Мухбирликнинг олис йўллари” (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист болалар публицисти ва адиби Эркин Малик ижодий сиймосига чизгилар)



бет3/5
Дата14.07.2016
өлшемі0.62 Mb.
#197982
1   2   3   4   5

Ҳикояларда мужассам олам

Эркин Малик ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ бадиий ижод соҳасида ҳам танила бошлаган эди. Тўғрироғи, муаллифнинг собиқ шўро тузуми даврида ёзган ҳикоялари тузум мафкурасидан холи эмасди, бироқ уларда болалар ва ўсмирлар жасорати, амалга оширган реал қаҳрамонликлари умуминсонийлик руҳиятидан мосуво эмасди. Қаламкашнинг “Ўн учлар тошбўрони”, “Салим томдан тушди”, “Кўр ғорнинг сири” (Тўпламда: Қуёшли йўллар. Т., “Ёш гвардия”, 1978, 37-42-бетлар) каби ҳикоялари шу жиҳатдан фикримизга далил бўла олади. Ёзувчининг бевосита мустақиллик арафаси ва истиқлол йилларида вужудга келган, қайта назардан ўтказилган ҳикоя ва қиссалари эса янги давр воқелиги ифодасига бағишлангани, замондош ўқувчи қизиқишларини қамраб олгани билан эътиборни тортади. Улар мавзу ва услубига кўра ранг-баранг: ҳужжатли, публицистик, фантастик, тарихий, юмористик, дидактик ва ҳоказо. Хусусан, адибнинг “Субҳидам ҳикоялари” , “Чампо отли илон” тўпламларида ўзига хос олам мужассам. Уларда ҳаётий воқелик болалик олами инъикоси сифатида кўзга ташланади. Гарчи ҳикояларнинг қаҳрамонлари турли замон вакиллари, яъни, ўтган асрнинг 20-йилларидан тортиб бугунги давр авлодларигача бўлса ҳам асар қаҳрамонлари сифатида ҳаракат қилувчи бу инсонларнинг аксарияти болалардир; воқелик эса улар орасидаги турли муносабатлар ёхуд катта авлоднинг болалик хотираларидан иборат. Ёхуд уларнинг кўпчилиги анималистик мавзуга бағишлангани билан диққатни тортади. Шунга кўра ёзувчининг бу тўпламлардаги ҳикояларини қуйидагича гуруҳлаш мумкин:



  1. Ижтимоий-ҳаётий, тарбиявий мавзудаги новеллалар (“Хайрли туш”, “Оқсоқол”, “Калаванинг учи”, “Келин тушди”, “Қўрқув қачон чекинади”, “Бир даста гул” ва бошқалар);

  2. Ахлоқий мазмунга эга дидактик ҳикоялар(“Жаннатнинг райҳонлари”, “Мукофот ва жазо”, “Икки доно бир бўлса”, “Ариган дард”, “Бир тола қил” , “Тилсим”, “Сарупо”, “Мол аччиғи”, “Катта томоша” ва ҳ.к.);

  3. Анималистик мавзудаги ҳайвонлар ҳақидаги ҳикоялар (“Чампо отли илон”, “Илонларни қандоқ қилиб еганимиз ҳақида”, “Ўзим чақирган меҳмон”, “Осмондан тушган Оқтош”, “Кўктой” каби туркум ҳикоялар).

“Субҳидам ҳикоялари” тўпламида ўттиз саккизта ихчам ҳикоялар жамланган бўлиб, моҳиятан замондош ўқувчи маънавиятини оширишга қаратилган. Шуниси диққатга сазоворки, ҳикояларнинг кўпчилиги замонавий, ҳаётий воқеалар асосида, яъни, улар сиз-у биз кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олган ҳодисаларга муносабат тарзида ёзилган. Уларни тамсилий ҳикоялар ҳам дейиш мумкин. Яъни, ёзувчи ҳаётимиздаги бирор воқеани баён этар экан, хулоса қисмида унинг мазмунига мос келувчи халқ мақоллари, ривоят, фалсафий ва ҳикматли сўзларни келтиради. Бунда муаллиф асосан икки мақсадни кўзлайди: аввало, жиддий мавзудаги масалаларга китобхон эътиборини тортиш; айни пайтда, халқ маънавиятидаги мумтоз ҳикматлар, ривоятлар билан ёш авлодни таништириш.

Ҳикоялар ҳажман ихчам, новелла шаклида ёзилган. Айтайлик, ижтимоий мавзудаги “Хайрли туш” ҳикоясида инсоний эзгулик оддий воқеа ёрдамида ифода этилади. Унда баён қилинишича, Дадахоннинг хотини оғир касалга чалинади. У дўхтир бўлгани учун дардини яхши биларди. Шунда ҳам эрини кўнглини кўтаради: “...тузалиб кетсам, ишдан бўшайман, она-бола сигир олиб берасиз, овуниб юраман”. Гарчи Дадахон хотини-ўттиз йиллик бош врачнинг сигир соғишини тасаввур қилолмаса-да, она-болалик сигирнинг пулини рўмолчага тугади-да, хотинига кўрсатиб, ғаладонга ташлаб қўяди. Аммо шу кунларнинг бирида укаси пул сўраб келади. Дадахон йўқ дея олмайди... Укаси ўша пулни олиб келганда эса... Пул бор, бозор тўла она-болали сигир... Лекин уни соғадиган бека йўқ... Дадахон шуларни ўйлаб, дарди янгиланиб турганда, қизчаси кўчадан чопқиллаб кириб келади ва қўшнининг боласини дарвоза босиб қолганини айтади. Дадахон ғаладондан пулни олиб, кўчага югуради. Болани касалхонага олиб кетишибди. Шундоғам Ўткиржоннинг иккита боласи ногирон эди. Шу пулни уларга бермоқчи бўлиб, кўчага чиққан Дадахонга бошқа бир қўшниси тутоқиб бундай дейди:

“-Эй, зап қизиқ одамсиз-да, қўшни. Кимга яхшилик қилмоқчисиз, кимга? Яхши бўлса, ўз маҳалласига ўғирликка тушиб, қамалиб чиқармиди! ...Қўйинг, аралашманг. Баттар бўлсин, бўлмаганга бўлишманг-е.”

Дадахон бунга аҳамият бермай, касалхонага телефон қилиб, суриштириб, боланинг аҳволидан хабар олади ва хотиржам тортиб, уйқуга ётади. Шу куни у марҳум хотинини туш кўради: Чаманой каттакон бир тарғил говмишни соғиш билан овора эди. Челак оппоқ сутга тўлиб-тошиб бораётибмиш. Дадахон ҳайрон бўлиб дермиш:

“-Қуллуқ бўлсин, онаси?

Хотини кулиб дермиш:

-Эгасига қуллуқ, адажониси, эгасига қуллуқ...

-Эгасини билсак бўладими?

-Қўшнимиз Ўткиржон-да, бирам суюндим денг...”

Бу тушдан кейин Дадахон Ўткиржонни ёнига олади-да, бозорга жўнайди. Аллоҳнинг марҳамати билан тушида кўрган она-болали тарғил сигир шундоққина рўпарасидан чиқади. Дадахон севинч ёшларидан ўзини тиёлмайди...

Ёзувчи хулосаси шуки, эзгу-савоб иш инсоннинг юрагида бўлса, унга яратганнинг Ўзи тўғри йўл кўрсатади. Ёмонни баъзан яхшилик тарбиялайди. Туш кўриш детали, марҳум аёл руҳининг эрига мададкор бўлиши ёзувчи ғоясини асослашга қаратилган. Муаллиф қўни-қўшничиликдаги ҳамдардлик, эътиборни улуғлаш орқали, маҳалла тарбиясининг алоҳида ўрнини таъкидламоқчи.

“Оқсоқол” ҳикоясида кекса отахон сўзининг улуғ қудрати, қарияларга хос иш тутгани кўрсатиб берилса, “Дарак”да Чирчиғу Тошкентни боғлаб турган темир йўл вагонларининг кўркам ва қулай бўлиб бораётгани, бу келажакдаги яхши кунлардан дарак бераётгани тасвирланган; “Калаванинг учи” ҳикояси ҳам бир қараганда оддий, ҳаётий воқеа талқинига бағишланган: чашма ва тоғ одамларининг эт билан тирноқдек муносабати ва бунда донолик билан иш кўриш. “Ҳаёт деганлари чиндан чалкаш калавага ўхшайди. Учини топиш, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан” Ҳикоя сўнггидаги ана шу ҳикмат бугунги одамларнинг тадбиркорлигини ойдинлаштиради.

“Бир даста гул” ҳам шу кунларнинг ҳангомаси. Унда туғруқхоналардаги “орзу-ҳавас”ларнинг кимўзар пойгаси ва бу ҳолатларнинг атрофдагиларга таъсири яққол акс этган. Ҳикояда уч хил тоифадаги аёллар тасвирланади. Улардан бири эридан ажралган, иккинчисининг эри бўлгани билан қўчқордек ўғил туғишига қарамай, бир даста гулга арзитмайди. Улар шу жиҳатдан ҳамдард. Аммо палаталарига ўзидан олдин гуллари келган учинчи жувон жойлашади-ю, улар қалби ўртанади. ...Хонага бирин-кетин қоғоз халталар кира бошлайди. Анор дейсизми, банан дейсизми, мандарин, апельсин, писта-бодом, турли хил ширинликлар... Бу дабдабалар анави икки аёлнинг ғашини келтиради. Ахир битта қоринга қанча нарса керак!?. Янги ҳамхона эса эндигина таниган дугоналарини қўярда-қўймай зиёфат қилар, келган нарсаларни ҳамшираларга тарқатарди. Бу ҳам етмагандай, жувоннинг бизнесмен эри уйига дўхтир ёллаб, икки кундаёқ хотинини олиб кетади. Аёлга уйидан шоҳона кийимлар келтиришади. Дарвозадан узун қора ва оқ машиналар кўринади. Карнай-сурнай. Бир зумда туғруқхона тўйхонага ўхшаб кетади. Ана гуллару мана гуллар... Видеога олувчилар... Икки аёл бу ҳолни кўриб боладек қувонишар, аммо ич-этларини нимадир киши билмас кемирарди. Эрсиз аёл оғир хўрсиниб, ўзини жойига ташлайди. Иккинчиси бўлса, кутилмаганда жазаваси тутади:

“-Қурибгина кетсин, шуям ҳаёт бўлди-ю... Эримга манави узугимни, занжиримни ечиб бераман. Сотсин-да, машина, гул, видеолар олиб келсин. Мен ҳам ана шу хотиндек кўкрагимни кериб чиқиб кетаман мана шу жойдан. Шундай қилмасам, отимни бошқа қўяман” (42-бет).

Оилада чақалоқнинг дунёга келиши олий бахт. Аммо бу жараённи томошагоҳга айлантириш дину-диёнатимизга тўғри келмайди. Ўтмишда янги туғилган чақалоқни ва кўзи ёриган аёлни қирқ кун давомида бегоналар назаридан узоқда сақлашган. Она-бола соғайиб, чилласидан чиқмагунича, ҳеч қандай маросимлар ўтказилмаган. Бу тиббий жиҳатдан ҳам жуда ўринли. Бинобарин, бир даста гул орзусидаги жувонларнинг ҳою ҳаваси орқали инсон маънавиятидаги кемтиклик ва шу туфайли юз берган беҳаловатлилик кўрсатилаётир. Таъбир жоиз бўлса, бу ҳолат давр фожиасига айланиб улгурмоқда. Ҳамчунин, адиб бу мавзудаги ҳикояларида инсон ўзининг олий мавжудот эгаси эканлигини ва ижтимоий ҳаётдаги муҳим вазифасини унутмаслиги, турли амаллару бойликни кўз-кўз қилиш маданият белгиси эмаслигини уқтирмоқчи бўлади..

Улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг машҳур Чор девони ва ундаги девонларнинг номланишини билмаган китобхон камроқ. Уларда киши умри йил фаслларига қиёсланиши-да, бежиз эмас. Инсон ҳам аслида табиатнинг бир бўлаги эканлиги яна кўплаб адабиётларда талқин этилган. Ёшлик (“Ғаройиб ус-сиғар”), йигитлик (“Наводир ул-шабоб”), ўрта ёшлик (“Бадойи ул-васат”) даврида олган билим ва изланишлари, кузатишлари, ортирган тажрибалари ижодкорнинг кибар ёшида асқотади. Ҳаётдан олган сабоқлари кўз олдида кафтдагидек намоён бўлади. Энди бу ёшда авлодларга айтажак пандлар ўз-ўзидан қуйилиб келаверади. Кимдир суҳбатида, кимдир мақол ва нақллар орқали, яна ким илм-у амалида акс эттиради фикр қаймоғини... Ижодкор халқининг эса қалами бир зум тинмайди... Илҳом булоғининг янги-янги ирмоқлари кўз очаверади гўё. Мазмун шаклларга сиғмайди...Фикрлар мазмунан ўқувчи ёшини танламайди...

Зеро, Эркин Маликнинг “Субҳидам ҳикоялари” тўпламидан жой олган ахлоқий мавзудаги тамсилий –дидактик ҳикоялар фикримизга ана шу жиҳатдан асос бўлади. Мустақиллик инсон тафаккуридаги жамиики нарсаларнинг рўёбга чиқиши учун имкон берди. Шу билан бирга, азиз бўлган дину диёнатимиз, эътиқодимизга эришдик ва у ҳақда гапириш мумкин бўлди. Маънавиятимизда эса кемтиклар ҳали бисёр. Инсоният табиати инчунин-да, мураккаб. У ўзидаги нопок хилқатлардан тозариши, аъмолида собит бўлиши осон кечмаяпти. Тўпламда жамланган бадиҳа ва ҳикоялар ўқувчини ана шу жараёндан огоҳ этади. У истиқлолнинг субҳи содиғи-биринчи ўн йиллиги арафасида чоп этилган. Ҳикоялар мавзу моҳиятига кўра катта-ю кичик учун бирдек, маърифий аҳамиятга эга. Масалан, бир ҳикояда Пайғамбаримизнинг “Болалар жаннатнинг райҳонларидир” деган ҳадислари, ул муборак зотнинг болаларга биринчи бўлиб салом беришлари, етимларни ўз ёнларидан кийинтириб қўйишлари қуйидаги воқеа мисолида талқин этилади: Абдувоҳид ота набирасини боғчага этганда гулдай болалар четлари титилиб, палослик ҳолати қолмаган бир жулдирвоқининг устида ўйнашарди. “Энди дунёни кўраётган бокира кўзлар шуларни кўриб улғайиши керакми?”,- ўйлайди ота. Эсизгина, кеча масжидга этиб ташлаган янги гиламнинг жойи асли шу ер экан... Ўша куни янги гиламни кўрган масжид имоми Абдуллажон қори шундай деган эди: “Азиз биродарлар, қавмларимиздан бири масжидга гилам тўшаб кетибди. Уларга Аллоҳнинг беадад ажрлари бўлсин. Аммо поёндозларимиз гиламларимиз уч қаватдан бўп кетган. Саждага борганда пешона қаттиқ жойга теккани маъқул. Маҳалладаги қўли қисқа бева-бечораларга қарайлик. Эҳсон ҳам бир корга ярасагина ўз ўрнига тушади...” Абдувоҳид ота пешин намозига барвақтроқ борди-да, масжид имомига кўнглини очди.

-Жуда яхши ўйлабсиз, тақсир,-деди у,- болаларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло-менинг неъматим деган. Ишимиздан Аллоҳ рози бўлади ва чандон-чандон ажрлар ёзади, гилам эгаларига. Жамоа билан кенгашайлик-да, бир эмас, иккитасини болаларимиз тагига тўшаб берайлик. Ахир эртага ўрнимизни тўлдириб, бизга савоб юборадиганлар шулар-да... (13-бет).

Ҳа, мустақиллик туфайли жуда кўп масжидлар янгидан қад ростлади, таъмирланди. Халқ ҳашарлари орқали хайрли ишлар амалга оширилди. Афсуски, орамизда масалага бир ёқлама қарайдиган, яъни фақат масжидларга эҳсон қилсагина, кўнгли жойига тушадиган ҳимматлилар учраб туради. Ҳикоя ана шундай инсонларни тўғри йўлга бошлашга қаратилган. Ҳадис эса ўқувчига муаллиф ғоясини теранроқ англатишга хизмат қилади. Шунга ўхшаш, “Мукофот ва жазо” ҳикоясида Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига: “Қўшнининг ҳақи нима эканлигини биласизми”,- деб сўраганлари ва ўзлари : “Қайтариб бериш шарти билан қарз сўраса, қарз берасиз”,- деган ўгитлари сингдирилган. “Ажр муборак”да эса “Икки мўминни яраштириб қўйиш-Аллоҳ ҳузурида битта масжид қуриш билан баробар” деган ҳадис талқини ака-укаларни яраштириб қўйган Тоҳир бойвачча мисолида кўзга ташланади.

Истиқлол неъматларидан бири мустабид шўро тузуми даврида таъқиқиланган ислом дини ва таълимоти ҳақидаги маънавий –маърифий қадриятларнинг халққа қайтарилишидир. Қуръони карим, Ҳадису шариф каби муқаддас китобларни бугун ёшу қари ўқиш имкониятига эга. Ҳатто бу таълим дастурларида ҳам ифодасини топаётир. Ёхуд, халқимизнинг ҳаж,умра сафари билан боғлиқ орзулари амалга ошаётгани-да, шукуҳли кунларнинг исботи. Шунга қарамай, ўша азиз китоблардаги оят ва суралар, ҳадисларнинг мазмун-моҳиятини ҳамма бирдек тушунаётир, деб бўлмайди. Аксинча, ҳодисага бир ёқлама ёндашиш, ёки, динни ниқоб қилиб олган турли оқимларга кўр-кўрона эргашиш, баайни болалар ва ўсмирлар орасида кўп учрайди. Зеро, муаллифнинг ушбу тўпламидаги ҳикоялари ўқувчига дин моҳияти, Пайғамбар (с.а.в.) амалларини тўғри тушунишга ёрдам беради. Шу тариқа, ҳикояларда қўни-қўшничилик, инсонийлик, дўстлик ва кишиларнинг бир-бирларига нисбатан меҳр-оқибатларига бериладиган ажрлар, алдамчилик ва фирибгарликнинг жазоси тўғрисида мушоҳада юритилиб, уларда шу мавзудаги ҳадисларнинг мағзи чақилади. Ибодат, савоб (масалан, инсоннинг бу дунёда эккан дарахтлари, яратган боғ-роғлари, зурриёдлар тарбияси, қурган кўпригу, қазиган ариқлари), яхшилик (унинг катта-ю кичиги бўлмаслиги), садақа бериш(талабгорларга), иймон(Аллоҳга) ва эътиқод(дину аъмолида) нима эканлиги атрофимизда кечаётган воқеалар мисолида шарҳланади ва бу ҳақда яхлит тасаввур уйғонади. Шунингдек, тўпламдаги тамсилий ҳикояларда халқ ривоятлари сингдирилиб юборилган. “Савобнинг кушандаси”, “Бир тола қил”, “Ариган дард”, “Икки доно бир бўлса” каби ҳикояларни шу жиҳатдан ривоятлар асосига қурилган, дейиш мумкин. Масалан, “Икки доно бир бўлса” ҳикоясидаги тамсиллар эътиборни кўпроқ тортади. Унда келтирилишича, икки йўловчи учрашиб қолади. Бири анча кекса, ёшини яшаган, иккинчиси ёш, навқирон йигит . Уларнинг йўли бир учун, шаҳардан қишлоққача суҳбатлашиб кетадилар. Бир муддат жимликдан сўнг йигит: “-Ота, келинг, бир-биримизни кўтаришиб кетайлик, бирпас сиз, бирпас мен, йўлимиз яқин бўлади”,-дейди. Чол йигитга бир ғалати қараб қўйяди-ю, индамайди. Йўлда деҳқонлар буғдой ўраётганини кўрган йигит яна сўрайди:“-Ота, сўраб билинг-чи, улар ўраётган буғдойларнинг бошоғи тўқмикан, пучмикан?” Яна бир жойга етишганда, одамлар йиғи-сиғи билан марҳумни қабристонга олиб кетишаётган экан. “Э, ота,-дебди йигит,-сўраб кўринг-чи, бу тобутда ётган тирикмикан, ўликмикан?” Ниҳоят, чол йигитнинг “пойинтар-сойинтар” гапларидан бир девона ўйлаб, жим келаверади. Ниҳоят, қишлоқнинг бир чеккасига келгач,

“-Мен етиб келдим”,-дейди ҳамроҳига.“-Кечирасиз, уйингиздан бир коса сув топиладими, чанқадим,-сўрайди тағин йигит”. “Тавба, уй бўлади-ю, бир коса сув топилмайдими”,- ғўлдираганича сув олиб чиқади чол. Йигит косани олиб энди ичаман деса, сув юзида буғдой қилтаноқлари сузиб юрганмиш. Кўнгли суст кетиб турганмишу, қилтаноқлари ичишга йўл қўймасмиш, уларни олиб ташлай деса, жуда майда эмиш. Йигит топ-тоза сув бетида сузиб юрган бу нарсаларнинг сирини англагандай бўлибди.

-Раҳмат, ота, куним бору, кечим йўқ, оғзим куйган эди, пуфлаб-пуфлаб ичдим,-дебди йигит.

Чолнинг бир оқила қизи бор экан. У девор орқасидан йигитнинг гапини эшитиб қолиб: “Ҳамроҳингиз кўп доно экан,-дебди отасига, -нега уйга таклиф қилмадингиз? Чол энсаси қотиб “нодон”нинг йўл бўйи вайсаган гапларини қизига айтиб берибди. Қизи эса:

-Эй, ота, сиз уни тушунмабсиз, “Бир-биримизни кўтаришиб кетайлик, йўлимиз яқин бўлади”, дегани-гаплашиб-гурунглашиб кетайлик дегани. “Бошоқлар тўқмикан, пучмикан” дегани-деҳқонлар ҳосилни қарзга тўлармикан ё бола-чақаси билан ўзи ермикан, дегани. “Ўликмикан-тирикмикан” дегани -бу дунёда савоб ишлар қилдимикан, солиҳ фарзандлар тарбияладимикан дегани. Яна у сиздан “куним бор, кечим йўқ”, деб ётишга жой сўради, сиз ҳаям, йўғам демадингиз,-дейди.

-Э, ҳа,-дебди чол пешонасига уриб. - Аллоҳ менга шундай доно йигитни йўлдош қилибди-ку, мен нодонлик қилибман.

Чол шошиб кўчага чиқади ва кетаётган йигитни чақириб, уйидан жой беради. Қизидан гап очилганда : “-Қизингиз кўп доно ва ва оқила экан, - таъкидлайди йигит,-сув юзига қилтаноқ солиб нафсимни ўлдирди”.(60-бет).

Алқисса, бу йигит шаҳзода бўлиб, ўзига муносиб қайлиқ излаб йўлга чиққан экан ва у чолнинг оқила қизи билан муроду мақсадига етади. Кўринадики, ривоятда йигит ва қизнинг донишмандлиги мулоҳазабоп саволлар орқали кўрсатиб берилган. Бу ҳар қандай ўқувчини ўйлашга даъват этади ва доно, зукко бўлишга ундайди. Қадимда ҳам донишмандлар ўз таълим-тарбияларида, ёхуд, қиссахонлик, бедилхонлик, ҳофизхонлик, навоийхонлик кечаларида улуғ мутафаккирлар асарлари маънолари устида баҳс юритишга, ҳар бир сўзнинг янги-янги маъноларини излашга эътибор қаратишган. Бинобарин, ривоятдаги йигитнинг сўзини чол сингари бирёқлама тушуниш бугунги авлодга теккан ёмон “касаллик”. Ёзувчи шу тариқа, донолик қудрати ҳақида ёшларга ўгит беради. Умуман, дидактик адабиёт сингари исломий таълим-тарбияга асосланган маърифий ҳикоялар ёзиш Эркин Малик ижодининг ўзига хос услуб йўналишига айланди, десак янглишмаймиз.

Бола қалбида беғуборлик, қизиқувчанлик ва жўшқинлик билан бирга табиат неъматларига иштиёқ ҳам кучли бўлади. Айниқса, жониворлар билан “тиллашиш”, табиат қўйни-болакайларнинг жону дили. Зеро, болалар адабиётида анималистик мавзудаги асарлар алоҳида йўналишни ташкил этади. Шуниси диққатга сазоворки, бу йўналиш ижодкорлари, аввало, ўзида болалик оламини ҳамда тўрт оёқли ва қанотли дўстларимизга самимий муҳаббатини сақлаб қола олганлиги билан ажаралиб турадилар. Инсонпарварлик манбааларидан бири ҳам аслида жониворларга нисбатан юксак ғамхўрликнинг мавжудлигидир. Бу алал-оқибат инсонларга меҳр-оқибат кўрсатиш, яхшилик қилишга олиб келади. Яъни, табиатни ва унинг бир қисми ҳисобланувчи ҳайвонот оламини авайлаш инсонпарварликнинг илк босқичидир.

Шу маънода, Эркин Маликнинг “Осмондан тушган Оқтош”, “Оқтош рақсга тушади”, “Рўмолчахат”, “Кўктой” “Чампо отли илон”, “Илонларни қандоқ қилиб еганимиз ҳақида”, “Ўзим чақирган меҳмон” туркум ҳикоялари анималистик мавзуда бўлиб ёш китобхонларни қизиқтира олади. Адиб бу ҳикояларида тилсиз жониворларнинг кўпгина хусусиятларини аниқ чизгиларда тасвирлайди. Жумладан, муаллиф Шарик, Рекс, Кўктой, Оқтош образлари орқали итларларнинг реал характерини тадқиқ этган. Бунда ёзувчининг ҳаётда кўрган-кузатганлари, эшитганлари асос бўлган, албатта. Чунки бу ҳикояларнинг кўпчилиги аниқ хотиралар, ҳужжатли далиллар асосига қурилгани боис, улар ғоят ишонарли ва аниқ чиққан. Хусусан, адибнинг Оқтош исмли ит ҳақидаги туркум ҳикоялари яхлит композицион сюжетга эгалиги, кенгқамровли маълумотга эгалиги ҳамда теран тадқиқ асосида баён қилингани билан эътиборни тортади. Ҳикоя қилинишича, бу ит муаллиф далаҳовлисида осмондан тушгандай, бирданига пайдо бўлади. Ва ҳеч эътирозсиз, янги эгасига дарҳол бўйсуна бошлайди. Қирқ йилдан зиёд тоғда подачилик қилавериб, итларнинг феъл –атворини яхши биладиган Боймурод ака унинг рангига ишқибоз бўлиб суриштира бошлаганда, адиб унга назар ташлайди ва исмини ҳам бехосдан ўзи қўяди. Шундай бўлсада, ит “хўжайини”нинг айтганларига қулоқ солади-ю, Боймурод акани кўрганда тинмай ириллайди. Боймурод ака фикрича, бу хусусият фақат оқ рангли итларгагина хос бўлиб, улар ит гўштини еган ёки ёғини ялаган одамни ажрата оларкан ва уларни кўрганда тинмай ирилларкан. Муаллиф Оқтошнинг садоқатлилиги, одам ажрата билиши, сезгирлигини ҳам қатор мисоллар билан далиллайди. Оқтош “эгаси”ни бекатгача кузатиб, унинг айнан қайси вагонга киришигача билган. Шу боис “Мен кунма-кун Оқтошни кашф этиб борардим,-ҳикоя қилади адиб. У кўринмас ип билан боғлаб қўйилгандек мендан ажралмас эди. Бирор ёққа отланиб қолсам, мендан олдин йўлга тушарди. Мен таппи териб келиш, тоғдан ўтин олиб тушиш, сув очиш учун бошқа-бошқа сўқмоқлардан борардим Оқтош ҳовлидан чиқмасимданоқ, ўша сўқмоқда мени кутиб турарди. Тавба, шу ёққа юришимни қаердан билади, деб ҳайрон бўлардим. Гапга тушиниши бир сари эди-ю, одамнинг фикрини уқиб олиши ҳам бир сари эди. Кейинчалик бу сирнинг тагига етдим. Оқтош қўлимдаги нарсадан фол олар экан. Елкамга кетмон ташлаб чиқсам, қулоқ бошига, қоп кўтариб олсам таппига, қўлимда арқон бўлса ўтинга боришимни сезаркан.” (313-бет.)

Бир куни адиб одатий ҳамроҳи Боймурод ака билан тоққа ўтин тергани чиқади, шеригининг суҳбатларига андармон бўлиб анча-мунча ўтин йиғиб қўяди. Қолдириб кетгани кўзи қиймайди. Шунда атрофида гирдикапалак бўлиб юрган Оқтошни синаб кўрмоқчи бўлади. “Оқтош, бу ёққа ке”,-дейди уни ўзига имлаб. Оқтош “эгаси”нинг ёнига келади-ю, фикрини уққандек нафас олмай, бўйин чўзади. Адиб рўмолчасини итнинг бўйнига боғлайди-да: “-Бор жонивор, кеннойингни ёрдамга бошлаб ке”-,деб уйи тарафини кўрсатади. Оқтош топшириқни олиб, кўздан ғойиб бўлади.

“-Қоғоз-қалам бўлганда янаям ўрнига тушарди-да, бу “рўмолчахатимиз”ни кеннойиси тушмагур “ўқий” олармикан?!”,-дейди адиб.

-Нима қиламиз, кеннойини кутамизми?,-сўрайди Боймурод ака. Нимагадир у киши Оқтошнинг одам бошлаб келишига ишонарди.

-Келинг, чиқмаган офтобга исинмайлик, қимирлаган қир ошар,-дея инқиллаб-синқиллаб ўтинни елкасига олади муаллиф ва қир оша юрий бошлайди… Бу орада улар оёқлари остидан чиқиб қолган қўтирбулоқ сувига қониб, бу ернинг номи, ўтмишда зиёратгоҳ бўлгани, аммо бир вақтлар чўчқалар келтирилиб боқилгани туфайли Оллоҳнинг қудрати билан кўчки босгани ҳақида анча маҳал суҳбат қурадилар... Шу пайт кутилмаган ғала-ғовурдан чўчиб тушишади. Бундоқ қарашса, тепаларида бир дунё одам. Далабоғдаги қўшнилари. Эркагу-аёл, бола-ю бақра... Маълум бўладики, Оқтош “рўмолчахат”ни етказган, кеннойи хавотирга тушиб, қўшниларни оёққа турғизиб, олиб келган экан. Боймурод ака “айтмадимми” дегандек итнинг “эгаси” га қараб қўяди...

Ҳикоядаги яна бир воқеа тилсиз жониворга нисбатан ўқувчи ҳайратни оширади. Таъкидланишича, қиш кунлари дала ҳовлилар ҳувиллаб қолади. Бундай пайтда оч қолган итлар одамлар яшайдиган маҳаллаларга, чойхона тарафларга гала-гала бўлиб юришади. Оқтош эса уларга қўшилмайди. Ундан кўра оч қолишни, сабр қилишни афзал билади. Шу боис эгаси олиб келган емишларни, нонларни олиб бориб, турли-туман кунгай жойларга кўмиб келади. Бир сафар адиб буни атайлаб кузатади ва диққат қилиб санаб кўрса, бешта жойга кўмибди. Ҳа, ит эгаси кела олмайдиган ҳафта кунларидаги насибасини олақарға, ҳакка ва бегона итлардан яшириб қўйиши инсон заковатига монанд.

Ёзувчи ҳикояларидаги ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш ҳақидаги мана шундай жонли далиллар ўқувчини кўпроқ ишонтира олади. Рост, итларнинг вафодорлигига бағишланган, улар образи яратилган асарлар бисёр. Ҳатто бу алоҳида монографик тадқиқот даражасигача кўтарилган. Рус болалар адабиётшунослигида Борис Бегакнинг “Источник человечности” (М.:Дет.лит.,1986) китоби шундай қимматга эга. Унда етук ёзувчи ва шоирларнинг ҳайвонлар ва қушлар образига бағишланган асарлари ўрганилар экан, бу табиат ва жамият бирлигини таъминловчи юксак ғамхўрлик, умуминсонийлик омили сифатида тадқиқ этилади. Хусусан, “Милая моя собака” (“Менинг тантиқ итим”) номли илк суҳбатда Михаил Пришвин, Константин Паустовский, Юрий Яковлев, Георгий Скребицкий, Андрей Батуев, Эдуард Шим каби болалар адибларининг тўртоёқли дўстларимизнинг уруш даврида, жанг пайтлари, табиий офатлар вақтида инсонларга кўрсатган улкан садоқатлари тўғрисида, яъни қадрдон ва қаҳрамон итлар ҳақида ёзишгани эслаб ўтилади. Рус адибларидан бирининг иқрори эса қай жиҳатдандир, Эркин Малик эътирофига ҳамоҳанг: “Менинг ҳаётимда,-деб ёзади Юрий Яковлев,-ит янгилик тимсоли. Унинг ёрдамида ҳаётнинг янги чизиқларини ўргандим. Яшашнинг, қувонч ва қайғунинг бетакрор қирраларини кашф этдим. ...Мен ёзаяпман, ит эса ёнимда чўнқайиб ўтирибди. У худди менинг фикримни уққандай, менинг ҳиссиётларимни сезгандай... Мен эса ўз ҳис- туйғуларимни унга ишонгандай... У билан йўлак бўйлаб юрарканман, ўзимга нотаниш кишиларни кашф этаман. Ҳа, кимки итларни яхши кўрса, у одамларни янада кучлироқ севади. Кишилардаги бағритошлик икки хил бўлмайди. У бир хил кўринишда. Агар инсон итларга бағритошлик қилса, одамларга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлади. Эзгулик ҳам ёмонлик каби бир бутундир. Ҳатто энг мураккаб вазиятларда ҳам.???(Добро, как и зло, неделимо. Оно едино даже в самых своих сложных проявлениях)” (стр. 19) Бу эътирофда жон бор. Инсон руҳияти, феъл-атвори илк болалик палласидаёқ шакллана бошлайди. Ота-она, тарбиячилар кичкинтойларни ёшлигиданоқ атрофдаги нарсаларга, жониворлару ҳайвонларга нисбатан меҳрли бўлишга ўргатишса, кейинчалик бу ҳиссиёт бола қалбини эзгуликка тўлдиради. Болалар уларни севиш, ғамхўрлик қилиш орқали табиатга, сўнгра жамиятга муҳаббат қўядилар. Шундай экан, Эркин Маликнинг ҳайвонлар тилсими ҳақидаги ривоят ва ҳақиқатлари ёш китобхонлар учун баайни зарур мавзу.

Ёзувчининг итлар, илонлар тўғрисидаги ҳикояларида уларнинг ранги ҳам алоҳида хусусият сифатида тасвирланган. Бири Оқтош бўлса, иккинчиси-оқ илон. “Шу оқ рангли жониворларда биз билмаган мўъжизалар бор,-дейди адиб бу ҳақда. Болалигимда эшитганман. Бувамлар Андижондан Қовунчи томонларга қулоқ қилинганда бир одамнинг уйида ижарада туришади. Бу уйнинг оқ илони бор экан. Адам ва аммаларим қўрқишса, бувамлар қўрқманглар, бу сизлар ўйлаганчалик илонмас, жинларнинг мусулмони, унинг уйда бўлиши жуда яхши, кофир жинларни йўлатмайди, уни ҳар замонда бир кафт ун билан сийлаб турса бўлди, дейдилар. Оқ илон ун ялаган кунлари ҳамма ухлаганда хонани айланиб чиқар, қусар, уй хушбўй ифорга тўлар экан. Уйдагилар шунда ажойиб-ғаройиб тушлар кўриб уйғонишарканки... Худди гулзор ичида ухлаб, гулзор ичида уйғонгандек. Ифор ҳиди уйда анчагача сақланиб турар, бош оғриган, тумов бўлган одам бу хонага кирса, дарди ариб, вақти чоғ бўлиб чиқиб кетар экан... Оқ илоннинг ана шунақа фазилатлари бор экан. Бекорга оқ илон оппоқ илон, ойдинда ётганинг қани деб қўшиқ айтишмас экан...” Муаллиф бу эшитганларини тоғлик бир кишининг ҳикояси орқали янада тўлдиради. Маълум бўлишича, тоғдаги сўлим, булоқ суви отилиб турган жойда илгари бир қимизчи оиласи билан капа қуриб яшаркан. Хотини ҳар кечқурун сирли челакда қатиқ ивитар ва эрталаб қатиқни сузма қилиш учун челакнинг қопқоғини очса, юзидаги ёғини нимадир еб қўйган бўларкан. Аввалига аёл бунга эътибор қилмабди. Кейин эрига айтибди. Уларнинг роса боши қотибди. Шунда эри ўғрини пойлашга тушибди ва бир оқшом супа устида нимадир қимирлагандек бўлибди. У тимирскиланиб челакнинг тагига боради ва бағрини челакка бериб тепага ўрлай бошлаганда илон эканлиги билиниб қолади. “Ишонасизми, оқ илон,-дейди қимизчи ҳаяжонини яширолмай. Тоғда юравериб илоннинг ҳар қанақасини кўргандиму, оқини кўрмагандим. Эшитардим лекин.” Қимизчи илоннинг думига таяниб боши билан қопқоқнинг бир четини осонгина кўтариши ва челакнинг ичига бошини тиқишини кузатиб туради. Уни қўлга туширмоқчи бўлиб, ўрнидан турганда, сим каравот ғижирлаб, ўғрини чўчитиб юборади, Қопқоқ даранглаб ерга тушади-ю, илон қочиб қолади. Шундан кейин сатилнинг устига ғишт бостириб қўядилар. Аммо орадан кўп ўтмай, қимизчи ўша оқ илонга яна дуч келади. “Чўллаб шу булоқдан сув ичаётсам, бир нима садафдек ялтирайди денг,-ҳикоя қилади у. Тепамга қарасам, ўша оқ илон, манови қизил олчага ўралиб турибди. Қайданам белимда чопқим бор экан. Бир сермаб иккига бўлдим-қўйдим. Шу пайт бир чинқириқ бўлди, бир чинқириқ бўлди денг... Ўтакам ёрилиб, ҳов боғ ўртасигача қочиб борибман. Хаёлимда илоннимас, одамни иккига бўлиб қўйганга ўхшардим.” Қимизчининг ҳикоясидан адиб англайдики, шу воқеадан кейин бу жойларни қоп-қора, қоп-қора заҳарли илонлар босиб кетган, одамлар кўчиб қутилишган ва шундай сўлим гўша вайронага айланган.

Эркин Малик бундай ҳикояларни келтириши бежиз эмас. Унинг наздида табиатдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг марҳамати билан яратилган мўъжиза. Уларга озор етказиш мумкин эмас. Буни пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг оқ илонни кўрса ўлдирмаслик, итлар-жамики жигари бор нарсалардан ажр борлиги ҳақидаги ҳадислари ҳам тасдиқлайди. Бинобарин, ёзувчининг ҳайвонлар, жониворлар билан боғлиқ воқеий ҳикоялари маърифий-тарбиявий мақсадга қаратилган. Адибнинг “Чампо отли илон”, “Чампонинг ўлими”, “Илонларни қандоқ қилиб еганимиз” номли ҳикоялари ҳам шу мавзуга бағишланган. Чампо дегани бу оддий илон бўлиб, ёзувчининг ўзи тасодифан қўйган ном. Муаллиф бу туркум бадиҳаларида далаҳовлисида кўрган- кузатган, заҳарли-заҳарсиз, катта-кичик илонлар ҳақидаги ажойиб-ғоройиб воқеаларни баён қилади. Уларнинг хил-хусусияти, бошидаги қўшув аломатига қараб заҳарли эканини билиш, илонлар ўз ўрдалари атрофида яшаши, бошқа жойга этиб ташланса, қайтиб келмаслиги, аммо уни ўлдирса жуфти ёки болалари қасос олиши мумкинлиги ҳақидаги далилий ҳодисалар чиндан-да, қизиқарли. Хусусан, бир ҳикояда илондан заҳарланиш воқеаси тилга олинган. Баён қилинишича, заҳарланган бола лоҳас бўлиб, бўғила бошлайди, кўзлари хира тортиб, зўрға қўшнилари Мамариза тоғадан мадад сўрайди. Чамбаракдаги сутдан ичиб шу аҳволга тушган беморни тоға ариқчани бўйига бошлайди-да, толдан иккита гаврон олиб, савалай бошлайди. Бола зўрға қутилиб қоча бошлайди, тоға уни қувлашга тушади ва ҳар замонда “Аҳмоқ, баччағар! Етиб олсам гўштингни майда-майда қиламан” деб пўписа қилади. Ҳовли бўйлаб тинимсиз югурган бола ҳам, тоға ҳам шаллабо терга ботиб, ҳансираб қолади. Боланинг ҳаммаёғи моматалоқ бўлиб, йиқилиб қолгунча савалаган тоға, охири унинг кўзини очиб кўради ва бир нималар деб дуо ўқийди... Шу тариқа, Мамариза тоға бола танасидаги заҳарни хивчину тер билан ҳайдаб чиқаради.

Бундан ташқари, адиб ўз болалигида гувоҳи бўлган бир воқеани ҳам эслаб ўтади. У сургун қилинган хитойликларнинг болалари билан мол, пода боқиб, улар далада илондан тайёрлаган мазали таомнинг гувоҳи бўлган эди. ...Бир куни келгиндилар болаларни илон тутиб келишга буюради. Аммо илон тирик бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлашади. Ошпаз тутиб келинган илонлар ичидан энг узун, семизини танлаб олади-да, бошқаларини қўйиб юборади. Болалар олиб келган гуручларни докага солиб, булоқ сувига ташлаб қўяди ва эчки,сигирлардан оз-оз сут соғиб олади-да, мис кўзага солиб олов ёқади. Илонни ҳам булоқ сувига бир- икки чайиб олгач, мис кўза ичига киритиб юборади. Гуруч тузи ростлангач, олов қизиғида мис кўзадан бошини чиқариб каппа-каппа очаётганда оғзига сопи узун ёғоч қошиқ билан гуруч солаверади. Хуллас, олов тезлатилгани сайин илоннинг ҳам, ошпазнинг ҳам ҳаракати тезланиб, докадаги гуруч тамоман илонга едирилади. Сут тошиб кўзадан чиқа бошлаганда сув солиб унинг тафти туширилади. Охирида илон оғзини карракдек очиб, сутга чўкиб кетади. Энди кўза шамолгоҳ жойда совутилади, ниҳоят, ҳасипга айланган илон олиниб дастурхонга тортилади. Кўзадаги сут ҳаммага бир хил тарқатилади. Сўнгра бола нечта бўлса, ҳасип ип билан ўлчаниб, шунча бўлакларга бўлинади. Бу таомнинг мазасини билгани учун муаллиф унинг шундай таърифу тавсифини келтиради...”Тавба, мен сутни бир ҳўпламдаёқ туфлаб ташласам керак, деб ўйлаган эдим. Аммо томоғимдан қандай ўтиб кетганини сезмай қолдим. У сал шўртангроқ, аммо эритилган сариёғдек мазали эди. Мен шу пайтгача бунақа мазани биринчи марта ҳис қилиб турардим...” Оппоқ гуручлари кўриниб турган мазали ва ёғли хасипни ҳам хитойлик болаларга қараб қўллари билан “ошалаган” қаҳрамон ўша куни кечга довур очқамаганини таъкидлайди. Ҳа, ҳали тиббиёт ривожланмаган, замонларда халқ табобати усулларини донишманд кексаларимиз яхши биларди. Ҳозир ҳам тоғ ва даштларда яшовчи кишилар тасодифий фалокатларда бир-бирларига ёрдам кўрсатиш ниятида табиатнинг ўзидан даво топадилар. Эркин Малик айтмоқчи тафсилотлар бугунги ёш авлод наздида эртакка ўхшаса-да, улар асосида ҳаётий воқелик, ота-боболарнинг реал турмуши инъикос топган. Шу сабабли муаллиф ўз хотиралари воситасида ҳикояларга “жон киритади”. Жониворларнинг “сир-асрори”ни мароқ билан ҳикоя қиларкан, ҳар бир воқеага аввал болалик кўзи, сўнгра ўз нуқтаи назаридан туриб ёндашади. Ўзбек болалар шеъриятида Қуддус Муҳаммадийнинг табиатшунос шоир сифатида алоҳида ўрни бор. Унинг беш китобга жо бўлган наботот ва ҳайвонот дунёсига бағишланган шеърлари чин маънода табиат алифбеси, болаларбоп қомусидир. Қ.Муҳаммадийнинг биолог-шоирлиги болалар адабиётидаги ана шу эҳтиёжни тўлдиришга хизмат қила олган. Э.Маликнинг анималистик мавзудаги ҳикоя ва бадиҳаларини эса она-табиатимизга ана шундай эътиборнинг, эътирофнинг насрдаги намунаси, дейиш мумкин. Зеро, адибнинг бу мавзудаги туркум ҳикоялари катта-ю кичик ўқувчилар қизиқишини уйғотишига аминмиз.




Достарыңызбен бөлісу:
1   2   3   4   5




©dereksiz.org 2024
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет