса бўлди. Бу ҳақда аввалроқ айтган эдим. Яна турли хил ёзувлар, шифрланган, яъни кўплаб қисқартиришлар билан ёзилган матн (масалан,, Ф.Ефр. учрашди 1.т. Тенз. ўзининг кўпл. ва дек...) бор эди, лекин унда нима дейилганини аниқлашга муваффақ бўлдим.



*Роҳиб Валаамов ўлимига сабаб бўлган ҳолатни аниқладим. Бу таажжублаанарли бир ҳикоядир. Мисрликларнинг Ўликлар китобидан ташқари тибетликларнинг ҳам айни шундай китоби борлигини Тенгиз Дацаодан ўргангач, буларни қиёслашга киришган. Аниқроғи Тензигни ўз жойида сўнгги бор учратган киши Або Ефрем бўлиб, у узоқ Тибет сафаридан кейин турли эътиқодлар ва Ҳотандаги ҳаётни бир-бири билн солиштиришга уриниб кўришни таклиф қилган. Икки роҳиб бир қаландарга дуч келишади. У *Оч юзим ғассол, будам, Ёруғ жаҳонни бир кўрай* дея қўшиқ куйларди. Улар қаландарга эргашадилар ва у қабристонга бошлаб боради. Ўзи яшашга одатланган кечки бўм-бўш қабристонда қаландар бир қабртошига ўтириб, камтаргина кечки овқатга -- ҳалиги қўшиғини айтиб топган бор-будига таклиф этади.

Роҳиб Валаамов ўз мақсадларини айтади. Қаландар хуржунидан дўмбирасини олиб, қўшиқ айта бошлайди. У мунгли бир товушда узун ҳикояни куйлар экан, баъзи ўринларни айтиб бериш учун ўқтин-ўқтин тўхтаб қўярди. У Ер-Туштук деган қаҳрамон ҳақида куйлар, бу қаҳрамон эса ўзининг сеҳргар хотинини излаб, ернинг энг чекка бурчигача борган ва у ерда ерости бир салтанатнинг эшигига яқинлашади. У бу эшикдан кириб, Қиролликнинг биринчи қатламида кўради ўзини. Қари кампир қиёфасидаги ялмоғиз уни кутиб турарди. Йигит унга салом беради. *Саломинг бўлмаганда икки ямлаб бир ютардим*- дейди ялмоғиз. Йигит унга ўз упаси, тароғи ва ойнасинигина ташлаб кетган сеҳргар хотинини излаб юрганини айтади. Қари ялмоғиз бу нотаниш кишининг сўзига қулоқ солмас, уни қандай пишириб ейишни ўйларди. У йигитдан кўпроқ ўтин келтиргунича каттакон қозон тагидаги оловга қараб туришни сўрайди. Ер-Туштук ҳаёти хавф остидалигини сезиб, қочишга қарор қилади. Кампир унинг қочаётганини сезиб, ортидан қувади. Етай-етай деганда, йигитнинг қўлидаги упа тушиб кетиб, улар ўртасида ҳайҳотдай саҳро пайдо бўлади. Шу тариқа йигит ер остининг иккинчи қатламига тушиб қолади.

Бирдан ўткир шохли ҳўкиз таъқиб қилаётганини сезади. Ҳўкиз энди шохига илинтириб тепага кўтарман деганда, йигит қўлидаги тароқни ерга ташлайди ва ўртада қалин, қоронғу ўрмон пайдо бўлади. Ер-Туштук кейинги қатламда кўради ўзини. Бу ерда аждаҳодай баҳайбат илон уни тишламоқчи бўлганда, ойнани ерга ташлайди ва ўртада чексиз кўл ҳосил бўлиб, йигитни ҳужумдан асрайди. Ерости Қироллигидаги уч қатламдан ўтаркан, Ер-Туштук қизил буғулар тўдасига учрайди ва қўрқиб турганига қарамай, буғулар унинг чуқурроқ қатламга тушишига ёрдам беради. Сўнгра Қора Тулки ўзининг изини ва бутун танасини Қора Тунда яшириб, йигитни у ерда ёлғиз ташлаб кетади. Ниҳоят, Ер-Туштук энг сўнгги тоғнинг чўққисида бир ғорни кўради, у ерда Тепакўз йигитнниг йўқолган сеҳргар хотинини ушлаб турарди...
Зев ёзмишларининг биринчи қисми шу ерда қирқилган ва мен иккинчи қисм учун тоқат қилолмасдим. Билмадим, Зев нимани назарда тутган экан, лекин Ер-Туштукнинг характерини ўзимда акс эттириб кўрдим. Қатлам кетидан қатлам, мен одатий заминий ҳаётимдан сояларнинг зимистон дунёсига тушиб кетгандай эдим. Фақат кимни излаб?

38.
Мен ҳатто ўша гуруҳ ичида репортёр бўлиб юрганимни ҳам эслашни истамайман. Яна, режиссёр худди ўз Инжилини сақлагандай авайлаб юрган *Дунё бир кун ичида* китобини ҳам умуман ёдга олмасам дейман. Бир куни иш жадвалини излаётиб, стол устида очиқ ҳолда турган ўша китобга кўзим тушди ва қизиққонлигим боис ундаги сариқлик тўла майдон суратига кўзим тушди. Ундаги тушунтирилишича, бир кун ичида инсоният чиқарадиган чиқинди Луизиана стадионини 19 метр чуқурликда кўмиши мумкин экан. Юқорида барча одамнинг олтита контейнерга юк бўлган чиқиндиси бор эди. Ҳайратда қолдим. Йўқ, ўлчовларни деб эмас...билмайман нимага. Кейинроқ баъзи таҳлиллардан сўнг ақалли икки сабаб борлигини тушундим: биринчиси -- инсониятга био-масса сифатида қараш, иккинчиси -- ўша био-масанинг бир қисми сифатида ҳар бир инсон, ўзимни ҳам ҳисоблаганда, бу фактдан жуда хафа бўлган бўларди. Инсон зоти борки ўз шахсиятини, яъни ўз чиқиндиси, сийдигини ҳимоя қилишга интилади.

Умуман биз киммиз? Катта-катта майдонларни ўз чиқиндилари билан булғовчи, учта Нью-Йоркка тенг бинодаги нонни еб ташлайдиган ва манийлари билан бутун галактикани бойитадиганларми? Киммиз ўзи? Яхши-ёмон, катта-кичик, баланд-пастни барбод қилувчиларми? Киммиз? Бизнес картамизда ёхуд газета сарлавҳасидагидай гўнг устида ўрмалаётган қуртлармизми?..

Киммиз ахир? Матлуботнинг қули, ҳар беш йил, йил, олти ой, бир ой, икки ҳафта, бир ҳафта, ҳар сония нафси ҳакалак отганларми ё? Ким, ким? Дўзах деб аталмиш майдонни еганларини қусиб тўлдирадиганларми?..

39.
Метеорология марказида ўйга берилиб ўтирган эдим, бирдан жангарилар жаримизнинг шундоққина оғзида ҳужум қилишга қарор қилишса бўладими. Ўтган кеча улар буни биздан сир тутишмаган, бизни ўзларига қарашли кишилар деб ҳисоблашар ва хавфсизлигимиз билан ҳам қизиқмай қўйишди. Бироқ улар бу борада хато кетдиларки, бизнинг борлигимиз учун ҳам қарши тараф музокарага рози бўлади деб ўйлашганди. Улар бизни хавфсиз йўлак ёки бўлмаса ақалли бу ерда қишлаш учун озиқ-овқат заҳирасига сотмоқчи эдилар. Эшитишимча, улардаги озиқ-овқат камайган, шу боис Ли икковимиз улар учун кераксиз нарсага айланган, биздан қутилиш осон эмас, улар билан қолишимиз ҳам бир тийин фойда келтирмасди. Шунда мен бизни отиб ўлдиришлари ҳам мумкин деган ўйга бордим, чунки вазият тобора кескинлашиб борарди. Улар ҳужум қилиш ё музокарага чиқиш устида баҳслашишарди. Қўмондонлардан бири бошқасини қўрқоқликда айблаганди, икинчиси бизга шундай ғазаб билан қарадики, гўёки уларнинг тортишувига биз сабабчи бўлгандик. Лекин мен бошқа бир нарсадан қўрқаётгандим: биз унинг заифлигига гувоҳ бўлдик ва жангарилар (фақат улар эмас) буни осонгина эсдан чиқаришмайди.

Бироқ кейинги кун кечқурун ноҳақ эканимини англадим.

Эртаси кун бомдод намозидан кейин, жуда эрта бошланди. Жангарилар қуролларини олиб, бизни ҳеч бир соқчисиз бошпанамизда қолдиришди. Ҳатто бир-биримизга боғлаб ҳам қўйишмади. Лини билмадиму лекин мен ўзимни анча хўрлангандай ҳис этдим. Улар бизни бир уюм ахлат каби ҳеч бир гап-сўзсиз ташлаб кетишди. Улар билан бир ойдан ошиқ бирга бўлдик, ҳамма нарсани бирга бўлишдик, ўлим олдида теппа-тенг бўлдик ва ниҳоят улар бизни бу ерда унутиб қолдиришди... Қуёш кўтарилиб, тонгги шабада милтиқларнинг аниқ-тиниқ овозини келтирди. Ҳеч бир сабабсиз Ли икимиз ўрнимиздан ирғиб туриб метеорологик минора ўрнатилган платформага томон югурдик. Совуқ қояларга тирмашиб, торгина ғорнинг оғзини, бир неча танк ва зирҳли машиналар тоғларга қарата ўт очаётганини ва қоялар ортига бекинаётган жангариларнинг кичкина жуссаларини кўрдик. Танклар яқинлашиб келар ва биз турган жойимиз жангни кузатиш учун жуда қулай эди. Ли имкониятдан фойдаланиб ҳукумат кучларига биз у ердалигимизни билдириш учун сигнал беради деб ўйлагандим, йўқ, у чурқ этмай турди. Қизиқ, ҳаётимда биринчи марта ҳақиқий урушни кўриб турган бўлсам-да, лекин аввалги бомба тушишлари сабабми ё ўлим барчамизга яқин бўлиб қолгани учунми, бу ерда ўзимни анча эркин тутдим ва пастда кечаётган уруш қуёшли кун, мусаффо осмон ва осуда табиат туфайли қандайдир беўхшов кўринарди.

Шундан сўнг кутилмаган воқеа содир бўлди: зирҳли машиналар тор йўлакнинг оғзига яқин келганда, кечаги ваҳший қўмондон жангнинг барча қонун-қоидасини бузиб, танкнинг олд томонига ўтди-да уни граната отиб портлатиб юборди. Унинг гуруҳидаги беш нафар жангари ортидан юриб, ёнаётган танкдан қочаётган жангариларни ўққа тута бошлашди. Бироқ бошқа томондан учиб келган олов рақибимни ер тишлатди. Снайперлар ҳар томонда бекиниб туришганди. Турган жойимдан ирғиб туриб қочишимдан аввал кўрганим шу эдики, учиб келган граната снайперлар яширинган жойга келиб, у ернинг кулини кўкка совурди. Ли иккимиз қалтираб қолдик. Қўрқув, ҳаяжон, музлаш -- хабарим

йўқ. Балки буларнинг бари. Биз бу жарликдан қочиб кетолмасдик -- пастда урушаётган жангарилар, юқорида -- сокин музликлар ва уйимиз -- метеор марказ эса ўртада. Биз орқага уй томонга юришга қарор қилдик. Жангарилар анча кеч қайтишди. Ёвуз қўмондонимиз улар орасида кўринмасди. Билдикки, у ҳалок бўлган. Унинг кечаги рақиби йиғлар, қўлида илма-тешик бўлиб кетган Қуръон нусхаси бор эди. Китоб ичидан марҳум қўмондоннинг қизи ёзган мактубни олди. Бола қўли билан чизилган пальма дарахтининг расмини ҳам ўқ тешиб ўтганди. Бир кун олдинги шубҳам учун ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим ва қайғуга ботдим. Барибир, ўша маҳал ҳам улар бизни тирик қолдиришди.

40.
Ёзишларимни бошлаганимда шунга ишончим комил эдики, тилшунослик манбаларининг йўқлиги сабабли, фақат ишга оид услубдан фойдаланаман, тасвирни яширадиган лирик чекиниш ва шунга ўхшаш безаклардан йироқроқ бўламан, деб эдим. Кўп йиллар давомидаги таржимонлик тажрибамдан биламанки, тилнинг бойлиги воқеаларни очишдан кўра яширишга хизмат қилади. Мақсад-моҳиятни тушунмаган бўлсангиз, уни таржима қилиш учун қанча сўзларни ишлатиб кўрасиз? Ҳали ҳикоянинг сўнги кўринмаса-да, борган сари ҳаяжонланиб кетяпман. Очиқроқ бўлишим керак. Ўрта Осиёга қилган сафаримни сизга нима учун айтяпман? Чунки мен у ерда Фионага хиёнат қилдим. Бу Фарғона водийсида рўй берганди.



Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   13




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет